Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

19- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Ёмонликка дуч келганда, севги ва ҳаққоният

Ёмонликка дуч келганда, севги ва ҳаққоният

Сен ёвузликдан завқ оладиган Худо эмассан-ку! Ҳеч бир ёмон инсон Сенинг меҳмонинг бўла олмайди. ЗАБ. 5:4

142- ҚЎШИҚ Умидни мустаҳкам ушлайлик

БУ МАҚОЛАДА *

1–3. а) Забур 5:4–6 га кўра, Яҳова ёвузликка нисбатан нимани ҳис этади? б) Нега боланинг номусига тегиш «Масиҳнинг қонунига» зид деб айта оламиз?

ТАНГРИ ЯҲОВА ёвузликнинг барча туридан нафратланади. (Забур 5:4–6 ни ўқинг.) У ўтакетган ёвузликдан, яъни болалар номусига тажовуз қилинишдан ниҳоятда жирканади. Яҳованинг Шоҳидлари сифатида У каби бу ёвузликдан нафратланамиз ва масиҳийлар жамоатида бунга кўз юммаймиз. (Рим. 12:9; Иброн. 12:15, 16)

2 Боланинг номусига тегиш «Масиҳнинг қонунига» зид эканлиги турган гап! (Галат. 6:2) Нега бундай фикрдамиз? Олдинги мақоладан билиб олганимиздай, Масиҳнинг қонуни, яъни Исо ҳам сўз, ҳам амалда ўргатган ҳамма нарса севгига асосланган ва доим ҳаққониятни олға суради. Масиҳийлар ушбу қонунга бўйсунгани учун, фарзандларига нисбатан шундай муносабатда бўлишадики, улар ўзини ҳимоя ва чинакам севги остида ҳис этишади. Аммо болаларни жинсий таҳқирлаш худбинлик ва ўтакетган ёвузликдир. Унинг дастидан бола ўзини ҳимоясиз ҳис қилади ва унга уни ҳеч ким яхши кўрмайдигандай туюлади.

3 Минг афсуски, болаларни зўрлаш бутун дунё бўйлаб ўлатга айланмоқда, бу муаммо масиҳийларга ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Нима сабабли? «Ёмон инсонлар ва ёлғончилар» тобора кўпайиб кетмоқда ва жамоатга ҳам уларнинг баъзилари кириб келиши ҳеч гап эмас. (2 Тим. 3:13) Қолаверса, ўзини жамоат аъзоси деб ҳисоблайдиган баъзилар бузуқ истакларига берилиб, боланинг номусига теккан. Келинг, бу нима учун шу қадар оғир гуноҳ деб ҳисобланишини билиб олайлик. Бундан ташқари, жиддий гуноҳ содир этилганда оқсоқоллар қандай чоралар кўриши ва ота-оналар ўз фарзандларини қай йўсин ҳимоя қилиши борасида сўз юритамиз *.

ОҒИР ГУНОҲ

4–5. Нима учун бола таҳқирланса, бу унга қарши гуноҳ деб ҳисобланади?

4 Бола жинсий таҳқирланса анча вақт таъсир қиладиган оқибатлар юзага келади. Бунинг қурбонига айланган инсон ва уни яхши кўрадиган кишилари, масалан, оила аъзолари ва имондошлари ҳам бунинг асоратини ҳис қилишади. Боланинг номусига тегиш жуда оғир гуноҳ.

5 Бу, қилмишнинг қурбонига * айланган болага қарши гуноҳ. Ушбу гуноҳ бошқаларга озор етказиб, азоб чекишига сабаб бўлади. Келаси мақоладан боланинг номусига теккан киши унга жисмоний ва ҳиссий томонлама жароҳат етказиши ҳақида билиб оламиз. У боланинг ишончини поймол қилиб, уни хавфсизликдан маҳрум қилади. Болаларни бундай зўравон қилмишдан ҳимоялаш керак. Бунга дуч келган фарзандларга тасалли ва ёрдам бериш лозим. (1 Салон. 5:14)

6–7. Нега боланинг номусига тегиш жамоатга ва ҳукуматга қарши гуноҳ ҳисобланади?

