Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

48- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

«Бошлаб қўйган бу ишингизни... битиришга ҳаракат қилинглар»

«Бошлаб қўйган бу ишингизни... битиришга ҳаракат қилинглар»

Бошлаб қўйган бу ишингизни... битиришга ҳаракат қилинглар. 2 КОР. 8:11

35- ҚЎШИҚ «Қайси нарсалар муҳимроқ эканини фарқланглар»

БУ МАҚОЛАДА *

1. Яҳова нима қилишимизга йўл қўяди?

ЯҲОВА ҳаёт йўлида ҳар биримиз шахсан танлов қилишимизга йўл қўяди. У бизга тўғри қарор чиқаришни ўргатади ва Унга маъқул келадиган танлов қилганимизда, муваффақиятли бўлишимизга кўмаклашади. (Заб. 119:173) Худонинг Каломидаги доноликни амалда қўллаганимиз сайин, янада тўғри қарорлар чиқара оламиз. (Иброн. 5:14)

2. Қарор чиқаргач қандай қийинчиликка дуч келишимиз мумкин?

2 Доно қарор чиқарсак-да, бошлаган ишимизни охирига етказишга қийналишимиз мумкин. Баъзи мисолларга эътибор беринг: ёш биродар Муқаддас Китобни бутунлайин ўқиб чиқишга қарор қилади. У бир неча ҳафта давомида буни яхши уддалайди, аммо кейин нимагадир тўхтаб қолади. Имондошимиз доимий кашшофликни бошламоқчи-ю, буни қилишни орқага сураверади. Оқсоқоллар жамоат аъзоларига кўпроқ далдали ташрифлар қилишга биргаликда қарор қилади, бироқ бир неча ойдирки, бунга ҳали киришишмади. Юқорида турли вазиятлар келтирилган бўлса-да, уларни бир нарса бирлаштириб туради. Қарор чиқарилган, лекин унга амал қилинмаяпти. Биринчи асрда Коринфдаги масиҳийлар худди шундай қийинчиликка дуч келган. Келинг, улардан қандай сабоқ олишимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик.

3. Коринфликлар қандай қарор чиқаришади, аммо нима юз беради?

3 Тахминан милодий 55 йили коринфликлар муҳим қарор чиқарди. Улар Қуддус ва Яҳудиядаги имондошлари муҳтожлик ва камбағалликдан азоб чекаётганидан ҳамда бошқа жамоатлар уларга ёрдам бериш мақсадида пул йиғаётганидан хабар топишади. Коринфликлар меҳрибон ва сахий эди. Шунингдек, улар муҳтожликдаги имондошларига ёрдам беришни истайди ва ҳаворий Павлусдан буни қандай қила олишлари ҳақида сўрайди. У жамоатга йўл-йўриқлар юборади ва эҳсон қилинган пулларни йиғиш учун Титусни тайинлайди. (1 Кор. 16:1; 2 Кор. 8:6) Бир неча ой ўтгач эса, Павлус коринфликлар йўл-йўриққа амал қилишмаганидан хабар топади. Натижада, уларнинг эҳсонлари ўз вақтида тайёр эмасди ва бошқа жамоатларнинг хайр-эҳсонлари билан бирга Қуддусга олиб кетила олмасди. (2 Кор. 9:4, 5)

4. Коринфликларга иккинчи мактуб 8:7, 10, 11 да келтирилганидек, Павлус коринфликларни нима қилишга ундаган?

4 Коринфликлар тўғри қарор чиқаришган эди. Мустаҳкам имони ва сахий бўлишни жуда исташгани учун Павлус уларни мақтаган. Лекин у уларни бошлаган ишини охирига етказишга ҳам ундаган. (2 Коринфликларга 8:7, 10, 11 ни ўқинг.) Уларнинг мисолидан шуни кўряпмизки, баъзида ҳатто садоқатли масиҳийлар ҳам тўғри қарорига мувофиқ йўл тутишга қийналади.

5. Қайси саволларга жавоб топамиз?

