Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

2-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

19-ҚЎШИҚ Ҳазратимизнинг кечлик таоми

Энг муҳим кун учун тайёрмисиз?

Энг муҳим кун учун тайёрмисиз?

Буни мени эслаб туриш учун қилинглар. (ЛУҚО 22:19)

НИМАНИ БИЛИБ ОЛАМИЗ?

Нега Қутлуғ Кечлик маросими шунчалик муҳим эканини, ўша кун учун қандай тайёргарлик кўришимиз ва бошқаларга қай йўсин ёрдам беришимиз мумкинлигини билиб оламиз.

1. Нега Қутлуғ Кечлик энг муҳим кун? (Луқо 22:19, 20)

 ЯҲОВАНИНГ халқи учун Қутлуғ Кечлик бўладиган кун энг муҳим деб ҳисобланади. Исо издошларига фақат шу маросимни ўтказишни амр этган. (Луқо 22:19, 20 ни ўқинг.) Қутлуғ Кечликни кутаётганимизнинг бир нечта сабаби бор. Келинг, баъзиларини билиб олайлик.

2. Маросимни кутаётганимизнинг баъзи сабаблари қандай?

2 Ушбу маросим бизга тўлов жуда қадрли экани борасида фикр юритишимизга кўмаклашади. Ўшанда Исонинг қурбонлиги учун бўлган миннатдорчилигимизни намоён этишимиз мумкин бўлган турли йўлларини эслаймиз. (2 Кор. 5:14, 15) Қолаверса, ўша куни имондошларимиз билан йиғилиб, «бир-биримизнинг имонимиздан далда олишимиз» мумкин. (Рим. 1:12) Ҳар йили маросимга кўпгина фаолиятсиз бўлиб қолган ваъзгўйлар келади. Баъзилари уларни илиқ қарши олишгани учун ҳатто Яҳовага қайтган. Ҳақиқат билан қизиқаётган анчагина инсонлар кўрган ва эшитган нарсалари сабабли ҳаёт йўлидан юра бошлаган. Шубҳасизки, буларнинг барчаси туфайли Қутлуғ Кечлик қалбларимиздан ўзгача жой олади.

3. Маросим умумжаҳон биродарлигимизни қандай бирлаштиради? (Расмга ҳам қаранг.)

3 Шунингдек, бу маросим бутун дунёдаги биродару опа-сингилларни бирлаштириши ҳақида ўйлаб кўринг. Яҳованинг Шоҳидлари бутун дунё бўйлаб аста-секин қуёш ботишидан кейин йиғилади. Барчамиз тўлов муҳим экани таъкидланган нутқни эшитамиз. Иккита ҳамду санолар қўшиғини куйлаймиз, рамзларни қўлма-қўл узатамиз ва тўрт марта ибодат қилингач, сидқидилдан «омин» деб айтамиз. Тахминан 24 соат ичида ҳамма жамоатларда худди шундай қилинади. Яҳова ҳамда Исони биргалашиб шу тарзда шарафлаганимизда, улар қанчалик суюнишларини тасаввур қила оласизми?

Қутлуғ Кечлик маросими бутун дунё бўйлаб имондошларни бирлаштиради (3-хатбошига қаранг.) f


4. Бу мақолада нималарни кўриб чиқамиз?

4 Бу мақолада қуйидаги саволларни кўриб чиқамиз: «Маросим учун Қалбимизни қай йўсин тайёрлай оламиз? Бу бошқаларга фойда келтиришига қандай ёрдам бера оламиз? Фаолиятсиз бўлганларни қандай қўллаб-қувватлашимиз мумкин?» Ушбу саволларнинг жавоблари бу ўзгача маросимга тайёрланишимизга кўмаклашади.

ҚАЛБИМИЗНИ МАРОСИМ УЧУН ҚАЙ ЙЎСИН ТАЙЁРЛАЙ ОЛАМИЗ?

5. a) Нега тўловнинг қадр-қиммати борасида фикр юритишимиз лозим? (Забур 49:7, 8) б) «Исо нима учун ўлган?» номли видеодан нималарни билиб олдингиз?

5 Қалбимизни маросим учун тайёрлай олишимизнинг энг муҳим йўлларидан бири Исо Масиҳнинг тўлов қурбонлигининг қадр-қиммати устида фикр юритишдир. Ўзимизни гуноҳ ва ўлимдан халос қилиш ҳеч биримизнинг қўлимиздан келмайди. (Забур 49:7, 8 ни ўқинг; «Исо нима учун ўлган?» номли видеони ҳам томоша қилинг.) a Демак, Яҳова Исо биз учун ҳаётини фидо қилишини ташкиллаштирган. Уларнинг иккови ҳам катта қурбонликлар қилган. (Рим. 6:23) Яҳова ҳамда Исо биз учун нималар қилгани борасида қанчалик кўп фикр юритсак, тўловни шунчалик кўп қадрлаймиз. Улар учун бу тўлов қанчага тушганининг фақат бир нечта томонига диққат қаратамиз. Лекин аввал, тўлов нимани ўз ичига олишини билиб олайлик.

