Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

10- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Сувга чўмишимга нима тўсқинлик қиляпти?

Сувга чўмишимга нима тўсқинлик қиляпти?

Улар иккови сувга киришди-да, Филип амалдорни сувга чўмдирди. ҲАВОР. 8:38

52- ҚЎШИҚ Яҳовага бағишланув

БУ МАҚОЛАДА *

1. Одамато билан Момоҳаво нимадан маҳрум бўлди ва бу нимага олиб келди?

СИЗНИНГЧА, нима яхши ва нима ёмон экани борасидаги меъёрларни ким ўрнатиши керак? Одамато билан Момоҳаво нима яхши ва нима ёмон эканини билдирадиган дарахтнинг мевасидан ейишганда, ўз нуқтаи назарини кўрсатишган. Улар Яҳовага ва Унинг меъёрларига ишонмаган. Бу жуфтлик нима яхши ва нима ёмон экани борасида ўз меъёрларини ўрнатмоқчи бўлди. (Ибт. 3:22) Аммо улар нимадан маҳрум бўлгани ҳақида ўйлаб кўринг. Одамато ва Момоҳаво Яҳова билан бўлган дўстлигини йўқотди. Қолаверса, улар абадий яшаш имкониятини қўлдан бой берди ва гуноҳ ҳамда ўлимни болаларига мерос қилиб қолдирди. (Рим. 5:12) Бу жуфтлик қарори туфайли инқирозга учради.

Исо ҳақидаги таълимотни қабул қилгач, ҳабашистонлик сарой амалдори имкон борича тезроқ сувга чўмишни истади (2–3- хатбошиларига қаранг.)

2–3. а) Филипнинг ваъзидан кейин ҳабашистонлик амалдор нима қилган? б) Сувга чўмиб қандай баракаларга эга бўлиш мумкин ва қайси саволларни кўриб чиқамиз?

2 Одамато билан Момоҳаводан фарқли равишда Филип ваъз қилган ҳабашистонлик амалдор умуман бошқача йўл тутди. Бу амалдор Яҳова ҳамда Исо у учун қилганларининг қадрига етди ва шу заҳоти сувга чўмди. (Ҳавор. 8:34–38) Биз ҳам ўзимизни Аллоҳга бағишлаб, амалдор каби сувга чўмганимизда ўз нуқтаи назаримизни аниқ кўрсатамиз. Бу билан Яҳова ҳамда Исо биз учун қилганларидан миннатдор эканимизни намоён этамиз. Шунингдек, Яҳовага ишонаётганимизни ва У нима яхшию нима ёмон экани борасидаги меъёрларни ўрнатишга ҳақли эканини кўрсатамиз.

3 Яҳовага хизмат қилиш олиб келаётган қут-баракалар ҳақида бир ўйлаб кўринг! Масалан, илк жуфтлик йўқотган барча имкониятларга, жумладан, абадий яшаш истиқболига эга бўлиш умидимиз бор. Исо Масиҳга ишонаётганимиз боис, Яҳова хатоларимизни кечириб, пок виждон ато этяпти. (Мат. 20:28; Ҳавор. 10:43) Бунинг устига, Яҳова маъқул деб топган хизматчилардан иборат бўлган оиланинг аъзоси бўлиб, келажакдаги баракалардан баҳраманд бўлишимиз мумкин. (Юҳан. 10:14–16; Рим. 8:20, 21) Бироқ ушбу яққол кўриниб турган баракаларга қарамай, Яҳовани таниб-билган баъзи кишилар ҳабашистонлик амалдорнинг ўрнагига эргашишга иккиланади. Хўш, сувга чўмишга нима тўсқинлик қилиши мумкин? Улар бу борада дуч келган қийинчиликларни қай йўсин енга олади?

БАЪЗИЛАРГА СУВГА ЧЎМИШГА ТЎСҚИНЛИК ҚИЛАЁТГАН ҚИЙИНЧИЛИКЛАР

Баъзилар сувга чўмишдан аввал дуч келадиган қийинчиликлар

Ўзига нисбатан ишончсизлик (4–5- хатбошиларига қаранг.) *

4–5. Авери ҳамда Ҳанна қандай қийинчиликларга дуч келишган?

