Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

15- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Исога тақлид қилиб, тинчликни сақлаб қолинг

Исога тақлид қилиб, тинчликни сақлаб қолинг

Ҳар қандай ўй-фикрдан устун бўлган Худонинг тинчлиги қалбингизни... ҳимоя қилади. ФИЛИП. 4:7

113- ҚЎШИҚ Тинчлик — Аллоҳ берган неъмат

БУ МАҚОЛАДА *

1–2. Нима учун Исо кучли босим остида эди?

ЕР ЮЗИДАГИ ҳаётининг сўнгги дамларида Исо хавотирланган. У қонунсиз одамлар томонидан даҳшатли тарзда қатл этилиш вақти яқинлашаётган эди. Лекин Исо уни кутаётган ўлими ҳақидагина ўйламаётган эди. У Отасини жуда ҳам яхши кўрарди ва Уни мамнун қилишни истаган. Исо бу мушкул қийинчилик палласида содиқ бўлиб қолса, Яҳованинг исми оқланишига ҳисса қўшишини билган. Исо одамларни севган ва ўлимигача садоқатли бўлиб қолса, биз абадий яшаш имкониятига эга бўла олишимизни у яхши тушунган.

2 Ҳатто кучли босим остида ҳам Исо хотиржам эди. Ҳаворийларига: «Ўз тинчлигимни сизларга беряпман»,— деган. (Юҳан. 14:27) Исо «Худонинг тинчлиги»га, яъни киши Яҳова билан қимматбаҳо муносабатларга эга бўлгани натижасида ҳис этадиган хотиржамликка эга бўлган. Бу тинчлик Исога ҳаддан ортиқ хавотирланмасликка ёрдам берган. (Филип. 4:6, 7)

3. Ушбу мақолада нимага диққат қаратамиз?

3 Албатта, ҳеч биримиз Исо бошидан кечирган қийинчиликларга дуч келмаганмиз, лекин унга эргашган ҳар бир киши синовларга дуч келади. (Мат. 16:24, 25; Юҳан. 15:20) У каби биз ҳам ўзимизни кучли босим остида ҳис этамиз. Хўш, ҳаддан ташқари ташвишланмаслик ва тинчликни йўқотмаслик учун нима қила оламиз? Келинг, Исо ер юзидаги хизмати давомида қилган учта ҳаракатига ва биз қийинчиликларга дуч келганда унга қай йўсин тақлид қила олишимиз мумкинлигига диққат қаратайлик.

ИСО ТЕЗ-ТЕЗ ИБОДАТ ҚИЛИБ ТУРГАН

Ибодат ёрдамида тинчликни сақлай оламиз (4–7- хатбошиларига қаранг.)

4. Салоникаликларга биринчи мактуб 5:17 ни ёдда тутган ҳолда, Исо ер юзидаги ҳаётининг охирги куни тез-тез ибодат қилгани борасида мисоллар келтиринг.

4 1 Салоникаликларга 5:17 ни ўқинг. Исо ердаги ҳаётининг сўнгги кунида тез-тез ибодат қилган. Шогирдларига унинг ўлимини қандай хотирлаш кераклигини кўрсатаётиб, нон ва шароб учун ибодат қилган. (1 Кор. 11:23–25) Фисиҳ байрамини ўтказгач, Исо кетишдан аввал шогирдлари билан ибодат қилган. (Юҳан. 17:1–26) Ўша тунда шогирдлари билан Зайтун тоғига борганда ҳам қайта-қайта ибодат қилган. (Мат. 26:36–39, 42, 44) Ўлимидан олдин ҳам сўнгги бор қилган иши ибодат эди. (Луқо 23:46) Ҳаётининг охирги куни Исо ҳар бир қадамида Яҳовага ибодат қилган.

5. Нега ҳаворийларнинг жасорати сўниб қолди?

5 Исо синов пайтида сабр-бардошли бўлганининг сабабларидан бири Отасига ибодат қилиб таянганида эди. Ҳаворийлар эса, бундай йўл тутишмади, ўша тунда ибодат билан банд бўлишмади. Оқибатда, қийинчиликка рўбарў келганда жасорати сўниб қолди. (Мат. 26:40, 41, 43, 45, 56) Қийинчиликлар гирдобида биз ҳам фақат Исонинг ўрнагига эргашиб, «доим ибодат қилсак», содиқ бўлиб қоламиз. Нима ҳақида ибодат қилишимиз мумкин?

