Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Аёлларга Яҳова каби муносабат кўрсатяпсизми?

Аёлларга Яҳова каби муносабат кўрсатяпсизми?

КЎПГИНА садоқатли аёллар билан елкама-елка хизмат қилиш шарафига эгамиз. Содиқ, меҳнаткаш ҳар бир опамизни, синглимизни яхши кўрамиз ва улардан миннатдормиз a. Шундай экан, азиз биродарлар, уларга меҳр, адолат ва ҳурмат ила муносабат кўрсатишга ҳаракат қилинг. Лекин номукаммал бўлганимиз учун баъзида бундай қилишга қийналамиз. Айрим биродарлар бошқа қийинчиликларга ҳам дуч келган.

Баъзилар кўп эркак кишилар аёлларни улардан пастроқ деб ҳисоблайдиган маданиятда улғайган. Мисол учун, Боливияда туман нозири бўлиб хизмат қилаётган Ганс шундай бўлишди: «Айрим эркаклар эркак киши аёлдан устувор бўлиб, кўп ҳолларда аёлларга нисбатан менсимайдиган маданиятда катта бўлган». Тайвандаги Шэнсянь исмли оқсоқол қуйидагича деди: «Мен яшайдиган жойда кўпгина эркаклар аёллар уларга ўз фикрини айтмаслиги керак деб билади. Мабодо, бирорта киши аёлнинг қандайдир фикрини инобатга олса, бошқалар унга паст назар билан қарайди». Баъзи кишилар эса аёлларга юзхотирчилик қилишини бошқача тарзда кўрсатади. Масалан, улар аёлларни камситадиган ҳазил-хузул қилади.

Яхшиямки, киши қайси маданиятда улғайганига қарамай, эркаклар аёллардан устунроқ деган фикрини енгиши мумкин. (Эфес. 4:22–24) Буни Яҳованинг мисолига тақлид қилиш орқали уддаласа бўлади. Ушбу мақолада Худо аёлларга қандай муносабатда экани, биродарлар аёлларга У каби муносабат кўрсатишни қай йўсин ўрганиши ва қандай қилиб оқсоқоллар опа-сингилларга ҳурмат кўрсатишда ташаббус кўрсатишлари мумкинлиги борасида сўз юритамиз.

ЯҲОВА АЁЛЛАРГА ҚАНДАЙ МУНОСАБАТ КЎРСАТАДИ?

Яҳова аёлларга қандай муносабатда бўлиш борасида аъло ўрнак кўрсатяпти. У раҳмдил Отамиз сифатида барча бандаларини яхши кўради. (Юҳан. 3:16) Садоқатли опа-сингилларни У қимматбаҳо қизларидай кўради. Худо аёлларнинг қадри баланд деб билишининг баъзи қирраларига диққат қаратайлик.

Худо аёлларга юзхотирчилик қилмайди. У ҳам эркакни, ҳам аёлни Ўзига монанд қилиб яратган. (Ибт. 1:27) Аллоҳ эркак кишини ақллироқ ёки қобилиятлироқ қилиб яратмаган ва уни аёл кишидан афзалроқ деб ҳисобламайди. (2 Сол. 19:7) У эркак ва аёлни бир хил ақлий қобилиятлар билан яратгани учун улар Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларни тушуниб, Унинг ажойиб фазилатларига тақлид қила олишади. Яҳова Унга ишонадиган эркагу аёлларни қадрлаб, уларга ер юзида абадий яшаш ёки осмонда шоҳлару руҳонийлар сифатида хизмат қилиш умидини берган. (2 Бутр. 1:1) Дарҳақиқат, Яҳова аёлларга юзхотирчилик қилмайди.

Худо аёлларга қулоқ солади. У аёлларнинг туйғуларию ташвишларига бефарқ эмас. Мисол учун, Худо Роҳила ва Ханнанинг ибодатларини эшитиб, уларга жавоб берган. (Ибт. 30:22; 1 Шоҳ. 1:10, 11, 19, 20) Қолаверса, Яҳова Каломининг ёзувчиларини илҳомлантириб, эркаклар аёлларга қулоқ солгани ҳақидаги баёнотларни ёзишга ғамхўрлик қилган. Масалан, Иброҳим Яҳованинг гапига кириб, хотини Сорага қулоқ солган. (Ибт. 21:12–14) Шоҳ Довуд Обигайлга қулоқ солган. Ҳа, у Яҳова Обигайлни унга гапириши учун юборган деб ҳисоблаган. (1 Шоҳ. 25:32–35) Отасининг фазилатларига мукаммал тарзда тақлид қилган Исо онаси Марямга қулоқ солган. (Юҳан. 2:3–10) Ушбу мисоллардан шуни кўряпмизки, Яҳова аёлларга ҳурмат кўрсатишининг бир йўли уларга қулоқ солишидир.