5 Коринфликлар сингари, биз ҳам вақти-вақти билан чиқарган қарорларимизга мувофиқ йўл тутмаслигимиз мумкин. Нима учун? Номукаммаллигимиз туфайли шунчаки кейинга қолдиришимиз турган гап. Ёки кутилмаган вазиятлар туфайли қароримизга амал қилиш осон бўлмаслиги мумкин. (Воиз 9:11; Рим. 7:18) Хўш, бошлаган ишимизни охирига етказишда қай йўсин самарали бўла оламиз?

ҚАРОР ЧИҚАРИШДАН АВВАЛ

6. Қачон қарорларимизни ўзгартиришга тўғри келиши мумкин?

6 Чиқарган айрим муҳим қарорларимизни асло ўзгартирмаймиз. Мисол учун, Тангри Яҳовага хизмат қилиш қароримиздан қайтмаймиз. (Мат. 16:24; 19:6) Аммо баъзи қарорларни ўзгартиришга тўғри келиши мумкин. Нега деганда, вазият ўзгаради. Хўш, энг яхши қарорларни чиқаришимизга қайси қадамлар ёрдам бериши мумкин?

7. Нима ҳақида ибодат қилишимиз керак ва нега?

7 Донолик сўраб ибодат қилинг. Яҳова Ёқубни қуйидаги сўзларни ёзишга илҳомлантирган: «Агар орангиздаги бирор кишига донолик етишмаётган бўлса, ҳаммага саховат билан... берадиган Худодан сўраб турсин». (Ёқб. 1:5) Баъзи масалаларда барчамизга «донолик етишмайди». Шу боис, ҳам қарор чиқарганда, ҳам уни қайта кўриб чиқаётганда, Яҳовага таянинг. Шунда Яҳова доно қарорлар чиқаришингизга ёрдам беради.

8. Қарор чиқаришдан аввал қандай изланиш ўтказиш керак?

8 Чуқур изланиш ўтказинг. Худонинг Каломидан йўл-йўриқ изланг, Унинг ташкилоти тақдим этаётган адабиётларни ўқинг ва ишонган инсонингиз билан гаплашинг. (Ҳик. 20:18) Ишни ўзгартириш, бошқа жойга кўчиш ва хизматда ўзингизни таъминлай олишингиз учун муносиб таълим олиш масалаларида қарор чиқаришдан аввал бу каби тадқиқ ўтказиш муҳимдир.

9. Ўзимиз билан ростгўй бўлсак қандай фойда оламиз?

9 Ниятларингизни текширинг. Ниятларимиз Тангри Яҳова учун муҳим аҳамият касб этади. (Ҳик. 16:2) У барча нарсада ростгўй бўлишимизни истайди. Шу сабабли, ниятларимиз борасида ҳам ўзимиз, ҳам бошқалар билан ростгўй бўлишни истаймиз. Борди-ю, ростгўй бўлмасак, чиқарган қароримизга мувофиқ йўл тутиш қийин бўлиши мумкин. Дейлик, ёш биродар доимий кашшоф бўлмоқчи. Лекин бир оз вақт ўтгач, у соат нормасини бажаришга қийналиб, хизматдан кам қувонч топади. Балки у кашшоф бўлаётганининг асосий сабаби Яҳовани мамнун қилиш, деб ўйлагандир. Лекин, эҳтимол, у кашшофликни олганининг асл сабаби ота-онаси ёки бошқа бир инсонни мамнун қилишни хоҳлаганидир.

10. Ўзгаришлар қилиш учун нимага эга бўлишимиз керак?

10 Муқаддас Китобни ўрганаётган кишини тасаввур қилинг. У чекишни ташлашга қарор қилди. Қийин бўлса ҳам, у бир ё икки ҳафта чекмайди, бироқ кейин яна чекади. Аммо охири у муваффақиятга эришади. Унинг Яҳовага бўлган севгиси ва Уни мамнун қилиш истаги ўша одатининг устидан ғалаба қозонишга ёрдам берди. (Колос. 1:10; 3:23)

11. Нима сабабдан аниқ мақсадларингиз бўлиши керак?

