Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

26- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Бошқаларга ғам-ташвишлар билан курашишга ёрдамлашинг

Бошқаларга ғам-ташвишлар билан курашишга ёрдамлашинг

Барчангиз ҳамфикр, ҳамдард, бир-бирингизни биродарларча севадиган, меҳр-шафқатли ва камтар бўлинглар. 1 БУТР. 3:8

107- ҚЎШИҚ Аллоҳ — севги намунасидир

БУ МАҚОЛАДА *

1. Севувчи Отамиз Яҳовага қай йўсин тақлид қила оламиз?

ЯҲОВА бизни қаттиқ севади. (Юҳан. 3:16) Севувчи Отамизга тақлид қилишни истаймиз. Шу боис, барчага, айниқса, «имондошларимизга» «ҳамдард» бўлишни, севгию меҳр-шафқат кўрсатишни истаймиз. (1 Бутр. 3:8; Галат. 6:10) Маънавий оила аъзоларимиз ғам-ташвишларга дуч келганда, уларга ёрдам беришни хоҳлаймиз.

2. Мазкур мақолада нима ҳақида гап боради?

2 Яҳованинг оила аъзоси бўлишни истаган барча қийинчиликларга дуч келади. (Марк 10:29, 30) Ушбу замонанинг охири яқинлашар экан, янада кўпроқ ғам-ташвишлар билан курашишимизга тўғри келиши мумкин. Хўш, бир-биримизга қандай ёрдам бера оламиз? Келинг, Муқаддас Китобда келтирилган Лут, Аюб ва Наиманинг мисолларидан нималарга ўрганишимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик. Шунингдек, биродару опа-сингилларимиз дуч келаётган баъзи қийинчиликларни ва оғир вазиятларда қандай қилиб уларга ёрдам беришимиз мумкинлигини муҳокама қиламиз.

САБР-ТОҚАТЛИ БЎЛИНГ

3. Бутруснинг иккинчи мактуби 2:7, 8 га кўра, Лут қандай нотўғри қарор чиқарди ва оқибати нима бўлди?

3 Лут Садўмда, яъни ўтакетган ахлоқсиз одамлар орасида яшашни танлаб нотўғри қарор чиқарди. (2 Бутрус 2:7, 8 ни ўқинг.) Садўм ҳудуди гуллаб-яшнар эди, лекин у ерга кўчиш Лутга қимматга тушди. (Ибт. 13:8–13; 14:12) Эҳтимол, унинг хотини шаҳарга ёки у ердаги айрим одамларга шунчалик боғланиб қолгани учун Яҳовага итоатсизлик қилгандир. Худо ўша ҳудудга олов ва олтингугурт ёғдирганда у ҳаётидан маҳрум бўлди. Бундан ташқари, Лутнинг иккита қизи ҳақида ўйлаб кўринг. Улар унаштирилган куёвлар Садўмда ҳалок бўлди. Лут уйини, мол-мулкини ва энг оғриқлиси турмуш ўртоғини йўқотди. (Ибт. 19:12–14, 17, 26) Бундай оғир вақтда Яҳова Лутга нисбатан сабр-тоқатли бўлдими? Ҳа.

Тангри Яҳова раҳмдиллик ила Лут ва унинг оила аъзоларини қутқариб қолиш учун фаришталарини юбормоқда. (4- хатбошига қаранг.)

4. Яҳова сабр-тоқатли эканини Лутнинг вазиятида қандай кўрсатган? (Муқовадаги расмга қаранг.)

4 Лут Садўмда яшашни танлаган бўлса-да, Яҳова уни ва оиласини қутқариш учун меҳр-шафқатни кўрсатиб, фаришталарини юборди. Лекин фаришталарнинг Садўмдан зудлик билан чиқиб кетиш ундовига шу заҳоти амал қилишнинг ўрнига, Лут «имиллаган». Фаришталар унинг ва оила аъзоларининг қўлидан ушлаб, шаҳардан чиқиб кетишларига кўмаклашган. (Ибт. 19:15, 16) Сўнг фаришталар унга тоғли ҳудудга қочиб боришни айтган. Аммо Яҳовага қулоқ солишнинг ўрнига, Лут яқин-атрофдаги шаҳарга боришни сўраган. (Ибт. 19:17–20) Яҳова уни сабр ила тинглаган ва ўша шаҳарга боришига ижозат берган. Кейинчалик Лут у ерда яшашдан қўрққан ва тоғли ҳудудга, Яҳова биринчи сафар боргин деб айтган жойга кўчиб ўтган. (Ибт. 19:30) Яҳова нақадар сабр-тоқатли бўлган-а?! Унга қай йўсин тақлид қила оламиз?

