Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

22- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Тадқиқ қилиш услубингизни чархланг

Тадқиқ қилиш услубингизни чархланг

Қайси нарсалар муҳимроқ эканини фарқланглар. ФИЛИП. 1:10

35- ҚЎШИҚ «Қайси нарсалар муҳимроқ эканини фарқланглар»

БУ МАҚОЛАДА *

1. Нима учун баъзиларга тадқиқ қилиш қийин бўлиши мумкин?

БУГУНГИ кунда кўплар етарлича пули бўлиши учун тер тўкиб меҳнат қилади. Кўпгина биродару опа-сингилларимиз оила аъзоларининг эҳтиёжларини қондириш учун кўп ишлайди. Яна кўплар эса, ишга бориш ва уйга қайтиш учун бир неча соат вақтини йўлга кетказишига тўғри келади. Бошқалар ўзини таъминлаш учун оғир жисмоний меҳнат билан шуғулланади. Куннинг охирига келиб меҳнатсевар имондошларимиз ҳолдан тояди. Улар шунчалик чарчаганидан тадқиқ қилишга кучи қолмайди.

2. Қайси пайтлари тадқиқ ўтказасиз?

2 Аммо ҳақиқат шундаки, Худонинг Каломини ва унга асосланган адабиётларни тадқиқ қилиш, яъни уларни чинакамига ўрганиш учун вақт ажратишимиз керак. Зеро, Яҳова билан бўлган муносабатларимиз ва абадий яшашимиз бунга боғлиқ! (1 Тим. 4:15) Айримлар ҳар куни саҳар туриб, тинч ва тунги дам олишдан сўнг фикрлари равшан бўлганида тадқиқ ўтказади. Бошқалар эса, кун охирида ҳеч ким халақит қилмайдиган пайтда Муқаддас Китоб ва унга асосланган адабиётларимизни ўқиб, устида мулоҳаза юритади.

3–4. Тақдим этилаётган маънавий озуқа борасида қандай ўзгаришлар киритилди ва нега?

3 Шубҳасизки, тадқиқ қилиш учун вақт ажратиш муҳим эканига қўшиласиз. Лекин нимани тадқиқ қилишимиз керак? Эҳтимол: «Ўқиш учун маълумот бисёр. Ҳаммасини ўқишга аранг вақт ажратяпман»,— дерсиз. Кимлардир маънавий озуқадан тўлақонли баҳраманд бўла оляпти, бироқ кўпгина биродару опа-сингилларимиз учун буни қилиш осон кечмаяпти. Етакчи кенгаш бундан бохабар. Шу сабабли, босма шаклда чоп этиладиган ва Интернетдаги адабиётларни қисқартириш йўл-йўриғи берилди.

4 Мисол тариқасида олсак, бир қанча далдали воқеалар jw.org® сайтида ва JW Интернет-телевидениесининг ҳар ойги кўрсатувларида тақдим этилгани боис, «Яҳова Шоҳидларининг йилномаси» энди чоп этилмайди. Ҳозирда «Қўриқчи минораси»нинг тарқатиш сони ва «Уйғонинг!» журнали йилига уч марта чиқяпти. Бу ўзгаришлар кўпроқ вақтимизни топинишимиз билан боғлиқ бўлмаган ишларга сарфлашимиз учун эмас, балки «муҳимроқ нарсалар»га янада диққатли бўлишимиз учун киритилди. (Филип. 1:10) Келинг, қай йўсин нима муҳимроқ эканини аниқлашингиз ва қандай қилиб Муқаддас Китоб тадқиқидан тўлалигича фойда олишингиз мумкинлигини билиб олайлик.

НИМА УСТУВОР ЭКАНИНИ АНИҚЛАНГ

5–6. Қайси адабиётларимизни диққат билан тадқиқ қилишимиз керак?

5 Хўш, нималарни биринчи ўринга қўйишимиз керак? Албатта ҳар куни Худонинг Каломини тадқиқ қилишимиз лозим. Ўқиганларимиз устида мулоҳаза юритишга ва қўшимча изланиш олиб боришга кўпроқ вақтимиз бўлиши учун ҳар ҳафта йиғилишда Муқаддас Китобдан ўқиладиган оятлар сони қисқартирилди. Мақсадимиз дастурдаги оятларни шунчаки ўқиб чиқиш эмас, балки Муқаддас Китобда ёзилганлар қалбимизгача етиб бориб, бизни Яҳовага янада яқинлаштириши бўлиши керак. (Заб. 19:14)

6 Яна нимани диққат билан тадқиқ қилиш керак? Албатта, «Қўриқчи минораси» ҳамда жамоат билан Муқаддас Китоб тадқиқи учун мавзуни ўрганиб чиқишни ва шу билан бирга «Таълим дастури»даги бошқа маълумотни ўқишни истаймиз. Шунингдек, «Қўриқчи минораси» тадқиқ ва тарқатиш сони ҳамда «Уйғонинг!» журналларининг ҳар бир сонини назардан четда қолдирмаслигимиз керак.

