Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

15- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Исонинг мўъжизаларидан нимани ўрганишимиз мумкин?

Исонинг мўъжизаларидан нимани ўрганишимиз мумкин?

У... даволаб, бутун юрт бўйлаб барчага яхшилик қилиб юрарди. ҲАВОР. 10:38

13- ҚЎШИҚ Масиҳ биз учун ўрнакдир

БУ МАҚОЛАДА a

1. Исонинг илк мўъжизаси ҳақида айтиб беринг.

 МИЛОДДИЙ 29 йилнинг охирида Исо хизмат қилишни бошлаганида юз берган бир воқеани кўз олдингизга келтиринг. У онаси Марям ва баъзи шогирдлари билан бирга она шаҳри Носиранинг шимолидаги Канах қишлоғига тўйга боради. Марям ўша оиланинг дўсти бўлган ва тўйда меҳмонларни кутишга ёрдам берганга ўхшайди. Лекин ўша оилани ва жуфтликни хижолатга солиб қўядиган бир муаммо пайдо бўлади. Тўйда шароб тугаб қолади b. Эҳтимол, кутилгандан ҳам кўпроқ меҳмон келгандир. Марям дарров ўғлининг ёнига бориб: «Уларда шароб қолмабди»,— дейди. (Юҳан. 2:1–3) Хўш, Исо нима қилади? У бир мўъжиза яратади, яъни сувни яхши шаробга айлантиради. (Юҳан. 2:9, 10)

2, 3. а) Исо қандай мўъжизалар яратган? б) Унинг мўъжизаларини кўриб чиқиш бизга қандай фойда келтиради?

2 Исо хизмати давомида кўпгина бошқа мўъжизаларни ҳам яратган c. У бу кучидан минглаб инсонларга ёрдам бериш учун фойдаланган. Мисол учун, иккита мўъжизасини олайлик. Бир сафар у 5 000, кейинроқ эса 4 000 та эркак кишини тўйдирган. Аёллар ва болаларни ҳисоблаганда, у ерда 27 000 дан кўпроқ одам бўлган бўлиши мумкин. (Мат. 14:15–21; 15:32–38) Исо бу иккала вазиятда ҳам кўпгина касалларни соғайтирган. (Мат. 14:14; 15:30, 31) Халойиқ Исо мўъжизавий тарзда одамларни соғайтириб, тўйдираётганини кўрганида ниҳоятда ҳайратланган бўлса керак.

3 Исонинг мўъжизаларидан ниманидир ўрганишимиз мумкинми? Албатта. Ушбу мақолада улардан имонимизни мустаҳкамлашга ёрдам берадиган қандай сабоқлар олишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз. Шунингдек, Исо мўъжизаларни яратганида кўрсатган камтарлиги ва меҳр-шафқатига қандай тақлид қилишимиз мумкинлигини муҳокама қиламиз.

ЯҲОВА ҲАМДА ИСО ҲАҚИДА НИМАНИ БИЛИБ ОЛЯПМИЗ?

4. Исонинг мўъжизаларидан кимлар ҳақида билиб оламиз?

4 Исонинг мўъжизаларидан нафақат ўзи, балки Отаси ҳақида имонимизни мустаҳкамлайдиган сабоқлар оламиз. Сабаби, Яҳова мўъжизаларнинг чинакам Манбаидир. Ҳаворийлар 10:38 да шундай ёзилган: «Аллоҳ... Исони муқаддас руҳи ҳамда қудрати билан Масиҳ қилиб тайинлади ва у Иблис азоб берган одамларни даволаб, бутун юрт бўйлаб барчага яхшилик қилиб юрарди, чунки Худо у билан эди». Унутмангки, Исо сўзларию ишларида, жумладан, мўъжизаларида Отасининг фикрлаш тарзини ва ҳис-туйғуларини мукаммал тарзда акс эттирган. (Юҳан. 14:9) Келинг, Исонинг мўъжизаларидан билиб олишимиз мумкин бўлган учта нарсага диққат қаратайлик.

