Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

32- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Севгингиз ортиб борсин

Севгингиз ортиб борсин

Севгингиз... тобора ортиб бориши ҳақда доимо ибодат қилиб сўрайман. ФИЛИП. 1:9

106- ҚЎШИҚ Севгига бурканайлик

БУ МАҚОЛАДА *

1. Филиппида жамоат ташкил қилишга ким ёрдам берган?

ҲАВОРИЙ ПАВЛУС, Сила, Луқо ва Тимўтий Рим колонияси бўлган Филиппи шаҳрига келишганда, у ердаги кўп одамлар Шоҳлик ҳақидаги хушхабарга қизиқиш билдирган. Бу тўртта ғайратли биродар жамоат ташкил қилишга ёрдам беради ва барча биродару опа-сингиллар биргаликда йиғила олади. Эҳтимол, улар Лидия исмли имондошимизнинг уйида учрашишган. (Ҳавор. 16:40)

2. Кўп ўтмай Филиппидаги жамоат қандай қийинчиликка дуч келган?

2 Кўп ўтмай бу янги жамоат қийинчиликларга дуч келди. Шайтон ҳақиқатдан нафратланган одамлардан фойдаланиб, Павлус ва ҳамкорларининг хизматига қаршилик кўрсатди. Павлус ва Сила ҳибсга олинган, хивич билан саваланган ва қамоққа ташланган. Озодликка чиққач, улар яқинда ҳақиқатни қабул қилган имондошлариникига бориб, далда берган. Сўнг Павлус, Сила ва Тимўтий шаҳарни тарк этган, Луқо эса, шу ерда қолган. Хўш, яқинда ҳақиқатни қабул қилган биродару опа-сингиллар энди қандай йўл тутади? Яҳованинг руҳи ёрдамида улар ғайрат ила хизмат қилишда давом этди. (Филип. 2:12) Павлус улар билан фахрланса арзирди!

3. Филиппиликларга 1:9–11 га кўра, Павлус нима ҳақида ибодат қилган?

3 Тахминан ўн йил ўтгач, Павлус Филиппидаги жамоатга хат ёзган. Бу мактубни ўқир экансиз, Павлус у ердаги имондошларини қанчалар яхши кўрганини тезда тушунасиз. У имондошларини Исо Масиҳдай севишини ва жуда соғинганини ёзган. (Филип. 1:8) Шунингдек, улар учун ибодат қилганини айтиб ўтган. Павлус уларнинг севгиси ортиши, қайси нарсалар муҳимроқ эканини фарқлаши, бенуқсон бўлиши, бошқаларни қоқинтирмаслиги ва одиллик самараларини келтириши учун Яҳовадан уларга ёрдам беришини сўраган. Шубҳасизки, Павлуснинг самимий сўзларидан кўп нарсани ўрганишимиз мумкинлигига қўшиласиз. Шу боис, келинг, Павлус филиппиликларга нима деб ёзганини ўқийлик. (Филиппиликларга 1:9–11 ни ўқинг.) У қаламга олган фикрлар устида мулоҳаза юритиб, қай йўсин уларга амал қилишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз.

СЕВГИНГИЗ ОРТИБ БОРСИН

4. а) 1 Юҳанно 4:9, 10 га кўра, Яҳова бизни севишини қандай кўрсатди? б) Худони қанчалар қаттиқ севишимиз керак?

4 Яҳова Ўғлини ер юзига — гуноҳларимиз учун ўлишга юбориб, бизни қанчалар севишини кўрсатди. (1 Юҳанно 4:9, 10 ни ўқинг.) Яҳованинг бизга бўлган самимий севгиси бизни ҳам Уни севишга ундайди. (Рим. 5:8) Хўш, Худони қанчалар қаттиқ севишимиз керак? Исо бир фарзийга қуйидагича жавоб берган: «Тангрингиз Яҳовани бутун қалбингиз, бутун жонингиз ва бутун онгингиз билан севинг». (Мат. 22:36, 37) Ҳа, Худони бутун қалбимиз билан севишни истаймиз. Бундан ташқари, Унга бўлган севгимиз кундан-кунга ортиб боришини хоҳлаймиз. Павлус филиппиликларга уларнинг севгиси «тобора ортиб бориши» кераклигини айтган. Худога бўлган севгимизни кучайтириш учун нима қила оламиз?