6. Тўлов нима дегани?

6 Тўлов бирон нарсани қайта сотиб олганда тўланадиган ҳақ. Илк инсон, Одамато яратилганида мукаммал эди. Гуноҳ қилгач, у нафақат ўзи, балки ҳамма болалари учун ҳам абадий яшаш имкониятини қўлдан бой берган. У йўқотган нарсани қайта сотиб олиш учун Исо ўзининг мукаммал ҳаётини қурбонлик сифатида тақдим этган. У ер юзидаги бутун ҳаёти давомида «ҳеч қандай гуноҳ қилмаган, оғзидан бирорта ёлғон сўз ҳам чиқмаган». (1 Бутр. 2:22) Исо ўлганида эса Одамато гуноҳ қилганидан олдин бўлгани каби мукаммал эди. Шу боис ўз ҳаётини қурбонликка келтириб, илк инсон йўқотган ҳаёт учун у ҳақ тўлаган. (1 Кор. 15:45; 1 Тим. 2:6)

7. Исо ер юзида бўлганида қандай баъзи синовларга дуч келган?

7 Исо ер юзида кўп синовларга дуч келганига қарамай самовий Отасига итоатли бўлиб қолган. Болалигида у ҳатто мукаммал бўлиб туғилган бўлса ҳам, номукаммал ота-онасига итоатли бўлган. (Луқо 2:51) Ўсмирлигида у ҳар қандай босимга қарши туриши ва бўйсуниб, садоқатли қолиши керак эди. Улғайганда эса Шайтон Иблис уни гуноҳ қилиш васвасасига солганда ва ҳатто Худога содиқ бўлмаслигини тўғридан-тўғри айтганда ҳам у туриб берган. (Мат. 4:1–11) Исо тўловни тўлай олмасин деб Шайтон уни гуноҳга қўл урдиришга бел боғлаган.

8. Исо яна қандай қийинчиликларни енгган?

8 Ер юзидаги хизмати давомида Исо бошқа синовларга ҳам дуч келган. Уни таъқиб қилишган ва ҳаёти қил устида турган. (Луқо 4:28, 29; 13:31) У издошларининг камчиликларига бардош қилган. (Марк 9:33, 34) Ҳаётининг охирида уни азоблаб, масхара қилишган. Кейин эса уни қаттиқ қийнашган ва хўрлаб қатл этишган. (Иброн. 12:1–3) Синовнинг сўнгги қисмида Яҳова Исони ҳимоя қилмаганда ҳам, у ўзи якка сабр-бардошни намоён этган. (Мат. 27:46) b

9. Исонинг қурбонлиги борасида қандай фикрдасиз? (1 Бутрус 1:8)

9 Шуниси аниқки, тўлов Исога қимматга тушган. У бизни деб қурбонлик келтириш учун қанчалик тайёр бўлгани устида фикр юритганимизда, уни қаттиқ яхши кўришимизни ҳис қиламиз, шундай эмасми?! (1 Бутрус 1:8 ни ўқинг.)

10. Тўлов Яҳовага қанчага тушган?

10 Яҳова ҳақида нима деса бўлади? Исо тўлов бериши учун У қандай қурбонликларга тайёр бўлган? Яҳова ҳамда Исо худди ота билан ўғил ўртасида бўлгани каби яқин муносабатларга эга. (Ҳик. 8:30) Бир ўйлаб кўринг, У Исо ерда шу қадар кўп синовларда бардошли бўлганини кўрганда нималарни ҳис қилган? Шубҳасизки, Ўғлига ёмон муносабат кўрсатишганини, уни рад этишганини ва у азоб тортганини кўриш Яҳовага қаттиқ дард келтирган.

11. Исо қатл қилинганида Яҳова Ўзини қандай ҳис қилган бўлиши мумкинлигини мисол ёрдамида айтиб беринг.

11 Боласини йўқотган ҳар бир ота-она бу қанчалик оғир дард эканини яхши билади. Биз тирилиш бўлишига қаттиқ ишонамиз, лекин яхши кўрган яқинимиз ҳаётдан кўз юмса, юрагимиз тилка-пора бўлади. Бу мисол ёрдамида Яҳова суюкли Ўғли мил. 33 йили баҳорда, кунларнинг бирида азоб чекиб, ўлганини кўрганида нималарни ҳис қилганини тушуна оламиз. (Мат. 3:17) c

12. Маросимдан олдинги ҳафталар давомида нима қилишимиз мумкин?

