Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

36- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Армагеддонни интиқиб кутяпмиз!

Армагеддонни интиқиб кутяпмиз!

Улар шоҳларни... Армагеддон деб аталмиш жойга тўпладилар. ВАҲ. 16:16

150- ҚЎШИҚ Рабни излаб, нажот топинг

БУ МАҚОЛАДА *

1–2. а) Қайси маънода Армагеддон яхши хабарни ўз ичига олади? б) Ушбу мақолада қайси саволларга назар соламиз?

ОДАМЛАР «Армагеддон» ядро уруши ёки мудҳиш мусибат деб айтганини эшитганмисиз? Лекин Муқаддас Китобга кўра, Армагеддон хушхабарни ҳам ўз ичига олиб, бахтиёр бўлиш учун сабабдир! (Ваҳ. 1:3) Армагеддон жангида одамлар яксон бўлиб кетмайди, аксинча, қутқарилиб қолади. Қизиқ, қанақасига?

2 Муқаддас Китобдан шуни билиб оляпмизки, Армагеддон жангида одамлар бошқарувига чек қўйилиб, инсонлар қутқариб қолинади. Бу жангда ёвуз кишилар йўқ қилинади, одил инсонлар эса омон қолади. Қолаверса, ер юзи хароб этилишдан сақланади, бу туфайли эса инсоният қутқариб қолинади. (Ваҳ. 11:18) Ушбу ҳақиқатларни яхшироқ тушунишимиз учун, келинг, қуйидаги тўртта саволга назар солайлик: «Армагеддон ўзи нима? Ундан олдин қандай ҳодисалар бўлади? Армагеддонда омон қоладиган кишилар орасида бўлиш учун нима қилишимиз керак? Ушбу жанг яқинлашгани сайин қай йўсин содиқ бўлиб қолишимиз мумкин?»

АРМАГЕДДОН ЎЗИ НИМА?

3. а) «Армагеддон» сўзи қандай маънога эга? б) Ваҳий 16:14, 16 га кўра, нега Армагеддон ер юзидаги том маънодаги жой эмас деб айта оламиз?

3 Ваҳий 16:14, 16 ни ўқинг. «Армагеддон» сўзи Муқаддас Ёзувларда фақат бир марта учрайди, у «Махидў тоғи» деган маънога эга бўлган ибронийча иборадан келиб чиққан. (Ваҳ. 16:16, изоҳ) Махидў қадимги Исроилнинг шаҳарларидан бири эди. (Ёшуа 17:11) Лекин Армагеддон ер юзида том маънода бор бўлган жойнинг номи эмас. Аниғини айтадиган бўлсак, бу «барча жаҳон шоҳлари» Яҳовага қарши чиқиш учун тўпланадиган вазиятни билдиради. (Ваҳ. 16:14) Лекин ушбу мақолада «Армагеддон» сўзи шунингдек, барча жаҳон шоҳлари йиғилгани биланоқ юз берадиган жангга ишора қилиш мақсадида ишлатилади. Хўш, Армагеддон том маънодаги жойга ишора қилмаётганини қаердан биламиз? Биринчидан, том маънодаги Махидў тоғи мавжуд эмас. Иккинчидан, Махидў атрофидаги ҳудуд «барча жаҳон шоҳлари» ва уларнинг қўшинларинию қурол-аслаҳаларини тўплаш учун жуда кичик. Учинчидан, Армагеддон жанги «жаҳон шоҳлари» бутун дунё бўйлаб яшаётган Худонинг халқига ҳужум қилганда бошланади. Ушбу мақолада буни кўриб чиқамиз.

4. Нега Яҳова якуний улуғ жангни Махидў билан боғлаган?

