Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

2- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Бошқаларга «яхшигина тасалли» бера оласиз

Бошқаларга «яхшигина тасалли» бера оласиз

Улар... Худонинг Шоҳлиги йўлида... ҳамкорларимдир. Улар менга яхшигина тасалли беришган. КОЛОС. 4:11

90- ҚЎШИҚ Бир-биримизга далда берайлик

БУ МАҚОЛАДА *

1. Яҳованинг кўп хизматчилари ташвишга соладиган қандай вазиятларга дуч келмоқда?

ДУНЁ бўйлаб Яҳованинг кўп хизматчилари уларни ташвишга соладиган ёки ҳатто тушкунликка туширадиган вазиятларга дуч келмоқда. Жамоатингизда ҳам бундай вазиятларни кузатяпсизми? Айрим масиҳийлар жиддий касалликка йўлиқади ёки яқини ҳаётдан кўз юмади. Бошқалар эса оила аъзоси ёки яқин дўсти Яҳовага хизмат қилмай қўйганини кўриб, қалбида қаттиқ оғриқ билан курашади. Яна бошқалар табиий офатлар дастидан азоб чекади. Бу каби биродару опа-сингилларимизнинг бари тасаллига муҳтож. Хўш, уларга қандай ёрдам бера оламиз?

2. Нима учун ҳаворий Павлус баъзида тасаллига муҳтож бўлган?

2 Ҳаворий Павлуснинг ҳаёти кўп марта хавф остида қолган. (2 Кор. 11:23–28) Устига-устак, у баданини «гўё тикандек азоблайдиган» дард билан курашган. Эҳтимол, бу соғлик муаммоси бўлгандир. (2 Кор. 12:7) Бундан ташқари, қачонлардир ҳамкори бўлган Димас «дунёнинг ишларига меҳр қўйиб» уни тарк этганида унинг умиди пучга чиққан. (2 Тим. 4:10) Павлус бошқаларга чин дилдан ёрдам берган жасоратли ва мойланган масиҳий эди, лекин гоҳида руҳи тушган. (Рим. 9:1, 2)

3. Қай йўсин Павлусга тасалли ва ёрдам берилди?

3 Павлусга у муҳтож бўлган тасалли ва ёрдам берилди. Қанақасига? Шубҳасизки, Яҳова муқаддас руҳи ёрдамида уни мустаҳкамлади. (2 Кор. 4:7; Филип. 4:13) Шунингдек, Яҳова унга имондошлари орқали тасалли берди. Павлус баъзи имондошлари ҳақида шундай деган: «Улар менга яхшигина тасалли беришган». (Колос. 4:11) У номма-ном тилга олганлар орасида Аристарх, Тихик ва Марк бор эди. Улар уни қўллаб-қувватлаб, сабр-бардошли бўлишига ёрдам беришди. Бу учта масиҳий қайси фазилатлар ёрдамида шундай тасалли бера олди? Бир-биримизга тасалли беришга интилар эканмиз, қай йўсин уларнинг ажойиб ўрнагига эргаша оламиз?

САДОҚАТЛИ АРИСТАРХ

«Оғир пайтда» имондошимизга таянч бўлиб, Аристарх каби садоқатли дўст бўла оламиз (4–5- хатбошиларига қаранг.) *

4. Аристарх Павлуснинг садоқатли дўсти эканини қандай кўрсатган?

4 Салоникадан бўлган македониялик Аристарх Павлуснинг садоқатли дўсти эканини кўрсатган. Павлус учинчи ваъзгўйлик сафарида Эфесга ташриф буюрганида Аристарх ҳақида илк бор ўқиймиз. У Павлусга ҳамроҳлик қилганда оломоннинг қўлига тушган. (Ҳавор. 19:29) Озод бўлганида эса, у ўз хавфсизлигини ўйламаган, аксинча, садоқат ила Павлуснинг ёнида қолган. Бир неча ой ўтгач, Юнонистонда душманлар ҳали ҳам Павлусни ўлдиришга ҳаракат қилаётганда, Аристарх уни тарк этмаган. (Ҳавор. 20:2–4) Тахминан мил. 58 йили Павлус маҳбус сифатида Римга юборилганда, Аристарх унга ҳамроҳлик қилган ва кема ҳалокатини ҳам биргаликда бошдан кечиришган. (Ҳавор. 27:1, 2, 41) Римга келишгач, у муайян вақт давомида Павлус билан бирга қамоқда бўлганга ўхшайди. (Колос. 4:10) Ёнида шундай садоқатли ҳамкори бўлганидан Павлус далдага тўлиб, тасалли олгани ажабланарли эмас.

