Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

22- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Кўзга кўринмайдиган хазиналар учун миннатдорчилик кўрсатинг

Кўзга кўринмайдиган хазиналар учун миннатдорчилик кўрсатинг

Нигоҳимиз... кўринмайдиган нарсаларга қаратилган. Чунки кўринадиганлари вақтинчалик, кўринмайдиганлари эса абадийдир. 2 КОР. 4:18

45- ҚЎШИҚ Қалбим ўйлари

БУ МАҚОЛАДА *

1. Исо самовий хазиналар ҳақида нима деган?

ЭНГ қимматбаҳо хазиналар кўзга кўринмайди. Тоғдаги ваъзида Исо моддий бойликлардан анча устун турувчи самовий хазиналар тўғрисида айтиб ўтган. Сўнг у шундай деб қўшиб қўйган: «Хазинангиз қаерда бўлса, юрагингиз ҳам ўша ерда бўлади». (Мат. 6:19–21) Нимани хазина деб билсак ёки юқори қадрласак, қалбимиз ўша нарсанинг пайида бўлишга ундайди. Худо олдида яхши ном ёки обрў орттирсак, «хазинани осмонда тўпла»ган бўламиз. Исо тушунтирганидек, бундай хазиналар асло йўқ қилинмайди ёки ўғирланмайди.

2. а) 2 Коринфликларга 4:17, 18 га биноан, Павлус бизни нимага диққат қаратишга ундаган? б) Бу мақолада нимани муҳокама қиламиз?

2 Ҳаворий Павлус бизни «нигоҳимиз... кўринмайдиган нарсаларга қаратилган» бўлиши кераклигига ундаган. (2 Коринфликларга 4:17, 18 ни ўқинг.) Ушбу кўринмайдиган хазиналарга биз янги дунёда баҳраманд бўладиган баракалар ҳам киради. Бу мақолада биз ҳозирнинг ўзида фойда олишимиз мумкин бўлган тўртта кўзга кўринмас хазинани, яъни Худо билан дўстлик, ибодат қилиш инъоми, муқаддас руҳнинг кўмаги ҳамда хизматимизда оладиган самовий мададни муҳокама қиламиз. Шунингдек, ушбу кўзга кўринмас хазиналар учун миннатдор эканимизни қандай кўрсатишимиз мумкинлигини ҳам кўриб чиқамиз.

ЯҲОВА БИЛАН ДЎСТЛИК

3. Энг қимматбаҳо кўзга кўринмас хазина нима ва нима туфайли биз унга эга бўла оламиз?

3 Энг қимматбаҳо кўзга кўринмас хазина Худованд Яҳова билан дўстликдир. (Заб. 25:14) Қанақасига муқаддас Аллоҳ гуноҳкор одамлар билан дўст бўлиши мумкин? Исо «дунёнинг гуноҳини бартараф этадиган» тўлов қурбонлигини тақдим этгани учун бунинг иложи бор. (Юҳан. 1:29) Яҳова инсоният учун Нажоткор юбориш борасидаги нияти албатта амалга ошишини олдиндан билган. Шу сабабли Худо Масиҳнинг ўлимидан олдин яшаган одамлар билан ҳам дўстлаша олган. (Рим. 3:25)

4. Масиҳгача яшаб ўтган ва Худонинг дўсти бўлган айрим кишиларнинг мисолини келтиринг.

4 Масиҳгача яшаб ўтган ва Худонинг дўсти бўлган айрим кишиларнинг мисолини кўриб чиқайлик. Иброҳим ниҳоятда кучли имонга эга инсон бўлган. Иброҳим ўлганидан 1 000 йилдан ошиқ вақт ўтгач ҳам Яҳова уни «дўстим» деб атаган. (Ишаё 41:8) Ҳатто ўлим ҳам Яҳовани дўстларидан ажрата олмайди. Иброҳим Яҳованинг хотирасида тирик. (Луқо 20:37, 38) Бошқа бир мисол — Аюб пайғамбар. Барча фаришталар осмонда йиғилган пайтда Яҳова Аюб тўғрисида ишонч билан гапирган. Яҳова у ҳақида: «Бенуқсон, тўғри, худотарс ва ёмонликдан узоқ юради»,— деб айтган. (Аюб 1:6–8) Бутпарастларнинг юртида деярли 80 йил яшаб Худога садоқат ила хизмат қилган Дониёр ҳақида-чи, У қандай фикрда бўлган? Уч маротаба фаришта ушбу кекса кишини у Худо учун «ниҳоятда азиз» инсон эканига ишонтирган. (Дон. 9:23; 10:11, 19) Ҳа, Яҳова севимли дўстларини яна ҳаётга қайтарадиган пайтни интиқиб кутаётганидан шубҳаланмасак ҳам бўлади. (Аюб 14:15)

