5- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
«Бизга туртки берган куч — Масиҳнинг севгиси»
Бизга туртки берган куч — Масиҳнинг севгиси... У ҳаммани деб ўлди, токи тирик бўлганлар энди ўзлари учун эмас, балки уларни деб ўлиб қайта тирилган киши учун яшасинлар. (2 КОР. 5:14, 15)
13- ҚЎШИҚ Масиҳ биз учун ўрнакдир
БУ МАҚОЛАДА a
1, 2. а) Исо Масиҳнинг ҳаёти ва хизмати борасида фикр юритиш бизда қандай туйғулар уйғотади? б) Ушбу мақолада нимани муҳокама қиламиз?
ЯҚИН инсонимиздан айрилганимизда уни роса қўмсаймиз. Бошида унинг ўлимидан олдинги кунларини, айниқса, у азоб чеккан бўлса, эслаш оғриқ келтиради. Вақт ўтгач эса унинг айтганлари, қилган ишлари, далда бергани ва ҳазиллашганини эслаганимизда юзимизга табассум югуради.
2 Шунга ўхшаб, Исо Масиҳнинг азоб чеккани ва ўлими тўғрисида ўқиш жуда қайғули. Қутлуғ Кечлик мавсуми давомида биз айниқса унинг қимматбаҳо тўлов қурбонлиги устида фикр юритишга вақт ажратамиз. (1 Кор. 11:24, 25) Лекин унинг айтган сўзлари ва қилган ишларини эслаш жуда ёқимли. Шунингдек, у ҳозир нималар қилаётгани ва келажакда қандай ишларни амалга ошириши борасида мулоҳаза юритамиз. Бундай қилиш бизни миннатдорчилик кўрсатишга ундайди. Ушбу мақолада буни қандай қила олишимизни кўриб чиқамиз.
МИННАТДОРЧИЛИК ИСОГА ТИНМАЙ ЭРГАШИШГА УНДАЙДИ
3. Нега тўлов учун миннатдормиз?
3 Исонинг ҳаёти ва ўлими ҳақида ўйлаш бизни муайян ҳаракатларга ундайди. У ер юзида бўлганида Худонинг Шоҳлиги амалга оширадиган баракалар тўғрисида айтган. Каломдаги ҳақиқатлар учун жуда миннатдормиз. Тўловни ҳам қадрлаймиз, чунки бу орқали Яҳова ҳамда Исо билан дўстлаша оламиз. Унга ишонганлар абадий яшашга ва ўлган яқинларини яна кўришга умид қилади. (Юҳан. 5:28, 29; Рим. 6:23) Бу баракаларга сазовор бўлиш учун ҳеч нарса қилмаганмиз ва Худо ҳамда Исо Масиҳ биз учун қилганларини умримизда қайтара олмаймиз. (Рим. 5:8, 20, 21) Бироқ бунинг учун чуқур миннатдорчилигимизни кўрсата оламиз. Қандай қилиб?
4. Қай йўсин магдалалик Марям Исодан миннатдор эканини кўрсатган? (Расмга қаранг.)
4 Келинг, Яҳудиядан бўлган магдалалик Марямнинг мисолига эътибор қаратайлик. Унга еттита жин азоб бераётгани учун аҳволи оғир эди. Марям унга ҳеч ким ёрдам бера олмайди, деб ўйлагандир. Исо уни жинларнинг таъсиридан халос қилганида, у қанчалик миннатдор бўлганини бир тасаввур қилинг. Миннатдорчилик Марямни Исонинг шогирди бўлишга ҳамда вақтини, кучини ва мол-мулкини хизмат учун сарфлашга ундаган. (Луқо 8:1–3) Гарчи Марям Исо унга ёрдам берганини қадрлаган бўлса-да, кейинчалик у яна нималар қилишини хаёлига ҳам келтирмагандир. Исо барча одамлар учун ҳаётини фидо қилган, «токи унга ишонган ҳар бир киши» абадий ҳаётга эга бўлсин. (Юҳан. 3:16) Марям Исога содиқ қолиб, миннатдорлигини кўрсатган. Исо азоб устунида бўлганида у ўша атрофда туриб, унга ва бошқаларга тасалли берган. (Юҳан. 19:25) Қолаверса, Исо ўлганидан кейин Марям ва бошқа иккита аёл унинг танаси учун хушбўй ўтларни сотиб олишган. (Марк 16:1, 2) Унинг садоқати мукофотланган. У тирилган Исони кўришдан ва у билан гаплашишдан жудаям хурсанд бўлган. Бу шарафга Исонинг ҳамма шогирдлари ҳам муяссар бўлмаган. (Юҳан. 20:11–18)
5. Яҳова ҳамда Исодан миннатдор эканимизни қандай кўрсата оламиз?