7. Веб-сайтимизда ёки JW Интернет-телевидениесида тақдим этилаётган маънавий озуқанинг барчасидан фойдалана олмаётган бўлсак, тушкунликка тушишимиз керакми?

7 Балки: «Ажойиб, лекин jw.org веб-сайти ва JW Интернет-телевидениесида чиқаётган маълумотлар ҳақида нима деса бўлади? Ахир у ерда роса кўп нарса бор!» — дерсиз. Қуйидаги мисолга эътибор беринг: кафеда турли мазали овқатлар тизиб қўйилган бўлса-да, келганлар ҳаммасини паққос туширмайди, аксинча, ўзига кераклигича олади, холос. Шунга ўхшаб, барча электрон маълумотни ўқишга улгурмаётган бўлсангиз, тушкунликка тушманг. Имконингиз йўл қўйганича ўқинг ёки видео маҳсулотларни томоша қилинг. Энди эса, тадқиқ қилиш нимани ўз ичига олишини ва ундан иложи борича кўп фойда олиш учун нима қилишимиз мумкинлигини билиб олайлик.

ТАДҚИҚ БУ МЕҲНАТДИР

8. «Қўриқчи минораси»даги мақолани қай йўсин тадқиқ қилишингиз мумкин ва бу сизга қандай фойда келтиради?

8 Тадқиқ қилиш диққат-эътибор ва бирон мақсад билан ўқишдир. Бу шунчаки муайян мавзу билан танишиб чиқиб, жавобларни белгилашни англатмайди. Масалан, «Қўриқчи минораси» тадқиқига тайёрланганда мақоланинг бошида келтирилган «Бу мақолада» сарлавҳасини ўқиб чиқинг. Сўнг мақоланинг номини, сарлавҳаларини ва такрорлаш саволларини ўқиб, фикр юритинг. Кейин эса, мақолани шошилмай мутолаа қилинг. Хатбошида нима ҳақида ёзилганига эътибор беринг, одатда бу ҳар бир хатбошининг илк жумласида келтирилади. Мазкур жумла ёрдамида хатбошида қандай фикр ёритилишини билиб оласиз. Мақолани ўқир экансиз, ҳар битта хатбоши сарлавҳа ва асосий мавзу билан қандай боғлиқ экани тўғрисида ўйланг. Сизга нотаниш ва аниқлаштирмоқчи бўлган ҳар қандай сўзлару фикрларни ёзиб олинг.

9. а) «Қўриқчи минораси»ни тадқиқ қилаётганда нега ва қай йўсин оятларга жиддий эътибор қаратишимиз лозим? б) Ёшуа 1:8 га кўра, оятларни ўқишдан ташқари яна нима қилишимиз керак?

9 «Қўриқчи минораси»ни тадқиқ қилиш Муқаддас Китобни ўрганиш демакдир. Шундай экан, мақоладаги оятларга, айниқса, «ўқинг» деб белгиланганларига жиддий эътибор қаратинг. Оятлардаги калит сўзлар ёки иборалар хатбошидаги фикр билан қандай боғлиқ эканини синчковлик билан ўрганинг. Шунингдек, вақт ажратиб ўқилган оятлар устида мулоҳаза қилинг ва уларни ҳаётингизда қай йўсин татбиқ қилишингиз ҳақида фикр юритинг. (Ёшуа 1:8 ни ўқинг.)

Ота-оналар, фарзандларингизга қай йўсин тадқиқ ўтказишни ўргатинг (10- хатбошига қаранг.) *

10. Ибронийларга 5:14 га биноан, нима сабабдан ота-она оилавий топиниш пайтида фарзандларига тадқиқ қилишни ва изланиш олиб боришни ўргатиши керак?

