Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

13- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Хизматда ҳамдардлик кўрсатинг

Хизматда ҳамдардлик кўрсатинг

Исо тумонат халойиқни кўриб, уларга ачинди... Сўнг уларга кўп нарсаларни ўргата бошлади. МАРК 6:34

70- ҚЎШИҚ Муносиб бўлганларни излайлик

БУ МАҚОЛАДА *

1. Исонинг қалбларга илиқлик бахш этувчи қобилиятларидан бири қандай? Тушунтиринг.

ИСОНИНГ қалбларга илиқлик бахш этувчи қобилиятларидан бири биз номукаммал инсонлар дуч келаётган муаммоларимизни тушунишидир. У ер юзида бўлганда севинаётганлар билан севинган, йиғлаётганлар билан йиғлаган. (Рим. 12:15) Масалан, унинг 70 та шогирди самарали ваъз қилганидан хурсанд бўлиб қайтганда, Исо «қувончга ва муқаддас руҳга тўлган» эди. (Луқо 10:17–21) Қолаверса, дўсти Лазарнинг ўлимидан кейин яқинлари қайғураётганини кўриб, «Исо руҳан эзилиб, чуқур хўрсинди». (Юҳан. 11:33)

2. Исо нима туфайли ҳамдард бўла олган?

2 Гарчи Исо мукаммал бўлса-да, номукаммал инсонларга нисбатан раҳм-шафқатли ва ҳамдард бўлган. Унга бундай қилишга нима ёрдам берган? Авваламбор, Исо инсонларни яхши кўрган. Олдинги мақолада айтилганидай, у «одамзодни ниҳоятда яхши кўрарди». (Ҳик. 8:31) Айнан бу севги уни инсонларнинг фикрлаш тарзини тушунишга ундаган. Ҳаворий Юҳанно: «У ҳар бир кишининг қалбини кўра оларди»,— деб ёзган. (Юҳан. 2:25) Исо одамларга жуда ҳамдард эди. Одамлар уларга нисбатан унинг севгисини ҳис этарди ва Шоҳлик ҳақидаги хабарни яхши тингларди. Хизматда одамларга қанчалик кўп шу каби ҳамдардликни кўрсатсак, шунчалик самарали бўламиз. (2 Тим. 4:5)

3–4. а) Ҳамдард бўлсак, хизматга нисбатан нимани ҳис этамиз? б) Бу мақолада нималарни кўриб чиқамиз?

3 Ҳаворий Павлус ваъз қилишга бурчли эканини билган, биз ҳам буни тушунамиз. (1 Кор. 9:16) Лекин ҳамдард бўлсак, хизмат қилишни шунчаки бурч деб билмаймиз. Одамларга ғамхўрлик қилиш ва уларга ёрдам бериш истагимиз борлигини кўрсатишни хоҳлаймиз. «Олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катта» эканини биламиз. (Ҳавор. 20:35) Буни ёдда тутган ҳолда ваъз қилсак, кўпроқ қувончга тўламиз.

4 Ушбу мақолада хизматда қай йўсин ҳамдардлик кўрсатишимиз мумкинлиги ҳақида гап боради. Аввало, Исо инсонларга нисбатан нимани ҳис этганидан қандай сабоқ олишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз. Шунингдек, унинг ўрнагига эргашишимиз мумкин бўлган тўртта усулни билиб оламиз. (1 Бутр. 2:21)

ИСО ХИЗМАТДА ҲАМДАРДЛИК КЎРСАТГАН

Исо ҳамдард бўлгани туфайли тасалли бахш этувчи хабарни ваъз қилган (5–6- хатбошиларига қаранг.)

5–6. а) Исо кимларга ачинган? б) Ишаё 61:1, 2 да ёзилган башоратга кўра, нега Исо ўзи ваъз қилган кишиларга нисбатан ачинган?

