Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

14- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Хизматингизни тўла адо этяпсизми?

Хизматингизни тўла адо этяпсизми?

Хушхабарни ваъз этиш билан машғул бўл, хизматингни тўла адо эт. 2 ТИМ. 4:5

57- ҚЎШИҚ Ҳар турли одамларга ваъз қиламиз

БУ МАҚОЛАДА *

Исо тирилгач, шогирдлари билан кўришади ва уларга: «Боринглар... шогирд тайёрланглар»,— дейди (1- хатбошига қаранг.)

1. Худонинг барча хизматчилари нима қилишни хоҳлайди ва нега? (Муқовадаги расмга қаранг.)

ИСО МАСИҲ издошларига: «Боринглар, барча халқлардан шогирд тайёрланглар»,— деган амр берган. (Мат. 28:19) Худонинг барча содиқ хизматчилари уларга топширилган хизматни «тўла адо этишни» ўрганишни хоҳлайди. (2 Тим. 4:5) Дарҳақиқат, бу иш ҳаётимиздаги бошқа барча ишлардан кўра муҳимроқ, арзигулик ва шошилинч ҳисобланади. Аммо истаганимиздай кўп вақт хизмат қилиш биз учун осон бўлмаслиги мумкин.

2. Хизмат қилиш билан бирга қандай қийинчиликларга дуч келяпмиз?

2 Вақтимизу кучимизни бошқа муҳим ишларга ҳам сарфлаймиз. Ўзимизни ва оила аъзоларимизнинг эҳтиёжларига ғамхўрлик қилиш учун кун бўйи ишлашимизга тўғри келар. Шунингдек, оилада ўзгача масъулиятимиз бордир, касал бўлиб турармиз, руҳимиз тушиб турар ёки ёшимиз ўтаётгани туфайли қандайдир муаммоларга дуч келаётгандирмиз. Хўш, бундай қийинчиликларни енгиш билан бирга қандай қилиб хизматимизни тўла адо эта оламиз?

3. Матто 13:23 даги сўзларга биноан қандай хулосага келишимиз мумкин?

3 Вазиятимиз туфайли Яҳовага кўпроқ хизмат қилмаётган бўлсак, руҳимиз тушмаслиги керак. Исо хизматда ҳар биримиз турлича ҳосил келтиришимизни билган. (Матто 13:23 ни ўқинг.) Яҳова қўлимиздан келганча хизмат қилиш учун ҳаракат қилаётганимизни жуда ҳам қадрлайди. (Иброн. 6:10–12) Шунингдек, вазиятимиз кўпроқ қилишга йўл қўяётганини ҳис этишимиз мумкин. Ушбу мақолада хизматимиз биринчи ўринда бўлиши, содда ҳаёт кечириш ҳамда ваъз қилиш ва таълим бериш қобилиятимизни ривожлантириш учун нима қилишимиз мумкинлигини билиб оламиз. Аввало, хизматимизни тўла адо этиш нимани англатишини кўриб чиқайлик.

4. Хизматни тўла адо этиш нимани англатади?

4 Хизматни тўла адо этиш учун ваъзгўйликда ва таълим бериш ишида имкон қадар кўпроқ иштирок этишимиз керак. Бироқ бу, ваъзгўйлик учун сарфлаётган вақтдан кўпроқ нарсани ўз ичига олади. Яҳова учун бизнинг ниятимиз муҳим аҳамиятга эга. Яҳовани ҳамда яқинларимизни севганимиз учун сидқидилдан хизмат қиляпмиз *. (Марк 12:30, 31; Колос. 3:23) Аллоҳга бажонидил хизмат қилиш — бу ишга жон-жаҳдимиз билан бор кучимизнию энг яхши қобилиятларимизни бағишлашни англатади. Воизлик ишини шарафли деб билсак, имкон қадар кўпроқ инсонларга хушхабарни айтишга интиламиз.

5–6. Вақти чегараланган киши қандай қилиб хизматни биринчи ўринга қўйиши мумкин? Мисол келтиринг.

5 Айтайлик, бир йигит гитара чалишни ёқтиради. Мусиқа унинг жону дили. У ҳатто уйининг яқинидаги кафеда дам олиш кунлари гитара чалиб ишлай бошлайди. Лекин топган пули яшашига етарли эмас. Шунинг учун, у душанбадан жумагача дўконда сотувчи бўлиб ишлайди. Гарчи сотувчи бўлиб ишласа ҳам, бутун хаёли мусиқа билан банд. У маҳоратини ошириб, профессионал мусиқачи бўлишни орзу қилади. Шу боис, у ҳатто қисқа вақт бўлса-да, ҳар бир имкониятдан фойдаланиб, мусиқа билан шуғулланади.