11 Аниқ мақсадларни кўзланг. Мақсадларингиз қанча аниқ бўлса, уларга эришиш шунча осонроқ бўлади. Масалан, Муқаддас Китобни кўпроқ ўқишга қарор қилгандирсиз. Аммо аниқ режангиз бўлмаса, мақсадингизга эриша олишингиз амримаҳол *. Ёки бўлмаса, жамоат оқсоқоллари кўпроқ далдали ташрифлар қилишга қарор қилиши мумкин. Вақт ўтгач эса, қарорларига мувофиқ йўл тутишмайди. Муваффақиятга эришиш учун улар ўзларига қуйидаги саволларни беришлари мумкин: «Далдали ташрифга кўпроқ муҳтож бўлган биродару опа-сингилларнинг рўйхатини қандай туза оламиз? Уларга ташриф буюриш учун аниқ вақтни белгиладикми?»

12. Нима қилишимизга тўғри келиши мумкин ва нега?

12 Мувозанатли бўлинг. Истаган барча нарсани қилиш учун ҳеч биримизнинг вақти, маблағи ёки кучи етмайди. Шу боис, мувозанатли ва мулоҳазакор бўлинг. Мақсадингизга эришиш қўлингиздан келмаётган бўлса, қарорингизни ўзгартиришга тўғри келар. (Воиз 3:6) Айтайлик, қарорингизни қайта кўриб чиқдингиз, керакли ўзгаришлар қилдингиз ва энди уни уддалайман, деб ўйлаяпсиз. Бошлаган ишингизни ниҳоясига етказишингизга ёрдам берадиган бешта қадамга диққат қаратайлик.

ҚАРОРИНГИЗГА МУВОФИҚ ЙЎЛ ТУТИШ УЧУН ҚАДАМЛАР

13. Қарорингизга мувофиқ йўл тутиш учун, сиз муҳтож бўлган кучни қаердан олишингиз мумкин?

13 Ҳаракат қилишингиз учун куч сўраб, ибодат қилинг. Худо ҳаракатга киришишингиз ва қарорингизга мувофиқ йўл тутишингиз учун «куч ато эта» олади. (Филип. 2:13) Шунинг учун, Яҳовадан сизга муқаддас руҳ беришини сўранг. Ҳатто илтижоларингиз жавобсиз қолаётгандай туюлса ҳам, ибодат қилишда давом этинг. Исо: «Сўраб туринглар ва сизларга [муқаддас руҳ] берилади»,— деб айтган. (Луқо 11:9, 13)

14. Ҳикматлар 21:5 даги принцип қарорингизга мувофиқ йўл тутишингизга қай йўсин ёрдам беради?

14 Режа тузинг. (Ҳикматлар 21:5 ни ўқинг.) Бошлаган ҳар қандай лойиҳани тугатишингиз учун режа тузишингиз зарур. Сўнг ўша режага амал қилишингиз кутилади. Шу сингари, қарор чиқаргач, унга мувофиқ йўл тутиш мақсадида, қандай қадамлар қўйишингиз кераклигининг рўйхатини тузинг. Каттароқ ишларни кичикроқ ишларга бўлиб чиқсангиз, мақсадингизга эришиш осонроқ бўлиши мумкин. Павлус коринфликларни у келганида эҳсон йиғмасликлари учун, бу хайрли ишга атаган нарсаларини «ҳафтанинг биринчи кунида» ажратиб қўйишга ундаган. (1 Кор. 16:2) Қолаверса, каттароқ ишларни кичикроқ ишларга бўлиб чиқиш, буни уддалай олмайман, деган фикрдан қочишингизга ёрдам беради.

15. Режа тузгач нималарга эришиш мумкин?

15 Аниқ режангизни ёзиб олиш чиқарган қарорларингизни амалда қўллашга кўмаклашади. (1 Кор. 14:40) Мисол учун, оқсоқоллар кенгаши чиқарган қарорларини, жумладан, уларни бажаришга ким масъул эканини ва қайси санада тугатилиши лозимлигини ёзиб борадиган оқсоқолни тайинлайди. Оқсоқоллар бундай йўл тутганида, қарорларига мувофиқ йўл тутиш осонроқ бўлади. (1 Кор. 9:26) Кундалик ҳаётингизда ҳам, худди шундай йўл тутишга уриниб кўрсангиз бўлади. Масалан, кундалик ишларингизнинг рўйхатини ва уларни бажариш тартиби бўйича режалаштиришингиз мумкин. Бу туфайли нафақат бошлаган ишингизни охирига етказа оласиз, балки қисқа вақт ичида кўпроқ ишни бажаришингиз мумкин.