5 Яҳова ҳамда Исодан миннатдор эканимизни вақт, куч ва маблағимизни Шоҳлик ишига сарфлаб кўрсата оламиз. Масалан, ташкилотимизнинг қурилиш ва таъмирлаш ишларида қатнашишимиз мумкин.
ЯҲОВА ВА ИСОГА БЎЛГАН СЕВГИ БИЗНИ БОШҚАЛАРНИ СЕВИШГА УНДАЙДИ
6. Тўлов нега шахсан ҳар биримиз учун берилган деб айта оламиз?
6 Яҳова ҳамда Исо бизни қаттиқ яхши кўришини кўриб чиқиш уларга бўлган севгимизни оширади. (1 Юҳан. 4:10, 19) Масалан, Исо Масиҳ шахсан ҳар биримиз учун жонини фидо қилганини тушуниш севгимизни кучайтиради. Ҳаворий Павлус буни тушунган ва бу учун миннатдорчилик билдирган. У галатияликларга йўллаган мактубида: «Мени севган ва мен учун ўзини фидо қилган Худонинг Ўғлига бўлган имон билан яшаяпман»,— деб ёзган. (Галат. 2:20) Тўлов қурбонлиги асосида Яҳова билан яқин муносабатларга эга бўла оласиз. (Юҳан. 6:44) Худо қалбингизда яхши нарсани кўрганини ва Унинг дўсти бўлишингиз учун энг қимматбаҳо тўловни берганини билиш қалбингизни қувончга тўлдиряптими? Бу Яҳова ҳамда Исога бўлган севгингизни кучайтиряптими? Ўзингиздан: «Бу севги мени нима қилишга ундайди?» — деб сўраб кўринг.
7. Расмда кўрсатилганидай, Яҳова ҳамда Исога бўлган севгини қандай кўрсата оламиз? (2 Коринфликларга 5:14, 15; 6:1, 2)
7 Худони ва Масиҳни яхши кўришимиз бошқаларга севги намоён этишга чорлайди. (2 Коринфликларга 5:14, 15; 6:1, 2 ни ўқинг.) Бунинг бир йўли, ваъзгўйликда ғайрат ила қатнашишдир. Биз учратган ҳар бир инсонга хушхабарни айтамиз. Уларнинг ирқи, миллати, бой-камбағаллиги ёки ўқиган-ўқимаганига қараб ўтирмаймиз. Бу орқали Яҳованинг иродаси амалга ошади, чунки «У ҳар турли одамлар ҳақиқат тўғрисида аниқ билимга эга бўлиб, нажот топишларини истайди». (1 Тим. 2:4)
8. Қай йўсин имондошларга севги намоён эта оламиз?
8 Худога ва Исога бўлган севгини имондошларга севги кўрсатиб исботлаймиз. (1 Юҳан. 4:21) Улар билан шахсан қизиқиб, қийинчилик пайтида ёрдам берамиз. Қолаверса, яқинини йўқотганда уларга тасалли берамиз, касал бўлганида уларни йўқлаб борамиз ва руҳи тушганида кайфиятини кўтаришга ҳаракат қиламиз. (2 Кор. 1:3–7; 1 Салон. 5:11, 14) Шунингдек, улар учун ибодат қилишда давом этамиз, чунки «одил кишининг илтижоси кучли таъсирга эга» эканини биламиз. (Ёқб. 5:16)
9. Имондошларни севишимизни яна қандай кўрсата оламиз?
9 Имондошлар билан тинчлик сақлаб ҳам уларга севги кўрсатамиз. Яҳовага ўхшаб уларни кечиришга ҳаракат қиламиз. Худо Ўғли биз учун ўлишига йўл қўйган экан, бизга қарши гуноҳ қилган биродару опа-сингилларни ҳам кечиришга тайёр бўлишимиз лозим. Ҳа, Исонинг масалидаги ёвуз қулга ўхшашни хоҳламаймиз. Ўша қулнинг хўжайини анчагина қарзини кечган бўлса ҳам, у бошқа қулнинг кичик қарзини кечмаган. (Мат. 18:23–35) Хўш, жамоатда кимдир билан келишмовчилигингиз бор бўлса, маросимга боришдан аввал у билан яраша оласизми? (Мат. 5:23, 24) Бундай қилиш Яҳова ҳамда Исони қанчалик севишингизни кўрсатади.
