Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

16- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Ўлим тўғрисидаги ҳақиқатни ҳимоя қилинг

Ўлим тўғрисидаги ҳақиқатни ҳимоя қилинг

Хабар чин ёки сохта эканини аниқлаяпмиз. 1 ЮҲАН. 4:6

73- ҚЎШИҚ Бизга жасорат бер

БУ МАҚОЛАДА *

Урф-одатларда қатнашиб, Аллоҳни ранжитишдан кўра, яқинини йўқотганидан қайғураётган қариндошларингизга тасалли бахш этинг (1–2- хатбошиларига қаранг.) *

1–2. а) Шайтон одамларни қандай қилиб алдамоқда? б) Бу мақоладан нимани билиб оламиз?

ШАЙТОН «ёлғоннинг отаси» бўлиб, илк жуфтликдан бошлаб барча инсонларни алдаб келмоқда. (Юҳан. 8:44) Айрим ёлғонлари ўлим ва ундан кейинги ҳаёт ҳақидаги сохта таълимотлардан иборат. Анчагина кенг тарқалган урф-одатлар ва ирим-сиримлар ўлганларнинг руҳи билан боғлиқ. Шунинг учун, баъзи биродару опа-сингилларимизга оиласи ёки қабиласида кимдир ҳаётдан кўз юмса, «имон учун зўр бериб курашишга» тўғри келади. (Яҳд. 3)

2 Сиз ҳам бундай синовга дуч келсангиз, ўлим ҳақидаги Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни қандай қилиб маҳкам ушлай оласиз? (Эфес. 6:11) Худони ранжитадиган бундай урф-одатларда иштирок этиш босимига дуч келаётган имондошларингизга қай йўсин тасалли бериб, қўллаб-қувватлай оласиз? Бу мақоладан Яҳова бизга қандай қилиб ёрдам бера олишини билиб оламиз. Аввал, келинг, Муқаддас Китобда ўлим ҳақида нима дейилганини кўриб чиқайлик.

ЎЛГАНЛАРНИНГ ҲОЛАТИ ҲАҚИДАГИ ҲАҚИҚАТ

3. Илк ёлғоннинг оқибати қандай бўлди?

3 Аллоҳ инсонларнинг ўлишини хоҳламаган. Абадий яшай олишлари учун Одамато билан Момоҳаво қуйида келтирилган Худонинг амрига бўйсунишлари керак эди: «Нима яхши ва нима ёмон эканини билдирадиган дарахтнинг мевасидан емаслигинг керак, акс ҳолда, ундан еган куни ўласан». (Ибт. 2:16, 17) Шайтон эса муаммоларни юзага келтирди. У илон орқали Момоҳавога: «Асло ўлмайсизлар»,— деган эди. Минг афсуски, у бу ёлғонга лаққа тушиб, мевадан еди. Кейин эри ҳам ундан еди. (Ибт. 3:4, 6) Шу йўсин, ҳамма инсонларга гуноҳ ва ўлим мерос бўлиб ўтди. (Рим. 5:12)

4–5. Шайтон одамларни қай йўсин алдаяпти?

4 Илк жуфтлик вафот этди, Худо айтганидай бўлди. Лекин Шайтон ўлим ҳақида ёлғон тарқатишдан тўхтамади. Кейинчалик, у бошқача тарзда ҳам алдай бошлади. Ёлғонлардан бири, одам ўлганидан кейин унинг танасидан чиқиб кетадиган ва боқий яшайдиган жони ёки руҳи бор экан. Бу ёлғон турлича талқин қилиниб, беҳисоб одамларни тўғри йўлдан адаштиряпти. (1 Тим. 4:1)

5 Нега шу қадар кўп одамлар Шайтоннинг бу ёлғонига ишонмоқда? Гап шундаки, Шайтон инсонларнинг ўлим борасидаги табиий туйғуларидан фойдаланади. Абадий яшаш истиқболи билан яратилганимиз туфайли ўлишни хоҳламаймиз. (Воиз 3:11) Ўлимни душман деб биламиз. (1 Кор. 15:26)

6–7. а) Шайтон ўлим тўғрисидаги ҳақиқатни яшириб муваффақиятга эришдими? Тушунтиринг. б) Қандай қилиб Муқаддас Китобдаги ҳақиқат ўлимдан ўринсиз тарзда қўрқмаслигимизга ёрдам бермоқда?

