1-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
38-ҚЎШИҚ У сизни мустаҳкамлайди
Яҳовага умид боғлаш орқали қўрқувни енгинг
2024 ЙИЛНИНГ ОЯТИ: Қўрқув мени қамраб олганда, Сенга умид боғлайман. (ЗАБ. 56:3)
НИМАНИ БИЛИБ ОЛАМИЗ?
Яҳовага қандай қилиб янада кўпроқ умид боғлашимиз ва қўрқувларимизни енгишимиз мумкинлигини билиб оламиз.
1. Нега гоҳида қўрқишимиз мумкин?
ҲАР БИР ИНСОН гоҳида қўрқув ҳис қилади. Албатта, Муқаддас Китобни тадқиқ қилганимиз туфайли ўлимдан, жинлардан ёки келажакда нима юз беришини билмай қўрқиш ҳиссидан қутулдик. Лекин ҳалиям уруш, жиноят ва касалликлар каби «қўрқинчли нарсалар» юз бераётган оғир паллада яшаяпмиз. (Луқо 21:11) Қолаверса, одамлардан, жумладан, бизни таъқиб қилаётган ҳукуматлардан ёки ҳатто ҳақ топинишга қарши бўлган оила аъзоларимиздан қўрқишимиз ҳеч гап эмас. Айримлар ҳозирнинг ўзида дучор бўлаётган ёки дуч келиши мумкин бўлган қийинчиликларни енга олмасликдан хавотирланади.
2. Довуд Гатда бўлганида вазият қандай бўлганини айтиб беринг.
2 Гап шундаки, Довуд ҳам қўрқув ҳис қилган пайтлар бўлган. Масалан, шоҳ Шоул уни ўлдирмоқчи бўлиб орқасидан қувиб юрганда, у филистимликларнинг Гат шаҳрига қочишга қарор қилган. Гат шоҳи Охиш кейинчалик Довуд қудратли жангчи эканини ва «ўн минглаб душманларни» ўлдирганини билиб қолган. Ўшанда Довуд «жуда қўрқиб кетди». (1 Шоҳ. 21:10–12) У шоҳ унга нисбатан қандай чора кўришидан хавотирланган. Хўш, у қандай қилиб қўрқувни енгган?
3. Довуд қўрқувларини қандай енга олган? (Забур 56:1–3, 11)
3 Забур 56 да Довуд Гатда бўлганида ҳис қилган туйғулари борасида ёзилган. Бу санода у нега қўрққанини аниқ тушунтирибгина қолмай, бу қўрқувни қандай енганини ҳам айтган. У қўрққанида Яҳовага умид боғлаган. (Забур 56:1–3, 11 ни ўқинг.) Довуд умид боғлаши учун кўп сабабларга эга бўлган. Яҳованинг қут-баракаси билан у ғалати нарсаларни ҳам қилган. У ўзини телбадай тута бошлаган ва бу иш берган. Охиш уни ўлдиришнинг ўрнига, қўйиб юборган. Шунда Довуд омон қолган. (1 Шоҳ. 21:13–22:1)
4. Қай йўсин Яҳовага кўпроқ умид боғлай оламиз? Мисол келтиринг.
4 Биз ҳам Яҳовага умид боғлаш орқали қўрқувни енга олишимиз мумкин. Бироқ қандай қилиб, айниқса, қўрққанимизда Яҳовага кўпроқ умид боғлай оламиз? Бир мисолни кўриб чиқайлик. Агар касал эканингизни билиб қолсангиз, аввалига қўрқишингиз мумкин. Лекин шифокорингизга умид боғласангиз анчагина тинчланасиз. Эҳтимол, у кўп беморларни сизникига ўхшаш касалликдан халос қилгандир. У сизни диққат билан тинглар ва бу туфайли у ҳис-туйғуларингизни чиндан ҳам тушунаётганига амин бўласиз. Шунингдек, у бошқаларга ёрдам берган даволаниш муолажани сизга таклиф қилар. Шунга ўхшаб, Яҳова амалга оширган, ҳозир қилаётган ва биз учун яна қиладиган нарсалар ҳақида ўйлаш орқали Унга кўпроқ умид боғлай оламиз. Довуд ҳам шундай қилган. Забурнинг 56-саносидаги илоҳий илҳом остида ёзган баъзи сўзларни кўриб чиқаётганимизда, қандай қилиб Яҳовага янада кўпроқ умид боғлай олишингиз ва қўрқувларингизни енга олишингиз устида фикр юритинг.
