Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

25- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Ғам-ташвиш пайтларида Яҳовага таянинг

Ғам-ташвиш пайтларида Яҳовага таянинг

Ғам-ташвиш одамнинг қалбини эзади. ҲИК. 12:25

30- ҚЎШИҚ Дўстим, Отам ва Раббим

БУ МАҚОЛАДА *

1. Нега Исонинг сўзларига қулоқ солишимиз керак?

ОХИРЗАМОН ҳақидаги башоратда Исо шундай деган: «Ўзингизга диққат қилинглар, юракларингизни... турмуш ташвишлари эгаллаб олмасин». (Луқо 21:34) Бу огоҳлантирувга қулоқ солишимиз керак. Нега дейсизми? Боиси, ҳар биримизга ўша-ўша кўпгина муаммоларни енгишга тўғри келяпти.

2. Биродару опа-сингиллар қандай мураккаб қийинчиликларга дуч келмоқда?

2 Гоҳида бир вақтнинг ўзида жуда мураккаб анчагина муаммога рўбарў келамиз. Мана бир нечта мисол. Тарқоқ склероз касаллиги билан курашаётган Жаҳонгир * исмли биродаримиз 19 йиллик турмушидан сўнг хотини ташлаб кетганда, жуда ҳам тушкунликка тушиб қолган. Иккита қизи эса Яҳовага хизмат қилмай қўйди. Ботир ва Лола исмли бир жуфтлик бошқача қийинчиликларга дучор бўлди. Уларнинг иккови ҳам ишидан маҳрум бўлиб, уйсиз қолди. Бунинг устига, шифокор Лолага юраги билан боғлиқ ҳалокатли касаллиги ва иммунитетига ёмон таъсир қиладиган бошқа касаллиги ҳам борлигини айтади.

3. Филиппиликларга 4:6, 7 да Яҳова ҳақида нималар ёзилган?

3 Парвардигоримиз ва ғамхўр Отамиз Яҳова ғам-ташвиш бизга қандай таъсир қилаётганини яхши тушунаётгани шубҳасиз. У биз дуч келаётган муаммоларга бардош беришимизга кўмаклашишни истайди. (Филиппиликларга 4:6, 7 ни ўқинг.) Худонинг Каломида Унинг хизматчилари муаммоларни енгани ҳақида кўпгина мисоллар бор. Қолаверса, ундан Яҳова уларга бу ғам-ташвишли вазиятларда қандай қилиб ғалаба қозонишга ёрдам берганини ўқишимиз мумкин. Келинг, бир нечта мисолга диққат қаратайлик.

ИЛЁС ПАЙҒАМБАР БИЗ КАБИ ИНСОН ЭДИ

4. Илёс қандай қийинчиликларга дуч келган ва Яҳова ҳақида қандай фикрда бўлган?

4 Илёс Яҳовага жуда мушкул замонда хизмат қилиб, оғир қийинчиликларга дуч келган. Исроил тарихидаги садоқатсиз шоҳлардан бири бўлган Ахаб Баалга сажда қилган малика Изабелга уйланган эди. Буларнинг иккови мамлакатни Баалга сиғиниш билан тўлдириб ташлаган ва Яҳованинг кўпгина пайғамбарларини ўлдирган. Илёс омон қолган. У шунингдек, Яҳовага таянган ҳолда даҳшатли очарчилик палласида омон қолган. (3 Шоҳ. 17:2–4, 14–16) Бундан ташқари, у Баалга сажда қилганларга ва унинг пайғамбарларига қарши чиққанда, Яҳовага умид боғлаган. Илёс исроилликларни Яҳовага хизмат қилишга ундаган. (3 Шоҳ. 18:21–24, 36–38) Бу пайғамбар Яҳова уни мураккаб пайтларда кўп маротаба ҳимоя қилганини ва ёрдам берганини яққол кўрган эди.

Яҳова Илёсга куч ато этиш учун фариштани юборган (5–6- хатбошиларига қаранг.) *

5–6. Илёс 3 Шоҳлар 19:1–4 га кўра, нималарни ҳис этган ва Яҳова уни яхши кўришини қандай кўрсатган?