Худо аёлларга ишонади. Мисол учун, У Момоҳавога бутун ер юзига ғамхўрлик қилишга кўмаклашишни ишониб топширган. (Ибт. 1:28) Шу йўсин, Худо уни Одаматога қараганда камроқ аҳамиятга эга эмас, балки уни тўлдириб турадиган ёрдамчи деб билган. Шунингдек, У пайғамбар аёл Добира ва Хулдага халқига, жумладан, ҳакам ва шоҳга маслаҳат беришни ишониб топширган. (Ҳак. 4:4–9; 4 Шоҳ. 22:14–20) Ҳозир Яҳова опа-сингилларга Унинг ишини бажаришни ишониб топширяпти. Ушбу содиқ аёллар ваъзгўй, кашшоф ва тўла вақтли махсус ваъзгўй сифатида хизмат қиляпти. Улар Йиғилиш залларию ташкилотимизнинг бошқа биноларининг лойиҳалаштириш, қурилиш ва таъмирлаш ишларида ёрдам беришяпти. Баъзилари Байтилда, бошқалари эса масофавий таржима офисларида хизмат қиляпти. Бу опа-сингилларимиз Яҳова иродасини амалга ошириш учун фойдаланаётган улкан қўшиндай. (Заб. 68:11) Кўриб турганимиздай, Худо аёлларни заиф ёки қобилиятсиз деб ҳисобламайди.

БИРОДАРЛАР АЁЛЛАРГА ЯҲОВА КАБИ МУНОСАБАТ КЎРСАТИШНИ ҚАНДАЙ ЎРГАНИШИ МУМКИН?

Қадрдон биродарлар, опа-сингилларга Яҳова каби муносабат кўрсатаётганимизни аниқлаш учун фикрларимизу ҳаракатларимизни ростгўйлик ила текширишимиз керак. Бундай қилиш учун ёрдамга муҳтожмиз. Худди рентген аппарати ёрдамида инсон юрагидаги муаммоларни аниқлаш мумкин бўлганидай, яхши дўст ва Худонинг Каломи бизга аёлларга нисбатан нуқтаи назаримиз Яҳовага маъқулми йўқми аниқлашга кўмаклашиши мумкин. Бундай ёрдамни олиш учун нима қилсак бўлади?

Яхши дўстингиздан сўранг. (Ҳик. 18:17) Ишончли, меҳрибон ва мулоҳазакор дўстимиздан қуйидагича сўраб кўрсак яхши бўларди: «Сизнингча, опа-сингилларга қандай муносабат кўрсатяпман? Ҳурмат қилаётганимни улар ҳис қилишяптими? Уларга яхшироқ муносабат кўрсатиш учун ниманидир ўзгартиришим керакми?» Агар дўстингиз яхшиланишингизга ҳисса қўшиши мумкин бўлган баъзи фикларни айтса, ўзингизни оқлашга ҳаракат қилманг. Аксинча, керакли ўзгаришлар қилишга жон куйдиринг.

Худонинг Каломини тадқиқ қилинг. Опа-сингилларга қандай муносабатда эканимизни аниқлашнинг энг зўр йўли нуқтаи назаримизни ва ҳаракатларимизни Калом асосида текшириб кўришдир. (Иброн. 4:12) Муқаддас Китобни тадқиқ қилганимизда, аёлларга яхши ва ёмон муносабат кўрсатган кишилар ҳақида билиб оламиз. Кейин уларнинг хатти-ҳаракатларини ўзимизники билан солиштириб кўрсак бўлади. Бундан ташқари, оятларни бир-бири билан солиштирганда, аёллар борасидаги хато фикримизни тўғри деб, уни қўллаб-қувватлаш учун ўзимиз билмаган ҳолда бирон оятни матн таркибидан ажратиб олмаслигимиз лозим. Масалан, 1 Бутрус 3:7 га кўра, эрлар хотинларини «гўё нафис идишдек» эъзозлаши керак b. Бу аёл камроқ аҳамиятга эга, яъни эркак кишига қараганда унча ақлли ёки қобилиятли эмас деганими? Асло. Бутруснинг бу сўзларини Галатияликларга 3:26–29 да ёзилганлар билан солиштириб шуни кўряпмизки, Яҳова аёлларни осмонда Исо билан бирга бошқариши учун танлаган. Каломни тадқиқ қилсак ва яхши дўстимиздан аёлларга нисбатан муносабатимиз борасида сўрасак, опа-сингилларимизга ўринли тарзда ҳурмат кўрсатишни ўргана оламиз.

