Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

31- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

«Биз таслим бўлмаймиз!»

«Биз таслим бўлмаймиз!»

Ана шу сабабдан биз таслим бўлмаймиз. 2 КОР. 4:16

128- ҚЎШИҚ Сўнгги дамга қадар чиданг

БУ МАҚОЛАДА *

1. Масиҳийлар маррага етиш учун нима қилишлари керак?

МАСИҲИЙЛАР ҳаёт учун мусобақада чопяпти. Энди бошладикми ё анчадан бери чопяпмизми, ҳар биримиз маррага етиш учун чопишдан тўхтамаслигимиз керак. Павлус Филиппидаги масиҳийларга ёзган сўзлар бизга ҳам маррага етишимизга кўмаклашади. Павлуснинг мактубини олганда, у ердаги жамоатнинг баъзи аъзолари анча йиллар давомида Яҳовага хизмат қилиб келаётган эди. Улар садоқатли хизматчилар эди, лекин Павлус уларга мусобақада чидам билан чопишда тўхтамаслик кераклигини эслатган. Павлус улар унинг ўрнагига тақлид қилиб, мақсад сари интилишларини хоҳлаган. (Филип. 3:14)

2. Нега Павлуснинг филиппиликларга ёзган сўзлари айни муддао эди?

2 Павлуснинг филиппиликларга ёзган сўзлари айни муддао эди. У ердаги жамоат ташкил этилгандан бери таъқибларга дуч келар эди. Тахминан милодий 50 йили Павлус билан Сила Худонинг: «Македонияга кел»,— деган чорловига бўйсунишган. Шу боис, хушхабарни ваъз қилиш учун улар Филиппи шаҳрига йўл олишган. (Ҳавор. 16:9) У ерда улар Лидия исмли аёлни учратишган. Бу аёл уларни «тинглаб ўтирарди... Яҳова унинг юрагини очди» ва у хушхабарни қабул қилди. (Ҳавор. 16:14) Кўп ўтмай, у ва уйидагилари сувга чўмишди. Бироқ Иблис уларга ҳужум қила бошлади. Павлус ва Силани шаҳар маъмурлари ёнига судраб олиб боришган ва туҳмат қилишган эди. Сўнг улар саваланди, қамоққа ташланди ва кейинчалик улардан шаҳарни тарк этишни сўрашди. (Ҳавор. 16:16–40) Хўш, улар таслим бўлдими? Асло! Қизиқ, ташкил этилган жамоатдаги имондошлар нима қилишган? Шуни айтиш керакки, улар ҳам чидаган. Шубҳасизки, Павлус билан Силанинг яхши ўрнаги уларга далда бахш этган.

3. Павлус нимани тушунган ва қандай саволларни кўриб чиқамиз?

3 Павлус таслим бўлмасликка қарор қилган эди. (2 Кор. 4:16) Лекин у шуни билганки, маррага етиб олиш учун мақсадидан кўз узмаслиги талаб этиларди. Бундан қандай сабоқ оляпмиз? Қандай қилиб бугунги садоқатли имондошларимизнинг ўрнаги қийинчиликларимизда бардошли бўла олишимизни кўрсатяпти? Келажакка бўлган умидимиз қай йўсин таслим бўлмаслик қароримизни мустаҳкамлай олади?

ПАВЛУСНИНГ ЎРНАГИДАН ҚАНДАЙ САБОҚ ОЛЯПМИЗ?

4. Павлус вазияти қандай бўлишидан қатъи назар, нима билан банд эди?

4 Павлус филиппиликларга қандай муҳитда ёзгани ҳақида бир ўйлаб кўринг. У Римда, уй қамоғида эди. Ваъз қилиш имкониятлари чекланган эди. Бунга қарамай, у ташриф буюрганларга шоҳидлик бериш ва олисдаги жамоатларга мактублар йўллаш билан банд эди. Бугун ҳам, уй қамоғида бўлган кўп масиҳийлар уларникига келадиган инсонларга хушхабарни айтиш имкониятини қўлдан бой беришмаяпти. Улар шунингдек, шахсан кўришиш имконсиз бўлган кишиларга далда бериш мақсадида уларга хатлар юборишади.

