Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

16- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Тингланг, яқинроқ танишинг ва ҳамдардлик кўрсатинг

Тингланг, яқинроқ танишинг ва ҳамдардлик кўрсатинг

Ташқи кўринишга қараб ҳукм этишни бас қилинглар, ҳукмингиз адолатли бўлсин. ЮҲАН. 7:24

101- ҚЎШИҚ Баҳамжиҳат хизмат қилайлик

БУ МАҚОЛАДА *

1. Муқаддас Китоб Яҳова ҳақида тасалли берувчи қандай ҳақиқатни очиб бермоқда?

ОДАМЛАР терингизнинг ранги, юз тузилишингиз ёки бўй-бастингизга қараб сиз ҳақингизда хулоса чиқаришини истармидингиз? Ҳойнаҳой, йўқ. Яҳова бизни кўзга кўринадиган нарсаларга қарабгина ҳукм қилмаслигини билиш нақадар тасалли беради! Масалан, Шомуил пайғамбар Эссайнинг ўғилларига қараганида, Яҳова кўрган нарсаларни кўра олмаган. Яҳова Шомуилга Эссайнинг ўғилларидан бири Исроил шоҳи бўлиши ҳақида айтган. Аммо улардан қай бири? Шомуил Эссайнинг тўнғич ўғли Элиёбни кўрганида: «Яҳованинг мойлангани мана шу экани шубҳасиз»,— деб ўйлаган. Элиёб бўлажак шоҳдай кўринган. Бироқ Яҳова Шомуилга: «Унинг кўринишига ва бўйининг баландлигига қарама, чунки танлаганим у эмас»,— деган. Бундан қандай сабоқ оляпмиз? Давомида Яҳова шундай сўзларни айтган: «Одам ташқи кўринишга қарайди, Яҳова эса инсоннинг қалбига қарайди». (1 Шоҳ. 16:1, 6, 7)

2. Юҳанно 7:24 га кўра, нега одам ҳақида ташқи кўринишига қараб хулоса чиқармаслигимиз керак? Мисол келтиринг.

2 Номукаммал бўлганимиз учун одамлар ҳақида уларнинг ташқи кўринишига қараб хулоса чиқаришга мойилмиз. (Юҳанно 7:24 ни ўқинг.) Аммо кўзга кўринадиган нарсаларга қараб одам ҳақида жуда кам нарсани била оламиз. Мисол учун, ҳатто маҳоратли ва тажрибали шифокор ҳам беморнинг ташқи кўринишига қараб жуда кам нарсани била олади. У беморнинг касаллик тарихи, ҳиссий ҳолати ҳамда касалликнинг ҳар қандай аломатлари тўғрисида билиб олиш учун уни диққат билан тинглаши керак. Шифокор беморнинг ичида нималар бўлаётганини билиш учун уни рентгенга юбориши мумкин. Акс ҳолда у беморга нотўғри ташхис қўйиши ҳеч гап эмас. Шу сингари, шунчаки ташқи кўринишига қараб биродару опа-сингилларимизни тўлиқ тушуна олмаймиз. Биз уларнинг ички дунёсини кўришга интилишимиз лозим. Тўғри, биз қалбларни кўра олмаганимиз учун бошқаларни ҳеч қачон Яҳовадек тушуна олмаймиз. Аммо Яҳовага тақлид қилишда жон куйдиришимиз мумкин. Қандай қилиб?

3. Ушбу мақолада кўриб чиқиладиган Муқаддас Китобдаги мисоллар Яҳовага тақлид қилишимизга қандай ёрдам беради?

3 Яҳова топинувчиларига қандай муомала қилади? У уларни тинглайди. Яҳова уларнинг келиб чиқиши ва вазиятини инобатга олади. У хизматчиларига ҳамдардлик кўрсатади. Яҳова Юнус, Илёс, Ҳожар ва Лутга қандай муомала қилганини кўриб чиқаётиб, имондошларимиз билан муомала қилганда Унга қай йўсин тақлид қилишимиз мумкинлигини билиб олайлик.

ДИҚҚАТ БИЛАН ТИНГЛАНГ

4. Нега Юнус ҳақида нотўғри хулосага келишимиз мумкин?