5. Ҳикматлар 17:17 га кўра, қай йўсин садоқатли дўст бўла оламиз?

5 Нафақат яхши пайтда, балки «оғир дамда» ҳам биродару опа-сингилларимизга таянч бўлиб, Аристарх сингари садоқатли дўст эканимизни кўрсатамиз. (Ҳикматлар 17:17 ни ўқинг.) Қийинчилик ортда қолган бўлса ҳам, имондошимиз узоқ вақт давомида тасаллига муҳтож бўлиши мумкин. Уч ой ичида саратон касаллиги туфайли ҳам отасидан, ҳам онасидан айрилган Феруза * қуйидагича деди: «Менимча, қийинчиликлар узоқ вақт азоб чекишимизга сабаб бўлади. Ота-онамнинг вафотидан муайян вақт ўтган бўлса-да, ҳанузгача оғриқни ҳис қилишимни ёдида тутадиган садоқатли дўстларим борлиги учун миннатдорман».

6. Садоқатли бўлсак, қандай йўл тутамиз?

6 Имондошини қўллаб-қувватлаш учун садоқатли дўстлар фидойилик қилади. Масалан, биродар Питерга шифокор аҳволи тезда ёмонлашиб ҳаётдан кўз юмишини айтди. Унинг турмуш ўртоғи Кэтрин шундай деди: «Жамоатимиздаги бир жуфтлик Питерга ташхис қўйилган касалхонага бизни кўрикка олиб борди. Ўшанда улар бу оғриқли вазиятда бизни ёлғиз қолдирмаслигини айтишди. Қачон ёрдамга муҳтож бўлмайлик, улар доим ёнимизда». Ҳа, қийинчиликларда бардошли бўлишимизга ёрдам берадиган чин дўстлар борлиги нақадар тасалли бахш этади!

ИШОНЧЛИ ТИХИК

Бошқалар муаммолар билан курашганда, Тихик каби ишончли дўст бўла оламиз (7–9- хатбошиларига қаранг.) *

7–8. Колосаликларга 4:7–9 га биноан, Тихик ишончли эканини қай йўсин кўрсатди?

7 Тихик Римнинг Осиё вилоятидан бўлиб, Павлуснинг содиқ ҳамкори эди. (Ҳавор. 20:4) Тахминан мил. 55 йили Павлус Яҳудиядаги масиҳийларга ёрдам бериш учун пул йиғишни ташкиллаштиради. Эҳтимол, бу муҳим вазифани бажаришда Тихик унга ёрдам бергандир. (2 Кор. 8:18–20) Кейинчалик Павлус Римда илк бор қамоқда бўлганида, Тихик унинг хабарларини етказиб туради. У Павлуснинг далдали мактубларию хабарларини Осиёдаги жамоатларга етказарди. (Колос. 4:7–9)

8 Тихик Павлуснинг ишончли дўсти бўлиб қолган. (Титус. 3:12) Ўша пайтда ҳамма масиҳийлар ҳам Тихик сингари ишончли бўлмаган. Тахминан мил. 65 йили Павлус иккинчи марта қамоқда бўлганида, Осиёдаги баъзи масиҳийлар у билан мулоқот қилишдан қочганини ёзади. Балки улар душманлардан қўрққандир. (2 Тим. 1:15) Бундан фарқли равишда, Павлус Тихикка таяна олган ва унга яна бошқа вазифа топширган. (2 Тим. 4:12) Шубҳасизки, Павлус Тихик каби ажойиб дўсти борлиги учун миннатдор бўлган.

