Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

4- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Яҳова маросимга бориш учун қилган уринишларимизга барака беради

Яҳова маросимга бориш учун қилган уринишларимизга барака беради

Буни мени эслаб туриш учун қилинглар. ЛУҚО 22:19

19- ҚЎШИҚ Ҳазратимизнинг кечлик таоми

БУ МАҚОЛАДА a

1, 2. Нега ҳар йили Қутлуғ Кечлик маросимига борамиз?

 ТАХМИНАН 2 000 йил аввал Исо ўз жонини фидо қилиб, бизга абадий ҳаётга эга бўлиш имконини берган. Ўлимидан олдинги кечада у шогирдларини унинг қурбонлигини эслаб, оддий маросим ўтказишга ундаган. Бу маросимда нон ва шароб бўлади. (1 Кор. 11:23–26)

2 Исо Масиҳни қаттиқ яхши кўрганимиз учун бу амрига қулоқ соламиз. (Юҳан. 14:15) Ҳар йили Қутлуғ Кечлик мавсумида миннатдорчилигимизни кўрсатамиз. Масалан, Исо биз учун қилганлари устида фикр юритиб, ибодат қиламиз. Ушбу маросимга имкон қадар кўпроқ инсонларни ҳам таклиф этамиз. Қолаверса, у ерга боришимизга нимадир халақит беришига йўл қўймаймиз.

3. Бу мақолада нималарни кўриб чиқамиз?

3 Ушбу мақолада Яҳованинг хизматчилари Исонинг ўлимини хотирлаш учун қиладиган ҳаракатларни кўриб чиқамиз: 1) маросимни Исо айтгандай ўтказиш, 2) у ерга бошқаларни таклиф қилиш ва 3) қийинчиликларга қарамай уни ўтказиш.

МАРОСИМНИ ИСО АЙТГАНДАЙ ЎТКАЗИШ

4. Ҳар йили Қутлуғ Кечликда нималарни билиб оламиз ва нега унга оид ҳақиқатлар муҳим эканини ёдда тутишимиз керак? (Луқо 22:19, 20)

4 Ҳар йили Қутлуғ Кечлик маросимида Муқаддас Китобга асосланган нутқдан кўпгина саволларимизга жавоб оламиз. Масалан, инсоният нега тўловга муҳтож экани ва битта инсоннинг ўлими қай йўсин ҳамманинг гуноҳини қоплаши мумкинлиги ҳақида сўз юритилади. Шунингдек, нон ва шароб нимани англатиши ҳамда улардан кимлар истеъмол қилиши борасида эслатмалар оламиз. (Луқо 22:19, 20 ни ўқинг.) Ер юзида яшашга умид қилаётганларни қандай баракалар кутаётгани тўғрисида ҳам мулоҳаза юритамиз. (Ишаё 35:5, 6; 65:17, 21–23) Бу ҳақиқатларни оддий ҳолдек қабул қилмаслигимиз керак. Миллиардлаб инсонлар буларни ва Исонинг қурбонлиги қанчалик қимматбаҳо эканини билишмайди. Шу билан бирга улар маросимни Исо айтгандай ўтказмайди. Нима сабабдан?

5. Аксарият ҳаворийларнинг ўлимидан кейин нима юз берди?

5 Аксарият ҳаворийларнинг вафотидан кўп ўтмай сохта масиҳийлар жамоатларга суқилиб киришган. (Мат. 13:24–27, 37–39) Улар шогирдларни ортидан эргаштириш учун «нотўғри таълимотларни тарқатишган». (Ҳавор. 20:29, 30) Мисол учун, улар Муқаддас Китобда ёзилганидай, Исо Масиҳнинг танаси «кўпларнинг гуноҳларини олиб кетиш учун» бир марта эмас, балки қайта-қайта қурбонликка келтирилиши керак, деб ўргатишган. (Иброн. 9:27, 28) Бугунги кунда кўп самимий инсонлар бунга ишонади. Улар черковларда мунтазам равишда, ҳатто ҳар куни йиғилиб, маросим ўтказади. Ушбу маросимда нон ва шароб том маънода Исонинг танасига ва қонига айланишига ишонади. Уларнинг ўйлашича, инсон ҳар сафар ушбу маросимда иштирок этганида Исонинг танаси ва қони қурбонликка келтирилади. Христиан оламининг бошқа черковларида бу маросим камроқ ўтказилса-да, уларнинг аъзолари Исо Масиҳнинг тўлов қурбонлиги ўзи нимани англатишини тушунмайди. Айримлар: «Чиндан ҳам Исонинг тўлови асосида гуноҳларим кечириладими?» — деб ўйлайди. Нега бундай савол туғилади? Баъзи ҳолларда уларга бундан шубҳаланадиган инсонлар кучли таъсир ўтказади. Қизиқ, Исонинг ҳақиқий издошлари қандай йўл тутади?

