Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

1- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

«Яҳовани излайдиганлар яхшиликдан қуруқ қолмайди»

«Яҳовани излайдиганлар яхшиликдан қуруқ қолмайди»

2022 ЙИЛНИНГ ОЯТИ: Яҳовани излайдиганлар яхшиликдан қуруқ қолмайди. ЗАБ. 34:10

4- ҚЎШИҚ «Яҳова менинг Чўпонимдир»

БУ МАҚОЛАДА *

Довуд ҳатто қийин пайтларда ўзини «яхшиликдан қуруқ қолгандай» ҳис қилмаган (1–3- хатбошиларига қаранг.) *

1. Довуд қандай вазиятга тушиб қолган?

БИР киши Довудни ўлдирмоқчи бўлган. Бу Исроилнинг қудратли шоҳи Шоул эди. Довудга озиқ-овқат керак бўлгани учун у Нав шаҳрига бориб, Охималекдан бор-йўғи бешта нон сўраган. (1 Шоҳ. 21:1, 3) Кейинчалик у одамлари билан ғорда паноҳ жой топган. (1 Шоҳ. 22:1) Қизиқ, нега Довуд бундай вазиятга тушиб қолган?

2. Қай йўсин шоҳ Шоул ўзига чоҳ қазиган? (1 Шоҳлар 23:16, 17)

2 Довуд машҳур бўлган ва кўп ҳарбий юришларда муваффақият қозонган. Шу сабабли, Шоул унга ҳасад қилган. Қолаверса, Шоул итоатсизлиги туфайли Яҳова уни шоҳ сифатида рад этганини ва унинг ўрнига тахтга Довудни ўтқазишини билган. (1 Шоҳлар 23:16, 17 ни ўқинг.) Лекин Исроилнинг шоҳи сифатида Шоул улкан қўшинга ва кўпгина тарафдорларга эга бўлган. Шу боис, Довуд тирик қолиш учун ундан қочишига тўғри келган. Қизиқ, Шоул Худога тўсқинлик қилиб, Довудни шоҳ қилишдан тўхтатаман, деб ўйлаганми? (Ишаё 55:11) Муқаддас Китобда бу ҳақида айтилмаган. Лекин ишончимиз комилки, Шоул ўзига чоҳ қазиган. Худога қарши чиққанларнинг бари доим мағлубиятга учрайди!

3. Довуд оғир вазиятда бўлишига қарамай, нималарни ҳис қилган?

3 Довуд камтарин эди. У Исроилнинг шоҳи бўлишни танламади. Яҳованинг Ўзи унга бу вазифани топширди. (1 Шоҳ. 16:1, 12, 13) Шоул эса Довудга ашаддий душмандек қарай бошлади. Лекин Довуд хавф остида бўлгани учун Яҳовани айбламади ёки озиқ-овқат етишмаганидан ва ғорда бошпана топишига тўғри келганидан нолимади. Аксинча, айнан қочиб юрганида, у гўзал ҳамду санони ёзган бўлиши мумкин. Очқич оятдаги қуйидаги сўзлар ўша ҳамду санодан олинган: «Яҳовани излайдиганлар яхшиликдан қуруқ қолмайди». (Заб. 34:10)

4. Қайси саволларни кўриб чиқамиз ва нега улар муҳим?

4 Яҳованинг кўпгина хизматчиларида баъзида озиқ-овқат ёки яшаш учун керакли нарсалар етишмайди *. Бу айниқса ҳозирги пандемияда юз беряпти. «Буюк мусибат» яқинлашгани сайин бундай қийинчиликлар кўпайиб боради. (Мат. 24:21) Буни ёдда тутган ҳолда, келинг, қуйидаги тўртта саволни кўриб чиқайлик: «Қайси маънода Довуд яхшиликдан қуруқ қолмаган? Нима учун қаноат қилишга ўрганишимиз керак? Яҳова бизга ғамхўрлик қилишига нега амин бўлишимиз даркор? Келажакка қандай тайёрлана оламиз?»

