Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

37- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Тайёрлик ила Яҳовага бўйсунинг. Нега ва қай йўсин?

Тайёрлик ила Яҳовага бўйсунинг. Нега ва қай йўсин?

Отамизга тайёрлик ила бўйсунишимиз янада муҳимроқ эмасми? ИБРОН. 12:9

9- ҚЎШИҚ Яҳова — Подшоҳимиздир!

БУ МАҚОЛАДА *

1. Нима сабабдан Яҳовага бўйсунамиз?

ЯҲОВА Яратувчимиз экан, Унга бўйсунишимиз * керак. У Ўз ижодлари учун меъёрлар ўрнатишга ҳақлидир. (Ваҳ. 4:11) Аммо Унга бўйсунишимизнинг бошқа бир сабаби ҳам бор: Унинг бошқарув услуби энг аълосидир. Тарих мобайнида одамлар бошқаларнинг устидан ҳокимлик қилиб келган. Улар билан солиштирадиган бўлсак, Яҳова энг доно, севгига тўла, шафқатли ва раҳмдил Тангридир. (Чиқ. 34:6; Рим. 16:27; 1 Юҳан. 4:8)

2. Ибронийларга 12:9–11 га кўра, Яҳовага бўйсунишимиз учун қандай сабабларимиз бор?

2 Яҳова қўрққанимиз эмас, севганимиз учун Унга бўйсунишимизни ва Уни меҳрибон Отамиз деб билишимизни истайди. Павлус Ибронийларга йўллаган мактубида «Отамизга тайёрлик ила бўйсунишимиз» кераклигини ва У «фойдамизни кўзлашини» тушунтирган. (Ибронийларга 12:9–11 ни ўқинг.)

3. а) Яҳовага бўйсунаётганимизни қандай кўрсатамиз? б) Қайси саволларга жавоб топамиз?

3 Барча нарсада Яҳовага итоат қилиш учун қўлимиздан келганини қилиш ва ўз ақлимизга таянишни рад этиш орқали Унга бўйсунамиз. (Ҳик. 3:5) Яҳованинг гўзал фазилатларини билиб олганимизда, Унга бўйсуниш осонроқ бўлади. Нега деганда, барча ишларининг асоси Унинг бетакрор фазилатларидир. (Заб. 145:9) Яҳова ҳақида қанча кўп билиб олсак, Унга бўлган севгимиз шунча ошади. Яҳовани севганимизда эса, нима мумкин ва нима мумкин эмаслиги келтирилган узун қоидалар рўйхатига муҳтож бўлмаймиз. Боиси, Яҳова истаганидай фикр юритишга ва ҳис қилишга ўрганиб, ёмонликдан қочамиз. (Заб. 97:10) Лекин гоҳида Яҳовага бўйсуниш осон бўлмаслиги мумкин. Нима учун? Оқсоқоллар, оталар ҳамда оналар ҳоким Нахимиё, шоҳ Довуд ҳамда Исонинг онаси Марямнинг ўрнагидан қандай сабоқ олишса бўлади? Бу мақолада ушбу саволларга жавоб топамиз.

НЕГА ЯҲОВАГА БЎЙСУНИШ ҚИЙИН БЎЛИШИ МУМКИН?

4–5. Римликларга 7:21–23 га биноан, нега Яҳовага бўйсуниш осон бўлмаслиги мумкин?

4 Биз учун Яҳовага бўйсуниш қийин бўлишининг сабабларидан бири мерос бўлиб ўтган гуноҳ ва номукаммалликдир. Шу боис, бизда исён кўтариш мойиллиги бор. Одамато ва Момоҳаво тақиқланган мевани еб, Худога қарши исён кўтаргач, нима тўғрию нима нотўғри эканини ўзлари ҳал қилишди. (Ибт. 3:22) Бугунги кунда ҳам аксарият одамлар Яҳовани писанд қилмай, нима тўғрию нима нотўғри экани борасида ўзлари қарор чиқаришни афзал кўради.

5 Ҳатто Яҳовани биладиган ва севадиганлар учун ҳам Унга бўйсуниш қийин бўлиши мумкин. Масалан, ҳаворий Павлус шундай қийинчиликка дуч келган. (Римликларга 7:21–23 ни ўқинг.) Павлус каби биз ҳам Яҳованинг назарида тўғри бўлган ишни қилишни истаймиз. Аммо ёмон ишлар қилиш мойиллигига қарши доим курашишимиз керак.