6. 1872 йилга келиб Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари нимани тушунишган?

6 19 асрнинг охирида Чарлз Тейз Расселл биродарнинг бошчилигида Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари Худонинг Каломини пухта тадқиқ қилишган. Улар тўловнинг асл маъносини ва маросим қандай ўтказилишини билмоқчи бўлишган. 1872 йилга келиб улар Исо барча инсонлар учун тўлов келтирганини тушунишган ва буни яширишмаган. Улар китоб, газета ва журналлар орқали буни ҳаммага билдиришган. Кўп ўтмай, илк масиҳийлар каби улар ҳам маросимни йилига бир марта ўтказадиган бўлишган.

7. Муқаддас Китоб Тадқиқотчиларининг изланишларидан қандай фойда оляпмиз?

7 Муқаддас Китоб Тадқиқотчиларининг изланишларидан биз фойда оляпмиз. Масалан, Яҳованинг ёрдами билан Исонинг қурбонлиги қандай маънога эга эканини ва бутун инсоният ундан қандай фойда олиши мумкинлигини билиб олдик. (1 Юҳан. 2:1, 2) Шунингдек, баъзилар осмонда, қолган миллионлаб одамлар эса ер юзида абадий яшашини тушундик. Агар Исонинг қурбонлиги шахсан бизга қандай фойда келтириши ҳамда Яҳованинг бизга бўлган севгиси ҳақида мулоҳаза юритсак Унга янада яқинлашамиз. (1 Бутр. 3:18; 1 Юҳан. 4:9) Ўтмишдаги садоқатли биродарлар каби биз ҳам бошқаларни Қутлуғ Кечликка таклиф қиламиз.

БОШҚАЛАРНИ ҚУТЛУҒ КЕЧЛИККА ТАКЛИФ ҚИЛИШ

Қутлуғ Кечлик кампаниясида тўлиқ иштирок этиш учун нима қила оласиз? (8–10- хатбошиларига қаранг.) d

8. Яҳованинг хизматчилари бошқаларни Қутлуғ Кечликка таклиф қилиш учун нима қилишган? (Расмга қаранг.)

8 Тарихга назар солиб Яҳованинг хизматчилари бошқаларни ҳам Қутлуғ Кечликка таклиф қилганини кўришимиз мумкин. 1881 йилнинг бошида АҚШдаги имондошлар Аллегейнидаги (Пенсильвания) бир биродарнинг уйида йиғилиб, бу муҳим тадбирни ўтказишга таклиф қилинганди. Кейинчалик, ушбу маросимни ҳар бир жамоат алоҳида ўтказадиган бўлди. 1940 йили мартда самимий қизиқиш кўрсатган инсонларни ҳам Қутлуғ Кечликка таклиф этишга рухсат берилди. 1960 йили эса биринчи марта Байтил томонидан жамоатларга таклифномалар тақдим этилди. Ўшандан бери таклифноманинг миллиардлаб нусхалари тарқатиляпти. Нега бошқаларни маросимга таклиф қилишга вақт ва кучимизни сарфлаймиз?

9, 10. Яна кимларни Қутлуғ Кечликка таклиф қилишимиз мумкин? (Юҳанно 3:16)

9 Маросимга илк бор келган инсонлар Яҳова ҳамда Исо барчамиз учун нималар қилганини билишини истаймиз. (Юҳанно 3:16 ни ўқинг.) Бу уларни Яҳовага хизмат қилишга ундайди деган умиддамиз. Бу маросим бошқаларга ҳам фойда келтиради.