6 Шу сингари, ваъзгўйлик хизматига истаганимиздай кўп вақтимизни сарфлашнинг имкони йўқдир. Лекин хизмат қилиш жону дилингиз. Хушхабар инсонларнинг қалбини забт этиши учун қобилиятларингизни ривожлантиришга интилаётгандирсиз. Бошқа кўп ишларни бажариш билан бирга ваъзгўйлик хизмати ҳаётимда биринчи ўринда бўлиши учун нима қилсам бўлади деб ўйлаётгандирсиз.

ҚАЙ ЙЎСИН ХИЗМАТИНГИЗ БИРИНЧИ ЎРИНДА БЎЛИШИ МУМКИН?

7–8. Исонинг хизмат борасидаги нуқтаи назарига қай йўсин тақлид қила оламиз?

7 Исонинг хизмат борасидаги нуқтаи назари биз учун аъло ўрнакдир. Худонинг Шоҳлиги ҳақида айтиб бериш у учун энг муҳим нарса бўлган. (Юҳан. 4:34, 35) Исо имкон борича кўпроқ кишиларга ваъз қилиш учун узоқ масофаларга борган. У жамоат жойларида ва одамларнинг уйларига бориб ваъз қилиш учун имкон излаган. Исонинг бутун ҳаёти хизмат билан боғлиқ эди.

8 Биз ҳам Исога тақлид қилган ҳолда хушхабарни ҳар қачон ва ҳар ерда гапириш имконини қўлдан бой бермаслигимиз мумкин. Воизлик ишида қатнашиш учун ўз қулайликларимиздан воз кечишга тайёрмиз. (Марк 6:31–34; 1 Бутр. 2:21) Кимдир махсус, доимий ёки кўмакчи кашшоф бўлиб хизмат қила олар. Баъзилар эса тил ўрганади ёки ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган ҳудудда хизмат қилиш мақсадида у ерга кўчиб ўтади. Аммо буларни қилишга имкони бўлмаса-да, қўлидан келганини қилаётган ваъзгўйлар туфайли хушхабар тарқалишида анча иш амалга оширилмоқда. Нима бўлган тақдирда ҳам, Яҳова қўлимиздан келмайдиганини биздан талаб қилмайди. Барчамиз Унга қувонч ила хизмат қилишимизни, «бахтиёр Тангрининг... улуғвор хушхабарини» эълон қилишимизни хоҳлайди. (1 Тим. 1:11; Қонун. 30:11)

9. а) Қандай қилиб Павлус ишлашга вақт ажратган бўлса ҳам, ваъзгўйликни биринчи ўрингга қўйган? б) Ҳаворийлар 28:16, 30, 31 га кўра, Павлус хизматга нисбатан қандай нуқтаи назарда эди?

9 Ҳаворий Павлус хизматни ҳаёт мазмунига айлантириш борасида яхши ўрнак бўла олади. У Коринфда иккинчи ваъзгўйлик сафарида бўлганда, пули камроқ бўлган ва чодир тикиш учун вақт ажратган. Лекин бу у учун энг муҳим иш бўлмаган. Павлус хизмат қила олиш ва коринфликлар унинг харажатларини қопламаслиги учун бундай йўл тутган. (2 Кор. 11:7) Гарчи Павлус оз-моз ишлашига тўғри келган бўлса ҳам, хизматни биринчи ўринга қўйиб, ҳар Шаббат куни ваъз қилган. Вазияти яхши тарафга ўзгаргач, Павлус ваъзгўйликка кўпроқ диққат қарата олган. У «Аллоҳнинг каломи ҳақида айтишга астойдил киришди. Яҳудийларга Исонинг Масиҳ эканини исботлаб, шоҳидлик берарди». (Ҳавор. 18:3–5; 2 Кор. 11:9) Кейинчалик, у Римда икки йил уй қамоғида бўлганда, ёнига келганларга ваъз қиларди ва хатлар ёзарди. (Ҳаворийлар 28:16, 30, 31 ни ўқинг.) Павлус уни хизматидан ҳеч нима чалғитишига йўл қўймаган. У шундай деб ёзган: «Бу хизматга... эга бўлган эканмиз, таслим бўлмаймиз». (2 Кор. 4:1) Павлусга ўхшаб биз ҳам ишлашга вақт ажратсак-да, воизлик хизматини бажариш ҳаётимизда энг муҳим ўринда бўлади.

Хизматимизни тўла адо этишимизнинг турли йўллари бор (10–11- хатбошиларига қаранг.)

10–11. Соғлик муаммоларига қарамай, қандай қилиб хизматни тўла адо эта оламиз?