4 Нега Яҳова якуний улуғ жангни Махидў билан боғлаган? Ўтмишда Махидў ва унинг яқинидаги Йизрил водийсида кўпгина жанглар бўлиб ўтган. Баъзида Яҳова Ўз халқига ўша жангларда ғалаба қозонишга кўмаклашган. Масалан, «Махидў сувлари ёнида» Худо Барақ исмли исроиллик ҳакамга Сисаро бошқарган канъонликлар қўшини устидан ғалаба қозонишига ёрдам берган. Барақ ва Добира исмли пайғамбар аёл мўъжизавий ғалабаси учун Яҳовага миннатдорлик билдириб, шундай куйлашган: «Самодан юлдузлар жанг қилди,.. Хишон сойи душманларни оқизиб кетди». (Ҳак. 5:19–21)

5. Армагеддон Барақнинг жангидан нимаси билан фарқ қилади?

5 Барақ ва Добира яна шундай деб куйлашди: «Эй Яҳова, барча душманларинг шунга ўхшаб йўқ бўлсин, Сени севадиганлар эса чиқаётган қуёшдай порласин!» (Ҳак. 5:31) Армагеддон пайтида Худонинг душманлари яксон қилинади, Уни севганлар эса омон қолади. Лекин бошқа жанглардан фарқ қиладиган битта муҳим нарса бор. Армагеддонда Худонинг халқи жанг қилмайди. Уларнинг ҳатто қурол-аслаҳалари ҳам бўлмайди. Улар хотиржам бўлиб Яҳовага ҳамда Унинг самовий қўшинига таянади ва кучли бўлади. (Ишаё 30:15; Ваҳ. 19:11–15)

6. Қандай қилиб Аллоҳ Армагеддонда душманларини енгиши мумкин?

6 Қандай қилиб Аллоҳ Армагеддонда душманларини енгади? У турли йўллардан фойдаланади. Мисол учун, У зилзила, дўл ва чақмоқлардан фойдалана олади. (Аюб 38:22, 23; Ҳиз. 38:19–22) Худо душманларни бир-бирига қарши қилиши мумкин. (2 Сол. 20:17, 22, 23) Шунингдек, Худо фаришталари орқали ёвузларни бартараф этиши мумкин. (Ишаё 37:36) Аллоҳ нимани қўллашидан қатъи назар, ғалабани қўлга киритади. Ҳамма душманлари йўқ қилинади. Одил инсонлар эса омон қолади. (Ҳик. 3:25, 26)

АРМАГЕДДОНДАН ОЛДИН ҚАНДАЙ ҲОДИСАЛАР БЎЛАДИ?

7–8. а) Салоникаликларга биринчи мактуб 5:1–6 га кўра, дунё раҳбарлари нима деб эълон қилишади? б) Нима учун буни хавфли ёлғон деб айта оламиз?

7 «Яҳованинг кунидан» олдин «тинчлик ва хавфсизлик» эълон қилинади. (1 Салоникаликларга 5:1–6 ни ўқинг.) 1 Салоникаликларга 5:2 да айтилган «Яҳованинг куни» «буюк мусибатни» билдиради. (Ваҳ. 7:14) Буюк мусибат бошланганини қаердан билиб оламиз? Муқаддас Китобда айтилганидай, ўзгача эълон бўлади. Ўша эълон буюк мусибат бошланганининг белгиси бўлади.

8 Ушбу эълон башорат қилинган «тинчлик ва хавфсизлик» эълони бўлади. Нега бу дунё раҳбарлари буни эълон қилади? Дин раҳбарлари ҳам уларга қўшиладими? Эҳтимол. Нима бўлганда ҳам, бу эълон жинлардан келадиган ёлғондир. Аммо бу ёлғон жуда хавфли, негаки одамлар уни эшитгач, ҳимоя остидамиз деб ўйлашади. Аслида эса, ўшанда буюк мусибат бошланиш арафасида бўлади. Ҳа, «ҳомиладор аёлни тўлғоқ тутиб қолганидек, улар ногаҳон ҳалокатга дучор бўлишади». Худонинг садоқатли хизматчилари ҳақида нима деса бўлади? Тўғри, улар учун ҳам Яҳованинг куни ногаҳон бошланади, бироқ улар бу кун учун тайёр турган бўлишади.