6 Бу, жамоатга қарши гуноҳ. Жамоат аъзоси боланинг номусига текканликда айбдор деб топилса, бу жамоат номини булғайди. (Мат. 5:16; 1 Бутр. 2:12) Бу «имон учун зўр бериб курашаётган» миллионлаб садоқатли масиҳийларга иснод келтиради. (Яҳд. 3) Бундай ёвуз ишларга қўл уриб, тавба қилмаётган киши орамизда бўлишига ва жамоатнинг яхши номини булғашига йўл қўймаймиз.

7 Бу, ҳукуматга қарши гуноҳ. Муқаддас Китобда масиҳийлар ҳақида: «Ҳукмрон ҳокимиятга бўйсунсин»,— деб ёзилган. (Рим. 13:1) Ҳукумат қонунларига бўйсуниб, ҳурмат қилаётганимизни итоаткорлигимиз орқали кўрсатамиз. Агар жамоат аъзоси қонунни бузса, масалан, боланинг номусига тегса, бу ҳукуматга ҳам қарши гуноҳдир. (Ҳаворийлар 25:8 ни солиштиринг.) Қонунни бузган одамни жазога тортиш оқсоқолларнинг зиммасида бўлмаса-да, болани таҳқирлаган киши ҳукумат томонидан жазога тортилишига улар қаршилик кўрсатмайди. (Рим. 13:4) Гуноҳга қўл урган инсон нима экса, шуни ўради. (Галат. 6:7)

8. Инсонга қарши қилинган гуноҳларга Яҳова қандай муносабатда?

8 Энг муҳими, бу Худога қарши гуноҳ. (Заб. 51:4) Бошқа инсонга қарши гуноҳ қилган киши Яҳовага ҳам қарши гуноҳ қилган бўлади. Келинг, Аллоҳ Исроил халқига берган қонунга диққат қаратайлик. Унга кўра, яқинига ёлғон гапирган ёки уни алдаган киши «Яҳовага нисбатан бевафолик қилган» бўлади. (Лев. 6:2–4) Шундай экан, жамоат аъзоси болани зўрласа, Худога бевафолик қилган бўлади, чунки у киши болани алдади. Негаки, бола унга ишонган, у эса ундан фойдаланган. Энди бола ўзини ҳимоя остида ҳис қилмайди. Уни зўрлаган киши Яҳованинг исмини бадном қилди. Шу боис, бу қилмишни Худога қарши жирканч гуноҳ деб биламиз. Бу оғир гуноҳга биз қаршимиз.

9. Йиллар давомида ташкилотимиз Муқаддас Китоб асосида қандай маълумотни тақдим этиб келяпти ва нима учун?

9 Йиллар давомида Яҳованинг ташкилоти болани жинсий зўрлаш мавзусида Муқаддас Китобга асосланган кўпдан-кўп маълумотни тақдим этиб келган. Масалан, «Қўриқчи минораси» ва «Уйғонинг!» журналларидаги мақолаларда бу ёвуз қилмишнинг қурбонига айланганлар қай йўсин ҳиссий жароҳатни енгиб келаётгани, бошқалар уларга қандай қилиб ёрдам ва далда бера олиши ҳамда ота-оналар фарзандларини қандай ҳимоя қила олиши тўғрисида ёзилган. Боланинг номусига тегиш вазиятлари пайдо бўлса, оқсоқоллар қандай чора кўриш борасида Муқаддас Китоб асосида батафсил йўл-йўриқлар олишади. Шу каби вазиятда оқсоқоллар қандай йўл тутиши масаласи ташкилотимиз томонидан қайта кўриб чиқилиши давом этмоқда. Нима сабабли? Чунки бу масалани ҳал қилиш йўли Масиҳнинг қонунига мувофиқ бўлаётганига амин бўлишни истаймиз.

