Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

45- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Муқаддас руҳ бизга қандай қилиб кўмаклашади?

Муқаддас руҳ бизга қандай қилиб кўмаклашади?

Мени қўллаб-қувватлаётганнинг мадади билан ҳар нарсани қила оламан. ФИЛИП. 4:13

104- ҚЎШИҚ Аллоҳнинг муқаддас руҳ ҳадяси

БУ МАҚОЛАДА *

1–2. а) Қийинчиликларимизда ҳар куни бардошли бўлишимизга нима ёрдам беряпти? Тушунтиринг. б) Ушбу мақолада нимани кўриб чиқамиз?

«ДУЧ КЕЛГАН қийинчилигимни эслайдиган бўлсам, уни ёлғиз ўзим енга олмаган бўлардим, деб ўйлайман». Сизга ҳам шу каби фикр келганми? Ҳа, кўпчилигимиз шундай деб ўйлаймиз. Эҳтимол, жиддий касалликка йўлиққандирсиз ёки яқинингиз ҳаётдан кўз юмгандир, ҳозир эса буни қандай енга олганман деб ўйлаётгандирсиз. Ортга қараб, ҳар куни фақат Яҳова «инсонларникидан устун турган куч», яъни муқаддас руҳ бераётгани учун муаммоларни енга олганингизни тушунасиз. (2 Кор. 4:7–9)

2 Бу ёвуз дунёнинг таъсирига қарши тура олишимиз учун ҳам муқаддас руҳнинг ёрдамига муҳтожмиз. (1 Юҳан. 5:19) Бунинг устига, «ёвуз руҳлар»га қарши курашиш учун бизга муқаддас руҳ керак. (Эфес. 6:12) Бу мақолада барча муаммоларимизда муқаддас руҳ ёрдам бера олишининг иккита йўлини кўриб чиқамиз. Қолаверса, унинг тўлиқ фойдасини кўриш учун биз қандай йўл тутишимиз мумкинлигини муҳокама қиламиз.

МУҚАДДАС РУҲ БИЗГА КУЧ АТО ЭТАДИ

3. Яҳова қийинчиликларимизда бардошли бўлишимизга кўмаклашадиган йўлларидан бири қандай?

3 Яҳованинг муқаддас руҳи бизга куч-қудрат ато этиб, қийинчиликларимизга қарамай вазифаларимизни бажаришга кўмаклашяпти. Ҳаворий Павлус «Масиҳнинг қудрати»га таянгани учун қийинчиликлар гирдобида ҳам Худога хизмат қила олган. (2 Кор. 12:9) Иккинчи ваъзгўйлик сафарида у нафақат хушхабарни ваъз қилишга ҳаракат қилган, балки харажатларини қоплаш учун меҳнат қилган. У Коринфда Акила ва Прискилланинг уйида яшарди. Бу жуфтлик чодирлар тикарди. Павлус ҳам чодир тикишни билгани учун, бир неча кун улар билан бу ишда қатнашарди. (Ҳавор. 18:1–4) Муқаддас руҳ унга ҳам ишлашга, ҳам хизмат қилишга куч берарди.

4. Коринфликларга иккинчи мактуб 12:7б–9 га кўра, Павлус қандай қийинчиликка дуч келган?

4 Коринфликларга иккинчи мактуб 12:7б–9 ни ўқинг. Ушбу оятларга кўра, Павлус баданидаги тикан ҳақида айтганда, нимани назарда тутган? Тасаввур қилинг, агар баданингизга тикан кириб қолса, бу сизга анча азоб келтиради. Демак, Павлус шахсан унга азоб келтираётган қийинчиликни назарда тутган. У бу қийинчилик ҳақида: «Шайтоннинг фариштасидек мени қийнаб турадиган бир дард берилди»,— деган. Эҳтимол, Шайтон ёки унинг жинлари Павлуснинг баданига гўё тикан санчиб, у дуч келган қийинчиликларнинг сабабчиси бўлишмагандир. Лекин бу ёвуз руҳлар ўша «тиканни» кўриб, уни янада чуқурроқ киргизишга интилишгандир, яъни Павлуснинг азоб-уқубатини кучайтиришгандир. Қизиқ, Павлус нима қилган?