6. Қандай қилиб имонимиз туфайли тинчликни сақлай оламиз?

6 Имонимизга имон қўшиши ҳақида Яҳовага ибодат қилсак бўлади. (Луқо 17:5; Юҳан. 14:1) Имонимиз кучли бўлиши лозим, чунки Шайтон Исонинг изидан эргашадиганларни синайди. (Луқо 22:31) Бирин-кетин муаммоларга дуч келганимизда ҳам тинчликни сақлашимизга имон қандай ёрдам беради? Қийинчиликни енгиш учун қўлимиздан келган барчасини қилганимизда, Яҳова бизга кўмаклашишига ишониш ҳаддан зиёд ташвишланмасликка ҳисса қўшади. Сабаби, У керакли вақтда энг яхши ечимни тақдим этишини биламиз. Худо барчасини биз кутганимиздан кўра аъло тарзда ҳал қилишига таянганимиз боис, ич-ичимиздан хотиржам бўлиб қоламиз. (1 Бутр. 5:6, 7)

7. Роберт биродаримизнинг сўзларидан нимага ўргансак бўлади?

7 Қандай синовларга дуч келмайлик, ибодат ёрдамида хотиржамликни сақлай оламиз. Ҳозир ёши 80 да бўлган Роберт исмли содиқ оқсоқолнинг мисолига эътибор қаратайлик. У шундай деди: «Филиппиликларга 4:6, 7 даги маслаҳат кўпгина қийинчиликларимни енга олишимга қўл келди. Пул масаласида муаммоларга дуч келган эдим. Бу туфайли муайян вақт давомида оқсоқол бўлиб хизмат қилмаётган эдим». Робертга хотиржамликни сақлашга нима ёрдам берди? «Ташвиш тортишни бошлаганимдаёқ ибодат қилишга тушардим. Қанча кўп ва чин юракдан ибодат қилсам, шунча кўп хотиржам бўлиб қолишимга ишонардим»,— деди у.

ИСО ҒАЙРАТ ИЛА ВАЪЗ ҚИЛГАН

Хизмат ёрдамида хотиржамликни сақлай оламиз (8–10- хатбошиларига қаранг.)

8. Юҳанно 8:29 га кўра нима сабабли Исо хотиржамликни сақлаган?

8 Юҳанно 8:29 ни ўқинг. Исо ҳатто таъқибларга дуч келганда ҳам хотиржамликни сақлаган, чунки бу орқали Отасини қувонтираётганини билган. Итоатли бўлиш қийин бўлганда ҳам у бўйсунган. Исо Отасини яхши кўргани учун Унга хизмат қилиш ҳаётининг мазмунига айланган. Осмонда у Худонинг «моҳир ишчиси» эди. (Ҳик. 8:30) Ер юзидаги хизмати давомида эса, у бошқаларга Отаси ҳақида таълим берган. (Мат. 6:9; Юҳан. 5:17) Бундан Исо улкан қувонч топган. (Юҳан. 4:34–36)

9. Нима учун хизмат билан банд бўлиш хотиржамликни сақлашга ёрдам беради?

9 Биз Яҳовага бўйсунишда Исога тақлид қилиб, «доимо Раббимизнинг иши билан банд бўла» оламиз. (1 Кор. 15:58) Воизлик ишига «астойдил киришганимизда», муаммоларимизга ижобийроқ қарай оламиз. (Ҳавор. 18:5) Масалан, хизматда учратадиган инсонларнинг муаммолари баъзан бизникига қараганда оғирроқ бўлади. Аммо улар Яҳовани яхши кўриб, маслаҳатларига амал қилишни ўрганса, ҳаётини яхшилаб, бахтлироқ бўла олишади. Буни кўрганимизда эса, Яҳова бизга ғамхўрлик қилаётганига янада амин бўламиз. Бу туфайли хотиржамликни сақлай оламиз. Бутун ҳаёти давомида депрессия билан курашган ва ўзини кераксиз ҳис этган бир имондошимиз бу ростдан ҳам шундай эканига амин бўлган. У қуйидагича бўлишди: «Хизмат билан банд бўлганимда, туйғуларимни назорат қилиб, ўзимни бахтлироқ ҳис қиламан. Ўйлашимча, воизлик хизматида Яҳовага янада кўпроқ яқинлаша оламан».

10. Брэнданинг айтган сўзларидан нимага ўргандингиз?

