Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

1- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

«Боринглар,.. шогирд тайёрланглар. Уларни... сувга чўмдиринглар»

«Боринглар,.. шогирд тайёрланглар. Уларни... сувга чўмдиринглар»

2020 ЙИЛНИНГ ОЯТИ: Шунинг учун боринглар,.. шогирд тайёрланглар. Уларни... сувга чўмдиринглар. МАТ. 28:19

79- ҚЎШИҚ Пок қалбга собит қолишни ўргатайлик

БУ МАҚОЛАДА *

1–2. Исонинг қабри ёнида фаришта аёлларга нима деди ва Исонинг ўзи уларга қандай йўл-йўриқ берди?

МИЛОДИЙ 33 йил 16 нисон. Тонг саҳар пайти. Бир гуруҳ худотарс аёллар юракларида оғир бир дард билан қабр томон йўл олишди. Бир ярим кундан ошиқроқ вақт олдин Ҳазрати Исо Масиҳнинг жасади ўша қабрга қўйилган эди. Аёллар у учун хушбўй ўтлар ва мойлар тайёрлаб қабр бошига келишганида, қабр бўш эканини кўриб донг қотиб қолишди! Фаришта аёлларга Исо тирилганини айтди ва шундай деб қўшиб қўйди: «У сизлардан аввал Жалилага кетяпти. Ўша ерда уни кўрасизлар». (Мат. 28:1–7; Луқо 23:56; 24:10)

2 Аёллар қабрни тарк этгач, Исонинг ўзи уларга учради ва қуйидаги йўл-йўриқни берди: «Бориб, биродарларимга хабар беринглар, улар Жалилага боришсин. Мени ўша ерда кўришади». (Мат. 28:10) Исо тирилганидан кейин қилган биринчи иши шогирдлари билан учрашув ташкил этиш эди. Бу учрашувда у шогирдларига жуда муҳим кўрсатмалар берди.

АМР КИМЛАРГА БЕРИЛГАН?

Тирилган Исо Жалилада ҳаворийлари ва бошқалар билан учрашиб, қуйидагича йўл-йўриқ беради: «Боринглар,.. шогирд тайёрланглар». (3–4- хатбошиларига қаранг.)

3–4. Нега Матто 28:19, 20 даги амр фақатгина ҳаворийларга берилмаган дея оламиз? (Муқовадаги расмга қаранг.)

3 Матто 28:16–20 ни ўқинг. Ташкил этган учрашувда Исо шогирдлари биринчи аср давомида амалга ошириши керак бўлган муҳим иш ҳақида гапирди. Бугунги кунда биз ҳам бу ишни бажаряпмиз. Исо шундай деган: «Шунинг учун боринглар, барча халқлардан шогирд тайёрланглар. [...] Мен сизларга амр этган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар».

4 Исо унинг барча издошлари ваъз қилишини истайди. Унинг амри 11 та садоқатли ҳаворийси билан чегараланиб қолмайди. Бунга бизни нима ишонтиради? Жалиладаги тоғда шогирд тайёрлаш амрини берганда у ерда фақат ҳаворийлар бўлганми? Фариштанинг аёлларга айтган мана бу сўзларини эсланг: «Ўша ерда [Жалилада] уни кўрасизлар». Демак, ўша учрашувда бу садоқатли аёллар ҳам бўлган бўлиши керак. Улардан ташқари бошқалар ҳам бор эди. Ҳаворий Павлуснинг ёзишича, Исо «бирданига 500 дан ортиқ биродарларга кўринди». (1 Кор. 15:6) Бу қаерда юз берди?

5. Коринфликларга биринчи мактуб 15:6 да Матто 28- бобдаги воқеалар назарда тутилган, деб айтиш учун қандай сабаблар бор?

5 Коринфликларга биринчи мактуб 15:6 да Павлус Матто 28- бобдаги воқеани назарда тутган деб ўйлашимиз учун бизда асосли сабаблар бор. Бу қанақа сабаблар экан? Биринчидан, Исонинг аксар шогирдлари Жалиладан эди. Қуддусдаги бирорта хонадондан кўра Жалиладаги тоғ бунча кўп одам йиғилиши учун анча қулай жой бўлган. Иккинчидан, тирилган Исо бундан олдин 11 та ҳаворийси билан Қуддусдаги хонадонлардан бирида учрашган эди. Ваъз қилиш ва шогирд тайёрлаш борасида фақатгина ҳаворийларига кўрсатма беришни истаганида, Исо уларни, аёлларни ва бошқаларни Жалилага учрашувга чақирмасдан, Қуддусда буни қилиб қўя қоларди. (Луқо 24:33, 36)

6. Қандай қилиб Матто 28:20 шогирд тайёрлаш амри бугунги кунга ҳам тааллуқли эканини кўрсатмоқда ва бу амрга қандай миқёсда амал қилинмоқда?