12 Ҳозирдан бошлаб маросимгача шахсий тадқиқда ёки оилавий топинишда тўлов ҳақида кўпроқ изланиш ўтказа оласизми? Агар тилингизда мавжуд бўлса, «Яҳованинг Шоҳидлари изланиш олиб бориши учун қўлланма»дан ёки тўлов борасида кўпроқ тафсилотлар бор бўлган бошқа адабиётларимиздан фойдаланинг d. Шунингдек, «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз. Таълим дастури» Қутлуғ Кечлик мавсумида ўқиш учун келтирилган жадвал бўйича Муқаддас Китобни ўқинг. Маросим ўтадиган куни эса Қутлуғ Кечлик учун тайёрланган эрталабки топинишни томоша қилишни унутманг. Маросим учун қалбимизни тайёрлаб, бошқаларга ҳам ундан фойда олишга ёрдам бера оламиз. (Эзра 7:10)

БОШҚАЛАР ФОЙДА ОЛИШИГА КЎМАКЛАШИНГ

13. Бошқалар маросимдан фойда олиши учун биринчи навбатда нима қила оламиз?

13 Бошқаларга маросимдан фойда олишга қандай ёрдам бера оламиз? Биринчи қадам — уларни таклиф қилиш. Ваъзгўйликда учратадиган инсонлардан ташқари, маросимга таклиф қилиш мумкин бўлган кишиларнинг рўйхатини тузинг. Унга қариндошларни, ҳамкасбларни, синфдошларни ва бошқа танишларни киритинг. Агар чоп этилган таклифномалар бизда етарлича бўлмаса ҳам, электрон нусхасидан фойдаланинг. Ким билсин, қанча кўп одам келади?! (Воиз 11:6)

14. Одамларни шахсан таклиф қилиш фойдали эканини кўрсатувчи мисол келтиринг.

14 Одамларни шахсан таклиф қилиш кучли таъсирга эга эканини унутманг. Бир куни опамизнинг имондошимиз бўлмаган эри маросимга боришини айтганда, бу у учун кутилмаган воқеа бўлди. Нега? Боиси ўтмишда опамиз уни кўп марта таклиф қилган, лекин у бормаган. Нега у бу сафар хоҳиш билдирган? У билан таниш бўлган маҳаллий оқсоқол унга таклифнома берган. Бу опамизнинг эри ўша йили ва қолган кўп йиллар давомида Қутлуғ Кечликка борган.

15. Одамларни маросимга таклиф қилганда, нимани ёдда тутишни хоҳлаймиз?

15 Унутмангки, биз таклиф қилган инсонларнинг, айниқса, агар улар бирорта йиғилишимизга келмаган бўлса саволлари бордир. Шунинг учун уларда туғилиши мумкин бўлган саволлар борасида ўйлаб, жавобларни тайёрлаб қўйсак бўлади. (Колос. 4:6) Масалан, баъзилар шундай сўрар: «Бу маросимда нималар бўлади? У қанча вақт давом этади? У ерга қандай кийиниб бориш керак? Кириш пуллими? Хайр-эҳсон беришни сўрашадими?» Кимнидир маросимга таклиф қилганда, шунчаки: «Қандайдир саволларингиз борми?» — деб сўраш мумкин, кейин эса унда эҳтимол пайдо бўлган саволларга жавоб беринг. Шунингдек, йиғилишларимиз қандай ўтиши борасида тушунишига кўмаклашиш учун «Исо Масиҳнинг ўлимини хотирланг» ва «Йиғилиш залида нималар бўлади?» номли видеолардан фойдалансангиз бўлади. «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» номли китобнинг 28-дарсида қўллашимиз мумкин бўлган анчагина маълумотлар бор.

16. Маросимга келган инсонларда яна қандай саволлар туғилиши мумкин?

