Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

24- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Аллоҳ тўғрисидаги билимга қарши ҳар қандай ғояни қулатинг!

Аллоҳ тўғрисидаги билимга қарши ҳар қандай ғояни қулатинг!

Биз Аллоҳ тўғрисидаги билимга қарши кўтарилаётган турли тўсиқ ва ғояларни қулатяпмиз. 2 КОР. 10:5

124- ҚЎШИҚ Вафодормиз

БУ МАҚОЛАДА *

1. Мойланган масиҳийларга Павлус қандай огоҳлантириш берган?

«УЙҒУНЛАШМАНГЛАР»,— деб огоҳлантирган эди ҳаворий Павлус. Хўш, нимага уйғунлашмаслигимиз керак? Павлус шундай деган: «Ушбу замонга уйғунлашманглар». (Рим. 12:2) У мазкур сўзларни биринчи асрдаги масиҳийларга ёзган. Қизиқ, нима учун Павлус Худога бағишланган ва муқаддас руҳ билан мойланган эркагу аёлларга бундай жиддий огоҳлантириш берган? (Рим. 1:7)

2–3. Қай йўсин Шайтон бизни Яҳовага қарши қайрамоқчи, аммо онгимизда «мустаҳкам қалъалар» каби ўрнашган фикрларни қай йўсин қулата оламиз?

2 Павлус хавотирда эди. Боиси, баъзи масиҳийлар Шайтоннинг дунёси олға сураётган зарарли фикрлару фалсафанинг таъсирига берилганга ўхшайди. (Эфес. 4:17–19) Бугунги кунда ҳам биз билан худди шундай бўлиши мумкин. Ушбу дунёнинг худоси Шайтон бизни Яҳовага қарши қайраш учун турли усуллардан фойдаланади. Масалан, муҳим аҳамиятга эга бўлишни ёки танилишни истасак, Яҳовадан юз ўгиришимиз учун Шайтон бундан фойдаланади. Бунинг устига, у каби фикр юритишимиз учун ўтмишимиз, маданиятимиз ёки олган таълимимизнинг муайян қирраларидан фойдаланиши мумкин.

3 Онгимизда «мустаҳкам қалъалар» каби ўрнашган фикрларни қулатишнинг иложи борми? (2 Кор. 10:4) Павлус нима деганига эътибор беринг: «Биз Аллоҳ тўғрисидаги билимга қарши кўтарилаётган турли тўсиқ ва ғояларни қулатяпмиз. Ҳар қандай фикрни забт этиб, уни Масиҳга бўйсундиряпмиз». (2 Кор. 10:5) Ҳа, Яҳованинг ёрдами билан салбий фикрларни ўзгартира оламиз. Дори заҳарнинг кучини кесгани каби, Худонинг Каломи Шайтон дунёсининг таъсирига қарши зидди заҳар бўла олади.

«ОНГИНГИЗНИ ЯНГИЛАНГ»

4. Ҳақиқатни қабул қилганимизда кўпларимиз қандай ўзгаришлар қилганмиз?

4 Худонинг Каломидаги ҳақиқатни қабул қилиб, Унга хизмат қилишга қарор қилганингизда, ҳаётингизга қандай ўзгаришлар киритганингизни эсланг. Кўпларимиз қандайдир ёмон ишларни қилмай қўйганмиз. (1 Кор. 6:9–11) Бундай гуноҳлардан қутулиш учун Яҳова бизга ёрдам берганидан жуда миннатдормиз!

5. Римликларга 12:2 да қандай иккита ҳаракат тўғрисида айтилган?

5 Аммо ҳеч ҳам бўшашмаслигимиз керак. Гарчи сувга чўмишимиздан аввал содир этган жиддий гуноҳларга қўл урмаётган бўлсак-да, олдинги ишларимизга қайтиш васвасасини туғдирадиган ҳар қандай нарсадан қочишимиз лозим. Буни қандай уддалай оламиз? Павлус: «Ушбу замонга уйғунлашманглар... онгингизни янгилаб, ўзингизни ўзгартиринглар»,— деб ёзган. (Рим. 12:2) Бу иккита ҳаракатни талаб қилади. Биринчидан, ушбу замонга «уйғунлашмаслигимиз» ёки унинг таъсирига берилмаслигимиз даркор. Иккинчидан, онгимизни янгилаб «ўзгаришимиз» лозим.