5. Яҳова Павлуснинг ибодатларига қандай жавоб берган?

5 Аввалига Павлус ўша «тикандан» қутулмоқчи эди. У: «Бундан қутулиш учун Раббимга [Яҳовага] уч марта ёлвордим»,— деб айтган. Аммо ибодатларига қарамай, у тикандан қутулмаган. Хўш, Яҳова унинг ибодатларига жавоб бермаган деб айта оламизми? Асло. У Павлусга жавоб берган. Яҳова унинг муаммосини бартараф қилмаган, бироқ уни енгиш учун унга куч ато этган. Яҳова шундай деган: «Менинг қудратим заиф бўлганингда камол топади». (2 Кор. 12:8, 9) Худонинг кўмаги билан Павлус қувончини сақлаб, хотиржам бўлиб қолган. (Филип. 4:4–7)

6. а) Яҳова ибодатларимизга қандай жавоб бериши мумкин? б) Хатбошида келтирилган оятлардаги қайси ваъдалар сизга куч ато этмоқда?

6 Павлус каби қийинчилигингиздан қутулишни Яҳовадан ёлвориб сўраганмисиз? Агар муаммоингиз борасида сидқидилдан ибодат қилсангиз-да, у давом этган ёки ҳатто ундан ҳам баттар бўлиб кетган бўлса, Яҳова мендан розимикан деб ташвишланганмиcиз? Ундай бўлса, Павлуснинг мисоли ёдингизда бўлсин. У билан бўлганидай, Яҳова сизнинг ҳам ибодатларингизга албатта жавоб беради! Яҳова муаммони бартараф этмаслиги мумкин. Аммо У муқаддас руҳ орқали қийинчилигингизни енгишга керакли бўладиган кучни беради. (Заб. 61:3, 4) Ҳа, қулашингиз мумкин, лекин Яҳова сизни ташлаб қўймайди. (2 Кор. 4:8, 9; Филип. 4:13)

МУҚАДДАС РУҲ ОЛҒА ИНТИЛИШГА КЎМАКЛАШАДИ

7–8. а) Муқаддас руҳни қайси маънода шамол билан таққослаш мумкин? б) Бутрус муқаддас руҳнинг таъсирини қандай тушунтирган?

7 Муқаддас руҳ яна қандай қилиб ёрдам беради? Муқаддас руҳни шамол билан таққослашимиз мумкин. Масалан, кема ҳатто денгизда бўрон бўлаётганда, шамолнинг эсиши билан тўғри йўналишда сузиб, манзилга хавфсиз ета олади. Шу каби, муқаддас руҳ қийинчиликларимизга қарамай, Худо ваъда қилган янги дунёга етгунимизга қадар Унга хизмат қилишимизга ёрдам беради.

8 Ҳаворий Бутрус балиқчи бўлгани учун кемалар ҳақида анчагина маълумотга эга эди. Шунинг учун ҳам у муқаддас руҳнинг таъсирини тушунтирганда, кемалар билан боғлиқ фикрларни айтгандир. У шундай ёзган: «Башорат ҳеч қачон инсоннинг хоҳиши бўйича айтилмаган. Аксинча, одамлар муқаддас руҳ бошқаруви билан Аллоҳнинг фикрларини гапиришган». (2 Бутр. 1:21)

9. Бутрус «бошқарув» сўзини қўллаганда, одамларнинг кўз ўнгида қандай тасвир гавдаланишини хоҳлаган?

9 «Бошқарув» сўзини эшитганингизда, кўз ўнгингизда қандай тасвир гавдаланяпти? Луқо Ҳаворийлар китобида кема шамол эсган томонга сузиб кетаётгани ҳақида ёзганда, Бутрус қўллаган ўша юнонча сўзни қўллаган. (Ҳавор. 27:15) Бир илоҳиётшуноснинг айтишича, Бутрус Муқаддас Китобни ёзган кишиларни муқаддас руҳ «бошқарган» деганда, кемалар билан боғлиқ иборадан фойдаланган. Дарҳақиқат, Бутрус кема манзилга етиб бориши учун шамол уни бошқаргандай, Муқаддас Китобни ёзган кишиларни ҳам улар ўз вазифасини бажара олиши учун муқаддас руҳ уларни бошқарган деб айтган. Ўша илоҳиётшунос шунингдек, Муқаддас Китобни ёзган кишиларни «елканларини ёзган» кемаларга ўхшатган. Улар муқаддас руҳнинг бошқаруви билан вазифасини адо этишга тайёр эди. Яҳова Ўз ишини бажарди. У «шамолни», яъни муқаддас руҳни берди. Муқаддас Китобни ёзган кишилар уларга топширилган вазифани бажаришди. Улар муқаддас руҳнинг бошқарувига мувофиқ йўл тутишди.