6 Шайтоннинг уринишларига қарамай, ўлим тўғрисидаги ҳақиқат яширин қолмаяпти. Дарҳақиқат, ҳозирги кунда ҳар қачонгига қараганда, кўпгина одамлар Муқаддас Китобдан ўлганлар қандай ҳолатда эканини ва уларнинг умиди борлигини билиб олмоқда. (Воиз 9:5, 10; Ҳавор. 24:15) Бу ҳақиқат бизга тасалли бахш этмоқда ва биз ўлимдан ўринсиз тарзда қўрқмаймиз, бу борада қоронғиликда эмасмиз. Масалан, биз марҳумлардан қўрқмаймиз ва ҳаётдан кўз юмган яқинларимиз азоб чекяпти деб хавотирланмаймиз. Улар ҳаёт эмаслигини ва бизга ҳеч қандай зиён етказа олмаслигини биламиз. Улар гўёки чуқур уйқуда. (Юҳан. 11:11–14) Қолаверса, биламизки марҳумлар вақт ўтишини ҳам сезмайди. Шунинг учун, тирилиш бўлаётганда, улар ҳатто юзлаб йиллар аввал ўлган бўлса ҳам, бу улар учун бир зумдай, кўз юмиб очгандай бўлади.

7 Ўлганларнинг ҳолати тўғрисидаги ҳақиқат аниқ, оддий ва мантиқан тўғри эканига қўшилаётгандирсиз. Бу Шайтоннинг чалкаштирадиган ёлғонидан фарқ қилади. Бу бўлмағур ёлғон нафақат одамларни адаштиради, балки Парвардигорнинг номига ҳам доғ туширади. Шайтон қанчалик кўп зарар келтираётганини яхшироқ тушуниш учун келинг, ушбу саволларнинг жавобини топайлик: қандай қилиб Шайтоннинг ёлғонлари Яҳованинг номига доғ туширмоқда? Қай йўсин уларнинг дастидан одамлар Масиҳнинг тўлов қурбонлигига муҳтож эмасмиз деб ўйлашяпти? Қандай қилиб улар туфайли инсонлар дард ва азоб-уқубатга рўбарў келяпти?

ШАЙТОННИНГ ЁЛҒОНЛАРИ КЎП ЗАРАР КЕЛТИРДИ

8. Еремиё 19:5 дан кўрганимиздай, қай йўсин Шайтоннинг ёлғонлари Худога иснод келтирмоқда?

8 Шайтоннинг ўлим тўғрисидаги ёлғонлари Яҳованинг номига доғ туширмоқда. Марҳумлар оловли дўзахда азоб чекиши ҳақидаги сохта таълимот ҳам ғирт ёлғон. Бу каби таълимотлар Худога иснод келтирмоқда. Қизиқ, қанақасига? Улар туфайли одамлар севги Худоси ҳам Иблис каби зўравон деб ўйлайди. (1 Юҳан. 4:8) Бу сизга қандай таъсир қилмоқда? Энг муҳими эса, бу туфайли Яҳова нималарни ҳис қилмоқда? Гап шундаки, Аллоҳ ҳар қандай зўравонликдан нафратланади. (Еремиё 19:5 ни ўқинг.)

9. Қандай қилиб Шайтоннинг ёлғонлари Юҳанно 3:16 ва 15:13 да келтирилган Масиҳнинг тўлов қурбонлигини кераксиздай кўрсатмоқда?

9 Шайтоннинг ўлим тўғрисидаги ёлғонлари туфайли одамлар Масиҳнинг тўлов қурбонлигига муҳтож эмасмиз деб ўйлайди. (Мат. 20:28) Шайтоннинг ёлғонларидан бири одамлар ўлмас жонга эга экани тўғрисидаги ғоядир. Агар бу ҳақиқат бўлганида, инсонлар абадий яшаган бўларди. Абадий яшай олишимиз учун Масиҳ биз учун ўз ҳаётини беришига эҳтиёж бўлмасди. Унутмангки, Масиҳнинг қурбонлиги инсоният учун кўрсатилган севгининг энг буюк ифодасидир! (Юҳанно 3:16; 15:13 ни ўқинг.) Шу қадар бебаҳо ҳадяни кераксиздай кўрсатаётган бу таълимотлар туфайли Яҳова ҳамда Унинг Ўғли нималарни ҳис этаётганини бир тасаввур қилинг.

10. Қандай қилиб одамлар Шайтоннинг ўлим ҳақидаги ёлғонлари туфайли дард ва азоб-уқубат чекяпти?

