Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

35- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Тангри Яҳова камтар хизматчиларини қадрлайди

Тангри Яҳова камтар хизматчиларини қадрлайди

Яҳова... камтар инсонга назар солади. ЗАБ. 138:6

48- ҚЎШИҚ Яҳовага ҳар куни ҳамроҳ бўлайлик

БУ МАҚОЛАДА *

1. Камтарин кишилар ҳақида Яҳова қандай фикрда? Тушунтиринг.

ЯҲОВА камтарин кишиларни севади. Фақатгина чинакам камтарин инсонлар У билан илиқ ва яқин муносабатларга эга бўлиши мумкин. «Мағрур кишини эса [Худо] яқинига ҳам йўлатмайди». (Заб. 138:6) Барчамиз Яҳовани мамнун этишни ва Унинг севгисини ҳис этишни истар эканмиз, камтарин бўлишга ўрганиш учун асосли сабабларимиз бор.

2. Бу мақолада нималарни билиб оламиз?

2 Бу мақолада қуйидаги учта саволга жавоб топамиз: 1) Камтарлик ўзи нима? 2) Нега бу фазилатни ривожлантиришимиз керак? 3) Қайси вазиятларда камтаринлигимиз синалиши мумкин? Шунингдек, камтаринликни ривожлантириб Яҳованинг қалбини қувонтиришимизни ва бу ўзимизга ҳам фойда келтиришини билиб оламиз. (Ҳик. 27:11; Ишаё 48:17)

КАМТАРЛИК ЎЗИ НИМА?

3. Камтарлик нима?

3 Камтарлик — ўй-фикрда ўзини паст тутиш ва мағрурлигу такаббурликдан ҳоли бўлиш. Муқаддас Китобга кўра, камтар киши Тангри Яҳова ундан анча юксак эканини ва бошқаларнинг ҳам ўз аҳамияти борлигини тушунади. Қолаверса, бундай инсон бошқалар ундан қайсидир жиҳати билан устувор эканини тан олади. (Филип. 2:3, 4)

4–5. Нима сабабдан камтарин кўринган киши, аслида бундай бўлмаслиги мумкин?

4 Баъзилар камтарин бўлиб кўриниши мумкин. Улар уятчан туюлиши мумкин. Балки улар маданияти ва тарбияси туфайли бошқаларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатар. Аммо қалби мағрурликка тўла бўлиши мумкин. Бир кунмас-бир кун улар аслида қандай инсон экани аён бўлади. (Луқо 6:45)

5 Бошқалар эса, қатъий бўлиб, нима ўйласа шуни гапириши мумкин. Бу доим ҳам улар мағрур эканини англатмайди. (Юҳан. 1:46, 47) Лекин бундай кишилар ўз қобилиятларига ишониб қолишдан эҳтиёт бўлиши лозим. Табиатимиз қандай бўлмасин, чинакамига камтар бўлиш учун жон куйдиришимиз керак.

Ҳаворий Павлус ўзига нисбатан камтарин нуқтаи назарда бўлган (6- хатбошига қаранг.) *

6. Коринфликларга биринчи мактуб 15:10 га биноан, Павлусдан қандай сабоқ оляпмиз?

6 Келинг, ҳаворий Павлуснинг мисолига диққат қаратайлик. Яҳова турли шаҳарларда жамоатларни ташкил қилиш учун ундан жуда кўп қўлланган. Эҳтимол, Павлус Исо Масиҳнинг бошқа ҳаворийларига қараганда, хизматда кўпроқ ишни бажарган. Аммо у ўзини бошқа биродарларидан юқори ҳисобламаган. У камтаринлик ила: «Мен ҳаворийларнинг энг кичигиман ва ҳаворий деб номланишга ҳам нолойиқман, чунки Тангрининг жамоатини таъқиб қилардим»,— деган. (1 Кор. 15:9) Сўнг Павлус қандайдир ўзгача қобилиятлари ёки ишлари туфайли эмас, балки Аллоҳнинг инояти туфайли У билан ажойиб муносабатларга эга эканини айтган. (1 Коринфликларга 15:10 ни ўқинг.) Ҳа, Павлус камтар бўлишда яхши ўрнакдир. Коринфдаги масиҳийларнинг баъзилари уни танқид қилган бўлса-да, у уларга мактуб йўллаганида мақтанмаган. (2 Кор. 10:10)

Карл Клейн Етакчи кенгашда хизмат қилган камтарин биродар (7- хатбошига қаранг.)

7. Қай йўсин бизнинг замонамиздаги баъзи масъулиятли биродарлар камтаринлик намоён этган? Мисол келтиринг.

7 Яҳованинг кўпгина хизматчилари Етакчи кенгаш аъзоси бўлган Карл Клейн биродаримизнинг таржимаи ҳолидан далда олган. У таржимаи ҳолида ҳаёти давомида курашиб келган заифликлари ва муаммолари тўғрисида камтаринлик ила очиқдан-очиқ айтиб ўтган. Масалан, Карл биродаримиз 1922 йили илк бор уйма-уй хизмат қилган. Лекин бу у учун жуда қийин бўлгани туфайли деярли икки йил давомида бу хизмат турида қатнашмаган. Кейинчалик Байтилда хизмат қилаётганида, биродар унга маслаҳат берганидан сўнг у муайян вақт давомида ундан жаҳли чиқиб юрган. Бунинг устига, у асаб тизими билан боғлиқ касалликдан азоб чеккан, лекин кейинчалик тузалган. Шунингдек, Карл бир қанча шарафли вазифаларга эга бўлган. Дарҳақиқат, бундай масъулиятли биродар заиф томонларини очиқчасига айтиши учун қанчалар камтаринлик керак-а?! Кўпгина биродару опа-сингиллар Карл Клейн ва унинг ростгўйлик ила ёзилган таржимаи ҳолини завқ ила эслайди *.

НЕГА КАМТАРИНЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШИМИЗ КЕРАК?

8. Қай йўсин 1 Бутрус 5:6 даги сўзлардан камтаринлик Яҳовани қувонтиришини кўряпмиз?

8 Камтаринликни ривожлантиришимизнинг энг асосий сабаби бу Яҳовани мамнун қилади. Ҳаворий Бутрус буни аниқ айтган. (1 Бутрус 5:6 ни ўқинг.) Кўп тилларда чиққан «Кел, Менинг ортимдан эргаш» номли китобда Бутруснинг сўзлари қуйидагича тушунтирилган: «Мағрурлик заҳар кабидир. Унинг таъсири ҳалокатли бўлиши мумкин. Инсон ажойиб қобилиятга эга бўлиш билан бирга мағрур бўлса, Худо ундан фойдалана олмайди. Аммо камтарин оддий одамдан эса, Яҳова қўлланади... Бу Унга қувонч келтириб, камтарлигингиз учун У сизни мукофотлайди» *. Қилишимиз мумкин бўлган энг аъло иш — Яҳованинг қалбини қувонтириш. (Ҳик. 23:15)

9. Нима сабабдан камтарин бўлсак, бошқалар бизга яқинлашади?

9 Камтаринликни ривожлантирсак, нафақат Яҳованинг қалбини қувонтирамиз, балки бу бизга ҳам кўп фойда келтиради. Бу фазилат бошқаларни бизга яқинлаштиради. Буни тушуниш учун бир ўйлаб кўринг: сизга қандай инсонлар билан мулоқот қилиш ёқади? (Мат. 7:12) Доим ўзиникида туриб оладиган ва бошқаларнинг таклифини рад этадиганлар билан мулоқот қилишни кўпчилигимиз ёқтирмаймиз. Аксинча, имондошларимиз «ҳамдард,.. биродарларча севадиган, меҳр-шафқатли ва камтар бўлса», улар билан суҳбат қуришдан далда оламиз. (1 Бутр. 3:8) Камтарин бўлиб, бундай инсонларга яқинлашсак, улар ҳам бизга яқинлашади.

10. Қандай қилиб камтаринлик туфайли яшаш осонроқ бўлади?

10 Камтар бўлсак, яшаш ҳам осонроқ бўлади. Гоҳида назаримизда адолатсизликка ёки нотўғри туюлган вазиятларга дуч келишимиз мумкин. Доно шоҳ Сулаймон шундай ёзган: «Хизматкорлар от миниб юрганини, беклар эса хизматкорлардай пиёда юрганини кўрдим». (Воиз 10:7) Баъзида жуда қобилиятли бўлган кишилар ҳеч қандай шарафга эга бўлмайди. Унча қобилиятли бўлмаганлар эса, гоҳида кўпроқ шараф ва эътиборга сазовор бўлиши мумкин. Сулаймон қандайдир вазият туфайли салбий туйғуларга берилгандан кўра, уни тўғри қабул қилиш оқилона бўлишини айтган. (Воиз 6:9) Камтарин бўлсак, ҳатто биз ўйлагандай бўлмаса ҳам, вазиятни қабул қилиш осонроқ бўлади.