10, 11. Қай йўсин оқсоқоллар Яҳова ҳамда Исога бўлган севгини намоён этиши мумкин? (1 Бутрус 5:1, 2)
10 Қай йўсин оқсоқоллар Яҳова ҳамда Исога бўлган севгини кўрсата олади? Муҳим йўллардан бири, Исонинг қадрли қўзичоқларига ғамхўрлик қилишдир. (1 Бутрус 5:1, 2 ни ўқинг.) Бутрус билан бўлган вазиятдан буни яққол кўриш мумкин. Бутрус Исодан уч марта тонганидан кейин уни қаттиқ яхши кўришини исботламоқчи эди. Исо тирилгач, ундан: «Юҳанно ўғли Симун, мени яхши кўрасизми?» — деб сўраган. Шубҳасизки, буни исботлаш учун у ҳар нарсага тайёр бўлган. Исо унга: «Қўзиларимга чўпонлик қилинг»,— деб айтган. (Юҳан. 21:15–17) Бутрус ҳаётининг охиригача Масиҳининг қўзичоқларига ғамхўрлик қилиб, севгисини исботлаган.
11 Қадрдон оқсоқоллар, Исо Бутрусга айтган сўзлар сиз учун муҳим эканини Қутлуғ Кечлик мавсумида қандай кўрсата оласиз? Буни имондошларга далдали ташрифлар қилиш ва фаолиятсиз ваъзгўйларга Яҳовага қайтишга кўмаклашиш орқали қила оласиз. (Ҳиз. 34:11, 12) Шунингдек, тадқиқ ўтаётган ва қизиқиш билдираётган инсонларни маросимга таклиф қилсангиз бўлади. Уларни илиқ қарши олишни хоҳлаймиз, чунки улар ҳам Исонинг изидан юришни танлаши мумкин.
ИСОГА БЎЛГАН СЕВГИ БИЗНИ ЖАСОРАТЛИ БЎЛИШГА УНДАЙДИ
12. Нега Исо ўлимидан олдинги кечада айтган сўзлари ҳақида фикр юритиш бизга жасорат бахш этади? (Юҳанно 16:32, 33)
12 Ўлимидан олдинги кечада Исо шогирдларига: «Дунёда сизларни қайғу-алам кутяпти, аммо дадил бўлинг! Мен дунёни енгдим»,— деб айтган. (Юҳанно 16:32, 33 ни ўқинг.) Душманлари уни ҳибсга олишга келганида, Исога жасоратли бўлишга ва ўлимигача содиқ қолишга нима ёрдам берган? У Яҳовага таянган. Исо унинг издошларини ҳам шу каби синовлар кутаётганини билгани учун Яҳовадан уларга ёрдам беришини сўраган. (Юҳан. 17:11) Нега буни билиш бизга жасорат бахш этади? Чунки Яҳова бизга қарши чиқаётган ҳар қандай душмандан кучлироқ. (1 Юҳан. 4:4) Унинг назаридан ҳеч нарса четда қолмайди. Агар Унга таянсак, қўрқувларимизни енгиб, жасоратли бўла оламиз.
13. Қандай қилиб ариматеялик Юсуф жасоратга тўлган?
13 Ариматеялик Юсуфнинг мисолини олайлик. У яҳудийлар орасида ҳурмат қозонган киши бўлиб, Олий Кенгаш аъзоси эди. Исо ер юзида бўлганида Юсуфга жасорат етишмасди. Юҳанно у: «Яҳудийлардан қўрққани учун Исонинг яширин шогирди бўлган»,— деб айтган. (Юҳан. 19:38) Гарчи, Юсуф Шоҳлик хабарини қабул қилган бўлса ҳам, буни бошқалардан яширган. Ҳойнаҳой, яҳудийлар у Исонинг шогирди эканини билиб қолишса, уни ҳурмат қилмай қўйишидан қўрққан. Аммо у ўзгарган. Муқаддас Китобда айтилишича, Исонинг ўлимидан кейин у «жасоратга тўлиб Пилатнинг олдига борди-да, Исони дафн этиш учун рухсат сўради». (Марк 15:42, 43) Шундай қилиб, у Исонинг шогирди эканини бошқа яширмаган.
14. Одамлар олдидаги қўрқувни енгиш учун нима қилишингиз лозим?