10 Шайтоннинг ёлғонлари туфайли инсоният дард ва азоб чекяпти. Масалан, боласидан айрилиб қолган қайғу ичидаги ота-онага Худо боласини осмонда фариштага айлантириш учун олиб қўйган деган фикр уқтирилиши мумкин. Хўш, бундай бўлмағур ёлғон ота-онага тасалли берадими ёки дардига дард қўшадими? Масалан, черков таълимотларига қарши чиққанларни қийнаш, жумладан, ёғочда ёндириш дўзах ҳақидаги сохта таълимот билан оқланиб келинган. Испан инквизицияси * ҳақидаги бир китобга кўра, золимларча қатл этишда масъул бўлганларнинг баъзилари еретик, яъни католик черковининг таълимотларига қарши бўлган киши ёндирилса, у «оловли дўзахнинг таъмини билиб», ўлимидан олдин тавба қилишига ва дўзахдан асраб қолинишига ишонишарди. Анчагина мамлакатларда одамлар ўлган аждодларининг арвоҳларига атаб ёки инс-жинсларни қайтариш мақсадида ис чиқариш керак деб таъкидлашади. Бошқа жойларда эса одамлар марҳумларнинг жазосидан қочиш мақсадида турли урф-одатларга амал қилади. Афсуски, бундай бўлмағур ёлғонлар чинакам тасалли келтирмайди. Аксинча, кераксиз ташвиш ёки ҳатто қўрқувни юзага келтиради, холос.

ҚАЙ ЙЎСИН МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ҲАҚИҚАТНИ ҲИМОЯ ҚИЛА ОЛАМИЗ?

11. Қай йўсин қариндошу дўстларимиз яхши ният ила Муқаддас Китобга зид урф-одатларда иштирок этишимиз учун босим ўтказиши мумкин?

11 Қариндошу дўстларимиз яхши ният ила ўлим билан боғлиқ Муқаддас Китобга зид урф-одатларда иштирок этишимиз учун босим ўтказиши мумкин. Аллоҳга ва Унинг Каломига бўлган севги туфайли Унга бўйсуниш учун куч топа оламиз. Уларда қатнашмасак, яқинларимиз биз марҳумни яхши кўрмаслигимизни ёки ҳурмат қилмаётганимизни айтиб, хижолатга қўйиши мумкин. Ёхуд улар ҳаракатларимиз дастидан марҳум бирон зарар келтириши мумкин деб айтишар. Қай йўсин Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни ҳимоя қила оламиз? Келинг, бу китобдаги принципларга қандай амал қилишингиз мумкинлигини кўриб чиқайлик.

12. Ўлим билан боғлиқ қайси урф-одатлар Муқаддас Китобга зид?

12 Муқаддас Китобга зид таълимотлару урф-одатлардан «айрилиб кетиш» қарорингиз қатъий бўлсин. (2 Кор. 6:17) Кариб денгизи атрофида яшовчиларнинг аксарияти одамнинг ўлимидан сўнг «арвоҳи» қолиб, унга ёмонлик қилганлардан ўч олишига ишонади. Бир китобда ёзилишича, «арвоҳ қабилада муаммо келтириб чиқариши мумкин экан». Африканинг баъзи ҳудудларида одамлар марҳумнинг уйида ойналарнинг устини ёпиб, унинг расмларини деворга қаратиб қўяркан. Қайси мақсадда? Айримларнинг айтишича, марҳумлар ўзини кўрмаслиги керак. Яҳованинг хизматчилари эканмиз, Шайтоннинг ёлғонлари олға сурилаётган ҳар қандай ирим-сиримга ишонмаймиз ёки урф-одатларга қўл урмаймиз! (1 Кор. 10:21, 22)

Муқаддас Китобни пухта тадқиқ қилиш ва имондошимиз бўлмаган қариндошлар билан ҳурмат ила суҳбатлашиш муаммоларнинг олдини олишга кўмаклашади (13–14- хатбошиларига қаранг.) *

13. Ёқуб 1:5 да айтилганидек, муайян урф-одат борасида шубҳангиз бўлса, қандай йўл тутишингиз керак?

13 Муайян урф-одат борасида шубҳангиз бўлса, Яҳовага ибодат қилиб донолик сўранг. (Ёқуб 1:5 ни ўқинг.) Сўнг адабиётларимиз ёрдамида тадқиқ ўтказинг. Керак бўлса, жамоатингиздаги оқсоқоллар билан маслаҳатлашинг. Албатта, улар нима қилишингиз кераклигини айтмайди, аммо улар масалан, бу мақолада келтирилган Муқаддас Китобдаги принципларни топишингизга кўмаклашади. Шундай йўл тутиб, зеҳнингизни ишга солиш орқали «яхшини ёмондан ажратишга ўрганасиз». (Иброн. 5:14)

14. Одамларни қоқинтирмаслик учун нима қилса бўлади?

