Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

4-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

30-ҚЎШИҚ Дўстим, Отам ва Раббим

Яҳова сизни қаттиқ яхши кўради

Яҳова сизни қаттиқ яхши кўради

Яҳова меҳр-шафқатли. (ЁҚБ. 5:11)

НИМАНИ БИЛИБ ОЛАМИЗ?

Қандай қилиб Яҳованинг севгиси туфайли Унга яқинлашишимиз ва ўзимизни хавфсиз ҳис қилишимиз, бизга нисбатан ғамхўрлигини сезиб, тасалли олишимиз мумкинлигини билиб оламиз.

1. Яҳова ҳақида ўйлаганда, хаёлингизга нималар келади?

 ЯҲОВА қандай Худо эканини ҳеч тасаввур қилганмисиз? Унга ибодат қилганда, хаёлингизга нима келади? Гарчи Яҳовани кўра олмасак-да, Муқаддас Китобда У турли йўллар орқали тасвирланган. Яҳова «қуёшимиз ва қалқонимиз» ҳамда «ямламай ютадиган оташ» дея аталган. (Заб. 84:11; Иброн. 12:29) Ҳизқиё ваҳийда Уни порлаётган металлга ўхшашини ва сапфир тахтда ўтириб, ҳар томонида камалак таралиб тургандай тасвирлаган. (Ҳиз. 1:26–28) Яҳова ҳақидаги бу баъзи маълумотлар бизни ҳайратга солаётгандир ёки ҳатто қўрқитаётгандир.

2. Нима туфайли Яҳовага яқинлашиш қийин бўлиши мумкин?

2 Худони кўра олмас эканмиз, У бизни севишига ишонишимиз қийин бўлиши мумкин. Айримлар ўтмиши дастидан Яҳова уларни ҳеч қачон яхши кўра олмайди деган фикрда. Эҳтимол, уларни севган том маънодаги отаси бўлмагандир. Яҳова бундай туйғуларни ва улар бизга қандай таъсир қилишини тушунади. Бизга ёрдам бериш учун У Каломида ажойиб шахсиятини очиб беряпти.

3. Нега Яҳованинг севгисига аҳамият беришимиз керак?

3 Яҳовани тасвирлайдиган энг аъло сўз — севги. (1 Юҳан. 4:8) Ҳа, Унинг Ўзи севгидир. Бу қилаётган ҳар бир ишига таъсир қиляпти. Унинг севгиси қайноқ ва кучли. Яҳова севгисини ҳатто Уни яхши кўрмайдиган инсонларга нисбатан ҳам намоён этади. (Мат. 5:44, 45) Бу мақолада Яҳова ҳамда севгиси борасида сўз юритамиз. Тангримиз ҳақида қанча кўп билсак, Унга бўлган севгимиз ҳам шунча кўп ошади.

ЯҲОВА БИЗНИ ҚАТТИҚ ЯХШИ КЎРАДИ

4. Яҳованинг меҳр-шафқати сизда қандай туйғуларни уйғотяпти? (Расмга ҳам қаранг.)

4 «Яҳова меҳр-шафқатли». (Ёқб. 5:11) Муқаддас Китобда У Ўзини меҳрибон она билан солиштиряпти. (Ишаё 66:12, 13) Чақалоғига севги ила ғамхўрлик қиладиган онани кўз олдингизга келтиринг. У болажонини меҳр ила қучоқлаб, тиззасига ўтказади ва у билан оҳиста, майин оҳангда гаплашади. Бола йиғласа ёки бирон жойи оғриса, онаси уни нима безовта қилаётганини тушунишга интилади. Биз ҳам эзилганимизда, Яҳова бизни севишидан шубҳаланмасак бўлади. Сано бастакори шундай ёзган: «Ташвишлар гирдобида қолганимда, менга тасалли бериб, кўнглимни кўтардинг». (Заб. 94:19)

«Она ўғлини юпатгани каби, Мен ҳам сизларни юпатаман» (4-хатбошига қаранг.)


5. Яҳованинг меҳр-садоқати сиз учун нима дегани?