5. Филиппиликларга 3:12–14 га кўра, Павлус мақсадига интилишига нима ёрдам берган?

5 Павлус ўтмишидаги ютуқлари ёки хатолари уни хизматидан чалғитишига йўл қўймаган эди. Ҳа, у «олдинга қараб зўр бериб чопиш», яъни маррага етиш учун «ортда қолган нарсаларни эсдан чиқариш» муҳим эканини таъкидлаган. (Филиппиликларга 3:12–14 ни ўқинг.) Павлусни нималар чалғитиши мумкин эди? Биринчидан, масиҳий бўлишидан аввал эришган ютуқлари. Аммо уларнинг барини у «ахлат деб» ҳисоблаган. (Филип. 3:3–8) Иккинчидан, илгари масиҳийларни таъқиб қилганидан ҳаддан зиёд айбдорлик ҳисси уни хизмат қилишдан тўхтатмаган. Учинчидан, у Яҳовага етарлича хизмат қилиб қўйдим деб ўйламаган. Павлус қамоқда бўлганига, саваланганига, тошбўрон қилинганига, кема ҳалокатини бошдан кечирганига, оч ва кийимсиз қолганига қарамай, Худога муваффақият ила хизмат қилган. (2 Кор. 11:23–27) Бироқ у анча нарсаларни амалга оширган ва азоб чеккан бўлса-да, Яҳовага хизмат қилишни тўхтатмаган. Ундан ўрнак олсак арзийди.

6. Ёдимиздан чиқариш керак бўлган «ортда қолган нарсаларга» нималар кириши мумкин?

6 Павлус каби қай йўсин «ортда қолган нарсаларни эсдан чиқара» оламиз? Баъзиларимиз ўтмишдаги гуноҳларимиз учун ўзимизни ҳаддан ташқари айблаб, кураш олиб бораётгандирмиз. Ундай бўлса, Исонинг тўлов қурбонлигига диққат қаратиш учун шахсий тадқиқ ўтказишни режалаштирармиз. Руҳимизни кўтарадиган мавзуни тадқиқ қилиб, у ҳақида мулоҳаза юритсак ва ибодат қилсак, кераксиз айбдорлик ҳиссини енгишимиз мумкин. Яҳова кечирган гуноҳларимиз дастидан ўзимизни ҳаддан ташқари айбдор ҳис этмайлик. Павлусдан яна бошқа масалада ўрнак олишимиз мумкин. Айримлар Шоҳлик манфаатлари пайида бўлиш мақсадида, яхши маошли ишини қолдиргандир. Хўш, ортда қолдирган моддий нарсаларни яна қўмсаб қолмаслигимизга нима ёрдам бериши мумкин? (Саҳ. 11:4–6; Воиз 7:10) «Ортда қолган нарсаларга» шунингдек, хизматимиздаги олдинги ютуқлар ёки илгари бошдан кечирган қийинчиликлар ҳам киради. Албатта, Яҳова йиллар давомида бизга барака берганини ва қўллаб-қувватлаганини эслаш Унга яқинлаштиради. Лекин Яҳова учун етарлича хизмат қилиб қўйдим деб сира ҳам ўйламаслигимиз лозим. (1 Кор. 15:58)

Ҳаёт учун мусобақада чалғишлардан узоқлашиб, мақсадимизга кўз тикишимиз даркор (7- хатбошига қаранг.)

7. Коринфликларга биринчи мактуб 9:24–27 га кўра, ҳаёт учун мусобақада ғалаба қозониш учун нима қилиш зарур? Мисол келтиринг.

7 Павлус Исонинг: «Жон куйдиринглар»,— деган сўзларини яхши тушунган. (Луқо 13:23, 24) У Исо сингари охиригача жон куйдириши кераклигини билган. Шунинг учун у масиҳийларнинг ҳаётини мусобақа билан солиштирган. (1 Коринфликларга 9:24–27 ни ўқинг.) Мусобақада қатнашувчилар диққатини маррага қаратиб, уларни ҳеч нима чалғитишига йўл қўймайди. Мисол учун, шаҳарда ўтадиган мусобақада қатнашувчилар ҳар хил дўкон ва чалғитиши мумкин бўлган бошқа нарсалар бўйлаб югуради. Улардан биронтаси ўша дўконда сотилаётган нарсаларни кўриш учун тўхтайдими? Йўқ. Ахир у ғалаба қозонмоқчи-ку! Биз ҳам ҳаёт учун мусобақада қатнашар эканмиз, чалғитувчи турли нарсалардан йироқлашишимиз керак. Агар диққатимизни мақсадга қаратиб, Павлусдай жон куйдирсак, мукофотни қўлга киритамиз!