4 Юнуснинг вазияти тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўлмаганимиз туфайли уни ишончсиз, ҳатто садоқатсиз деб ўйлашимиз мумкин. У Ниневияда ҳукмни эълон қилиш ҳақида Яҳовадан аниқ топшириқ олганди. Бироқ қулоқ солишнинг ўрнига Юнус қарама-қарши томонга кетадиган кемага ўтириб Яҳовадан «қочиб кетмоқчи бўлди». (Юнус 1:1–3) Ушбу топшириқни бажариши учун Юнусга яна бир имкон берган бўлармидингиз? Эҳтимол, йўқ. Аммо Яҳова бундай қилиш учун сабаб борлигини кўра олган. (Юнус 3:1, 2)

5. Юнус 2:1, 2, 9 да ёзилган сўзларидан Юнус ҳақида нимани билиб олдингиз?

5 Юнуснинг ибодатидан у аслида қандай инсон бўлганини кўрса бўлади. (Юнус 2:1, 2, 9 ни ўқинг.) Юнус Яҳовага кўплаб маротаба ибодат қилгани шубҳасиз. Унинг ибодатларидан бири, яъни балиқнинг қорнида бўлганида айтган ибодати у шунчаки топшириқдан қочиб кетган инсон эмаслигини тушунишимизга ёрдам беради. Унинг сўзларидан у камтарин, миннатдор ва Яҳовага итоат қилишга қарори қатъий инсон бўлгани кўриняпти. Шунинг учун Яҳова диққатини фақат Юнуснинг хатосига қаратмагани ажабланарли эмас. Аксинча, У Юнуснинг ибодатига жавоб берган ва ундан пайғамбари сифатида фойдаланишни давом эттирган.

Агар инсон ҳақида муайян маълумотни билиб олсак, кўпроқ ҳамдардлик кўрсата оламиз (6- хатбошига қаранг.) *

6. Нима учун бошқаларни диққат билан тинглашга ҳаракат қилсак арзийди?

6 Бошқаларни диққат билан тинглаш учун камтарин ва сабр-тоқатли бўлишимиз лозим. Камида учта сабаб туфайли бундай қилиш арзийди. Биринчидан, шунда одам ҳақида тезда хулоса чиқариб қўймаймиз. Иккинчидан, имондошимизнинг туйғуларию ниятларини тушуна оламиз ва бу унга янада кўпроқ ҳамдардлик кўрсатишимизга ёрдам беради. Учинчидан, инсонга ўзи ҳақида ниманидир билиб олишига кўмаклашишимиз мумкин. Баъзан ўзимиз ҳам туйғуларимизни сўзлар билан ифодаламагунча ўзимизни тушунмаймиз. (Ҳик. 20:5) Осиёдаги битта оқсоқол шундай деб тан олди: «Бир сафар мен тингламай туриб гапириб, хато қилганман. Мен бир опага шарҳларининг сифатини яхшилаши кераклиги тўғрисида маслаҳат берганман. Кейинроқ билсам, бу опа ўқишга қийналар экан ва шарҳ бериш ундан кўп ҳаракат талаб этаркан». Ҳар бир оқсоқол маслаҳат беришдан аввал диққат билан тинглаб, инсон ҳақида муайян маълумотни билиб олиши ниҳоятда муҳим. (Ҳик. 18:13)

7. Яҳова Илёсга қилган муомаласидан қандай сабоқ олдингиз?

7 Айрим имондошларимиз келиб чиқиши, маданияти ёки шахсияти туфайли туйғулари ҳақида гапиришга қийналишади. Нима қилсак улар бизга қалбини очиши осонроқ бўлади? Илёс малика Изабелдан қочиб кетганида Яҳова унга қандай муомала қилганини эслайлик. Илёс пайғамбар самовий Отасига ўз туйғуларини буткул тўкиб-солишга тайёр бўлиши учун бир неча кун керак бўлган. Яҳова уни диққат билан тинглаган. У Илёсга далда берган ва муҳим ишни топширган. (3 Шоҳ. 19:1–18) Имондошларимиз ҳам бизга ўз туйғулари ҳақида очиқ айтишлари учун вақт талаб этилиши мумкин, бироқ шундагина уларнинг асл туйғуларини тушуна оламиз. Яҳовага тақлид қилиб сабрли бўлсак, уларнинг ишончини қозона оламиз. Улар ўз туйғуларини айтишни истаганида, уларни диққат билан тинглашимиз керак.

ИМОНДОШЛАРИНГИЗНИ ЯХШИРОҚ БИЛИБ ОЛИНГ

8. Ибтидо 16:7–13 га кўра, Яҳова Ҳожарга қандай ёрдам берган?