5 Яҳова садоқатли. (Заб. 103:8) Нотўғри йўл тутганимизда, У бизни севишда давом этади. Исроил халқи Уни қайта-қайта ранжитган бўлса ҳам, У сўнмас севгисини тавба қилган хизматчиларига қуйидаги сўзлар билан изҳор этган: «Сен Мен учун қадрлисан, сени ҳурматга лойиқ топдим, сени севдим». (Ишаё 43:4, 5) Худонинг севгиси ўзгармайди. Унга доим умид боғласак арзийди. Ҳатто жиддий гуноҳ қилганимизда, Яҳова бизни ташлаб қўймайди. Тавба қилиб, Унга қайтсак, У ҳали ҳам бизни севишини кўрамиз. У «сидқидилдан» кечиришни ваъда қиляпти. (Ишаё 55:7) Муқаддас Китобга кўра, Яҳова кечирганида «Ўзи тетиклик бахш этадиган вақтни» келтиради. (Ҳавор. 3:19)

6. Закариё 2:8 дан Яҳова ҳақида нимани билиб оляпмиз?

6 Закариё 2:8 ни ўқинг. Худо бизни севар экан, ҳис-туйғуларимиздан хабардор ва бизни ҳимоя қилишга тайёр. Қайғурганимизда, У ҳам қайғуради. Шу боис: «Кўзинг қорачиғидай мени авайла»,— деб бемалол ибодат қилсак бўлади. (Заб. 17:8) Кўзни оладиган бўлсак, у жуда нозик ва бебаҳо тана аъзоси ҳисобланади. Шундай экан, Яҳова бизни кўзининг қорачиғи билан солиштиряпти. У шундай деб айтаётгандай бўляпти: «Эй халқим, сизларга зарар етказаётган ҳар ким, Мен учун қимматбаҳо бўлган инсонга зарар етказаётандай бўляпти».

7. Яҳованинг севгисига бўлган ишончимизни нега мустаҳкамлашимиз керак?

7 Яҳова У сизни яхши кўришига амин бўлишингизни хоҳлайди. Лекин ўтмишимиз сабабли У бизни яхши кўрармикан, деб ўйлашимиз мумкинлигини билади. Ёки айнан ҳозир Яҳованинг севгиси борасидаги ишончимиз синалаётган вазиятларга дуч келаётгандирмиз. Хўш, ишончимизни қандай мустаҳкамлай оламиз? Бунинг учун Яҳова севгисини Исога, мойланганларга ва барчамизга қандай кўрсатаётганини билиб олишимиз даркор.

ЯҲОВА СЕВГИСИНИ ҚАНДАЙ НАМОЁН ЭТЯПТИ?

8. Нега Исо Отасининг севгисига амин эди?

8 Қадим замонлардан бери Яҳовани ҳамда Унинг суюкли Ўғлини қаттиқ севги ва меҳр-шафқат боғлаб туради. Уларнинг ришталарини коинотдаги энг қадимий деса бўлади. Матто 17:5 да Яҳова Исога бўлган севгисини билдиргани ҳақида ўқияпмиз. У шунчаки: «Ундан мамнунман»,— деб айтиб қўйиши мумкин эди. Лекин У Исони қанчалик яхши кўришини билишимизни хоҳлаган. Шу боис «Бу Менинг севикли Ўғлим» деган. Яҳова Исодан, айниқса, у ўз ҳаётини беришга тайёр бўлгани учун фахрланган. (Эфес. 1:7) Исо ҳам Отасининг севгисидан шубҳаланмагани аниқ. Ҳа, Исо Яҳова уни севишига юз фоиз амин эди. У Отаси уни севишига ишонаётганини қайта-қайта такрорлаган. (Юҳан. 3:35; 10:17; 17:24)

9. Қайси сўз Яҳова мойланганларни севишини кўрсатяпти? Тушунтиринг. (Римликларга 5:5)