1- ҚАДАМ: маънавий ишларни мунтазам равишда бажаринг

2- ҚАДАМ: маънавий ишларни энг аъло қобилиятингизни ишга солиб қилинг (11- хатбошига қаранг.) *

10–11. Муқаддас руҳ бизни бошқараётганига амин бўлиш учун қайси иккита нарсани қилишимиз керак? Мисол келтиринг.

10 Тўғри, бугунги кунда муқаддас руҳ бошқаруви билан китоблар ёзилмаяпти. Лекин Яҳова Ўз хизматчиларини йўналтириш учун муқаддас руҳидан фойдаланяпти. Худо ҳанузгача Ўз ишини бажаряпти. Аммо муқаддас руҳ бизни йўналтираётганига қай йўсин амин бўлишимиз мумкин? Бизга топширилган вазифани бажаришда давом этаётганимизга ишонч ҳосил қилишимиз лозим. Буни қандай қила оламиз?

11 Бир мисол борасида фикр юритиб кўринг. Кемачи шамол фойда келтириши учун иккита нарсани қилиши керак. Биринчидан, у кемани шамол эсаётган жойга олиб боради. Чунки кема соҳилдан узоқлашиб, шамол эсаётган жойга бормаса, олдинга суза олмайди. Иккинчидан, кемачи елканларни кўтариб, уларни имкон борича кенгроқ ёзиши керак. Шамол эсган тақдирда ҳам, кемачи елканларни шамол томонга тўғри қаратибгина олдинга қараб суза олади. Шу сингари, муқаддас руҳнинг ёрдамига эга бўлибгина хизматимизни давом эттира оламиз. Муқаддас руҳнинг фойдасини кўриш учун иккита нарсани қилишимиз лозим. Биринчидан, маънавий ишларни муқаддас руҳнинг таъсири остида бажариб, у кўрсатаётган йўл томонга юришимиз даркор. Иккинчидан, ушбу ишларда энг аъло қобилиятларимиздан фойдаланган ҳолда тўлиқ қатнашиш орқали «елканларимизни ёзишимиз» керак. (Заб. 119:32) Буларни қилсак, муқаддас руҳ қаршиликлару қийинчиликлар тўлқинларидан ўтишимизга ва Худонинг янги дунёсигача садоқат ила Унга хизмат қилишимизга ёрдам беради.

12. Ҳозир нимага диққат қаратамиз?

12 Кўриб турганимиздай, муқаддас руҳ бизга иккита йўл орқали ёрдам беради. Муқаддас руҳ бизга куч ато этиб, қийинчиликлар тўлқинларида садоқатли қолишимизга кўмаклашади. Шунингдек, у олға интилишимизга ва абадий ҳаёт йўлида қолишимизга ёрдам беради. Энди, келинг, муқаддас руҳнинг таъсиридан тўлиқ фойда олиш учун қилишимиз керак бўлган тўртта нарсага диққат қаратайлик.

ҚАНДАЙ ҚИЛИБ МУҚАДДАС РУҲНИНГ ТАЪСИРИДАН ТЎЛИҚ ФОЙДА ОЛИШИМИЗ МУМКИН?

13. Тимўтийга иккинчи мактуб 3:16, 17 га биноан, Худонинг Каломи бизга қандай фойда келтириши мумкин, аммо биздан нима кутилади?