10 Келинг, Брэнданинг мисолига эътибор қаратайлик. Унинг ўзи ва қизи жиддий касалликка (тарқоқ склерозга) йўлиққан эди. Брэнда ногиронлар аравачасидан фойдаланади ва жуда заиф. У гоҳида уйма-уй ваъз қилади, лекин кўпинча хат ёзиб шоҳидлик беради. Брэнда шундай деди: «Ҳозирги кунда касаллигимдан қутула олмаслигимни тушундим ва бор диққатимни хизматга қарата олдим. Ҳақиқатан ҳам ваъз қилганимда ташвишларимдан чалғийман. Жамоатимнинг ҳудудида хизмат қилаётганимда бутун эътиборимни мен ваъз қиладиган кишиларга қаратаман. Ваъз қилганимда доим келажак борасидаги умидим ҳақида фикр юритишга имкон бўлади».

ИСО ДЎСТЛАРИНИНГ КЎМАГИНИ ҚАБУЛ ҚИЛГАН

Яхши дўстларимизнинг ёрдамида тинчликни сақлай оламиз (11–15- хатбошиларига қаранг.)

11–13. а) Ҳаворийлар ва бошқалар Исонинг чинакам дўстлари эканини қай йўсин кўрсатишган? б) Исонинг дўстлари унга қандай таъсир қилган?

11 Исонинг бутун хизмати давомида садоқатли ҳаворийлар унинг чинакам дўстлари эканини тасдиқлашган. Уларнинг мисоли: «Туғишгандан ҳам яқинроқ дўст бор»,— деган ҳикматли сўзлар чин эканини кўрсатмоқда. (Ҳик. 18:24) Исо бундай дўстларни жуда қадрлаган. Хизмати давомида ҳеч бир укаси Исога ишонмас эди. (Юҳан. 7:3–5) Ҳатто бир сафар, унинг қариндошлари у ақлдан озибди деб ўйлашган. (Марк 3:21) Исо ўлимидан олдинги кечада содиқ ҳаворийларига: «Синовларга дуч келганимда сизлар мен билан бўлгансизлар»,— деб айтган. (Луқо 22:28)

12 Ҳаворийлар Исони баъзида ранжитиб қўйишарди, лекин у диққатини уларнинг камчиликларига эмас, балки унга бўлган ишончига қаратарди. (Мат. 26:40; Марк 10:13, 14; Юҳан. 6:66–69) Қатл этилишидан олдинги кечада ўша содиқ кишиларга у шундай деган: «Сизларни дўстларим деб атайман, зеро Отамдан нимаики эшитган бўлсам, барчасини сизларга ошкор этдим». (Юҳан. 15:15) Шубҳасизки, Исонинг дўстлари у учун далда манбаи эди. Улар Исога хизматда кўмаклашгани унга қувонч бахш этган. (Луқо 10:17, 21)

13 Ҳаворийлардан ташқари, Исонинг бошқа эркак ва аёл дўстлари ҳам бўлган. Улар ваъзгўйлик ишида уни қўллаб-қувватлаб, турли йўллар билан ёрдам беришган. Айримлар уни уйига таклиф қилиб, уни меҳмон қилишган. (Луқо 10:38–42; Юҳан. 12:1, 2) Бошқалар эса унга сафарда ҳамроҳ бўлиб, қўлида бори билан бўлишарди. (Луқо 8:3) Исонинг яхши дўстлари бор эди, чунки ўзи ҳам яхши дўст бўлган. Уларга яхшиликлар қилган, лекин улар жавобан яхшилик қилишлари учунгина буни қилмаган эди. Тўғри, Исо мукаммал эди, аммо номукаммал дўстлари уни қўллаб-қувватлаётганидан миннатдор бўлган. Шубҳасиз, улар унга хотиржамликни сақлаб қолишига ёрдам беришган.

14–15. Қандай қилиб яхши дўстлар орттира оламиз ва улар бизга қанақа ёрдам бера олади?