9 Яҳова мойланганларни ҳам севишини кўрсатган. (Римликларга 5:5 ни ўқинг.) «Тўлдиради» сўзига назар солинг. Бир луғатда айтилгандай, бу сўз «бизга худди дарёдай оқиб келади» деган маънони билдиради. Бу Яҳова мойланганларни қаттиқ севишини таъкидловчи нақадар таъсирли сўзлар! Мойланган масиҳийлар Худонинг севгисини ҳис қилишади. (Яҳд. 1) Ҳаворий Юҳанно қуйидагича ёзганда, ўз туйғуларини ошкор қилган: «Қаранглар, Аллоҳнинг болалари дея номланишимиз учун Ота бизга қандай севги намоён этган ва биз чиндан ҳам Унинг фарзандларимиз». (1 Юҳан. 3:1) Қизиқ, У фақат мойланганларни яхши кўрадими? Йўқ. Аллоҳ ҳаммамизни севишини исботлаган.

10. Яҳова сизни севишининг энг кучли далили қандай?

10 Яҳованинг севгисини тасдиқлайдиган энг кучли исбот қайси? Бу тўлов. У севги изҳорининг коинотдаги энг таъсирли далили! (Юҳан. 3:16; Рим. 5:8) Яҳова азиз Ўғлини берди ва у ҳамма инсонлар учун ўлишига йўл қўйди. Шу йўсин, гуноҳларимиз кечирилиши ва Худонинг дўсти бўлишимиз мумкин. (1 Юҳан. 4:10) Яҳова ҳамда Исо тўлаган ҳақ устида қанчалик кўп фикр юритсак, улар ҳар биримизни севишини шунчалик яхши тушуна оламиз. (Галат. 2:20) Тўлов шунчаки Яҳова адолатли бўлгани учун берилмаган. У севги ила берилган совғадир. Яҳова бизга нисбатан севгисини У учун энг азиз бўлган Исони қурбонликка келтириш орқали исботлади. Худо Ўғли бизни деб азоб чекишига ва ўлишига йўл қўйди.

11. Еремиё 31:3 дан нимани билиб оляпмиз?

11 Кўриб чиққанимиздай, Яҳова нафақат бизни севади, балки Ўз севгисини бизга меҳр ила намоён этяпти. (Еремиё 31:3 ни ўқинг.) Худо бизни яхши кўргани учун Ўзига жалб қиляпти. (Қонунлар 7:7, 8 ни солиштиринг.) Ҳеч нима ва ҳеч ким бизни бу севгидан жудо қила олмайди. (Рим. 8:38, 39) Унинг севгиси туфайли ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз? Забурнинг 23-саносини ўқинг ва Худонинг севгисию меҳри Довудга қандай таъсир қилганига ҳамда барчамизга қандай таъсир қилишига диққат қаратинг.

ЯҲОВАНИНГ СЕВГИСИ ТУФАЙЛИ НИМА ҲИС ҚИЛЯПСИЗ?

12. Забурнинг 23-саноси ҳақида нима деган бўлардингиз?

12 Забур 23:1–6 ни ўқинг. Забур 23 Яҳованинг севгисию меҳрига нисбатан ишонч билдирилган санодир. Уни басталаган Довуд Чўпони бўлмиш Яҳова билан ўртасидаги ришталар қанчалик мустаҳкам эканини билдирган. У Яҳова уни етаклаётганини ва бутунлайин Унга боғлиқ эканини ҳис қилган. Довуд Худонинг севгиси умри бўйи унга ҳамроҳ бўлишини билган. Нега у шунчалик амин бўлган?

13. Нега Довуд Яҳова ғамхўрлик қилишига амин бўлган?

13 «Ҳеч нарсада муҳтожлик кўрмайман». Довуд Яҳова унга доим барча керакли нарсаларни бергани учун меҳрини ҳис қиларди. Қолаверса, У Худо билан дўстона муносабатларга эга бўлганидан ва ундан мамнун эканидан бахтиёр эди. Шунинг учун ҳам, келажакда нима бўлишидан қатъи назар у Яҳова барча эҳтиёжларига ғамхўрлик қилишда давом этишига амин бўлган. Довуд Худо уни меҳр ила севишига умид боғлагани унга ташвишланмасликка, бахтли ва мамнун бўлишга кўмаклашган. (Заб. 16:11)

14. Қандай қилиб Яҳова биз учун севги ила ғамхўрлик қилиши мумкин?