5–6. Аллоҳга тақлид қилар эканмиз, 1 Салоникаликларга 5:14 даги маслаҳатни қай йўсин қўллай оламиз?

5 Лут сингари маънавий оила аъзоларимиз ҳам нотўғри қарорлар чиқариб, жиддий муаммоларга йўлиқиши мумкин. Бундай вазиятга дуч келганимизда, қандай йўл тутсак бўлади? Гарчи бу ҳақиқат бўлса-да, у экканини ўряпти деб айтиш васвасаси туғилар. (Галат. 6:7) Лекин бундан-да яхшироқ йўл тутиш мумкин. Яҳова Лутга қандай ёрдам берганидан андоза олсак бўлади. Қанақасига?

6 Яҳова нафақат Лутни огоҳлантириш, балки вайрон бўлаётган Садўмдан қочишига ёрдам бериш учун ҳам фаришталарни юборган. Шунга ўхшаб, имондошимиз бирон муаммога йўлиқиши мумкинлигини кўрсак, уни бу ҳақда огоҳлантирсак бўлади. Эҳтимол, унга ёрдам ҳам бера олармиз. Ҳатто у Муқаддас Китоб асосида берилган маслаҳатга шу заҳоти амал қилмаса ҳам, сабр-тоқатли бўлишимиз керак. Лутга ёрдам берган иккита фариштадан ўрнак олинг. Имондошимизни борича ташламай ва ундан узоқлашмай, унга ёрдам беришнинг амалий йўлларини излайлик. (1 Юҳан. 3:18) Рамзий маънода унинг қўлларидан ушлаб, берилган маслаҳатга амал қилишига кўмаклашишимиз лозим. (1 Салоникаликларга 5:14 ни ўқинг.)

7. Қандай қилиб Яҳованинг Лутга бўлган нуқтаи назаридан андоза олсак бўлади?

7 Яҳова Лутнинг камчиликларига диққат қаратиши мумкин эди. Аммо кейинчалик ҳаворий Бутрус Унинг раҳбарлиги билан Лутни одил киши сифатида тилга олган. Яҳова хатоларимизни кечиришини билишдан жуда хурсандмиз! (Заб. 130:3) Яҳованинг Лутга бўлган нуқтаи назаридан андоза олсак бўладими? Биродару опа-сингилларимизнинг ижобий фазилатларига диққат қаратсак, уларга нисбатан кўпроқ сабр-тоқатли бўла оламиз. Бу туфайли эса, улар ёрдамимизни қабул қилиш эҳтимоли ошади.

МЕҲР-ШАФҚАТЛИ БЎЛИНГ

8. Меҳр-шафқат бизни нима қилишга ундайди?

8 Лутдан фарқли равишда, Аюб ўзи чиқарган ёмон қарорлари дастидан азоб чекмаган. Аммо у даҳшатли қийинчиликлар гирдобида қолган — бор-будидан, жамиятдаги мавқеидан ва соғлигидан айрилган. Энг ёмони эса, у ва турмуш ўртоғи барча болаларидан жудо бўлган. Устига-устак, учта сохта дўсти уни айблаган. Аюбнинг учта дўсти унга меҳр-шафқат кўрсата олмаганининг сабабларидан бири нимада? Улар Аюбнинг вазиятини охиригача тушунишга интилмаган. Натижада, улар нотўғри хулосага келган ва Аюбни ноҳақ ҳукм қилган. Бундай хатога йўл қўйишдан қандай қоча оламиз? Шуни ёдда тутингки, фақатгина Яҳова инсоннинг вазияти ҳақида барча нарсани билади. Азоб чекаётган кишини эътибор билан тингланг. Уни тинглашдан кўпроқ нарсани қилинг; кишининг оғриғини ҳис қилишга интилинг. Ўшандагина имондошингизга ҳамдард бўла оласиз.