ОҚСОҚОЛЛАР ОПА-СИНГИЛЛАРГА ҚАЙ ЙЎСИН ҲУРМАТ КЎРСАТИШАДИ?

Биродарлар меҳрибон оқсоқолларнинг опа-сингилларга кўрсатаётган ҳурматидан ҳам ўрганиши мумкин. Хўш, оқсоқоллар опа-сингилларни ҳурмат қилишда қандай ўрнак кўрсатишяпти? Муайян томонларга назар солайлик.

Оқсоқоллар опа-сингилларни мақтайди. Ҳаворий Павлус оқсоқоллар тақлид қилишларига арзийдиган яхши ўрнак кўрсатган. У Римдаги жамоатга ёзган мактубида бир нечта опамизни очиқ-ойдин мақтаган. (Рим. 16:12) Бу мактуб жамоатда ўқиб берилаётганда ўша опалар қанчалик суюнганини бир тасаввур қилинг. Шу каби оқсоқоллар опа-сингилларни уларнинг яхши фазилатларию хизматда қилаётган меҳнати учун сахийлик ила мақташади. Бу билан опа-сингиллар уларни ниҳоятда ҳурмат қилишларини ва қадрлашларини ҳис қилишади. Оқсоқол айтган далдали сўзлар Яҳовага садоқат ила хизмат қилишда давом этаётган бундай опа-сингиллар учун айнан улар муҳтож бўлган нарса бўлиши мумкин. (Ҳик. 15:23)

Мақтанг

Опа-сингилларни мақтаганда оқсоқоллар самимий бўлиб, муайян нарсани таъкидлаши яхшидир. Нега? Жессика исмли опамиз шундай деди: «Биродарлар опа-сингилларга баракалла деб айтишлари ёқимли. Аммо улар муайян бирон нарса, масалан, йиғилишда боламизни шовқин қилмасликка ўргатаётганимиз ёки тадқиқ ўтаётган инсонларни учрашувларга олиб келиш учун вақт ажратаётганимиз учун мақтаса, кўпроқ далда бахш этади». Оқсоқоллар опа-сингилларни муайян нарсалар учун мақтаганда, улар ўзини керакли ва жамоатда қадри баланд деб ҳис қилишади.

Оқсоқоллар опа-сингилларга қулоқ солади. Камтарин оқсоқоллар фақат уларда яхши фикрлар бўлиши мумкин деб ҳисобламайди. Улар опа-сингиллардан таклифлари билан бўлишишини сўрашади ва диққат ила тинглашади. Бундай қилиб, улар опа-сингилларга далда беришади ва ўзларига фойда келтиришади. Қанақасига? Байтилда хизмат қилаётган Герардо исмли оқсоқол шундай деб айтди: «Опа-сингиллар ўз фикрини билдиришларини сўрайман, чунки бу ишимнинг сифатини яхшилайди. Одатда, аксарият биродарларга қараганда опа-сингиллар бу ишни кўп йиллар мобайнида бажариб келишади». Жамоатда кўп опа-сингиллар кашшоф бўлиб хизмат қилади. Шу боис улар маҳаллий ҳудудда яшаётган одамлар тўғрисида анча нарсаларни билишади. Брайн исмли оқсоқол қуйидагича деди: «Опа-сингилларимиз ташкилотимиз учун керакли яхши фазилатларга ва қобилиятларга эга. Шунга уларнинг тажрибасидан фойда олинг».

Қулоқ солинг

Доно оқсоқоллар опа-сингилларнинг таклифларини дарров рад қилишмайди. Нега? Эдвард исмли оқсоқол шундай бўлишди: «Опа-сингилларимизнинг фикрлари ва тажрибаси биродарга бирон масалани тўлиқроқ тушунишга ва раҳмдилликни ривожлантиришга кўмаклашиши мумкин». (Ҳик. 1:5) Ҳатто бирорта оқсоқол опа-сингилларнинг таклифига амал қила олмаса ҳам, фикри, билими ва мулоҳазалари билан бўлишгани учун миннатдорлик билдириши мумкин.