ЯҲОВА НИМАЛАРНИ АМАЛГА ОШИРГАН?
5. Қўрқувларини енгиш учун Довуд нима ҳақида фикр юритган? (Забур 56:12, 13)
5 Довуднинг ҳаёти хавф остида бўлганда ҳам, у Яҳова амалга оширган нарсаларга диққат қаратган. (Забур 56:12, 13 ни ўқинг.) У бутун ҳаёти давомида бундай йўл тутган. Масалан, гоҳида у Яҳованинг ижодлари борасида мулоҳаза юритган ва шу йўсин Унинг куч-қудратию инсонларга нисбатан самимий қизиқишини эсга оларди. (Заб. 65:6–9) Шунингдек, у Яҳова бошқалар учун нималар қилгани борасида ўйларди. (Заб. 31:19; 37:25, 26) Довуд Яҳова шахсан у учун нималар қилгани ҳақида айниқса фикр юритарди. У Довудни чақалоқлигидан қўллаб-қувватлаб, ҳимоя қилган. (Заб. 22:9, 10) Бу каби мулоҳазалар Довудга Худога янада кўпроқ умид боғлашига кўмаклашганини бир тасаввур қилинг!
6. Бизни қўрқув қамраганда, Яҳовага умид боғлашга нима ёрдам беради?
6 Қўрқув ҳис қилганингизда, ўзингиздан: «Яҳова нималарни амалга оширди?» — деб сўранг. У яратган нарсалар устида фикр юритинг. Мисол учун, Яҳова Ўзига монанд қилиб яратмаган ва Унга топина олмайдиган қушлару гулларга қанчалик ғамхўрлик қилаётганини «диққат билан» кузатганимизда, У бизга ҳам ғамхўрлик қилаётганига бўлган ишончимиз мустаҳкамланади. (Мат. 6:25–32) Қолаверса, Яҳова хизматчилари учун нималар қилгани ҳақида ўйланг. Кучли имон намоён этган инсонлар тўғрисида Муқаддас Китоб асосида изланиш ўтказсангиз бўлади ёки ҳозирги замонда Унга хизмат қилаётганларнинг ҳаёти тўғрисида ўқишингиз мумкин a. Бундан ташқари, Яҳова сизга қандай ғамхўрлик қилгани ҳақида ўйланг. У сизни ҳақиқатга қай йўсин жалб қилган? (Юҳан. 6:44) У ибодатларингизга қандай жавоб беряпти? (1 Юҳан. 5:14) Севикли Ўғлини қурбон қилгани ҳар куни сизга қандай фойда келтиряпти? (Эфес. 1:7; Иброн. 4:14–16)
7. Дониёр пайғамбарнинг мисоли Ванессага қўрқувини енгишга қандай ёрдам берган?
7 Гаитидаги Ванесса b опамиз қўрқинчли вазиятга дуч келди. Қўшниси унга ҳар куни қўнғироқ қилиб, хабарлар юборган ва у билан жинсий алоқа қилишга босим ўтказган. Опамиз аниқ-равшан рад жавобини берган. Бироқ у ғазабга миниб, ҳатто унга зиён етказмоқчи бўлган. Ванесса шундай деди: «Мен жуда қўрқардим». Хўш, у қўрқувини қандай енгди? У ўзини ҳимоя қилиш учун амалий қадамлар қўйди. Битта оқсоқол унга ҳукумат ходимлари билан боғланишга кўмаклашди. Ванесса Яҳова хизматчиларини ўтмишда қандай ҳимоялагани ҳақида ҳам фикр юритди. У қуйидагича бўлишди: «Биринчи бўлиб Дониёр пайғамбар тўғрисида ўйладим. У ҳатто айбсиз бўлса ҳам уни оч шерларнинг уясига ташлашган. Лекин Яҳова унга ғамхўрлик қилган. У менинг ҳам вазиятимни бутунлай назорати остига олишини сўрадим. Бундан сўнг қўрқмайдиган бўлдим». (Дон. 6:12–22)
ЯҲОВА ҲОЗИР НИМАЛАР ҚИЛЯПТИ?