6–7. Яҳовага бўйсуниш қийин бўлишининг яна бир сабаби нима? Мисол келтиринг.

6 Яҳовага бўйсуниш қийин бўлишининг яна бир сабаби биз улғайган ҳудуддаги урф-одатлару одамларнинг фикрлаш тарзининг таъсиридир. Инсонларнинг кўпгина ғоялари Яҳованинг иродасига зид ва улар каби фикр юритмаслик учун мунтазам кураш олиб бориш осон кечмаслиги турган гап. Бир мисолга эътибор беринг.

7 Баъзи жойларда ёшлар кўп пул топиш босимига дуч келиши кенг тарқалган. Имондошимиз Малика * шундай қийинчиликка дуч келган. Яҳова тўғрисида билиб олишдан аввал у мамлакатидаги энг нуфузли университетлардан бирида ўқиган. Маликанинг оила аъзолари унга босим ўтказиб нуфузли ишда ва яхши лавозимда ишлашга ундаган. Унинг ўзи ҳам буни истаган. Лекин у Яҳова ҳақида билим олиб ва Уни яхши кўриб, мақсадларини ўзгартирди. Аммо бу осон бўлмади. Малика шундай деди: «Баъзида кўп пул топишга имкон берадиган, бироқ маънавий ишларимдан чалғитадиган иш таклиф қилишади. Тарбиям туфайли, баъзида йўқ дейиш қийин бўлади. Яҳовага ёлвориб хизматдан чалғитадиган ишни таклиф қилишганда, васвасага қарши туришимга ёрдам беришини сўрайман». (Мат. 6:24)

8. Нимани кўриб чиқамиз?

8 Яҳовага бўйсуниб, ўзимиз ҳам фойда оламиз. Аммо оқсоқол, ота ва она каби муайян ҳокимиятга эга инсонлар Яҳовага бўйсуниши учун яна бир сабаб бор: бундай йўл тутиб, улар бошқаларга ҳам ёрдам бера олади. Келинг, қай йўсин ҳокимиятдан фойдаланиб, Яҳованинг қалбини қувонтиришга ёрдам берадиган Муқаддас Китобдаги айрим мисолларни кўриб чиқайлик.

ОҚСОҚОЛЛАР НАХИМИЁДАН ҚАНДАЙ САБОҚ ОЛИШИ МУМКИН?

Нахимиё Қуддус деворларини тиклашда ёрдам бергани сингари, оқсоқоллар Йиғилиш зали билан боғлиқ ишларда қатнаша олади (9–11- хатбошиларига қаранг.) *

9. Нахимиё қандай қийинчиликларга дуч келган?

9 Яҳова оқсоқолларга Унинг халқига чўпонлик қилиш каби муҳим вазифани топширган. (1 Бутр. 5:2) Оқсоқоллар Нахимиё Яҳованинг халқига қандай муносабат кўрсатганини билиб олиб, кўп нарсага ўрганиши мумкин. Яҳудо ҳокими Нахимиё анчагина ҳокимиятга эга бўлган. (Нахим. 1:11; 2:7, 8; 5:14) У дуч келган баъзи қийинчиликларни тасаввур қилинг. Нахимиё халқ маъбадни булғаганидан ва Тавротда айтилганидай, левиларни моддий тарафдан қўллаб-қувватламаётганидан хабар топади. Яҳудийлар Шаббат ҳақидаги қонунга бўйсунмаётганди ва баъзилар Яҳовага топинмайдиган халқлардаги аёлларга уйланган эди. Ҳоким Нахимиё бу қийин вазиятни ҳал қилган. (Нахим. 13:4–30)

10. Қийинчиликларга дуч келганда, Нахимиё қандай йўл тутди?

10 Нахимиё ҳокимиятидан фойдаланиб, Худонинг халқини ўз ғояларига амал қилишга мажбурламаган. Аксинча, у чин қалбдан ибодат қилиб Яҳовадан йўл-йўриқ излаган ва халққа Тавротга асосланиб таълим берган. (Нахим. 1:4–10; 13:1–3) Бундан ташқари, Нахимиё камтаринлик ила халқ билан бирга меҳнат қилиб, ҳатто Қуддус деворларини тиклашга ёрдамлашган. (Нахим. 4:15)

11. Салоникаликларга биринчи мактуб 2:7, 8 га кўра, оқсоқоллар жамоатдагиларга қандай муносабатда бўлиши керак?