ҚИЙИНЧИЛИККА ҚАРАМАЙ, ЯҲОВАГА ҚАЙ ЙЎСИН ХИЗМАТ ҚИЛА ОЛАМИЗ?

8. Қайси учта қийинчиликни кўриб чиқамиз?

8 Келинг, тушкунликка тушишимизга сабаб бўлиши мумкин бўлган учта қийинчиликни кўриб чиқайлик. Рўёбга чиқмаган умидлар, соғлик масаласи ва узоқ давом этадиган қийинчиликлар. Бундай қийинчиликларни енгган инсонларнинг мисолларини кўриб чиқиш фойдалидир. (Филип. 3:17)

9. Рўёбга чиқмаган умидлар бизга қандай таъсир қилиши мумкин?

9 Рўёбга чиқмаган умидлар. Яҳова ваъда қилаётган ажойиб нарсаларга умид боғлаш табиийдир. Хабаққуқ пайғамбар Яҳовага Яҳудо юртидаги ёвузликларга чек қўйишини илтижо қилиб сўраган, У эса жавобан: «Уни кут»,— деган. (Хаб. 2:3) Лекин ваъда этилган нарсалар ҳозирча амалга ошмаётгандай туюлса, ғайратимиз сўниши ҳеч гап эмас. Ҳатто юрагимиз эзилиши мумкин. (Ҳик. 13:12) Бу нарса 20 асрнинг бошида юз берган эди. Ўшанда кўпгина мойланган масиҳийлар самовий мукофотни 1914 йили олишга умид қилишган. Бу содир бўлмаганда, садоқатли кишилар қандай йўл тутишган?

Роял ва Пёрл Спатс 1914 йили умиди рўёбга чиқмаганда ҳам кўп йиллар давомида садоқатли бўлишган (10- хатбошига қаранг.)

10. Бир жуфтлик умиди рўёбга чиқмаганда қандай йўл тутган?

10 Бундай қийинчиликка йўлиққан иккита содиқ кишининг мисолига эътибор қаратайлик. Роял Спатс исмли биродар 1908 йили 20 ёшида сувга чўмган эди. У осмондаги мукофотини яқин орада олишига амин эди. 1911 йили бўлажак хотини Пёрлга шундай деган: «1914 йили нима содир бўлишини биласиз. Шунинг учун, тезроқ турмуш қурайлик!» Хўш, улар 1914 йили мукофотини олмаганда, ҳаёт учун мусобақада таслим бўлишдими? Йўқ. Чунки асосий эътибори мукофотга эга бўлишга эмас, Худонинг иродасини садоқат ила бажаришга қаратилган эди. Улар мусобақада чидамли бўлишга қарор қилишган. Ушбу жуфтлик ер юзидаги ҳаётининг охиригача кўп йиллар мобайнида фаол бўлиб, садоқат ила хизмат қилган. Шубҳасизки, Яҳова Ўз исминию ҳукмдорлигини оқлаб, барча ваъдаларини амалга оширадиган вақтни интиқиб кутаётгандирсиз. Ишонаверинг, Яҳова буларнинг ҳаммасини ўз вақтида рўёбга чиқаради. Ўша замон келмаган экан, келинг, Яҳовага хизмат қилиш билан банд бўлайлик ва рўёбга чиқмаган умидлар руҳимизни туширишига ёки ғайратимизни сўндиришига йўл қўймайлик.

Артур Секорд ҳатто кексайганда ҳам тинмай интилган. (11- хатбошига қаранг.)

11–12. Нега жисмонан заиф бўлсак-да, Яҳовага садоқат ила хизмат қила оламиз? Мисол келтиринг.