ЖИДДИЙ ГУНОҲ СОДИР ЭТИЛГАНДА ҚАНДАЙ ЧОРАЛАР КЎРИЛАДИ?

10–12. а) Оқсоқоллар жиддий гуноҳ содир этилган вазият билан боғлиқ ҳар қандай масалани кўриб чиқаётганда, нимани ёдда тутади ва қандай мақсадга эга? б) Ёқуб 5:14, 15 га биноан, оқсоқоллар нима қилишга интилади?

10 Оқсоқоллар жиддий гуноҳ содир этилган вазият билан боғлиқ ҳар қандай масалани кўриб чиқаётганда, Масиҳнинг қонунини ёдда тутишади. Унга биноан, улар Худонинг сурувига нисбатан меҳр ила муносабат қилиб, Унинг назарида тўғри деб ҳисобланган ишни қилишади. Шунинг учун, улар кимдир гуноҳга қўл ургани ҳақида хабар топишса, бир нечта нарса устида яхшилаб ўйлаб кўриши керак. Айниқса, оқсоқоллар Худонинг исми муқаддас тутилишига масъулдир. (Лев. 22:31, 32; Мат. 6:9) Улар биродару опа-сингилларнинг маънавий соғлиги борасида ҳам жуда қайғуришади ва оғир гуноҳ қурбонига айланган ҳар бир кишига ёрдам беришни исташади.

11 Оқсоқоллар шунингдек, гуноҳга қўл урган киши тавба қилаётганини аниқлашга ҳаракат қилишади ва у тавба қилаётган бўлса, Яҳова билан бўлган муносабатларини тиклашига ёрдам беришади. (Ёқуб 5:14, 15 ни ўқинг.) Эҳтиросига берилиб жиддий гуноҳ қилаётган масиҳий маънан касал ҳисобланади. Бу дегани, унинг Яҳова билан бўлган яқин муносабатларига дарз кетган *. Бу вазиятда оқсоқолларни маънавий шифокорлар деб айта оламиз. Улар «касалга [бу вазиятда, гуноҳ қилганга] шифо беришга» ҳаракат қилишади. Аммо бу киши чин дилдан тавба қилсагина, Муқаддас Китоб асосида берилган маслаҳат ёрдамида Худо билан муносабатларини яхшилай олади. (Ҳавор. 3:19; 2 Кор. 2:5–10)

12 Шуниси аниқки, оқсоқоллар жиддий масъулиятга эга. Оқсоқоллар Аллоҳ уларга ишониб топширган сурувига жуда ғамхўрлик қилишади. (1 Бутр. 5:1–3) Улар имондошлари жамоатда ўзларини бехатар ҳис этишларини исташади. Шу боис, улар жиддий гуноҳ, жумладан, болани таҳқирлаш ҳақида хабар топганда, зудлик билан чора кўришади. Қизиқ, улар нима қилишади? Келинг, бу мақоладаги  13-,  15- ва  17- хатбошиларида келтирилган биринчи саволларнинг жавобларини кўриб чиқайлик.

13–14. Бола таҳқирлангани ҳақида хабар топган оқсоқоллар бу масалада ҳукумат аъзоларини хабардор қилиш борасидаги қонунларга амал қиладими? Тушунтиринг.

 13 Бола таҳқирлангани ҳақида хабар топган оқсоқоллар бу масалада ҳукумат аъзоларини хабардор қилиш борасидаги қонунларга амал қиладими? Ҳа. Бундай қонунлар бор бўлган мамлакатларда, оқсоқоллар бу қонунларга амал қилиб, бола зўрлаш қурбонига айлангани ҳақида ҳукумат аъзоларини хабардор қилади. (Рим. 13:1) Шу каби қонунлар Худонинг қонунига зид эмас. (Ҳавор. 5:28, 29) Шу боис, улар бола таҳқирлангани ҳақида билган заҳотиёқ, бу масаладаги қонунларга қай йўсин амал қилиш борасида йўл-йўриқ олиш учун филиал билан боғланишади.