4 Ўзига нисбатан ишончсизлик. Авери исмли йигитнинг ота-онаси Яҳованинг Шоҳидлари. Отаси ғамхўр оила боши ва муваффақиятли оқсоқол сифатида танилган. Лекин Авери сувга чўмишни ортга сурган. Нима сабабли? У шундай деди: «Отам каби яхши обрўга эга бўла олмайман деб ўйлардим». Авери шунингдек, келажакда у эга бўлиши мумкин бўлган масъулиятли вазифаларни эплай олишига кўзи етмаган. «Мен омма олдида ибодат қила оламанми, нутқлар айта оламанми ёки воизлик хизмати учрашувини ўтказа оламанми деб хавотирланардим»,— деди у.

5 Ҳанна 18 ёшда ва ўзига нисбатан ишончсизликдан қийналган. У Яҳованинг хизматчилари оиласида улғайган. Шундай бўлса-да, Яҳованинг меъёрлари бўйича яшай олишига ишонмаган. Нега? Гап шундаки, Ҳанна ўзига жуда ҳам паст назар билан қараган. Гоҳида у ўзини роса ёмон ҳис қилганидан ўзига тан жароҳатларини етказган. Бу эса вазиятни ёмонлаштирган. У қуйидагича бўлишди: «Қилмишим ҳақида ҳеч кимга ва ҳатто ота-онамга айтмас эдим. Ўзимга жароҳатлар етказаётганим боис, Яҳова мен Унинг хизматчиси бўлишимни истаётганини хаёлимга ҳам келтира олмас эдим».

Дўстларнинг таъсири (6- хатбошига қаранг.) *

6. Ванесса сувга чўмишига нима халақит қилган?

6 Дўстларнинг таъсири. 22 ёшли Ванесса: «Деярли ўн йилдан бери таниган яқин дугонам бор эди»,— деб айтди. Лекин Ванессанинг дугонаси унинг сувга чўмиш қарорини қўллаб-қувватламаган. Бу Ванессага оғир ботган. У шундай деди: «Дўст орттиришга қийналаман ва бу дугонамдан айрилиб қолсам, ҳеч қачон яқин дўст топа олмайман деб ташвишланардим».

Гуноҳ қилиб қўйишдан қўрқиш (7- хатбошига қаранг.) *

7. Макайла нимадан қўрқарди ва нега?

7 Гуноҳ қилиб қўйишдан қўрқиш. Макайла исмли қиз беш ёшда бўлганида, акаси жамоатдан четлатилган эди. У улғайгани сайин, акасининг хатти-ҳаракати ота-онасига қанчалар қайғу келтирганини кўрган. Макайла қуйидагиларни айтди: «Сувга чўмганимдан кейин, бирон гуноҳга қўл урсам, жамоатдан четлатилишдан ва бу ота-онамга янада оғир ботишидан қўрқардим».

Қаршиликлардан қўрқиш (8- хатбошига қаранг.) *

8. Майлз нимадан қўрқарди?

8 Қаршиликлардан қўрқиш. Майлзнинг отаси ва ўгай онаси Яҳовага хизмат қилади, лекин унинг онаси Яҳованинг Шоҳиди эмас. У шундай деди: «Онам билан 18 йил яшаган эдим ва сувга чўммоқчи эканимни айтишдан қўрқардим. Дадам Яҳованинг Шоҳиди бўлганида, онамнинг бунга бўлган муносабатини кўрган эдим. Муаммо туғилишидан хавотирланардим».

ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ҚИЙИНЧИЛИКЛАРНИ ЕНГА ОЛАСИЗ?

9. Яҳова қанчалар сабрли ва севгига бой эканини билсангиз нима юз бериши мумкин?

