Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

2- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

«Онгингизни янгилаб, ўзингизни ўзгартиринглар»

«Онгингизни янгилаб, ўзингизни ўзгартиринглар»

Тангрининг яхши, мақбул, комил иродаси нимада эканини аниқлаш учун онгингизни янгилаб, ўзингизни ўзгартиринглар. РИМ. 12:2

88- ҚЎШИҚ Очиб бер менга йўлларингни

БУ МАҚОЛАДА a

1, 2. Сувга чўмгандан кейин нима қилишда давом этишимиз керак? Тушунтиринг.

 УЙИНГИЗНИ қанчалик тез-тез йиғиштирасиз? Эҳтимол, кўчиб келишингиздан олдин у ерни чиннидай тозалаб чиққансиз. Лекин айтайлик, бошқа бундай қилмасангиз, нима бўлади? Албатта, у ерни тезда чанг босиб, кир бўлиб кетади. Уйингизни озода сақлаш учун мунтазам равишда йиғиштиришингиз лозим.

2 Фикрларимиз ва шахсиятимиз билан ҳам худди шундай қилишимиз керак. Албатта, сувга чўмишдан олдин «тана ва руҳиятимизни булғайдиган ҳар қандай нарсадан ўзимизни поклаш» учун керакли ўзгаришлар қилганмиз. (2 Кор. 7:1) Лекин ҳаворий Павлус айтганидай, «бундан буён» ҳам ўзгаришда давом этиш муҳим. (Эфес. 4:23) Нега? Чунки дунё бизга ўз таъсирини ўтказиб, Яҳованинг назарида нопок қилиб қўйиши мумкин. Шунинг учун фикрларимизни, шахсиятимизни ва истакларимизни доимо текшириб туришимиз лозим.

«ОНГИНГИЗНИ ЯНГИЛАШДА» ДАВОМ ЭТИНГ

3. Онгимизни янгилаш нимани англатади? (Римликларга 12:2)

3 Онгимизни янгилаш, яъни фикрлаш тарзимизни ўзгартириш учун нима қилишимиз даркор? (Римликларга 12:2 ни ўқинг.) Онгимизни янгилаш бу шунчаки яхши ишлар қилишни англатмайди. Биз ички дунёмизни текшириб туришимиз ва Яҳованинг меъёрларига мос ҳаёт кечириш учун қўлдан келганча керакли ўзгаришлар қилишимиз лозим. Бу бир марта эмас, балки мунтазам давом этиши керак.

Олий маълумотли бўлиш ва иш танлаш борасидаги қарорларингиз Шоҳлик манфаатлари ҳаётингизда биринчи ўринда эканини кўрсатяптими? (4-, 5- хатбошиларига қаранг.) c

4. Қай йўсин дунё фикрларимизга таъсир қилишидан қочишимиз мумкин?

4 Мукаммалликка эришганда ҳар бир ишимиз билан Яҳовани мамнун қила оламиз. Ҳозир эса бундай қилиш учун кўп тер тўкишимизга тўғри келади. Павлус Римликларга 12:2 да Худонинг иродаси нимада эканини аниқлаш учун онгимизни янгилаб туришимиз кераклигини айтган. Бу дунё фикрлаш тарзимизни шакллантиришига йўл қўймаслигимиз керак. Бунинг учун авваламбор мақсадларимизга ва қарорларимизга ким — Яҳова ёки дунё — таъсир қилаётганини аниқлаш учун ўзимизни текширишимиз лозим.

5. Яҳованинг куни яқин эканини унутмаслик учун ўзимизга қандай саволлар берсак бўлади? (Расмга қаранг.)

5 Қуйидаги фикрга эътибор беринг. Яҳова Унинг «куни келишини кутиб, уни эсда» сақлашимизни истайди. (2 Бутр. 3:12) Ўзингиздан шундай сўранг: «Ҳаёт тарзимдан ушбу замонанинг охири яқин эканини тушунаётганим кўриняптими? Олий таълим ва иш борасидаги қарорларим билан Яҳовага хизмат қилиш энг муҳими эканини кўрсатяпманми? Худо менга ва оиламга ғамхўрлик қилишига ишонаманми ёки ҳадеб моддий нарсалар борасида ташвишланаманми?» Тангри Яҳованинг иродасига мувофиқ нимаики қилмайлик, У жудаям мамнун бўлади. (Мат. 6:25–27, 33; Филип. 4:12, 13)

6. Нима қилишда давом этишимиз муҳим?