9. Яҳова Шайтоннинг дунёсини бирданига йўқ қилиб ташлайдими? Тушунтиринг.

9 Яҳова Нуҳ пайғамбарнинг давридагидай, Шайтоннинг бутун дунёсини бирданига йўқ қилиб ташламайди. Аксинча, Худо аввал Шайтон дунёсининг бир қисмини, сўнг иккинчи қисмини йўқ қилади. Биринчидан, У Буюк Бобил бўлмиш сохта дин империясини вайрон қилади. Кейин эса, Армагеддон пайтида Шайтон дунёсининг қолган қисмини, жумладан, сиёсий, ҳарбий ва тижорат тизимларини яксон қилади. Келинг, мана шу иккита нарсани чуқурроқ кўриб чиқайлик.

10. Ваҳий 17:1, 6 ва 18:24 га биноан, нега Яҳова Буюк Бобилни яксон қилади?

10 «Буюк фоҳишага чиқарилган ҳукм». (Ваҳий 17:1, 6; 18:24 ни ўқинг.) Буюк Бобил Худонинг исмига доғ тушириб келмоқда. Одамларга Тангри ҳақида ёлғонни уқтирмоқда. Фоҳиша аёл сингари, сохта дин бу дунёнинг бошқарувчиларини қўллаб-қувватлаш орқали Яҳовага садоқатсизлик қилмоқда. У кучи ва таъсирини кўрсатиб, унга ишонганлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқда. У шунингдек, хунрезликда, жумладан, Худо хизматчиларининг қони тўкилишида ҳам айбдор. (Ваҳ. 19:2) Яҳова Буюк Бобилни қандай қилиб яксон қилади?

11. «Ўнта шохли тўқ қизил йиртқич ҳайвон» нимани билдиради ва Худо ундан Буюк Бобилга қарши қай йўсин фойдаланади?

11 Яҳова «буюк фоҳишани» «ўнта шохли тўқ қизил йиртқич ҳайвон» орқали йўқ қилади. Бу ҳайвон Бирлашган Миллатлар Ташкилотини англатади. Ўнта шох эса бу ташкилотни қўллаб-қувватлаётган сиёсий кучларни билдиради. Худо белгилаган вақтда ўша кучлар Буюк Бобилга ҳужум қилади. Улар «уни яланғочлаб, талон-торож қилишади», яъни бойлигидан маҳрум қилиб, у қанчалар зўравон эканини аён этади. (Ваҳ. 17:3, 16) Бу ҳодиса тезда, худди бир куннинг ўзида бўлгандай ўтиб кетади ва уни қўллаб-қувватлаганлар саросимада қолади. Чунки у кўпинча мақтаниб: «Мен тул эмас, маликаман ва ҳеч қачон қайғу чекмайман»,— дерди. (Ваҳ. 18:7, 8)

12. Яҳова нимага йўл қўймайди ва нима сабабли?

12 Худо халқлар Унинг хизматчиларини йўқ қилишига йўл қўймайди. Улар Унинг исми билан аталганидан фахрланишяпти ва Буюк Бобилдан чиқиб кетиш буйруғига бўйсунишяпти. (Ҳавор. 15:16, 17; Ваҳ. 18:4) Улар бошқаларга ҳам ундан чиқиб кетишга ёрдам беришяпти. Шунинг учун Яҳованинг хизматчилари фоҳишанинг «ўлатларига йўлиқмайди». Бўлажак синовда бардошли бўла олиш учун улар имонини тирик сақлаши лозим.

Худонинг бутун дунёдаги хизматчилари уларга ҳужум қилинаётганда, Унга таянишади (13- хатбошига қаранг.) *

13. а) Гўг бу нима? б) Ҳизқиё 38:2, 8, 9 га кўра, Гўг Худонинг халқига нима сабабли ҳужум қилади?