9 Одамато билан Момоҳаво Яҳовага хизмат қилмасликни танлади, чунки улар Унга нисбатан чуқур севгини ривожлантирмади. Шундай тақдирда ҳам, Яҳова уларга яшашга ва фарзандларини ўзларининг меъёрлари бўйича катта қилишга йўл қўйган. Кўп ўтмай, илк жуфтлик чиқарган қарорнинг оқибати туфайли Яҳовадан мустақил бўлиш қанчалар нодонлик эканини аниқ қилиб кўрсатди. Уларнинг тўнғич ўғли укасини ўлдирди, вақт ўтгач эса, инсоният орасида зўравонлигу худбинлик ҳукм сура бошлади. (Ибт. 4:8; 6:11–13) Лекин Яҳова бу жуфтликнинг Унга хизмат қилишни хоҳлаган барча болаларини қутқармоқчи бўлди. (Юҳан. 6:38–40, 57, 58) Яҳова қанчалар сабрли ва севгига бой эканини билганингиз сайин, Унга бўлган севгингиз ҳам кучаяди. Шунда, Одамато билан Момоҳаво танлаган йўлни рад этиб, ўзингизни Яҳовага бағишлашни истайсиз.

Бу қийинчиликларни қай йўсин енга оласиз?

(9–10- хатбошиларига қаранг.) *

10. Нега Забур 19:7- оят устида фикр юритиш Яҳовага хизмат қилишингизга кўмаклашади?

10 Яҳова ҳақида тинмай билим орттиринг. Яҳова тўғрисида қанча кўп билиб олсангиз, Унга муваффақият ила хизмат қила олишингизга амин бўласиз. Юқорида тилга олинган Авери: «Забур 19:7 даги (ўқинг) ваъдани ўқиб, унинг устида фикр юритиш орқали ишончим ошди»,— деди. Авери Яҳова бу ваъдани қандай қилиб амалга ошираётганини кўрганда, Унга бўлган севгиси тобора кучаярди. Бу севги нафақат ишонч ортишига, балки диққатимизни Яҳовага ҳамда Унга хизмат қилиш истагига қаратишга кўмаклашади. Юқорида тилга олинган Ҳанна шундай деди: «Муқаддас Китобни ўқиб, тадқиқ қилиш орқали шуни тушундимки, ўзимни жароҳатлаганимда, Яҳовани ҳам жароҳатлаган бўлар эканман». (1 Бутр. 5:7) Ҳанна «Худо каломининг» бажарувчиси бўлди. (Ёқб. 1:22) Бунинг натижаси қандай бўлди? У қуйидагича деди: «Яҳовага бўйсуниш менга фойда келтираётганини кўрганимда, Унга бўлган севгим кучаярди. Шунга аминманки, Яҳова мени доим, мен муҳтож бўлганимда бошқаради». Ҳанна ўзини жароҳатлаш мойиллигини енга олди. У ўзини Яҳовага бағишлаб, сувга чўмди.

(11- хатбошига қаранг.) *

11. Ванесса яхши дўстларга эга бўлиш учун нима қилган ва бундан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

11 Донолик ила дўст танланг. Юқорида тилга олинган Ванесса дугонаси унга Яҳовага хизмат қилишга халақит бераётганини аста-секин тушунди. У билан муносабатини узди. Ванесса бошқа қадамлар ҳам қўйди. У жамоатда дўст орттиришга ҳаракат қилди. Унинг айтишича, Нуҳ ва унинг оиласи қолдирган ўрнак унга қўл келди. Ванесса: «Улар Яҳовани севмайдиган инсонлар орасида яшаган, лекин ўзаро муносабатлари яхши эди»,— деди. Сувга чўмгач, у кашшофликни бошлади. Ванесса шундай деб айтди: «Бу туфайли нафақат ўз жамоатимдан, балки бошқа жамоатлардан ҳам яхши дўстлар топа олдим». Сиз ҳам Яҳова бизга топширган ишда имкон қадар кўп қатнашсангиз, яхши дўстларга эга бўла оласиз. (Мат. 24:14)

(12–15- хатбошиларига қаранг.) *

12. Одамато билан Момоҳаво нимадан қўрқишмаган ва бунинг оқибати қандай бўлди?