6 Исонинг амри 11 та садоқатли ҳаворийси билан чегараланмаган, деб айтиш учун учинчи муҳим сабабга эътибор беринг. Исонинг шогирд тайёрлаш ҳақидаги амри биринчи асрда яшаган масиҳийлар билан чегараланмаган. Буни қаердан биламиз? Исо издошларига берган кўрсатмасини қуйидаги сўзлар билан якунлади: «Замонанинг охиригача мен доимо сизлар билан бўламан». (Мат. 28:20) Исо айтганидек кўплар ҳозирга қадар шогирд тайёрламоқда. Бир ўйлаб кўринг, ҳар йили тахминан 300 000 киши Яҳованинг Шоҳиди сифатида сувга чўмади ва Исо Масиҳнинг шогирди бўлади!

7. Ҳозир нимани муҳокама қиламиз ва нега?

7 Муқаддас Китобни тадқиқ қилувчиларнинг кўпи маънан ўсиб сувга чўмади. Бироқ мунтазам тадқиқ қилувчиларнинг баъзилари шогирд бўлишдан қўрқади. Тадқиқ уларга ёқади, лекин улар сувга чўмиш учун маънан ўсмайди. Агар қизиқаётган киши билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётган бўлсангиз, унга ўрганганларини қўллашга ва Масиҳнинг шогирди бўлишга ёрдам бераётганингизга ишончимиз комил. Ушбу мақолада тадқиқ қилувчига Яҳовани севишга ва маънан ўсишга қандай ёрдам беришимиз мумкинлиги ҳақида гап боради. Нега бу мавзуни муҳокама қилишга эҳтиёж туғилди? Чунки айрим ҳолларда тадқиқни давом эттириш ёки тўхтатиш қарорини чиқаришимизга тўғри келади.

ЯҲОВАНИ СЕВИШГА КЎМАКЛАШИНГ

8. Тадқиқ қилувчи Яҳовани севиши нега қийин бўлиши мумкин?

8 Яҳова одамлар Уни севгани туфайли Унга хизмат қилишларини хоҳлайди. Бизнинг мақсадимиз — тадқиқ қилувчиларга Яҳова уларга ғамхўрлик қилишини ва жуда яхши кўришини тушунтиришдан иборат. Уларга Яҳова «етимларнинг Отаси, беваларнинг ҳимоячиси» эканини англаб етишга кўмаклашишни истаймиз. (Заб. 68:5) Сиз таълим бераётган киши Худо уни қанчалик севишини тушунса, жавобан у ҳам Худони сева бошлаши мумкин. Тадқиқ қилувчиларнинг баъзилари ўз отасидан севги ва меҳрни кўрмагани учун, Яҳовани севувчи Ота сифатида қабул қилиши қийин бўлиши мумкин. (2 Тим. 3:1, 3) У ҳолда тадқиқ пайтида Яҳованинг жозибадор фазилатларига урғу беринг. Севувчи Тангримиз улар абадий ҳаётга эга бўлишини истаётганини ва бу мақсадга эришишлари учун уларга ёрдам беришга тайёр эканини тушунишга кўмаклашинг. Яна нима қилсак бўлади?

9–10. Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказиш учун қайси китоблардан фойдаланишимиз керак ва нега?

9 «Муқаддас Китоб ҳақиқатлари» ва «Келинг, Худонинг меҳр-муҳаббатида қолайлик» китобларидан фойдаланинг. Мазкур китоблар тадқиқ қилувчининг қалбида Яҳовага нисбатан севги уйғонишига кўмаклашиш мақсадида тузилган. Мисол учун, «Ҳақиқатлар» китобининг биринчи бобида қуйидаги саволларга жавоблар берилган: Худо раҳмдилми ёки шафқатсизми? Азоб чекканимизда Худо нималарни ҳис қилади? Яҳованинг дўсти бўла оласизми? «Худонинг меҳр-муҳаббати» китоби ҳам ўзгача аҳамиятга эга. Ушбу адабиёт тадқиқ қилувчига Муқаддас Китоб принципларига амал қилиш ҳаётини яхшилашини тушунишга ва Яҳовага янада яқин бўлишга ёрдам беради. Агар сиз бу адабиётлар ёрдамида бошқалар билан тадқиқ ўтказаётган бўлсангиз, ҳар бир тадқиққа пухта тайёргарлик кўринг ва тадқиқ қилувчининг ўзига хос эҳтиёжларини ёдда тутинг.