8 Сорайнинг чўриси Ҳожар Ибромнинг хотини бўлгач, нодонларча йўл тутган. Ҳожар ҳомиладор бўлганида Сорайнинг ўз фарзандлари бўлмагани учун унга паст назар билан қарай бошлаган. Сорай билан Ҳожарнинг муносабатлари шунчалик ёмонлашганки, Ҳожар қочиб кетган. (Ибт. 16:4–6) Агар номукаммал инсоннинг нуқтаи назаридан қарасак, Ҳожар қилмишига яраша жазо олган ёмон аёлдай туюлиши мумкин. Лекин Яҳова Ҳожар тўғрисида бундай деб ўйламаган. У Ҳожарнинг олдига фариштасини юборган. Фаришта Ҳожарнинг олдига келганида, унга фикрлаш тарзини ўзгартиришга ёрдам берган ва уни дуо қилган. Ҳожар Яҳова уни кўриб турганини ҳамда вазиятидан хабардор эканини англаган. Шу боис у: «Сен ҳамма нарсани кўра оладиган Худосан»,— деб айтган. (Ибтидо 16:7–13 ни ўқинг.)

9. Яҳова Ҳожарга муомала қилаётиб нималарни инобатга олган?

9 Яҳова Ҳожар борасида нималарга эътибор қаратган? Яҳова унинг келиб чиқиши ва бошидан кечирганлари тўғрисида ҳамма нарсани билган. (Ҳик. 15:3) Ҳожар ибронийларнинг хонадонида яшаётган мисрлик аёл эди. Эҳтимол, баъзан у ўзини бегонадай ҳис этгандир. Оиласи ва юртини соғингандир. Устига-устак, у Ибромнинг ягона хотини эмасди. Ўша пайтларда Худонинг садоқатли хизматчилари ҳам бир нечта хотин олишган. Аммо бу Яҳованинг азалий ниятига кирмаган. (Мат. 19:4–6) Шунинг учун бу одат оилаларда рашк ва нафрат юзага келишига сабаб бўлгани ажабланарли эмас. Яҳова Ҳожарнинг Сорайга ҳурматсизлик қилганини оқламаган бўлса-да, У Ҳожарнинг келиб чиқиши ва вазиятини инобатга олгани аниқ.

Биродару опа-сингилларингизни яхшироқ билиб олишга интилинг (10–12- хатбошиларига қаранг.) *

10. Қай йўсин биродару опа-сингилларимизни яхшироқ билиб олсак бўлади?

10 Биз ҳам бир-биримизни тушунишга интилиб Яҳовага тақлид қила оламиз. Биродару опа-сингилларингизни яхшироқ билиб олишга интилинг. Улар билан йиғилишдан олдин ва кейин суҳбатлашинг, биргаликда хизматга чиқинг ва имкон бўлса, уларни овқатга таклиф қилинг. Шундай йўл тутсангиз, эҳтимол, унча хушмуомала эмасдай туюлган опа аслида уятчан эканини, пулпарастликка берилиб кетгандай кўринган биродар эса сахий эканини, кўпинча йиғилишларга кеч қолиб келадиган оила қаршиликларга дуч келаётганини билиб оларсиз. (Аюб 6:29) Тўғри, биз «бошқаларнинг ишига аралашиб» юрмаслигимиз керак. (1 Тим. 5:13) Бироқ биродару опа-сингилларимиз ҳамда уларнинг шахсиятини шакллантирган вазиятлар тўғрисида муайян маълумотга эга бўлиш фойдадан холи эмас.

11. Нега оқсоқоллар қўйларни яхши билишлари керак?

11 Айниқса оқсоқоллар ўзлари ғамхўрлик қилаётган имондошларининг келиб чиқишини билишлари лозим. Келинг, туман нозири бўлиб хизмат қилган Артур исмли биродарнинг мисолини кўриб чиқайлик. У яна бир оқсоқол билан бирга уятчан ва тортинчоқдай кўринган опаникига ташриф буюрган. Артур шундай деди: «Бу опанинг эри улар турмуш қуришганидан бир неча йил ўтиб вафот этганини билиб олдик. Қийинчиликларга қарамай у иккита қизини маънан мустаҳкам инсонлар қилиб тарбиялаган. Унинг кўриш қобилияти пасайиб бораётганди ва у депрессиядан азият чекаётганди. Шунга қарамай, унинг Яҳовага бўлган севгиси ва имони кучли эди. Биз ушбу опанинг ажойиб ўрнагидан кўп нарсани ўрганишимиз мумкинлигини тушундик». (Филип. 2:3) Бу туман нозири Яҳованинг ўрнагига тақлид қилган. Яҳова қўйларини яхши билади ва улар чекаётган азоблардан хабардор. (Чиқ. 3:7) Қўйларни яхши биладиган оқсоқоллар ҳам уларга керакли ёрдамни кўрсата олишади.

