Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

33- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Сизни тинглайдиганлар қутқарилади

Сизни тинглайдиганлар қутқарилади

Ўзингга ва қандай таълим бераётганингга ҳамиша диққатли бўл. Бундай йўл тутаверсанг, ҳам ўзингни, ҳам сени тинглаётганларни қутқарасан. 1 ТИМ. 4:16

67- ҚЎШИҚ «Каломни ваъз эт»

БУ МАҚОЛАДА *

1. Қариндошларимиз нима қилишини хоҳлаймиз?

ФАРИЗА * исмли имондошимиз шундай деди: «Ҳақиқатни билгач, оила аъзоларим ҳам жаннатда яшашини хоҳладим. Айниқса, турмуш ўртоғим ва ўғилчамиз Яҳовага хизмат қилишларини истардим». Сизда ҳам Яҳовани таниб-билмаган ва Уни яхши кўрмайдиган қариндошларингиз борми? Балким сиз ҳам ўзингизни Фариза каби ҳис этаётгандирсиз.

2. Ушбу мақолада қайси саволларни кўриб чиқамиз?

2 Тўғри, қариндошларимизни хушхабарни қабул қилишга мажбурлай олмаймиз, аммо Муқаддас Китобдаги хабарни уларнинг онгию қалбига етказа олишимиз мумкин. (2 Тим. 3:14, 15) Нега уларга шоҳидлик беришимиз лозим? Нима учун фаҳмли бўлишимиз даркор? Улар биз каби Яҳовани яхши кўра олишига ёрдам бериш ниятида нима қила оламиз? Биродару опа-сингилларимиз қандай ёрдам бериши мумкин?

НЕГА ҚАРИНДОШЛАРГА ШОҲИДЛИК БЕРИШИМИЗ ЛОЗИМ?

3. Нега 2 Бутрус 3:9 га кўра, қариндошларимизга шоҳидлик беришимиз керак?

3 Яқинда Тангри Яҳова бу ёвуз дунёга чек қўяди. «Мангу ҳаётга элтувчи ҳақиқатни қабул қилишга мойил бўлган» кишиларгина омон қолади. (Ҳавор. 13:48) Нотаниш одамларга ваъз қилиш учун анчагина вақтимизу кучимизни сарфлаймиз, шу боис қариндошларимиз биз билан Яҳовага хизмат қилишини хоҳлаш табиийдир. Меҳрибон Отамиз Яҳова «ҳеч кимнинг ҳалок бўлишини истамайди, аммо ҳамманинг тавба қилишини хоҳлайди». (2 Бутрус 3:9 ни ўқинг.)

4. Қариндошларга шоҳидлик берганда, қандай хатога йўл қўйишимиз мумкин?

4 Нажотбахш хабарни ҳам тўғри, ҳам нотўғри йўл билан бўлишиш мумкинлигини унутмаслигимиз керак. Масалан, нотаниш кишиларга ваъз қилганда хушмуомала тарзда гапирармиз, қариндошимизга эса қўполроқ.

5. Қариндош-уруғларимиз билан хушхабарни бўлишганда нимани ёдда тутишимиз керак?

5 Аксариятимиз илк бор қариндошларга қандай шоҳидлик берганидан ҳозир афсусланиб, буни бошқачароқ тарзда қилишни истаётгандир. Ҳаворий Павлус шундай маслаҳат берган: «Сўзларингиз доимо ёқимли ва мазали бўлсин. Шунда ҳар бир кишига қандай жавоб бериш кераклигини биласизлар». (Колос. 4:5, 6) Қариндош-уруғларимиз билан суҳбатлашганда, бу сўзларни ёдимизда тутсак яхшидир. Негаки, хушхабарга жалб қилишнинг ўрнига, уларни ранжитиб қўйишимиз ҳеч гап эмас.

ҚАРИНДОШЛАРИМИЗГА ҚАНДАЙ ЁРДАМ БЕРА ОЛАМИЗ?

Фаҳм ила ҳаракат қилганингиз зўр шоҳидликдир (6–8- хатбошиларига қаранг.) *

6–7. Турмуш ўртоғига нисбатан фаҳмлироқ бўлиш кераклигини кўрсатувчи мисол келтиринг.