9. Меҳр-шафқатли бўлсак, нимадан қочамиз ва нега?

9 Меҳр-шафқатли бўлсак, кишининг муаммолари ҳақида ғийбатлар тарқатмаймиз. Ғийбатчи жамоатни мустаҳкамламайди, аксинча, уни барбод қилади. (Ҳик. 20:19; Рим. 14:19) Бундай одам меҳрибон бўлмайди ва ўйламай гапиради. Бунинг устига, шундоқ ҳам азоб чекаётган кишини сўзлари билан жароҳатлаши мумкин. (Ҳик. 12:18; Эфес. 4:31, 32) Кишининг ижобий тарафларига диққат қаратсак, муаммоларини енгиш учун қандай ёрдам бера олишимиз тўғрисида ўйласак, анча аълороқ йўл тутган бўламиз.

Имондошингиз «аҳмоқона» сўзларни айтса ҳам, уни сабр билан тингланг ва ўринли вақтда унга тасалли беринг (10–11- хатбошиларига қаранг.) *

10. Аюб 6:2, 3 да ёзилганлардан қандай сабоқ оляпмиз?

10 Аюб 6:2, 3 ни ўқинг. Гоҳида Аюб «аҳмоқона сўзлар» гапирган. Аммо вақт ўтиб, у айтган баъзи гапларини қайтариб олган. (Аюб 42:6) Аюб сингари, қийинчиликлар гирдобида қолган киши кейинчалик афсусланишига сабаб бўладиган аҳмоқона сўзлар айтиши мумкин. Бунга қандай муносабат билдиришимиз керак? Танқид қилишнинг ўрнига, меҳр-шафқат кўрсатишимиз зарур. Шуни ёдда тутингки, бугунги кунда биз дуч келаётган муаммолару ғам-ташвишлар Яҳованинг ниятига кирмаган. Шу сабабли, Яҳованинг садоқатли хизматчиси оғир қийинчиликлар гирдобида ўйламай гапириб қўйиши мумкин. У ҳатто Яҳова ёки биз ҳақимизда қандайдир нотўғри фикрлар билдирса ҳам, шу заҳоти ундан жаҳлимиз чиқмаслиги ёки айтганлари учун уни ҳукм қилмаслигимиз керак. (Ҳик. 19:11)

11. Қай йўсин оқсоқоллар маслаҳат бераётиб, Элихуга тақлид қила олади?

11 Баъзида жиддий муаммолар билан курашаётган киши қандайдир маслаҳатга ёки таълим-тарбияга муҳтож бўлади. (Галат. 6:1) Қандай қилиб оқсоқоллар бу вазиятдан чиқа олади? Улар Аюбни ҳамдардлик ила тинглаган Элихуга тақлид қилса, мақсадга мувофиқ бўлади. (Аюб 33:6, 7) У Аюбнинг фикрларини тушунгандан сўнггина унга маслаҳат берган. Элихуга тақлид қилган оқсоқоллар кишини диққат билан тинглаб, унинг вазиятини тушунишга ҳаракат қилади. Шунда улар бирон маслаҳат берганда, кишининг қалбини заб этиш эҳтимоли ошади.

ТАСАЛЛИ БЕРИНГ

12. Эрининг ва иккита ўғлининг ўлими Наимага қандай таъсир қилган?

12 Наима Яҳовани севган садоқатли аёл эди. Аммо эрининг ва иккита ўғлининг ўлимидан сўнг, Наима исмини «аччиқ» маъносини англатадиган «Мара»га ўзгартирмоқчи бўлганди. (Рут 1:3, 5, 20, изоҳ, 21) Келини Рут қийинчиликлари давомида уни ташлаб кетмаган. Рут амалий ёрдам билан чекланиб қолмаган, у Наимага тасалли ҳам берган. У оддийгина самимий сўзлари ёрдамида Наимага бўлган севгисини ва уни қўллаб-қувватлаётганини кўрсатган. (Рут 1:16, 17)

13. Нима учун турмуш ўртоғи вафот этганлар мададимизга муҳтож?