11 Оқсоқоллар Нахимиёнинг вазиятида бўлган муаммоларга дуч келмас, лекин ундан кўп нарсага ўрганишлари мумкин. Масалан, оқсоқоллар биродару опа-сингилларига ёрдам бериш учун жон куйдириб меҳнат қилади. Лекин эга бўлган ҳокимияти туфайли ўзларини бошқалардан яхшироқ деб ҳисобламайди. Аксинча, улар жамоатдагилар билан юмшоқ муомала қилади. (1 Салоникаликларга 2:7, 8 ни ўқинг.) Уларнинг чуқур севгиси ва камтаринлиги бошқалар билан қай йўсин гаплашишларида ҳам акс этади. Тажрибали оқсоқол Андрей қуйидагича деди: «Оқсоқол меҳрибон бўлса, дўстона муносабат кўрсатса, бу биродару опа-сингилларнинг қалбига таъсир қилишини сездим. Бундай фазилатлар туфайли жамоат аъзолари оқсоқоллар билан ҳамкорлик қилишга интилади». Анча вақтдан бери оқсоқол бўлган Тони эса, шундай фикр билдирди: «Мен Филиппиликларга 2:3 даги маслаҳатга амал қилишга ва доим бошқаларни ўзимдан устун қўйишга интиламан. Бу менга бошқаларнинг устидан ҳукмронлик қилишдан қочишга ёрдам беради».

12. Нима учун оқсоқоллар камтарин бўлиши муҳим?

12 Оқсоқоллар Яҳова сингари камтарин бўлиши лозим. Яҳова Сарвари Олам бўлса-да, «бечорани тупроқдан» турғизиш учун «эгилади». (Заб. 18:35; 113:6, 7) Дарҳақиқат, Яҳова кеккайган ва такаббур кишилардан жирканади. (Ҳик. 16:5)

13. Нима сабабдан оқсоқол «тилини тийиши» керак?

13 Яҳовага бўйсунадиган оқсоқол «тилини тийиши» керак. Акс ҳолда, кимдир унга ҳурмат кўрсатмаса, ранжитадиган тарзда гапириб қўйиши мумкин. (Ёқб. 1:26; Галат. 5:14, 15) Юқорида тилга олинган Андрей шундай деди: «Баъзида кимдир менга ҳурматсизлик кўрсатгандай туюлса, унга қўпол гапиришни истардим. Лекин Муқаддас Китобда келтирилган садоқатли кишиларнинг мисоллари устида мулоҳаза юритдим ва бу менга камтарин ҳамда ўзимни бошқалардан паст тутишга ўрганишим муҳим эканини тушунишимга ёрдам берди». Оқсоқоллар биродару опа-сингилларига ҳамда бошқа оқсоқолларга севги ва меҳр кўрсатиб, Яҳовага бўйсунаётганини кўрсатади. (Колос. 4:6)

ОТАЛАР ДОВУДДАН ҚАНДАЙ САБОҚ ОЛИШИ МУМКИН?

14. Яҳова оталарга қандай вазифа топширган ва улардан нимани кутади?

14 Яҳова отани оила боши этиб тайинлаган ва ундан фарзандларига таълим-тарбия беришини кутади. (1 Кор. 11:3; Эфес. 6:4) Лекин отанинг ҳокимияти чекланган, яъни у Яҳованинг олдида жавоб бериши керак, зеро ҳар бир оила «Ундан ном олган». (Эфес. 3:14, 15) Оталар ҳокимиятидан Яҳовани мамнун қиладиган тарзда фойдаланиб, Уни мамнун қилаётганини кўрсатади. Шоҳ Довуднинг ҳаётини кўриб чиқиб, кўп нарсага ўрганишимиз мумкин.

Масиҳий ота ибодат қилганда, камтарин экани кўриниши керак (15–16- хатбошиларига қаранг.) *

15. Нега шоҳ Довуд оталар учун яхши ўрнак деса бўлади?