«ҲЕЧ НАРСАДА МУҲТОЖЛИК КЎРМАЙМАН»

5, 6. Қай йўсин Забур 23:1–6 ёрдамида Худонинг хизматчиси «яхшиликдан қуруқ қолмайди» деган сўзларни тушуна оламиз?

5 Довуд Яҳованинг хизматчилари ҳеч нарсада муҳтожлик кўрмаслигини айтганида, нимани назарда тутган? Забурнинг 23- саносида шунга ўхшаш сўзлар келтирилган. Уни кўриб чиқиш бу саволнинг жавобини топишга ёрдам беради. (Забур 23:1–6 ни ўқинг.) Довуд бу санони қуйидаги сўзлар билан бошлаган: «Яҳова менинг Чўпонимдир. Ҳеч нарсада муҳтожлик кўрмайман». Давомида Довуд чексиз қадр-қимматга эга нарсалар — Яҳовани Чўпони сифатида билгани учун олган маънавий баракалари ҳақида айтиб ўтган. Яҳова уни «адолат сўқмоқлари бўйлаб етаклаган». Шунингдек, У Довудни ҳам яхши, ҳам ёмон кунида садоқат ила қўллаб-қувватлаган. Довуд Яҳованинг «ям-яшил яйловларида» ҳам муаммолар бўлиб туришини тушунган. Баъзида у тушкунликка тушган бўлиши мумкин. Чунки у «тим қоронғи водийда» юргандай эди ва унинг душманлари ҳам бўлган. Лекин Довуд Яҳова унинг Чўпони бўлгани туфайли «хавф-хатардан» қўрқмаган.

6 Қайси маънода Довуд «яхшиликдан қуруқ қолмаган»? Ҳозир бунинг жавобини топамиз. Маънавий тил билан айтганда, Довуднинг керакли барча нарсаси бўлган. Унинг қувончи моддий нарсалар билан боғлиқ бўлмаган. Аксинча, у Яҳова нимаики берса, барчасига қаноат қилган. Довуд учун энг муҳими Яҳованинг баракаси ва ҳимояси бўлган.

7. Яҳудиядаги баъзи масиҳийлар қандай қийинчиликларга дуч келган? (Луқо 21:20–24)

7 Довуднинг сўзларидан моддий нарсаларга тўғри нуқтаи назарда бўлишимиз муҳим эканини кўрсак бўлади. Албатта биз эга бўлган моддий нарсалардан завқ оламиз. Бироқ улар ҳаётимизда биринчи ўринда бўлиб қолмаслиги лозим. Ушбу муҳим ҳақиқатни биринчи асрда Яҳудияда яшаган масиҳийлар тушуниши керак эди. (Луқо 21:20–24 ни ўқинг.) Исо уларни «ҳарбийлар Қуддус атрофида қароргоҳ» қурадиган вақт келиши ҳақида огоҳлантирган. Бу юз берганида улардан тоғларга қочиш кутиларди. Агар улар шаҳарни тарк этса омон қоларди. Лекин кўп нарсасини ортда қолдириши керак эди. Бир неча йил олдин «Қўриқчи минораси»да шундай деб ёзилган: «Улар дала, уй ва ҳатто бор-будини ташлаб кетган. Ўша масиҳийлар Яҳова уларни ҳимоя қилишига ва ёрдам беришига ишонган. Улар Яҳовага бўлган топинишни муҳимдай туюлган ҳар қандай нарсадан устун қўйган».

8. Биринчи асрда Яҳудиядаги масиҳийлар билан юз берган воқеадан қандай сабоқ оляпмиз?

8 Биринчи асрда Яҳудиядаги масиҳийлар билан юз берган воқеадан қандай сабоқ оляпмиз? Ўша «Қўриқчи минораси»да қуйидагича айтилган: «Келажакдаги синовлар моддий нарсаларга нуқтаи назаримиз қандай эканини кўрсатиши мумкин. Биз учун моддий нарсалар биринчи ўриндами ёки Худога содиқ қолиб нажотга эришишимиз муҳимроқми? Қочишимизга тўғри келса, муайян қийинчиликларга дуч келишимиз ва ниманидир йўқотишимиз ҳеч гап эмас. Биринчи асрда Яҳудиядаги масиҳийлар қочгани каби биз ҳам керак бўлса, барчасидан воз кечишга тайёрмизми?» *

9. Қандай қилиб Павлуснинг ибронийларга берган маслаҳати сизга далда беряпти?