13 Маънавий оила аъзомиз турмуш ўртоғини йўқотса, у мададимизга муҳтож бўлади. Эр-хотинни ёнма-ён ўсадиган иккита дарахт билан солиштирса бўлади. Йиллар давомида уларнинг илдизи ўзаро чирмашиб кетади. Агар битта дарахт таг-томири билан олиб ташланса, бу иккинчи дарахтга жиддий таъсир қилади. Шунга ўхшаб, киши душман бўлмиш ўлим дастидан жуфтидан айрилса, узоқ вақт мобайнида руҳан эзилиши ҳеч гап эмас. Эри тўсатдан ўлиб қолган Паризод * шундай деди: «Ҳаётим остин-устун бўлиб кетди ва гўёки ҳеч ким менга ёрдам бера олмасди. У менинг энг яқин дўстим эди. Эримга ҳамма нарсани айтиб берардим. Қувончимга шерик бўларди ва қийин пайтларда мени қўллаб-қувватларди. У доим менга елкадош бўларди. Уни йўқотгач, ўзимни худди бир қисмимни кесиб ташлашгандай ҳис этардим».

Турмуш ўртоғини йўқотганларни қай йўсин қўллаб-қувватлай оламиз? (14–15- хатбошиларига қаранг.) *

14–15. Турмуш ўртоғи вафот этган кишига қай йўсин тасалли бера оламиз?

14 Турмуш ўртоғи вафот этган кишига қай йўсин тасалли бера оламиз? Биринчи муҳим қадам — ўзингизни ноқулай ҳис этсангиз ва нима дейишни билмасангиз ҳам, у билан гаплашиш. Юқорида тилга олинган Паризод қуйидагича бўлишди: «Ўлим туфайли одамлар ўзини ноқулай ҳис этишини тушунардим. Улар гаплари билан хафа қилиб қўйишдан хавотирланарди. Аммо ҳеч нима демасликдан кўра, ноқулайлик ҳис этиб бўлса-да, бирон нима айтиш яхшироқдир». Эҳтимол, ғамга ботган киши унга баландпарвоз сўзларни айтишимизни кутмайди. Паризод шундай деди: «Дўстларим оддийгина: “Дардингизга шерикман”,— деб айтганида миннатдор бўлардим».

15 Хотини бир неча йиллар олдин ҳаётдан кўз юмган Воҳид қуйидагича эслайди: «Бошқалар хотиним билан боғлиқ воқеаларни эслаганида, миннатдор бўламан; бу туфайли уни яхши кўришганига ва ҳурмат қилишганига бўлган ишончим ошади. Бу мен учун улкан ёрдамдир. Уларнинг сўзлари менга роса далда беради. Чунки хотиним мен учун жуда азиз эди ва ҳаётимнинг ажралмас қисми бўлган». Бева қолган Бону: «Бошқалар мен билан ибодат қилганда ва бир-иккита оят билан бўлишганда, далда оламан. Улар турмуш ўртоғим тўғрисида гапириши ва у ҳақидаги ҳикояларимни тинглашлари мен учун ёрдамдир».

16. а) Яқини вафот этган кишига қандай ёрдам беришимиз керак? б) Ёқуб 1:27 га кўра, қандай масъулиятга эгамиз?

16 Рут Наиманинг ёнида бўлгани сингари, биз ҳам турмуш ўртоғи ҳаётдан кўз юмганларни мунтазам равишда қўллаб-қувватлашимиз зарур. Юқорида тилга олинган Паризод қуйидаги фикрларни билдирди: «Эрим вафот этиши биланоқ, кўплар мени қўллаб-қувватлади. Вақт ўтгани сайин, одамлар ўз-ўзи билан бўлиб кетгандай туюлди. Бунга қарамай, менинг ҳаётим ўзгариб кетган эди. Бироқ бошқалар яқинини йўқотган киши ойлар, ҳатто йиллар мобайнида уни қўллаб-қувватлашларига муҳтож эканини тушунишса, улкан ёрдам бўлади». Албатта, одамлар бир-биридан фарқ қилади. Баъзилар янги шароитга нисбатан тез кўниккандай туюлиши мумкин. Лекин бошқалар учун эса, севган инсони билан олдин бирга бажарган ҳар бир иши, энди у йўқлигини эслатиб туради. Ҳар бир одам қайғу билан турлича курашади. Шуни унутмайликки, Тангри Яҳова турмуш ўртоғи вафот этганларга ғамхўрлик қилиш шарафи ва масъулиятини топширган. (Ёқуб 1:27 ни ўқинг.)

