Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

25- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

«Мен Ўзим қўйларимни қидириб топаман»

«Мен Ўзим қўйларимни қидириб топаман»

Мен Ўзим қўйларимни қидириб топаман ва уларга ғамхўрлик қиламан. ҲИЗ. 34:11

105- ҚЎШИҚ «Аллоҳнинг Ўзи севгидир»

БУ МАҚОЛАДА *

1. Қайси маънода Яҳова боласини эмизадиган онага ўхшайди?

«ОНА эмизикли боласини унутадими?» Ушбу саволни Яҳова Ишаё пайғамбар даврида берган эди. Аллоҳ Ўз халқига: «Она боласини унутса ҳам, Мен сени асло унутмайман»,— деганди. (Ишаё 49:15) У одатда Ўзини она билан солиштирмайди. Аммо бу вазиятда Худо айнан шундай қилган. Яҳова она ва бола ўртасидаги ришталарни мисол сифатида келтириб, Ўз хизматчиларини қанчалик севишини кўрсатмоқчи эди. Аксарият оналар Жасмин исмли имондошимизнинг қуйидаги сўзларига қўшилса керак: «Болангизни эмизганингизда, ўртангизда бутун умр давом этадиган ўзгача ришталар боғланади».

2. Болаларидан ҳатто биттаси Яҳовадан узоқлашса, У нимани ҳис қилади?

2 Агар болаларидан ҳатто биттаси йиғилишларга боришни ва ваъзгўйлик ишида қатнашишни тўхтатса, Яҳова бунга эътибор беради. Ҳар йили минглаб хизматчилари фаолиятсиз * бўлиб қолаётганини кўриш Унга қанчалик оғир ботишини бир тасаввур қилинг.

3. Яҳова нимани истайди?

3 Фаолиятсиз бўлиб қолган кўплаб имондошларимиз жамоатга қайтишган ва биз бундан жуда ҳам хурсандмиз! Ҳам Яҳова, ҳам биз уларнинг қайтишини истаймиз. (1 Бутр. 2:25) Уларга қандай ёрдам бера оламиз? Бу саволга жавоб топишдан олдин нима учун баъзилар йиғилишларга қатнашни ва ваъзгўйликда иштирок этишни тўхтатиб қўйишини билиб олсак яхши бўларди.

НЕГА АЙРИМЛАР ЯҲОВАГА ХИЗМАТ ҚИЛИШНИ ТЎХТАТАДИ?

4. Дунёвий иши айримларга қандай таъсир қилади?

4 Айримлар дунёвий ишга берилиб кетади. Жануби-Шарқий Осиёда яшовчи Хун * исмли биродаримиз шундай деб тан олди: «Дунёвий ишимга жуда кўп вақт ва куч сарфлай бошладим. Мен нодонларча, моддий аҳволимни яхшиласам, Яҳовага ҳам яхшироқ хизмат қила оламан, деб ўйладим. Шу боис кўпроқ ишлай бошладим. Борган сари кўп йиғилишларни қолдирадиган бўлдим ва охири уларга умуман бормай қўйдим. Одамларни секин-аста Худодан узоқлаштириш учун Шайтон бу дунёдан фойдаланади».

5. Бирин-кетин бошига тушган ташвишлар бир имондошимизга қандай таъсир қилган?

5 Айрим биродару опа-сингилларимиз эса ташвишлар гирдобида қолишади. Буюк Британияда яшовчи Анна беш фарзанднинг онаси. У шундай деб тушунтирди: «Фарзандларимдан бири ногирон бўлиб туғилганди. Кейинчалик қизларимдан бири жамоатдан четлатилди ва ўғлим руҳий касалликка чалинди. Қаттиқ тушкунликка тушганимдан йиғилишларга боришни ва хизматга чиқишни тўхтатдим. Охир-оқибат фаолиятсиз бўлиб қолдим». Анна ва унинг оиласига ҳамда улар каби қийинчиликларга дуч келаётган барчага ҳамдардмиз.