9 Ушбу масиҳийлар учун ҳаммасини ташлаб кетиш ва бошқа жойда янги ҳаётни бошлаш қанчалик қийин бўлганини бир тасаввур қилинг. Улар Яҳова асосий эҳтиёжларига ғамхўрлик қилишига ишониши керак эди. Бироқ улар ёрдамсиз қолдирилмаганди. Римликлар Қуддусни қуршаб олганидан беш йил аввал ҳаворий Павлус ибронийларга қуйидаги баъзи маслаҳатларни берган: «Пулпарастликдан холи кун кечиринглар. Борига шукур қилинглар, чунки Худонинг Ўзи: “Сени ҳечам ташлаб кетмайман ва асло тарк этмайман”,— деган. Шу сабабли, биз жасоратга тўлиб, шундай деяпмиз: “Яҳова менинг ёрдамчим, мен қўрқмайман. Инсон менга нима ҳам қила оларди?!”» (Иброн. 13:5, 6) Шубҳасизки, Павлуснинг маслаҳатига амал қилганлар учун содда ҳаётга мослашиш осонроқ эди. Улар Яҳова асосий эҳтиёжларига ғамхўрлик қилишига амин эди. Павлуснинг сўзлари биз ҳам бундай ишончга эга бўлишимиз мумкинлиги кўрсатяпти.

«ШУЛАР БИЛАН ҚАНОАТ ҚИЛАЙЛИК»

10. Павлуснинг «сири» нима эди?

10 Павлус Тимўтийга шунга ўхшаш маслаҳат берган. У бизга ҳам тегишли. Павлус: «Хуллас, егулик, кийим ва бошпанамиз бўлса, шулар билан қаноат қилайлик»,— деб айтган. (1 Тим. 6:8) Хўш, бу мазали овқат ейиш, чиройли уйда яшаш ёки вақти-вақти билан кийим-кечак сотиб олиш нотўғри деганими? Павлус буни назарда тутмаган. У ўзимизда нимаики бўлса, шулар билан қаноат қилишимиз кераклигини айтмоқчи бўлган. (Филип. 4:12) Бу Павлуснинг «сири» эди. Ахир моддий нарсаларимиз эмас, балки Худо билан муносабатларимиз энг қимматбаҳо бойлигимиздир. (Хаб. 3:17, 18)

Исроилликлар саҳрода 40 йил давомида «яхшиликдан қуруқ қолмаган». Ҳозир ўзимизда борига қаноат қиляпмизми? (11- хатбошига қаранг.) *

11. Мусо Исроил халқига айтган сўзларидан қаноат қилиш борасида қандай сабоқ оляпмиз?

11 Керакли нарсалар борасидаги нуқтаи назаримиз Яҳованикидан фарқ қилиши мумкин. Мусо пайғамбар Исроил халқи саҳрода 40 йил кезиб юрганидан сўнг шундай деган: «Тангрингиз Яҳова қилган барча ишларингизга барака берди. Улкан саҳро бўйлаб юрганингизда У сизларни кузатиб турди. Мана шу 40 йил мобайнида Худойингиз Яҳова сизлар билан бирга бўлди ва сизлар ҳеч нарсага муҳтож эмас эдингиз». (Қонун. 2:7) Ўша 40 йил давомида Яҳова исроилликларга ейиш учун манна берган. Уларнинг кийими Мисрдан чиққанидан бери йиртилиб кетмаган. (Қонун. 8:3, 4) Баъзилар учун бу етарли бўлмагандир. Аммо Мусо исроилликлар керакли барча нарсаларга эга эканини уларга эслатган. Биз ҳам қаноат қилишни ўргансак, Яҳовани мамнун қиламиз. Яҳова бизга бераётган ҳатто кичик нарсалар учун миннатдор бўлишимизни ва уларни Унинг совғаси, деб билишимизни хоҳлайди.