8. Довуд нимада амин эди? (Забур 56:8)
8 Довуд Гатда бўлганида ҳаёти қил устида бўлганида ҳам ваҳимага тушмади. Аксинча, Довуд Яҳова ўша пайтда у учун нималар қилгани борасида мулоҳаза юритди. У Яҳова йўл-йўриқ бераётганини, уни ҳимоя қилаётганини ва туйғуларини тушунаётганини кўра билган. (Забур 56:8 ни ўқинг.) Довуднинг Йўнатан ва олий руҳоний Охималек каби дўстлари ҳам бўлган. Улар уни садоқат ила қўллаб-қувватлашарди ҳамда унга амалий ёрдам кўрсатишарди. (1 Шоҳ. 20:41, 42; 21:6, 8, 9) Ҳатто шоҳ Шоул уни ўлдирмоқчи бўлганида ҳам у омон қолган. Довуд Худо унинг қийинчилигини ва бу туфайли у ўзини қандай ҳис қилаётганини билганидан шубҳаланмаган.
9. Яҳова ҳар биримиз ҳақимизда нималарни билади?
9 Сиз ҳам қўрқишингизга сабаб бўлаётган қийинчиликка дуч келаётган бўлсангиз, Яҳова бу қийинчилик ва унинг дастидан нималарни ҳис қилаётганингиз борасида хабардор эканини унутманг. Масалан, Худо нафақат исроилликлар Мисрда ёмон муносабатга рўбарў келаётганини, балки «қанчалик азоб тортаётганини» ҳам яхши билган. (Чиқ. 3:7) Довуд Яҳова унинг «азоб-уқубати» ва «қаттиқ қайғу чекаётгани» ҳақида хабардор экани борасида куйлаган. (Заб. 31:7) Худонинг халқи ҳатто аҳмоқона йўл тутгани дастидан азоб чекканида, «У ҳам азоб чек»кан. (Ишаё 63:9) Сиз ҳам қўрққанингизда, Яҳова туйғуларингизни билади ва қўрқувларингизни енгишга ёрдам беришни жуда истайди.
10. Яҳова сизга ғамхўрлик қилаётганига ва ҳар қандай қийинчиликни енгишингизга ёрдам беришига нега аминсиз?
10 Бироқ қўрқинчли қийинчиликка дуч келганингизда, Яҳова сизни қандай қўллаб-қувватлаётгани борасида ўйлаётгандирсиз. Шунинг учун Ундан кўмагини кўришингизга ёрдам беришини сўранг. (4 Шоҳ. 6:15–17) Сўнг жамоатда эшитган нутқ ёки шарҳ сизни мустаҳкамладими деб ўйлаб кўринг. Бирон адабиёт, видео ёки тароналаримиз сизга далда бердими? Кимдир далдали фикр ёки оятни сиз билан бўлишдими? Меҳрга тўла биродарлигимиз ва маънавий озуқа қанчалик далдали эканини унутиш жуда осон. Дарҳақиқат, буларнинг бари Яҳованинг совғалари. (Ишаё 65:13; Марк 10:29, 30) Улар Яҳова сизга ғамхўрлик қилаётганининг исботидир. (Ишаё 49:14–16) Ҳа, бундай совғалар шуни кўрсатяптики, Унга умид боғлаш арзийди.
11. Аидага қўрқувларини енгишга нима ёрдам берган?
11 Сенегалда яшайдиган Аида Яҳова уни муаммо пайдо бўлганида қандай қўллаб-қувватлаганига диққат қаратган. У катта фарзанд бўлгани учун ота-онаси ҳам ўзига, ҳам уларга ғамхўрлик қилиш учун ундан пул ишлаб топишини кутишган. Лекин у кашшоф бўлиш учун ҳаётини соддалаштиргач, моддий жиҳатдан қийналиб қолган. Оиласидагиларнинг жаҳли чиқиб, уни койишарди. Аида шундай деди: «Ота-онамга ғамхўрлик қила олмасликдан ва ҳамма мендан юз ўгиришидан қўрқардим. Мен ҳатто Яҳовани бунда айблардим». Кейин у йиғилишда нутқ тинглаган. Аида қуйидагича бўлишди: «Маърузачи бизга қалбимиздаги ҳар қандай оғриқ Яҳовага маълум эканини эслатди. Аста-секин оқсоқоллар ва бошқаларнинг маслаҳати ёрдамида Яҳованинг севгисига бўлган ишончим ошди. Янгиланган ишонч билан Яҳовага ибодат қила бошладим ва У менга бераётган жавобларини кўриб, хотиржамлик ҳис қила бошладим». Вақт ўтгач, Аида нафақат кашшофлик қилишга, балки ота-онасини ва бошқаларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга асқатадиган иш топди. У: «Яҳовага тўлиқ умид боғлашни ўргандим. Ҳозир ибодат қилгач, қўрқувларим одатда ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади»,— деди.