5 3 Шоҳлар 19:1–4 ни ўқинг. Лекин Илёс малика Изабел уни ўлдирмоқчи бўлганда, у жуда қўрққан. Шунинг учун у Бэршэва ҳудудига қочиб кетган ва тушкунликка тушиб, «ўзига ўлим тилаган». Нима учун у ўзини шундай ҳис қилган? «Илёс пайғамбар ҳам биз каби» номукаммал инсон эди. (Ёқб. 5:17) Эҳтимол, ғам-ташвилари уни кўмиб ташлагандай бўлиб, тинка-мадори қуригандир. Балким, Илёс пок топиниш учун қилган ҳаракатлари бефойда, Исроилдаги аҳвол ўзгармаяпти ва фақатгина якка ўзи Яҳовага хизмат қиляпман деб ўйлагандир. (3 Шоҳ. 18:3, 4, 13; 19:10, 14) Шу каби содиқ пайғамбар буларни ҳис қилганидан ҳайратланаётгандирсиз. Лекин Яҳова Илёснинг ҳис-туйғуларини яхши тушунган.

6 Яҳова уни бундай туйғулари учун койимаган. Аксинча, унга кучини тиклаб олишига кўмаклашган. (3 Шоҳ. 19:5–7) Кейинчалик, Яҳова ажойиб қудратини намоён этиш орқали, меҳр ила унинг фикрлаш тарзини ўзгартирган. Ўшанда Яҳова Исроилда Баалга сажда қилишдан бош тортган 7 000 та киши борлигини кўрсатган. (3 Шоҳ. 19:11–18) Бу билан Яҳова Илёсни яхши кўришини намоён этган.

ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ЯҲОВА БИЗГА ЁРДАМ БЕРАДИ?

7. Яҳова Илёсга ёрдам бергани бизни нимада ишонтирмоқда?

7 Сиз ҳам ғам-ташвишга дуч келяпсизми? Шубҳасизки, Яҳова Илёснинг туйғуларини яхши тушунганини билиш тасалли бахш этади. Бу, Худо биз ҳиссан сиқилаётганимизни тушунаётганига ҳам ишонтирмоқда. У нима қила олишимизу нима қила олмаслигимизни ва ҳатто фикр-хаёлларимизу туйғуларимизни билади. (Заб. 103:14; 139:3, 4) Илёс каби Яҳовага таянсак, У ғам-ташвиш тортишимизга сабаб бўлаётган қийинчиликларимизда бардошли бўлишимизга ёрдам беради. (Заб. 55:22)

8. Яҳова ғам-ташвишни енгишингизга қандай қилиб ёрдам беради?

8 Ғам-ташвиш дастидан салбий фикр юритишингиз ва бу туфайли руҳингиз тушиши ҳеч гап эмас. Бунга дуч келсангиз, унутманг, Яҳова ғам-ташвишни енгишингизга ёрдам беради. Хўш, У буни қандай қилади? У муаммоларингизу нимани ҳис қилаётганингизни Унга айтишни таклиф этяпти. Ёрдам сўраб қилган илтижоларингизга жавоб беришига ишонтиряпти. (Заб. 5:3; 1 Бутр. 5:7) Шундай экан, муаммоларингиз ҳақида Яҳовага тез-тез ибодат қилинг. У Илёснинг вазиятида бўлганидек, сизга тўғридан-тўғри гапирмайди. Лекин Каломи бўлмиш Муқаддас Китоб ва ташкилоти орқали гапиради. Муқаддас Китобдан ўқиган оятларингиз сизга тасалли ва умид бахш этиши мумкин. Имондошларингиз ҳам сизга далда бера олади. (Рим. 15:4; Иброн. 10:24, 25)

9. Қандай қилиб ишончли дўст бизга ёрдам бера олади?

9 Яҳова Илёсга масъулиятли баъзи вазифаларни Элишайга топширишни айтган. Шу тариқа, Яҳова Илёс тушкунликка тушган пайтларда унинг ҳиссий юкини енгил қилишга ёрдам бера оладиган яхши ҳамкор Элишайни берган. Демак, ишонган дўстимиз билан бўлишганимизда, у ҳиссий юкимизни енгиллатишга ёрдам бера олади. (4 Шоҳ. 2:2; Ҳик. 17:17) Борди-ю, туйғуларингиз ҳақида гаплаша оладиган кишини топа олмаётган бўлсангиз, Яҳовага ибодат қилиб, ҳиссан қўллаб-қувватлайдиган етук масиҳийни излаб-топишингизга ёрдам беришини сўранг.

10. Илёснинг мисоли бизга қандай умид бахш этяпти ва Ишаё 40:28, 29 даги ваъда қандай қилиб бизга кўмаклашмоқда?