Кўзга кўринмас хазиналар учун миннатдорчилик билдиришнинг айрим йўллари қандай? (5- хатбошига қаранг.) *

5. Яҳова билан яқин дўст бўлиш учун нима қилиш лозим?

5 Бугунги кунда қанча номукаммал одамлар Яҳова билан яқин дўстликдан баҳраманд бўляпти? Уларнинг сони миллионларча. Дунё бўйлаб кўплаб эркаклар, аёллар ва болалар ўз хулқ-атвори билан Худонинг дўсти бўлишни истаётганини тасдиқламоқда. Яҳова «тўғри киши билан яқин дўст бўлади». (Ҳик. 3:32) Улар Исонинг тўлов қурбонлигига ишонишгани учун бундай дўстликнинг иложи бор. Айнан шу тўлов асосида Яҳова меҳрибонлик ила ўзимизни Унга бағишлаб, сувга чўмишимизга изн берган. Ушбу муҳим қадамларни қўйганимизда, Худога бағишланиб сувга чўмган ва коинотдаги энг улуғ Шахс билан «яқин дўст»ликдан завқ олаётган миллионлаб масиҳийлар қаторига қўшиламиз.

6. Худо билан дўстликни қадрлаётганимизни қай йўсин кўрсата оламиз?

6 Худо билан дўстликни қадрлаётганимизни қай йўсин кўрсата оламиз? Юз йилдан ошиқроқ вақт давомида Худога садоқатини сақлаб қолган Иброҳим ва Аюб сингари биз ҳам Яҳовага бу эски замонада қанча узоқ хизмат қилмайлик садоқатимизни сақлаб қолишимиз лозим. Дониёр каби биз ҳам Худо билан дўстлигимизни ҳаётимиздан устун қўйишимиз керак. (Дон. 6:7, 10, 16, 22) Яҳованинг мадади билан биз дуч келаётган ҳар қандай қийинчиликка сабр-бардош қилиб, У билан яқин муносабатларни сақлаб қола оламиз. (Филип. 4:13)

ИБОДАТ ҚИЛИШ ИНЪОМИ

7. а) Ҳикматлар 15:8 га кўра, Яҳова ибодатларимизга қандай муносабатда? б) Яҳова ибодатларимизга қандай жавоб беради?

7 Кўзга кўринмас яна бир хазина ибодатдир. Яқин дўстлар фикрлари ҳамда туйғулари ҳақида гаплашишни яхши кўришади. Яҳова билан дўстлигимиз ҳақида ҳам шундай деса бўладими? Албатта! Яҳова бизга Ўз Каломи орқали гапиради ва фикрларию туйғуларини очиб беради. Биз эса Унга ибодат орқали гапирамиз ва қалбимиз тубидаги фикрлару туйғуларимиз билан бўлишамиз. Яҳовага ибодатларимизни тинглаш ёқади. (Ҳикматлар 15:8 ни ўқинг.) Севувчи Дўст сифатида Яҳова нафақат ибодатларимизни тинглайди, балки уларга жавоб ҳам беради. Баъзан жавобни тезда оламиз. Баъзан эса муайян масала ҳақида узоқ вақт ибодат қилишимизга тўғри келиши мумкин. Шунга қарамай, ибодатимизнинг жавобини айни керакли пайтда ва энг аъло йўл билан олишимиздан шубҳаланмасак ҳам бўлади. Тўғри, Худонинг жавоби биз кутганимиздан фарқ қилиши мумкин. Масалан, қийинчиликни бартараф қилиш ўрнига У «чидай олиши»миз учун донолик ва куч ато этади. (1 Кор. 10:13)

(8- хатбошига қаранг.) *

8. Ибодат қилишдек бебаҳо инъом учун миннатдор эканимизни қандай кўрсата оламиз?