6 Фаҳмли бўлинг. Фариза шундай давом этди: «Эрим билан аввалига фақат Аллоҳ ва Муқаддас Китоб ҳақида гаплашмоқчи эдим. Оддий мавзуларда гаплашмасдик». Лекин эри Рашид Муқаддас Китоб борасида кўп билимга эга эмас эди ва хотини нималарни айтиб бераётганини тушунмасди. Унга хотини нуқул дини ҳақида гапираётгандай туюларди. У Фариза қанақадир мазҳабга кириб, алданган деб ташвишланди.

7 Фаризанинг айтишича, у йиғилишлар, хизмат ва ўтиришларга бориб, кўп оқшомлари ва дам олиш кунларини биродару опа-сингиллари билан ўтказарди. У: «Рашид акам уйга келганда, гоҳида ҳеч ким бўлмасди ва ўзини ёлғиз ҳис қиларди»,— деди. Албатта, у рафиқаси ва ўғлини соғинарди. Улар қандай инсонлар билан вақт ўтказаётганини у билмасди ва янги дўстлари ундан кўра муҳимроқдай туюла бошлади. Охири Рашид ажрашаман деб дўқ-пўписа қилди. Сизнингча, Фариза қандай қилиб фаҳмлироқ бўла оларди?

8. Бутруснинг биринчи мактуби 3:1, 2 га биноан, қариндошларимизда нима чуқур таассурот қолдиради?

8 Сўзларингиз амалда кўринсин. Одатда сўзларимизга қараганда, ишларимиз қариндошларимизда чуқурроқ таассурот қолдиради. (1 Бутрус 3:1, 2 ни ўқинг.) Фариза буни вақт ўтгач тушунди. «Рашид акам бизни яхши кўришини ва аслида ажрашмоқчи эмаслигини тушунардим. Лекин дўқ-пўписаларидан сўнг Яҳованинг никоҳ борасидаги маслаҳатларига амал қила бошладим. Унга ҳақиқат тўғрисида кўп гапиришнинг ўрнига, ҳаракатларим орқали яхши ўрнак кўрсатишим керак эди»,— деди у. Фариза умр йўлдошини Муқаддас Китоб ҳақида гаплашишга мажбурламай, оддий мавзулар тўғрисида суҳбатлашадиган бўлди. Рашид хотини янада хушмуомала бўлгани ва хулқ-атвори ўзгарганини пайқади. (Ҳик. 31:18, 27, 28) У Муқаддас Китобдаги хабар оиласига яхши таъсир қилаётганига эътибор берди. Натижада хушхабарга қизиқиш кўрсатиб, уни қабул қилди. (1 Кор. 7:12–14, 16)

9. Нега қариндошларимизга ёрдам беришда давом этишимиз керак?

9 Қариндошларингизга ёрдам беришда давом этинг. Яҳова биз учун аъло ўрнак. У одамлар хушхабарни эшитиб, нажот топишларига «қайта-қайта» имконият бермоқда. (Ерм. 44:4) Ҳаворий Павлус Тимўтийга бошқаларга ёрдам бериш кераклигини айтган. Сабаби, шундай қилиб, у ҳам ўзини, ҳам уни тинглаганларни қутқара оларди. (1 Тим. 4:16) Қариндошларимизни яхши кўрганимиз учун, Худонинг Каломидаги ҳақиқатларни уларга очиб беришни истаймиз. Фаризанинг сўзларию ишлари вақт ўтиб оиласига яхши таъсир қилди. Ҳозирги кунда у эри билан Яҳовага хизмат қилаётганидан хурсанд. Иккови ҳам кашшоф, эри эса оқсоқол бўлиб хизмат қилади.

10. Нима учун сабрли бўлишимиз лозим?

10 Сабрли бўлинг. Худонинг меъёрлари бўйича яшашни танлаганимизда, қариндошларимиз учун эътиқодларимизни ва ҳаёт тарзимизни қабул қилиш қийин кечиши мумкин. Одатда биз улар билан бирга диний маросимларда ва сиёсий ишларда қатнашмаётганимизга эътибор беришади. Бошида баъзи қариндошларимиз ғазабланиши мумкин. (Мат. 10:35, 36) Бироқ улар ҳеч қачон ўзгармайди деб ўйламаслигимиз керак. Агар ҳақиқатни тушунтиришдан тўхтасак, уларни абадий ҳаётга лойиқ эмасдай ҳукм қилиб қўйган бўламиз. Яҳова ҳукм қилиш вазифасини бизга эмас, Исо Масиҳга топширган. (Юҳан. 5:22) Сабрли бўлсак, улар вақт ўтгач хушхабарни тинглашга тайёр бўлишар. (« Сайтни қўллаб, ваъз қилинг» номли рамкага қаранг.)