6 Мунтазам равишда фикрларимизни текшириб, керакли ўзгаришлар қилишимиз муҳим. Павлус коринфликларга шундай деб ёзган: «Имондамисизлар ёки йўқми, ўзингизни синаб, қандай инсон эканингизни текшириб туринглар». (2 Кор. 13:5) «Имонда» бўлиш вақти-вақти билан йиғилишларга бориш ва хизматга чиқишдан кўпроғини ўз ичига олади. Бунга фикрларимиз, ниятларимиз ва истакларимиз ҳам киради. Шунинг учун, Худонинг Каломини ўқиш, У каби фикрлашни ўрганиш ва Унинг иродасига мувофиқ йўл тутиш орқали онгимизни янгилашда давом этишимиз лозим. (1 Кор. 2:14–16)

«ЯНГИ ЎЗЛИКНИ КИЙИБ ОЛИНГ»

7. Нима қилишимиз лозим ва нега бу осон бўлмаслиги мумкин? (Эфесликларга 4:31, 32)

7 Эфесликларга 4:31, 32 ни ўқинг. Фикрлаш тарзимизни ўзгартиришдан ташқари «янги ўзликни кийиб олишимиз» керак. (Эфес. 4:24) Бунинг учун бел боғлаб ҳаракат қилишимиз даркор. Бошқа ишлар билан бирга адоват, қаҳру ғазаб каби иллатларни ўзимиздан соқит қилишимиз керак. Нега бу осон бўлмаслиги мумкин? Сабаби, улардан баъзилари қалбимизда чуқур илдиз отгандир. Масалан, Муқаддас Китобда баъзи инсонлар «аччиғи тез» ва «жиззаки» бўлиши ҳақида айтилган. (Ҳик. 29:22) Салбий хислатларни ҳатто сувга чўмганимиздан кейин ҳам назорат қилишимизга тўғри келар. Буни қуйидаги мисолдан кўрсак бўлади.

8, 9. Қай йўсин Стивеннинг мисоли эски ўзликни ечишда давом этиш муҳимлигини кўрсатяпти?

8 Стивен исмли биродар ҳам жаҳлини тийишга қийналарди. У шундай деди: «Ҳатто сувга чўмганимдан кейин ҳам феъл-атворимни ўзгартиришда давом этишим лозим эди. Бир сафар уйма-уй хизмат қилганимда машинамдан радиоприёмникни ўғирлаб кетишди ва мен ўғрининг ортидан қувиб кетдим. Унга энди етай деганимда у радиони ташлаб қочиб кетди. Бу ҳақида бошқаларга айтиб бердим ва оқсоқол мендан: “Стивен, агар унга етиб олганингизда нима қилар эдингиз?” — деб сўради. Бу савол мени ўйлантириб қўйди ва тинчликпарварлик устида кўпроқ ишлашга ундади» b.

9 Стивеннинг мисолидан шуни кўришимиз мумкинки, салбий хислатларни назорат қиляпман, деб ўйлаганимизда улар ногаҳон пайдо бўлиши ҳеч гап эмас. Агар бу сиз билан ҳам содир бўлса руҳингиз тушмасин ва ўзингизни айбламанг. Ҳаворий Павлус: «Тўғри бўлган нарсани қилмоқчи бўлсам, ёнимда ёмонлик туради»,— деб бежизга айтмаган. (Рим. 7:21–23) Барчамиз номукаммал бўлганимиз учун уйимизни, яъни ички дунёмизни кир ва чанг каби бўлган иллатлардан тозалаб туришимиз лозим. Буни мунтазам равишда қилишимиз керак. Қанақасига дейсизми?

10. Қай йўсин иллатлар билан кураша оламиз? (1 Юҳанно 5:14, 15)

10 Курашаётган иллатингиз ҳақида Яҳовага ибодат қилиб айтинг. Бундай қилар экансиз, У сизни эшитишига ва ёрдам беришига амин бўлинг. (1 Юҳанно 5:14, 15 ни ўқинг.) Яҳова уни мўъжизавий тарзда соқит қилмайди, лекин унга қарши тура олишингиз учун сизни мустаҳкамлайди. (1 Бутр. 5:10) Ибодатингизга яраша йўл тутиб, эски ўзлигингизни қайтариши мумкин бўлган ишларни қилманг. Мисол учун, бу иллатни кучайтириши мумкин бўлган фильмлар, теледастурлар ва ҳикоялардан йироқлашинг. Қолаверса, бузуқ ниятлар онгингизда ин қуришига йўл қўйманг. (Филип. 4:8; Колос. 3:2)

11. Янги ўзликни кийиш учун нима қила оламиз?