5 Келинг, Исо қандай қилиб ҳамдардликни намоён этганини кўриб чиқайлик. Бир сафар Исо ва унинг шогирдлари жуда чарчаган эди, чунки дам олмай хушхабарни ваъз қилишган. «Уларнинг ҳатто овқатланишга ҳам вақти йўқ эди». Шу боис, Исо шогирдлари билан «хилват жойга бориб, у ерда бир оз дам олмоқчи» бўлган. Бироқ тумонат халойиқ улар бораётган жойга улардан олдин югуриб борган. Исо уларни кўриб, нималарни ҳис этган? Исо «уларга ачинди *, чунки улар чўпонсиз қўйлардай эди. Сўнг уларга кўп нарсаларни ўргата бошлади». (Марк 6:30–34)

6 Нима сабабли Исо уларга ачинган? У одамлар «чўпонсиз қўйлардай» эканини кузатган. Эҳтимол, Исо уларнинг айримлари камбағал ва оиласига ғамхўрлик қилиш учун пешона тер билан меҳнат қилганини кўргандир. Бошқалари эса яқинлари ҳаётдан кўз юмганидан қайғургандир. Дарҳақиқат, Исо уларнинг вазиятини яхши тушуна олган. Олдинги мақоладан билиб олганимиздай, Исо бу муаммоларнинг баъзиларига ўзи ҳам дуч келгандир. У одамларга қайғурган ва уларга тасалли бахш этувчи хабарни айтишни хоҳлаган. (Ишаё 61:1, 2 ни ўқинг.)

7. Исонинг ўрнагига қай йўсин эргаша оламиз?

7 Исонинг ўрнагидан қандай сабоқ оляпмиз? Исо каби биз ҳам «чўпонсиз қўйлардай» юрган одамлар орасида яшаяпмиз. Улар анчагина муаммолар билан курашяпти. Бизда улар муҳтож бўлган Шоҳлик хабари бор. (Ваҳ. 14:6) Шунинг учун Хўжайинимизга тақлид қилиб, хушхабарни ваъз қиламиз. Зеро, «хокисор ва камбағалга» жонимиз ачийди. (Заб. 72:13) Биз уларга раҳм-шафқатли бўлишни ва ёрдам қўлини чўзишни истаймиз.

ҚАЙ ЙЎСИН ҲАМДАРД БЎЛА ОЛАМИЗ?

Ҳар бир кишининг эҳтиёжларини инобатга олинг (8–9- хатбошиларига қаранг.)

8. Хизматда ҳамдард бўлишимизга кўмаклашадиган биринчи усул қандай? Мисол келтиринг.

8 Биз ваъз қилаётган инсонларга ҳамдард бўлишимизга нима ёрдам беради? Биз ўзимизни хизматда учратаётган инсонларнинг ўрнига қўйиб, бизга қандай муносабат кўрсатилишини хоҳлаганимиздай, уларга худди шундай муносабат кўрсатишга интиламиз *. (Мат. 7:12) Буни қилишимизга кўмаклашадиган тўртта усулни кўриб чиқамиз. Биринчидан, ҳар бир кишининг эҳтиёжлари ҳақида ўйланг. Ваъз қилишимизни шифокор беморларига ёрдам бериш учун қиладиган ҳаракатлари билан солиштирсак бўлади. Яхши шифокор ҳар бир беморнинг эҳтиёжлари ҳақида ўйлайди. У саволлар бериб, бемор ўзининг аҳволи ёки касаллик белгиларини тушунтираётганда уни диққат ила тинглайди. Беморга шу заҳотиёқ муолажаларни тавсия этишдан олдин, касаллик белгиларини кузатади, кейин эса керакли даволаш усулларини таклиф қилади. Шунга ўхшаб, хизматда суҳбат бошламоқчи бўлсак, ҳаммага бир хил ёндашмаймиз. Аксинча, ҳар бир кишининг муайян вазияти ва нуқтаи назарини инобатга оламиз.

9. Нимани биламан деб ўйламаслигимиз керак? Тушунтиринг.

