Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ўқувчиларнинг саволлари

Ўқувчиларнинг саволлари

Муқаддас Китобда ёзилишича, биронта қилмиш борасида қарор чиқариш учун камида иккита гувоҳ керак. (Саҳ. 35:30; Қонун. 17:6; 19:15; Мат. 18:16; 1 Тим. 5:19) Лекин Тавротга биноан, қадимда киши унаштирилган қизни «далада» зўрласа ва қиз бақирса, у зино қилганликда айбланмаган, киши эса айбдор ҳисобланган. Бу қилмишни кўрган ҳеч қандай гувоҳ бўлмаса, унда нега қиз айбсиз, киши эса айбдор ҳисобланган?

Қонунлар 22:25–27 даги ҳодиса авваламбор кишининг айбдорлигини тасдиқлаш билан боғлиқ эмасди, чунки бу кундек равшан бўлган. Бу қонуннинг мақсади қизнинг айбсиз эканига эътибор қаратиш эди. Келинг, матн таркибини кўриб чиқайлик.

Олдинги оятларда киши унаштирилган қизни «шаҳарда» зўрлагани ҳақида гап кетяпти. Бу вазиятда киши зинога қўл урганликда айбланарди, боиси унаштирилган қиз худди турмуш қурган аёл сингари эди. Қизиқ, бу қиз ҳақида нима деса бўлади? У «шаҳарда бўла туриб бақирмаган». Агар у шундай қилганида, бошқалар уни эшитиб, қутқара оларди. Аммо у бақирмаган. Шу йўсин у зинога қўл урган. Шунинг учун, уларнинг иккови ҳам айбдор деб топиларди. (Қонун. 22:23, 24)

Иккинчи вазият: «Борди-ю, киши унаштирилган қизни далада учратиб қолса ва уни зўрласа, қизни зўрлаган эркакнигина ўлдиринглар, қизга ҳеч нарса қилманглар. Қиз ўлимга лойиқ гуноҳ қилмаган. Буни бир киши яқинига ҳужум қилиб, уни ўлдирган вазиятга ўхшатса бўлади. Чунки ўша одам қизни далада учратиб қолган эди ва унаштирилган қиз бақирган бўлса-да, у ерда уни қутқарадиган ҳеч ким йўқ эди». (Қонунлар 22:25–27)

Ушбу вазиятда ҳакамлар бу қизга ишонарди. Нима учун? Чунки ҳакамлар «қиз бақирган бўлса-да, у ерда уни қутқарадиган ҳеч ким» бўлмаган деган хулосага келишарди. Шу боис, у зинога қўл урмаган деб топиларди. Киши эса зўрлашда ва зинода айбдор деб топиларди, сабаби у унаштирилган қизни «зўрлаган».

Демак, ҳатто бу қонунга биноан, қизнинг айбсизлигига эътибор қаратилган бўлса-да, бўлиб ўтган воқеада киши зўрлашда ва зинода айбдор деб ҳисоблангани шубҳасиз. Аминмизки, ўша ҳакамлар «масалани атрофлича ўрганиб чиқиб», Худо аниқ ва кўп марта такрорлаган меъёрларга мувофиқ қарор чиқаришган. (Қонун. 13:14; 17:4; Чиқ. 20:14)