14 Яҳова бизга ҳам, айниқса, ҳаётимизда ёмон воқеалар юз берганида севги ила ғамхўрлик қиляпти. Байтилда 20 йилдан зиёд хизмат қилаётган Клер a оила аъзолари бирин-кетин қийинчиликларга дуч келганида ўзини бахтсиз ҳис қилган. Отаси инсультга йўлиққанди, синглиси жамоатдан четлатилганди ва оиласидагилар моддий қийинчиликка дуч келиб, уйсиз қолишганди. Хўш, Яҳова уларга севги ила ғамхўрлик қилаётганини қандай кўрсатди? Клер шундай бўлишди: «Оиламдагилар ҳар куни нимада муҳтож эканини Яҳова доим кўриб турарди. Кўп марта У бизга керагидан ҳам кўпроғини берган. Худо менга меҳр ила севгисини кўрсатган пайтлар борасида кўп ўйлайман. Бундай хотиралар жуда қадрли бўлиб, қийинчиликларни енгишимга кўмаклашади».

15. Нега Довуд кучга тўлганини ҳис қилган? (Расмга ҳам қаранг.)

15 «У менга куч бахш этади». Гоҳида Довуд барча муаммолар ва қийинчиликлар дастидан тушкунликка тушган. (Заб. 18:4–6) Шунда ҳам Худонинг меҳр ила севгиси ва ғамхўрлиги унга тасалли бериб, уни «ям-яшил яйловлар»га ҳамда «серсув, роҳатбахш жойларга» бошлаб борган. Натижада, Довуд яна кучга тўлиб, Яҳовага қувонч ила хизмат қила олган. (Заб. 18:28–32)

Довуд ҳатто тушкун аҳволда Яҳованинг меҳр ила севгисини ҳис қилиб, ғамхўрлик қилганидан тасалли топган (15-хатбошига қаранг.)


16. Қандай қилиб Яҳованинг севгиси сизга куч ато этяпти?

16 Бугун ҳам муаммолар ва қийинчиликларга дучор бўлганимизда, «Яҳованинг меҳр-садоқати туфайли биз йўқ бўлиб» кетмаймиз. (Марсия 3:22; Колос. 1:11) Рейчелнинг мисолини олайлик. Унинг эри COVID-19 пандемияси пайтида уни ва Яҳовани ташлаб кетди. Хўш, Яҳова Рейчел учун нима қилди? У шундай деди: «Яҳова ўзимни севикли ҳис қилишимга ғамхўрлик қилган. У доим ёнимда дўстларим бўлишига кўмаклашган. Улар мен билан вақт ўтказишган, озиқ-овқат олиб келишган, меҳрга тўла хабарлар ва оятлар юборишган, ҳазил-ҳузул қилишган ҳамда Яҳова менга ғамхўрлик қилишини ёдимга солишган. Отажонимиз Яҳова севгига бой катта оилани бергани учун Унга доим миннатдорчилик билдираман».

17. Нега Довуд қўрқмаган?

17 «Хавф-хатардан қўрқмайман. Чунки Сен мен билансан». Довуднинг ҳаёти кўп ҳолларда хавф остида бўлган ва унинг кўпгина қудратли душманлари бор эди. Бироқ у Яҳованинг севгиси туфайли ўзини хавфсиз ва ҳимоя остида ҳис қилган. Довуд Худо у билан ҳар бир вазиятда бирга эканини ҳис қилган ва бу унга кўмаклашган. Шу боис у: «[Яҳова] барча қўрқувларимдан мени халос этди»,— деб куйлаган. (Заб. 34:4) Довуд гоҳида қаттиқ қўрққан бўлса ҳам, Яҳова уни яхши кўришини билгани учун қўрқув ҳиссини енга олган.

18. Қўрқув ҳис қилганингизда, Яҳованинг севгиси сизни қандай мустаҳкамлаши мумкин?