15 Яҳова Довудни нафақат оила, балки бутун Исроил халқи устидан бош этиб тайинлаган. Шоҳ сифатида Довуд қудратга эга бўлган. Баъзида у бу қудратидан нотўғри фойдаланган ва жиддий хатолар қилган. (2 Шоҳ. 11:14, 15) Бироқ у Яҳованинг тарбиясини қабул қилиб, Унга бўйсунганини кўрсатган. Довуд Яҳовага ибодат қилиб, қалбидагиларни тўкиб солган. Қолаверса, Яҳованинг маслаҳатига амал қилиш учун қўлидан келганини қилган. (Заб. 51:1–4) Шунингдек, у камтарин бўлгани учун нафақат эркак кишининг, балки аёлларнинг ҳам ўринли маслаҳатини қабул қилган. (1 Шоҳ. 19:11, 12; 25:32, 33) Довуд хатоларидан сабоқ олган ва Яҳовага хизмат қилиш у учун энг муҳим иш бўлган.

16. Оталар Довуддан қандай сабоқ олиши мумкин?

16 Келинг, оталар Довуддан қандай сабоқ олиши мумкинлигининг баъзи мисолларига эътибор берайлик. Яҳова сизга берган ҳокимиятдан нотўғри фойдаланманг. Хатоларингизни тан олинг ва Муқаддас Китобга асосланган маслаҳатни қабул қилинг. Шундай йўл тутсангиз, оила аъзоларингиз камтарлигингиз учун сизни ҳурмат қилади. Оилангиз билан ибодат қилаётганда, ичингизда борини Яҳовага айтинг ва Ундан ёрдам ҳамда йўл-йўриқ олишни жуда ҳам истаётганингизни кўрсатинг. Энг асосийси, Яҳовага хизмат қилиш ҳаётингизда биринчи ўринда турсин. (Қонун. 6:6–9) Ўрнагингиз оилангизга бера оладиган энг қадрли ҳадянгиз бўлиши мумкин.

ОНАЛАР МАРЯМДАН ҚАНДАЙ САБОҚ ОЛИШИ МУМКИН?

17. Яҳова оналарга қандай вазифа топширган?

17 Яҳова оилада ҳар бир онага муҳим масъулият топширган ва у фарзандлари устидан қайсидир даражада ҳокимлик қилишга ҳақли. (Ҳик. 6:20) Дарҳақиқат, она фарзандининг ҳаётига қаттиқ таъсир қилиши мумкин. (Ҳик. 22:6) Оналар Исонинг онаси Марямдан қандай сабоқ олишлари мумкинлигига эътибор берайлик.

18–19. Оналар Марямнинг мисолидан қандай сабоқ олиши мумкин?

18 Марям Муқаддас Ёзувларни жуда яхши биларди. У Яҳовани чуқур ҳурмат қилиб, У билан яқин муносабатларга эга бўлган. Ҳаёти бутунлайин ўзгариб кетишига тўғри келса ҳам, у Яҳованинг йўл-йўриғига бўйсунишга тайёр эди. (Луқо 1:35–38, 46–55)

Она чарчаганда ёки жаҳли чиққанда, оила аъзоларига севгисини кўрсатиш учун анча ҳаракат қилишига тўғри келар (19- хатбошига қаранг.) *

19 Азиз оналар, Марямнинг ўрнагига турли йўллар билан тақлид қила оласиз. Қанақасига дейсизми? Биринчидан, шахсий тадқиқ ва ўзингиз ибодат қилиш орқали Яҳова билан бўлган муносабатларингизни мустаҳкамланг. Иккинчидан, Яҳовани мамнун қилиш учун ҳаётингизга ўзгаришлар киритишга тайёр бўлинг. Масалан, эҳтимол, сиз улғайган оилада ғазабланиш ёки болани жеркиб бериш каби вазиятлар тез-тез бўлгандир. Балки фарзандни шу йўсин тарбиялаш керак деган фикр билан катта бўлгандирсиз. Ҳатто Яҳованинг меъёрларини билиб олганингиздан кейин ҳам, болангизга нисбатан хотиржамлик ва сабр намоён этиш қийин кечиши ҳеч гап эмас. Айниқса чарчаб келганингизда, у ўзини ёмон тутса, бундай қилиш осон бўлмаслиги мумкин. (Эфес. 4:31) Бундай пайтларда ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ибодатда Яҳовага таянишингиз керак. Лидия исмли она шундай деди: «Гоҳида ўғлим гапимга қулоқ солмаганида, унга жаҳл билан гапирмаслик учун тинмай ибодат қилишимга тўғри келарди. Ҳатто гапимнинг ўртасида тўхтаб, ичимда Яҳовадан ёрдам сўрардим. Ибодат хотиржамликни сақлашимга ёрдам беради». (Заб. 37:5)

20. Баъзи оналар қандай қийинчиликка дуч келади ва уларни қай йўсин енгиш мумкин?