6. Исонинг Матто 12:43–45 да келтирилган сўзларидан қандай сабоқ оляпмиз?

6 Павлус назарда тутган ўзгариш шунчаки юзаки ўзгаришдан кўпроқ нарсани англатади. У вужудимизнинг ҳар бир заррасига таъсир қилади. (« Ўзгаришми ёки шунчаки кўрсатишми?» номли рамкага қаранг.) Онгимизни янгилашимиз, яъни ич-ичимиздаги фикрлар, ҳис-туйғулар ва мойилликларни ўзгартиришимиз керак. Шундай экан, барчамиз ўзимизга қуйидаги саволни беришимиз лозим: «Масиҳий бўлиш учун қилаётган ҳаракатларим фақатгина юзакими ёки чиндан ҳам масиҳий бўлишга интиляпманми?» Бу саволга қандай жавоб беришимиз муҳимдир. Матто 12:43–45 да (ўқинг) Исо нима қилишимиз кераклигини таъкидлаган. Мазкур сўзлар ортида муҳим ҳақиқат ётибди: ёмон фикрлардан соқит бўлишнинг ўзи етарли эмас; уларнинг ўрнини Худога маъқул бўлган фикрлар билан тўлдиришимиз лозим.

«ФИКРЛАШ ТАРЗИНГИЗНИ ВА МУНОСАБАТИНГИЗНИ ЎЗГАРТИРИНГ»

7. Қанақасига шахсиятимизни ўзгартира оламиз?

7 Қизиқ, фикрлаш тарзимизу муносабатимизни ёки шахсиятимизни ўзгартиришнинг имкони борми? Бунинг жавобини Худонинг Каломидан топамиз: «Бундан буён фикрлаш тарзингизни ва муносабатингизни ўзгартириб, ҳақиқий одиллик ва садоқатга асосланган, Худонинг ниятига кўра яралган янги ўзликни кийиб олинглар». (Эфес. 4:23, 24) Дарҳақиқат, шахсиятимизни ўзгартиришнинг имкони бор, лекин бу осон эмас. Ёмон истаклар ва ҳаракатлардан шунчаки қочишдан кўпроқ нарсани қилишимиз зарур. Фикрлаш тарзимизни ва муносабатимизни ўзгартиришимиз керак. Бу истакларимизни, мойилликларимизу ниятларимизни ўзгартиришни ўз ичига олади. Бу доимий ҳаракат демакдир.

8–9. Қандай қилиб биродаримизнинг мисоли шахсиятимизни ўзгартириш муҳим эканини кўрсатди?

8 Ўтмишда зўравон бўлган биродаримизнинг мисолига диққат қаратайлик. Ичишни ва муштлашишни тўхтатгач, у сувга чўмишга мос келди ва яшаётган кичик ҳудудида ажойиб шоҳидлик берарди. Сувга чўмганидан кўп ўтмай, бир куни оқшомда у кутилмаган вазиятга дуч келди. Маст киши биродаримизнинг уйи олдига келиб, уни муштлашишга чақирди. Бошида у буни рад этди. Бироқ ўша маст киши Яҳованинг исмини ҳақоратлаганда, бу биродаримизга шунчалик қаттиқ тегиб кетдики, у ғазабини тия олмади. У ташқарига чиқиб, ўша кишини дўппослади. Хўш, муаммо нимада эди? Гарчи биродар Муқаддас Китоб ёрдамида зўравонликка бўлган мойилликларига қарши турган бўлса-да, ҳанузгача фикрлаш тарзию муносабатини ўзгартирмаган эди. Бошқача қилиб айтганда, у ҳали шахсиятини ўзгартирмаган эди.

9 Лекин у таслим бўлмади. (Ҳик. 24:16) Оқсоқолларнинг ёрдами билан у ўзгаришда давом этди. Ниҳоят, оқсоқол бўлишга мос келди. Бир куни оқшом Йиғилиш зали олдида у йиллар аввал дуч келган вазиятга яна тўқнаш келди. Маст киши бошқа оқсоқолларни дўппосламоқчи эди. Биродаримиз қандай йўл тутди? У тинчликни сақлаб мулойим оҳангда маст киши билан гаплашди, вазиятни юмшатди ва ҳатто у уйга етиб олишига кўмаклашди. Нима учун биродаримиз бу сафар умуман бошқача йўл тутди? Ҳа, у фикрлаш тарзини ва муносабатини ўзгартирган эди. У чинакамига тинчликпарвар ва камтар инсонга айланган эди. Бунинг барчаси Яҳовага шараф келтирган.