13 Биринчидан, Худонинг Каломини тадқиқ қилинг. (2 Тимўтийга 3:16, 17 ни ўқинг.) Юнончадан таржима қилинган «Худо томонидан илҳомлантирилган» ибораси том маънода «Худо пуфлаган» деганидир. Аллоҳ муқаддас руҳидан фойдаланиб, Муқаддас Китобни ёзган кишиларнинг онгига Ўз фикрларини «пуфлаган». Муқаддас Китобни ўқиганимизда ва билиб олганларимиз устида фикр юритганимизда, Худонинг йўл-йўриқлари онгимизу қалбимизга кириб боради. Ушбу илҳомлантирилган фикрлар Худонинг иродасига мувофиқ ҳаёт кечиришимизга туртки бўлиб туради. (Иброн. 4:12) Лекин муқаддас руҳнинг таъсиридан тўлиқ фойда олишни хоҳласак, Муқаддас Китобни мунтазам равишда тадқиқ қилиб, устида яхшилаб мулоҳаза юритиш учун вақт ажратишимиз керак. Ўшанда Худонинг Каломи барча сўзларимизу ишларимизга таъсир қилади.

14. а) Нега жамоат учрашувларимизни «шамол эсган» жой деб айта оламиз? б) Муқаддас руҳнинг таъсиридан тўлиқ фойда олишимизга бизга нима ёрдам беради?

14 Иккинчидан, Аллоҳга биргаликда топиниш. (Заб. 22:22) Жамоат учрашувларимизни «шамол эсган» жой деб айтсак бўлади. У ерда Яҳованинг руҳи бор. (Ваҳ. 2:29) Нега бундай деб айта оламиз? Сабаби, топиниш учун биродару опа-сингилларимиз билан йиғилганимизда, муқаддас руҳни сўраб ибодат қиламиз, Худонинг Каломи асосидаги ҳамду сано қўшиқларини куйлаймиз ва муқаддас руҳ орқали тайинланган биродарлар томонидан берилган Муқаддас Китобга асосланган йўл-йўриқларни тинглаймиз. Ўша-ўша муқаддас руҳ опа-сингилларимизга тайёргарлик кўришга ҳамда вазифаларини бажаришга ёрдам беради. Бироқ муқаддас руҳнинг таъсиридан тўлиқ фойда олишни хоҳласак, учрашувларда қатнашиш учун шарҳлар тайёрлаб келишимиз керак. Шу йўсин, йиғилишда бўлганимизда, худди елканлари ёзилган кемалардай муқаддас руҳни олишга тайёр бўламиз.

15. Муқаддас руҳ ваъзгўйликда қандай ёрдам беради?

15 Учинчидан, ваъзгўйлик хизматида қатнашинг. Ваъзгўйлик ҳамда таълим бериш фаолиятида Муқаддас Китобдан фойдаланганимизда, муқаддас руҳ хизматимизда ёрдам беришига йўл қўямиз. (Рим. 15:18, 19) Муқаддас руҳнинг таъсиридан тўлиқ фойда олиш учун, мунтазам равишда ваъз қилиб, имкон туғилганда Худонинг Каломидан фойдаланишингиз керак. Хизматингизни янада самарали қилишнинг усулларидан бири, «Таълим дастури»даги тахминий суҳбатларни қўллашдан иборат.

16. Муқаддас руҳга тўғридан-тўғри эга бўлишни истасак нима қилишимиз керак?

16 Тўртинчидан, Яҳовага ибодат қилинг. (Мат. 7:7–11; Луқо 11:13) Муқаддас руҳга тўғридан-тўғри эга бўлишни хоҳласак, уни ибодатда Яҳовадан сўрашимиз керак. Яҳовага бу ҳақда ибодат қилишимизга ёки бу руҳга эга бўлишимизга ҳеч нарса — қамоқ ҳам ва ҳатто Шайтон ҳам тўсқинлик қила олмайди. (Ёқб. 1:17) Муқаддас руҳнинг таъсиридан тўлиқ фойда олиш учун, қандай ибодат қилишимиз керак? Бу саволга жавоб топиш учун, келинг, ибодат мавзусини фақат Луқо баён этган хушхабарда тилга олинган мисол ёрдамида батафсил кўриб чиқайлик *.

ҚАЙТА-ҚАЙТА ИБОДАТ ҚИЛИНГ

17. Луқо 11:5–9, 13 даги Исонинг мисолидан ибодат борасида қандай сабоқ олишимиз мумкин?