ЯҲОВА ЯНА НИМАЛАР ҚИЛАДИ?
12. Забур 56:9 га кўра, Довуд нимада амин бўлган?
12 Забур 56:9 ни ўқинг. Ушбу оят Довуд қўрқувларини енганининг бошқа қиррасини очиб беряпти. Унинг ҳаёти ҳатто хавф остида бўлганда ҳам Яҳова у учун яна нималар қилиши ҳақида фикр юритган. Довуд Яҳова керакли пайтда уни қутқаришини билган. Бунинг устига, У Довуд Исроилда кейинги шоҳ бўлишини билдирган. (1 Шоҳ. 16:1, 13) У Яҳова ваъда қилган ҳамма нарсани амалга оширишига юз фоиз амин бўлган.
13. Яҳова нима қилишидан шубҳаланмасак бўлади?
13 Яҳова сиз учун нималарни амалга оширишни ваъда қиляпти? У бизни барча муаммолардан халос қилишини кутмаймиз c. Шундай бўлса-да, бу дунёда қандай қийинчиликка дуч келишингиздан қатъи назар, Яҳова уларни янги дунёда бартараф қилади. (Ишаё 25:7–9) Парвардигоримиз ўлганларни тирилтиришга, бизни касалликлардан фориғ қилишга ва барча душманларни йўқ қилишга қодир. (1 Юҳан. 4:4)
14. Нималар устида фикр юритсак бўлади?
14 Қўрққанингизда, Яҳова келажакда нималар қилиши ҳақида ўйланг. Шайтон йўқ бўлганида, ёвуз инсонларнинг ўрнига одил кишилар яшаганида ва ҳар куни аста-секин номукаммаллик бартараф этилганида ҳаёт қандай бўлиши борасида фикр юритинг. 2014 йилги ҳудудий анжумандаги бир намойишда умидимиз ҳақида қандай мулоҳаза қилишимиз мумкинлиги кўрсатилганди. Бир ота оила аъзолари билан 2 Тимўтийга 3:1–5 ни муҳокама қилиб, агар у ердагилар акси бўлганида жаннатда яшаш бошқача бўлишини айтган. У шундай деган: «Янги дунёда ниҳоятда бахтли вақтлар келади. Сабаби, ўша пайтда одамлар ўзгаларни севадиган, маънавий бойликка интиладиган, камтарин, Худони улуғлайдиган, ота-онага итоатли, миннатдор, садоқатли, меҳрибон, муросали, бошқалар ҳақида доим яхши гапирадиган, ўзини тута биладиган, раҳм-шафқатга тўла, ҳимматни яхши кўрадиган, ишончли, мулойим, айш-ишратдан кўра Аллоҳни кўпроқ севадиган бўладилар. Сўзда ҳам, амалда ҳам Худони севадилар. Бундайларга қўшил». Сиз ҳам оила аъзо ёки имондошингиз билан янги дунёда ҳаёт қандай бўлиши ҳақида суҳбатлашиб турасизми?
15. Таня қўрқув ҳис қилган бўлса ҳам, уни енгишга нима кўмаклашган?