12. Йип Йе исмли имондошимиз жамоатидаги бир опани яқиндан билиб олгани унга қандай фойда келтирди?

12 Ғашингизга тегадиган бирорта имондошингизнинг келиб чиқишини яхшироқ билиб олсангиз, унга кўпроқ ҳамдардлик кўрсата оларсиз. Бир мисолни кўриб чиқайлик. Осиёда яшовчи Йип Йе исмли бир имондошимиз шундай деб бўлишди: «Жамоатимиздаги бир опа жуда баланд овозда гапирарди. Мен уни яхши тарбия кўрмаган деб ўйлардим. Бироқ у билан хизматга чиққанимда, у ота-онасига бозорда балиқ сотишга ёрдам берганини билиб олдим. Ўшанда харидорларни чақириш учун у баланд овозда гапиришига тўғри келган экан». Йип Йе шундай деб қўшиб қўйди: «Биродару опа-сингилларимни тушуниш учун уларнинг келиб чиқишини билишим кераклигини англадим». Имондошларни яхшироқ билиб олиш учун жон куйдиришга тўғри келади. Лекин бағрингизни кенгроқ қилиш ҳақидаги Муқаддас Китоб маслаҳатига амал қилиб, «ҳар турли одамларни» яхши кўрадиган Яҳовага тақлид қилган бўласиз. (1 Тим. 2:3, 4; 2 Кор. 6:11–13)

ҲАМДАРДЛИК КЎРСАТИНГ

13. Ибтидо 19:15, 16 га кўра, Лут имиллаганида фаришталар нима қилишган ва нега?

13 Ҳаётининг муҳим дамларидан бирида Лут Яҳованинг йўл-йўриғига амал қилишда имиллаган. Лутнинг ёнига иккита фаришта келиб, у оиласини Садўм шаҳридан олиб чиқиб кетиши кераклигини айтган. Нега? Улар Лутга: «Биз бу ерни йўқ қилмоқчимиз»,— дейишган. (Ибт. 19:12, 13) Эртаси куни эрталаб Лут ва оиласи ҳали ҳам уйида бўлган. Шунинг учун фаришталар Лутни яна огоҳлантиришган. Бироқ у барибир имиллаган. Лут бефарқ, ҳатто итоатсиз инсон бўлган, деб ўйлашимиз мумкин. Бироқ Яҳова Лутни қутқариб қолиш истагидан воз кечмаган. «Яҳованинг унга раҳми келгани» учун фаришталар Лутнинг оиласини қўлидан ушлаб, шаҳар ташқарисига олиб чиқиб қўйишган. (Ибтидо 19:15, 16 ни ўқинг.)

14. Нима сабабли Яҳованинг Лутга раҳми келган бўлиши мумкин?

14 Бир нечта сабабга кўра Яҳованинг Лутга раҳми келган бўлиши мумкин. Лут шаҳар ташқарисидаги одамлардан қўрққани учун уйидан чиқиб кетишга шошилмагандир. Бундан ташқари, бошқа хавф-хатар ҳам бор эди. Эҳтимол, Лут яқин орадаги водийда иккита шоҳ смолали, яъни асфальтли чуқурларга тушиб кетгани ҳақида билгандир. (Ибт. 14:8–12) Эр ва ота сифатида Лут оиласи учун қайғурган. Қолаверса, Лут бой инсон эди ва Садўмда яхши уйи бўлгандир. (Ибт. 13:5, 6) Албатта, ушбу омилларнинг ҳеч бири Лут Яҳовага ўша заҳоти қулоқ солмаганини оқламайди. Бироқ Яҳова бор диққатини Лутнинг хатосига қаратмаган, балки уни «одил киши» деб ҳисоблаган. (2 Бутр. 2:7, 8)

Бошқаларни тингласак, уларга қай йўсин ҳамдардлик кўрсатишимиз мумкинлигини англаймиз (15–16- хатбошиларига қаранг.) *

15. Имондошларни хатти-ҳаракатлари учун ҳукм қилишнинг ўрнига нима қилишимиз керак?