9. Қай йўсин Тихикка тақлид қила оламиз?

9 Тихикка тақлид қилиб ишончли дўст бўла оламиз. Масалан, биродару опа-сингилларимизга қуруқ ваъдалар бермаймиз, балки амалий ёрдам кўрсатамиз. (Мат. 5:37; Луқо 16:10) Ёрдамга муҳтож бўлганлар бизга таяна олишини билганда, яхшигина тасалли олади. Бир имондошимиз бунинг сабабини қуйидагича тушунтирди: «Қалбингизда тинчлик ҳис этасиз, чунки сизга ёрдам таклиф қилган одам ваъдасини ўз вақтида бажаришини биласиз».

10. Ҳикматлар 18:24 да айтилганидек, қийинчилик билан курашаётган ёки умиди пучга чиққанлар кимдан тасалли топиши мумкин?

10 Қийинчилик билан курашаётганлар ёки умидлари пучга чиққанлар қалбидагини ишончли дўстига очиб кўпинча тасалли топади. (Ҳикматлар 18:24 ни ўқинг.) Ўғли жамоатдан четлатилганидан умидлари пучга чиққан Бобур шундай деб бўлишди: «Ҳис-туйғуларимни ишончли одам билан бўлишишим керак эди». Карлос хатоси туфайли жамоатдаги шарафли вазифаларидан айрилди. У: «Мени ҳукм қилишларидан қўрқмай, туйғуларимни бемалол бўлиша оладиган одамларга муҳтож эдим»,— деди. Карлос учун бундай одамлар оқсоқоллар бўлди ва улар унга муаммосини енгишга кўмаклашди. Шунингдек, Карлос оқсоқоллар мулоҳазакор эканини ва айтганларини махфий сақлашини биларди.

11. Қандай қилиб ишончли ва сирдош дўст бўла оламиз?

11 Ишончли ва сирдош дўст бўлиш учун сабрли бўлишимиз зарур. Жаннанинг эри уни ташлаб кетганида, у туйғуларини яқин дўстлари билан бўлишиб тасалли олди. «Гарчи ўша-ўша нарсани қайта-қайта айтсам-да, улар мени сабр ила тинглашарди»,— деб бўлишди Жанна. Сиз ҳам яхши тингловчи бўлиш орқали чин дўст эканингизни кўрсата оласиз.

БОШҚАЛАРГА ХИЗМАТ ҚИЛИШГА ТАЙЁР БЎЛГАН МАРК

Маркнинг меҳрибонлиги Павлусга бардошли бўлишга кўмаклашган. Биз ҳам мушкул пайтларда имондошларимизга тиргак бўла оламиз (12–14- хатбошиларига қаранг.) *

12. Марк ким эди ва қай йўсин у тайёрлик руҳини кўрсатди?

12 Марк Қуддусдан бўлиб яҳудий эди. У таниқли тўла вақтли махсус ваъзгўй Барнабонинг жияни бўлган. (Колос. 4:10) Афтидан, Маркнинг оиласи моддий тарафдан яхши яшарди, аммо у моддий нарсаларни ҳаётида биринчи ўринга қўймаган. Марк ҳаёти давомида тайёрлик руҳини кўрсатди. У бошқаларга хизмат қилишдан қувонч топарди. Масалан, у турли вақт давомида ҳаворий Павлус ва ҳаворий Бутрусга вазифаларини бажаришга ёрдам берган. Марк озиқ-овқат сотиб олгандир, қўнимга жой топишга кўмаклашгандир ва шу каби ишларни бажаргандир. (Ҳавор. 13:2–5; 1 Бутр. 5:13) Павлус унга «яхшигина тасалли» берган, яъни қўллаб-қувватлаган Маркни «Худонинг Шоҳлиги йўлида»ги ҳамкорларидан бири сифатида тилга олган. (Колос. 4:10, 11)

13. Павлус садоқатли Маркнинг хизматини қадрлагани 2 Тимўтийга 4:11 дан қандай кўринмоқда?