14 «Ҳамма нарсани Худони шарафлаш учун қилинглар». Ҳеч кимнинг «қоқинишига сабабчи бўлманглар». (1 Кор. 10:31, 32) Муайян урф-одатда иштирок этиш-этмасликни ҳал қилаётиб, қароримиз бошқаларнинг, айниқса, имондошларимизнинг виждонига қандай таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида ҳам ўйлаб кўришимиз лозим. Ҳеч кимни қоқинтиришни истамаймиз! (Марк 9:42) Бундан ташқари, имондошимиз бўлмаганларни ҳам ўринсиз тарзда ранжитишни хоҳламаймиз. Севги бизни уларга ҳурмат ила, Яҳовани шарафлайдиган тарзда гапиришга ундайди. Улар билан баҳслашмаймиз ва урф-одатларини танқид қилмаймиз. Шуни унутмангки, севги кучлидир! Севгини намоён этиб, мулоҳазакорлик ва ҳурмат ила ёндашганимизда, ҳатто бизга қарши чиқаётганларнинг қалби юмшаши ҳеч гап эмас.

15–16. а) Нега эътиқодингизни бошқаларга билдирсангиз доно йўл тутган бўласиз? Мисол келтиринг. б) Павлуснинг Римликларга 1:16 даги сўзлари бизга қай йўсин тегишли?

15 Яҳованинг Шоҳиди эканингиз аён бўлсин. (Ишаё 43:10) Яқинингиз ҳаётдан кўз юмганда, муайян урф-одатларда қатнашмаганингиз туфайли қариндош ва қўшниларингиз сиздан қаттиқ хафа бўлар. Олдиндан уларга эътиқодингиз ҳақида айтсангиз, вазият осонроқ бўлиши мумкин. Мозамбикда яшовчи Франциско ва унинг хотини Каролина қандай вазиятга дуч келганини билиб олайлик. Франциско шундай деб ёзди: «Хотиним иккимиз ҳақиқатни билиб олганимизда, қариндошларимизга ўлганларга сажда қилиш билан боғлиқ урф-одатларда қатнашмаслигимизни айтдик. Каролинанинг опаси ўлганда синовга дуч келдик. Маҳаллий урф-одатга кўра, марҳумни диний расм-русум бўйича ювинтириш керак. Сўнг яқин қариндоши уч кечани жасад ювинтирилган жойда ўтказиши кутиларди. Бу одат марҳумнинг арвоҳини тинчлантириш учун қилинади. Хотинимнинг қариндошлари бу одатда у қатнашишини исташган».

16 Хўш, Франциско ва унинг хотини қандай йўл тутди? У қуйидагича бўлишди: «Яҳовани яхши кўрганимиз ва Уни мамнун қилишни истаганимиз учун, бу одатда иштирок этишни рад этдик. Каролинанинг қариндошлари роса аччиқланди. Улар бизни опасини ҳурмат қилмаганимизда айблаб, муносабатларимизга чек қўйди. Бу вазият юз бермасидан олдин эътиқодимизни тушунтирганимиз учун, улар ғазабланганида буни тушунтиришга ҳожат йўқ эди. Баъзи қариндошларимиз биз аллақачон ўз нуқтаи назаримизни айтганимизни таъкидлаб, тарафимизни олди. Вақт ўтгач, Каролинанинг қариндошлари тинчланди ва муносабатларимиз яна тикланди. Баъзилари уйимизга келиб, адабиётларимизни ҳам сўради». Ўлим тўғрисидаги ҳақиқатни ҳимоя қилар эканмиз, эътиқодимиздан сира ҳам уялмайлик! (Римликларга 1:16 ни ўқинг.)

ҚАЙҒУ ЧЕКАЁТГАНЛАРГА ТАСАЛЛИ БЕРИБ, ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНГ

Чин дўстлар яқини ҳаётдан кўз юмган кишига тасалли бериб, қўллаб-қувватлайди (17–19- хатбошиларига қаранг.) *

17. Қайғу чекаётган имондошимиз учун чин дўст бўла олишимизга нима қўл келиши мумкин?