5. Қай йўсин севгимиз кучайиши мумкин?

5 Худони севиш учун Уни таниб-билишимиз керак. Унинг Каломида: «Севмайдиган киши Худони танимаган, чунки Аллоҳнинг Ўзи севгидир»,— деб ёзилган. (1 Юҳан. 4:8) Ҳаворий Павлус Худо ҳақида «аниқ билимга» эга бўлганимиз ва «иродасини тўлиқ» тушунганимиз сайин, Худони янада севишимизни тушунтирган. (Филип. 1:9) Муқаддас Китобни ўрганишни бошлаганимизда, ҳатто кўп билимга эга бўлмасак ҳам, Худони севганмиз. Дарҳақиқат, Яҳова тўғрисида кўпроқ билганимиз сари, Унга бўлган севгимиз ҳам кучайган. Шуниси аниқки, мунтазам равишда Муқаддас Китобни ўқишни ва устида мулоҳаза юритишни ҳаётимизнинг муҳим қисми деб ҳисоблаймиз! (Филип. 2:16)

6. Юҳаннонинг биринчи мактуби 4:11, 20, 21 дан кўпроқ севиш борасида нимани ўрганяпмиз?

6 Яҳова бизни қаттиқ севгани учун имондошларимизни яхши кўрамиз. (1 Юҳанно 4:11, 20, 21 ни ўқинг.) Эҳтимол, биродару опа-сингилларимизни севиш қийин эмас деб ўйлармиз. Ахир барчамиз Яҳовага топинамиз ва Унга тақлид қилишни истаймиз. Шунингдек, бизни қаттиқ севиб жонини қурбон қилган Исонинг ўрнагига эргашамиз. Аммо бир-биримизни севиш ҳақидаги амрга бўйсуниш баъзида осон бўлмаслиги мумкин. Филиппидаги жамоатда бўлган вазиятга диққат қаратайлик.

7. Павлуснинг Эводия ва Синтихага берган маслаҳатидан қандай сабоқ оляпмиз?

7 Эводия ва Синтиха ҳаворий Павлус билан «елкама-елка» хизмат қилган ғайратли имондошлар эди. Лекин қандайдир келишмовчилик туфайли уларнинг ўртасида низо пайдо бўлган. Павлус ўша имондошларимиз хизмат қилган жамоатга мактуб йўллаганида, уларнинг исмларини тилга олиб, «ҳамфикрликни сақлашни» насиҳат қилган. (Филип. 4:2, 3) Шунингдек, у бутун жамоатга қуйидаги маслаҳатни ёзиш керак деб билган: «Ҳамма нарсани нолимай ва баҳслашмай қилинглар». (Филип. 2:14) Шубҳасизки, Павлус тўғридан-тўғри берган мазкур маслаҳат нафақат садоқат ила хизмат қилган Эводия ва Синтихага, балки бутун жамоатга бир-бирига бўлган севгисини кучайтиришга ёрдам берган.

Нима учун имондошларимизга ижобий нуқтаи назар билан қарашимиз керак? (8- хатбошига қаранг.) *

8. Имондошларни севишда қандай тўсиқ бўлиши мумкин ва қай йўсин уни енга оламиз?