14 Сиз ҳам Юсуф каби одамлар нима деб ўйлашидан қўрққанмисиз? Масалан, мактабда ёки ишда Яҳованинг Шоҳиди эканингизни бошқаларга айтишдан уялганмисиз? Ёки бошқалар нима деб ўйлашидан хавотирланиб, ваъз қилишдан ёки сувга чўмишдан қўрққанмисиз? Бундай туйғулар тўғри йўл тутишингизга тўсиқ бўлишига йўл қўйманг. Яҳовага ичингиздагиларни тўкиб солинг. Ундан иродасини бажариш учун жасорат сўранг. Яҳова ибодатларингизга қандай жавоб бераётганини кўрганингизда, имонингиз мустаҳкамланиб, жасоратга тўласиз. (Ишаё 41:10, 13)
ҚУВОНЧ ХИЗМАТНИ ТЎХТАТМАСЛИККА ЁРДАМ БЕРАДИ
15. Исо шогирдларига зоҳир бўлгач, қувонч уларни нима қилишга ундаган? (Луқо 24:52, 53)
15 Исо ўлгач, шогирдлари қаттиқ қайғуга ботишган. Ўзингизни уларнинг ўрнига қўйиб кўринг. Улар нафақат яқин дўстини, балки умидини ҳам йўқотгандай бўлишган. (Луқо 24:17–21) Бироқ Исо уларга зоҳир бўлгач, Муқаддас Китобдаги башоратлар амалга ошишида унинг ўрни қандай эканини тушунишга ёрдам берган ва уларга муҳим вазифа топширган. (Луқо 24:26, 27, 45–48) У ер юзида 40 кун бўлиб, осмонга кўтарилаётган пайтда шогирдлари бошқа қайғурмаётганди. Исо тириклигини ҳамда янги вазифани бажаришга ёрдам беришини билиш уларни қувонтирган ва Яҳовага тўхтамай хизмат қилишга ундаган. (Луқо 24:52, 53 ни ўқинг; Ҳавор. 5:42)
16. Исонинг шогирдларидан қандай ўрнак олсак бўлади?
16 Исонинг шогирдларига қай йўсин тақлид қилишимиз мумкин? Нафақат Қутлуғ Кечлик мавсумида, балки бутун йил давомида Яҳовага хурсандчилик билан топинамиз. Бунинг учун Худонинг Шоҳлиги ҳаётимизда биринчи ўринда бўлиши лозим. Масалан, кўплар мунтазам равишда хизмат қилиш, йиғилишларга бориш ва оилавий топинишни ўтказиш учун иш жадвалига ўзгаришлар киритади. Баъзилар бошқалар зарурий деб билган моддий нарсалардан воз кечишга қарор қилади. Шу йўсин, улар жамоатда кўпроқ ишлар бажаради ёки ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган ҳудудларда хизмат қилади. Яҳовага хизмат қилиш учун сабр-тоқатли бўлишимиз муҳим. Шоҳлик манфаатларини ҳаётимизда биринчи ўринга қўйсак, баракаларга эга бўламиз. (Ҳик. 10:22; Мат. 6:32, 33)
17. Қутлуғ Кечлик мавсумида нима қилиш қарорингиз қатъий? (Расмга қаранг.)
17 4 апрель сешанба куни Қутлуғ Кечлик маросимига боришни интиқиб кутяпмиз. Лекин Исонинг ҳаёти, ўлими ва унинг ҳамда Яҳованинг бизга бўлган севгиси устида мулоҳаза юритиш учун бу кун келишини кутишнинг ҳожати йўқ. Қутлуғ Кечлик мавсумида булар ҳақида фикр юритишга жон куйдиринг. Масалан, «Исонинг ердаги ҳаётининг охирги ҳафтаси» номли рамкадаги ҳодисаларни ўқиб, улар ҳақида фикр юритинг. Бу рамкани «Янги дунё таржимаси»даги Б12 иловада топсангиз бўлади. Шу йўсин, миннатдорчилик, севги, жасорат ва қувончингизни оширасиз. Шунингдек, қай йўсин миннатдорчилик кўрсатишингиз мумкинлиги борасида ҳам ўйлаб кўринг. Шунга амин бўлингки, Қутлуғ Кечлик мавсуми давомида Исо Масиҳни эслаш учун қилган ҳар бир ҳаракатингизни у жудаям қадрлайди. (Ваҳ. 2:19)
17- ҚЎШИҚ «Албатта истайман!»
a Қутлуғ Кечлик мавсуми давомида Исо Масиҳнинг ҳаёти ва ўлими ҳамда унинг ва Яҳованинг бизга бўлган севгиси тўғрисида чуқур мулоҳаза юритамиз. Бу бизни ҳаракатларга ундайди. Ушбу мақолада қай йўсин тўлов учун миннатдорчилик ҳамда Яҳова ва Исога бўлган севгини кўрсатишимизни муҳокама қиламиз. Шунингдек, қандай қилиб имондошларга севги намоён этишимиз, жасоратли бўлишимиз ва хизматда қувонч топишимиз мумкинлигига эътибор қаратамиз.