Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

3-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

124-ҚЎШИҚ Вафодормиз

Яҳова оғир дамларда сизга кўмаклашади

Яҳова оғир дамларда сизга кўмаклашади

[Яҳова] сенинг даврингда барқарорлик ўрнатади. (ИШАЁ 33:6)

НИМАНИ БИЛИБ ОЛАМИЗ?

Оғир дамларда Яҳованинг ёрдамидан фойда олиш учун нима қилишимиз мумкинлигини билиб оламиз.

1, 2. Яҳованинг садоқатли хизматчилари қандай қийинчиликларга дуч келиши мумкин?

 ФОЖИАЛИ воқеа ҳаётимизни бир кечанинг ўзида ўзгартириши ҳеч гап эмас. Масалан, Луис a исмли садоқатли биродар жуда кам учрайдиган саратон турига чалинган. Шифокор унга яшашига бир неча ой қолганини айтган. Моника ва унинг эри маънавий ишлар билан банд бўлишган. Бир куни Моника оқсоқол бўлган эри икки хил ҳаёт кечираётганини билиб қолган. Турмуш қурмаган Оливия опамиз кучли бўрон бўлиш арафасида уйини тарк этишга мажбур бўлган. Қайтиб келганида эса бўрон дастидан уйи вайрон бўлганини кўрган. Бу имондошларнинг ҳаёти бирпасда тубдан ўзгарган. Сиз билан ҳам шундай бўлганми? Ҳаётингизни бир зумда остин-устун қилиб юборган вазиятга дуч келганмисиз?

2 Яҳованинг содиқ хизматчилари сифатида барча инсонлар каби қийинчиликларга дучор бўлиб, касалликларга йўлиқяпмиз. Шунингдек, Худонинг халқидан нафратланадиганлар томонидан қаршиликларга ёки таъқибларга дуч келаётгандирмиз. Гарчи Яҳова бу каби қийинчиликлар бошимизга тушмаслигининг олдини олмаса ҳам, бизга ёрдам қўлини чўзишга ваъда беряпти. (Ишаё 41:10) Унинг кўмаги билан қувончни йўқотмаслигимиз, яхши қарорлар чиқаришимиз ва ҳатто энг мураккаб пайтларда Худога садоқатли бўлиб қолишимиз мумкин. Бу мақолада Яҳова ҳаётимизнинг қоронғи лавҳаларида ёрдам бераётганининг тўртта йўлига диққат қаратамиз. Қолаверса, У бизга тақдим этаётган ёрдамдан фойда олишимиз учун нима қилишимиз кераклиги борасида сўз юритамиз.

ЯҲОВА СИЗНИ ҲИМОЯ ҚИЛАДИ

3. Фожиа юз берганида, нима қилиш биз учун қийин бўлиши мумкин?

3 Қийинчилик. Фожиа юз берганида, аниқ-равшан фикр юритишга ва қарор чиқаришга қийналармиз. Нима учун? Қалбимиз тилка-пора бўлар, ҳаддан ташқари хавотирланармиз. Қуюқ туман ичида қайси томонга боришни билмагандай бўлармиз. Юқорида тилга олинган иккита опамиз қийинчиликлар пайтида ўзини қандай ҳис қилганига диққат қаратинг. Оливия шундай бўлишди: «Бўрон дастидан уйим вайрон бўлгач, ўзимни йўқотиб қўйдим ва бутунлайин қайғуга ботдим». Моника эрининг хиёнати ҳақида шундай деди: «Кўнглим қолди. Ич-ичимдан мени барбод қилган кучли оғриқни ҳис қилдим. Қандай яшашни умуман билмай қолдим. Мен билан бу юз беради деб ҳеч ўйламагандим». Қайғу-алам чекканимизда, Яҳова бизга қай йўсин ёрдам беришни ваъда қиляпти?

4. Филиппиликларга 4:6, 7 га биноан, Яҳова биз учун нима қилишни ваъда беряпти?