10 Ота-оналар ҳар ҳафтадаги оилавий топиниш дастури фарзандлари учун қизиқарли бўлишини исташи шубҳасиз. Гарчи ота-она оилавий топинишда айнан нимани кўриб чиқишни режалаштириши керак бўлса-да, улар ҳар ҳафта ўзгача ўйинлар ўйнаш ёки қизиқарли лойиҳалар устида ишлаш керак деган фикрга боришларига ҳожат йўқ. Оилавий топинишда ҳар ой JW Интернет-телевидениесида чиқадиган кўрсатувни томоша қилиш, гоҳида Нуҳ кемасининг моделини ясаш каби ўзгача лойиҳалар устида ишлаш мумкин. Аммо шу билан бирга болаларга қай йўсин тадқиқ қилиш кераклигини ўргатиш муҳимдир. Масалан, улар қай йўсин йиғилишларга тайёргарлик кўриш ёки мактабдаги муаммоларни ечиш борасида изланиш олиб боришни ўрганиши керак. (Ибронийларга 5:14 ни ўқинг.) Агар болалар Муқаддас Китобни уйда тадқиқ қилишни ўрганса, жамоат учрашувларию анжуманларда тақдим этилаётган маълумотга диққатли бўла олади. Чунки видеолар доим ҳам бўлмаслиги мумкин. Албатта, тадқиқ қанча давом этиши боланинг ёши ва шахсиятига боғлиқ.

11. Нима учун Муқаддас Китобни ўрганаётганларга ўзлари самарали тадқиқ ўтказишни ўргатиш муҳим?

11 Биз Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказаётган кишилар ҳам қай йўсин тадқиқ қилиш кераклигини ўрганиши лозим. Улар энди тадқиқ қилишни бошлаганида, Муқаддас Китоб тадқиқига ёки йиғилишларга тайёрланаётиб, жавобларни белгилаганини кўриб хурсанд бўламиз. Аммо, шунингдек, уларга қай йўсин ўзлари изланиш олиб бориши ва самарали тадқиқ ўтказиши мумкинлигини ўргатишимиз зарур. Шунда улар бирон муаммога дуч келганда ёрдам сўраб шу заҳоти жамоат аъзоларига мурожаат қилмайди, балки адабиётларимиз ёрдамида изланиш олиб бориб, ўзлари учун амалий маслаҳатлар топа олади.

МАҚСАД БИЛАН ТАДҚИҚ ҚИЛИНГ

12. Тадқиқ пайтида қандай мақсадлар бўлиши мумкин?

12 Тадқиқ қилишни хуш кўрмасангиз, ундан қувонч топиш қийин деб ўйларсиз. Аммо бунинг иложи бор. Мисол учун, бошида қисқа вақт давомида тадқиқ ўтказинг, кейин эса, бора-бора бунга кўпроқ вақт ажратинг. Тадқиқ қилганда аниқ мақсадингиз бўлсин. Албатта энг асосий мақсадимиз Яҳовага яқинлашиш бўлиш керак. Бундан ташқари, бирор ким берган саволга жавоб топиш ёки дуч келаётган муаммоларимиз асосида изланиш ўтказиш ҳам мақсадлар қаторига кириши мумкин.

13. а) Мактабда ўқийдиганлар эътиқодини ҳимоя қилиш учун қандай қадамлар қўя олади? Тушунтиринг. б) Колосаликларга 4:6 даги маслаҳатга қай йўсин амал қила оласиз?

13 Айтайлик, мактабда ўқийсиз. Мадҳияни куйламаганингиз сабаб синфдошларингиз босим ўтказаётгандир. Эҳтимол, бу борада Муқаддас Китобда нима дейилганини тушунтириб бермоқчисиз-у, аммо ўзингизни бунга тайёр эмасдай ҳис этишингиз мумкин. Бу борада тадқиқ ўтказинг! Қуйидаги иккита мақсадни кўзласангиз бўлади: 1) бу дунёдан эмаслигингизни тушунтириш учун имонингизни мустаҳкамланг ва 2) ҳақиқатни ҳимоя қилиш қобилиятингизни яхшиланг. (Рим. 1:20; 1 Бутр. 3:15) Ўзингиздан шундай деб сўрашингиз мумкин: «Нима сабабли синфдошларим мадҳияни куйлашяпти?» Сўнг адабиётларимиз ёрдамида пухта тадқиқ ўтказинг. Эътиқодингизни ҳимоя қилиш сиз ўйлаганчалик қийин бўлмаслиги мумкин. Аксарият одамлар улар ҳурмат қилган киши мадҳияни куйлаш керак дегани учунгина уни куйлашади. Атиги битта ёки иккита далил топсангиз, чиндан ҳам ҳақиқатни излаётган инсонга ёрдам бера олишингиз мумкин. (Колосаликларга 4:6 ни ўқинг.)

