Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ўзини тута билиш. Яҳованинг розилигини олиш учун муҳим

Ўзини тута билиш. Яҳованинг розилигини олиш учун муҳим

«Қариндошим мен билан уришишни бошлаганида, унинг томоғидан ушлаб бўға бошладим. Уни ўлдириб қўйгим келди». (Пол)

«Уйда бўлганимда арзимас нарсага ҳам жаҳлим тезда чиқарди. Жиҳозларни, ўйинчоқларни, қўлимга тушган ҳамма нарсани синдирардим». (Марко)

Балки биз бу даражагача бормасмиз. Аммо баъзида ҳаммамизга ўзимизни назорат қилиш қийин. Асосий сабаби шундаки, илк инсон бўлмиш Одаматодан гуноҳ қилиш мойиллигини мерос қилиб олганмиз. (Рим. 5:12) Баъзиларга Пол ва Марко сингари ўзини назорат қилиш қийин бўлиши мумкин. Айримлар учун фикрларини назорат қилиш осон кечмас. Масалан, улар қўрқувга соладиган ёки тушкунликка туширадиган нарсалар ҳақида ўйлайверади. Бошқалар учун эса жинсий ахлоқсизликка, спиртли ичимликларни ёки гиёҳванд моддаларни суиистеъмол қилишга қарши туриш қийин кечиши мумкин.

Фикрлари, хоҳишлари ёки хатти-ҳаракатларини назорат қилмаганлар ўз ҳаётларини барбод қилишлари мумкин. Ўзини тута билиш фазилатини ривожлантириб бундай оқибатлардан қоча оламиз. Келинг, бунга эришишимизга қўл келадиган учта саволни муҳокама қиламиз: 1) ўзини тута билиш нима дегани? 2) Нега бу муҳим? 3) «Муқаддас руҳ самараси»нинг қирраси бўлмиш ушбу фазилатни қандай ривожлантиришимиз мумкин? (Галат. 5:22, 23) Шунингдек, баъзан ўзимизни тутиш қийин кечаётган бўлса, нима қилишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз.

ЎЗИНИ ТУТА БИЛИШ НИМА ДЕГАНИ?

Ўзини тута биладиган инсон сал нарсага ўзини йўқотиб қўймайди. Аксинча, у Худога маъқул келмайдиган сўзлар ва хатти-ҳаракатлардан қочади.

Исо Масиҳ ўзини тута билиш нимани англатишини аниқ кўрсатган

Исо Масиҳ бу фазилат нимани ўз ичига олишини кўрсатган. Муқаддас Китобда у ҳақида: «Ҳақоратга ҳақорат билан жавоб қайтармаган. Азоб чекканда ҳеч кимга дўқ-пўписа қилмаган, аксинча, ўзини одил Ҳакамнинг қўлига топширган»,— деб ёзилган. (1 Бутр. 2:23) Исо азоб устунида бўлганида душманлар уни масхара қилган. Аммо шунда ҳам у ўзини тута билган. (Мат. 27:39–44) Бундан олдинроқ ёвуз дин раҳбарлари уни сўзидан тузоққа илинтирмоқчи бўлишганида, Исо ўзини тута билишда ажойиб ўрнак кўрсатган. (Мат. 22:15–22) Ҳатто ғазабланган яҳудийлар уни тошбўрон қилмоқчи бўлишганида, Исо уларга ёмонлик билан жавоб қайтармасдан «яшириниб, маъбаддан чиқиб» кетган. (Юҳан. 8:57–59)

Исога тақлид қила оламизми? Қайсидир маънода ҳа. Ҳаворий Бутрус: «Масиҳ ҳам сизлар учун азоб чекиб, унинг изидан оғмай юришингиз учун ўрнак кўрсатди»,— деб ёзган. (1 Бутр. 2:21) Номукаммал бўлсак-да, Исога тақлид қилиб ўзини тута билиш фазилатини намоён эта оламиз. Нега бундай йўл тутишимиз муҳим?

НЕГА ЎЗИНИ ТУТА БИЛИШ МУҲИМ?

Яҳова биздан мамнун бўлиши учун ўзини тута билишни ривожлантиришимиз лозим. Яҳовага кўп йиллардан бери садоқат ила хизмат қилаётганимизга қарамай, сўзларимиз ва хатти-ҳаракатларимизни назорат қилмасак, У билан дўстлигимизни йўқотишимиз мумкин.

Келинг, ўз вақтида «ер юзидаги барча одамлар ичида энг камтар инсон» бўлган Мусонинг мисолини кўриб чиқайлик. (Саҳ. 12:3) У йиллар давомида исроилликларнинг норозилигини сабр ила тинглаган, аммо бир сафар ўзини тута билмаган. Улар сув етишмовчилиги борасида қайта нолишганида Мусонинг жаҳли чиққан ва қўпол тарзда: «Тингланглар, эй исёнчилар! Мана шу қоядан сизлар учун сув чиқариб берайликми?!» — деб айтган. (Саҳ. 20:2–11)

Мусо ўзини тута билмаган. У сувни мўъжизавий тарзда берган Яҳовани шарафламаган. (Заб. 106:32, 33) Натижада Яҳова унга ваъда қилинган юртга киришга йўл қўймаган. (Саҳ. 20:12) Мусо ўзини тута билмагани учун умрининг охиригача афсуслангандир. (Қонун. 3:23–27)

Бундан қандай сабоқ олсак бўлади? Ҳақиқатда кўп йиллардан бери бўлсак-да, жаҳлимизни чиқарган ёки тузатилишга муҳтож бўлган одамга ҳурматсизлик ила асло гапирмаслигимиз керак. (Эфес. 4:32; Колос. 3:12) Тўғри, ёшимиз ўтгани сайин сабрли бўлиш қийин кечар. Аммо Мусонинг мисолини ёдда тутинг. Садоқат билан кўп йиллар давомида мисқоллаб йиққан обрўйимизни битта ўзимизни тута билмаганимиз билан йўқотишни истамаймиз. Қандай қилиб ушбу муҳим фазилатни ривожлантиришимиз мумкин?

