16- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
«Акангиз тирилади»
Исо [Мартага] жавобан: «Акангиз тирилади»,— деди. ЮҲАН. 11:23
151- ҚЎШИҚ Тирилиш ваъдаси
БУ МАҚОЛАДА a
1. Мэтью тирилишга бўлган умиди ҳақида нима деган?
МЭТЬЮ исмли бир бола жиддий касалликка йўлиққан эди. Шунинг учун, у кўп операцияларни бошдан кечирган. У етти ёшда бўлганида ота-онаси билан JW Интернет-телевидениесидаги ойлик кўрсатувни томоша қилган. Мусиқали видеода одамлар тирилган яқинларини қарши олаётгани кўрсатилган эди b. Ўша кўрсатувдан сўнг Мэтью ота-онасининг қўлини ушлаб: «Дадажон, ойижон, кўрдингизми? Агар ўлсам, албатта тириламан. Мени кутинглар. Бу юз беради»,— деган. Мэтьюнинг тирилишга бўлган кучли имонини кўрган ота-онаси нималарни ҳис қилганини тасаввур қила оласизми?
2, 3. Нега тирилишга бўлган ваъда ҳақида мулоҳаза юритиб туриш яхши?
2 Тирилишга бўлган умидимиз ҳақида вақти-вақти билан мулоҳаза юритсак яхши бўларди. (Юҳан. 5:28, 29) Нега? Сабаби, қачон жиддий касалликка йўлиқишимизни ёки яқинимиздан айрилишимизни билмаймиз. (Воиз 9:11; Ёқб. 4:13, 14) Умидимиз эса бундай пайтларда сабр-бардошли қолишимизга ёрдам беради. (1 Салон. 4:13) Муқаддас Ёзувлардан билганимиздай, меҳрибон самовий Отамиз бизни жуда яхши билади ва қаттиқ яхши кўради. (Луқо 12:7) У инсонни ўша шахсияти ва хотиралари билан тирилтириши учун уни қанчалик яхши билиши кераклиги ҳақида ўйлаб кўринг. Худо бизни жуда яхши кўргани учун абадий яшаш имкониятини тақдим этган. Ҳатто ҳаётдан кўз юмсак ҳам У бизни тирилтиради.
3 Ушбу мақолада аввалига нега тирилиш ваъдасига ишонишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз. Кейин очқич оятдаги: «Акангиз тирилади»,— деган сўзларни ўз ичига олувчи имонни мустаҳкамлайдиган Муқаддас Китобдаги баёнотни муҳокама қиламиз. (Юҳан. 11:23) Сўнг қай йўсин тирилишга бўлган умидимизни тирик сақлашимиз мумкинлигини билиб оламиз.
НЕГА ТИРИЛИШ ВАЪДАСИГА ИШОНСАК БЎЛАДИ?
4. Бирон ваъдага ишониш учун нимага амин бўлишимиз керак бўлади? Мисол келтиринг.
4 Бирон ваъдага ишониш учун уни бераётган шахс буни хоҳлаётганига ва қилишга кучи етишига амин бўлишимиз лозим. Айтайлик, бўрон дастидан уйимиз вайрон бўлади. Дўстимиз келиб: «Уйингизни таъмирлаб бераман»,— деб ваъда беради. У бизни чин дилдан ёрдам бермоқчи эканига ишонтиради. Шунингдек, у моҳир қурувчи бўлиб, керакли асбоб-ускуналарга эга. Шунинг учун, ваъдасига ишонамиз. Хўш, Худонинг тирилишга оид ваъдаси ҳақида нима деса бўлади? У ростдан ҳам буни қилишни истайдими ва бунга кучи етадими?
5, 6. Яҳова ўлганларни тирилтиришни хоҳлашига нега амин бўлишимиз мумкин?
5 Яҳова ўлганларни тирилтиришни хоҳлайдими? Шубҳасизки, ҳа. У Муқаддас Китоб ёзувчиларини Унинг тирилиш борасидаги ваъдасини ёзишга илҳомлантирган. (Ишаё 26:19; Ҳўш. 13:14; Ваҳ. 20:11–13) Ҳа, Яҳова берган ваъдасини доим амалга оширади. (Ёшуа 23:14) Худо ўлганларни ҳаётга қайтаришни жуда-жуда истайди. Нега бундай дея оламиз?