4 Яҳова қай йўсин кўмаклашяпти? У бизга Каломда «Худонинг тинчлиги» деб аталадиган тинчликни беришни ваъда қиляпти. (Филиппиликларга 4:6, 7 ни ўқинг.) Бундай тинчлик фақат Яҳова билан яқин дўст бўлганимиз учун онгимиздаю қалбимизда хотиржамликка эга бўлишни англатади. Бу тинчлик «ҳар қандай ўй-фикрдан устун» бўлиб, тасаввур қилганимиздан ҳам кўпроғини ҳис қилишимиз мумкинлигини билдиради. Яҳовага ибодат қилгач, ўзингизни ниҳоятда хотиржам ҳис қилган пайтларингиз бўлганми? Ундай бўлса, ўшанда сиз «Худонинг тинчлигини» ҳис қилгансиз.

5. Қандай қилиб Худонинг тинчлиги қалбимизнию онгимизни ҳимоя қиляпти?

5 Филиппиликларга 4:7 да бу тинчлик «қалбингизни ва онгингизни... ҳимоя қилади» деб ёзилган. Асл нусхага кўра, «ҳимоя» сўзи аскарлар шаҳарни қўриқлаб, уни ҳужумдан мудофаа қилишни билдиради. Қўриқланган шаҳарнинг аҳолиси хотиржам бўлиб ухлайди, чунки аскарлар уларни ҳимоя қилишаётганини билади. Шу каби, Худонинг тинчлиги қалбимизнию онгимизни ҳимоя қилганда, хавфсизликда эканимизни билганимиз учун ўзимизни хотиржам ҳис қиламиз. (Заб. 4:8) Ханна билан бўлганидай, ҳатто вазиятимиз дарҳол ўзгармаса ҳам, муайян даражада хотиржамлик ҳис қилишимиз мумкин. (1 Шоҳ. 1:16–18) Тинчлик ҳис қилганимизда эса кўп ҳолларда аниқ-равшан фикр юритиб, доно қарорлар чиқариш осонроқ бўлади.

«Худонинг тинчлиги қалбингизни ва онгингизни» ҳимоя қилмагунча ибодат қилинг (4–6-хатбошиларига қаранг.)


6. Худонинг тинчлигидан фойда олиш учун нима қилсак бўлади? (Расмга ҳам қаранг.)

6 Нима қилишимиз лозим? Қийинчилик гирдобида «ҳимоя»ни тилаб олинг. Қанақасига? Худонинг тинчлигини ҳис қилмагунингизча ибодат қилинг. (Луқо 11:9; 1 Салон. 5:17) Боя тилга олинган Луис хотини Аня билан унинг яшашига бор-йўғи бир неча ой қолганини эшитишганда, буни енгишга нима ёрдам берганини тушунтирди. Луис шундай деди: «Бунга ўхшаш пайтларда соғлик ва бошқа масалаларда қарорлар чиқариш ниҳоятда қийин. Лекин ўша пайтда хотиржам бўлиб қолиш учун ибодат қилмай яшаш иложсиз эди». Бу жуфтлик доим тинмай ибодат қилиб, Яҳова онгу қалбида тинчлик-хотиржамлик сақлашга кўмаклашишини ва қарорлар чиқариш учун донолик беришини сўрарди. Улар Унинг ёрдамини ҳис қилишган. Сиз ҳам қийинчиликка дуч келган бўлсангиз, доимо ибодат қилинг. Шунда Яҳованинг тинчлиги қалбингизу онгингизни ҳимоя қилишини сезасиз. (Рим. 12:12)

ЯҲОВА СИЗНИ БАРҚАРОР ҚИЛАДИ

7. Қийин пайтда ўзимизни қандай ҳис қилишимиз мумкин?

7 Қийинчилик. Оғир дамларда ҳис-туйғуларимиз, ўйларимизу хатти-ҳаракатларимиз одатдагидан фарқ қилиши мумкин. Ҳиссиётларимиз жунбишга келиши ҳеч гап эмас. Юқорида тилга олинган Аня эрининг ўлимидан кейин ўзини турлича ҳис қилганини айтди. У қуйидагича деди: «Бўшлиқ ҳис қилган пайтларда ўзимга-ўзим ачиниб кетардим. Эрим ҳаётдан кўз юмганидан жаҳлим ҳам чиқарди». Гоҳида эса Аня ўзини ёлғиз ҳис қиларди ва Луис масъул бўлган ишларни у каби яхши эплай олмаганидан ҳафсаласи пир бўларди. Баъзан у ўзини худди бўрон бўлаётган денгизга тушиб қолгандек ҳис қиларди. Шу каби туйғулар гирдобида Яҳова бизга қандай ёрдам беради?