10 Дейлик, тадқиқ қилувчи «Ҳақиқатлар» ва «Худонинг меҳр-муҳаббати» китобларида бўлмаган мавзу билан қизиқмоқда. Тадқиқ қилишни тўхтатмаслик учун, балки уни ўша мавзу ёритилган адабиётни шахсан тадқиқ қилишга ундарсиз.

Тадқиқни ибодат билан бошланг (11- хатбошига қаранг.)

11. Қачон ибодат қилишни бошлаш мақсадга мувофиқ ва тадқиқ қилувчига бу муҳим эканини қай йўсин тушунтирсак бўлади?

11 Тадқиқни ибодат билан бошланг. Одатда, тадқиқни бошлашдан ва тугатишдан аввал ибодат қилишни имкон борича тезроқ бошлаш мақсадга мувофиқдир. Масалан, мунтазам тадқиқ бошлаганимизнинг илк бир неча ҳафтасидаёқ бундай қилсак яхши бўларди. Унга Муқаддас Китобни фақатгина Аллоҳнинг муқаддас руҳи ёрдамида англаб ета олишимиз мумкинлигини тушунишига кўмаклашишимиз керак. Айрим ваъзгўйлар нега ибодат қилиш муҳимлигини Ёқуб 1:5 даги мана шу сўзларни келтириб тушунтиришади: «Агар орангиздаги бирор кишига донолик етишмаётган бўлса,.. Худодан сўраб турсин». Кейин эса тадқиқ қилувчига: «Қандай қилиб Худодан донолик сўрашимиз мумкин?» — деб савол беришади. У дуо қилиш керак, деб айтар.

12. Қандай қилиб Забур 139:2–4 ни қўллаб, тадқиқ қилувчига ибодатларининг сифатини яхшилашига ёрдам бера оласиз?

12 Тадқиқ қилувчини қандай ибодат қилиш кераклигига ўргатинг. Яҳова унинг самимий ибодатларини эшитишни хоҳлаётганини унга тушунтиринг. Шахсий ибодатда Яҳовага қалбимизни очишимиз, яъни ҳеч кимга айтишни хоҳламаган туйғуларимизни Унга тўкиб солишимиз мумкинлигини айтинг. Унутмангки, Яҳова ич-ичимиздаги фикр-хаёлларимизни билади. (Забур 139:2–4 ни ўқинг.) Шунингдек, уни нотўғри фикрлаш тарзини ўзгартириш ва ёмон одатларни енгиш учун Аллоҳдан ёрдам беришини сўрашга ундашимиз мумкин. Айтайлик, муайян вақтдан бери тадқиқ қилувчи Худонинг хизматчилари нишонламайдиган байрамни ёқтиради. У бу нотўғри эканини билади, лекин барибир унинг баъзи томонларини хуш кўради. Уни Яҳовага айнан нималарни ҳис қилаётганини айтишга ва фақат У яхши кўрадиган нарсаларга кўнгил боғлашга ёрдам беришини ибодатда айтишга унданг. (Заб. 97:10)

Тадқиқ қилувчини йиғилишларга таклиф қилинг (13- хатбошига қаранг.)

13. а) Нега тадқиқ қилувчини имкон қадар тезроқ йиғилишларга таклиф қилишимиз лозим? б) Бу киши ўзини йиғилишда бемалол ҳис эта олиши учун нима қилишимиз мумкин?

13 Тадқиқ қилувчини имкон қадар тезроқ йиғилишларга таклиф қилинг. У учрашувларда эшитган ва кўрган нарсалари қалбини забт этиб, маънан ўсишига кўмаклашади. Унга «Йиғилиш залида нималар бўлади?» номли видеони кўрсатиб, уни сиз билан бирга боришга чин дилдан таклиф қилинг. Имкон бўлса транспорт масаласида ҳам унга ёрдам беринг. Тадқиққа турли ваъзгўйларни таклиф қилсангиз яхши бўларди. Шунда, тадқиқ қилувчи жамоатдагилар билан танишади, йиғилишларга борганда эса ўзини бемалол ҳис эта олиши мумкин.

ТАДҚИҚ ҚИЛУВЧИГА МАЪНАН ЎСИШГА КЎМАКЛАШИНГ

14. Тадқиқ қилувчига маънан ўсишга нима ёрдам бериши мумкин?