10 Яҳова Илёсга ғам-ташвишни енгиб, кўп йиллар мобайнида садоқат ила хизмат қилишига ёрдам берган. Бу пайғамбарнинг мисоли бизга умид бахш этмоқда. Гоҳ-гоҳида ғам-ташвишларнинг кўплигидан ўзимизни жисмонан ва ҳиссан эзилгандай ҳис этармиз. Аммо Яҳовага таянсак, Унга хизмат қила олишимиз учун керакли куч беради. (Ишаё 40:28, 29 ни ўқинг.)

ХАННА, ДОВУД ВА САНО БАСТАКОРИ ЯҲОВАГА ТАЯНИШГАН

11–13. Худонинг қадимдаги учта хизматчиси дуч келган ғам-ташвиш уларга қандай таъсир қилган?

11 Муқаддас Китобда тилга олинган бошқа инсонлар ҳам ғам-ташвишга рўбарў келишган. Масалан, Ханна бола кўра олмаётганидан жуда сиқиларди ва кундоши ҳам бу туфайли уни мазах қиларди. (1 Шоҳ. 1:2, 6) У ниҳоятда қайғурганидан, кўз ёшлар тўкарди ва иштаҳаси ҳам йўқ эди. (1 Шоҳ. 1:7, 10)

12 Баъзида шоҳ Довуд ҳам ғам-ташвишларга дуч келарди. У бошдан кечирган қийинчиликлар ҳақида бир ўйлаб кўринг. Довуд қилган кўпгина хатолари дастидан ўзини айбдор ҳис этарди. (Заб. 40:12) Суюкли ўғли Абсалом унга қарши исён кўтарган ва кейинчалик ўлдирилган (2 Шоҳ. 15:13, 14; 18:33) Қолаверса, унинг жонажон дўстларидан бири унга хиёнат қилган. (2 Шоҳ. 16:23–17:2; Заб. 55:12–14) Забурнинг кўпгина саноларида Довуд оғриқли туйғуларинию Яҳовага қатъиян таянаётгани ҳақида ёзган. (Заб. 38:5–10; 94:17–19)

Яҳова сано бастакори яна қувонч ила хизмат қилишига қандай кўмаклашди? (13–15- хатбошиларига қаранг.) *

13 Бир сафар, сано бастакори ёвуз кишиларнинг ҳаётига ҳасад қила бошлаган. У леви бўлган Осифнинг авлодидан бўлиб, «Худонинг муқаддас масканида» хизмат қилган бўлиши мумкин. Бу сано бастакори ҳиссан азоб чеккан эди, чунки бахтсиз бўлиб, қаноат ҳосил қилмай қўйган. У ҳатто Аллоҳга хизмат қилиш келтирадиган қут-баракалардан шубҳалана бошлаган. (Заб. 73:2–5, 7, 12–14, 16, 17, 21)

14–15. Муқаддас Китобда тилга олинган учта кишининг мисоли Яҳовадан ёрдам излаш борасида нимага ўргатяпти?

14 Юқорида тилга олинган учта хизматчи Яҳованинг ёрдамига таянган. Улар ташвишлари ҳақида астойдил ибодат қилган. Улар шу қадар ғам-ташвиш тортаётганининг сабабларини очиқдан-очиқ Унга гапириб берган. Шунингдек, Яҳовага топинадиган жойга боришдан тўхтамаган. (1 Шоҳ. 1:9, 10; Заб. 55:22; 73:17; 122:1)

15 Яҳова уларнинг ҳар бирига раҳм-шафқат кўрсатди. Ханна ички хотиржамликка эга бўлган. (1 Шоҳ. 1:18) Довуд шундай деган: «Одил киши кўп қийинчиликларга дуч келади, аммо Яҳова уларнинг баридан уни халос қилади». (Заб. 34:19) Сано бастакори эса, Яҳова меҳрга тўла маслаҳат орқали етаклаб, ўнг қўлидан маҳкам ушлаб турганини ёзган. У шундай деб айтган: «Мен учун эса Худога яқинлашиш қанчалар яхши! Олий Ҳукмдор Яҳовани паноҳим деб биламан». (Заб. 73:23, 24, 28) Бу учта кишининг мисолидан қандай сабоқ оляпмиз? Баъзан ғам-ташвишдан азоб тортишимизга сабаб бўлаётган оғир муаммолар гирдобида қоламиз. Лекин Яҳова бошқаларга қай йўсин ёрдам бераётгани ҳақида мулоҳаза юритсак, ибодат қилиб, Унга таянсак ва биздан талаб қилаётганларига амал қилсак, бардошли бўла оламиз. (Заб. 143:1, 4–8)

ЯҲОВАГА ТАЯНИБ, БАРАКА ТОПИНГ

Аввал имондошимиз ўзини бошқалардан олиб қочди, аммо бошқаларга ёрдам беришга ҳаракат қилганида, вазият ўзгарди (16–17- хатбошиларига қаранг.)