11 Эски ўзликни ечиб ташлаш билан бирга янги ўзликни ҳам кийиб олиш жуда муҳим. Хўш, буни қандай қилса бўлади? Яҳованинг фазилатларини билиб олганингизда Унга тақлид қилишга интилинг. (Эфес. 5:1, 2) Масалан, Муқаддас Китобда Яҳова кечиримли экани ҳақида ўқиганда, ўзингиздан: «Бошқаларни кечиряпманми?» — деб сўранг. Ёки У камбағалларга раҳм-шафқатли экани тўғрисида ўқиганда, ўзингизга: «Моддий жиҳатдан қийналаётган имондошларимга шу каби раҳм-шафқатни амалда кўрсатяпманми?» — деган саволни беринг. Янги ўзликни кийиш орқали тинмай онгингизни янгиланг. Бундай қилар экансиз, ўзингизга нисбатан ҳаддан ташқари талабчан бўлманг.

12. Қай йўсин Муқаддас Китоб Стивенга ўзгаришга ёрдам берди?

12 Юқорида тилга олинган Стивен аста-секин янги ўзликни кийишга муваффақ бўлди. У қуйидагича бўлишди: «Сувга чўмганимдан кейин кўп маротаба иғволи вазиятларга дуч келдим. Кимдир жаҳлимни чиқармоқчи бўлганида вазиятни юмшатишга ва ўзимни тута олишга ўргандим. Бу каби вазиятларни тўғри ҳал қила олганим учун кўплар, шу жумладан, рафиқам мени мақтайди. Ҳатто ўзимга ўзим ҳайрон қоламан. Лекин бу ўзгаришларга ўзим эришмадим. Буларнинг бари Муқаддас Китобнинг кучли таъсири туфайли содир бўлди».

ЁМОН ИСТАКЛАР БИЛАН КУРАШИШДА ДАВОМ ЭТИНГ

13. Қай йўсин нотўғри истакларни енга оламиз? (Галатияликларга 5:16)

13 Галатияликларга 5:16 ни ўқинг. Тўғри ишларни қила олишимиз учун Яҳова муқаддас руҳини сахийлик ила беряпти. Муқаддас Каломни ўқиганимизда ва йиғилишларга қатнаганимизда, муқаддас руҳ бизга таъсир қилишига йўл қўямиз. Биз каби тўғри ишлар қилишга ҳаракат қилаётган биродару опа-сингиллар билан йиғилишларда вақт ўтказиш жуда далдали. (Иброн. 10:24, 25; 13:7) Яҳовага сидқидилдан ибодату илтижода заифликларимизни енгишга ёрдам беришини сўраганимизда, бу курашда ғолиб чиқишимизга У кўмаклашади. Бундай йўл тутиш бизни нотўғри истаклардан халос этмаса-да, улар билан курашишга ёрдам беради. Галатияликларга 5:16 да айтилганидай, муқаддас руҳга мувофиқ йўл тутганлар «тана истакларини қондирмайди».

14. Нега Худога маъқул келадиган истакларни ривожлантиришда давом этиш муҳим?

14 Маънавий ишлар жадвалини тузган бўлсак, унга амал қилишда ва Худога маъқул келадиган истакларни ривожлантиришда давом этишимиз ўта муҳим. Негаки, душманларимизнинг бири ҳеч қачон дам олмайди. Бу душман нотўғри йўл тутиш васвасасидир. Ҳатто сувга чўмганимиздан кейин ҳам номаъқул ишлар, масалан, қимор ўйнаш, спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш ёки порнография кўриш бизни ўзига тортар. (Эфес. 5:3, 4) Битта ёш биродар шундай бўлишди: «Ўз жинсимдаги инсонларга ишқий туйғулар пайдо бўлиш истаги билан роса курашаман. Бу туйғу йўқ бўлиб кетади, деб ўйлагандим. Бироқ бу ҳозир ҳам давом этяпти». Хўш, номаъқул истаклар жуда ҳам кучли бўлганда сизга нима ёрдам бериши мумкин?

Ёмон истаклар пайдо бўлаётган бўлса тушкунликка тушманг, чунки бошқалар ҳам сиз каби кураш олиб бориб, ғолиб чиқишяпти (15-, 16- хатбошиларига қаранг.)

15. Ҳамма инсонлар ёмон истаклар билан курашаётганини билиш нега далдали? (Расмга қаранг.)