17 Имондошимизнинг яқини ҳаётдан кўз юмганда, қўлимиздан келганини қилишимиз керак. Зеро, «чин дўст... оғир дамда биродарига таянч бўлади». (Ҳик. 17:17) Айниқса, Муқаддас Китобга зид урф-одатларни қилиш босимига дучор бўлаётган биродаримиз ёки опа-синглимиз учун қандай қилиб «чин дўст» бўла оламиз? Келинг, бундайларга тасалли беришимизга кўмаклашадиган Муқаддас Китобдаги иккита принципга диққат қаратайлик.

18. Нега Исонинг кўзидан ёш оқди ва бу биз учун қандай ўрнак?

18 «Йиғлаётганлар билан йиғланглар». (Рим. 12:15) Қайғураётган кишига нима дейиш ёки нима қилиш кераклигини билмай бош қотиришимиз мумкин. Масалан, кўз ёшларимиз сўзларимиздан ҳам кучлироқ бўла олади. Исонинг дўсти Лазар ўлганда, Марям, Марта ва бошқалар у учун қайғуриб, кўз ёш тўккан. Исо Лазарнинг ўлимидан тўрт кун ўтгач келганда, ҳатто уни тирилтиришини билса ҳам «кўзидан ёш оқди». (Юҳан. 11:17, 33–35) Унинг кўз ёшлари Отасининг туйғуларини акс этган. Қолаверса, бу туфайли Лазарнинг қариндошлари Исонинг унга нисбатан севгисини кўрган. Бу Марям билан Мартага тасалли бахш этгани шубҳасиз. Шу сингари, имондошларимиз севгимизни ва улар учун қайғураётганимизни ҳис этганда, ёлғиз эмаслигига, балки меҳрибон ва ғамхўр дўстлари қуршовида эканига амин бўлади.

19. Қайғураётган имондошимизга тасалли бахш этишга келганда, Воиз 3:7 ни қандай қилиб қўллай оламиз?

19 «Сукут сақлашнинг ҳам, гапиришнинг ҳам ўз вақти бор». (Воиз 3:7) Қайғураётган имондошимизга тасалли бахш этишимизнинг яна бир йўли яхши тингловчи бўлиш. У юрагида борини тўкиб-солишига йўл қўйиб, «аҳмоқона» ёки ўйламай айтган сўзларидан ранжимаймиз. (Аюб 6:2, 3) Негаки, у имондошимиз бўлмаган қариндошларининг босими дастидан ҳиссан эзилган бўлиши мумкин. У билан ибодат қилсак бўлади. «Ибодатларни Эшитгувчи»га илтижо қилиб, Ундан имондошингиз учун куч ва мулоҳазакор бўла олишини сўранг. (Заб. 65:2) Ўринли бўлса, у билан Муқаддас Китобни ёки адабиётимиздан далда бахш этадиган мақолани, масалан, таржимаи ҳолни ўқинг.

20. Навбатдаги мақолада нима ҳақида гап боради?

20 Ўлим ва мозорларда бўлганларнинг ажойиб келажаги тўғрисидаги ҳақиқат учун жуда миннатдормиз! (Юҳан. 5:28, 29) Шунинг учун, келинг, ҳам сўзда, ҳам амалда Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни ҳимоя қилиб, ҳар бир имкониятда у билан бўлишайлик. Навбатдаги мақолада, Шайтон одамларни маънавий зулматда тутиш учун қўллаётган яна бир усул, яъни сеҳр-жоду ҳақида гап боради. Нега Шайтоннинг бу тузоғига туширадиган иш ва ўйин-кулги турларидан йироқлашишимиз кераклигини билиб оламиз.

24- ҚЎШИҚ Яҳованинг тоғига келинг

^ абз. 5 Шайтон ва унинг жинлари одамларни ўлганларнинг ҳолати борасида ёлғон тарқатиб алдамоқда. Бу ёлғон дастидан Муқаддас Китобга зид кўпгина урф-одатлар келиб чиққан. Бу мақола бошқалар сизни шу каби хурофотларда иштирок этишга босим ўтказганда ёрдам беради.

^ абз. 10 Испан инквизицияси юз йиллар аввал черков таълимотлари билан рози бўлмаганларни шиддат ила қувғун қилган ва қатл этган суд.

^ абз. 56 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Яҳованинг Шоҳидлари яқини ҳаётдан кўз юмгани туфайли қайғураётган қариндошига тасалли беряпти.

^ абз. 58 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Дафн маросими билан боғлиқ урф-одатларни тадқиқ қилгандан кейин Яҳованинг Шоҳиди қариндошларига эътиқодини ҳурмат ила тушунтиряпти.

^ абз. 60 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Оқсоқоллар яқини ҳаётдан кўз юмган биродаримизга тасалли бериб, қўллаб-қувватламоқда.