ЯҲОВА СИЗГА ҒАМХЎРЛИК ҚИЛИШИГА ИШОНИНГ

12. Довуд ўзига эмас, Яҳовага таянганини қаердан биламиз?

12 Довуд Яҳова содиқ эканини ва Уни яхши кўрадиган инсонларга ғамхўрлик қилишини билган. У Забурнинг 34- саносини ёзганида ҳаёти хавф остида бўлган. Шунга қарамай, имон кўзлари билан «Яҳованинг фариштаси унинг атрофида қароргоҳ қуришини» кўрган. (Заб. 34:7) Эҳтимол, Довуд Яҳованинг фариштасини душманнинг ҳужумидан огоҳ бўлиб турадиган аскарга ўхшатгандир. Жасоратли аскар ва Яҳова у шоҳ бўлишини ваъда қилган бўлса ҳам душманни палахмон ёки қиличдан фойдаланиб енгаман, деб ўйламаган. (1 Шоҳ. 16:13; 24:12) Довуд Худога таяниб, Унинг фариштаси «Ундан қўрқадиган» инсонларни қутқаришига тўлиқ амин эди. Албатта, ҳозирги кунда Худо бизни мўъжизавий тарзда ҳимоя қилишини кутмаймиз. Лекин Яҳовага таянган инсон абадулабад азоб чекмаслигини биламиз.

Буюк мусибатда Магўг юртидаги Гўг уйларимизга ҳужум қилишга ҳаракат қилар. Аммо Исо Масиҳ ва фаришталар буни кўриб, бизни ҳимоя қилади (13- хатбошига қаранг.)

13. Магўг юртидаги Гўг ҳужум қилганида нега ҳимоясиздай кўринамиз, лекин қўрқмаслигимиз учун қандай асос бор? (Муқовадаги расмга қаранг.)

13 Яқин келажакда Яҳова бизни ҳимоя қилишига бўлган ишончимиз синалади. Магўг юртидаги Гўг, яъни халқлар иттифоқи Худонинг халқига ҳужум қилганида ҳаётимиз гўёки хавф остида қолгандай кўринади. Бироқ Яҳова бизни ҳимоя қила олишига ва шундай ҳам қилишига ишончимиз комил бўлиши даркор. Биз халқларнинг назарида ҳеч кими йўқ ҳимоясиз қўйлардай бўламиз. (Ҳиз. 38:10–12) Чунки жанг қилишга ўрганмаганмиз ва қўлимизга қурол олмаймиз. Халқлар бизга тайёр ўлжадек қарайди. Сабаби, улар Худонинг халқи атрофида қароргоҳ қурган ва бизни ҳимоя қилишга тайёр фаришталарни кўра олмайди. Ахир улар биз каби имон кўзлари билан қарамайди. Самовий қўшин биз учун жанг қилганида, улар эсанкираб қолади. (Ваҳ. 19:11, 14, 15)

КЕЛАЖАККА ҲОЗИРДАН ТАЙЁРЛАНИНГ

14. Қай йўсин келажакка ҳозирдан тайёргарлик кўра оламиз?

14 Хўш, қай йўсин келажакка ҳозирдан тайёрлана оламиз? Аввало моддий нарсаларга тўғри нуқтаи назарда бўлишни ўрганишимиз керак. Бир кун келиб, улардан воз кечишимизга тўғри келишини тушунамиз. Биз борига шукур қилишимиз ва Яҳова билан муносабатларга эга эканимиздан улкан қувонч топишимиз лозим. Худойимизни яхшироқ билганимиз сайин Магўг юртидаги Гўг ҳужум қилганида, У бизни ҳимоя қила олишига бўлган ишончимиз ошади.

15. Довуд билан ёшлигида юз берган қайси воқеалар Яҳова унга ёрдам беришига ишонтирган?