6 Аюб пайғамбарнинг сўзларига эътибор беринг. У ҳатто ҳаётдан кўз юмса ҳам Яҳова уни соғиниб, яна кўришни исташига амин бўлган. (Аюб 14:14, 15) Худо вафот этган бошқа хизматчиларини ҳам соғинади. Уларни ҳаётга қайтариб, соғлом ва бахтиёр бўлишларини истайди. Худо ҳақида билим олиш имкониятига эга бўлмай ҳаётдан кўз юмган миллиардлаб инсонлар ҳақида-чи, нима деса бўлади? Меҳрибон Отажонимиз уларни ҳам тирилтиради. (Ҳавор. 24:15) Худо улар ҳам Унинг дўсти бўлиб, ер юзида абадий яшашларини хоҳлайди. (Юҳан. 3:16) Кўриниб турганидай, Яҳова инсонларни тирилтирмоқчи.
7, 8. Нега Яҳованинг инсонларни тирилтиришга кучи етади деса бўлади?
7 Яҳованинг инсонларни тирилтиришга кучи етадими? Албатта! Зеро, У «Қодир Аллоҳ». (Ваҳ. 1:8) Ҳа, У ҳар қандай душманни, ҳатто ўлимни енгишга қодир. (1 Кор. 15:26) Буни билиш бизга куч ва тасалли беряпти. Эмма Арнольд опамизнинг мисолини олайлик. У Иккинчи жаҳон урушида оиласи билан шиддатли қийинчиликларга дуч келган. Эмма ва унинг қизи нацистларнинг концлагерларида яқинларини йўқотган. У қизига тасалли бериб, шундай деган: «Агар ўлганлар тирилмаса, демак, душманимиз ўлим Худодан кучлироқ бўлиб чиқади. Лекин бу ғирт ёлғон». Шубҳасизки, ҳеч ким Яҳовага тенг кела олмайди! Одамларни яратган қодир Аллоҳ ўлганларни ҳам тирилтира олади.
8 Яҳова ўлганларни тирилтиришга қодир эканига ишонишимизнинг яна бир сабаби У чексиз хотирага эга эканидир. У ҳатто ҳар бир юлдузнинг номини айтиб чақиради. (Ишаё 40:26) Шунингдек, У барча ўлганларни ёдида тутади. (Аюб 14:13; Луқо 20:37, 38) Худо ҳаётга қайтарадиган инсонларнинг, ҳатто кичик тафсилотларини ҳам, жумладан, уларнинг ташқи кўриниши, шахсияти, ҳаётидаги воқеалар ва барча хотираларини эсда сақлайди.
9. Нега Яҳованинг тирилиш ҳақидаги ваъдасига ишонасиз?
9 Ҳа, тирилиш ҳақидаги ваъдага ишонсак бўлади. Чунки Худо буни қилишни хоҳлашини ва бунга кучи етишини биламиз. Бу ваъдага ишонишимизнинг яна бир сабабига эътибор қаратайлик. Яҳова ўтмишда баъзиларни тирилтирган. У айрим содиқ хизматчиларига, жумладан, Исога тирилтириш учун куч ато этган. Юҳанно 11- бобда Исо бир кишини тирилтиргани ҳақида ёзилган. Келинг, буни кўриб чиқайлик.
ИСО ЯҚИН ДЎСТИДАН АЙРИЛАДИ
10. Исо Иорданнинг нариги томонида хизмат қилганида, Байтанияда нима юз берган ва у нима қилган? (Юҳанно 11:1–3)
10 Юҳанно 11:1–3 ни ўқинг. Мил. 32 йилнинг охирида Байтанияда юз берган воқеани тасаввур қилинг. Бу қишлоқда Исонинг Лазар ҳамда унинг иккита синглиси Марям ва Марта исмли дўстлари яшарди. (Луқо 10:38–42) Лекин Лазар қаттиқ бетоб бўлиб қолади ва сингиллари у учун қайғуришади. Улар Иорданнинг нариги томонида бўлган Исога бу ҳақда хабар юборишади. У ерга етиб бориш учун Байтаниядан тахминан икки кун йўл юриш керак бўларди. (Юҳан. 10:40) Афсуски, Исога хабар етиб боргунча Лазар оламдан ўтади. Ҳатто дўсти ўлганини билса-да, Исо у ерда яна икки кун қолади ва кейин Байтанияга келади. Исо етиб келганида Лазар ўлганига тўрт кун бўлган эди. У дўстларига фойда, Яҳовага эса шараф келтирадиган бир иш қилмоқчи бўлади. (Юҳан. 11:4, 6, 11, 17)
11. Бу баёнотдан дўстлик ҳақида қандай сабоқ олишимиз мумкин?
11 Бу баёнотдан дўстлик ҳақида сабоқ оляпмиз. Бир ўйлаб кўринг: Марям билан Марта Исога хабар жўнатганда ундан Байтанияга келишни сўрашмаган. Улар акаси касал эканини айтишган, холос. (Юҳан. 11:3) Лазар ўлганида эса Исо узоқдан туриб ҳам уни тирилтира оларди. Лекин у Марям ва Мартанинг ёнида бўлиш учун Байтанияга борган. Сизда ҳам кўмак сўрашингизни кутмай ёрдам берадиган дўстингиз борми? Шундай бўлса, «оғир дамда» унга бемалол таяна оласиз. (Ҳик. 17:17) Келинг, бошқалар учун Исо каби дўст бўлайлик! Энди эса бу баёнотга қайтиб, кейин нима бўлганига диққат қаратамиз.
12. Исо Мартага қандай ваъда берган ва нега бу шунчаки қуруқ гап бўлмаган? (Юҳанно 11:23–26)
12 Юҳанно 11:23–26 ни ўқинг. Марта Исо Байтанияга яқинлашиб қолганини эшитганида, унга пешвоз чиқиб шундай деган: «Ҳазрат, агар сиз бу ерда бўлганингизда эди, акам ўлмасди». (Юҳан. 11:21) Ростдан ҳам Исо Лазарни соғайтира оларди, аммо у бундан ҳам ажойиброқ иш қилмоқчи бўлган. Исо Мартага: «Акангиз тирилади»,— деб ваъда берган. Марта бунга ишониши учун у яна бир сабаб келтириб, шундай деган: «Мен тирилиш ва ҳаётдирман». Ҳа, Яҳова Исога ўлганларни тирилтириш учун куч ато этган. Бундан сал олдин Исо бир қизчани ўлганидан бироз вақт ўтгач тирилтирган. Бундан ташқари, у бир болани ўлган куниёқ ҳаётга қайтарган. (Луқо 7:11–15; 8:49–55) Қизиқ, Исо ўлганига тўрт кун бўлган ва танаси чирий бошлаган инсонни тирилтира оладими?
«ЛАЗАР ТАШҚАРИГА ЧИҚ!»
13. Марям ва бошқаларнинг йиғлагани Исога қандай таъсир қилган? (Юҳанно 11:32–35) (Расмга ҳам қаранг.)
13 Юҳанно 11:32–35 ни ўқинг. Кейин нима бўлганини кўз олдингизга келтиринг. Лазарнинг Марям исмли синглиси ҳам Исонинг ёнига борди. У опасига ўхшаб, «Ҳазрат, шу ерда бўлганингизда эди, акам ўлмасди»,— деди. У ва бошқалар қайғураётган эди. Исо уларнинг йиғлаганини кўриб ачинди. Дўстларига раҳми келганидан у ҳам йиғлади. Ҳа, Исо яқинидан айрилиш жуда оғриқли бўлишини тушунади. Шубҳасизки, у кўз ёшларнинг сабабини йўққа чиқаради.
14. Исонинг йиғлаганидан Яҳова ҳақида нимани билиб оляпмиз?
14 Исонинг йиғлаганидан Яҳова Художонимиз меҳр-шафқатли эканини билиб оляпмиз. Нега бундай дея оламиз? Олдинги мақолада муҳокама қилганимиздай, Исо Отасининг фикрлаш тарзини ва ҳис-туйғуларини мукаммал тарзда акс эттиради. (Юҳан. 12:45) Исо қайғурган дўстларига кўрсатган меҳр-шафқати ҳақида ўқиб, Яҳова Отажонимиз ҳам азоб чекаётганимизни кўрганида ич-ичидан ачинишини билиб оляпмиз. (Заб. 56:8) Буни билиш меҳр-шафқатли Худога яқинлашиш истагимизни янада оширади, шундай эмасми?!
15. Лазарнинг қабри олдида нима юз берганини айтиб беринг. (Юҳанно 11:41–44) (Расмга ҳам қаранг.)
15 Юҳанно 11:41–44 ни ўқинг. Исо Лазар ётган қабр олдига бориб, унинг оғзидаги тошни олиб қўйишни сўрайди. Марта эса акасининг жасади ҳидланиб қолганини айтади. Исо жавобан: «Агар ишонсангиз, Худонинг улуғворлигини кўрасиз, демаганмидим?» — дейди. (Юҳан. 11:39, 40) Кейин у осмонга қараб ҳамманинг кўз олдида ибодат қилади ва барча шон-шарафни Яҳовага қаратади. Сўнг Исо: «Лазар, ташқарига чиқ!» — дейди. Шунда у қабрдан чиқади. Ҳа, Исо бошқаларнинг назарида имконсиз бўлган ишни қилди c.
16. Юҳанно 11- бобдаги баёнот тирилишга бўлган умидимизни қай йўсин мустаҳкамлайди?
16 Юҳанно 11- бобдаги баёнот тирилишга бўлган умидимизни янада мустаҳкамлайди. Қанақасига? Исонинг Мартага берган қуйидаги ваъдасини эсланг: «Акангиз тирилади». (Юҳан. 11:23) Исо Отаси каби бу ваъдани амалга оширишни хоҳлайди. Унинг бунга кучи ҳам етади. Исонинг кўз ёшларидан у ўлимни ва унинг оқибатларини йўқ қилиб ташлашни исташини кўришимиз мумкин. Лазар қабрдан чиқиб келганида, Исо ўлганларни тирилтириш учун кучга эга эканини яна бир бор исботлади. Шунингдек, унинг Мартага айтган қуйидаги сўзлари ҳақида ўйлаб кўринг: «Агар ишонсангиз, Худонинг улуғворлигини кўрасиз, демаганмидим?» (Юҳан. 11:40) Яҳованинг тирилиш ваъдаси амалга ошишига ишониш учун асосли сабабларимиз бор. Хўш, бу умидимизни тирик сақлаш учун нима қила оламиз?
УМИДИМИЗНИ ТИРИК САҚЛАШ УЧУН НИМА ҚИЛА ОЛАМИЗ?
17. Муқаддас Китобда тирилишлар ҳақида ўқиганимизда нимани ёдда тутишимиз керак?
17 Ўтмишда юз берган тирилишлар ҳақида ўқинг ва фикр юритинг. Муқаддас Китобда саккизта тирилиш ҳақида ёзилган d. Ҳар бири борасида пухта тадқиқ ўтказганмисиз? Ёдингизда бўлса, эркак, аёл ва болалар тирилган. Ўша баёнотлардан қандай сабоқлар олишимиз ҳақида ҳам ўйлаб кўрсак бўлади. Худо ўлганларни тирилтиришни хоҳлаганига ва бунга кучи етганига эътибор беринг. Бундан ташқари, энг муҳим тирилиш — Исонинг тирилиши ҳақида ўйланг. Унутмангки, унинг тирилганини юзлаб инсонлар кўрган ва бу имонимизнинг мустаҳкам пойдеворидир. (1 Кор. 15:3–6, 20–22)
18. Қандай қилиб тирилиш умиди борасидаги қўшиқлардан фойда оламиз? (Изоҳга ҳам қаранг.)
18 «Маънавий қўшиқлар»ни тингланг, куйланг ва устида мулоҳаза юритинг e. (Эфес. 5:19) Ушбу қўшиқлар тирилиш ваъдасига бўлган ишончимизни мустаҳкамлайди ва умидимизни тирик сақлашга ёрдам беради. Уларни тингланг, куйланг ва оилавий топинишда қўшиқ матни устида мулоҳаза юритинг. Қўшиқларни ҳам қалбингизга, ҳам онгингизга жо қилинг. Шунда агар қандайдир қийинчиликка дуч келсангиз ёки яқинингиз ҳаётдан кўз юмса, Яҳованинг муқаддас руҳи уларни ёдингизга солади. Бу сизга тасалли бериб, мустаҳкамлайди.
19. Тирилиш борасида нималарни тасаввур қилсак бўлади? (« Улардан нима ҳақида сўраган бўлардингиз?» номли рамкага қаранг.)
19 Тасаввур қилиш қобилиятингизни ишга солинг. Яҳова янги дунёни тасаввур қилиш қобилиятини бизга ато этган. Битта опамиз қуйидагича бўлишди: «Ўзимни янги дунёда тасаввур қилиш учун шунчалик кўп вақт ажратаманки, гўё у ердаги атиргулларнинг ҳидини сезаётгандай бўламан». Қадимдаги содиқ эркагу аёлларни кўз олдингизга келтиринг. Уларнинг, айниқса, қайси бири билан танишишни истардингиз? Унга қандай саволлар берган бўлардингиз? Шунингдек, ҳаётдан кўз юмган яқинларингизни яна кўришингизни, айтадиган илк сўзларингизни, бағрингизга босишингизни ва қувонч кўз ёшларингизни тасаввур қилинг.
20. Нима қилиш қароримиз қатъий бўлиши керак?
20 Яҳова одамларни тирилтиришни ваъда қилаётгани учун жуда миннатдормиз. Аллоҳ буни албатта амалга оширади! Чунки Унда буни қилиш учун ҳам хоҳиш, ҳам куч бор. Келинг, ушбу ажойиб умидни мустаҳкамлаш қароримиз қатъий бўлсин. Шу йўсин, ҳар биримизга: «Яқинингиз тирилади!» — деб ваъда бераётган Тангримизга янада яқинлашамиз.
147- ҚЎШИҚ Ваъда қилинган абадий ҳаёт
a Агар бирон яқинингиз ҳаётдан кўз юмган бўлса, тирилиш ваъдаси сизга тасалли бериши шубҳасиз. Лекин бу ваъдага нега ишонаётганингизни бошқаларга тушунтириб бера оласизми? Қай йўсин тирилишга бўлган умидингизни тирик сақлашингиз мумкин? Ушбу мақоланинг мақсади бу ваъдага бўлган умидимизни янада мустаҳкамлашга ёрдам беришдан иборат.
b Бу 2016 йил ноябрда ойлик кўрсатувда чиққан «Жаннат яқиндир» номли тарона.
c «Қўриқчи минораси» журналининг 2008 йил 1 январь сонидаги «Нега Исо пайғамбар Лазарнинг қабрига фақат тўрт кундан кейин келди?» номли мақолага қаранг.
d Бу баёнотлар 3 Шоҳлар 17:17–24; 4 Шоҳлар 4:32–37; 13:20, 21; Луқо 7:11–15; 8:41–56; Юҳанно 11:38–44; Ҳаворийлар 9:36–42; 20:7–12 да ёзилган.
e «Яҳовага шодлик ила куйланг» китобидаги «Янги дунёга сайр этайлик» (139- қўшиқ), «Совринга қараб чопинг!» (144- қўшиқ) ва «Тирилиш ваъдаси» (151- қўшиқ) номли қўшиқларга қаранг. jw.org сайтида эса «Жаннат яқиндир», «Янги дунё яқин!» ва (рус) «Мир любви и гармонии» номли тароналарга қаранг.