Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Исо чиндан ҳам мен учун ўлганми?

Исо чиндан ҳам мен учун ўлганми?

МУҚАДДАС КИТОБДА «биз каби инсон»ларнинг ҳис-туйғулари ёзилган анчагина мисоллар бор. (Ёқб. 5:17) Масалан, Павлуснинг Римликларга 7:21–24 да келтирилган қуйидаги сўзларини ўқиганимизда, у нима демоқчи бўлганини шу заҳоти тушуна оламиз: «Тўғри бўлган нарсани қилмоқчи бўлсам, ёнимда ёмонлик туради. [...] Эҳ, қандай бахтсиз одамман-а!» Биз ҳам номукаммаллигимиз билан курашганда, Павлуснинг мазкур сўзлари далда бахш этади.

Павлус бошқа ҳис-туйғулар тўғрисида ҳам ёзган. Мисол учун, Галатияликларга 2:20 да Исо уни севганига ва у учун ўзини фидо қилганига амин эканини айтган. Сиз ҳам худди шундай туйғуларни ҳис қиляпсизми? Эҳтимол, доим ҳам эмасдир.

Ўтмишда қилган гуноҳларимиз туфайли ўзимизни арзимас ҳис этаётган бўлсак, Яҳованинг севгисию кечиримини қабул қилишимиз қийин бўлиши мумкин. Бунинг устига, Исо шахсан биз учун ўзини қурбон қилганини ҳис этиш осон бўлмайди. Хўш, Исо тўловга нисбатан чиндан ҳам шундай нуқтаи назарда бўлишимизни истайдими? Тўловни шахсан ўзимизга қўллашга нима ёрдам беради? Келинг, бу иккита саволни кўриб чиқайлик.

ИСОНИНГ ЎЗ ҚУРБОНЛИГИГА БЎЛГАН НУҚТАИ НАЗАРИ

Исо тўлов қурбонлигини шахсан бизга қилинган ҳадя деб билишимизни хоҳлайди. Бунга қай йўсин амин бўла оламиз? Луқо 23:39–43 да келтирилган воқеани тасаввур қилинг. Исонинг ёнида устунга михланган бир киши бор эди. У ёмон ишлар қилганини тан олган. Эҳтимол, унинг қилмиши жиддий бўлгандир. Боиси, оғир жиноятлар учун шу каби жазо тайинланарди. Ўз аҳволидан ғамга ботган бу киши Исога ёлвориб: «Шоҳ бўлганингизда мени эсланг»,— деди.

Исо қандай жавоб берди? Исо оғриқли бўлса ҳам, унга қараш учун бошини у тарафга ўгирганини кўз олдингизга келтиринг. Гарчи азоб чекаётган бўлса-да, Исо илиқ табассум қилиб унга қуйидагича далда беради: «Сизга ваъда бераман, сиз мен билан бирга Жаннатда бўласиз». Исо ўша кишига шунчаки: «Инсон Ўғли... кўплар учун жонини тўлов сифатида бергани келган»,— деб айтиши мумкин эди. (Мат. 20:28) Лекин Исо унинг тўлов қурбонлиги ўша жиноятчига ҳам шахсан тегишли эканини меҳр ила таъкидлаганига эътибор бердингизми? У дўстона руҳда гапириб, «сиз» ва «мен» сўзларини ишлатган. Шунингдек, Исо унга келажак борасидаги умид, яъни ер юзидаги жаннатда абадий яшаш борасида айтган.

Шубҳасизки, Исо ўша киши унинг тўлов қурбонлигини шахсан унга қилинган ҳадя сифатида қабул қилишини истаган. Худога хизмат қилишга имкони бўлмаган жиноятчига нисбатан Исо бундай туйғуларни ҳис қилган бўлса, сувга чўмиб, Худога хизмат қилаётган масиҳийга нисбатан ҳам у худди шундай туйғуларни ҳис қилади. Ўтмишдаги гуноҳларимизга қарамай, Масиҳнинг қурбонлиги шахсан бизга ҳам фойда келтиришини ҳис этишимизга нима ёрдам бера олади?