13 Марк Павлуснинг яқин дўстларидан бирига айланди. Масалан, тахминан мил. 65 йили Павлус Римда сўнгги бор қамоқда бўлганида, Тимўтийга иккинчи мактубини ёзади. Мактубида Павлус Тимўтийдан Римга келишни ва ўзи билан бирга Маркни олиб келишни сўрайди. (2 Тим. 4:11) Шубҳасизки, Павлус олдинлари Марк унга ёрдам берганини қадрлаган. Шу боис, у ўша муҳим пайтда Марк ёнида бўлишини сўраган. У Павлусга амалий ёрдам кўрсатган: озиқ-овқат ва ёзиш учун керакли нарсалар билан таъминлаган. Павлуснинг ўлим куни яқинлашар экан, эҳтимол, бу ёрдам ва далда ҳаётининг сўнгги кунларида унга бардошли бўлишига кўмаклашган.

14–15. Матто 7:12 дан бошқаларга амалий ёрдам кўрсатиш борасида нималарни билиб оляпмиз?

14 Матто 7:12 ни ўқинг. Қийинчиликлар пайтида бизга амалий ёрдам кўрсатишгани учун жуда миннатдор бўламиз! Отаси кутилмаган бахтсиз ҳодисада ҳаётдан кўз юмган Райн шундай деди: «Азоб чекканимизда ҳар кунги анчагина ишларни бажара олишнинг имкони йўқдай кўринади. Ҳатто кичикдай туюлса-да, амалий ёрдам кўрсатиш зўр тиргак бўлади».

15 Эътиборли ва кузатувчан бўлиб бошқаларга ёрдам беришнинг амалий йўлларини топишимиз мумкин. Мисол учун, юқорида тилган олинган Питер ва Кэтрин шифокорнинг барча кўрикларига бора олиши учун бир имондошимиз ёрдам беришда ташаббус кўрсатди. На Питер, на Кэтрин энди машина ҳайдай оларди. Шу сабабли, ўша имондошимиз жадвал тузиб, жамоатдаги биродару опа-сингиллар уларга транспорт масаласида ёрдам беришига ғамхўрлик қилди. Хўш, бу режа асқатдими? Кэтрин: «Елкамиздан тоғ ағдарилгандай бўлди»,— деди. Меҳр ила қилган ҳатто кичик ишларингиз ҳам бошқаларга қанчалар тасалли бериши мумкинлигини назардан четда қолдирманг.

16. Бошқаларга тасалли беришда Маркдан қандай сабоқ оляпмиз?

16 Павлуснинг ҳамкори бўлган Марк хизматда банд бўлгани шубҳасиз. У Яҳованинг хизматида муҳим вазифаларни бажарган, жумладан, Инжилда унинг исми билан аталган китобни ёзган. Шунга қарамай, у Павлусга тасалли бериш учун вақт топган. Қолаверса, Павлус ёрдам сўраб Маркка бемалол мурожаат қилиши мумкинлигини билган. Бир мисолга эътибор беринг. Анжеланинг бувисини ўлдириб кетишганди. Шунда унга тайёрлик ила тасалли берганлардан у жуда миннатдор бўлган. «Дўстларингиз чин дилдан ёрдам беришни истаса, уларга бемалол мурожаат қила оласиз.— деди Анжела — Улардан ёрдам сўрашга тортинмайсиз». Ўзимизга қуйидагича савол берсак бўлади: «Мени имондошларимга амалий ёрдам беришга тайёр инсон сифатида билишадими?»

БОШҚАЛАРГА ТАСАЛЛИ БЕРИШ ҚАРОРИМИЗ ҚАТЪИЙ

17. Қай йўсин 2 Коринфликларга 1:3, 4 устида мулоҳаза юритиш бизни бошқаларга тасалли беришга ундайди?