16–17. а) Нега ўзимизни бошқалардан олиб қочмаслигимиз керак? б) Қандай қилиб қайта кучга тўла оламиз?

16 Бу учта кишидан яна бир муҳим нарсага, яъни Яҳовадан ҳамда Унинг халқидан ажралмаслигимиз кераклигига ўргандик. (Ҳик. 18:1) Эри ташлаб кетган Нилюфар исмли имондошимиз қайғуга ботган эди. У шундай деди: «Кўп кунлар давомида ҳеч кимни кўргим ҳам, гаплашгим ҳам келмас эди. Лекин ўзимни қанча кўп бошқалардан олиб қочсам, шунча кўп қайғурардим». Нилюфар муаммоларга дуч келган бошқаларга ёрдам беришга ҳаракат қила бошлаганида, вазият ўзгарди. У: «Бошқаларнинг дардларини эшитардим. Уларга ачинаётганимни ҳис қилганим сайин, ўзим ва муаммоларимга камроқ диққат қаратишимни сездим»,— деди.

17 Жамоат учрашувларига бориб куч-қувватга тўламиз. У ерда Яҳова мададкору юпатувчимиз эканини ҳис этишимизга яна бир имкон пайдо бўлади. (Заб. 86:17) Йиғилишларда Худо бизни муқаддас руҳи, Каломи ва халқи орқали мустаҳкамлайди. Биз у ерда «бир-биримизнинг имонимиздан далда олишимиз» мумкин. (Рим. 1:11, 12) Сурайё исмли имондошимиз қуйидагича бўлишди: «Яҳова ҳамда имондошларим бардошли бўлишимга ёрдам беришди. Мен учун энг муҳими жамоат учрашувлари эди. Хизматда ва жамоатда кўп меҳнат қилганим сари, ғам-ташвиш билан курашиш осонроқ бўлганини тушундим».

18. Сиқилган пайтларимизда Яҳова бизга нима ато этиши мумкин?

18 Сиқилган пайтларда шуни унутмайликки, Яҳова нафақат келажакда ғам-ташвишни абадулабад бартараф этишини, балки бугунги кунда уларни енгишга кўмаклашишни таклиф этмоқда. Оғриқ келтирадиган ва умидсизликка туширадиган туйғуларни енга олишимиз учун Худо бизда «истак уйғотиб, куч ато этади». (Филип. 2:13)

19. Римликларга 8:37–39 даги ваъда бизни нимада ишонтирмоқда?

19 Римликларга 8:37–39 ни ўқинг. Ҳаворий Павлус бизни Худонинг севгисидан ҳеч нарса жудо қила олмаслигини айтган. Ғам-ташвиш билан курашаётган биродару опа-сингилларимизга қандай қилиб ёрдам бера оламиз? Келаси мақолада Яҳовага тақлид қилиб раҳм-шафқатли бўла олишимиз ва ғам-ташвишлар гирдобида қолган имондошларимизни қўллаб-қувватлашимиз мумкинлиги ҳақида сўз юритилади.

44- ҚЎШИҚ Шикаста қалб ноласи

^ абз. 5 Ғам-ташвишлар кўплиги ёки улар анча вақт давом этиши жисмонан ва ҳиссан зиён келтириши мумкин. Яҳова бизга қандай қилиб ёрдам бера олади? Яҳова Илёсга ғам-ташвишга дуч келганда қандай кўмаклашганига диққат қаратамиз. Муқаддас Китобдаги бошқа мисолларга ҳам эътибор бериб, қийин пайтларда қай йўсин Яҳованинг ёрдамига эга бўла олишимиз мумкинлигини билиб оламиз.

^ абз. 2 Ушбу мақоладаги исмлар ўзгартирилган.

^ абз. 53 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Яҳованинг фариштаси Илёсни астагина уйғотиб, нон ва сув беряпти.

^ абз. 55 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Эҳтимол, Осиф авлодидан бўлган сано бастакори бошқа левилар билан саноларни басталаб, уларни куйлашдан завқ оляпти.