8 Гоҳида Эводия ва Синтиха сингари биз учун ҳам улкан бир тўсиқ, яъни камчиликларга диққат қаратиш туфайли бошқаларни севиш қийин бўлиши мумкин. Барчамиз ҳар куни хатолар қиламиз. Борди-ю, бошқаларнинг камчиликлари тўғрисида ўйлайверсак, уларга бўлган севгимиз совиб қолади. Масалан, биродар Йиғилиш залини тозалашда ёрдам беришни унутса, жаҳлимиз чиқиши мумкин. Агар ўша биродарнинг барча хатолари борасида рўйхат тузсак, ундан янада аччиғимиз чиқиб, севгимиз сўниб қолади. Сиз ҳам шундай вазиятда бўлсангиз, қуйидаги фикр борасида мулоҳаза юритсангиз, яхши бўларди: Яҳова ҳам бизнинг, ҳам ўша биродарнинг хатоларини кўриб турибди. Бироқ камчиликларимиз бўлишига қарамай, Яҳова бизни ҳам, биродаримизни ҳам севади. Шундай экан, Яҳованинг севгисига тақлид қилиб, имондошларимизнинг ижобий тарафларига диққат қаратайлик. Биродару опа-сингилларимизни севиш учун жон куйдирсак, улар билан бўлган бирлик ришталарини мустаҳкамлаймиз. (Филип. 2:1, 2)

«МУҲИМРОҚ» НАРСАЛАР

9. Павлуснинг Филиппиликларга йўлланган мактубидаги «муҳимроқ» нарсаларга нималар киради?

9 Павлус илоҳий илҳом остида Филиппидаги ва барча масиҳийларни «қайси нарсалар муҳимроқ эканини фарқлашга» ундаган. (Филип. 1:10) Бу муҳимроқ нарсалар Худонинг исми муқаддас бўлишини, Унинг ниятлари амалга ошишини ва жамоатда тинчлигу бирлик бўлишини ўз ичига олади. (Мат. 6:9, 10; Юҳан. 13:35) Юқорида айтиб ўтганларимиз ҳаётимизда муҳим ўринни эгалласа, Яҳовани севишимизни кўрсатган бўламиз.

10. Бенуқсон бўлиш учун нима қилишимиз керак?

10 Қолаверса, Павлус «бенуқсон» бўлишимиз кераклигини айтган. Бу мукаммал бўлишни англатмайди. Албатта, Аллоҳ Яҳова каби бенуқсон бўла олмаймиз. Лекин севгимизни кучайтириш ва нима муҳимроқ эканини фарқлаш учун қўлимиздан келганча ҳаракат қилсак, Яҳова бизни бенуқсон деб билади. Севгимизни кўрсатишнинг йўлларидан бири бошқаларни қоқинтирмаслик учун жон куйдиришдир.

11. Нима учун бошқаларни қоқинтиришдан қочишимиз керак?

11 Бошқаларни қоқинтиришдан қочиш жиддий огоҳлантирувдир. Қандай қилиб бошқаларни қоқинтиришимиз мумкин? Масалан, бу танлаган ўйин-кулги, кийиниш услуби ёки ҳатто ишимиз туфайли бўлиши мумкин. Аслида, биз танлаган йўл ёмон бўлмас, аммо танловимиз кимнингдир виждонига таъсир қилса ва у қоқиниб қолса, бу жиддий масала. Исо унинг издошларидан бирини қоқинтирган кишининг бўйнига оғир тош осиб, денгизга чўктириб юбориш яхшироқ деб айтган. (Мат. 18:6)

12. Кашшоф жуфтликнинг тутган йўлидан қандай сабоқ оляпмиз?

12 Кашшоф бўлган бир жуфтлик Исонинг огоҳлантирувига амал қилганини кўриб чиқайлик. Улар хизмат қилган жамоатда яқинда сувга чўмган бир жуфтлик ҳам бор бўлиб, улар қаттиққўл ва кўп нарса ман қилинган оилада улғайганди. Ўша жуфтлик масиҳийлар ҳатто ахлоқан пок фильмларни томоша қилиш учун кинотеатрга бориши мумкин эмас деб ҳисоблаган. Улар кашшоф бўлган жуфтлик кино кўришга борганини эшитиб ҳайрон қолган. Бундан сўнг кашшоф жуфтлик яқинда сувга чўмган бу имондошлари виждонини тарбиялаб, мувозанатли бўлишни ўргангунига қадар кинотеатрга боришдан воз кечган. (Иброн. 5:14) Беғаразлик ила бундай йўл тутиб, улар яқинда сувга чўмган ўша имондошларини нафақат сўзда, балки амалда ҳам севишини кўрсатди. (Рим. 14:19–21; 1 Юҳан. 3:18)

13. Қандай қилиб бошқалар гуноҳ қилишига замин яратиб қўйишимиз мумкин?