11 Соғлик масаласи. Том маънодаги мусобақада қатнашувчидан фарқли равишда, маънан улғайишимиз учун жисмонан кучли бўлишимиз шарт эмас. Зеро, жисмонан заиф бўлган кўпдан-кўп инсонлар Яҳовага энг яхшисини бериш ниятида жон куйдиришмоқда. (2 Кор. 4:16) Масалан, биродар Артур Секорд * 55 йил давомида Байтилда хизмат қилган. 88 ёшида у жисмонан заифлашиб, соғлиги ёмонлашган. Кунларнинг бирида ҳамшира имондошимиз унинг эҳтиёжларига ғамхўрлик қилаётган эди. У меҳр ила: «Биродар Секорд, Яҳовага хизмат қилиш учун жуда кўп йўлларни босиб ўтгансиз-да»,— деган. Аммо бу акамиз илгариги хизматига ниҳоятда кўп эътибор қаратмас эди. У табассум ила шундай жавоб берди: «Ҳа, шундай. Лекин ўтмишда қилганларимиз унча муҳим эмас. Энг муҳими, ҳозир содиқ бўлиб қолишимиз керак».

12 Эҳтимол, Яҳовага кўп йиллар мобайнида хизмат қилиб келаётгандирсиз ва ҳозир заифлашган соғлигингиз туфайли олдингидай хизмат қила олмаётгандирсиз. Агар шундай бўлса, қайғурманг. Яҳова илгари қилган садоқатли хизматингизни қадрлаётганидан шубҳаланманг. (Иброн. 6:10) Унутмангки, Яҳовага бажонидил садоқатли эканимиз Унинг хизматида қанча иш қилганимиз билан ўлчанмайди. Аксинча, асл садоқат ижобий руҳни намоён этиш ва қўлимиздан келганини қилишдан иборатдир. (Колос. 3:23) Яҳова чекланган имкониятларимизни билади ва қўлимиздан келмайдиган ишни биздан талаб этмайди. (Марк 12:43, 44)

Анатолий ва Лидия Мельник кўп таъқибларга қарамай, содиқ бўлиб қолишган (13- хатбошига қаранг.)

13. Анатолий ва Лидия Мельникнинг тажрибаси бизга кўпгина қийинчиликларни енгишга қандай ёрдам беради?

13 Узоқ давом этадиган қийинчиликлар. Яҳова хизматчиларининг баъзилари ўнлаб йиллар давомида таъқиб ва қувғунларга қарамай бардошлидир. Мисол учун, Анатолий Мельник * биродаримизнинг отасини ҳибсга олиб, Сибирга сургун қилишганда, у бор-йўғи 12 ёшда эди. Бу улар оиласи билан яшаган Молдавиядан 7 000 километрдан ошиқ масофада эди. Бир йил ўтгач эса, биродар Анатолий онаси, бобо ва бувиси билан Сибирга сургун қилинган. Вақт ўтиб, улар у ерда йиғилишларга қатнаш учун бошқа қишлоққа боришган. Улар у ерга қорда, изғирин совуқда 30 километр йўл босиб боришарди. Кейинчалик, Анатолий акамиз қамоққа ташланганда, хотини Лидия ва бир яшар қизи ёлғиз қолиб кетган эди. У уч йил қамоқда ўтирган. Ўша мушкул даврда Анатолий ва унинг оиласи Яҳовага тинмай хизмат қилишган. Ҳозирги кунда биродар Анатолий 82 ёшда бўлиб, Ўрта Осиёдаги Филиал қўмитасида хизмат қилади. Келинг, ушбу жуфтлик сингари, биз ҳам Яҳовага қўлимиздан келганча хизмат қилиб, илгаригидай бардошли бўлайлик. (Галат. 6:9)

УМИДИНГИЗГА КЎЗ ТИКИНГ!

14. Павлус мақсадига етиши учун нима қилиши кераклигини тушунган?

14 Павлус мусобақани якунига етказа олишига ва мақсадига эриша олишига ишонган. Мойланган масиҳий сифатида у «Тангрининг... берган самовий даъватига, мукофотига» умид қилган. Лекин бунга эришиш учун у «интилиши» кераклигини тушунган. (Филип. 3:14) Павлус филиппиликлар мақсадига эришишига ёрдам бериш учун ажойиб мисол келтирган.