9 Хизматда кимнидир учратсангиз, унинг вазияти, эътиқоди ёки нега бунга ишонаётгани борасида биламан деб ўйламанг. (Ҳик. 18:13) Бунинг ўрнига, у ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлиш учун хушмуомалалик ила саволлар беринг. (Ҳик. 20:5) Агар маданиятингизда ўринли бўлса, иши, оиласи, келиб чиқиши ва нуқтаи назари ҳақида сўранг. Шундай йўл тутганимизда, улар нега хушхабарга муҳтож эканини айтишимизга имкон туғилади. Ўшанда, Исо каби биз ҳам уларнинг муайян эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда ҳамдардлик кўрсатиб, керакли ёрдамни бера оламиз. (1 Коринфликларга 9:19–23 ни солиштиринг.)

Сиз шоҳидлик берган бирон кишининг ҳаёти қандай бўлиши мумкинлигини кўз ўнгингизга келтиринг (10–11- хатбошиларига қаранг.)

10–11. Коринфликларга йўлланган иккинчи мактуб 4:7, 8 га кўра, хизматда ҳамдард бўлишимизга кўмаклашадиган иккинчи усул қандай? Мисол келтиринг.

10 Иккинчидан, уларнинг ҳаёти қандай бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўринг. Қайсидир жиҳатдан уларнинг вазиятини тушунармиз. Ахир биз ҳам барча номукаммал кишилар дуч келаётган муаммоларни бошдан кечиряпмиз. (1 Кор. 10:13) Бу ёвуз дунёдаги ҳаёт жуда ҳам мушкул бўлишини биламиз. Фақат Яҳованинг кўмаги билан сабр-бардош қила оламиз. (2 Коринфликларга 4:7, 8 ни ўқинг.) Лекин Яҳова билан яқин муносабатларга эга бўлмаган инсонлар ҳақида бир ўйлаб кўринг. Бу дунёда Худонинг ёрдамисиз яшаш қанчалар оғир бўлса керак. Исо каби биз ҳам бу одамларга ачинамиз ва «яхшилик тўғрисида хушхабар»ни уларга айтамиз. (Ишаё 52:7)

11 Сергей исмли акамизнинг мисолига диққат қаратайлик. Ҳақиқатни билиб олишдан аввал, у ниҳоятда тортинчоқ эди. Бошқалар билан суҳбатлашишга қийналарди. Вақт ўтгач, у Муқаддас Китоб тадқиқини бошлади. «Муқаддас Китобни тадқиқ қилганим сайин, масиҳийлар эътиқоди ҳақида бошқаларга айтишга бурчли эканини тушундим. Аммо ўзим ҳеч қачон бундай қила олмайман деган фикрда эдим»,— деди Сергей. Бироқ у ҳақиқатни ҳали эшитмаган инсонлар ҳақида ўйларди ва улар Яҳовани таниб-билмагани учун жуда қийналиб яшаётганини тушунган. У яна шундай деб бўлишди: «Билиб олган янги фикрлар менга бахт ва ички хотиржамлик ато этди. Ўзгалар ҳам бу ҳақиқатларни билиб олиши зарур эканини англадим». Сергей янада ҳамдард бўлди ва хизматда кўпроқ жасоратли бўла олаётганини пайқади. «Қизиғи шундаки, хушхабарни бошқалар билан баҳам кўрганим туфайли ўзимга нисбатан ишончим ҳам ошди. Уларга эътиқодим ҳақида гапириб ўз имонимни ҳам мустаҳкамладим»,— деб айтди Сергей *.

Бирон киши маънан улғайиши учун вақт керак бўлиши мумкин (12–13- хатбошиларига қаранг.)

12–13. Нега биз таълим бераётган кишиларга нисбатан сабрли бўлишимиз лозим? Мисол келтиринг.

12 Учинчидан, сиз таълим бераётган кишиларга нисбатан сабрли бўлинг. Шуни унутмангки, биз жуда яхши билган Муқаддас Китобдаги айрим ҳақиқатлар ҳақида бундай кишилар сира ҳам ўйламагандир. Кўплар ўз эътиқодига жуда ҳам боғланиб қолгандир. Дин борасидаги нуқтаи назари улар учун муҳим бўлиб, оила аъзолари, маданияти ва қўшниларию дўстлари билан боғлаб туради. Хўш, бундай инсонларга қай йўсин ёрдам бера оламиз?