14 Оқсоқоллар бу қилмишнинг қурбони ва унинг ота-онаси ёки бунинг гувоҳлари бўлган бошқа кишиларга улар бу ҳақда ҳукумат аъзоларини хабардор қилишга ҳақли эканини хушмуомалалик ила эслатишади. Лекин бу масаладаги хабар жамоат аъзоси тўғрисида бўлса, ва у кейинчалик ҳаммага ошкор бўлса-чи? Бу ҳақида хабар берган масиҳий, Худонинг исмига доғ туширдим, деб ўйлаши керакми? Йўқ. Аслида, у эмас, болани таҳқирлаган киши Аллоҳнинг исмига доғ туширяпти.

15–16. а) 1 Тимўтийга 5:19 га кўра, нега ҳуқуқий чора кўриш учун камида иккита гувоҳ бўлиши керак? б) Оқсоқоллар жамоат аъзоси болани зўрлаганликда айбланаётганини билганда, қандай йўл тутади?

 15 Нега оқсоқоллар ҳуқуқий чора кўришидан аввал камида иккита гувоҳ керак? Бу талаб Муқаддас Китобдаги ҳаққоният борасидаги юксак меъёрга асосланади. Жиддий гуноҳ қилганликда айбланаётган киши, айбини тан олмаса, оқсоқоллар томонидан ҳуқуқий чора кўриш учун иккита кишининг гувоҳлиги талаб этилади. (Қонун. 19:15; Мат. 18:16; 1 Тимўтийга 5:19 ни ўқинг.) Бу, ҳукумат аъзоларини бола зўрлаш қурбонига айлангани борасида хабардор қилиш учун ҳам иккита гувоҳ бўлиши кераклигини англатадими? Йўқ. Бу талаб, оқсоқоллар ёки бошқалар жиноят ҳақидаги айбловлардан ҳукумат аъзоларини хабардор қилиш борасидаги вазиятларга тегишли эмас.

16 Оқсоқоллар жамоат аъзоси болани зўрлаганликда айбланаётганини билишса, улар бу борада ҳукумат аъзоларини хабардор қилиш ҳақидаги қонунларга амал қилишга интилишади. Кейин эса Муқаддас Китоб асосида йўл тутиб, ҳакамлар қўмитасини тузиш-тузмаслик кераклиги борасида қарор чиқаришади. Оқсоқоллар биринчи навбатда гуноҳга қўл урганликда айбланаётган кишидан қилмиш ҳақида сўрашади. Агар у қилмишини тан олмаётган бўлса, улар бундан, эҳтимол, хабари бор бўлганларни тинглашади. Камида икки киши — айбловчи ва бошқа иккинчи киши, яъни ўша киши бу болани ёки муайян вақт аввал у бошқа болани таҳқирлаганини тасдиқласа, оқсоқоллар ҳакамлар қўмитасини тузади *. Иккинчи гувоҳ бўлмаган тақдирда биринчи гувоҳнинг айбловларини ёлғон деб бўлмайди. Ҳатто қилмишни тасдиқлаш учун иккита гувоҳ бўлмаса ҳам, оқсоқоллар айбланаётган киши бошқаларни жароҳатлайдиган гуноҳга қўл урган бўлиши мумкин деб тан олишади. Оқсоқоллар озор етказилган кишиларга тасалли бериб, уларни қўллаб-қувватлашда давом этишади. Қолаверса, болани зўрлашда тахмин қилинаётган айбланувчидан болаларни ҳимоя қилиш мақсадида ўша киши оқсоқолларнинг диққат марказида бўлади. (Ҳавор. 20:28)

17–18. Ҳакамлар қўмитаси қай мақсадда тузилади? Тушунтиринг.