14 Мақсадимиз тадқиқ қилувчига маънан ўсишга ёрдам беришдан иборат. (Эфес. 4:13) Тадқиқ бошлаганимизда, инсон асосан бундан қандай фойда олиши билан қизиқар. Аммо Яҳовага бўлган севгиси ортгани сайин у бошқаларга, жумладан, жамоатдагиларга ҳам қандай ёрдам бера олиши тўғрисида фикр юрита бошлаши мумкин. (Мат. 22:37–39) Ўринли бўлганда, ваъзгўйлик фаолиятимизни моддий тарафдан қўллаб-қувватлаш имкони борлигини айтишдан тортинманг.

Муаммолар юзага келганда, унга қандай йўл тутиш мумкинлигини ўргатинг (15- хатбошига қаранг.)

15. Муаммо юз берганда тадқиқ қилувчига тўғри йўл тутишга қандай ёрдам беришимиз мумкин?

15 Муаммолар юзага келганда, қандай йўл тутиш мумкинлигини ўргатинг. Дейлик, тадқиқ қилувчи сувга чўммаган ваъзгўй ва уни битта имондошимиз хафа қилганини сизга айтди. Тарафкашлик қилишнинг ўрнига, Муқаддас Китобга кўра қандай йўл тутиши кераклигини тушунтиринг. У имондошимизни кечириб, бўлиб ўтганларни унутиб юбориши мумкин. Бундай қила олмаса, у билан севги ва мулойимлик ила гаплашиб олиши керак. Шу йўсин, у имондошимизни «қайтариб олган бўлади». (Матто 18:15 ни солиштиринг.) Нима деб айтиши борасида тайёргарлик кўришига ёрдам беринг. Муаммони ҳал қилишда қўл келадиган маслаҳатларни топиш учун JW Library® иловаси, «Яҳованинг Шоҳидлари изланиш олиб бориши учун қўлланма» ва jw.org® сайтидан қандай фойдаланиш мумкинлигини кўрсатинг. У сувга чўммасидан олдин қанча кўп таълим олса, сувга чўмганидан кейин жамоатдагилар билан шунча яхши муносабатлар қура олади.

16. Нима учун бошқа ваъзгўйларни тадқиққа таклиф қилиш фойдали?

16 Жамоатдагиларни ва туман нозири ташриф буюрганда, уни ҳам тадқиққа таклиф қилинг. Нима учун? Юқорида санаб ўтилган сабаблардан ташқари, бошқа ваъзгўйлар тадқиқ қилувчига сиз бера олмаётган ёрдамни тақдим эта олиши мумкин. Масалан, у чекишни ташлашга ҳаракат қилди, лекин бир неча марта чекиб қўйди. Шунда, тадқиққа бу одатни ташлаган ваъзгўйни таклиф қилинг, балки унга ҳам чекишни ташлаш қийин кечгандир. Эҳтимол, бу ваъзгўй у эшитиши керак бўлган амалий маслаҳат берар. Агар тажрибали имондошимиз билан бирга тадқиққа келиб, уни ўтказишдан уялаётган бўлсангиз, тадқиқни у ўтказишини таклиф қилинг. Бошқаларни таклиф қилганингизда, тадқиқ қилувчи уларнинг тажрибасидан ўрганади. Мақсадимиз унга маънан ўсишга ёрдам беришдан иборат эканини унутманг.

ТАДҚИҚНИ ТЎХТАТИШИМ КЕРАКМИ?

17–18. Тадқиқни тўхтатиш ёки тўхтатмаслик қарорини чиқаришингиз керак бўлса, нималарни инобатга олишингиз лозим?

17 Агар тадқиқ қилувчи маънан ўсмаётган бўлса, ўзингиздан: «Тадқиқни тўхтатишим керакми?» — деб сўраб кўрарсиз. Бундай қарорга келишдан аввал, унинг қобилиятини инобатга олинг. Негаки, ҳар бир кишининг ўсиш жараёни турлича. Ўзингизга шундай саволлар беринг: «У ўз вазиятига мос суръатда маънан ўсяптими? Ўрганганларига “амал қилишни” бошладими?» (Мат. 28:20) Тадқиқ қилувчи секин-аста маънан ўсиши мумкин, аммо ҳаётида шунга яраша ўзгаришлар ҳам қилиши лозим.