10. Шахсиятимизни ўзгартириш нимани ўз ичига олади?

10 Бундай ўзгаришлар бир кечанинг ўзида содир бўлмайди ёки ўз-ўзидан юз бермайди. Биз йиллар давомида «астойдил ғайрат кўрсатишимиз» зарур. (2 Бутр. 1:5) «Ҳақиқатда» узоқ вақтдан бери бўлганимиз учунгина бу ўзгаришлар юз бериб қолмайди. Шахсиятимизни ўзгартириш учун қўлимиздан келганча ҳаракат қилишимиз керак. Бир нечта асосий қадам ёрдамида бундай ўзгаришни қила оламиз. Келинг, уларнинг баъзиларини кўриб чиқайлик.

ҚАЙ ЙЎСИН ФИКРЛАШ ТАРЗИМИЗ ВА МУНОСАБАТИМИЗНИ ЎЗГАРТИРА ОЛАМИЗ?

11. Қандай қилиб ибодат фикрлаш тарзимиз ва муносабатимизни ўзгартиришга ёрдам беради?

11 Биринчи муҳим қадам ибодатдир. Сано бастакори каби қуйидагича ибодат қилишимиз лозим: «Эй Худо, ичимда пок юрак ярат, менга янги ва барқарор руҳ ато эт». (Заб. 51:10) Фикрлаш тарзимиз ва муносабатимизни ўзгартириш кераклигини тан олишимиз ва Яҳовадан ёрдам сўрашимиз зарур. Яҳова ўзгаришимизга ёрдам беришига қай йўсин амин бўла оламиз? Ҳизқиёнинг даврида тушкунликка тушган исроилликларга Яҳова қандай ваъда берганидан далда олишимиз мумкин: «Уларни якдил қиламан. Уларга янги руҳ ато этаман... Мулойим юрак бераман, [яъни Худонинг йўл-йўриқларига бўйсунувчан юрак]». (Ҳиз. 11:19, изоҳ) Яҳова ўзгармоқчи бўлган исроилликларга ёрдам беришга тайёр бўлганидек, бизга ҳам кўмаклашишга тайёр.

12–13. а) Забур 119:59 га кўра, нима тўғрисида мулоҳаза қилишимиз керак? б) Ўзимизга қандай саволлар берсак бўлади?

12 Иккинчи муҳим қадам мулоҳаза юритишдир. Худонинг Каломини ҳар куни синчковлик ила ўқир эканмиз, қандай ўзгаришлар қилишимиз кераклиги борасида мулоҳаза юритишимиз ёки чуқур ўйлашимиз зарур. (Забур 119:59 ни ўқинг; Иброн. 4:12; Ёқб. 1:25) Инсонлар фалсафаси бизга таъсир қилганини кўрсатувчи ҳар қандай ўй-фикрни аниқлашимиз керак. Қандай заифликларимиз борлигини холисона аниқлаб, уларнинг устида ишлаш учун жон куйдиришимиз даркор.

13 Мисол учун, ўзингизга қуйидаги саволларни беринг: «Қалбимда озгина бўлса ҳам ҳасад ёки рашк борми?» (1 Бутр. 2:1) «Келиб чиқишим, олган таълимим ёки моддий аҳволим туфайли ўзимни бошқалардан яхшироқ деб биламанми?» (Ҳик. 16:5) «Бошқаларда мен эга бўлган нарсалар йўқ бўлгани ёки бошқа ирққа мансуб бўлгани учун уларга паст назар билан қарайманми?» (Ёқб. 2:2–4) «Шайтоннинг дунёси таклиф қилаётган нарсаларга кўнгил қўймаяпманми?» (1 Юҳан. 2:15–17) «Ахлоқсиз ёки зўравон ўйин-кулгиларни ёқтираманми?» (Заб. 97:10; 101:3; Амос 5:15) Мазкур саволларга шахсан жавоб бериб, қайси соҳаларда ўзгаришимиз кераклигини кўра оламиз. Қалбимизда «мустаҳкам қалъалар» каби бўлган фикрларни забт этиб, самовий Отамизни мамнун қиламиз. (Заб. 19:14)

14. Нима учун яхши дўстларни танлаш муҳим?