 17 Ҳакамлар қўмитасининг ўрни қандай? Бу ибора, оқсоқоллар ҳакамлик қилишга ёки айбланаётган киши қонунни бузгани учун жазога тортилиш-тортилмасликни ҳал қилишга масъул эканини англатмайди. Оқсоқоллар эмас, ҳукумат аъзолари жиноят масалаларида ҳукм чиқаришади. (Рим. 13:2–4; Титус. 3:1) Оқсоқоллар ўша киши жамоат аъзоси бўлиши ёки бўла олмаслиги борасида қарор чиқаришади.

18 Оқсоқоллар ҳакамлар қўмитасида қатнашганда, инсоннинг Худо ва имондошлари билан бўлган муносабатларига тегишли масалаларга нисбатан ҳакамлик қилишади. Улар Муқаддас Китоб ёрдамида киши тавба қилаётганини ёки қилмаётганини аниқлашади. Агар у тавба қилмаётган бўлса, оқсоқоллар у жамоатдан четлатилгани ва энди у Яҳованинг Шоҳиди эмаслиги ҳақида эълон қилишади. (1 Кор. 5:11–13) Борди-ю, у тавба қилаётган бўлса, жамоатдан четлатилмаслиги мумкин. Лекин улар энди у кўп йиллар ёки ҳатто бутун умри давомида жамоатда ҳеч қандай масъулиятли ва шарафли вазифаларга эга бўла олмаслигини унга айтишади. Болаларнинг манфаатини кўзлаб оқсоқоллар жамоатдаги ота-оналарни фарзандлари ўша киши билан мулоқот қилаётганида уларни кузатиш зарурлиги борасида алоҳида огоҳлантириши мумкин. Улар бундай чоралар кўрганда, жароҳат етказилган инсонларнинг исмларини айтишмайди.

БОЛАНГИЗНИ ҚАЙ ЙЎСИН ҲИМОЯ ҚИЛА ОЛАСИЗ?

Ота-оналар болаларини таҳқирланишдан ҳимоя қилиш ниятида, жинсий муносабатлар борасида уларга мос келадиган тарзда таълим беришяпти. Бунинг учун улар Худонинг ташкилоти тақдим этаётган маълумотдан фойдаланишяпти. (19–22- хатбошиларига қаранг.)

19–22. Ота-оналар болаларини ҳимоя қилиш учун нималар қила олади? (Муқовадаги расмга қаранг.)

19 Боланинг хавфсизлиги асосан кимнинг зиммасида? Ота-онасининг зиммасида *. Азиз ота-оналар, фарзандингиз «Яҳовадан меросдир», Унинг сизга берган ҳадяси. (Заб. 127:3) Болаларингизни ҳимоя қилиш масъулиятини У сизга топширган. Хўш, уларни таҳқирланишдан қай йўсин ҳимоя қила оласиз?

20 Биринчидан, таҳқирланиш ҳақида ўзингиз билиб олинг. Болаларнинг номусига тегадиган кишилар ва уларнинг алдаш усуллари ҳақида маълумотга эга бўлинг. Хавфли бўлиши мумкин бўлган вазиятлардан бохабар бўлинг. (Ҳик. 22:3; 24:3) Кўп ҳолларда бундай гуноҳга қўл урадиганлар болангиз биладиган ва ишонадиган кишилар бўлишини ёдда тутинг.

21 Иккинчидан, болангиз билан очиқ мулоқот бўлишига интилинг. (Қонун. 6:6, 7) Бунинг учун уни диққат билан тингланг. (Ёқб. 1:19) Унутмангки, бола таҳқирланса, кўпинча у бу ҳақида кимгадир айтишга ботина олмайди. У бошқалар унга ишонмаслигидан ҳайиқиши ёки уни таҳқирлаган киши у бу ҳақида бошқалар билан бўлишса, адабини бериши ҳақида айтиб қўрқитиб қўйган бўлиши мумкин. Агар болангиз ўзини ғалати тутаётганини пайқаб қолсангиз, мулойимлик ила саволлар бериб, жавобларини сабр билан тингланг.