15 Шимолий Македониядаги Таня опамиз бўлажак баракалар борасида фикр юритиб қўрқувларини енгган. Унинг ота-онаси Муқаддас Китобни тадқиқ қилишига жуда ҳам қарши эди. Таня шундай деди: «Мен қўрққан баъзи нарсалар ҳатто юз бермади. Онам ҳар бир йиғилишдан кейин мени дўппосларди. Ота-онам: “Яҳованинг Шоҳиди бўлсанг, сени ўлдирамиз”,— деб қўрқитган». Охири, улар уни уйдан ҳайдашган. У нима қилган? «Бенуқсон қолишни танлаганимдан бутун умрим давомида жуда бахтиёр бўлишимга диққат қаратардим. Қолаверса, бу дунёда йўқотган ҳаммаси учун Яҳова мени янги дунёда қандай мукофотлаши ва барча ёмонликлар унутилиб кетиши ҳақида ўйлардим»,— деб айтди у. Ҳа, Таня бенуқсонликни сақлай олди. Яҳованинг ёрдами билан яшаш учун жой топди. Ҳозир у садоқатли биродарнинг умр йўлдоши ва улар биргалашиб тўла вақтли хизматда қатнашишяпти.
ЯҲОВАГА БЎЛГАН УМИДИНГИЗНИ КУЧАЙТИРИНГ
16. Луқо 21:26–28 да башорат қилинган ҳодисалар амалга ошаётганини кўрганимизда, жасоратли бўлишимизга нима ёрдам беради?
16 Буюк мусибатда умуман олганда, одамлар «қўрқувдан адо бўлишади». Аммо Худонинг халқи барқарор ва жасоратли бўлиб қолади. (Луқо 21:26–28 ни ўқинг.) Нега биз қўрқувга берилмаймиз? Сабаби Яҳовага умид боғлашга ўрганган бўламиз. Юқорида тилга олинган Танянинг айтишича, ўтмишидаги ҳодисалар бошқа мушкул вазиятларга дуч келганида унга кўмаклашган экан. «Яҳова учун яхши томонга айлантира олмайдиган вазиятнинг ўзи йўқлигини тушундим. Баъзан бошқалар барчасини назорат қилаётгандай туюлиши мумкин, бироқ аслида улар фақат Яҳова уларга йўл қўяётган даражада назорат қила олишади. Бироқ муаммо оғир бўлса ҳам, у барибир ўз якунига етади»,— деди Таня.
17. 2024 йилнинг ояти бизга қандай ёрдам беради? (Муқовадаги расмга қаранг.)
17 Бугунги кунда қўрқиш оддий ҳол. Лекин Довуд каби биз ҳам қўрқув тузоғига тушиб қолишдан ўзимизни асрашимиз мумкин. 2024 йилнинг оятида Довуднинг ибодати ёзилган: «Қўрқув мени қамраб олганда, Сенга умид боғлайман». (Заб. 56:3) Бир китобда бу оят тўғрисида шундай ёзилган: «Довуд қўрқувини озиқлантириб, уни муаммога айлантирмаган, аксинча, уни қутқаришга қодир Халоскорга кўз тиккан». 2024 йил учун танланган оят ҳақида келгуси ойлар мобайнида ва, айниқса, қўрқинчли вазиятларга дуч келганингизда фикр юритинг. Яҳованинг ўтмишдаги, ҳозирги ва келажакдаги ҳаракатлари ҳақида мулоҳаза қилинг. Сўнг Довуд каби сиз ҳам: «Худодан умид қиламан, асло қўрқмайман»,— деб айта оласиз. (Заб. 56:4)
ЁДИНГИЗДАМИ?
-
Яҳова нималарни амалга оширди?
-
Яҳова ҳозир нималар қиляпти?
-
Яҳова яна нималар қилади?
33-ҚЎШИҚ Ғам-ташвишингни Яҳовага ташла
a Имонингизни мустаҳкамлайдиган маълумотларни топиш учун jw.org сайтида «Излаш» сатрига «имонларига эргашинглар» ёки «ҳикоялар» сўзларини ёзинг. JW Library® иловасида «Имонларига эргашинглар» ёки «Яҳова Шоҳидларининг таржимаи ҳоли» номли мақолалар туркумига қаранг.
b Баъзи исмлар ўзгартирилган.
d РАСМГА ШАРҲ. Довуд Яҳованинг ёрдами билан айиқни енггани, Охималек орқали амалий ёрдам олгани ва шоҳ этиб тайинланиши устида фикр юритяпти.
e РАСМГА ШАРҲ. Имони учун қамоқда ўтирган биродар Яҳованинг кўмаги билан чекишни рад этгани, яқинларидан келган хатлар орқали далда олгани ва жаннатда абадий ҳаёт билан мукофотланиши ҳақида мулоҳаза юритяпти.