13 Мана бу мисол борасида фикр юритиб кўринг. Айтайлик, эски кўприк бор ва унинг ўрнига бошқаси қурилиши керак. Одатда, янгиси қурилмагунча, одамлар эскисидан фойдаланиб туради. Янги кўприк қурилганда эса, эскиси бузиб ташланади. Худди шундай, одамлар билан улар қадрлайдиган «эски» эътиқодидан халос бўлиши ҳақида суҳбатлашишдан аввал, аввало уларга «янги» ҳақиқатларга, яъни улар Муқаддас Китобни тадқиқ қилишдан олдин билмаган таълимотларга меҳр боғлашга ёрдам беришимиз лозим. Шундай қилибгина, улар олдинги эътиқодидан халос бўлишга тайёр бўла олади. Бу каби ўзгаришларни қилишга ёрдам бериш учун вақт сарфлашимиз керак бўлади. (Рим. 12:2)

14–15. Абадий ҳаёт умиди ҳақида кўп нарсани ёки умуман ҳеч нимани билмайдиган одамларга қандай қилиб ёрдам бера оламиз? Мисол келтиринг.

14 Хизматда сабрли бўлсак, одамлар ҳақиқатни илк бор эшитганидаёқ уни тушунади ёки қабул қилади деб кутмаслигимиз керак. Аксинча, ҳамдард бўлиб, Муқаддас Китоб асосида музокара юритишига ёрдам бериш учун муайян вақт кераклигини тушунамиз. Масалан, кимдирга ер юзидаги абадий ҳаёт умиди тўғрисида музокара юритишга қандай кўмаклаша олишимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик. Аксарият кишилар бу умид ҳақида кўп нарсани ёки умуман ҳеч нимани билмайди. Улар одам ўлими билан ҳамма нарса якун топишига ишонади. Ёхуд улар яхши одамлар осмонга кетади деб ўйлайди. Уларга қандай қилиб ёрдам бера оламиз?

15 Битта биродар бу каби вазиятларда музокара юритишга ёрдам берадиган фикрлар билан бўлишди. У авваламбор Ибтидо 1:28 ни ўқиб беради. Сўнг уй эгасидан Худо одамларнинг қаерда ва қандай шароитларда яшашини хоҳлайди деб сўрайди. Кўпчилик: «Ерда, яхши шароитларда»,— деб жавоб беради. Кейин у Ишаё 55:11 ни ўқийди ва Худонинг нияти ўзгарганми деб савол беради. Одатда, уй эгаси йўқ деб айтади. Охирида биродар Забур 37:10, 11 ни ўқийди ва одамларнинг келажаги қандай бўлиши ҳақида сўрайди. Муқаддас Китобни шу тарзда қўллаб, у бир нечта кишига Худо ер юзидаги жаннатда яхши одамлар яшашини хоҳлашини тушунишга кўмаклаша олди.

Далдали хат юбориш каби меҳрга тўла кичик ишлар яхши натижа келтириши мумкин (16–17- хатбошиларига қаранг.)

16–17. Ҳикматлар 3:27 даги сўзларни ёдда тутган ҳолда, ҳамдардлик кўрсатиш учун қандай ёрдам беришимиз мумкин? Мисол келтиринг.

16 Тўртинчидан, инсонларга қай йўсин ғамхўрлик қила олишингиз ҳақида фикр юритинг. Масалан, уй эгаси учун ноқулай бўлган вақтда келган бўлсак-чи? Узр сўраб, у учун қулайроқ вақтда қайтишимизни айтсак бўлади. Мабодо, уй эгасига қандайдир майда-чуйда ишда кўмаклашиш керак бўлса-чи? Касал бўлгани ё кексалиги туфайли уйидан чиқа олмаётган киши юмушларида ёрдамга муҳтож бўлса-чи? Бу каби вазиятларда одамларга кўмаклаша оламиз. (Ҳикматлар 3:27 ни ўқинг.)