12 Қўрқувга нисбатан мувозанатли нуқтаи назарда бўлинг. Қўрқувнинг баъзи турлари яхшидир. Мисол учун, Яҳовани ранжитиб қўйишдан қўрқиш. (Заб. 111:10) Одамато билан Момоҳаво бундай қўрқувга эга бўлганда, Яҳовага қарши исён кўтаришмас эди. Аммо улар исён кўтаришди. Улар бундай қилгач, кўзлари очилиб, гуноҳкор бўлиб қолишганини тўла равишда англашди. Бу жуфтлик болаларига фақат гуноҳ ва ўлимни бера олди. Улар қандай аҳволда эканини кўра олгани ёки тушунгани учун, яланғоч эканидан хижолат бўлиб, уятли жойларини ёпиб олди. (Ибт. 3:7, 21)

13–14. а) 1 Бутрус 3:21 га кўра, нима учун ўлимдан ҳаддан ортиқ қўрқмаслигимиз лозим? б) Яҳовани яхши кўришимиз учун қандай сабаблар бор?

13 Яҳовадан ўринли тарзда қўрқишимиз керак, аммо ўлимдан ҳаддан ортиқ қўрқмаслигимиз лозим. Яҳова абадий яшашимизнинг чорасини кўрган. Борди-ю, гуноҳ қилиб қўйсак, Яҳова хатоларимизни кечиради. Бунинг учун чин дилдан тавба қилишимиз керак. Ўғли тақдим этган тўлов қурбонлигига ишонсак, Худо бизни кечиради. Имонимизни намоён этишнинг муҳим йўлларидан бири ҳаётимизни Аллоҳга бағишлаб, сувга чўмишдир. (1 Бутрус 3:21 ни ўқинг.)

14 Яҳовани яхши кўришимиз учун кўпгина сабаблар мавжуд. Масалан, биз ҳар куни завқ олишимиз учун У ажойиб нарсаларни тақдим этибгина қолмай, Ўзи ва ниятлари борасидаги ҳақиқатга ўргатмоқда. (Юҳан. 8:31, 32) Йўл-йўриқ бериб, бизни қўллаб-қувватлаш учун имонлилар жамоатини берган. Худо ҳозирнинг ўзида оғирликларимизни кўтаришда кўмаклашяпти ва келажакда мукаммалликка эришиб абадий яшашимиз учун умид ато этяпти. (Заб. 68:19; Ваҳ. 21:3, 4) Яҳова бизни севишидан далолат берувчи ишлари устида мулоҳаза юритганимиз сари, Унга бўлган севгимиз ошади. Яҳовани яхши кўрсак, Ундан ўринли тарзда қўрқишга ўрганамиз. Биз жуда яхши кўрадиган Шахсни ранжитиб қўйишдан қўрқамиз.

15. Қай йўсин Макайла қийинчилигини енгди?

15 Юқорида тилга олинган Макайла Яҳова қанчалар кечиримли Шахс эканини тушунганда, қийинчилигини енга олган. У қуйидагича деди: «Барчамиз номукаммал ва хатолар қилиб туришимизни тушундим. Лекин Яҳова бизни яхши кўришини ва тўлов асосида бизни кечиришини ҳам англаб етдим». Яҳовага бўлган севгиси туфайли у ўзини Унга бағишлаб, сувга чўмди.

(16- хатбошига қаранг.) *

16. Майлзга қийинчилигини енгишга нима ёрдам берди?

16 Сувга чўмса онаси қаршилик кўрсата бошлашидан қўрққан Майлз эса туман нозири билан маслаҳатлашди. «Унинг ҳам отаси Яҳованинг Шоҳиди экан, онаси эса йўқ. Сувга чўмишга отам мажбурлаётгани учун эмас, бу ўз қарорим эканини онамга тушунтириб бериш учун у нима дейишим ҳақида ўйлаб кўришимга ёрдам берди»,— деди Майлз. Унинг онасига бу қарор ёқмади. Вақт ўтгач, Майлз бошқа жойга кўчишга мажбур бўлди, лекин қароридан қайтмади. У қуйидагича бўлишди: «Яҳова мен учун қилган яхши нарсалар ҳақидаги билимлар қалбимни забт этди. Исонинг тўлов қурбонлиги ҳақида чуқур фикр юритганимда, Яҳова мени қанчалар яхши кўришини англаб етдим. Бу ўзимни Яҳовага бағишлаб, сувга чўмишга ундади».