15 Довудга яна нима ёрдам берганини ва бу синовларга тайёрланишимизга қандай қўл келишини кўриб чиқайлик. Довуд шундай деган: «Тотиб кўр, шунда Яҳова яхши эканини билиб оласан, Унда паноҳ топган инсон бахтлидир». (Заб. 34:8) Бу сўзлардан нега Довуд Яҳованинг кўмагига ишонганини билиб оляпмиз. Довуд кўпинча Яҳовага таянган. Яҳова уни ҳеч қачон ташлаб қўймаган. У ёш бўлганида баҳайбат, қудратли филистимлик жангчи Гўлиётга қарши чиқиб: «Бугуннинг ўзида Яҳова сени қўлимга топширади»,— деб айтган. (1 Шоҳ. 17:46) Кейинчалик шоҳ Довуд Шоулга хизмат қилганида, Шоул уни кўп марта ўлдирмоқчи бўлган. Аммо «Яҳова Довуд билан бирга бўлган». (1 Шоҳ. 18:12) Довуд олдинлари Яҳованинг ёрдамини ҳис қилгани учун кейинчалик ҳам У уни ташлаб қўймаслигига амин эди.

16. Қайси йўллар орқали Яҳова яхши эканини «тотиб» кўра оламиз?

16 Ҳозирданоқ қанча кўп Яҳованинг йўл-йўриқларини изласак, келажакда У бизни қутқаришига бўлган ишончимиз шунча кўп мустаҳкам бўлади. Баъзида анжуманларга бориш, йиғилишларни қолдирмаслик ва хизматда кўпроқ иштирок этиш учун бошлиғимиздан рухсат сўрашимизга тўғри келади. Дейлик, бошлиғингиз илтимосингизни рад этди ва ишингизни йўқотдингиз. Шунда, Яҳова сизни ҳечам ташлаб кетмаслигига ва асосий эҳтиёжларингизга доим ғамхўрлик қилишига ишонасизми? (Иброн. 13:5) Тўла вақтли хизматда иштирок этаётган имондошларимизнинг сўзларидан энг керакли пайтда Яҳова уларга ғамхўрлик қилганини кўрсак бўлади. Дарҳақиқат, Яҳова садоқатли Худо.

17. 2022 йил учун қайси оят танланди ва нега бу ўринли?

17 Яҳова биз томонда экан, олдинда бўладиган воқеалардан қўрқишимизга ҳожат йўқ. Маънавий ишларни ҳаётимизда биринчи ўринга қўяр эканмиз, Яҳова доим ёнимизда бўлади. Келажакдаги оғир кунларга ҳозирданоқ тайёрланишимиз ва Яҳова бизни асло ташлаб қўймаслигига ишонишимиз кераклигини эслатиб туриш ниятида Етакчи кенгаш 2022 йил учун йиллик оят сифатида Забур 34:10 даги сўзларни танлади: «Яҳовани излайдиганлар яхшиликдан қуруқ қолмайди».

38- ҚЎШИҚ У сизни мустаҳкамлайди

^ абз. 5 2022 йил учун йиллик оят сифатида Забур 34:10 даги «Яҳовани излайдиганлар яхшиликдан қуруқ қолмайди» деган сўзлар танланди. Яҳованинг кўп садоқатли хизматчилари моддий тарафдан кам нарсага эга. Унда қанақасига улар «яхшиликдан қуруқ қолмайди», деб айта оламиз? Бундан ташқари, мазкур оятни тушуниш орқали олдинда бизни кутаётган қийин пайтларга қай йўсин тайёрлана оламиз?

^ абз. 4 «Қўриқчи минораси»нинг 2014 йил 15 сентябрь сонидаги «Ўқувчиларнинг саволлари»га қаранг.

^ абз. 54 РАСМЛАРГА ШАРҲ. Довуд шоҳ Шоулдан ғорда яширинганида ҳам, Яҳова унга бераётган нарсалар учун миннатдор эди.

^ абз. 56 РАСМЛАРГА ШАРҲ. Исроилликлар Мисрдан кетгач, Яҳова уларга ейиш учун манна берган ва кийимлари йиртилмаслигига ғамхўрлик қилган.