16. Қарорингизга мувофиқ йўл тутишда нима муҳим ва қай йўсин Римликларга 12:11 буни тасдиқлаяпти?

16 Тинмай ҳаракат қилинг. Режангизга амал қилиш ва бошлаган ишингизни якунлаш учун жон куйдиришингиз керак. (Римликларга 12:11 ни ўқинг.) Павлус Тимўтийни яхши таълим бериш учун «давом этишга» ва «бундай йўл тутаверишга» ундаган. Бу маслаҳатлар бошқа маънавий мақсадларга ҳам тааллуқли. (1 Тим. 4:13, 16)

17. Қароримизга мувофиқ йўл тутишда Эфесликларга 5:15, 16 ни қай йўсин амалда қўллай оламиз?

17 Вақтдан донолик ила фойдаланинг. (Эфесликларга 5:15, 16 ни ўқинг.) Чиқарган қарорингизни бажариш учун вақт белгиланг ва бу вақтни ўзгартирманг. Ишга киришиш учун қулай вақтни кутманг; бундай пайт келмаслиги мумкин. (Воиз 11:4) Унча муҳим бўлмаган ишларга вақт сарфлашдан эҳтиёт бўлинг. Бундан ташқари, муҳимроқ бўлган ишларни қилиш учун кучингизни ўғирлайдиган ишлардан қочинг. (Филип. 1:10) Имкон бўлса, бирон нима билан банд бўлганингизда, бошқалар сизни чалғитмаслиги учун муайян вақт белгиланг. Фикрингизни бир жойга жамлаш учун сизга вақт кераклигини бошқаларга айтинг. Телефонингизни ўчириб, электрон почтангизни текширишни кейинроққа қолдириш тўғрисида ўйлаб кўринг *.

18–19. Тўсиқларга дуч келганда, тўғри қарорларингиздан воз кечмасликка нима ёрдам бериши мумкин?

18 Натижаси ҳақида ўйланг. Қарорингизнинг натижаси саёҳатдаги манзилга ўхшайди. Чиндан ҳам манзилга етиб боришни истасангиз, ҳатто йўл ёпиқ бўлса ҳам ва йўналишни ўзгартиришга тўғри келса ҳам, юришни давом эттирасиз. Шунга ўхшаб, диққатимизни қароримизнинг натижасига қаратсак, тўсиқларга дуч келганда ёки йўналишни ўзгартиришга тўғри келганда ҳам, осонликча таслим бўлмаймиз. (Галат. 6:9)

19 Тўғри қарорлар чиқариш осон эмас. Уларга мувофиқ йўл тутиш ҳам қийин кечиши мумкин. Лекин бошлаган ишингизни охирига етказиш учун Яҳованинг ёрдами билан сиз муҳтож бўлган донолик ва кучга эга бўла оласиз.

65- ҚЎШИҚ Олға бос!

^ абз. 5 Чиқарган баъзи қарорларингиздан афсусланасизми? Ёки гоҳида яхши қарор чиқариш ва унга мувофиқ яшаш қийин кечадими? Ушбу мақола ёрдамида бундай қийинчиликларни енгишингиз ва бошлаган ишингизни охирига етказишингиз мумкин.

^ абз. 11 Муқаддас Китобни шахсан ўқишни режа қилиш учун jw.org® сайтидаги «Муқаддас Китобни ўқиш жадвали»дан фойдаланишингиз мумкин.

^ абз. 17 Вақтни тақсимлаш борасида «Уйғонинг» журналининг 2010 йил апрель (рус) сонидаги «Бўш вақтга эга бўлишнинг 20 та усули» номли мақолага қаранг.