13 Гўгнинг ҳужуми. (Ҳизқиё 38:2, 8, 9 ни ўқинг.) Барча сохта дин ташкилотлари вайрон бўлгач, Худонинг халқи шиддатли бўронда омон қолган бир дарахтдай бўлади. Шайтон эса, ғазабга минади. У қаҳрини жинларнинг тарғиботи, яъни «нопок ваҳий» орқали сочади. Бу туфайли халқлар иттифоқи Яҳованинг халқига ҳужум қилади. (Ваҳ. 16:13, 14) Бу иттифоқ «Магўг юртидаги Гўг» деб аталади. Халқлар иттифоқи Яҳованинг халқига ҳужум қилганда, Армагеддон жанги бошланади. (Ваҳ. 16:16)

14. Гўг нимани тушуниб қолади?

14 Гўг «инсон кучига», яъни ҳарбий кучларга таянади. (2 Сол. 32:8) Биз эса Худовандимиз Яҳовага таянамиз. Бу халқлар назарида нодонлик бўлади. Ахир қачонлардир кучли бўлган Буюк Бобилнинг худолари уни «йиртқич ҳайвон» ва унинг «ўнта шохи»дан қутқариб қола олмаган. (Ваҳ. 17:16) Шу боис, Гўг ғалабага осонликча эришаман деб ҳисоблайди. У «ер юзини булут қоплагани каби» Яҳованинг халқига ҳужум қилади. (Ҳиз. 38:16) Аммо Гўг тез орада тузоққа тушиб қолганини тушунади. Қизил денгиз олдидаги фиръавн каби Гўг ҳам Яҳовага қарши курашаётганини англайди. (Чиқ. 14:1–4; Ҳиз. 38:3, 4, 18, 21–23)

15. Армагеддон жангида Исо Масиҳ нима қилади?

15 Исо Масиҳ ва унинг самовий қўшини Худонинг халқини ҳимоя қилиб, Гўгнинг лашкарини нобуд қилишади. (Ваҳ. 19:11, 14, 15) Қизиқ, Худонинг асосий душмани бўлмиш Шайтон билан нима бўлади? Ахир у халқларни алдаб, Худонинг халқига қарши қайрайди ва бу Армагеддон жангига олиб келади. Исо Масиҳ уни ва унинг жинларини тубсизликка ташлаб, минг йилга кишанлаб қўяди. (Ваҳ. 20:1–3)

АРМАГЕДДОНДА ҚАЙ ЙЎСИН ОМОН ҚОЛИШИНГИЗ МУМКИН?

16. а) «Худони танишимизни» қандай кўрсата оламиз? б) Яҳовани танийдиган кишилар билан Армагеддонда нима бўлади?

16 Ҳақиқатни яқинда билиб олдикми ёки йўқми, Армагеддонда омон қолиш учун «Худони таниб», «Ҳазратимиз Исо ҳақидаги хушхабарга итоат этишимиз» даркор. (2 Салон. 1:7–9) Аллоҳга нима ёқиш-ёқмаслигини ва меъёрларини билганимизда, Уни таний бошлаймиз. Қолаверса, Худони яхши кўрганимизда, Унга бўйсунганимизда ва мутлақ содиқ бўлиб қолганимизда, Уни билишимизни кўрсатамиз. (1 Юҳан. 2:3–5; 5:3) Тангрини танишимизни намоён этсак, У бизни билади. Бу эса катта шараф ва Армагеддонда омон қолишимизга ҳисса қўшади. (1 Кор. 8:3) Қандай қилиб? Худо бизни билади ва шу йўсин марҳаматига эга бўламиз.

17. «Ҳазратимиз Исо ҳақидаги хушхабар»га итоатли бўлиш нимани англатади?