8. Ишаё 33:6 да айтилганидай, Яҳова бизни нимада ишонтиряпти?

8 Яҳова қай йўсин кўмаклашяпти? У бизни барқарор қилишга ваъда беряпти. (Ишаё 33:6 ни ўқинг.) Кема бўронга учраганда, ҳар хил томонга чайқалиши мумкин. Бундай бўлмаслиги учун кўп кемаларнинг сув остидаги қисмининг ҳар томонида стабилизаторлар ўрнатилади. Уларнинг ёрдамида кема камроқ чайқалиши ва бу туфайли у ердаги йўловчилар ўзини хавфсиз ҳамда яхшироқ ҳис қилиши мумкин. Бироқ бу стабилизаторлар кема олға қараб ҳаракатланганда яхшироқ ишлайди. Шунга ўхшаб, Яҳова қийин пайтда садоқат ила олға қараб ҳаракатлансак, бизни барқарор қилади.

Изланиш олиб бориш учун мўлжалланган асбоблар ёрдамида мувозанатни сақланг (8-, 9-хатбошиларига қаранг.)


9. Изланиш учун мўлжалланган асбобларимиз мувозанатли бўлишимизга қандай ёрдам бериши мумкин? (Расмга ҳам қаранг.)

9 Нима қилишимиз лозим? Ҳис-туйғулар жунбишга келганда, маънавий ишлар билан банд бўлиш учун жон куйдиринг. Албатта, олдинлари қила олганингиздай, ҳозир унча кўп қила олмассиз, лекин Яҳова мулоҳазакор эканини ёдда тутинг. (Луқо 21:1–4 ни солиштиринг.) Шунингдек, шахсий тадқиқ ва мулоҳаза юритиш учун вақт ажратинг. Нега? Яҳова ташкилотимиз орқали Каломга асосланган зўр маълумотларни тақдим этяпти ва улар ёрдамида мувозанатли бўла оламиз. Сизга керакли маълумотни тилингизда мавжуд бўлган асбоблардан, масалан, JW Library иловаси, «Қўриқчи Минораси Жамияти нашрларининг кўрсаткичи» ва «Яҳованинг Шоҳидлари изланиш олиб бориши учун қўлланма»дан изласангиз бўлади. Боя тилга олинган Моника оғриқли ҳиссиётлари авжига чиқаётганини ҳис қилганида, бу асбоблардан фойдаланишни бошлашини айтди. Мисол учун, у баъзан у ерда «ғазаб» ёки «хиёнат», «садоқат» сўзларини изларди. Кейин эса ўзини яхшироқ ҳис қилмагунча топган маълумотни ўқирди. У шундай деди: «Ғазаб билан компьютер тугмачаларига босиш Яҳова мени қучоғига олишига етакларди. Маълумотларни ўқиётганда, У барча туйғуларимни тушунаётганини ва менга ёрдам бераётганини англардим». Яҳованинг бундай кўмаги худди бўрон пайтида сувлар тинчланмагунча мувозанатли бўлишингизга ҳам ёрдам бериши мумкин. (Заб. 119:143, 144)

ЯҲОВА СИЗНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАЙДИ

10. Фожиа юз берганда ўзимизни қандай ҳис қилишимиз мумкин?

10 Қийинчилик. Биз билан бирон фожиа юз берса, ўзимизни жисмонан ва ҳиссан жуда заиф ҳис қиладиган кунлар бўлади. Ўзимизни худди олдинлари тез югурадиган, энди эса жароҳат дастидан оқсаб юрадиган спортчи каби ҳис қилармиз. Олдинлари осонликча қила олган вазифаларни энди қилишга қийналармиз ёки қачондир бизга ёққан ишни энди унча хуш кўрмасмиз. Илёс каби ўрнимиздан туришга жуда қийналаётгандирмиз. Шунчаки ухлашни хоҳлаётгандирмиз. (3 Шоҳ. 19:5–7) Ўзимизни заиф ҳис қилганимизда Яҳова нима қилишга ваъда беряпти?