13 Бошқаларни қоқинтиришимиз мумкин бўлган яна бир вазият, улар гуноҳ қилишига замин яратишдир. Бу қандай юз бериши мумкин? Қуйидаги вазият борасида мулоҳаза юритиб кўринг. Муқаддас Китобни ўрганаётган бир киши узоқ ва жон-жаҳди билан ҳаракат қилгач, спиртли ичимликларни суиистеъмол қилмайдиган бўлди. У бундай ичимликларни умуман истеъмол қилмаслиги кераклигини тушунди. У ҳаётига кўпгина ўзгаришлар киритиб, сувга чўмди. Кейинчалик бир масиҳий яхши ниятлар ила уни ўтиришга чақиради ва спиртли ичимлик ичишга ундаб қуйидагича дейди: «Сиз энди сувга чўмгансиз. Сизда Яҳованинг руҳи бор. Муқаддас руҳ самарасидан бири эса, ўзини тута билишдир. Ўзингизни тута билар экансиз, озгина ича оласиз». Яқинда сувга чўмган биродар бу таклифга рози бўлса, оқибати қандай бўлишини бир тасаввур қилинг.

14. Қай йўсин йиғилишлар Филиппиликларга 1:10 даги маслаҳатларга амал қилишга ёрдам беради?

14 Йиғилишларимиз Филиппиликларга 1:10 даги маслаҳатларга турли йўллар орқали амал қилишимизга ёрдам беради. Биринчидан, маънавий озуқага бой дастур бизга Яҳова нимани муҳимроқ деб билишини эслатади. Иккинчидан, бенуқсон қолиш учун билиб олганларимизни амалда қўллашни ўрганамиз. Учинчидан, «севишга ва эзгу ишлар қилишга» ундаламиз. (Иброн. 10:24, 25) Биродару опа-сингилларимиз бизга далда бергани сайин, Аллоҳга ва имондошларга бўлган севгимиз тобора ошиб боради. Қалбимиз бу иккита севгига тўлганда, бошқаларни қоқинтирмаслик учун қўлимиздан келганини қиламиз.

«ОДИЛЛИК САМАРАЛАРИГА БОЙ БЎЛИШДАН» ТЎХТАМАНГ

15. «Одиллик самараларига бой бўлиш» нимани билдиради?

15 Павлус Филиппидаги имондошлари «одиллик самараларига бой бўлишини» тинмай ибодат қилиб сўраган. (Филип. 1:11) Шуниси аниқки, «одиллик самаралари» уларнинг Яҳовага ҳамда Унинг халқига бўлган севгисини ўз ичига олган. Қолаверса, уларнинг Исога бўлган ишончи ва ажойиб умиди тўғрисида бошқаларга айтишдан иборат эди. Филиппиликларга 2:15 да эса, у бошқа мисолни келтириб, «дунёда ёриткичлар сингари порланглар» дейди. Бу мисол жуда ўринли, чунки Исо шогирдларини «дунёнинг нури» деб атаган. (Мат. 5:14–16) Шунингдек, у издошларига «шогирд тайёрлашни» амр этиб, «ернинг четларига қадар» шоҳидлик беришларини айтган. (Мат. 28:18–20; Ҳавор. 1:8) Бу энг муҳим ишда фаол қатнашиб, «одиллик самараларини» келтирамиз.

Павлус Римда уй қамоғида бўлганида, Филиппидаги имондошларига мактуб ёзади. Ўшанда Павлус имкониятдан фойдаланиб, соқчиларига ҳамда уникига ташриф буюрганларга ваъз қилади. (16- хатбошига қаранг.)