15 Бошқа одамни хатти-ҳаракатлари учун ҳукм қилишнинг ўрнига, унинг туйғуларини тушунишга интилинг. Европада яшовчи Вероника исмли имондошимиз айнан шундай йўл тутди. У шундай деб бўлишди: «Бир опа доим ёмон кайфиятда юрарди. У ўзини бошқалардан олиб қочарди. Баъзан унинг ёнига боришга ҳам қўрқардим. Аммо “Унинг ўрнида бўлганимда дўстга муҳтож бўлардим” деб ўйладим. Шунинг учун, у нималарни ҳис қилаётганини сўрашга қарор қилдим. Шунда у менга ичидагиларини айтиб берди. Энди уни яхшироқ тушуняпман».

16. Ҳамдардликни ривожлантириш учун ёрдам сўраб ибодат қилиш нега муҳим?

16 Бизни тўлиқ тушунадиган шахс фақат Яҳовадир. (Ҳик. 15:11) Шундай экан, бошқаларда Яҳова кўраётган нарсаларни кўриш ва уларга қай йўсин ҳамдардлик кўрсатишингиз мумкинлигини англашингизга ёрдам беришини Ундан сўранг. Ибодат Анжела исмли имондошимизга янада ҳамдард бўлишга ёрдам берди. Унинг жамоатидаги бир опага бошқалар билан тил топишиш қийин эди. Анжела шундай деб тан олди: «Мен осонликча опамизни танқид қилиш тузоғига тушишим ва унга қўл силтаб кетишим мумкин эди. Аммо мен Яҳовага ибодат қилиб, бу опани тушунишимга ёрдам беришини сўрадим». Яҳова Анжеланинг ибодатига жавоб бердими? У шундай деб давом этди: «Биз бирга хизматга чиқдик ва кейин бир неча соат суҳбатлашдик. Уни ҳамдардлик ила тингладим. Ҳозир уни янада кўпроқ яхши кўраман ва унга ёрдам бериш қарорим қатъий».

17. Нима қилишга қароримиз қатъий бўлиши лозим?

17 Қай бир имондошингиз ҳамдардлик кўрсатишингизга лойиқ эканини ҳал қила олмайсиз. Уларнинг барчаси Юнус, Илёс, Ҳожар ва Лут каби муаммолар билан курашишяпти. Кўп ҳолларда улар ўз бошига ўзи ташвиш орттирган. Очиғини айтганда барчамиз ҳаётимизнинг қайсидир палласида буни бошимиздан ўтказганмиз. Демак, бир-биримизни тушунишимиз учун Яҳовадан ёрдам сўраш оқилонадир. (1 Бутр. 3:8) Яҳовага итоат этиб, умумжаҳон оиламизнинг ўзгача бирлигига ҳисса қўшамиз. Шундай экан, ўзаро муомала қилаётиб тинглаш, яқиндан танишиш ва ҳамдардлик кўрсатишга қароримиз қатъий бўлсин.

87- ҚЎШИҚ Келинг, ҳаловат топинг!

^ абз. 5 Номукаммал бўлганимиз учун одамлар ва уларнинг ниятлари ҳақида тезда хулоса чиқариб қўйишга мойилмиз. Яҳова эса аксинча, «инсоннинг қалбига қарайди». (1 Шоҳ. 16:7) Ушбу мақолада У Юнус, Илёс, Ҳожар ва Лутга севги ила муомала қилганини кўриб чиқамиз. Бу мисоллар имондошларимиз билан муомала қилганда Унга тақлид қилишимизга ёрдам беради.

^ абз. 52 РАСМГА ШАРҲ. Ёшроқ биродар йиғилишга кечикиб келгани ёши катта биродарнинг ғашига тегади, лекин кейинроқ у ёш биродар йўл транспорт ҳодисасига учрагани учун кечикканини билиб олади.

^ абз. 54 РАСМГА ШАРҲ. Аввалига ваъзгўйлик гуруҳи нозири опамиз яккаланиб олган, деб ўйлайди, лекин кейин у аслида уятчан эканини ва нотаниш кишилар орасида ўзини ноқулай ҳис қилишини билиб олади.

^ абз. 56 РАСМГА ШАРҲ. Иккита опамиз илк бор Йиғилиш залида кўришганида улардан бири бошқаси ҳақида кайфияти тез-тез ўзгарадиган ва бефарқ инсон, деб ўйлайди. Аммо у билан яқиндан танишиш учун бирга вақт ўтказгач, у аслида бундай инсон эмаслигини тушунади.