8 Ибодат қилишдек бебаҳо инъом учун миннатдор эканимизни қандай кўрсата оламиз? Йўлларидан бири «тинмай ибодат қилинглар» деган илоҳий маслаҳатга амал қилишдир. (1 Салон. 5:17) Яҳова бизни ибодат қилишга мажбурламайди. Аксинча, У ирода эркинлигимизни ҳурмат қилади ва «доимо ибодат» қилишга ундайди. (Рим. 12:12) Кун давомида тез-тез ибодат қилиб бу инъомни қадрлаётганимизни кўрсатамиз. Қолаверса, ибодатларимизда Яҳовага раҳмат айтишимиз ва Уни шарафлашимиз даркор. (Заб. 145:2, 3)

9. Битта биродар ибодат тўғрисида нима деди ва сиз қандай фикрдасиз?

9 Яҳовага қанча узоқ хизмат қилсак ва У ибодатларимизга жавоб бераётганини қанча кўп кузатсак, бу инъом учун миннатдорчилигимиз шунча ортиши керак. Мисол учун, сўнгги 47 йилдан бери тўла вақт хизмат қилиб келаётган Крис биродаримизни олайлик. У шундай дейди: «Эрта тонгдан уйғониб Яҳовага ибодат қилиш ниҳоятда ёқимли. Қуёшнинг илк нурлари шудрингни порлатаётган пайтда Яҳова билан гаплашиш роса тетиклик бахш этади! Бу мени барча ҳадяларини, жумладан, ибодат қилиш шарафини бергани учун Унга миннатдорчилик билдиришга ундайди. Кун охирида эса ибодат қилиб бўлгач, тоза виждон билан уйқуга кетиш қанчалар ёқимли».

МУҚАДДАС РУҲ ИНЪОМИ

10. Нега Худонинг муқаддас руҳини қадрлашимиз керак?

10 Қадрлашимиз керак бўлган яна бир кўзга кўринмас хазина Худонинг фаол қудратидир. Исо бизни доим муқаддас руҳ сўраб ибодат қилишга ундаган. (Луқо 11:9, 13) Ўз руҳи орқали Яҳова бизга куч — ҳатто «инсонларникидан устун турган» куч ато этади. (2 Кор. 4:7; Ҳавор. 1:8) Биз дуч келишимиз мумкин бўлган ҳар қандай қийинчиликка муқаддас руҳнинг мадади билан дош бера оламиз.

(11- хатбошига қаранг.) *

11. Муқаддас руҳ бизга қай йўсин ёрдам беради?

11 Муқаддас руҳ Худо хизматидаги вазифаларимизни бажаришга кўмаклашади. Худонинг руҳи бизда бор истеъдоду қобилиятларни янада кучайтира олади. Худога хизмат қилаётиб фақатгина Унинг руҳи туфайли яхши натижаларга эришганимизни тан оламиз.

12. Забур 139:23, 24 га кўра, муқаддас руҳ нима қилишимизга ёрдам беришини сўрасак бўлади?

12 Худонинг муқаддас руҳини қадрлаётганимизни қандай кўрсата оламиз? Бунинг йўлларидан бири — муқаддас руҳ қалбимиздаги нотўғри фикрлару истакларни аниқлашга ёрдам беришини сўраб ибодат қилиш. (Забур 139:23, 24 ни ўқинг.) Бу ҳақида сўрасак, Яҳова Ўз руҳи орқали нотўғри фикрлару мойилликларимизни кўришга ёрдам беради. Нотўғри фикрлар ёки истакларимиз борлигини пайқагач, уларга қарши туриш учун ибодатда Худонинг муқаддас руҳини сўрашимиз лозим. Шундай йўл тутиб, Яҳова бизга муқаддас руҳи орқали ёрдам беришига тўсқинлик қиладиган ҳар қандай нарсадан қочишни истаётганимизни кўрсатамиз. (Эфес. 4:30)

13. Муқаддас руҳ учун миннатдорчилигимизни қай йўсин ошира оламиз?