Оқсоқоллар опа-сингилларга таълим беради. Фаҳм-фаросатли оқсоқоллар опа-сингилларга таълим бериш имкониятларини излайди. Масалан, оқсоқоллар сувга чўмган биродар бўлмаганида, воизлик хизмати учрашувини қандай ўтказишни уларга ўргатиши мумкин. Шунингдек, уларга асбоблар ёки электрон қурилмалардан фойдаланишни ўргатишар. Шунда улар ташкилотимизнинг қурилиш ва таъмирлаш лойиҳаларида ёрдам бера олишади. Байтилда нозирлар опа-сингилларга турли вазифаларни бажаришга, жумладан, таъмирлаш, харид қилиш, компьютер дастурлари билан ишлашни ўргата олишади. Улар опа-сингилларга таълим беришганида, уларни қобилиятли ва ишончли деб билишаётганини кўрсатишади.

Таълим беринг

Кўпгина опа-сингиллар оқсоқоллардан олган таълимдан бошқаларга фойда келтириш учун фойдаланяпти. Мисол учун, баъзилари қурилиш борасида олган билимларни табиий офатлардан жабр кўрганларга уйларини таъмирлашга ёрдам беришда қўллаяпти. Бошқалари эса кўпроқ опа-сингиллар ваъзгўйлик хизматида қатнашишига ёрдам бериш учун жамоат жойларида ваъз қилиш борасида орттирган билимидан фойдаланяпти. Хўш, оқсоқоллар томонидан таълим олган опа-сингиллар бу туфайли ўзини қандай ҳис қилади? Женнифер шундай деди: «Йиғилиш залининг қурилиш лойиҳасида иштирок этганимда, у ердаги нозиримиз менга таълим бериш учун вақт ажратарди. У қилган ишимга аҳамият бериб, мени мақтарди. У билан ҳамкорлик қилиш жону дилим эди, чунки ўзимни қадрли ва ишончли инсон сифатида ҳис қилардим».

ОПА-СИНГИЛЛАРГА ОИЛА АЪЗОЛАРИМИЗГА КАБИ МУНОСАБАТ КЎРСАТИШНИНГ ФОЙДАСИ

Садоқатли опа-сингилларимизни Яҳовага ўхшаб яхши кўрамиз. Шунинг учун уларга оила аъзоларимизга каби муносабат кўрсатамиз. (1 Тим. 5:1, 2) Уларни қадрлаймиз ва улар билан ҳамкорлик қилаётганимиздан бошимиз кўкка етяпти. Қадрдон опа-сингилларимиз севгимизни ва қўллаб-қувватлаётганимизни ҳис қилишганида роса қувонамиз. Ванесса исмли опамиз шундай деди: «Менга далда берадиган биродарларга тўла ташкилотда эканимдан Яҳовадан миннатдорман». Тайвандаги опамиз қуйидагича бўлишди: «Яҳова ҳамда ташкилотимиз бизни жуда қадрлаётгани ва ҳис-туйғуларимизни инобатга олаётганидан миннатдорман. Бу туфайли имоним янада мустаҳкамланиб, Яҳованинг ташкилотида эканим учун бўлган миннатдорчилигим янада ошяпти».

Садоқатли биродарлар аёлларни қадрлаб, уларга Яҳова каби муносабат кўрсатишга интилганида У улар билан фахрланади. (Ҳик. 27:11) Шотландиядаги Бенжамин исмли оқсоқол: «Бу дунёда аёлларга паст назар билан қарашлари мумкин. Шунинг учун аёл киши Йиғилиш залига қадам босганида, ўзини бутунлайин бошқача ҳис қилишини истаймиз»,— деди. Келинг, азиз опа-сингилларимиз лойиқ бўлган севги ҳамда ҳурмат ила муносабат кўрсатиш орқали Яҳовага тақлид қилишга жон куйдирайлик. (Рим. 12:10)

a Бу мақолада «опа-сингиллар» ибораси туғишган эмас, масиҳий аёлларга ишора қилади.

b «Нафис идиш» ибораси борасида батафсил маълумотга эга бўлиш учун «Қўриқчи минораси» журналининг 2006 йил 15 май (рус) сонидаги «“Нафис идиш”нинг қадр-қиммати» ва «Қўриқчи минораси» журналининг 2005 йил 1 март (рус) сонидаги «Жуфтлик учун йўл-йўриқ» номли мақолаларга қаранг.