6. Инсон Колосаликларга 3:13 даги маслаҳатга амал қилмаса, нега Яҳованинг халқидан узоқлашиб кетиши мумкин?

6 Колосаликларга 3:13 ни ўқинг. Яҳованинг хизматчиларидан баъзилари имондошларидан хафа бўлишган. Ҳаворий Павлус гоҳида имондошларимиздан «арз қилишга» жиддий сабабимиз бўлиши мумкинлигини эътироф этган. Биз ҳатто адолатсизликка дуч келишимиз мумкин. Агар эҳтиёт бўлмасак, хафагарчиликка берилишимиз ҳеч гап эмас. Жаҳли чиққан инсон эса бора-бора Яҳованинг халқидан узоқлашиб кетиши мумкин. Жанубий Америкадаги Пабло биродаримиз билан нима юз берганини кўриб чиқайлик. У нотўғри иш қилганликда ноҳақ айбланган ва натижада жамоатдаги шарафли вазифаларидан маҳрум бўлган. У бунга қандай муносабат билдирган? Пабло: «Жаҳлим чиқди ва секин-аста жамоатдан узоқлашиб кетдим»,— деди.

7. Айбдорлик ҳисси инсонга қандай таъсир қилади?

7 Борди-ю, инсон ўтмишда Худонинг қонунини бузган бўлса, виждони қийналганидан ўзини Худонинг севгисига нолойиқ ҳис қилиши мумкин. Тавба қилгани ва кечирилганига қарамай, у ўзи ҳақида Худонинг халқи орасида бўлишга арзимайман, деб ўйлаши мумкин. Франсиско исмли биродаримиз ўзини айнан шундай ҳис этган. «Мен жинсий ахлоқсизлик қилганим учун танбеҳ олгандим,— деб бўлишди у. — Аввалига йиғилишларга қатнаган бўлсам-да, тушкунликка тушдим ва ўзимни Яҳованинг халқи орасида бўлишга нолойиқ ҳис қилдим. Виждоним роса қийнарди ва Яҳова мени кечирмаганига амин эдим. Охир-оқибат йиғилишларга боришни ва хизматга чиқишни тўхтатдим». Юқорида тилга олинган вазиятларга тушган имондошларимиз ҳақида қандай фикрдасиз? Уларга ҳамдардмисиз? Энг асосийси Яҳова улар ҳақида нима деб ўйлайди?

ЯҲОВА ҚЎЙЛАРИНИ ЯХШИ КЎРАДИ

Исроиллик чўпон йўқолган қўзичоғига ғамхўрлик қилган (8- , 9- хатбошиларига қаранг.) *

8. Бир вақтлар Унга хизмат қилганларни Яҳова унутадими? Тушунтиринг.

8 Бир вақтлар Унга хизмат қилган, аммо вақтинчалик халқидан узоқлашиб қолган кишиларни Яҳова унутмайди. Унинг хизматида қилган ишларини ҳам ёдида сақлайди. (Иброн. 6:10) Ишаё пайғамбар Яҳова халқига қандай ғамхўрлик қилишини кўрсатиш учун ажойиб мисол келтирган. У Яҳова ҳақида: «Чўпон каби сурувини боқади. Қўли билан қўзиларини бир жойга тўплаб, уларни қўйнида олиб боради»,— деб ёзган. (Ишаё 40:11) Буюк Чўпон бўлмиш Яҳова қўйларидан бири сурувдан узоқлашиб қолса, нималарни ҳис қилади? Исо шогирдларидан қуйидагича сўраганида Яҳованинг туйғуларини очиб берганди: «Нима деб ўйлайсизлар, агар 100 та қўйи бор кишининг битта қўйи йўқолиб қолса, у 99 тасини тоғда қолдириб, йўқолганини излагани бормайдими? Уни топиб олса борми, ишонаверинг, йўқолмаган 99 тасидан кўра, топилган қўйи учун кўпроқ севинади». (Мат. 18:12, 13)

9. Муқаддас Китоб ёзилган пайтларда яхши чўпонлар қўйларига қандай муносабатда бўлишган? (Муқовадаги расмга қаранг.)