13 Муқаддас руҳ учун миннатдорчилигимизни оширишнинг яна бир йўли бизнинг давримизда унинг ёрдамида нималар амалга ошгани ҳақида мулоҳаза юритишдир. Осмонга кўтарилишидан олдин Исо шогирдларига шундай деган эди: «Устингизга муқаддас руҳ тушганда, сизлар кучга тўлиб,.. ернинг четларига қадар менинг шоҳидларим бўласизлар». (Ҳавор. 1:8) Ушбу сўзлар ажойиб тарзда амалга ошмоқда. Муқаддас руҳнинг мадади билан тахминан саккиз ярим миллион Яҳованинг топинувчилари ернинг турли чеккаларидан тўпланди. Шунингдек, Аллоҳнинг руҳи севги, севинч, тинчлик, сабр-тоқат, меҳрибонлик, ҳиммат, имон, мулойимлик ва ўзини тута билиш каби гўзал фазилатларни ривожлантиришимизга кўмаклашмоқда. Бу туфайли биз маънавий жаннатдан баҳра оляпмиз. Ушбу фазилатлар «муқаддас руҳ самараси»дир. (Галат. 5:22, 23) Муқаддас руҳ бебаҳо инъом, шундай эмасми?!

ХИЗМАТИМИЗДАГИ САМОВИЙ МАДАД

14. Хизматда қатнашганимизда кимлар бизни қўллаб-қувватлайди?

14 Яҳова, Исо ва фаришталар «билан бирга меҳнат» қилиш ҳам кўзга кўринмас хазинадир. (2 Кор. 6:1) Ҳар қачон хизмат қилганимизда улар билан бирга меҳнат қилган бўламиз. Павлус ўзи ҳамда бу ишда қатнашган бошқалар ҳақида: «Биз Тангрининг хизматдошларимиз»,— деб айтган. (1 Кор. 3:9) Хизматда иштирок этганимизда Исо билан ҳам ҳамкорлик қилган бўламиз. Исо издошларига: «Барча халқлардан шогирд тайёрланглар»,— дея амр бергач, «сизлар билан бўламан» деганини эслайлик. (Мат. 28:19, 20) Фаришталар ҳақида-чи, нима деса бўлади? Фаришталарнинг бошчилиги остида «абадий хушхабар»ни «ер юзида яшовчиларга» эълон қилиш катта барака! (Ваҳ. 14:6)

15. Муқаддас Китобдан хизматимизда ишнинг асосий қисмини Яҳова бажаришини кўрсатувчи мисол келтиринг.

15 Бундай самовий мадад билан нималарни амалга оширяпмиз? Шоҳлик хабарини «сепар» эканмиз, айрим уруғлар хушхабарни қабул қилишга мойил бўлган инсонларнинг қалбига тушиб, униб чиқади. (Мат. 13:18, 23) Бу ҳақиқат уруғлари униб, ҳосил беришига ким сабабчи бўлади? Исо: «Отам бировни жалб қилмаса, ҳеч ким олдимга кела олмайди»,— деб тушунтирган эди. (Юҳан. 6:44) Муқаддас Китобда бунинг яққол мисоли бор. Павлус Филиппи шаҳрининг ташқарисида бир гуруҳ аёлларга шоҳидлик берган воқеани эслайлик. Улардан бири бўлган Лидия исмли аёл ҳақида Муқаддас Китобда нима дейилганига эътибор беринг: «Павлуснинг гапларини қабул қилсин, дея Яҳова унинг юрагини очди». (Ҳавор. 16:13–15) Лидия сингари миллионлаб одамларни Яҳова жалб қилган.

16. Хизматда эришаётган муваффақиятимиз учун ким шарафга лойиқ?

16 Хизматда эришаётган муваффақиятимиз учун ким шарафга лойиқ? Павлус Коринфдаги жамоат ҳақида қуйидаги сўзларни ёзганида, бу саволга жавоб берган: «Мен экканман, Аполлос суғорган, аммо ўстирган Худодир. Демак, эккан ҳам, суғорган ҳам эмас, балки ўстирган Аллоҳ улуғланиши лозим». (1 Кор. 3:6, 7) Павлус каби биз ҳам хизматда эришилган яхши натижалар учун шарафни Яҳовага йўллашимиз даркор.

17. Яҳова, Исо ва фаришталар «билан бирга меҳнат» қилаётганимиздан миннатдор эканимизни қандай кўрсата оламиз?

17 Яҳова, Исо ва фаришталар «билан бирга меҳнат» қилишдек шараф учун миннатдор эканимизни қандай кўрсата оламиз? Масалан, бошқалар билан хушхабарни бўлишиш учун ғайрат ила имконият изласак бўлади. Бунинг бир нечта йўли бор, мисол учун, «эл олдида ҳамда уйма-уй юриб» шоҳидлик бериш. (Ҳавор. 20:20) Кўпчиликка норасмий шоҳидлик бериш ҳам жуда ёқади. Улар одамни учратганида хушмуомалалик ила саломлашади ва суҳбат бошлашга интилади. Агар одам ижобий муносабат билдирса, улар мулойимлик ила Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни айтишади.