17. Нима сабабдан турмуш ўртоғи ташлаб кетганлар уларни қўллаб-қувватлашимизга муҳтож?

17 Айримлар эса, турмуш ўртоғи ташлаб кетгани учун қаттиқ қайғу чекиб, ғам-ташвишларга дуч келади. Турмуш ўртоғи ташлаб кетган Жасмина шундай айтди: «Ажрашганимизда ҳис этган оғриғим, эрим ҳаётдан кўз юмишидан ҳам даҳшатлироқ эди. Агар у бахтсиз ҳодиса ёки бирон касаллик туфайли вафот этганида, вазият унга боғлиқ бўлмасди. Лекин эрим мени ташлаб кетишни танлади. Мен ўзимни камситилган ва ерга урилгандай ҳис этдим».

18. Жуфтидан айрилганларга қандай ёрдам бера оламиз?

18 Жуфтидан айрилганлар учун савоб ишлар қилиб, уларни ўз севгимизга ишонтирамиз. Улар яхши дўстларга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳтождир. (Ҳик. 17:17) Уларнинг дўсти эканингизни қай йўсин кўрсата оласиз? Уларни шунчаки бирга овқатланишга таклиф қилсангиз бўлади. Қолаверса, бирга дам олишни ёки хизматда ҳамкорлик қилишни таклиф қилишингиз мумкин. Эҳтимол, вақти-вақти билан оилавий топинишга таклиф қиларсиз. Шундай йўл тутиб, Яҳованинг қалбини қувонтирасиз, зеро У «қалби ўксиганларга яқин» ва «беваларнинг ҳимоячиси». (Заб. 34:18; 68:5)

19. Бутруснинг биринчи мактуби 3:8 ни ёдда тутган ҳолда, қандай йўл тутишга қарор қилдингиз?

19 Тез орада Худонинг Шоҳлиги ер юзи устидан бошқара бошлаганда, барча «қайғулар унутилади». «Ўтмишдаги нарсалар эсга олинмайди, ҳатто кўнгилга ҳам келмайди»,— деган сўзлар амалга ошишини интиқиб кутяпмиз. (Ишаё 65:16, 17) У пайт келгунига қадар, бир-биримизни қўллаб-қувватлаб, сўзларимизу ишларимиз билан маънавий оиламизни севишимизни кўрсатайлик. (1 Бутрус 3:8 ни ўқинг.)

111- ҚЎШИҚ Яҳова — чин шодлик манбаидир

^ абз. 5 Лут, Аюб ва Наима Аллоҳ Яҳовага садоқат ила хизмат қилган бўлса-да, турли қийинчиликлар билан курашишига тўғри келган. Ушбу мақолада уларнинг мисолларидан нималарга ўрганишимиз мумкинлигини билиб оламиз. Қолаверса, имондошларимиз муаммолар билан курашганда нега уларга нисбатан сабрли, меҳр-шафқатли бўлишимиз ва тасалли беришимиз муҳим эканига диққат қаратамиз.

^ абз. 13 Ушбу мақоладаги исмлар ўзгартирилган.

^ абз. 57 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Қаттиқ ғамга ботган биродар «аҳмоқона сўзлар»ни гапиряпти, оқсоқол эса, уни сабр ила тинглаяпти. Бир оздан сўнг, у жаҳлидан тушгач, оқсоқол меҳр ила унга маслаҳат беряпти.

^ абз. 59 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Ёш жуфтлик яқинда турмуш ўртоғини йўқотган биродар билан вақт ўтказяпти. Улар биродарнинг хотини билан боғлиқ ёқимли хотираларни эслашяпти.