17 «Ҳазратимиз Исо ҳақидаги хушхабар» у ўргатган барча ҳақиқатлардан иборат бўлиб, уларни Худонинг Каломидан топишимиз мумкин. Хушхабарга ҳаётимизда амал қилсак, унга итоатли эканимизни кўрсатамиз. Буни шунингдек, Шоҳлик манфаатларини биринчи ўринга қўйиш, Худонинг адолатли меъёрларига мувофиқ яшаш ва Самовий Шоҳлик ҳақида ваъз қилиш орқали намоён этамиз. (Мат. 6:33; 24:14) Масиҳнинг мойланган биродарларини ҳам қўллаб-қувватлаймиз, зеро улар муҳим фаолият олиб борилишига ғамхўрлик қилишяпти. (Мат. 25:31–40)

18. Масиҳнинг мойланган биродарлари уларга кўрсатилган ёрдамни қай йўсин қайтаришади?

18 Яқинда Худонинг мойланган хизматчиларига кўрсатган ёрдами учун «бошқа қўйлар» мукофотланади. (Юҳан. 10:16) Қанақасига? Армагеддон жанги бошланишидан олдин барча 144 000 киши осмондаги ҳаёт учун тирилтирилади ва руҳий ўлмас мавжудотларга айланади. Улар Гўгни нобуд қиладиган самовий қўшин орасида бўлиб, «улкан оломон» бўлмиш Яҳованинг халқини ҳимоя қилади. (Ваҳ. 2:26, 27; 7:9, 10) Ҳа, улкан оломон Яҳованинг мойланган хизматчилари ер юзида бўлишганда, уларни қўллаб-қувватлаганидан бахтиёр бўлади!

ЯҲОВАНИНГ КУНИ ЯҚИН ЭКАН, ҚАНДАЙ ҚИЛИБ СОДИҚ БЎЛИБ ҚОЛАМИЗ?

19–20. Дуч келаётган қийинчиликларга қарамай, Армагеддонгача қай йўсин садоқатли бўлиб қолишимиз мумкин?

19 Ушбу мушкул охирзамонда Яҳова Шоҳидларининг кўпи қийинчиликларда бардошли бўлиб келмоқда. Ҳа, қувонч ила сабр-бардошли бўлишимиз мумкин. (Ёқб. 1:2–4) Бизга ёрдам берадиган муҳим бир нарса, сидқидилдан ибодат қилишдир. (Луқо 21:36) Бундан ташқари, Худонинг Каломини кунда тадқиқ қилиб, унинг устида, жумладан, бизнинг давримизга тегишли ажойиб башоратлар ҳақида мулоҳаза юритишимиз керак. (Заб. 77:12) Бундай йўл тутиб, хизматда тўла равишда қатнашсак, имонимиз кучли ва умидимиз тирик бўлади!

20 Буюк Бобил вайрон бўлиб, Армагеддон ўз якунига етганда қанчалар қувонишингизни тасаввур қилинг. Шунингдек, ҳар бир киши Худонинг исми ва ҳукмдорлигини ҳурмат қилишдан завқ олаётганини кўз олдингизга келтиринг. (Ҳиз. 38:23) Мана шу сабабли, Худони таниган, Ўғлига бўйсунган ва охиригача содиқ бўлиб қолаётганлар Армагеддонни интиқиб кутишмоқда. (Мат. 24:13)

143- ҚЎШИҚ Хизмат-ла банд бўл ва умид-ла Яҳовага боқ

^ абз. 5 Яҳованинг халқи Армагеддонни анчадан бери кутяпти. Бу мақоладан Армагеддон нималигини, ундан олдин қандай ҳодисалар юз беришини ва унинг келишигача қай йўсин содиқ бўлиб қолишимиз мумкинлигини билиб оламиз.

^ абз. 71 РАСМГА ШАРҲ. Ҳаяжонли ҳодисалар тасвирланган. Биз 1) имкон борича хизмат қиламиз, 2) тадқиқ ўтказиш жадвалимизга амал қиламиз ва 3) Худонинг ҳимоясига таянамиз.

^ абз. 85 РАСМГА ШАРҲ. Исо ва фаришталар вазиятдан тўлиқ хабардор эканига ишонаётган Худо хизматчиларининг уйига полиция ходимлари ҳужум қилишга тайёр туришибди.