14 Учинчи муҳим қадам яхши дўстлар танлашдир. Буни англаймизми ёки йўқми, биз мулоқот қилаётган кишилар бизга қаттиқ таъсир қилади. (Ҳик. 13:20) Ҳамкасблар ёки мактабдагилар Худога маъқул тарзда фикр юритишимизга ёрдам бермаслиги мумкин. Аммо масиҳийлар жамоатида энг яхши дўстларни топа оламиз. У ерда «севишга ва эзгу ишлар қилишга» ундаламиз ёки куч оламиз. (Иброн. 10:24, 25)

«ИМОНДА БАРҚАРОР» БЎЛИНГ

15–16. Қай йўсин Шайтон фикрлаш тарзимизни ўзгартирмоқчи?

15 Шуни унутмангки, Шайтон фикрлаш тарзимизни ўзгартириш учун қатъий бел боғлаган. Худонинг Каломи бизга таъсир қилмаслиги учун у ҳар қандай фикрдан фойдаланади.

16 Шайтон Адан боғида Момоҳавога берган қуйидаги саволни беришда давом этмоқда: «Худо... айтгани ростми?» (Ибт. 3:1) Шайтоннинг бошқаруви остидаги дунёда шубҳа уйғотувчи қуйидаги саволларни тез-тез эшитиб турамиз: «Худо бир нечта хотин олишни маъқулламаслиги ростми? Худо Янги йилни ва туғилган кунларни нишонлашингизни истамаслиги ростми? Худо қон қуйдиришингизни истамаслиги ростми? Севувчи Худо жамоатдан четлатилган яқинингиз билан гаплашишингизни истамаслиги ростми

17. Эътиқодимиз борасида шубҳа уйғотувчи саволларга дуч келганда нима қилишимиз керак ва Колосаликларга 2:6, 7 га кўра, бунинг натижаси қандай бўлади?

17 Эътиқодимизга амин бўлишимиз керак. Эътиқодимиз борасида муҳим саволларга жавоб топмасак, ишонаётган нарсаларимиз ҳақиқат эканига шубҳалана бошлашимиз ҳеч гап эмас. Бундай шубҳалар туфайли фикрлаш тарзимиз бузилиб, имонимиз ҳалокатга учрайди. Хўш, унда нима қилишимиз зарур? Худонинг Каломига биноан, фикрлаш тарзимизни ўзгартириб, «Тангрининг яхши, мақбул, комил иродаси» нимада эканини аниқлаб олишимиз лозим. (Рим. 12:2) Мунтазам тадқиқ орқали Муқаддас Китобдан билиб олган ҳақиқатларни ўзимиз учун аниқлаб олишимиз керак. Яҳованинг меъёрлари тўғри эканига ишончимиз комил бўлиши мумкин. Шунда илдизлари маҳкам дарахт каби «имонда барқарор бўлиб» мустаҳкам томир ёямиз. (Колосаликларга 2:6, 7 ни ўқинг.)

18. Шайтон дунёсининг заҳрини кесишга нима ёрдам беради?

18 Ҳеч ким ўрнингизга имонингизни барқарор қила олмайди. Шундай экан, фикрлаш тарзингизни ва муносабатингизни янгилашда тўхтаманг. Тинмай ибодат қилинг; Яҳованинг руҳини сўраб илтижолар қилинг. Чуқур мулоҳаза юритинг; фикрларингизу ниятларингизни текширишни канда қилманг. Яхши дўстлар изланг; фикрлаш тарзингизни ўзгартиришга ёрдам берадиган инсонлар билан дўстлашинг. Шундай йўл тутиб, Шайтон дунёсининг заҳрини кесасиз ва «Аллоҳ тўғрисидаги билимга қарши кўтарилаётган турли тўсиқ ва ғояларни» муваффақият ила қулатасиз. (2 Кор. 10:5)

50- ҚЎШИҚ Бағишланиш ибодати

^ абз. 5 Яхшими ё ёмонми, ўтмишимиз, маданиятимиз ва олган таълимимиз фикрлаш тарзимизга таъсир қилади. Қандайдир салбий нуқтаи назарлар шахсиятимизда чуқур илдиз отганини тушунишимиз мумкин. Ушбу мақоладан ривожланиши мумкин бўлган ҳар қандай салбий фикрларни қай йўсин ўзимиздан соқит қилиш мумкинлигини билиб оламиз.