ҚАРОРИНГИЗДАН ҚАЙТМАНГ!

Худо биз учун қилган ишларни қадрлашимизни кўрсата оламиз (17- хатбошига қаранг.)

17. Қандай имкониятга эгамиз?

17 Момоҳаво Адан боғидаги дарахт мевасидан еганда, Отасини рад этди. Одамато ҳам унга қўшилганда, Яҳова у учун қилган барча яхшиликларнинг қадрига етмаганини кўрсатган. Барчамиз илк жуфтлик каби қарор чиқармай, Яҳова биз учун қилган яхшиликларидан миннатдор эканимизни кўрсатиш имкониятига эгамиз. Сувга чўмиш орқали, Яҳова биз учун нима яхши ва нима ёмон экани борасидаги меъёрларни ўрнатишга ҳақли эканига ишонаётганимизни кўрсатамиз. Отамизни яхши кўришимизни ва Унга ишонаётганимизни исботлаймиз.

18. Қандай қилиб Яҳовага муваффақият ила хизмат қила оласиз?

18 Сувга чўмгач, ўзимизнинг эмас, Яҳованинг меъёрлари бўйича ҳаёт кечириш масаласида қийинчиликка дуч келамиз. Миллионлаб имондошларимиз бундай ҳаёт кечирмоқда. Худонинг Каломи бўлмиш Муқаддас Китобни чуқурроқ тушунишда давом этсак, доим биродару опа-сингилларимиз билан вақт ўтказсак ва меҳрибон Отамиз ҳақида бошқаларга ғайрат ила айтиб берсак, улар каби йўл тута оламиз. (Иброн. 10:24, 25) Қарор чиқараётганингизда, Яҳова сизга Каломи ва ташкилоти орқали бераётган маслаҳатига қулоқ солинг. (Ишаё 30:21) Ўшанда барча ишингизда муваффақият қозонасиз. (Ҳик. 16:3, 20)

19. Нима қилишда давом этишингиз керак ва нега?

19 Яҳованинг йўл-йўриғи сиз учун қанчалик фойдали эканини тушунишда давом этсангиз, Унга ва Унинг меъёрларига бўлган севгингиз ошади. Ўшанда Шайтон таклиф қилаётган ҳеч қандай нарса Яҳовага хизмат қилишдан сизни тўхтата олмайди. Ҳаётингиз минг йилдан кейин қандай кечишини тасаввур қилинг. Ўшанда ортга қараб, сувга чўмишга қарор қилганингиз ҳаётингиздаги энг аъло қарор бўлганини тушунасиз.

28- ҚЎШИҚ Яҳова, ким дўстинг эрур?

^ абз. 5 Ҳаётдаги энг муҳим қарор сувга чўмиш ёки чўммасликни танлашдир. Нега бу қарор шу қадар муҳим? Мазкур мақолада бу саволнинг жавобини билиб оламиз. Шунингдек, сувга чўмиш ҳақида ўйлаётганларга бу қадамни қўйишга халақит бераётган қийинчиликларни енгишга нима ёрдам беришини кўриб чиқамиз.

^ абз. 56 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Ишонч. Ёш биродар шарҳ беришга тортиняпти.

^ абз. 58 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Дўстлар. Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган дугонаси билан кетаёган синглимиз имондошларимизни кўриб уялади.

^ абз. 60 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Гуноҳ. Акаси жамоатдан четлатилиб, уйдан кетаётганини кўриб турган қиз у билан ҳам бундай ҳолат юз беришидан хавотирланади.

^ абз. 62 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Қаршиликлар. Онаси Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган йигит овқат ейишдан олдин ибодат қилишга қўрқяпти.

^ абз. 65 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Ишонч. Ёш биродар шахсий тадқиқ ўтказяпти.

^ абз. 67 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Дўстлар. Синглимиз Яҳованинг Шоҳиди бўлишдан фахрланишга ўрганади.

^ абз. 69 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Гуноҳ. Ёш қиз ҳақиқатни танлаб, сувга чўмади.

^ абз. 71 РАСМЛАРГА ШАРҲЛАР. Қаршиликлар. Йигит онасига ўз эътиқодини ғайрат ила тушунтиради.