15. Қандай қилиб Павлус фуқаролик борасида мисол келтириб, Филиппидаги масиҳийларни интилишга ундаган?

15 Павлус филиппиликларга улар осмон фуқаролари бўла олишини эслатган. (Филип. 3:20) Нега у бундай қилган? Ўша пайтда Рим фуқароси бўлиш жуда ҳам қадрланарди *. Лекин мойланган масиҳийлар ундан-да юксакроқ ҳукуматнинг фуқаролари бўлиш имкониятига эга эди. Бу фуқаролик Рим фуқаролигига қараганда анча қадрлироқ эди. Шу боис, Павлус филиппиликларни: «Фақат Масиҳ тўғрисидаги хушхабарга муносиб равишда кун кечиринглар»,— деб ундаган. (Филип. 1:27) Бугунги кунда мойланган масиҳийлар осмондаги мукофотини қўлга киритишга интилиб, бизга яхши ўрнак кўрсатишмоқда.

16. Осмонда яшашга ёки ер юзидаги жаннатда яшашга умид қиламизми, Филиппиликларга 4:6, 7 га биноан, нима қилишимиз керак?

16 Осмонда яшашга ёки ер юзидаги жаннатда яшашга умид қиламизми, мақсадимизга етишга интилишимиз зарур. Вазиятимиз қандай бўлмасин, ортда қолган нарсалар ҳақида ўйламаслигимиз лозим; интилишдан ҳам тўхтамаслигимиз керак. (Филип. 3:16) Умидимиз амалга ошмаётгандай туюлиши мумкин ёки жисмонан заифлашиб бораётгандирмиз. Кўп йиллар мобайнида таъқиблару қувғунларни бошдан кечириб келаётгандирмиз. Қандай вазиятда бўлманг, «ҳеч нарсадан ташвишланманг». Аксинча, илтижода тилакларингизни Аллоҳга билдиринг. Шунда, ҳатто тасаввур қила олмайдиган даражада тинчликка эга бўла оласиз. (Филиппиликларга 4:6, 7 ни ўқинг.)

17. Кейинги мақоладан нимани билиб оламиз?

17 Мусобақада жон куйдираётган қатнашувчилар сингари, келинг, биз ҳам бутун диққатимизни ҳаёт учун мусобақани ўз якунига етказиш мақсадига қаратайлик! Қолаверса, кучимизу вазиятимиз йўл қўйганча, бўлажак баракаларга интилиб, жон куйдиришда давом этайлик. Тўғри йўналишда интилиш ва чидамли бўлиш учун нима қилишимиз керак? Кейинги мақоладан ҳаётимизда нима биринчи ўринда бўлиши кераклигини ва «қайси нарсалар муҳимроқ эканини фарқлай» олишимизга нима ёрдам беришини билиб оламиз. (Филип. 1:9, 10)

79- ҚЎШИҚ Пок қалбга собит қолишни ўргатайлик

^ абз. 5 Қанча вақт давомида хизмат қилишимиздан қатъи назар, масиҳийлар сифатида маънан ўсиб, яхшиланмоқчимиз. Ҳаворий Павлус имондошларини таслим бўлмасликка ундаган. Ҳаёт учун мусобақада чопар эканмиз, у филиппиликларга йўллаган мактубдан чидамли бўлишимизга кўмаклашадиган ундовни топишимиз мумкин. Ушбу мақоладан Павлуснинг сўзларини қай йўсин қўллай олишимизни билиб оламиз.

^ абз. 11 Биродар Секорднинг таржимаи ҳоли «Қўриқчи минораси»нинг 1965 йил 15 июнь сонида (ингл.) «Ҳақ топиниш олға сурилишига қўшган ҳиссам» номли мақолада келтирилган.

^ абз. 13 Мельник акамизнинг таржимаи ҳоли «Уйғонинг!» журналининг 2004 йил 22 октябрь (рус) сонида «Болалигимдан Худони севишга ўрганганман» номли мақолада келтирилган.

^ абз. 15 Филиппи шаҳри Рим колонияси бўлгани учун, аҳолиси Рим фуқаролари эга бўлган баъзи ҳуқуқларга эга эди. Шунинг учун Павлуснинг мисоли филиппиликларга тушунарли эди.