9 Нега Яҳовани чўпонга ўхшатса бўлади? Чунки Муқаддас Китоб ёзилган пайтларда чўпонлар қўйлари учун жуда қайғуришган. Масалан, Довуд сурувини ҳимоя қилиш учун шер ва айиқ билан курашган. (1 Шоҳ. 17:34, 35) Яхши чўпон ҳатто битта қўйи йўқолиб қолса ҳам дарров пайқаган. (Юҳан. 10:3, 14) Бундай чўпон 99 та қўйини хавфсиз қўрада ёки бошқа бир чўпоннинг қарамоғида қолдириб йўқолган қўйини излагани борган. Ушбу мисолдан фойдаланиб Исо бизга қуйидаги муҳим ҳақиқатни ўргатмоқчи бўлган: «Самовий Отам ҳам, ўша кичикларнинг бирортаси йўқолишини истамайди». (Мат. 18:14)

Исроиллик чўпон йўқолган қўзичоғига ғамхўрлик қилган (9- хатбошига қаранг.)

ЯҲОВА ҚЎЙЛАРИНИ ИЗЛАБ ТОПАДИ

10. Ҳизқиё 34:11–16 га кўра, Яҳова йўқолган қўзичоғи учун нималар қилишга ваъда берган?

10 Яҳова ҳар биримизни, шу жумладан, сурувдан узоқлашиб қолган «ўша кичикларни» ҳам яхши кўради. Ҳизқиё пайғамбар орқали Аллоҳ йўқолган қўйларини излаб топишни ва уларга маънавий соғлигини тиклашга ёрдам беришни ваъда қилган. Қадимги Исроилда қўзичоғи йўқолиб қолган чўпон муайян қадамларни қўйган, Яҳова ҳам қўзичоғини қутқариш учун шу каби йўл тутишини таъкидлаб ўтган. (Ҳизқиё 34:11–16 ни ўқинг.) Биринчи навбатда чўпон қўзичоғини излашга киришган, бу эса кўп вақт ва куч талаб этган. Йўқолган қўзичоғини топгач, чўпон уни сурувга қайтариб олиб келган. Қолаверса, агар қўзичоқ жароҳатланган ёки очликдан силласи қуриган бўлса, чўпон унга меҳрибонлик ила ёрдам берган, яъни ярасини боғлаган, қўлида кўтариб юрган ва озиқлантирган. «Аллоҳнинг сурувига» чўпонлик қилаётган оқсоқоллар ҳам жамоатдан узоқлашиб қолган ҳар бир кишига ёрдам бериш учун худди шу қадамларни қўйишлари лозим. (1 Бутр. 5:2, 3) Оқсоқоллар уларни излаб топишади, сурувга қайтишларига кўмаклашишади ҳамда керакли маънавий ёрдамни тақдим этиб, севгини намоён этишади *.

11. Яхши чўпон нимани тушунган?

11 Яхши чўпон қўйларидан бири йўқолиб қолиши мумкинлигини тушунган. Агар қўй сурувдан ажралиб қолса, чўпон уни бу учун жазоламаган. Келинг, Ундан вақтинчалик узоқлашиб қолган хизматчиларига Яҳова қандай ёрдам берганининг мисолларини кўриб чиқайлик.

12. Яҳова Юнусга қандай муносабатда бўлган?