11–13. Элиснинг мисолидан қандай сабоқ олдингиз?

11 Қатъий ва меҳрибон бўлинг. (Ҳик. 15:2) Элиснинг мисолига эътибор берайлик. У Худога ишонмай, сиёсатга берилган ота-онасидан узоқда яшаганда ҳақиқатни билиб олган. Элис уларга хушхабарни имкон қадар тезроқ айтиб бериш кераклигини тушунган. У қуйидагича бўлишди: «Агар эътиқоду фаолиятингиз ҳақида яқинларингизга айтишни чўзаверсангиз, улар буни эшитганда кўпроқ хафа бўлишади». У ота-онасига қизиқарли бўлиши мумкин бўлган мавзулар асосида хатлар ёзди. Масалан, севги мавзусини танлаб, Муқаддас Китобда у ҳақида ёзилган фикрларни келтиради ва улар бу борада қандай фикрда эканини сўрарди. (1 Кор. 13:1–13) Катта қилиб, қўллаб-қувватлагани учун ота-онасига миннатдорчилик билдирди ва совғалар юборди. Ота-онасининг уйига борганда эса, қўлидан келганча уй ишларида уларга кўмаклашган. Бошида, Элис эътиқодларини ота-онасига айтиб берганда, бу уларга унча ёқмади.

12 У ерда бўлганда, у мунтазам равишда Муқаддас Китобни ўқиган. «Бу онамга Муқаддас Китоб мен учун қанчалар муҳим эканини тушунишига ёрдам берди»,— деди Элис. Отаси қизининг фикри нима сабабли ўзгарганини тушуниш ниятида Муқаддас Китоб борасида оз-моз билиб олишга қарор қилди. Шу йўсин у Муқаддас Китобдан айб топмоқчи эди. Элис шундай деб айтди: «Отамга Муқаддас Китобни бердим ва унинг ичига изоҳ ёзиб қўйдим». Қизиқ, натижаси қандай бўлди? Отаси ҳеч қандай айб топа олмади, аксинча, у унга жуда қаттиқ таъсир қилди.

13 Биз қатъий ва меҳрибон бўлиб, ҳатто қийинчиликларга чидамли бўлишимиз керак. (1 Кор. 4:12б) Масалан, Элиснинг онаси қарши бўлганда, у чидамли эди. У шундай деди: «Сувга чўмганимда, онам: “Сен ёмон қизсан”,— деб айтган». Элис қандай йўл тутган? «Диним ҳақида гапиришдан қочмадим, лекин Яҳованинг Шоҳиди бўлишга қарор қилганимни ва ниятимдан қайтмаслигимни ҳурмат ила айтдим. Мен онамни ўз севгимда ишонтиришга ҳаракат қилдим. Икковимиз ҳам кўз ёш қилдик ва мазали таом тайёрлаб бердим. Ўшандан бери онам мен Муқаддас Китоб туфайли яхшироқ шахсга айланганимни англай бошлади».

14. Нима сабабли Яҳовага хизмат қилиш қароримиздан қайтмаслигимиз керак?

14 Қариндошларимиз Яҳовага хизмат қилиш биз учун қанчалар муҳим эканини тўлиқ тушунишлари учун вақт керак. Мисол учун, Элис ота-онаси хоҳлаган мартабага эга бўлишга эмас, кашшоф бўлишга қарор қилганда, онаси яна йиғлаган. Лекин у қатъий эди. «Агар бир марта ён берсангиз, оила аъзоларингиз бошқа масалаларда ҳам босим ўтказиш эҳтимоли бор. Аммо меҳрибон ва шу билан бирга қатъий бўлсангиз, уларнинг айримлари хушхабарни қабул қилар»,— деди Элис. Бу Элиснинг оиласида юз берди, унинг ота-онаси ҳозир кашшоф ва отаси оқсоқол.

ЖАМОАТДАГИЛАР ҚАНДАЙ ЁРДАМ БЕРА ОЛАДИ?