18 Қўрқинчли вазиятларга дуч келганимизда, Яҳова бизни севишини билиш қандай мустаҳкамлайди? Сьюзи исмли кашшофнинг ўғли ўзи хоҳлагандай яшашни танлаган. У ва эри ўзини қандай ҳис қилгани ҳақида шундай деди: «Кутилмаган фожиа жуда жароҳатлайди ва кўнгилни тилка-пора қилиб, заифлаштиради. Аммо Яҳованинг меҳр-шафқати туфайли биз ўзимизни хавфсиз ва ҳимоя остида ҳис қиламиз». Боя тилга олинган Рейчел қуйидагиларни эслайди: «Кечаларнинг бирида ич-ичимдан сиқилиб, хавотир ва қўрқув ҳис қилдим. Мен йиғи-сиғи қилиб, овоз чиқариб ибодат қилдим. Шу ондаёқ худди она боласини юпатганидай, Яҳова дардимга шифо бериб, мени юпатди ва мен ухлаб қолдим. Буни ҳеч қачон унутмайман». Тасос исмли оқсоқол қуролли кучларга қўшилмагани учун тўрт йил қамоқда ўтирди. У Яҳованинг севгисию ғамхўрлигини қандай ҳис қилди? У шундай бўлишди: «Яҳова барча эҳтиёжларимга ғамхўрлик қилиб, керагидан кўпроғини берди. Бу туфайли Унга бутунлайин таянишим мумкинлигига бўлган ишончим кучайди. Шунингдек, У муқаддас руҳи орқали ҳатто ўша зимзиё жойда менга хурсандчилик ато этди. Бу мени қанча кўп Отажоним билан ҳамкорлик қилсам, Унинг хайрихоҳлигидан шунча кўп фойда олишимга ишонтирди. Шундай қилиб қамоқда доимий кашшоф бўлиб хизмат қилишни бошладим».

МЕҲРИБОН ТАНГРИНГИЗГА ЯҚИНЛАШИНГ

19. a) Худо бизни севишини билиш ибодатларимизга қандай таъсир қилади? б) Яҳованинг севгиси ҳақидаги қайси сўзлар сизга айниқса ёқади? (« Яҳованинг қайноқ севгисини ҳис қилишингизга кўмаклашадиган сўзлар» номли рамкага қаранг.)

19 Тилга олинган вазиятларнинг бари Яҳова, «севги... Худоси» биз билан эканининг далилидир! (2 Кор. 13:11) У шахсан ҳар биримизга қизиқиш билдиряпти. «Унинг меҳр-садоқати» бизни ўраб туришига ишончимиз комил. (Заб. 32:10) Яҳова бизга севги намоён этаётгани устида фикр юритганимиз сайин, У биз учун мавжуд Шахсга айланади ва биз Унга кўпроқ яқинлашамиз. Аллоҳга бемалол мурожаат қилиб, Унинг севгисига қанчалик кўп муҳтож эканимизни айтсак бўлади. Унга бор дардимизни айтиб беришимиз ва У бизни тушунишига ҳамда ёрдам беришга тайёр эканига ишонишимиз мумкин. (Заб. 145:18, 19)

20. Қандай қилиб Яҳованинг севгиси сизни Унга жалб қиляпти?

20 Изғирин совуқ кунда иссиққина гулхан бизни ўзига жалб қилганидай, Яҳованинг қайноқ севгиси ҳам бизни Унга жалб қилади. Унинг севгиси кучли ҳамда меҳрга бой. Шундай экан, Яҳованинг қайноқ севгисига эшик очинг. Шундай қилиб Унинг севгисига жавобан: «Яҳовани яхши кўраман»,— деб айта оласиз. (Заб. 116:1)

ҚАНДАЙ ЖАВОБ БЕРАРДИНГИЗ?

  • Яҳованинг севгисини қандай таърифлаган бўлардингиз?

  • Нега Яҳова сизни қаттиқ яхши кўришига амин бўлишингиз мумкин?

  • Яҳованинг севгиси сизда қандай туйғуларни уйғотяпти?

108-ҚЎШИҚ Аллоҳнинг меҳр-садоқати

a Баъзи исмлар ўзгартирилган.