15 Ноўрин истаклар билан курашар экансиз, шуни унутмангки, сиз ёлғиз эмассиз. Муқаддас Китобда: «Сизлар одамлар йўлиқаётган оддий васвасаларга дуч келяпсизлар»,— деб айтилган. (1 Кор. 10:13а) Ушбу сўзлар Коринфда яшаган масиҳийларга қаратилган эди. Уларнинг баъзилари зинога қўл урган, ўз жинсидаги инсонлар билан жинсий алоқада бўлган ва ичкиликка ружу қўйганди. (1 Кор. 6:9–11) Ўша масиҳийлар сувга чўмганидан кейин ёмон истаклар билан бошқа курашмаган деб ўйлайсизми? Бу ундай эмас. Улар мойланган бўлганига қарамай, ҳалиям номукаммал эди. Шубҳасизки, улар ноўрин истаклар билан курашишда давом этган. Ҳа, буни билиш далдали. Чунки сиз қарши тураётган истак билан бошқа инсон ҳам кураш олиб борган. Азизлар, ушбу сўзларни ёдда тутинг: «Имонда мустаҳкам бўлинг... Билингларки, дунёдаги барча имондошларингиз худди шундай қийинчиликларга дучор бўлишяпти». (1 Бутр. 5:9)

16. Қандай истакка қарши туришимиз керак ва нега?

16 Вазиятимни ҳеч ким тушунмайди, деб ўйлаш тузоғидан қочинг. Чунки бундай фикрлар сизни умидсизликка тушириб, ўзингизга бўлган ишончни сусайтириши мумкин. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Худо Ўз сўзига содиқдир ва дош бера олмайдиган даражада васваса қилинишингизга У йўл қўймайди. Аксинча, васваса пайтида чидай олишингиз учун иложини ҳам беради». (1 Кор. 10:13б) Ёмон истак қанчалик кучли бўлмасин, Яҳовага содиқ қола оламиз. Унинг ёрдами билан ёмон истакка қарши туришимиз мумкин.

17. Ноўрин истакларни назорат қилишга нима ёрдам бериши мумкин?

17 Доимо шуни ёдда тутинг: номукаммал бўлганимиз учун вақти-вақти билан ноўрин истаклар пайдо бўлиб туради. Бироқ ёмон истакларга берилмай, уларни дарров рад эта оласиз. Эсингизда бўлса, Юсуф Пўтифарнинг хотинидан тезда қочиб кетган эди. (Ибт. 39:12) Ҳа, ёмон истакларга берилмаслик қўлингиздан келади!

КУРАШНИ ДАВОМ ЭТТИРИНГ

18, 19. Онгимизни янгилашга ҳаракат қилаётиб, ўзимизга қандай саволларни беришимиз керак?

18 Онгимизни янгилаб туриш Яҳованинг иродасига мувофиқ фикр юритишни ва ҳаракат қилишни ўз ичида олади. Шунга мунтазам равишда ўзимиздан қуйидагича сўрасак бўлади: «Ишларимдан охират яқинлигини тушунаётганим кўриняптими? Янги ўзликни кийишда яхшиланяпманми? Тана истакларига қарши туриш учун муқаддас руҳ менга таъсир қилишига йўл қўйяпманми?»

19 Ўзингизни текширганингизда мукаммалликни кутманг. Аксинча, эришган ютуқларингиздан хурсанд бўлинг. Агар ниманидир ўзгартиришингиз кераклигини кўрсангиз, тушкунликка тушманг. Бунинг ўрнига Филиппиликларга 3:16 даги қуйидаги маслаҳатга амал қилинг: «Нимага эришган бўлсак, келинглар, бундан буён ҳам одат тусига кирган шу тартибга биноан йўл тутайлик». Бундай йўл тутар экансиз, онгингизни янгилаш учун қилаётган ҳаракатларингизга Яҳова барака беришига амин бўлинг.

36- ҚЎШИҚ Қалбингизни асранг

a Ҳаворий Павлус имондошларини ушбу ёвуз дунёга уйғунлашмасликка ундаган. Бу маслаҳат бизга ҳам тегишли. Дунёнинг нуқтаи назари бизга таъсир қилмаётганига амин бўлишимиз керак. Агар фикрларимиз Яҳовага маъқул келмаётганини сезсак, уни ўзгартиришда давом этишимиз лозим. Буни қандай қилишимиз мумкинлигини ушбу мақолада кўриб чиқамиз.

b «Қўриқчи минораси»нинг 2015 йил 1 июль сонидаги «Ҳаётим тобора изидан чиқиб кетаётган эди» номли мақолага қаранг.

c РАСМГА ШАРҲ. Ёш биродар олий маълумотли бўлайми ёки тўла вақтли хизматни бошлайми деб фикр юритяпти.