ПАВЛУСГА НИМА ЁРДАМ БЕРГАН?

Павлуснинг Исо ўз жонини қурбон қилганига бўлган нуқтаи назари унинг хизматига таъсир қилган. Қанақасига? У шундай деб тушунтирган: «Менга куч ато этган Ҳазратимиз Исо Масиҳдан миннатдорман, чунки у мени ишончли ҳисоблаб, хизматга тайинлади. Гарчи мен илгари шаккок, таъқиб қилувчи ва сурбет бўлган бўлсам-да, менга раҳм-шафқат кўрсатилди». (1 Тим. 1:12–14) Павлус Исо унга топширган хизмат орқали раҳм-шафқату севги кўрсатганини ва ишонганини тушунган. Шунга ўхшаб, Исо шахсан ҳар биримизга ваъз қилиш ишини топширган. (Мат. 28:19, 20) Бу бизга ҳам худди шундай таъсир қила оладими?

Альберт деярли 34 йил давомида жамоатдан четлатилган эди. Яқинда у Яҳовага қайтди ва қуйидагича бўлишди: «Қилган гуноҳим ҳечам хаёлимдан кетмаяпти. Аммо хизматда бўлганимда ҳаворий Павлус сингари Исо хизматни шахсан менга топширганини ҳис этаман. Бу менга куч беради ва ўзим, ҳаётим ҳамда келажагим борасида ижобий нуқтаи назарни сақлашга ёрдам беради». (Заб. 51:3)

Турли инсонлар билан тадқиқ ўтказганда, Исо уларга раҳм-шафқат ва севги кўрсатишига ишонтиринг

Аллан ҳақиқатни билишидан олдин жиноятчи ва зўравон эди. У шундай деди: «Мен зарар етказган одамлар ҳақида ҳалигача ўйлайман. Баъзида бу туфайли тушкунликка тушаман. Лекин Яҳова мен каби гуноҳкорга бошқаларга хушхабарни етказиш имконини берганидан миннатдорман. Одамларнинг ҳақиқатга бўлган муносабатини кўрганимда, Яҳова қанчалар ҳимматли ва севувчи эканини эслайман. Ўтмиши меникига ўхшаш одамларга ёрдам бериш учун У мендан фойдаланаётганини ҳис этаман».

Хизматга чиққанимизда савоб иш қиламиз ва ижобий нарсалар ҳақида ўйлаймиз. Қолаверса, Исо бизга раҳм-шафқат, севги кўрсатганига ва ишонишига амин бўла оламиз.

ЯҲОВА ҚАЛБИМИЗДАН УЛУҒДИР

Шайтоннинг ёвуз дунёси йўқ бўлиб кетгунига қадар, қалбимиз ўтмишдаги қилмишларимиз учун бизни айблашда давом этиши ҳеч гап эмас. Бундай туйғуларни енгишимизга нима ёрдам беради?

Ёшлигида икки хил ҳаёт тарзини кечиргани учун айбдорлик ҳисси билан курашадиган Жен: «“Худо қалбимиздан улуғ” экани менга тасалли беради»,— деб айтди. (1 Юҳан. 3:19, 20) Яҳова ҳамда Исо биз гуноҳкор эканимизни жуда яхши тушунишини билишдан тасалли олишимиз мумкин. Унутмангки, Яҳова ҳамда Исо мукаммал эмас, тавба қилган гуноҳкорлар учун тўловни севги ила тақдим этган. (1 Тим. 1:15)

Исо номукаммал одамларга қандай муносабат қилгани ва у бизга ишониб топширган хизматни бажариш учун қўлимиздан келганини қилиш устида ибодат ила мулоҳаза юритсак, юқоридаги бебаҳо ҳақиқатга қалбимизни ишонтирамиз. Шундай йўл тутиб, Павлус сингари: «[Исо] мени севган ва мен учун ўзини фидо қилган»,— деб айта оласиз.