14 Яхши дўстлар Яҳовага содиқ бўлиб қолишимизга кўмаклашади. Яхши дўстлар орттиришнинг энг зўр йўли яхши дўст бўлишдир. (Мат. 7:12) Масалан, Муқаддас Китобга биноан, бошқаларга, айниқса, «муҳтожларга» ёрдам бериш учун вақтимизу кучимизни сарфлашимиз лозим. (Эфес. 4:28) Жамоатингизда ёрдамингизга муҳтож бўлган кимдир борми? Ёши ёки касаллиги туфайли уйдан чиқа олмайдиган ваъзгўйлар-чи? Моддий қийинчиликлари бор оила учун овқат тайёрлаб бера оласизми? Жамоатингиздагиларга jw.org® сайтидан ва JW Library® иловасидан фойдаланишни ўрганишга ёки у ердан маънавий марваридларни топишга ёрдам бера оласизми? Ҳа, ўзгаларга ёрдам бериш билан банд бўлсак, ўзимизни бахтлироқ ҳис этамиз. (Ҳавор. 20:35)

15 Қийинчиликларга дуч келганимизда, дўстларимиз бизни қўллаб-қувватласа, хотиржамлигимизни сақлаб қолишимиз мумкин. Масалан, Аюб синовлари ҳақида айтиб бераётганда Элиху уни тинглагани сингари, биз ҳам ташвишларимиз билан бўлишаётганимизда дўстларимиз бизни диққат ила тинглаб кўмаклашади. (Аюб 32:4) Дўстларимиз биз учун қарор чиқаришини кутмаслигимиз керак, лекин уларнинг Муқаддас Китоб асосидаги маслаҳатига қулоқ солсак, доно йўл тутамиз. (Ҳик. 15:22) Шоҳ Довуд дўстларининг ёрдамини камтарлик ила қабул қилганидай, биз ҳам муҳтож бўлган пайтимизда дўстларимизнинг кўмагини мағрурлик ила рад этмаслигимиз даркор. (2 Шоҳ. 17:27–29) Дарҳақиқат, бундай дўстлар Яҳованинг ҳадясидир. (Ёқб. 1:17)

ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ХОТИРЖАМЛИКНИ САҚЛАЙ ОЛАМИЗ?

16. Филиппиликларга 4:6, 7 га биноан, қай йўсин тинчликка эга бўлишимиз мумкин? Тушунтиринг.

16 Филиппиликларга 4:6, 7 ни ўқинг. Нега Яҳова «Исо Масиҳ орқали» тинчликка эга бўла олишимиз мумкин деб айтган? Яҳованинг ниятида Исо қандай аҳамиятга эга эканини тушуниб, бунга ишонсаккина онг ва қалбимизда тинчликни сақлай оламиз. Масалан, Исонинг тўлов қурбонлиги орқали барча гуноҳларимиз кечирилиши мумкин. (1 Юҳан. 2:12) Бу тасалли бахш этмоқда! Худо Шоҳлигининг Шоҳи сифатида Исо Шайтон ва унинг дунёси дастидан чекаётган ҳамма азобларимизни йўққа чиқаради. (Ишаё 65:17; 1 Юҳан. 3:8; Ваҳ. 21:3, 4) Бу умид бахш этмоқда! Гарчи Исо бизга қийин вазифани топширган бўлса ҳам, у биз билан, бу замонанинг охиригача бизни қўллаб-қувватлайди. (Мат. 28:19, 20) Бу жасорат бахш этмоқда! Тасалли, умид ва жасорат — хотиржамликни сақлашимизга кўмаклашадиган мустаҳкам пойдевор.

17. а) Худонинг хизматчиси қандай қилиб тинчликни сақлай олиши мумкин? б) Юҳанно 16:33 га кўра, нима қила оламиз?

17 Хўш, оғир қийинчиликлар дастидан руҳимиз тушганда қандай қилиб тинчликни сақлай оламиз? Исонинг ҳаракатларига тақлид қилсак бўлади. Биринчидан, нима бўлишидан қатъи назар тинмай ибодат қилинг. Иккинчидан, ҳатто қийин бўлганда ҳам Яҳовага бўйсуниб, ғайрат билан ваъз қилинг. Учинчидан, қийин дамларда дўстларингизнинг ёрдамини қабул қилинг. Натижада, Худонинг тинчлиги қалбингизни ва онгингизни ҳимоя қилади. Шунингдек, Исо каби ҳар қандай синовни енга оласиз. (Юҳанно 16:33 ни ўқинг.)

41- ҚЎШИҚ Ё Раб, қабул эт дуомни

^ абз. 5 Барчамиз тинчлигимизни ўғирлаши мумкин бўлган муаммоларга рўбарў келамиз. Ушбу мақолада Исо қилган учта ҳаракатни ва биз ҳатто оғир қийинчиликлар гирдобида қолганимизда ҳам тинчлик сақлаш учун нима қилишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз.