Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

18- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Масофани югуриб ўтинг

Масофани югуриб ўтинг

Масофани югуриб ўтдим. 2 ТИМ. 4:7

129- ҚЎШИҚ Чидам билан чопайлик

БУ МАҚОЛАДА *

1. Барчамиз нима қилишимиз лозим?

АГАР касал ёки чарчаган бўлсангиз қийин бир мусобақада қатнашган бўлармидингиз? Ҳойнаҳой, йўқ. Аммо ҳаворий Павлус барча масиҳийлар мусобақада қатнашаётгани ҳақида айтган. (Иброн. 12:1) Яҳова таклиф қилаётган мукофотни олишни истасак, ёшу қари, кучлию заиф — барчамиз охиригача чидашимиз лозим. (Мат. 24:13)

2. Тимўтийга иккинчи мактуб 4:7, 8 га кўра, нега Павлусда сўз эркинлиги бор эди?

2 Бу борада Павлусда сўз эркинлиги бор эди, чунки у муваффақият ила «масофани югуриб ўтди». (2 Тимўтийга 4:7, 8 ни ўқинг.) Бироқ Павлус айнан қандай мусобақа ҳақида гапирган?

ҚАНДАЙ МУСОБАҚАДА ҚАТНАШЯПМИЗ?

3. Павлус қандай мусобақа ҳақида гапирган?

3 Баъзан Павлус муҳим сабоқлар бермоқчи бўлганида, Юнонистонда ўтказилган спорт ўйинларида ишлатилган айрим тушунчаларни қўллаган. (1 Кор. 9:25–27; 2 Тим. 2:5) Бир неча бор у масиҳийларнинг ҳаёт тарзини чопиш бўйича мусобақага ўхшатган. (1 Кор. 9:24; Галат. 2:2; Филип. 2:16) Инсон ўзини Яҳовага бағишлаб сувга чўмганида ушбу «мусобақада» қатнаша бошлайди. (1 Бутр. 3:21) Яҳова унга абадий ҳаёт мукофотини тақдим этганида, у марра чизиғини кесиб ўтган ҳисобланади. (Мат. 25:31–34, 46; 2 Тим. 4:8)

4. Бу мақолада нимани муҳокама қиламиз?

4 Узоқ масофага югуриш мусобақаси билан масиҳийларнинг ҳаёт тарзи ўртасида қандай ўхшашликлар бор? Уларнинг бир нечта ўхшаш томонлари бор. Келинг, учтасини кўриб чиқайлик. Биринчидан, биз тўғри йўлдан чопишимиз керак; иккинчидан, диққатимизни марра чизиғига қаратишимиз лозим; учинчидан, қийинчиликларга қарамай чопишда давом этишимиз даркор.

ТЎҒРИ ЙЎЛДАН ЧОПИНГ

Барчамиз масиҳийларнинг ҳаёт йўлидан юришимиз лозим (5–7- хатбошиларига қаранг.) *

5. Биз қандай йўлдан юришимиз керак ва нега?

5 Том маънодаги мусобақада соврин олиш учун, югурувчилар уни ташкиллаштирганлар белгилаган йўлдан чопишлари керак. Шунга ўхшаб, агар абадий ҳаёт мукофотини олишни истасак, масиҳийларнинг ҳаёт йўлидан юришимиз керак. (Ҳавор. 20:24; 1 Бутр. 2:21) Лекин Шайтон ва унинг ўрнагига тақлид қилаётганлар бошқача танлов қилишимизни исташади; биз ҳам улар билан эски ҳаёт йўлидан югуришда давом этишимизни хоҳлашади. (1 Бутр. 4:4) Улар бизнинг ҳаёт тарзимиз устидан кулиб, уларнинг йўли яхшироқ экани ва озодликка етаклашини даъво қилишади. Бироқ уларнинг даъвоси ёлғон. (2 Бутр. 2:19)

6. Брайаннинг мисолидан нимани ўргандингиз?

6 Шайтон дунёсининг таъсири остида бўлганлар билан чопаётганлар, тез орада улар танлаган йўл озодликка эмас, қулликка етаклашини англашади. (Рим. 6:16) Брайаннинг мисолини олайлик. Ота-онаси уни масиҳийларнинг ҳаёт йўлидан юришга ундаган. Ўсмирлик чоғида Брайан бу йўлдан юриш уни бахтли қилармикин, деб шубҳалана бошлаган. У Шайтоннинг меъёрлари бўйича яшаётганлар билан бирга югуришни танлаган. У шундай деди: «Эркинлик, деб орзу қилган нарсам мени ўзига қул қилиб олишини ҳеч ўйламаган эканман. Вақт ўтиб, мен наркотик моддаларни ва спиртли ичимликларни истеъмол қилиб, ахлоқсиз ҳаёт кечира бошладим. Кейинги бир неча йил давомида мен кучлироқ наркотик моддаларни мунтазам истеъмол қилиб, уларнинг кўпига қул бўлиб қолдим....ўзимни таъминлаш учун наркотикларни сота бошладим». Охири Брайан Яҳованинг меъёрлари бўйича ҳаёт кечиришга қарор қилди. У йўлини ўзгартириб 2001 йили сувга чўмди. Ҳозир Брайан масиҳийларнинг ҳаёт йўлидан юраётгани учун чинакамига бахтли *.

7. Матто 7:13, 14 га биноан, олдимизда қандай иккита йўл бор?

7 Чопиш учун тўғри йўлни танлашимиз ниҳоятда муҳим! Шайтон барчамиз «ҳаётга олиб борадиган» тор йўлни қолдириб, бу дунёдаги аксарият одамлар кетаётган энли йўлга ўтиб олишимизни истайди. Кўпчилик бу йўлни танлаган ва ундан юриш осон. Аммо у «ҳалокатга олиб боради». (Матто 7:13, 14 ни ўқинг.) Тўғри йўлда қолиб, ундан оғиб кетмаслигимиз учун Яҳовага ишониб, Унга қулоқ солишимиз лозим.

ЧАЛҒИМАЙ ЧОПИНГ

Чалғимай чопиб, бошқаларни қоқинтиришдан эҳтиёт бўламиз (8–12- хатбошиларига қаранг.) *

8. Югурувчи қоқилиб кетса нима қилади?

8 Узоқ масофага югуриш мусобақасида қатнашувчилар қоқилиб кетмаслик учун кўзларини йўлдан узишмайди. Аммо уларни ёнида югуриб кетаётганлар ногаҳон туртиб кетиши ёки оёғи чуқурчага тушиши мумкин. Улар йиқилиб тушса, ўрнидан туриб чопишда давом этишади. Югурувчилар диққатини нима туфайли қоқилиб кетганига эмас, марра чизиғига ва олишга умид қилаётган мукофотига қаратишади.

9. Агар қоқинсак, қандай йўл тутишимиз лозим?

9 Биз ҳам мусобақада қатнашаётиб, сўзимиз ёки ишимизда хато қилганимиз туфайли кўп марта қоқилишимиз мумкин. Ё бўлмаса, ёнимизда югуриб кетаётганлар хатога йўл қўйиб бизни хафа қилишлари мумкин. Бунинг ажабланарли жойи йўқ. Барчамиз номукаммалмиз ва биргаликда ҳаётга олиб борувчи битта тор йўлдан югуриб кетяпмиз. Шунинг учун баъзан бир-биримизга «урилиб» кетишимиз мумкин. Павлус ҳам айрим пайтларда бир-биримиздан «арз қилишга сабаб»чи бўлиб қолишимиз мумкинлигини тан олган. (Колос. 3:13) Лекин, келинг, диққатимизни бизни қоқинтираётган нарсаларга эмас, балки олдинда кутаётган мукофотга қаратайлик. Агар қоқилсак, ўрнимиздан туриб югуришда давом этишни танлайлик. Агар аччиқланиб, ўрнимиздан туришни истамасак, маррага етиш ва мукофотни олишнинг иложи бўлмайди. Қолаверса, тор ҳаёт йўлидан чопиб кетаётган бошқа одамлар учун тўсиқ бўлиб қолишимиз мумкин.

10. Бошқалар учун «қоқинтирадиган тош» бўлиб қолмаслигимизга нима ёрдам беради?

10 Биз билан чопиб кетаётган имондошларимиз учун «қоқинтирадиган тош» бўлиб қолмасликнинг яна бир йўли, ўз ҳақ-ҳуқуқларимизда туриб олмай, имкон бўлганда уларга ён беришдир. (Рим. 14:13, 19–21; 1 Кор. 8:9, 13) Айнан шу борада биз том маънодаги мусобақада югурувчилардан фарқ қиламиз. Одатда югурувчилар ўзаро рақобатлашиб, ҳар бири ёлғиз ўзи мукофот олишга интилади. Улар аввало ўз манфаатини кўзлайди. Олдинга чиқиб олиш учун югурувчилар ёнидагиларни туртиб кетишга ҳаракат қилади. Улардан фарқли ўлароқ биз ўзаро рақобатлашмаймиз. (Галат. 5:26; 6:4) Мақсадимиз иложи борича кўпроқ одамларга биз билан марра чизиғини кесиб ўтиб, ҳаёт мукофотини олишга кўмаклашишдан иборат. Шу боис, Павлуснинг илоҳий илҳом остида: «Нафақат ўзингизнинг, балки бошқаларнинг ҳам манфаатини кўзланглар»,— деган маслаҳатига амал қилишга интиламиз. (Филип. 2:4)

11. Югурувчи диққатини нимага қаратади ва нега?

11 Том маънодаги мусобақада қатнашувчилар йўлдан кўз узмай чопишдан ташқари, диққатини марра чизиғига қаратишади. Улар том маънода марра чизиғини кўра олмаса-да, уни кесиб ўтиб мукофот олаётганини тасаввур қилишади. Доим мукофот ҳақида ўйлаб, улар ўзларини рағбатлантириб туришади.

12. Яҳова бизга нимани меҳр ила таклиф қиляпти?

12 Биз иштирок этаётган мусобақада охиригача югурганларга Яҳова кафолатланган мукофотни — осмонда ёки ер юзидаги жаннатда абадий яшашни меҳр ила таклиф қиляпти. Муқаддас Ёзувларда бу мукофотга таъриф берилгани боис, келажакда ҳаётимиз нақадар ажойиб бўлишини тасаввур қила оламиз. Ушбу умидимизни онгимизу қалбимизда қанчалик тирик сақласак, нимадир бизни қоқинтиришига йўл қўйишимиз эҳтимоли шунчалик камаяди.

ҚИЙИНЧИЛИКЛАРГА ҚАРАМАЙ ЧОПИШДА ДАВОМ ЭТИНГ

Шахсий қийинчиликларга қарамай ҳаёт мусобақасида чопишда давом этамиз (13–20- хатбошиларига қаранг.) *

13. Бизнинг том маънодаги югурувчилардан қандай устун томонимиз бор?

13 Юнонларнинг спорт ўйинларида қатнашган югурувчилар чарчоқ ва оғриқ каби қийинчиликларни енгиб ўтишлари керак эди. Аммо қатнашчиларнинг бари машқ қилиб орттирган тажрибасига ва кучига таянишарди. Ўша югурувчилар сингари биз ҳам мусобақада қандай югуриш борасида таълим оламиз. Лекин бизнинг том маънодаги югурувчилардан устун томонимиз бор. Биз чексиз куч-қудрат манбаидан қувват олишимиз мумкин. Агар Яҳовага таянсак, У нафақат бизга таълим беришга, балки кучли қилиб қўйишга ваъда беряпти. (1 Бутр. 5:10)

14. Қийинчиликларга дуч келганимизда 2 Коринфликларга 12:9, 10 даги сўзлар бизга қандай ёрдам беради?

14 Павлус кўплаб қийинчиликлар билан курашган. Ҳақорат ва таъқиб қилинганидан ташқари, у баъзан ўзини заиф ҳис қилган ва баданини «гўё тикандек азоблайдиган» бир дард билан курашган. (2 Кор. 12:7) Павлус бу қийинчиликларни таслим бўлиш учун сабаб эмас, балки Яҳовага таяниш имкони деб билган. (2 Коринфликларга 12:9, 10 ни ўқинг.) У бундай нуқтаи назарга эга бўлгани учун, Яҳова унга барча қийинчиликлардан ўтиб олишга ёрдам берган.

15. Павлусга тақлид қилсак, нимани ҳис этамиз?

15 Бизни ҳам имонимиз учун ҳақорат ёки таъқиб қилишлари мумкин. Шунингдек, заиф соғлиқ ёки чарчоқ билан курашишимизга тўғри келаётгандир. Аммо Павлусга тақлид қилсак, ушбу қийинчиликларнинг ҳар бири Яҳова севги ила бераётган мададни ҳис этиш имконига айланиши мумкин.

16. Соғлигингиз заиф бўлишига қарамай нималар қила оласиз?

16 Эҳтимол, сиз тўшакка михланиб қолгандирсиз ёки ногиронлар аравачасида ўтиргандирсиз. Тиззаларингиз заифлашгандир ё кўзларингиз хиралашгандир. Агар шундай бўлса, ёш ва соғлом кишилар билан бирга чопа оласизми? Албатта, чопа оласиз! Кўплаб кекса ва ногирон инсонлар ҳаёт йўли бўйлаб чопмоқда. Улар буни ўз кучи билан қила олмайди. Аксинча, улар жамоат учрашувларининг аудио ёзувларини тинглаб Яҳовадан куч оляпти. Улар шифокор, ҳамшира ва қариндошларига шоҳидлик бериб шогирд тайёрлаш ишида қатнашяпти.

17. Жисмоний имкониятлари чегараланганларга Яҳова қандай қарайди?

17 Жисмоний имкониятларингиз чегаралангани дастидан тушкунликка тушиб, ҳаёт йўлидан югуриш учун заифлик қиламан, деб асло ўйламанг. Яҳова имонингиз ва йиллар давомида У учун қилиб келган ишларингиз туфайли сизни яхши кўради. Ҳозир Унинг ёрдамига ҳар қачонгидан ҳам муҳтожсиз ва У сизни ташлаб қўймайди. (Заб. 9:10) Аксинча, У сизга янада яқин бўлади. Айрим соғлиқ муаммолари билан курашиб келаётган бир имондошимиз нима деганига эътибор беринг: «Соғлиғим билан боғлиқ муаммоларим ортиб боргани сайин, бошқалар билан ҳақиқатни бўлишиш имкони камайиб кетяпти. Лекин ҳатто кичик ҳаракатларим ҳам Яҳованинг қалбини қувонтиришини биламан ва бу мени бахтиёр қиляпти». Тушкунликка тушганингизда шуни ёдда тутингки, Яҳова сиз билан. Павлуснинг ўрнаги устида мулоҳаза юритинг ва унинг қуйидаги далдали сўзларини ёдга олинг: «Заиф бўлишдан... мамнуният топаман. Сабаби заиф бўлганимда, кучлиман». (2 Кор. 12:10)

18. Айримлар қандай ўзгача қийинчиликларга дуч келишяпти?

18 Ҳаёт йўлидан чопиб кетаётганларнинг айримлари бошқа қийинчиликларга дуч келяпти. Улар курашаётган шахсий муаммоларни бошқалар кўрмаслиги ва тушунмаслиги мумкин. Масалан, улар депрессия ёки кучли ташвиш ҳиссидан азоб чекаётгандир. Нима учун Яҳованинг ушбу қадрли хизматчилари ўзгача қийинчилик билан курашяпти дея оламиз? Чунки кимдир қўлини синдириб олса ёки ногиронлар аравачасида ўтирган бўлса, унинг муаммосини ҳамма кўради ва ёрдам беришга ошиқади. Аммо инсон ҳиссий ёки руҳий хасталикдан азият чекаётган бўлса, ташқаридан бунинг ҳеч қандай белгиси кўринмаслиги мумкин. Уларнинг вазияти ҳам қўл ёки оёғи синган инсонникидай оғир. Лекин улар чекаётган азоблар кўзга кўринмагани учун, одамлар улар муҳтож бўлган севги ва эътиборни намоён этмаслиги мумкин.

19. Мефибоситнинг мисолидан нимани ўрганяпмиз?

19 Борди-ю, жисмоний имкониятларингиз чегараланган ва сизни нотўғри тушунган бўлишса, Мефибоситнинг мисоли устида мулоҳаза юритиб кучга тўлишингиз мумкин. (2 Шоҳ. 4:4) У ногирон эди ва шоҳ Довуд унга ноҳақлик қилганди. Мефибосит бошига бундай кўргиликлар тушишига ўзи айбдор эмасди. Шунга қарамай у салбий фикрларга берилмаган; у ҳаётидаги ижобий нарсаларни қадрлаган. Мефибосит Довуд унга ўтмишда кўрсатган меҳрибончилик учун миннатдор бўлган. (2 Шоҳ. 9:6–10) Шу боис Довуд унга ноҳақлик қилганида Мефибосит вазиятга кенгроқ қарашга интилган. У Довуднинг хатоси туфайли аччиқланмаган. У Довуднинг қилмиши учун Яҳовани айбламаган. Мефибосит диққатини Яҳова мойлаган шоҳни қай йўсин қўллаб-қувватлаши мумкинлигига қаратган. (2 Шоҳ. 16:1–4; 19:24–30) Яҳова бизнинг фойдамизни кўзлаб Мефибоситнинг ажойиб мисоли Каломига ёзилишига ғамхўрлик қилган. (Рим. 15:4)

20. Ташвишлар айримларга қандай таъсир қиляпти, лекин улар нимага амин бўлишлари мумкин?

