Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Бугунги кунда карнай чорловига қулоқ соляпсизми?

Бугунги кунда карнай чорловига қулоқ соляпсизми?

БАРЧАМИЗ ушбу «охирзамон» пайтида Яҳова Ўз халқини бошқариб, маънан қўллаб-қувватлаётганига ишонамиз. (2 Тим. 3:1) Албатта ҳаммамиз Унга итоат қилишимиз лозим. Бизнинг вазиятимизни саҳрода бўлган исроилликларникига ўхшатса бўлади. Улар карнай товушига қулоқ солишлари керак эди.

Яҳова Мусога «жамоани чақириш ва чодирларни йиққанда» фойдаланиш учун болға билан шакл берилган иккита кумуш карнай ясашни буюрган. (Саҳ. 10:2) Карнайлар халқ қандай йўл тутиши кераклигини кўрсатиш мақсадида турлича чалинган. (Саҳ. 10:3–8) Бугунги кунда Худонинг халқига ҳар хил усуллар билан йўл-йўриқ берилади. Келинг, ушбу мақолада бизга кўрсатмалар бериладиган учта усулни кўриб чиқайлик ва уларни қадимги Исроилда янграган карнайлар чорлови билан солиштирайлик. Ҳозирги пайтда Худонинг халқи катта йиғинларга таклиф этилади, тайинланган нозирлар таълим олишади ва барча жамоатларга янгиланган ёки ўзгарган йўл-йўриқлар берилади.

КАТТА ЙИҒИНЛАРГА ЧОРЛОВ

Яҳова «бутун жамоа» муқаддас чодирнинг шарқдаги киравериши олдига тўпланишини истаса, руҳонийлар иккала карнайни бирдан чалишган. (Саҳ. 10:3) Барча қабилалар, яъни муқаддас чодирнинг атрофида қароргоҳ қурган тўртта бўлинмадагиларнинг ҳаммаси карнайлар товушини эшитган. Чодир кираверишига яқин қароргоҳ қурганлар бир неча дақиқа ичида келишлари мумкин эди. Бошқалар узоқроқда бўлишган ва келиш учун улардан кўпроқ вақт ҳамда ҳаракат талаб қилинган. Одамлар яқинда бўлишадими ёки узоқдами, Яҳова ҳамма йиғилишини ва Унинг кўрсатмаларини тинглашини истаган.

Бугунги кунда биз муқаддас чодир олдига тўпланмаймиз, аммо Худонинг халқи билан йиғилиб туришга чорланамиз. Бундай йиғинларга биз муҳим маълумот ва йўл-йўриқ оладиган ҳудудий анжуманлар ҳамда бошқа махсус тадбирлар киради. Бутун дунё бўйлаб Яҳованинг халқи битта дастурдан баҳраманд бўлади. Бундай йиғинларга таклифни қабул қилганлар улкан ва бахтиёр жамоанинг бир қисми бўлишади. Айримлар у ерга бориш учун узоқ йўл босиб ўтишади. Бироқ бу қилган ҳаракатларига арзишини тан олишади.

Катта йиғинлар ўтадиган жойдан олисда яшайдиган гуруҳлардаги имондошларимиз ҳам улардан фойда олишлари мумкинми? Замонавий технологиялар туфайли олисда яшовчи имондошларимиз бу дастурлардан фойда олишлари ва ўзларини уларда қатнашгандай ҳис этишлари мумкин. Масалан, бир сафар бош идора вакили ташриф буюрганида, Бениндаги филиалда бўлиб ўтган дастур Саҳрои Кабирда жойлашган Арлит шаҳарчасига (Нигер) видеотрансляция қилинган. Уни биродару опа-сингиллар ва қизиқувчилардан иборат гуруҳ, яъни йигирма бир киши томоша қилган. Улар олисда бўлишларига қарамай, ўзларини 44 131 кишидан иборат улкан жамоа билан бирга бўлгандай ҳис этишган. Битта биродар шундай деб ёзди: «Дастурни видеотрансляция қилганингиз учун чин дилдан миннатдормиз. Бизни жуда яхши кўришингизга яна бир бор амин бўлдик».

ТАЙИНЛАНГАН НОЗИРЛАР УЧУН ЧОРЛОВ

Исроиллик руҳоний карнайни бир марта чалганида «фақатгина йўлбошчилар — Исроил ўғилларининг мингбошилари» учрашув чодири олдига йиғилишлари керак эди. (Саҳ. 10:4) Бу ерда улар Мусодан маълумот ва таълим олишарди. Билиб олганлари уларга қабиласидаги масъулиятини яхши бажаришига кўмаклашарди. Агар ўша йўлбошчилардан бири бўлганингизда, ўша учрашувларда қатнашиш учун қўлдан келганча ҳаракат қилган бўлармидингиз?