5. Мўъжизалар яратишга Исони нима ундаган? (Матто 20:30–34)

5 Биринчидан, Исо ва Яҳова бизни жуда яхши кўришади. Исо ер юзида бўлганида, мўъжиза яратиш кучи ёрдамида азоб чеккан инсонларга ёрдам бериб, уларни қаттиқ яхши кўришини кўрсатган. Бир сафар у ундан ёлвориб ёрдам сўраган кўзи ожиз икки кишига кўмаклашган. (Матто 20:30–34 ни ўқинг.) Эътибор беринг, Исонинг «раҳми келиб» уларни даволаган. Бу ерда «раҳми келиб» деб таржима қилинган юнонча феъл ич-ичидан ҳис қилинадиган меҳр-шафқат туйғусига ишора қилади. Севги изҳори бўлган бундай кучли меҳр-шафқат Исони очларни тўйдиришга ва мохов кишини даволашга ундаган. (Мат. 15:32; Марк 1:41) Меҳр-шафқатли Тангри Яҳова ҳамда Унинг Ўғли бизни жуда яхши кўришига ва азоб-уқубатларимиз уларга оғриқ келтираётганига амин бўлишимиз мумкин. (Луқо 1:78; 1 Бутр. 5:7) Улар бизни эзаётган қийинчиликлардан халос қилишни интиқиб кутишяпти.

6. Худо Исога қандай куч ато этган?

6 Иккинчидан, Худо Исога инсонларнинг барча муаммоларини ҳал қилиш қудратини берган. Исо мўъжизалари орқали ўзимиз ҳеч қачон ҳал қила олмайдиган муаммоларни бартараф эта олишини кўрсатган. Мисол учун, у кучидан фойдаланиб, инсоният муаммоларининг илдизини — мерос бўлиб ўтган гуноҳ ва унинг оқибатларини, жумладан, касаллик ва ўлимни йўқ қилади. (Мат. 9:1–6; Рим. 5:12, 18, 19) Исо мўъжизалари орқали «ҳар турли» хасталикларни даволай олишини ва ҳатто ўлганларни тирилтира олишини исботлаган. (Мат. 4:23; Юҳан. 11:43, 44) Шунингдек, у кучли бўронларни тинчлантиришга ва одамларни ёвуз руҳлардан халос этишга қодир. (Марк 4:37–39; Луқо 8:2) Яҳова Исога бундай кучни ато этганини билиш ниҳоятда далдали!

7, 8. а) Исонинг мўъжизалари бизни нимага ишонтиряпти? б) Янги дунёда қайси мўъжиза рўй беришини интизорлик билан кутяпсиз?

7 Учинчидан, Худо Шоҳлигининг бошқаруви остида ҳамма ваъдалар амалга ошишига аминмиз. Исо ер юзида яратган мўъжизалари орқали Худонинг Шоҳлигидаги Шоҳ сифатида бундан-да кўпроғини амалга оширишини кўрсатди. Унинг бошқаруви остида яқинда нималар бўлишини билиб олайлик. Биз мукаммал соғликка эга бўламиз. Сабаби, Исо одамларга азоб келтираётган ҳар қандай касаллик ва нуқсонларни бартараф этади. (Ишаё 33:24; 35:5, 6; Ваҳ. 21:3, 4) Биз ҳеч қачон оч қолмаймиз, табиий офатларнинг таъсиридан ҳам азият чекмаймиз. (Ишаё 25:6; Марк 4:41) Қолаверса, «мозорларда» бўлган яқинларимизни қарши олишдан жуда хурсанд бўламиз. (Юҳан. 5:28, 29) Янги дунёда рўй берадиган, айниқса, қайси мўъжизани интизорлик билан кутяпсиз?

8 Исо мўъжизалар яратганда, камтарин ва меҳр-шафқатли бўлган. Биз ҳам бу фазилатларни намоён этишимиз керак. Келинг, иккита мисолни кўриб чиқайлик. Биринчиси, Канахдаги тўй.

КАМТАРЛИК БОРАСИДА САБОҚ

9. Исо тўйда нима қилган? (Юҳанно 2:6–10)

9 Юҳанно 2:6–10 ни ўқинг. Тўйда шароб тугаб қолганида Исо нимадир қилиши шартмиди? Йўқ. Сабаби, Масиҳ мўъжизавий тарзда сувни шаробга айлантириши башорат қилинмаганди. Лекин бу сизнинг тўйингизда юз берса, ўзингизни қандай ҳис қилардингиз? Ҳойнаҳой, Исонинг ўша оилага, айниқса, келин-куёвга раҳми келган ва улар хижолат тортишини истамаган. Юқорида айтилганидай, бу уни мўъжиза яратишга ундаган. Исо тахминан 390 литр сувни юқори сифатли шаробга айлантирган. Эҳтимол, Исо сахийлик намоён этиб, бу шароб кейинчалик ишлатилиши ёки ҳатто сотилиб келин-куёвга моддий жиҳатдан фойда келтириши учун бундай қилгандир. Ўша жуфтлик жуда миннатдор бўлган бўлса керак!