ЎЗИНИ ТУТА БИЛИШНИ ҚАНДАЙ РИВОЖЛАНТИРИШИМИЗ МУМКИН?

Муқаддас руҳ сўраб ибодат қилинг. Нега? Чунки ўзини тута билиш муқаддас руҳ самарасининг бир қирраси ва Яҳова Ундан сўраганга Ўз руҳини беради. (Луқо 11:13) Ўз руҳи орқали Яҳова бизга керакли бўлган кучни ато этади. (Филип. 4:13) У бизга муқаддас руҳ самарасининг бошқа қирраларини, жумладан, ўзимизни тута билишни осонлаштирадиган севги фазилатини ривожлантиришга ёрдам беради. (1 Кор. 13:5)

Ўзини тута билиш фазилатини намоён этишни қийинлаштирадиган ҳар қандай нарсадан қочинг

Ўзини тута билиш фазилатини намоён этишни қийинлаштирадиган ҳар қандай нарсадан қочинг. Мисол учун, ёмон хулқ-атворни акс эттирадиган ўйин-кулги ёки веб-сайтлардан қочинг. (Эфес. 5:3, 4) Аслида ёмон иш қилишга ундайдиган ҳар қандай нарсадан қочишимиз керак. (Ҳик. 22:3; 1 Кор. 6:12) Масалан, жинсий ахлоқсизликка мойиллиги бор бўлган инсон романтик китобларни ўқимаслиги ва фильмларни томоша қилмаслиги лозим.

Бу маслаҳатларни қўллаш қийин, деб ўйлашимиз мумкин. Аммо бор кучимизни солиб ҳаракат қилсак, Яҳова ўзимизни тута билишимиз учун керакли кучни ато этади. (2 Бутр. 1:5–8) Шунингдек, У бизга фикрларимиз, сўзларимиз ва хатти-ҳаракатларимизни назорат қилишга ёрдам беради. Юқорида тилга олинган Пол ва Марконинг мисоли бунинг исботидир. Улар ўз жаҳлини назорат қилишни ўрганишди. Келинг, машина ҳайдаётиб жаҳлга тез берилган ва бошқа ҳайдовчилар билан баҳслашиб кетиш одати бўлган биродарнинг мисолини кўриб чиқайлик. Ўзгариш учун у нима қилди? Биродаримиз шундай деб бўлишди: «Мен ҳар куни чин юракдан ибодат қилардим. Ўзини тута билиш тўғрисидаги мақолаларни тадқиқ қилардим ва менга ёрдам берадиган Муқаддас Китобдаги оятларни ёдлаб олардим. Йиллар давомида бунинг устидан ишлаётган бўлсам-да, ҳар куни эрталаб ўзимга хотиржам қолишим кераклигини эслатаман. Бирор жойга боришим керак бўлса, шошилмаслик учун вақтлироқ йўлга чиқаман».

ЎЗИМИЗНИ ТУТА БИЛМАСАК...

Баъзида ўзимизни тута билмаймиз. Бундай вазиятларда Яҳовага ибодат қилишдан уялишимиз мумкин. Аммо айнан шундай пайтда ибодат қилишимиз муҳим. Яҳовага дарров ибодат қилинг. Ундан кечирим ва ёрдам сўранг ҳамда ушбу хатони такрорламасликка қатъий қарор қилинг. (Заб. 51:9–11) Яҳова раҳм-шафқат тилаб қилган ибодатингизни тингламайди, деб ўйламанг. (Заб. 102:17) Ҳаворий Юҳанно эслатганидай, Худо Ўғлининг «қони бизни ҳар қандай гуноҳдан пок қилади». (1 Юҳан. 1:7; 2:1; Заб. 86:5) Яҳова Унинг хизматчилари бошқаларни такрор ва такрор кечиришлари кераклигини айтганини эсланг. Демак, Унинг Ўзи ҳам биз билан шундай йўл тутишига амин бўлишимиз мумкин. (Мат. 18:21, 22; Колос. 3:13)

Саҳрода Мусо вақтинчалик ўзини тута билмагани Яҳовага ёқмаган. Бунга қарамай У Мусони кечирган. Муқаддас Китобда Мусо имони кучли инсон бўлгани ва унга тақлид қилишимиз кераклиги ҳақида айтилган. (Қонун. 34:10; Иброн. 11:24–28) Яҳова Мусога ваъда қилинган юртга киришга йўл қўймаган бўлса-да, ер юзида бўладиган жаннатда уни тирилтириб, абадий яшаш истиқболини беради. Агар ўзини тута билишни ривожлантиришга жон куйдирсак, биз ҳам шундай истиқболдан баҳра олишимиз мумкин. (1 Кор. 9:25)