17 Луқо 11:5–9, 13 ни ўқинг. Исонинг мисолидан муқаддас руҳни қандай сўрашимиз кераклигини билиб оляпмиз. Мисолдаги киши «қайта-қайта сўрайвергани туфайли» керак бўлган нарсасини олди. У оғайнисиникига ҳатто ярим кечада ҳам келиб, ёрдам сўрашдан қўрқмаган *. Қизиқ, бу мисол ибодат мавзуси билан қандай боғлиқ? Исо шундай деган: «Сўраб туринглар ва сизларга берилади, излаб туринглар ва топасизлар, тақиллатиб туринглар ва сизларга эшик очилади». Хўш, қандай сабоқ оляпмиз? Муқаддас руҳнинг ёрдамини олиш учун, уни қайта-қайта сўраб ибодат қилишимиз керак.

18. Исонинг мисолига кўра, нега Яҳова бизга муқаддас руҳ беришига ишонишимиз мумкин?

18 Исонинг мисолидан шунингдек, Яҳова бизга муқаддас руҳини беришига нега ишонишимиз мумкинлигини кўряпмиз. Мисолдаги киши яхши мезбон бўлишни истаган. Ярим кечада уникига келган дўстига бирон егулик тортиқ этмоқчи бўлади, лекин ҳеч нимаси йўқ эди. Исо ўша киши қўшнисидан қайта-қайта нон сўрайвергани учун, нон олганини айтган. Исо бу билан нима демоқчи эди? Агар номукаммал инсон ундан қайта-қайта сўраган кишига ёрдам беришга тайёр бўлган бўлса, унда меҳрибон самовий Отамизда Ундан қайта-қайта муқаддас руҳни сўраганларга ёрдам бериш истаги бундан ҳам кўпроқ! Шу боис, Яҳова биз Ундан муқаддас руҳ сўраб қилган илтижоларимизга жавоб беришига амин бўлиб ибодат қилишимиз мумкин. (Заб. 10:17; 66:19)

19. Нега қийинчиликларимизни енга олишимизга ишонамиз?

19 Шунга ишонишимиз мумкинки, ҳатто Шайтон ҳужумларини тўхтатмаса ҳам қийинчиликларимизни енга оламиз. Нима учун? Чунки муқаддас руҳ бизга иккита йўл орқали кўмаклашади. Биринчидан, у қийинчиликларимизда бардошли бўлишимиз учун куч беради. Иккинчидан, бу куч Худонинг янги дунёсигача Унга хизмат қилишимиз учун олға интилишимизга ёрдам беради. Шундай экан, келинг, муқаддас руҳнинг таъсиридан тўлиқ фойда олиш қароримиз қатъий бўлсин!

41- ҚЎШИҚ Ё Раб, қабул эт дуомни

^ абз. 5 Ушбу мақоладан Худонинг муқаддас руҳи қийинчиликларимизни енгишимизга қандай ёрдам бера олишини билиб оламиз. Шунингдек, муқаддас руҳнинг тўлиқ фойдасини кўриш учун нима қилишимиз мумкинлиги ҳақида гап юритилади.

^ абз. 16 Инжил ёзувчилари орасида Исонинг ҳаётида ибодат муҳим аҳамиятга эга бўлганини энг кўп Луқо таъкидлаган. (Луқо 3:21; 5:16; 6:12; 9:18, 28, 29; 18:1; 22:41, 44)

^ абз. 17 «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз. Таълим дастури»нинг 2018 йил, июль сонидаги «Қайта-қайта сўрайвергани» номли тадқиқ учун маълумотга қаранг.

^ абз. 60 РАСМГА ШАРҲ. 1- ҚАДАМ. Имондошларимиз Йиғилиш залига келди. Улар бошқалар билан бирга Яҳованинг руҳи бор бўлган жойда топинишяпти. 2- ҚАДАМ. Имондошларимиз йиғилишда иштирок этиш учун тайёр. Ушбу иккита қадам мазкур мақолада тилга олинган бошқа фаолиятларга ҳам тааллуқли: Худонинг Каломини тадқиқ қилиш, ваъзгўйлик фаолиятида қатнашиш ва Яҳовага ибодат қилиш.