Бугунги кунда жамоат оқсоқоллари «йўлбошчилар» эмас; улар Худонинг суруви «устидан ҳукмронлик» ҳам қилишмайди. (1 Бутр. 5:1–3) Лекин улар сурувга чўпонлик қилиш учун жон куйдиришади. Шу боис оқсоқоллар Масъулиятли биродарлар учун махсус таълим дастурига таклиф этилганда, улар жон деб таклифни қабул қилишади. Бундай дастурлар давомида оқсоқоллар жамоатда юзага келадиган масалаларни янада самаралироқ ҳал қилишни ўрганишади. Бундай таълим туфайли оқсоқоллар ва уларнинг қарамоғида бўлган жамоат Яҳовага янада яқинлаша олади. Сиз шу каби мактабларда қатнашмаган бўлсангиз-да, уларда ўқиганларнинг тажрибасидан фойда олишингиз мумкин.

ЎЗГАРИШЛАР ҚИЛИШГА ЧОРЛОВ

Баъзан исроиллик руҳонийлар карнайларни узуқ-узуқ чалишган. Бу товуш Яҳова бутун қароргоҳ йўлга чиқишини буюрганини англатарди. (Саҳ. 10:5, 6) Қароргоҳнинг кўчиши халқ ҳайратомуз тарзда ташкиллаштирилганини кўрсатарди, лекин шу билан бирга бу барчадан анчагина меҳнатни талаб қиларди. Эҳтимол, баъзида айрим исроилликларга кўчиш ёқмагандир. Нега?

Балки айримларга кўчиш ҳақидаги чорлов ҳаддан ташқари тез-тез ва кутилмаганда янграётгандай туюлгандир. «Гоҳида булут кечқурундан то эрталабгача тўхтаб турарди». Баъзан эса кўчишлар орасида «икки кун», «бир ой» ёки «ундан кўпроқ» вақт ўтарди. (Саҳ. 9:21, 22) Ҳаммаси бўлиб қароргоҳ неча марта кўчган? Саҳрода китобининг 33- бобида Исроил халқи қароргоҳ қурган тахминан 40 та жой тилга олинган.

Баъзан Исроил халқи соя бор жойда қароргоҳ қурган. «Улкан ҳамда ваҳимали саҳро» бўйлаб юрган халққа бундай жойда қароргоҳ қуриш жуда ёққандир. (Қонун. 1:19) Шунинг учун, уларда «Бундан яхшироқ жой топа олмаймиз» деб ўйлаш васвасаси туғилиши мумкин эди.

Қабилалар йўлга чиқа бошлаганида эса айримларга ўз навбатини кутиш қийин бўлгандир. Карнайнинг узуқ-узуқ товушини ҳамма эшитган, бироқ улар бир пайтда йўлга чиқа олмасди. Карнайнинг узуқ-узуқ товуши биринчи марта янграганида шарқда қароргоҳ қурган қабилалар, яъни Яҳудо, Иссахор ва Забулун қабилалари йўлга чиқиши керак эди. (Саҳ. 2:3–7; 10:5, 6) Улар йўлга чиқиб бўлгач, руҳонийлар иккинчи марта карнайни узуқ-узуқ чалишарди ва бу сафар жанубда қароргоҳ қурган уч қабилали бўлинма йўлга чиқарди. Бутун қароргоҳ йўлга чиқиб бўлмагунча руҳонийлар шундай қилишда давом этишарди.

Балки сизга ҳам ташкилотда юз берган айрим ўзгаришларни қабул қилиш қийин бўлгандир. Нима учун? Эҳтимол, бир қанча кутилмаган ўзгаришлар туфайли саросимага тушгандирсиз. Ё бўлмаса, муайян вазифаларни бажариш сиз учун қулай бўлгандир ва уларнинг ўзгаришини истамагандирсиз. Сабаби қандай бўлмасин, сабрингиз синалаётгандай бўлгандир ва мослашиш учун вақт талаб этилгандир. Аммо бу каби вазиятларда кутилганидай итоаткор бўлсак, Худонинг баракаларини кўришимиз шубҳасиз.

Мусонинг даврида Яҳова миллионлаб эркагу аёлларни ва болаларни саҳро бўйлаб бошлаб борган. Унинг ғамхўрлиги ва йўл-йўриғисиз улар омон қола олмасди. Бугунги кунда Яҳова бизни ҳам хавф-хатарга тўла охирзамонда йўналтиряпти. У бизга Унга яқинлашишга ва имонимизни мустаҳкамлашга ёрдам беряпти. Шундай экан, келинг, Исроил халқидаги садоқатли кишилар каби карнайларнинг турли чорловларига қулоқ солишга қатъий қарор қилайлик!