18 Борди-ю, муайян вақт давомида тадқиқ қилувчи тадқиқни унча муҳим деб билмаётган ёки умуман қадрламаётган бўлса-чи, нима қилишимиз керак? Айтайлик, тадқиқ қилувчи «Ҳақиқатлар» китобини тугатиб, эҳтимол, ҳатто «Худонинг меҳр-муҳаббати» китоби асосида тадқиқ бошлагандир. Лекин бирор марта йиғилишга ва ҳатто Қутлуғ Кечликка ҳам келмади. Қолаверса, арзимаган сабабларга кўра тез-тез тадқиқни бекор қилади. Сиз тадқиқ ўтказаётган киши ҳам шундай йўл тутаётган бўлса, у билан бу ҳақида очиқ-ойдин гаплашиб олишингиз даркор *.

19. Киши тадқиқни унча муҳим деб билмаётгандай туюлса, унга нима дейишингиз мумкин ва нима ҳақида ўйлаб кўришингиз керак?

19 Суҳбатни шундай савол билан бошласангиз бўлади: «Сизнингча, Яҳованинг Шоҳиди бўлишингизга халақит қилаётган энг катта тўсиқ нима?» Тадқиқ қилувчи жавобан: «Тадқиққа қарши эмасман, лекин умримда Яҳованинг Шоҳиди бўла олмайман»,— деб айтар. Муайян вақт давомида тадқиқ ўтган инсоннинг бу жавоби наҳотки тадқиқни тўхтатиш кераклигини кўрсатмаса?! Лекин тадқиқ қилувчи нега маънан ўсмаётганининг сабабини биринчи марта айтаётгандир. Мисол учун, у ҳеч қачон уйма-уй ваъз қила олмайман, деб бўлишар. Унинг туйғуларини билгач эса, унга қандай ёрдам бера олишингиз мумкинлигини яхшироқ тушунасиз.

Маънавий қадамлар қўймаётган киши билан тадқиқ ўтказманг (20- хатбошига қаранг.)

20. Ҳаворийлар 13:48- оят тадқиқни давом эттириш-эттирмаслик қарорини қабул қилишга қандай ёрдам беради?

20 Минг афсуски, тадқиқ қилувчиларнинг баъзилари Ҳизқиё давридаги исроилликларга ўхшайди. Яҳова Ҳизқиёга улар тўғрисида нима деб айтганига эътибор беринг: «Аслида сен улар учун хуш овозли, торли асбобларни маҳорат ила чаладиган, севги ҳақида қўшиқ куйлаётган одам кабисан. Улар сўзларингни тинглашади-ю, аммо ҳеч бири уларга риоя қилмайди». (Ҳиз. 33:32) Эҳтимол, тадқиқни тўхтатмоқчи эканингизни унга айтиш осонмасдир. Бироқ «вақт ҳам оз қолди». (1 Кор. 7:29) Умуман маънавий қадамлар қўймаётган киши билан тадқиқ ўтказишнинг ўрнига, «мангу ҳаётга элтувчи ҳақиқатни қабул қилишга мойил бўлган» инсонларни излашга интилишимиз керак. (Ҳаворийлар 13:48 ни ўқинг.)

Ҳудудингизда Худони излаётган бошқа инсонлар бўлиши мумкин (20- хатбошига қаранг.)

21. Қайси оят 2020 йил учун танланди ва у бизга қандай ёрдам беради?

21 2020 йил учун танланган оят бу йил давомида шогирд тайёрлаш ишида янада маҳоратли бўлишимизга кўмаклашади. У Исо Жалила тоғидаги муҳим учрашувда айтган қуйидаги баъзи сўзларини ўз ичига олади: «Шунинг учун боринглар,.. шогирд тайёрланглар. Уларни... сувга чўмдиринглар». (Мат. 28:19)

Шогирд тайёрлаш ишида маҳоратли бўлиб, тадқиқ қилувчиларга сувга чўмишга ёрдам бериш қароримиз қатъий бўлсин (21- хатбошига қаранг.)

70- ҚЎШИҚ Муносиб бўлганларни излайлик

^ абз. 5 2020 йил учун танланган оят бизни «шогирд тайёрлашга» ундайди. Ушбу амр Яҳованинг барча хизматчиларига тааллуқли. Муқаддас Китобни тадқиқ қилувчиларни Исонинг шогирди бўлишга қандай ундай оламиз? Ушбу мақола тадқиқ қилувчиларга Яҳовага янада яқинроқ бўлишига қандай ёрдам бера олишимиз мумкинлигини кўрсатади. Бундан ташқари, тадқиқни давом эттириш ёки тўхтатиш қарорини чиқариш масаласи ҳам муҳокама қилинади.

^ абз. 18 JW Интернет-телевидениесида «Самарасиз Муқаддас Китоб тадқиқларини тўхтатиш» номли видеони томоша қилинг.