17 Тасаллига муҳтож бўлган биродару опа-сингилларни топиш қийин эмас. Ҳатто бошқалар бизга тасалли бериш учун фойдаланган оятлар ёрдамида уларга тасалли беришимиз мумкин. Бувиси ҳаётдан кўз юмган Нино: «Агар йўл қўйсак, Яҳова биздан фойдаланиб бошқаларга тасалли бериши мумкин»,— деб айтди. (2 Коринфликларга 1:3, 4 ни ўқинг.) Юқорида тилга олинган Феруза шундай деди: «2 Коринфликларга 1:4 даги сўзлар чиндир. Бошқалар бизга тасалли бериш учун бирон хабар юборса ёки яхшилик қилса, кейинчалик бошқа инсонга тасалли бериш учун биз ҳам ўша сўзлардан фойдаланишимиз ёки яхшилик қилишимиз мумкин».

18. а) Нега баъзилар ёрдам беришдан қўрқиши мумкин? б) Қандай қилиб бошқаларга тасалли беришда муваффақиятли бўла оламиз? Мисол келтиринг.

18 Қўрқувларимизга қарамай, ташаббусни қўлга олишимиз керак. Масалан, тасаллига муҳтож бўлган кишига нима дейишни ёки у учун нима қилишни билмай қўрқишимиз ҳеч гап эмас. Поул исмли оқсоқолнинг отаси ҳаётдан кўз юмганида, бошқалар унга қандай тасалли берганини у қуйидагича эслайди: «Ёнимга келиб бирон нима айтиш улар учун осон бўлмаган. Улар нима дейишни билмас эди. Аммо тасалли беришни ва қўллаб-қувватлашни исташгани учун улардан миннатдор эдим». Шу сингари кучли зилзилани бошдан кечирган Тейжн қуйидагича бўлишди: «Очиғини айтсам, зилзиладан кейинги кунлари менга юборилган ҳар бир хабар эсимда йўқ, бироқ шуни биламанки, имондошларим ҳол-аҳвол сўраб менга ғамхўрлик қилишди». Бошқаларга ғамхўрлик қилсак, тасалли беришда муваффақиятли бўламиз.

19. Нима учун бошқаларга «яхшигина тасалли» беришга қарор қилдингиз?

19 Ушбу замонанинг охири яқинлашар экан, дунёдаги аҳвол ёмонлашиб, ҳаёт янада оғир бўлади. (2 Тим. 3:13) Гуноҳ ва номукаммаллик дастидан муаммоларга дуч келар эканмиз, доим тасаллига муҳтож бўламиз. Ҳаворий Павлус ҳаётининг охиригача садоқат ила бардошли бўла олганининг сабабларидан бири — имондошларининг тасаллисидир. Келинг, Аристарх каби садоқатли, Тихик каби ишончли ва Марк каби бошқаларга хизмат қилишга тайёр бўлайлик. Шундай йўл тутиб, биродару опа-сингилларимизга имонда мустаҳкам туришга ёрдам берамиз. (1 Салон. 3:2, 3)

^ абз. 5 Ҳаворий Павлус ҳаёти давомида кўп қийинчиликларга дуч келган. Қийинчиликлар пайтида баъзи имондошлари унга яхшигина тасалли берган. Бу имондошларга бошқаларга тасалли беришда қайси учта фазилат ёрдам бергани ҳақида билиб оламиз. Қолаверса, уларнинг ўрнагига қай йўсин эргашишимиз мумкинлиги ҳақида гап боради.

^ абз. 5 Ушбу мақоладаги баъзи исмлар ўзгартирилган.

111- ҚЎШИҚ Яҳова — чин шодлик манбаидир

^ абз. 56 РАСМГА ШАРҲ. Аристарх ва Павлус кема ҳалокатини бирга бошдан кечиришган.

^ абз. 58 РАСМГА ШАРҲ. Павлус Тихикка мактубларини жамоатларга етказишни топширган.

^ абз. 60 РАСМГА ШАРҲ. Марк Павлусга амалий ёрдам кўрсатган.