Имондошлар қариндошларимизга ваъз қилишимизга қандай ёрдам бера олади? (15–16- хатбошиларига қаранг.) *

15. Матто 5:14–16 ва 1 Бутрус 2:12 га кўра, «яхши ишлар» қариндошларга қандай ёрдам бериши мумкин?

15 Яҳова одамларни хизматчиларининг «яхши ишлари» орқали Ўзига жалб қилади. (Матто 5:14–16; 1 Бутрус 2:12 ни ўқинг.) Агар турмуш ўртоғингиз Яҳованинг Шоҳиди бўлмаса, имондошларингиз билан танишми? Фариза биродару опа-сингилларни эри билан таништириш учун уйига таклиф қилган. Эри Яҳованинг Шоҳидлари борасидаги нотўғри фикрини ўзгартиришга битта биродар ёрдам бергани ҳақида қуйидагича бўлишди: «У бир кунга таътил олиб, мен билан бирга спорт ўйинини томоша қилди. Ана, бўлар экан-ку, деб ўйладим».

16. Нега қариндошларимизни йиғилишларга таклиф қилишимиз керак?

16 Қариндошларга ёрдам беришнинг яна бир ажойиб йўли, уларни йиғилишларга таклиф қилиш. (1 Кор. 14:24, 25) Рашид биринчи марта борган йиғилиш — Қутлуғ Кечлик маросими эди. Чунки у ишидан кейин бўлган ва кўп давом этмаган. «Нутқни тушунмадим, бироқ одамлар ўзини қандай тутгани ҳалиям эсимда. Улар ёнимга келиб, мени илиқ қарши олишган ва қўл бериб сўрашган. Улар жуда самимий эди»,— деб айтди у. Бир эр-хотин, дейлик исми Аҳмад ва Раъно, Фаризага жуда меҳрибон бўлиб, ўғлига йиғилишларга ва хизматга боришга кўмаклашган. Рашид эътиқодларимиз борасида кўпроқ билимга эга бўлишни хоҳлаганда, Аҳмаддан Муқаддас Китобни у билан тадқиқ қилишини сўраган.

17. Ўзимизни нимада айбламаслигимиз керак, аммо нега қариндошларимиз ҳеч қачон ўзгармайди деб ўйламаслигимиз лозим?

17 Барча қариндошларимиз Яҳовага биз билан бирга хизмат қилишига умид қиламиз. Лекин бизнинг ҳамма уринишларимизга қарамай, улар ҳақиқатни қабул қилмаслиги ҳам мумкин. Ундай бўлса, уларнинг қарори учун ўзимизни айбламаслигимиз керак. Нега деганда, ҳеч кимга эътиқодимизни мажбуран сингдира олмаймиз. Шундай бўлса-да, Яҳовага хизмат қилиш сизни қанчалар бахтиёр қилаётганини кўришса, бу уларга таъсир қилиши мумкин. Улар учун ибодат қилинг. Улар билан хушмуомала тарзда гаплашинг. Ёрдам беришда давом этинг. (Ҳавор. 20:20) Яҳова ҳаракатларингизга барака беришига ишонинг. Қариндошларингиз хушхабарга қулоқ солса, қутқарилиб қолади!

57- ҚЎШИҚ Ҳар турли одамларга ваъз қиламиз

^ абз. 5 Қариндошларимиз Яҳовани таниб-билишини жуда истаймиз. Аммо улар Унга хизмат қилиш ёки қилмасликни ўзлари ҳал қилиши керак. Бу мақолада қариндошларимиз бизни бемалол тинглашига нима кўмаклашиши мумкинлиги ҳақида гап боради.

^ абз. 1 Баъзи исмлар ўзгартирилган. Ушбу мақолада «қариндошлар» сўзи Яҳовага хизмат қилмайдиган оила аъзоларимизни билдиради.

^ абз. 53 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Ёш биродаримиз имондошимиз бўлмаган отасига ёрдам беряпти. Қулай пайтда jw.org® сайтимиздан видео кўрсатяпти.

^ абз. 55 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Синглимиз ишдан қайтган имондошимиз бўлмаган эрини диққат билан тинглаяпти. Сўнг улар бирга дам олишяпти.

^ абз. 57 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Синглимиз биродару опа-сингилларни меҳмонга таклиф қилган. Улар унинг турмуш ўртоғига самимий қизиқиш кўрсатяпти. Кейинчалик у хотини билан Қутлуғ Кечликка боради.