16. Филиппиликларга 1:12–14 га кўра, қандай қилиб қийин вазиятларда ҳам ёриткичлар сингари порлай оламиз? (Муқовадаги расмга қаранг.)

16 Вазиятимиз қандай бўлмасин, «ёриткичлар сингари» порлай оламиз. Баъзида хушхабарни бўлишишга халақит қилаётган тўсиқ, ваъз қилиш имкониятини яратиши мумкин. Мисол учун, ҳаворий Павлус филиппиликларга мактуб ёзганида, Римда уй қамоғида бўлган. Аммо у занжирбандлигига қарамай, соқчиларию ташриф буюрганларга ваъз қилган. Павлус бундай вазиятда ҳам ғайрат ила шоҳидлик берган ва бу унга имондошларига «Худонинг сўзини... қўрқмасдан» гапириш учун аминлик ва жасорат бахш этган. (Филиппиликларга 1:12–14 ни ўқинг; 4:22)

Доим хизматда тўлиқ иштирок этиш йўлларини изланг (17- хатбошига қаранг.) *

17. Қийин вазиятларда ҳам ҳосил келтириш борасида замонавий мисол келтиринг.

17 Кўпгина биродару опа-сингилларимизда Павлус жасорат ила кўрсатган ўрнагига тақлид қилиш имкони бор. Улар яшайдиган ҳудудларда очиқчасига уйма-уй хизмат қилиш имкони бўлмагани боис, хизмат қилишнинг бошқа йўлларини излайди. (Мат. 10:16–20) Шундай ҳудудлардан бирида туман нозири ҳар бир ваъзгўй қариндош, қўшни, синфдош, ҳамкасб ва танишларидан иборат ўз «ҳудудини» яратишни таклиф қилди. Икки йил ичида ўша тумандаги жамоатлар сони анчага ўсди. Эҳтимол, биз яшаётган ҳудудда эркин ваъз қила олармиз. Аммо бу топқир имондошлардан ажойиб сабоқ оляпмиз: хизматда тўлиқ иштирок этиш учун турли йўлларни изланг ҳамда Яҳова тўсиқларни енгиб ўтишингиз учун сизга керакли кучни беришига ишонинг. (Филип. 2:13)

18. Нима қилишга қароримиз қатъий бўлиши лозим?

18 Муҳим пайтларда яшар эканмиз, Павлуснинг илоҳий илҳом остида филиппиликларга ёзган маслаҳатига амал қилиш қароримиз қатъий бўлсин. Келинг, нима муҳимроқ эканини фарқлайлик, бенуқсон қолайлик, бошқаларни қоқинтиришдан қочайлик ва одиллик самараларини келтирайлик. Шунда севгимиз ортиб боради ва меҳрга тўла Отамиз Яҳовага шараф келтирамиз.

17- ҚЎШИҚ «Албатта истайман!»

^ абз. 5 Имондошларга бўлган севгимизни ҳозир ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ кучайтиришимиз керак. Филиппиликларга йўлланган мактуб ҳатто қийин бўлганида ҳам, қай йўсин севгимизни орттиришимиз мумкинлигини кўришга ёрдам беради.

^ абз. 54 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Йиғилиш залини тозалаётганда Жой исмли биродар бошқа имондошимиз ва унинг ўғли билан гаплашяпти. Бу эса, иш қилаётган Майкнинг ғашига тегади. У шундай деб ўйлайди: «Жой гап сотишнинг ўрнига, ишласа яхши бўларди». Кейинчалик Майк Жой ёши улуғ опамизга ёрдам бераётганини кўради. Бу туфайли Майк имондошларининг яхши тарафлари ҳақида кўпроқ ўйлаш кераклигини эслайди.

^ абз. 58 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Яҳованинг Шоҳидлари очиқчасига ваъз қила олмайдиган ҳудудда биродар мулоҳазакорлик ила танишига Шоҳлик ҳақидаги хабарни айтади. Кейин ишда танаффус пайтида у ҳамкасбига шоҳидлик беради.