12 Юнус пайғамбар унга топширилган вазифани бажаришдан қочган. Шунга қарамай, Яҳова ундан тезда юз ўгирмаган. Яхши чўпон сингари Яҳова уни қутқарган ҳамда вазифасини бажара олиши учун куч ато этган. (Юнус 2:7; 3:1, 2) Кейинроқ Худо қовоқ ўсимлиги ёрдамида Юнусга инсон ҳаётининг қадрини тушунишга кўмаклашган. (Юнус 4:10, 11) Бундан биз учун қандай сабоқ? Оқсоқоллар фаолиятсиз бўлиб қолганлардан тезда юз ўгирмасликлари лозим. Аксинча, улар қўйнинг сурувдан ажралиб қолишига нима сабаб бўлганини тушунишга интилишлари керак. Қўй Яҳованинг олдига қайтганида эса оқсоқоллар унга севги ва ғамхўрлик кўрсатишда давом этишлари даркор.

13. Яҳованинг 73- сано бастакорига қилган муомаласидан нимани ўрганишимиз мумкин?

13 Забурнинг 73- саносини басталаган киши ёвузлар гуллаб-яшнаётганини кўрганида тушкунликка тушган. Унда Худонинг иродасини бажариш арзирмикин, деган шубҳа туғилган. (Заб. 73:12, 13, 16) Яҳова бунга қандай муносабат билдирган? У сано бастакорини ҳукм қилмаган. Худо унинг сўзлари Муқаддас Китобда ёзиб қолдирилишига ғамхўрлик қилган. Секин-аста сано бастакори Яҳова билан яқин дўст бўлишдан яхшироқ нарса йўқлигини англаган. (Заб. 73:23, 24, 26, 28) Бундан биз учун қандай сабоқ? Оқсоқоллар ҳам Яҳовага хизмат қилишнинг фойдаси борлигидан шубҳаланаётган кишиларни дарҳол ҳукм қилмасликлари керак. Аксинча, оқсоқоллар бу кишилар нега бундай гапираётгани ва йўл тутаётганини тушунишга ҳаракат қилишлари лозим. Шундан кейингина оқсоқоллар далда бериш мақсадида Муқаддас Китобдан оятларни ўқиб беришлари мумкин.

14. Нега Илёс ёрдамга муҳтож бўлган ва Яҳова бу ёрдамни қандай тақдим этган?

14 Илёс пайғамбар малика Изабелдан қочиб кетган. (3 Шоҳ. 19:1–3) У ўзидан бошқа ҳеч ким Яҳовага пайғамбар сифатида хизмат қилмаяпти ва унинг хизмати бефойда, деб ўйлаган. Илёс шунчалик тушкунликка тушганидан ўлишни хоҳлаган. (3 Шоҳ. 19:4, 10) Илёсни ҳукм қилиш ўрнига Яҳова уни ёлғиз эмаслигига, Худонинг қудратига таяниши мумкинлигига ҳамда ҳали у қилиши керак бўлган иш жуда кўплигига ишонтирган. Илёс ташвишларини тўкиб солганида Яҳова уни меҳрибонлик ила тинглаган ва унга янги топшириқлар берган. (3 Шоҳ. 19:11–16, 18) Бундан биз учун қандай сабоқ? Барчамиз, айниқса, оқсоқоллар Яҳованинг қўйларига севги ила муомала қилишлари лозим. Борди-ю, кимдир хафа бўлгани ёки ўзини Яҳованинг раҳм-шафқатига нолойиқ ҳис қилаётгани ҳақида гапирса, оқсоқоллар у қалбидагини тўкиб солаётганида уни тинглашади. Сўнг улар ушбу йўқолган қўйни Яҳова уни қадрлашига ишонтиришади.

ХУДОНИНГ ЙЎҚОЛГАН ҚЎЙЛАРИГА ҚАНДАЙ МУНОСАБАТДА БЎЛИШИМИЗ КЕРАК?

15. Юҳанно 6:39 га биноан, Исо Отасининг қўзичоқларига қандай муносабатда бўлган?