ҚАЙСИ ВАЗИЯТЛАРДА КАМТАРИНЛИГИМИЗ СИНАЛИШИ МУМКИН?

Қандай қилиб бу каби вазиятларда камтаринлигимиз синалиши мумкин? (11–12- хатбошиларига қаранг.) *

11. Маслаҳат олганда, қандай муносабат билдиришимиз керак?

11 Камтарликни намоён этиш учун кунда бир қанча имкониятга эга бўламиз. Бир нечтасига эътибор берайлик. Мисол учун, маслаҳат олганимизда. Кимдир бизни тузатиш учун вақт ажратса, шуни унутмайликки, биз ўйлаганимиздан ҳам жиддийроқ хато қилганмиз. Эҳтимол, бизга маслаҳат беришса, уни шу заҳоти рад этишни истармиз. Ўша инсонни ёки у қай йўсин маслаҳат берганини танқид қилишимиз ҳеч гап эмас. Лекин камтарин бўлсак, бунга тўғри муносабатда бўлишга интиламиз.

12. Ҳикматлар 27:5, 6 га биноан, бизга маслаҳат берган кишидан нега миннатдор бўлишимиз керак? Мисол келтиринг.

12 Камтар киши маслаҳат учун миннатдор бўлади. Тасаввур қилинг, Йиғилиш залидасиз. Бир нечта имондошингиз билан суҳбат қургач, улардан бири сизни четга чақириб, тишингиз орасида овқат қолдиғи борлигини секингина айтади. Албатта, бундан хижолат бўласиз. Аммо имондошингиз бу ҳақида айтгани учун миннатдор бўласизми? Шубҳасизки, буни эртароқ айтишларини истаган бўлардингиз. Шунга ўхшаб, имондошимиз жасорат ила биз муҳтож бўлган маслаҳатни берганида, камтаринлик ила ундан миннатдор бўлишимиз зарур. Уни душман эмас, дўст деб биламиз. (Ҳикматлар 27:5, 6 ни ўқинг; Галат. 4:16)

Бошқалар шарафли вазифаларни олганда, нима учун камтар бўлишимиз керак? (13–14- хатбошиларига қаранг.) *

13. Бошқалар шарафли вазифаларни олганда, қай йўсин камтаринликни кўрсата оламиз?

13 Бошқалар шарафли вазифаларни олганда. Жейсон исмли оқсоқол шундай деди: «Бошқалар шарафли вазифаларга эга бўлганда, баъзида нега мени танлашмади, деб ўйлаб қоламан». Сизда ҳам шундай туйғулар бўладими? Хизматда шарафли вазифаларни олишга «интилиш» нотўғри эмас. (1 Тим. 3:1) Аммо нималар ҳақида ўйлаётганимизга диққатли бўлишимиз керак. Эҳтиёт бўлмасак, қалбимизда мағрурлик илдиз ота бошлайди. Масалан, масиҳий жамоатда муайян вазифани бажариш учун кўпроқ мос келаман, деб ўйлар. Ёки имондошимиз турмуш ўртоғи тўғрисида: «Эрим бу вазифани бошқа биродарлардан кўра анча яхшироқ бажаради»,— деб ўйлаши мумкин. Лекин чинакамига камтар бўлсак, бундай фикрлардан қочамиз.

14. Бошқалар шарафли вазифаларни олганда, Мусонинг ўрнагидан нимага ўрганишимиз мумкин?

14 Бошқалар шарафли вазифаларни олганда, Мусо бунга қандай муносабат билдирганидан ўрнак олсак бўлади. Мусо Исроил халқини етаклаш каби вазифасини жуда қадрлаган. Яҳова Мусо қилган баъзи ишларни бошқалар қилишига йўл қўйганда, у бунга қандай муносабат кўрсатган? У ҳасад қилмаган. (Саҳ. 11:24–29) Мусо камтар эди ва одамларга ҳакамлик қилишда бошқаларнинг ёрдамини қабул қилган. (Чиқ. 18:13–24) Бу туфайли Исроил халқига хизмат қилиш учун кўпроқ одам бўлган ва масала тезроқ ҳал қилинарди. Шу йўсин Мусо ўзининг шарафли вазифаларини бошқаларнинг манфаатидан устун қўймаган. Биз учун ажойиб ўрнак! Тангри Яҳова биздан фойдаланишини истасак, ўзгача қобилиятларга эга бўлишимиз эмас, камтарин бўлишимиз муҳимроқдир. Зеро, «Яҳова юксакда бўлса-да, камтар инсонга назар солади». (Заб. 138:6)

15. Қандай қилиб кўпгина биродару опа-сингилларимизнинг вазияти ўзгарди?