20 Оғир ташвишлар туфайли айрим биродару опа-сингилларимиз асабий бўлиб қолишган ва бошқалар билан мулоқот қилиш керак бўлган кундалик вазиятларда жуда уялишади. Бу имондошларимиз учун кўпчилик орасида бўлиш қийин кечса-да, улар йиғилишлар ва анжуманларни қолдиришмаяпти. Бегоналар билан гаплашишга қийналишса-да, ваъзгўйликда иштирок этишяпти. Сиз ҳам шундай вазиятда бўлсангиз, амин бўлингки, ёлғиз эмассиз. Кўпчилик шунга ўхшаш муаммолар билан курашяпти. Яҳова чин дилдан қилаётган ҳаракатларингиздан мамнун эканини ёдда тутинг. Таслим бўлмаётганингиз Яҳова сизга барака ва куч ато этаётганининг далилидир *. (Филип. 4:6, 7; 1 Бутр. 5:7) Жисмоний ёки ҳиссий имкониятларингиз чегараланганига қарамай Яҳовага хизмат қилаётган бўлсангиз, У сиздан мамнун эканидан асло шубҳаланманг.

21. Яҳованинг кўмаги билан барчамиз нима қила оламиз?

21 Яхшиямки, том маънодаги мусобақа билан Павлус айтган мусобақанинг фарқли томонлари бор. Муқаддас Китоб ёзилган пайтда ўтказилган югуриш мусобақаларида фақат бир киши совринга эга бўларди. Бундан фарқли ўлароқ, масиҳийларнинг ҳаёт йўлида чидам билан чопиб садоқатни сақлаб қолганларнинг барчаси абадий ҳаёт мукофотини олади. (Юҳан. 3:16) Қолаверса, том маънодаги мусобақада чопувчиларнинг бари жисмонан мос келишлари керак бўлган; акс ҳолда уларда ғолиб чиқиш имкони камайиб кетарди. Кўпчилигимизнинг жисмоний имкониятларимиз чегараланган бўлса-да, чидам билан чопяпмиз. (2 Кор. 4:16) Яҳованинг кўмаги билан барчамиз маррага ета оламиз!

144- ҚЎШИҚ Совринга қараб чопинг!

^ абз. 5 Яҳованинг кўплаб хизматчилари кексалик ёки касаллик уларни заифлаштириб қўйгани туфайли муаммоларни бошдан кечиришяпти. Шунингдек, барчамиз вақти-вақти билан чарчоқни ҳис қиламиз. Шу боис мусобақада чопиш жуда қийиндай туюлиши мумкин. Бу мақолада қай йўсин барчамиз чидам билан чопишимиз ва ҳаворий Павлус айтган ҳаёт мусобақасида ғолиб бўлишимиз мумкинлиги ҳақида гап боради.

^ абз. 6 «Қўриқчи минораси»нинг 2013 йил 1 январь сонидаги «Муқаддас Китоб ҳаётни ўзгартира олади» номли мақолага қаранг.

^ абз. 20 Ташвишлар билан курашиш борасидаги қўшимча амалий маслаҳатларни билиб олиш ҳамда улар билан муваффақият ила курашаётганларнинг мисолларини кўриш учун jw.org® сайтидаги 2019 йил май ойи кўрсатувини томоша қилинг. КУТУБХОНА > JW ИНТЕРНЕТ-ТЕЛЕВИДЕНИЕСИ сарлавҳаси остига қаранг.

^ абз. 63 РАСМГА ШАРҲ. Ваъзгўйлик хизматида банд бўлиб, қария биродаримиз масиҳийларнинг тўғри йўлидан кетяпти.

^ абз. 65 РАСМГА ШАРҲ. Кимдир спиртли ичимликларни кўп ичяпти деб туриб олсак ёки ўзимиз қанча ичаётганимизга чегара қўймасак, бошқаларни қоқинтириб қўйишимиз мумкин.

^ абз. 67 РАСМГА ШАРҲ. Шифохонада тўшакка михланиб ётганига қарамай, биродаримиз унга қараётганларга шоҳидлик бериб, рамзий мусобақада қатнашишда давом этяпти.