10 Ёшимиз ўтгани ёки соғлик муаммолари дастидан истаганимизча уйма-уй хизмат қила олмасак-да, бошқача тарзда ваъз қилишимиз мумкин. Илк масиҳийлар ҳам борган жойида хизмат қилишган. Улар ҳар бир имкониятдан фойдаланиб ҳақиқатни ёйишган, яъни уйма-уй, омма олдида ва норасмий тарзда «дуч келган одамга» ваъз қилишган. (Ҳавор. 17:17; 20:20) Кўп вақт давомида пиёда юра олмасак, одам гавжум жойларда ўтириб ўтган-кетган кишиларга шоҳидлик бера оламиз. Ёхуд кундалик ишларимизни қилаётганимизда, хатлар ёки телефон орқали ваъз қилиб норасмий шоҳидлик беришимиз мумкин. Соғлиги ёки бошқа қийинчиликлари туфайли уйма-уй хизмат қила олмаётган кўпгина ваъзгўйлар хизматнинг бу усулларидан фойдаланиб хурсандчиликка тўлмоқда.

11 Соғлик муаммоларига қарамай, хизматингизни тўла адо эта олишингиз мумкин. Келинг, яна Павлуснинг мисолини эслайлик. У: «Мени қўллаб-қувватлаётганнинг мадади билан ҳар нарсани қила оламан»,— деган. (Филип. 4:13) Павлус ваъзгўйлик сафарларининг бирида мазаси қочиб қолган ва бу мададга муҳтож бўлган. Галатияликларга у қуйидагиларни ёзган: «Биринчи марта сизларга хушхабарни айтганимда касал бўлганимни биласизлар». (Галат. 4:13) Шу каби, соғлик муаммолари ҳам бошқаларга хушхабарни айтиш имкониятини очиб бериши ҳеч гап эмас, масалан шифокор, ҳамшира ва сизга ғамхўрлик қиладиган бошқаларга ваъз қила оласиз. Ваъзгўйлар бу инсонларнинг уйига борганда, уларни учратмасликлари мумкин.

ҚАНДАЙ ҚИЛИБ СОДДА ҲАЁТ КЕЧИРА ОЛАСИЗ?

12. Матто 6:22 даги сўзлар нимани англатади?

12 Исо: «Кўз — тананинг чироғи. Агар кўзингиз фақат бир нарсага қаратилган [ёки «оддий», изоҳ] бўлса, бутун танангиз ёруғ бўлади»,— деган. (Мат. 6:22) Бу нима дегани? Исо биз хизматимиздан чалғимай, содда ҳаёт кечиришимиз ёки муайян мақсадга диққат қаратишимиз кераклигини айтган. Унинг ўзи ҳам хизматни биринчи ўринга қўйишда аъло ўрнак қолдириб, шогирдларини Яҳова ҳамда Унинг Шоҳлигига хизмат қилишга диққат қаратишга ундаган. Исо каби хизматни ҳаёт мазмунига айлантириб, «Худонинг Шоҳлиги ва Унинг адолати ҳаётингизда ҳамиша биринчи ўринда» бўлишига муваффақ бўласиз. (Мат. 6:33)

13. Хизматга диққат қаратишимизга нима ёрдам бериши мумкин?

13 Хизматга диққат қаратишнинг яна бир йўли ҳаётимизни соддалаштиришдир. Шу йўсин, бошқаларга Яҳовани таниб-билишига ва Унга яқинлашишига ёрдам бериш учун кўпроқ вақтимизни бағишлай оламиз *. Масалан, ишлашга сарфлаётган вақтимизни кўриб чиқиб, ҳафта мобайнида кўпроқ вақт хизмат қила оламизми? Дам олишга кетаётган вақтимиз ҳақида ҳам мулоҳаза юритиб кўрсак арзийдими?

14. Бир жуфтлик хизматга кўпроқ вақт ажратиш мақсадидан қандай ўзгаришлар қилди?

14 Элиаз исмли оқсоқол ва унинг хотини бундай йўл тутишган. У шундай деб бўлишди: «Қайсидир вақт мобайнида кашшофлик қила олмагандик, лекин уни бошлашни орзу қилардик. Шу боис, хизматимизга кўпроқ вақт ажратиш учун кичик қадамлардан бошладик. Мисол учун, харажатимизни камайтирдик, дам олишга кўп вақт кетказаётганимизни тушундик ва раҳбарларимиздан камроқ ишлашни сўрадик. Натижада, оқшом пайтлари ваъз қиладиган бўлдик, Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказа бошладик ва ҳатто ойда икки марта воизлик хизмати учрашувида иштирок этадиган бўлдик. Бу жуда зўр!»

ВАЪЗ ҚИЛИШ ҲАМДА ТАЪЛИМ БЕРИШ ҚОБИЛИЯТЛАРИНГИЗНИ ЯХШИЛАНГ

Жамоатда ўрганганларимизга амал қилиб хизматда муваффақиятли бўла оламиз (15–16- хатбошиларига қаранг.) *

15–16. Қандай қилиб 1 Тимўтийга 4:13, 15 га биноан, ваъзгўйлар сифатида қобилиятларимизни яхшилай оламиз? (« Хизматни тўла адо этишга қўл келадиган мақсадлар» номли рамкага ҳам қаранг.)