16 Маросимдан кейин қизиқувчиларнинг қўшимча саволлари бўлар. Масалан, улар нега ҳеч ким рамзлардан тановул қилмаётгани ёки бир нечта киши тановул қилгани борасида сўрар. Маросимни қанчалик тез-тез ўтказишимизни суриштирар. Қолаверса, уларда Яҳова Шоҳидларининг барча йиғилишлари шу тарзда ўтадими деган савол пайдо бўлар. Ҳатто бу каби маълумотлар маросимда сўзланадиган нутқда айтиб ўтилган бўлса ҳам, айримлар учун буларни батафсил тушунтириб бериш керакдир. jw.org сайтимиздаги «Нега Яҳованинг Шоҳидлари Қутлуғ Кечлик маросимини бошқача ўтказишади?» номли мақола баъзи саволларига жавоб беришга қўл келади. Маросимдан олдин, маросим куни ва ундан кейин «ҳақиқатни қабул қилишга мойил бўлган» инсонларга қўлимиздан келганича ёрдам беришни хоҳлаймиз. (Ҳавор. 13:48)

ФАОЛИЯТСИЗ ВАЪЗГЎЙЛАРГА КЎМАКЛАШИНГ

17. Оқсоқоллар фаолиятсиз ваъзгўйларни қандай қўллаб-қувватлаши мумкин? (Ҳизқиё 34:12, 16)

17 Қутлуғ Кечлик мавсумида оқсоқоллар фаолиятсиз ваъзгўйларга қандай ёрдам бериши мумкин? Уларга севги ила эътибор беринг. (Ҳизқиё 34:12, 16 ни ўқинг.) Маросимдан аввал имкон борича кўплар билан боғланинг. Уларни севгингизга ва қўлингиздан келганича ёрдам бермоқчи эканингизга ишонтиринг. Қутлуғ Кечликка таклиф қилинг. Улар келганида, илиқ қарши олинг. Маросимдан сўнг бу қадрдон имондошларникига бориб ёки қўнғироқ қилиб туринг ва Яҳовага қайтиши учун керакли тарзда маънан ёрдам беринг. (1 Бутр. 2:25)

18. Ҳаммамиз фаолиятсиз ваъзгўйларга қандай ёрдам бера оламиз? (Римликларга 12:10)

18 Жамоатдагиларнинг ҳаммаси фаолиятсиз ваъзгўйларга маросимга келишига ёрдам бериши мумкин. Қандай қилиб? Буни уларга севги, меҳр ва ҳурмат кўрсатиб қилса бўлади. (Римликларга 12:10 ни ўқинг.) Бу азиз қўзичоқлар жамоатга қайтишга тортиниши мумкинлигини ёдда тутинг. Балки улар бизни яхши кутиб олишмайди деб хавотирдадир e. Шунинг учун уларни хижолат қилиши мумкин бўлган саволлар берманг ёки дилини оғритадиган гаплар айтманг. (1 Салон. 5:11) Бу биродару опа-сингиллар бизнинг имондошларимиздир. Улар билан яна биргалашиб топинишдан бошимиз кўкка етади! (Заб. 119:176; Ҳавор. 20:35)

19. Исонинг ўлимини хотирлаш қандай фойда келтиради?

19 Исо унинг ўлимини ҳар йили хотирлашимиз кераклигини айтганидан миннатдормиз ва бу нега шунчалик муҳим эканини тушуняпмиз. Маросимга борганимизда, ўзимиз ва бошқалар кўп жиҳатдан фойда оламиз. (Ишаё 48:17, 18) Яҳовага ҳамда Исога бўлган севгимиз ошади. Улар биз учун қилган нарсаларни қанчалик қадрлашимизни кўрсатамиз. Имондошларимиз билан бўлган муносабатларимизни кучайтирамиз. Қолаверса, бошқаларга ҳам тўлов туфайли олиши мумкин бўлган баракалар ҳақида билиб олишга кўмаклашамиз. Келинг, қўлимиздан келганини қилиб, энг муҳим кун, яъни бу йилги Қутлуғ Кечлик маросими учун тайёр бўлайлик!

ҚАНДАЙ ҚИЛИБ...

  • қалбимизни маросим учун тайёрлай оламиз?

  • бошқалар маросимдан фойда олишига кўмаклаша оламиз?

  • фаолиятсиз ваъзгўйларга ёрдам бера оламиз?

18-ҚЎШИҚ Тўлов учун миннатдормиз

a Бу мақолада тилга олинган мақолаларни ва видеоларни топиш учун jw.org сайтида «Қидириш» фунциясидан фойдаланинг.

b «Қўриқчи минораси» журналининг 2021 йил апрель сонидаги «Ўқувчиларнинг саволлари»га қаранг.

d « Изланиш учун тавсиялар» рамкасига қаранг.

e Расмларга ва « Жамоатдагилар ўзини қандай тутган?» номли рамкага қаранг. Фаолиятсиз бўлиб қолган биродар Йиғилиш залига киришга ботина олмаяпти, лекин у туйғуларини енгди. Имондошлар уни илиқ қарши олиб, суюнишяпти.

f РАСМГА ШАРҲ. Дунёнинг бир четида Яҳова халқининг бир қисми маросим ўтказаётганда, бошқа четида қолган қисми маросимни ўтказишга тайёрланяпти.