10 Шунингдек, фаолиятсиз ваъзгўйларни ҳам Қутлуғ Кечликка таклиф қиламиз. Яҳова уларни ҳалигача яхши кўришини билишларини истаймиз. Кўплар таклифимизни қабул қилади ва уларни маросимда кўрганимизда хурсанд бўламиз. У ерга бориш улар Яҳовага хизмат қилганида қанчалик бахтиёр бўлганини ёдига солади. Мониканинг b мисолига диққат қаратайлик. У COVID-19 пандемияси пайтида яна ваъз қилишни бошлади. 2021 йилги Қутлуғ Кечликка боргач, у шундай деди: «Бу Қутлуғ Кечлик мен учун жуда ўзгача бўлди. Чунки 20 йилдан бери илк бор ваъз қилдим ва одамларни маросимга таклиф қилдим. Бу ишга сидқидилдан ёндашдим. Чунки Яҳова ҳамда Исо мен учун қилган ишларидан жуда миннатдорман». (Заб. 103:1–4) Одамлар таклифимизга ижобий муносабат билдирадими ёки йўқми, бошқаларни Қутлуғ Кечликка таклиф қилишда давом этамиз. Чунки Яҳова ҳаракатларимизни қадрлашини биламиз.

11. Яҳова ҳаракатларимизга барака бераётгани нимадан кўриняпти? (Хаггей 2:7)

11 Тангри Яҳова ҳаракатларимизга барака бераётгани яққол кўриняпти. 2021 йили COVID-19 пандемиясига оид чекловларга қарамай, Қутлуғ Кечлик маросимида 21 367 603 киши бўлди. Бунақаси ҳали бўлмаган! Бу дунё бўйлаб Яҳова Шоҳидларининг сонидан икки ярим баравар кўпроқ. Тўғри, Яҳовани фақат инсонларнинг сони қизиқтирмайди. У ҳар бир кишига алоҳида ёндашади. (Луқо 15:7; 1 Тим. 2:3, 4) Отажонимиз таклиф қилиш иши орқали самимий инсонларни топишга ёрдам бераётганига аминмиз. (Хаггей 2:7 ни ўқинг.)

ҚИЙИН ВАЗИЯТЛАРГА ҚАРАМАЙ МАРОСИМГА БОРИШ

Қутлуғ Кечликка бориш учун қилаётган ҳаракатларимизга Яҳова барака беряпти (12- хатбошига қаранг.) e

12. Қайси вазиятлар маросимга боришимизга тўсқинлик қилиши мумкин? (Расмга қаранг.)

12 Исо охирзамонда турли қийинчиликларга дуч келишимизни башорат қилган. Бу оила аъзоларнинг қаршилиги, таъқиблар, урушлар, ўлатлар ва ҳоказолар. (Мат. 10:36; Марк 13:9; Луқо 21:10, 11) Гоҳида бундай қийинчиликлар туфайли Исонинг ўлимини хотирлаш қийин бўлар. Хўш, имондошларимиз буларни қай йўсин енгяпти ва Яҳова уларга қандай ёрдам беряпти?

13. Яҳова Артёмнинг ҳаракатларига қандай барака берди?

13 Қамоқ жазоси. Имондошларимиз эътиқоди туфайли қамоқда бўлишига қарамай Исонинг ўлимини хотирлаш учун қўлидан келганини қилади. Артёмнинг вазиятига эътибор қаратинг. 2020 йилги Қутлуғ Кечлик мавсумида уни 17 квадрат метрли камерага жойлаштиришган. У ерда яна тўртта ёки бешта маҳбус бўлган. У баъзи нарсалардан Қутлуғ Кечликда рамзлар сифатида фойдаланишни ва нутқ айтишни режалаштирган. Лекин у ердаги маҳбуслар кўп чекишган ва сўкинишган. Шунда у нима қилган? Артём улардан атиги бир соат давомида бундай қилмасликни сўраган. Буни қарангки, улар рози бўлишган. Артём уларга Қутлуғ Кечлик ҳақида айтиб беришни таклиф қилган. Улар бунга қизиқиш билдирмаган бўлса-да, у маросимни ўтказгач, бу борада саволлар беришган.