15 Хизматимизни тўла адо этишимизга яна бир нарса кўмаклашади, бу ҳам бўлса, воизлик ишидаги қобилиятларимизни яхшилаш. Айрим касб эгалари билим ва қобилиятларини ривожлантириш мақсадида мунтазам равишда таълим олиб туриши керак. Шоҳлик хабарчилари ҳақида ҳам шундай деса бўлади. Биз ҳам хизматдаги қобилиятларимизни қай йўсин яхшилай олишимиз мумкинлигига ўрганишимиз лозим. (Ҳик. 1:5; 1 Тимўтийга 4:13, 15 ни ўқинг.)

16 Хўш, қандай қилиб хизматимизда муваффақиятли бўла оламиз? «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз» учрашувида олаётган йўл-йўриқларга ўта диққатли бўлишимиз даркор. Негаки, бу учрашувда ваъз қилиш қобилиятларимизни яхшилашимизга кўмаклашадиган фойдали маслаҳатлар оламиз. Масалан, ваъзгўйлар кўрсатган намойишлардан сўнг маслаҳат берадиган биродарни тинглаб, ўз хизматимизни яхшилашимиз мумкинлигига ўргана оламиз. Келаси сафар кимдирга хушхабарни айтаётганимизда ўша маслаҳатларга амал қилиб кўрсак бўлади. Ваъзгўйлик гуруҳи нозиридан ёрдам сўрашимиз ёки у билан ё бўлмаса бошқа тажрибали ваъзгўй, кашшоф ёхуд туман нозири билан хизмат қилишимиз мумкин. «Таълим бериш “қутимиздаги” асбоблар»нинг ҳар бирини қўллашда маҳоратимизни ошириб, воизлик ва таълим бериш ишида кўп хурсандчилик топамиз.

17. Хизматни тўла адо этиб нималарни ҳис эта оласиз?

17 «Тангрининг хизматдошлари» бўлиш биз учун катта шараф! (1 Кор. 3:9) «Қайси нарсалар муҳимроқ эканини фарқлаб», диққатимизни хизматга қаратсак, «хурсанд бўлиб Яҳовага хизмат қиламиз». (Филип. 1:10; Заб. 100:2) Аллоҳнинг хизматкори сифатида шунда амин бўлингки, қийинчилигингиз ёки вазиятингиз қандай бўлишидан қатъи назар У хизматингизни бажара олишингиз учун сизга керакли кучни ато эта олади. (2 Кор. 4:1, 7; 6:4) Шоҳидлик беришга кўп ёки камроқ вақт ажратишингиздан қатъи назар, жон-жаҳдингиз билан хизмат қилсангиз «суюнишга сабаб топа» оласиз. (Галат. 6:4) Хизматни тўла адо этиб, Яҳовага ва яқинларингизга нисбатан севгингизни кўрсата оласиз. Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Бундай йўл тутаверсанг, ҳам ўзингни, ҳам сени тинглаётганларни қутқарасан». (1 Тим. 4:16)

58- ҚЎШИҚ Мўмин қалбларни излаймиз

^ абз. 5 Исо Масиҳ Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни ваъз қилиш ва шогирд тайёрлаш ишини бизга тайинлаган эди. Бу мақолада биз ҳатто кўпгина қийинчиликларга қарамай, хизматимизни қай йўсин тўла адо эта олишимиз мумкинлиги тўғрисида гап боради. Қолаверса, янада самарали ва қувонч ила ваъз қилишимизга нима ёрдам беришини ҳам билиб оламиз.

^ абз. 4 ИБОРА МАЪНОСИ. Хизматимиз ваъз қилиш ҳамда таълим беришнинг турли усулларидан иборат бўлиб, ташкилотимиз билан боғлиқ қурилиш ва таъмирлаш, табиий офатлардан зарар кўрганларга кўмаклашиш ишида қатнашишни ўз ичига олади. (2 Кор. 5:18, 19; 8:4)

^ абз. 13 «Қўриқчи минораси»нинг 2016 йил июль сонининг 10- саҳифасидаги «Ҳаётингизни қандай соддалаштиришингиз мумкин?» номли рамкада келтирилган еттита қадамга қаранг.

^ абз. 62 РАСМГА ШАРҲЛАР. Имондошимиз жамоат учрашувида такрорий ташрифни намойиш этяпти. Сўнг эса биродар намойиш борасида маслаҳат бераётганда, «Таълим бериш» рисоласига қайдлар қиляпти. Дам олиш кунларида эса хизматда буларга амал қиляпти.