ҚИЗИҚИШИНГИЗНИ КУЧАЙТИРИНГ

14–16. а) Муқаддас Ёзувлардаги сиз унча яхши билмайдиган китобни аниқроқ тушуниш учун нима қила оласиз? б) Ҳавола қилинган оятлар ёрдамида қандай қилиб Амос китоби ҳақида ёрқин тасаввурга эга бўлишингиз мумкин? Тушунтиринг (Шунингдек, « Муқаддас Китоб қаҳрамонларини яхшироқ билиб олинг» номли рамкага қаранг.)

14 Тасаввур қилинг, кейинги йиғилиш дастури бўйича «Кичик пайғамбарлар» * китобларининг бирини тадқиқ қилиш керак. Балки тадқиқ қилинадиган китобни унча яхши билмассиз. Бу китобга нисбатан қизиқишингизни кучайтиришнинг йўлларидан бири у ерда нима ҳақида ёзилганини билиш истагидир. Хўш, бунга қай йўсин эришса бўлади?

15 Аввал ўзингизга шундай саволлар беринг: «Бу китобнинг муаллифи тўғрисида нимани биламан? У ким бўлган, қаерда яшаган ва нима билан шуғулланган?» Китобни ким ёзгани ҳақида кўпроқ билиб олсангиз, у нима учун муайян сўзларни ёки мисолларни танлаганини яхшироқ тушуна оласиз. Муқаддас Китобни ўқир экансиз, уни ёзган инсоннинг шахсиятини очиб берувчи ибораларга эътибор беринг.

16 Кейин мазкур китоб қачон ёзилгани борасида тадқиқ қилишни фойдали деб топишингиз мумкин. Буни «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»да келтирилган «Муқаддас Китобдаги китоблар жадвали»дан осонликча топа оласиз. Шунингдек, А6- иловасида келтирилган шоҳлар ва пайғамбарлар ҳақидаги диаграммадан фойдаланишингиз мумкин. Борди-ю, башоратлар ёзилган китобни тадқиқ қилаётган бўлсангиз, мазкур китоб қандай шароитларда ёзилганини ўргансангиз, оқилона бўлади. Пайғамбар қандай нотўғри нуқтаи назару ишларни тўғрилашга умид қилган? Муқаддас Китобнинг қайси ёзувчилари унинг замондошлари бўлган? Тўлиқ тасаввурга эга бўлиш учун, эҳтимол, Муқаддас Китобнинг бошқа оятларига мурожаат қилишингизга тўғри келар. Мисол учун, Амос пайғамбар қандай пайтда яшаганини яхшироқ тушуниш учун Амос 1:1 га келтирилган Шоҳлар тўртинчи ва Солномалар иккинчи китобдаги ўхшаш оятларни ўқиш фойдали бўлиши мумкин. Қолаверса, балки, Амоснинг замондоши бўлган Ҳўшеянинг китобини кўриб чиқарсиз. Ушбу барча оятлар ёрдамида Амос қандай пайтда яшагани борасида ёрқин тасаввурга эга бўла оламиз. (4 Шоҳ. 14:25–28; 2 Сол. 26:1–15; Ҳўш. 1:1–11; Амос 1:1)

 

МАЙДА-ЧУЙДА ТАФСИЛОТЛАРГА ҲАМ ДИҚҚАТЛИ БЎЛИНГ

17–18. Юқоридаги ёки шахсий мисолларингиз ёрдамида аҳамиятсиздай туюлган тафсилотларга диққатли бўлиш тадқиқни қай йўсин қизиқарли қилишини айтиб беринг.

17 Муқаддас Китобни кучли иштиёқ билан ўқиш яхшидир. Масалан, Закариё китобининг 12- бобини ўқиётганингизни тасаввур қилинг. У ерда Масиҳнинг ўлими башорат қилинган. (Закр. 12:10) Масалан, 12- оятга етиб келганингизда, «Натан хонадонининг оилалари» Масиҳнинг ўлимидан қаттиқ қайғуга ботиб йиғлаши башорат қилинганини ўқийсиз. Мазкур оятдаги тафсилотни шунчаки ўқимай, бир оз тўхтаб ўзингизга шундай савол беринг: «Натан хонадони ва Масиҳ ўртасида қандай боғлиқлик бор? Қаердан кўпроқ маълумот олсам бўлади?» «Изқувар» каби изланиш олиб борсангиз бўлади. Ўхшаш оятга қарасангиз, 2 Шоҳлар 5:13, 14 келтирилган. У ерда ёзилишича, Натан шоҳ Довуднинг ўғилларидан бири бўлган. Иккинчи ўхшаш оятга, яъни Луқо 3:23, 31 га қарасангиз, Исо Марямнинг аждоди бўлмиш Натаннинг авлодидан келиб чиққанини билиб олса бўлади. («Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз. Таълим дастури»нинг 2018 йил, июнь сонидаги «Юсуфнинг отаси ким эди?» номли тадқиқ учун маълумотга қаранг.) Шунда қизиқишингиз янада кучаяди! Ахир Исо Довуднинг авлодидан келиб чиқиши башорат қилинганини билгансиз. (Мат. 22:42) Лекин Довуднинг 20 дан ошиқ ўғли бўлган. Натан хонадони Исонинг ўлимидан қайғуриш учун сабаби бўлганини Закариё айтгани жуда қизиқарли, шундай эмасми?!