20 Айрим оналар бошқа қийинчиликка дуч келади — улар фарзандларини яхши кўришларини айтишга қийналишади. (Титус. 2:3, 4) Баъзи аёллар улғайган оилаларда ота-она фарзанди билан яқин муносабатларни ривожлантирмаган. Сизнинг вазиятингиз ҳам шундай бўлса, ота-онангизнинг хатоларини такрорламанг. Яҳовага бўйсунадиган она фарзандига нисбатан севгисини изҳор қилишга ўрганиши мумкин. Эҳтимол, фикрлаш тарзини, ҳис-туйғуларини ва хатти-ҳаракатларини ўзгартириш у учун осон бўлмайди. Лекин уддасидан чиқса бўлади ва бундай ўзгаришлар ҳам унга, ҳам оиласига бахт келтиради.

ЯҲОВАГА БЎЙСУНИШДА ДАВОМ ЭТИНГ

21–22. Ишаё 65:13, 14 га кўра, Яҳовага бўйсуниб қандай фойда оламиз?

21 Шоҳ Довуд Яҳовага бўйсуниш фойдали эканини билган. У қуйидагича ёзган: «Яҳованинг буйруқлари адолатлидир, қалбни шод этади, Яҳованинг амри покдир, кўзларга нур беради. Улар хизматчингни огоҳ этади, уларга риоя қилган киши буюк мукофотга эга бўлади». (Заб. 19:8, 11) Ҳозирда Яҳовага бўйсунадиганлар ва Унинг меҳр ила берилган маслаҳатини рад этадиганлар орасидаги фарқни кўришимиз мумкин. Яҳовага бўйсунадиганлар «қалби шодликка тўлганидан» ҳайқиради. (Ишаё 65:13, 14 ни ўқинг.)

22 Оқсоқоллар, оталар ҳамда оналар тайёрлик ила Яҳовага бўйсунса, ҳаёти яхши тарафга ўзгаради, оилалари бахтли бўлади ва бутун жамоат янада якдил бўлади. Энг муҳими, улар Яҳованинг қалбини қувонтиради. (Ҳик. 27:11) Бундан-да зўр хурсандчилик бормикан?!

123- ҚЎШИҚ Илоҳий тартибга садоқат-ла бўйсунамиз

^ абз. 5 Ушбу мақолада нима учун Яҳовага бўйсунишимиз кераклиги ҳақида гап боради. Шунингдек, оқсоқоллар, оталар ҳамда оналар — муайян ҳокимиятга эга бўлган барча — ҳоким Нахимиё, шоҳ Довуд ва Исонинг онаси Марямдан нималарга ўрганиши мумкинлигини билиб оламиз.

^ абз. 1 ИБОРАЛАР МАЪНОСИ. Бирон кишини итоат қилишга мажбурлашганда, бўйсунмоқ ва бўйсуниш сўзлари у учун салбий маънога эга бўлади. Лекин Худонинг халқи Унга итоат қилишни танлайди ва бу улар учун ҳеч қандай салбий маънога эга эмас.

^ абз. 7 Ушбу мақоладаги баъзи исмлар ўзгартирилган.

^ абз. 62 РАСМГА ШАРҲ. Нахимиё Қуддус деворларини тиклашда ёрдам бергани сингари, оқсоқол ўғли билан Йиғилиш залини таъмирлашда қатнашяпти.

^ абз. 64 РАСМГА ШАРҲ. Ота оила аъзолари билан Яҳовага чин дилдан ибодат қиляпти.

^ абз. 66 РАСМГА ШАРҲ. Бир бола кун бўйи видео ўйин ўйнаб, уй ишларию вазифаларини бажармаган. Онаси ишдан чарчаб келган бўлса-да, уни жеркмай юмшоқлик ила тарбиялаяпти.