22 Учинчидан, болангизни ўргатинг.  Жинсий муносабатлар ҳақида уларнинг ёшига тўғри келадиган тарзда таълим беринг. Агар кимдир болангизга номуносиб равишда тегишга ҳаракат қилса, у қандай жавоб бериши ва нима қилиши кераклигини ўргатинг. Худонинг ташкилоти фарзандингизни ҳимоя қилишингиз учун бераётган маълумотдан фойдаланинг. (« Ўзингиз ўрганиб, болангизни ҳам ўргатинг» номли рамкага қаранг.)

23. Болани жинсий зўрлашга нисбатан қандай нуқтаи назардамиз ва навбатдаги мақолада қайси саволни кўриб чиқамиз?

23 Яҳованинг Шоҳидлари сифатида болани жинсий зўрлаш оғир гуноҳ ва даҳшатли жиноят деб биламиз. Масиҳнинг қонунига бўйсунган ҳолда Яҳова Шоҳидларининг жамоатлари бундай гуноҳга қўл урган кишиларни қилмишининг оқибатларидан ҳимоя қилмайди. Имондошимиздан кимдир таҳқирланган бўлса, унга ёрдам бериш учун нима қила оламиз? Навбатдаги мақолада мазкур саволнинг жавобини билиб оламиз.

103- ҚЎШИҚ Чўпонлар — Аллоҳ берган ҳадялар

^ абз. 5 Ушбу мақоладан болаларни жинсий зўрлашдан қай йўсин ҳимоя қила олишимиз мумкинлигини билиб оламиз. Шунингдек, оқсоқоллар бу борада жамоатдагиларни ва ота-она ўз фарзандини қандай қилиб ҳимоя қила олиши мумкинлигини кўриб чиқамиз.

^ абз. 3 ИБОРАЛАР МАЪНОСИ. Бирон эркак ёки аёл жинсий хоҳиш-истакларини қондириш учун боладан фойдаланса, бу болани жинсий зўрлаш ҳисобланади. Бунга жинсий алоқада бўлиш, болалар билан орал ёки анал жинсий алоқа қилиш, жинсий аъзоларини, кўкрак ёки думбаларини силаш ёхуд бошқа ахлоқсиз хатти-ҳаракатлар киради. Кўпинча қиз болалар зўрлаш қурбонига айланса-да, анчагина ўғил болалар ҳам бунга дуч келади. Бундай зўравонларнинг аксарияти эркаклар бўлса-да, баъзи аёллар ҳам бунга қўл уради.

^ абз. 5 ИБОРА МАЪНОСИ. Бу ва кейинги мақолада «қурбон» деган сўз болаликда жинсий таҳқирланишга дуч келган кишига нисбатан қўлланилади. Бу сўзни қўллашимиздан мақсад, боладан фойдаланилганини, унга жисмоний ва ҳиссий жиҳатдан жароҳат етказилганини ва у беайб эканини кўрсатишдан иборат.

^ абз. 11 Одам маънан касал бўлгани учун жиддий гуноҳга қўл урса, бу қилмиши учун жавобгарликка тортилмайди дегани эмас. Гуноҳ қилган киши нотўғри танлови ва қилмиши учун масъул бўлиб, Яҳовага ҳисобот беради. (Рим. 14:12)

^ абз. 16 Оқсоқоллар зўрлашда тахмин қилинаётган айбланувчи билан гаплашаётганда, жабр кўрган бола ҳам улар билан бўлишини талаб этишмайди. У баттар ҳиссий азоб чекмаслиги учун, ота-она ёки бола ишонган бошқа киши у билан нима юз бергани ҳақида оқсоқолларга айтиб бериши мумкин.

^ абз. 19 Бу маълумот шунингдек, васийларга ёки ўзининг фарзанди бўлмаган болага ғамхўрлик қиладиган инсонларга ҳам тегишли.