17 Бир имондошимиз унча муҳим деб туюлмаган битта ишда ёрдам берган. У ҳамдардлик кўрсатиб, ўғли ҳаётдан кўз юмган бир оилага хат ёзган. Имондошимиз тасалли бахш этувчи бир нечта оятни келтирган. Хўш, бу хат оилага қандай ёрдам берди? Қайғурган она қуйидагича ёзди: «Кеча роса сиқилган эдим. Хатингиз бизга жуда ёрдам берди. Бизга тасалли ато этган хатингиз учун ниҳоятда миннатдорман. Менимча, кеча уни қарийб 20 марта ўқиб чиқдим. У қанчалар меҳрга тўла, тасалли ва далда бахш этувчи эканини айтишга тил ожиз. Сиздан чин дилдан миннатдорман». Шубҳасизки, азоб чекаётган инсонларнинг ҳаётини кўз олдимизга келтирсак ва уларга ёрдам бериш учун бирон нима қилсак, яхши натижаларга эриша оламиз.

МУВОЗАНАТЛИ БЎЛИНГ

18. Коринфликларга йўлланган биринчи мактуб 3:6, 7 га биноан, хизматда қандай мувозанатли нуқтаи назарни сақлашимиз даркор?

18 Албатта, хизматда мувозанатли бўлишни истаймиз. Бошқаларга Аллоҳ ҳақида билим олишга ёрдам бераётганимиз жуда аҳамиятли, бироқ бу фаолиятнинг энг муҳим қисмини биз бажармаяпмиз. (1 Коринфликларга 3:6, 7 ни ўқинг.) Тангри Яҳова одамларни Ўзига жалб қилади. (Юҳан. 6:44) Бундан ташқари, ҳар бир киши ўз қалбининг ҳолати асосида хушхабарга нисбатан муносабат кўрсатади. (Мат. 13:4–8) Унутмангки, кўпчилик Исо, яъни ер юзида яшаган энг улуғ Устоз айтган хабарни қабул қилмаган. Демак, кўп одамлар хушхабарни тингламаса руҳимиз тушмаслиги даркор.

19. Хизматда ҳамдардлик кўрсатсак қандай натижаларга эришамиз?

19 Хизматда ҳамдардлик кўрсатсак, яхши натижаларга эришамиз. Ваъзгўйлик ишини кўпроқ ёқтирамиз. Олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катта эканини ҳис этамиз. Қолаверса, шу йўсин «мангу ҳаётга элтувчи ҳақиқатни қабул қилишга мойил бўлган» кишиларга хушхабарни қабул қилиш осонроқ бўлади. (Ҳавор. 13:48) Дарҳақиқат, «фурсатимиз бор экан, ҳаммага... яхшилик қилайлик». (Галат. 6:10) Ўшанда, самовий Отамизни шарафлаш бизга кўпдан-кўп қувонч келтиради. (Мат. 5:16)

64- ҚЎШИҚ Ўрим-йиғимда қувонч ила қатнашамиз

^ абз. 5 Хизматда ҳамдардлик кўрсатсак, кўпроқ қувончга тўлишимиз ва одамлар хушхабарни тинглашга мойилроқ бўлиши мумкин. Нега дейсизми? Бу мақолада Исонинг ўрнагини ва хизматда ҳамдард бўлишимизга кўмаклашадиган тўртта усулни кўриб чиқамиз.

^ абз. 5 ИБОРА МАЪНОСИ. Муқаддас Китобда қўлланилган ачиниш сўзи, азоб чекаётган ёки қўпол муносабатга дуч келаётган бирон кишига нисбатан нозик туйғуларни ҳис этишни англатади. Бу ҳис-туйғулар туфайли одам бошқаларга ёрдам бериш учун қўлидан келганини қилади.

^ абз. 8 «Қўриқчи минораси»нинг 2014 йил, 15 май сонидаги «Хизматдаги олтин қоидага амал қилинг» номли мақолага қаранг.

^ абз. 11 «Қўриқчи минораси»нинг 2011 йил, 1 август сонидаги (рус) 21–22- саҳифаларга қаранг.