14. COVID-19 пандемиясига қарамай Қутлуғ Кечликни ўтказиш учун қандай чоралар кўрилди?

14 COVID-19 пандемияси. Ушбу пандемия туфайли Яҳованинг хизматчилари маросимда юзма-юз кўриша олмади. Лекин улар маросимни ўтказишнинг бошқа йўлини топди c. Масалан, баъзи жамоатларда Интернети бор ваъзгўйлар видеоконференция орқали уланди. Аммо Интернети йўқ бошқа миллионлаб имондошлар ҳақида нима деса бўлади? Айрим мамлакатларда Қутлуғ Кечлик нутқи телевидение ёки радио орқали узатилди. Қолаверса, филиаллар бу нутқни 500 дан ортиқ тилда ёзиб олишди ва масъулиятли биродарлар уни олис ҳудуддаги имондошларга етказиб беришди.

15. Сьюнинг мисолидан қандай сабоқ олдингиз?

15 Оила аъзоларнинг қаршилиги. Қутлуғ Кечликка боришга оила аъзолар қарши бўлиши энг оғир қийинчиликлардан бири ҳисобланади. Сью исмли бир аёл Муқаддас Китобни тадқиқ қилган. 2021 йили маросимдан бир кун олдин уйдагиларининг қаршилиги туфайли у маросимда қатнаша олмаслигини айтди. У билан тадқиқ ўтказган опамиз Луқо 22:44 ни ўқиб берди. Кейин унга бирон қийинчиликка дуч келганимизда Исодай йўл тутишимиз кераклигини тушунтирди. Бунда эса Худога ибодат қилиш ва Унга тўлиқ таяниш ёрдам беришини айтди. Келаси куни Сью рамзларни тайёрлаб, jw.org сайтидаги маросим учун тайёрланган эрталабки топинишни томоша қилди. Сью у билан тадқиқ ўтказган опамизга қуйидагича ёзди: «Мени ундаганингиз учун катта раҳмат! Маросимда қатнашиш учун қўлимдан келганини қилдим. Яҳова менга ёрдам берди. Ундан қанчалик миннатдор эканимни айтишга тил ожиз». Худо сизга ҳам шу каби вазиятда ёрдам бера оладими?

16. Нега Қутлуғ Кечликка бориш учун қилган ҳаракатларимизга Яҳова барака беришига аминмиз? (Римликларга 8:31, 32)

16 Исонинг ўлимини хотирлаш учун қўлимиздан келганини қилганимизда, Яҳова буни жуда қадрлайди. У биз учун қилган ишлардан миннатдор эканимизни кўрганида бизга барака беради. (Римликларга 8:31, 32 ни ўқинг.) Келинг, бу йилги Қутлуғ Кечликка бориш ҳамда ушбу маросим мавсумида Яҳова учун кўпроғини қилиш қароримиз қатъий бўлсин.

18- ҚЎШИҚ Тўлов учун миннатдормиз

a 2023 йил 4 апрель сешанба куни дунё бўйлаб миллионлаб инсонлар Исо Масиҳнинг ўлимини хотирлайди. Бу маросимга кўплар илк бор келади. Яҳовага хизмат қилмай қўйган бошқа инсонлар ҳам у ерга боради. Баъзилар бу маросимга келиш учун кўп қийинчиликларга дуч келади. Вазиятингиз қандай бўлишидан қатъи назар Яҳова ҳаракатларингизни кўриб қувонади.

b Баъзи исмлар ўзгартирилган.

c Шунингдек, jw.org сайтидаги «2021 йилги Қутлуғ Кечлик маросими» номли мақолалар туркумига қаранг.

d РАСМГА ШАРҲ. 1960 йилдан бери Қутлуғ Кечлик учун таклифномалар яхшиланиб боряпти ва ҳозир улар босма ҳамда электрон шаклда мавжуд.

e РАСМГА ШАРҲ. Биродару опа-сингиллар фуқаролик тартибсизликлари пайтида Қутлуғ Кечликни ўтказишяпти.