(18- хатбошига қаранг.) *

18, 19. а) Ҳақиқат уруғларини қандай суғорамиз? б) Яҳова Муқаддас Китобни тадқиқ қилган бир кишига қандай ёрдам берганини айтиб беринг.

18 «Тангрининг хизматдошлари» сифатида биз нафақат ҳақиқат уруғларини экишимиз, балки уларни суғоришимиз ҳам лозим. Кимдир қизиқиш кўрсатганида, биз Муқаддас Китоб тадқиқини бошлашни кўзлаймиз. Шу боис, у билан ўзимиз қайта кўришишга ёки кимдир боғланишига қўлдан келганча ҳаракат қиламиз. Тадқиқ давомида Яҳова бўлажак шогирднинг қалбию онгини қандай шакллантираётганини кўриб хурсанд бўламиз.

19 Ўтмишда азайимхон бўлган Жанубий Африкада яшовчи битта биродарнинг мисолини кўриб чиқайлик. Муқаддас Китоб тадқиқи давомида билиб олганлари унга жуда ёққан. Аммо Муқаддас Китобда аждодларнинг руҳи билан алоқа қилиш тўғрисида айтилганларни қабул қилиш у учун қийин бўлган. (Қонун. 18:10–12) Аста-секин у Худо фикрлаш тарзини шакллантиришига йўл қўйган. Бу унинг ягона даромад манбаи бўлишига қарамай, вақти келиб у азайимхонликни ташлаган. Ҳозир 60 ёшда бўлган бу биродаримиз шундай дейди: «Яҳованинг Шоҳидлари менга ҳар томонлама, жумладан, иш топишимга ҳам ёрдам беришгани учун ниҳоятда миннатдорман. Ҳаммасидан ҳам ҳаётимга ўзгаришлар киритишга кўмаклашгани учун Яҳовадан миннатдорман, чунки энди сувга чўмган Шоҳидлардан бири сифатида хизматда қатнаша оламан».

20. Нима қилишни истайсиз?

20 Мазкур мақолада биз кўзга кўринмайдиган тўртта хазинани муҳокама қилдик. Улар ичида энг қимматбаҳоси Яҳова билан яқин дўст бўлиш шарафидир. Бу эса кўзга кўринмайдиган бошқа хазиналардан фойда олишимизга йўл очади, жумладан, Унга ибодат қилиш, муқаддас руҳнинг кўмагини ҳис қилиш ҳамда хизматимизда самовий мадад олиш. Ушбу кўзга кўринмас хазиналар учун миннатдорчилигимизни янада оширишни истаймиз. Шунчалик ажойиб Дўст бўлгани учун Яҳовага раҳмат айтишдан тўхтамайлик!

145- ҚЎШИҚ Аллоҳ ваъда қилган жаннат

^ абз. 5 Олдинги мақолада Худо тақдим этган кўзга кўринадиган хазиналардан бир нечтасини муҳокама қилдик. Мазкур мақола эса биз кўра олмайдиган хазиналарга ҳамда улар учун миннатдорчиликни қандай намоён этишимиз мумкинлигига диққат қаратади. Шунингдек, бундай хазиналарнинг Манбаи бўлмиш Худованд Яҳовага миннатдорчилигимизни оширади.

^ абз. 58 РАСМГА ШАРҲ. 1) Яҳованинг ижодларини кузатаётиб, имондошимиз У билан дўстлиги ҳақида мулоҳаза юритяпти.

^ абз. 60 РАСМГА ШАРҲ. 2) Ўша имондошимиз шоҳидлик бериш учун Яҳовадан куч сўраяпти.

^ абз. 62 РАСМГА ШАРҲ. 3) Муқаддас руҳ ёрдамида имондошимиз жасорат ила Шоҳлик хабарини бўлишяпти.

^ абз. 64 РАСМГА ШАРҲ. 4) Имондошимиз ўзи норасмий тарзда шоҳидлик берган аёл билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказяпти. Имондошимиз фаришталарнинг кўмаги билан ваъзгўйлик ва шогирд тайёрлаш ишида қатнашяпти.