18 Яна бир мисолни кўриб чиқайлик. Луқо китобининг биринчи бобида фаришта Жаброил Марямнинг ёнига келиб, унинг туғилажак ўғли ҳақида шунда деб айтган: «У улуғ бўлади, Худойи Таолонинг Ўғли деб аталади ва Тангри Яҳова унга бобокалони Довуднинг тахтини беради. У Ёқубнинг хонадони устидан шоҳлик қилади ва Шоҳлигининг чеки бўлмайди». (Луқо 1:32, 33) Жаброил айтган гапларнинг фақатгина биринчи қисмига, яъни Исо «Худойи Таолонинг Ўғли» деб аталади деган сўзларга диққат қаратишимиз табиий. Аммо, шунингдек, Жаброил Исо «шоҳлик қилишини» ҳам башорат қилган. Шу боис, унинг бу сўзлари Марям учун нимани англатган деб қизиқишимиз мумкин. У Жаброилнинг айтганлари Исо Ҳироднинг ёки унинг авлодларидан бири ўрнига Исроилда бошқаришини англатади деб ўйлаганми? Борди-ю, шундай бўлса, Марям шоҳнинг онаси бўларди ва ўз оиласи билан саройда яшарди. Бироқ Муқаддас Китобнинг ҳеч қаерида Марям бу ҳақда Жаброилга бирон нима дегани ёки Исонинг иккита шогирди каби Шоҳликда қандайдир мавқега эга бўлишни сўраганини ўқимаймиз. (Мат. 20:20–23) Бундай тафсилот туфайли Марям чиндан ҳам камтарин аёл бўлганига янада амин бўламиз!

19–20. Ёқуб 1:22–25 ва 4:8 да келтирилганидек, тадқиқ қилаётганда қандай мақсадларни кўзлаймиз?

19 Шуни унутмайликки, Муқаддас Китоб ва унга асосланган адабиётларимизни тадқиқ қилишдан асосий мақсад Яҳовага яқинроқ бўлишдир. Қолаверса, «қандай инсон» эканимизни аниқроқ кўришни ва Худога маъқул келиш учун нималар қилишимиз кераклигини билишни истаймиз. (Ёқуб 1:22–25; 4:8 ни ўқинг.) Ҳар сафар тадқиқ бошида Яҳовага ибодат қилиб муқаддас руҳ ҳамда тадқиқдан тўлақонли фойда олиш ва қандай ўзгаришлар қилишни аниқ кўриш учун ёрдам сўрашимиз зарур.

20 Ҳаммамиз сано бастакори тасвирлаган Худонинг садоқатли хизматчиси каби бўлишни истаймиз: «У Яҳованинг қонунидан завқ олиб, қонуни устида туну кун фикр юритади [паст овозда ўқийди, изоҳ]. [...] У барча ишларида муваффақиятга эришади». (Заб. 1:2, 3)

88- ҚЎШИҚ Очиб бер менга йўлларингни

^ абз. 5 Тангри Яҳова томоша қилишимиз, ўқишимиз ва тадқиқ қилишимиз учун жуда кўп маълумот тақдим этмоқда. Ушбу мақола нимани тадқиқ қилишни танлашингизга кўмаклашади ва ундан иложи борича кўпроқ фойда олиш учун амалий таклифларни тақдим этади.

^ абз. 14 ИБОРА МАЪНОСИ. «Кичик пайғамбарлар» дейилганда одатда Муқаддас Китобдаги Ҳўшеядан Малакигача бўлган китоблар назарда тутилади.

^ абз. 62 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Ота-она фарзандларига «Қўриқчи минораси» тадқиқига тайёргарлик кўришни ўргатяпти.

^ абз. 64 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Биродар Амос пайғамбар ҳақида изланиш олиб боряпти. Орқада эса, биродар Муқаддас Китобдаги воқеаларни ўқиб, устида мулоҳаза юритганида, унда қандай тасаввур пайдо бўлганини кўрсатувчи суратлар келтирилган.