11. Яҳова бизга яна қай йўсин ёрдам беряпти? (Забур 94:18)

11 Яҳова қай йўсин кўмаклашяпти? У бизни қўллаб-қувватлашни ваъда қиляпти. (Забур 94:18 ни ўқинг.) Жароҳат олган спортчи ҳаракатланиш учун ёрдамга муҳтож бўлганидай, биз ҳам хизматда фаол бўлиш учун ёрдамга муҳтож бўлармиз. Бундай пайтларда Яҳова бизни қуйидагича ишонтиряпти: «Мен, Тангринг Яҳова, ўнг қўлингдан ушлаб: “Қўрқма! Сенга ёрдам бераман”,— деяпман». (Ишаё 41:13) Шоҳ Довуд буни ҳис қилган. Қийинчиликларга дуч келганида ва душманлар қаршисида у Яҳовага: «Ўнг қўлинг мени қўллаб-қувватлайди»,— деб айтган. (Заб. 18:35) Бироқ Яҳова бизни қай йўсин қўллаб-қувватлаяпти?

Оилангиз, дўстларингиз ва оқсоқолларнинг ёрдамини қабул қилинг (11–13-хатбошиларига қаранг.)


12. Заиф бўлганимизда ёрдам бериш учун Яҳова кимдан фойдаланиши мумкин?

12 Яҳова кўп ҳолларда бошқаларни бизга ёрдам беришга ундаш орқали бизни қўллаб-қувватлайди. Масалан, бир сафар Довуд сиқилганда, дўсти Йўнатан уни ҳиссан қўллаб-қувватлаб, далдали сўзларни айтиш учун олдига борган. (1 Шоҳ. 23:16, 17) Шу сингари, Яҳова Илёсга амалий ёрдам бериш учун Элишайни танлаган. (3 Шоҳ. 19:16, 21; 4 Шоҳ. 2:2) Ҳозирги кунда Худо бизни қўллаб-қувватлаш учун оила аъзоларимиз, дўстларимиз ёки оқсоқоллардан фойдаланиши мумкин. Аммо сиқилганимизда, бошқаларга қўшилишни истамасмиз. Ёлғиз қолишни хоҳлармиз. Бу табиий. Хўш, Яҳова бизни қўллаб-қувватлашини истасак, нима қилсак бўлади?

13. Яҳова бизни қўллаб-қувватлаётганидан фойда олиш учун нима қилишимиз лозим? (Расмга ҳам қаранг.)

13 Нима қилишимиз лозим? Ўзингизни бошқалардан олиб қочиш туйғуси билан курашинг. Ўзимизни яккалаб қўйсак, одатда диққатимиз торайиши ва нуқул ўзимиз ҳамда муаммоларимиз устида бош қотиришимиз ҳеч гап эмас. Бундай фикрлаш тарзи қарорларимизга таъсир қилиши мумкин. (Ҳик. 18:1) Албатта, айниқса, ҳаётимизда фожиа юз берганида ёлғиз бўлишни хоҳлаган пайтларимиз бўлади. Бироқ узоқ пайт ўзимизни бошқалардан олиб қочсак, Яҳова бизни қўллаб-қувватлаш учун фойдаланаётган инсонларнинг ёрдамини рад этишимиз мумкин. Шундай экан, оғир дамларни бошдан кечираётганда оила аъзоларингиз, дўстларингиз ва оқсоқолларнинг кўмагини қабул қилинг. Уларни Яҳова сизни қўллаб-қувватлаш учун қўллаётган одамлар деб билинг. (Ҳик. 17:17; Ишаё 32:1, 2)

ЯҲОВА СИЗГА ТАСАЛЛИ БЕРАДИ

14. Нималар дастидан қўрқув ҳис қилишимиз мумкин?