15 Янги шароитларга дуч келганда. Сўнгги йилларда Яҳовага ўнлаб йиллар давомида хизмат қилган имондошларимизнинг вазифалари ўзгарди. Мисол учун, 2014 йили вилоят нозирлари ва уларнинг турмуш ўртоқлари тўла вақтли хизматнинг бошқа турига тайинланишди. Қолаверса, ўша йилдан бошлаб туман нозирлари 70 га киргач, хизматнинг бу турида иштирок эта олмайди. 80 га кирган биродарлар эса, оқсоқоллар кенгашининг раиси сифатида хизмат қила олмайди. Бундан ташқари, охирги бир неча йил давомида кўпгина байтилчилар кашшоф этиб тайинланди. Бошқалар эса, соғлиги, оиладаги масъулиятлари ёки бошқа сабаблар туфайли тўла вақтли махсус хизматни тўхтатишга мажбур бўлди.

16. Қай йўсин имондошларимиз янги шароитларга мослашиш учун камтаринлик кўрсатишди?

16 Бу биродару опа-сингиллар учун бундай ўзгаришларни қабул қилиш осон кечмади. Улар, айниқса, йиллар давомида бажариб келганлар вазифасига боғланиб қолган эди. Айримлари учун янги шароитларга мослашиш осон бўлмади. Аммо вақт ўтиб, улар мослаша олишди. Нега деганда, улар Яҳовани севади. Улар иш, ном ёки вазифага эмас, Яҳовага бағишланганини биларди. (Колос. 3:23) Улар камтаринлик ила қўлдан келганча Яҳовага хизмат қилишдан хурсанд. Бу имондошларимиз Яҳова уларга ғамхўрлик қилишини билиб, «барча ғам-ташвишларингизни Унга ташланглар», деган маслаҳатга амал қилишди. (1 Бутр. 5:6, 7)

17. Нима учун Худонинг Каломи камтарин бўлишга ундаётганидан миннатдормиз?

17 Худонинг Каломи камтарин бўлишга ундаётганидан миннатдормиз, шундай эмасми?! Бу бебаҳо фазилатни ривожлантирсак, ҳам ўзимизга, ҳам бошқаларга фойда келтирамиз. Шунингдек, ҳаётдаги муаммолар билан курашиш осонроқ бўлади. Энг асосийси, самовий Отамизга яқинроқ бўламиз. Яҳова «Олий ва Улуғ Зот» бўлишига қарамай, камтар хизматчиларини севишини ва қадрлашини билишдан жуда хурсандмиз! (Ишаё 57:15)

45- ҚЎШИҚ Қалбим ўйлари

^ абз. 5 Ривожлантиришимиз керак бўлган муҳим фазилатлардан бири камтарликдир. Камтарлик ўзи нима? Нега бу фазилатни ривожлантиришимиз керак? Қандай қилиб вазият ўзгарганда камтаринлигимиз синалиши мумкин? Бу мақолада ушбу муҳим саволларнинг жавобини топамиз.

^ абз. 7 «Қўриқчи минораси»нинг 1984 йил 1 октябрь (ингл.) сонидаги «Яҳова мени мукофотлади» номли мақолага ва 2001 йил 1 май (рус) сонидаги «Яҳова менга меҳр-иноят кўрсатди» номли мақолага қаранг.

^ абз. 8 3- бобнинг 23- хатбошига қаранг.

^ абз. 53 РАСМГА ШАРҲ. Ҳаворий Павлус биродарнинг уйида имондошлар, жумладан, болалар билан завқ ила суҳбатлашяпти.

^ абз. 57 РАСМГА ШАРҲ. Биродар ундан ёшроқ бўлган имондошидан Муқаддас Китобга асосланган маслаҳатни қабул қиляпти.

^ абз. 59 РАСМГА ШАРҲ. Ёши улуғ биродар шарафли вазифани бажараётган ёшроқ биродарга ҳасад қилмаяпти.