15 Яҳова Унинг йўқолган қўйларига қандай муносабатда бўлишимизни истайди? Исо бу борада бизга ўрнак кўрсатган. Исо Яҳованинг барча қўйлари У учун қадрли эканини билган. Шу боис у «адашган қўйларга ўхшаган Исроил халқи» Яҳовага қайтишига ёрдам бериш учун қўлидан келганча ҳаракат қилган. (Мат. 15:24; Луқо 19:9, 10) Яхши чўпон сифатида Исо Яҳованинг бирорта ҳам қўзичоғини йўқотиб қўймаслик учун бор кучини солган. (Юҳанно 6:39 ни ўқинг.)

16, 17. Оқсоқоллар Яҳовадан узоқлашган кишиларга ёрдам бериш борасида қандай фикрда бўлишлари керак? (« Йўқолган қўйларнинг туйғулари» номли рамкага қаранг.)

16 Ҳаворий Павлус Эфесдаги жамоатнинг оқсоқолларини Исога тақлид қилишга ундаган. «Муҳтожларга ёрдам беришингиз кераклигини мен сизларга ҳар соҳада кўрсатганман. Шунингдек, Ҳазратимиз Исонинг: “Олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катта”,— деган сўзларини унутмаслигингиз лозим». (Ҳавор. 20:17, 35) Бу оятдан кўриняптики, оқсоқоллар Яҳованинг халқига ғамхўрлик қилишдек муҳим масъулиятга эга. Испанияда яшовчи Салвадор исмли оқсоқол шундай деб бўлишди: «Яҳова йўқолган қўйлари учун қанчалик қайғуриши ҳақида ўйлаганимда, менинг ҳам уларга қўлдан келганча ёрдам бергим келади. Яҳова мендан маънавий чўпон сифатида уларга ғамхўрлик қилишимни кутишига аминман».

17 Бу мақолада тилган олинган Яҳовадан узоқлашган кишиларнинг барига ортга қайтишларига ёрдам берилган. Ҳозир ҳам фаолиятсиз бўлиб қолган, аммо ортга қайтишни истаётган инсонлар кўп. Кейинги мақолада Яҳовага қайтишлари учун уларга қандай ёрдам беришимиз мумкинлигини батафсил кўриб чиқамиз.

139- ҚЎШИҚ Янги дунёга сайр этайлик

^ абз. 5 Нега Яҳовага йиллар давомида садоқат ила хизмат қилган кишиларнинг баъзилари жамоатдан узоқлашиб кетади? Худо улар ҳақида қандай фикрда? Бу мақолада мазкур саволларга жавоб топамиз. Шунингдек, қадимда Яҳова Ундан вақтинча узоқлашиб қолган кишиларга қандай ёрдам берганидан нимани ўрганишимиз мумкинлигини муҳокама қиламиз.

^ абз. 2 ИБОРА МАЪНОСИ. Олти ой ёки ундан кўпроқ вақт давомида ваъзгўйлик ва шогирд тайёрлаш ишида қатнашгани ҳақида ҳисобот топширмаган киши фаолиятсиз ваъзгўй ҳисобланади. Фаолиятсиз бўлиб қолганига қарамай улар ҳали ҳам имондошларимиз ва биз уларни яхши кўрамиз.

^ абз. 4 Баъзи исмлар ўзгартирилган.

^ абз. 10 Кейинги мақолада оқсоқоллар ушбу учта қадамни қай йўсин қўйишлари кераклиги батафсил тушунтирилади.

^ абз. 60 РАСМГА ШАРҲ. Йўқолган қўзичоғи учун қайғурган исроиллик чўпон уни излаб топарди ва сурувга қайтишига ёрдам берарди. Бугунги кунда маънавий чўпонлар ҳам худди шундай йўл тутишади.

^ абз. 64 РАСМГА ШАРҲ. Фаолиятсиз бўлиб қолган бир имондошимиз автобуси юришини кутаётиб, иккита Шоҳид қувонч ила жамоат жойида ваъз қилаётганини кузатяпти.