Исога тақлид қилинг ва ишларингиз билан мақтанманг (10-, 11- хатбошиларига қаранг.) e

10. Юҳанно 2- бобдаги баёнотда қайси муҳим тафсилотлар ёзилган? (Расмга ҳам қаранг.)

10 Юҳанно 2- бобдаги баёнотда келтирилган айрим муҳим тафсилотларга назар солайлик. Исонинг ўзи хумларга сув қуймаганига аҳамият бердингизми? Ўзига эътибор жалб қилишнинг ўрнига, у буни хизматчиларига топширди. (6-, 7- оятлар) Сувни шаробга айлантиргач, уни тўйбошига олиб бормади. Аксинча, бундай қилишни хизматчиларига айтди. (8- оят) Исо шароб қуйиб, меҳмонлар олдида: «Қани, шаробимдан бир ичиб кўринглар-чи!» — деб мақтанмади.

11. Исонинг мўъжизасидан нимани ўргансак бўлади?

11 Исонинг ушбу мўъжизасидан нимани ўрганишимиз мумкин? Бундан камтарлик борасида сабоқ оляпмиз. Исо мўъжиза яратгани билан мақтанмаган. Ҳа, у қилган иши билан ҳеч қачон мақтанмаган. Аксинча, у доим камтарлик ила барча шон-шарафни Отасига қаратган. (Юҳан. 5:19, 30; 8:28) Биз ҳам ўзимизга камтарона нуқтаи назарда бўлиб, қилган ишимиз билан мақтанмасак, Исога тақлид қилган бўламиз. Қандай вазифа бажаришимиздан қатъи назар, келинг, ўзимизни эмас, биз хизмат қилаётган Тангри Яҳовани мақтайлик. (Ерм. 9:23, 24) У лойиқ бўлган шон-шарафни Унга келтиришимиз даркор. Ахир, Яҳованинг ёрдамисиз қўлимиздан нима ҳам келарди?! (1 Кор. 1:26–31)

12. Исонинг камтарлигига яна қандай тақлид қилишимиз мумкин? Мисол келтиринг.

12 Исонинг камтарлигига яна қандай тақлид қила оламиз? Айтайлик, оқсоқол Носир исмли ёш жамоат хизматкорига илк оммавий нутқини тайёрлашга ёрдам бериш учун кўп вақтини ажратади. Натижада, у далдали нутқ сўзлайди ва жамоатдагиларга ҳам роса ёқади. Йиғилишдан кейин кимдир ўша оқсоқолнинг олдига бориб: «Носиржон зўр нутқ айтди-а?!» — дейди. У эса: «Ҳа, зўр. Мен унга ёрдам бериш учун кўп вақтимни ажратганман-да»,— деб айтадими? Ёки камтарлик билан: «Ҳа, зўр. Мен у билан жуда фахрланаман»,— дейдими? Агар камтарин бўлсак, бошқаларга ёрдам берганимиз билан мақтанмаймиз. Аксинча, Яҳова бизнинг ишимизни кўриб, уни қадрлашини билишдан мамнун бўламиз. (Матто 6:2–4 ни солиштиринг; Иброн. 13:16) Исога ўхшаб камтар бўлсак, Яҳовани қувонтиришимиз шубҳасиз. (1 Бутр. 5:6)

МЕҲР-ШАФҚАТ БОРАСИДА САБОҚ

13. Исо Наинга яқинлашиб қолганда нимага кўзи тушади ва қандай йўл тутади? (Луқо 7:11–15)

13 Луқо 7:11–15 ни ўқинг. Мил. 31 йили юз берган бир вазиятни тасаввур қилайлик. Исо Шунамдан унча узоқ бўлмаган Жалиладаги Наин шаҳрига йўл олади. У ерда тахминан 900 йил олдин Элишай пайғамбар бир аёлнинг ўғлини тирилтирган эди. (4 Шоҳ. 4:32–37) Исо шаҳар дарвозасига яқинлашиб қолганда, ўлик одамни чиқаришаётганини кўради. Ҳа, чиндан ҳам аянчли вазият. Нега деганда, бева аёл яккаю ягона ўғлидан айрилди. Лекин қайғу чекаётган бу аёл ёлғиз эмас, у билан шаