Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

«Ҳар нарса учун миннатдорчилик билдиринглар»

«Ҳар нарса учун миннатдорчилик билдиринглар»

СИЗ ўзингизни миннатдор инсон деб ҳисоблайсизми? Бу савол устида ҳаммамиз фикр юритиб кўрсак арзийди. Муқаддас Китобда бизнинг замонамиздаги кўплар «ношукур» бўлиши башорат қилинган. (2 Тим. 3:2) Эҳтимол, бошқалар улар учун нимадир қилиши ёки бирон нима бериши керак, деб ҳисоблайдиган инсонларга дуч келгандирсиз. Улар олган нарсалари учун миннатдорлик кўрсатишнинг кераги йўқ, деб ўйлашар. Бундай инсонлар билан бўлиш ёқимли бўлармиди?

Бундан фарқли равишда, Яҳова Ўз хизматчиларига: «Миннатдор эканингизни кўрсатинглар»,— деб айтган. Биз «ҳар нарса учун миннатдорчилик билдиришимиз» лозим. (Колос. 3:15; 1 Салон. 5:18) Ҳа, миннатдорлик туйғусини ривожлантирсак яхши бўларди. Бу нима учун яхши эканининг баъзи сабабларига диққат қаратишимиз мумкин.

МИННАТДОРЛИК ВА ЎЗИМИЗГА НИСБАТАН ТЎҒРИ НУҚТАИ НАЗАР

Муҳим бир сабаб шуки, миннатдорлик ўзимизга нисбатан тўғри нуқтаи назарда бўлишга кўмаклашади. Бирор кимга миннатдорлик билдирган киши ўзини яхши ҳис қилади, миннатдорчиликни эшитган киши эса ўзини ундан-да бахтиёр ҳис этади. Хўш, нега бу икки томонга ҳам яхши таъсир қилади? Мисол учун, кимдир ҳаракатларингизни кўриб, сиз учун нимадир қилишга тайёр. У сизга ғамхўрлик қилади. Буни кўргач, ўзингизни яхши ҳис қиласиз. Рут билан ҳам шундай бўлган. Боз Рутга сахийлик кўрсатган. Рут унинг ғамхўрлигидан ўзини бахтли ҳис этгани шубҳасиз. (Рут 2:10–13)

Айниқса, Худодан миннатдор бўлиш ўта муҳим. Албатта, Аллоҳ ҳам маънан, ҳам жисмонан жуда кўп ғамхўрлик қилгани ва бундай қилишдан тўхтамаётгани ҳақида баъзан ўйларсиз. (Қонун. 8:17, 18; Ҳавор. 14:17) Лекин Худонинг ҳиммати тўғрисида баъзан эмас, балки сиз ва яқинларингизга У ёғдирган қут-баракалари ҳақида кўпроқ мулоҳаза юритишга вақт ажратиш оқилонадир. Яратувчингизнинг сахийлиги ҳақида фикр юритиш Унга нисбатан миннатдорлигингизни ошириб, У сизни жуда қаттиқ яхши кўриши ва қадрлашига янада амин бўласиз. (1 Юҳан. 4:9)

Аммо Худонинг баракалари ва сахийлиги тўғрисида фикр юритибгина қолмай, ҳиммати учун Унга шукрона айтинг. (Заб. 100:4, 5) «Бошқаларга миннатдорлик билдириш одамларни бахтли қилади», деб бежизга айтилмаган.

МИННАТДОРЧИЛИК ОДАМЛАРНИ ЖИПСЛАШТИРАДИ

Миннатдор бўлиш сиз учун фойдали эканининг яна бир сабаби — дўстлик ришталарингиз мустаҳкамланади. Барчамиз бизга нисбатан миннатдорлик кўрсатилишига муҳтожмиз. Бирон кишига қилган яхшилиги учун миннатдорчилик кўрсатсак, у билан янада қалин дўстларга айланамиз. (Рим. 16:3, 4) Қолаверса, миннатдор кишиларда бошқаларга ёрдам бериш истаги кўпроқ бўлади. Бундай кишилар уларга нисбатан кўрсатилган меҳрга эътибор қаратади ва бу уларни ҳам шундай йўл тутишга ундайди. Ҳа, ўзгаларга кўмаклашиш бахтга етаклайди. Бу ҳақида Исо ҳам: «Олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катта»,— деб айтган. (Ҳавор. 20:35)

Калифорния университетида миннатдорчилик мавзусида ўтказилган тадқиқот лойиҳасининг раҳбарларидан бири Роберт Эммонс қуйидагича фикр билдирган: «Миннатдор бўлиш учун, бир-биримизга муҳтож эканимизни тушунишимиз керак. Баъзида биз берамиз, баъзида эса бизга берилади». Дарҳақиқат, ҳаётимиз бошқалар бизни қўллаб-қувватлашига ва ғамхўрлик қилишига боғлиқ. Масалан, улар бизга озиқ-овқат тақдим этишади ёки тиббий ёрдам кўрсатишади. (1 Кор. 12:21) Миннатдор инсон бошқалар у учун қилаётган барча нарсани қадрлайди. Шундай экан, бошқалардан сиз учун қилаётган ишлари учун миннатдор эканингизни кўрсатиш одатини ривожлантиряпсизми?

МИННАТДОРЛИК ВА ҲАЁТГА БЎЛГАН НУҚТАИ НАЗАР

Миннатдор бўлиш шунингдек, салбий нарсаларга эмас, ижобий нарсаларга диққат қаратишингизга кўмаклашади. Қайсидир маънода онгимизнинг ишлашини сузгич билан солиштирса бўлади. Бу туфайли атрофингиздаги муайян нарсаларга эътибор қаратасиз, бошқаларига эса бепарво бўлиб қоласиз. Натижада, ижобий нарсаларни кўришингиз ва муаммоларга камроқ диққат қаратишингиз мумкин. Қанчалар кўп миннатдорлик кўрсатсангиз, шунчалар кўп яхшилик кўрасиз. Шу тариқа янада миннатдор бўлиб бораверасиз. Миннатдорлик билдиришингиз мумкин бўлган нарсаларга эътибор қаратсангиз, Павлуснинг: «Раббимиз билан бирликда бўлиб ҳамиша қувонинглар»,— деган маслаҳатига биноан йўл тута оласиз. (Филип. 4:4)

Миннатдорлик кўрсатиш салбий фикрлаш тарзидан йироқлашишингизга ёрдам беради. Бир вақтнинг ўзида ҳам миннатдор бўлиш, ҳам ҳасад қилиш, тушкунликка тушиш ёки аччиқланишнинг иложи йўқ. Миннатдор кишилар моддий нарсаларга ҳам камроқ диққат қарата олишади. Улар борини қадрлаб, ундан ҳам кўпроқ нарсаларга эга бўлиш пайида бўлишмайди. (Филип. 4:12)

Ҳатто қийинчиликларга дуч келганингизда ҳам, миннатдорлик кўрсатиш умидингизни йўқотмасликка кўмаклашади. Масалан, ишсиз қолсангиз, буни ҳаётингиздаги янги бир саҳифа очилгандай қабул қилишингиз мумкин. Агар доимо миннатдорлик кўрсатсангиз, муаммони қийинчилик эмас, балки янги бир имконият деб қабул қила оласиз.

БАРАКАЛАРИНГИЗ ҲАҚИДА ЎЙЛАНГ!

Шайтон ушбу охирзамонда дуч келаётган қийинчиликлар сизга қайғу келтиришини ва тушкун аҳволда бўлишингизни истаётганини масиҳий сифатида тушуняпсиз. Агар салбий фикрлаш тарзига берилсангиз ва барча нарсадан нолисангиз, у маза қилади. Бундай муносабат туфайли ваъзгўйлик хизматида ҳам кам самарага эришасиз. Миннатдорлик муқаддас руҳ самараси билан ўзаро боғлиқ. Масалан, Худо бизга ато этаётган баракаларни кўраётганимиз ва келажак борасидаги ваъдаларига ишонаётганимиз учун севиняпмиз. (Галат. 5:22, 23)

Яҳованинг Шоҳиди экансиз, бу мақолада миннатдорлик ҳақида ёзилган фикрларга қўшилсангиз керак. Бироқ ҳамиша миннатдорлик кўрсатиш ва ижобий бўлиб қолиш осон эмаслигини тушунаётгандирсиз. Шундай бўлса-да, тушкунликка тушманг. Миннатдорлик туйғусини ривожлантириш қўлингиздан келади. Миннатдорлик кўрсатишингиз мумкин бўлган айрим нарсалар ҳақида фикр юритишга ҳар куни вақт ажратинг. Бундай қилганингиз сайин, бу одат тусига кириб, миннатдор инсон бўлиб бораверасиз. Бу туфайли сиз нуқул қийинчиликларига диққат қаратиб юрадиган кишилардан кўра анча бахтлироқ бўласиз. Аллоҳнинг яхшиликлари ва бошқалар сизга далда бериш ниятида қилаётган ишлари ҳақида фикр юритинг ўшанда мамнун бўласиз. Балки баракаларингизни дафтарга ёзиб борарсиз. Ҳар куни миннатдор бўлишингиз мумкин бўлган иккита ёки учта нарсани ёзиб қўйинг.

Тадқиқотчиларнинг изланишларига кўра, доим бошқаларга миннатдорлик изҳор этганимизда, бу миямиз фаолиятини ўзгартириши мумкин ва ҳаётимизга ижобийроқ қарайдиган бўламиз. Миннатдор инсон энг бахтли инсондир. Шундай экан, қут-баракаларингиз ҳақида ўйланг, ҳаётингиздаги қувончли дақиқалардан завқ олинг ва доим миннатдорлик кўрсатинг. Эга бўлган баракаларингизни оддий ҳолдек қабул қилмай, «Яҳовага шукрона айтинг, зеро У яхшидир». Дарҳақиқат, «ҳар нарса учун миннатдорчилик билдиринглар». (1 Сол. 16:34; 1 Салон. 5:18)