14 Қийинчилик. Қўрқув ҳис қиладиган пайтларимиз бўлиши мумкин. Муқаддас Китобдан Худонинг содиқ хизматчилари душманлар ёки бошқа босимлар дастидан ўзини ёмон ҳис қилганини ва қайғурган пайтлар бўлганини кўряпмиз. (Заб. 18:4; 55:1, 5) Шу каби мактабда, ишда, оила аъзолар ёки ҳукумат томонидан қаршиликларга дуч келишимиз мумкин. Соғлик муаммолари туфайли ҳаётдан кўз юмишдан қўрқармиз. Бундай дамларда ўзимизни кичик боладай ёрдамсиз ҳис қилишимиз мумкин. Бу каби пайтларда Яҳова бизга қандай ёрдам беради?

15. Забур 94:19 га кўра, Яҳова биз учун нима қиляпти?

15 Яҳова қай йўсин кўмаклашяпти? У бизга тасалли бериб, кўнглимизни кўтаради. (Забур 94:19 ни ўқинг.) Бу оятни ўқиганимизда, момақалдироқ дастидан қўрқиб, ухлай олмаётган кичкина қизалоқ хаёлимизга келар. Унинг отаси келиб, уни қўлига олишини ва ухлаб қолмагунича бағрига босиб ўтирганини тасаввур қилинг. Гарчи момақалдироқ ҳалиям гумбурлаётган бўлса-да, отаси тасалли бериб қучоқлагани туфайли у тинчланади. Қўрқинчли муаммоларга дуч келганимизда, самовий Отамиз ўзимизни хотиржам ҳис қилмагунимизча қучоғида олиб туради. Қандай қилиб Яҳовадан тасалли олсак бўлади?

Самовий Отамиз Каломи орқали сизни юпатишига йўл қўйинг (15-, 16-хатбошиларига қаранг.)


16. Яҳова бизга бераётган тасаллидан фойда олиш учун нима қилсак бўлади? (Расмга ҳам қаранг.)

16 Нима қилишимиз лозим? Мунтазам равишда Яҳова билан вақт ўтказинг — ибодат қилинг ва Каломини ўқинг. (Заб. 77:1, 12–14) Кейин эса муаммо пайдо бўлганда, ҳойнаҳой, аввало самовий Отамизга мурожаат қиларсиз. Яҳовага қўрқувларингизу ташвишларингизни айтиб беринг. У сизга Каломи орқали гапиришига ва тасалли беришига йўл қўйинг. (Заб. 119:28) Сизни қўрқув қамраганида, тасалли топиш учун Муқаддас Ёзувлардан муайян парчаларни изларсиз. Масалан, Аюб, Забур ва Ҳикматлар китобларини, жумладан, Исонинг Матто 6-бобдаги сўзларини ўқиб далда олишингиз мумкин. Ҳа, Яҳовага ибодат қилиш ва Каломини ўқиш орқали тасалли оласиз.

17. Нимада амин бўлишимиз мумкин?

17 Яҳова қора кунларимизда бизни ташлаб қўймаслигига амин бўлишимиз мумкин. Биз ҳечам ёлғиз қолмаймиз. (Заб. 23:4; 94:14) У ҳимоя қилишни, мустаҳкамлашни, қўллаб-қувватлашни ва тасалли беришни сизга ваъда қиляпти. Ишаё 26:3 да Яҳова ҳақида шундай ёзилган: «Сенга тўлиқ таянганларни ҳимоя қиласан, уларга битмас-туганмас тинчлик берасан. Зеро, улар Сенга таянади». Шундай экан, Худога умид боғланг ва У сизга ёрдам бериш учун тақдим этаётган барча нарсадан фойда олинг. Бундай йўл тутиб, ҳатто оғир дамларда қайта кучга тўла оласиз.

ҚАНДАЙ ЖАВОБ БЕРАРДИНГИЗ?

  • Яҳованинг ёрдамига айниқса қачон муҳтож бўлишимиз мумкин?

  • Оғир дамларда Яҳова бизга қайси тўртта йўл орқали кўмаклашади?

  • Яҳованинг ёрдамидан фойда олиш учун нима қилишимиз мумкин?

12-ҚЎШИҚ Буюк Аллоҳ Яҳова

a Баъзи исмлар ўзгартирилган.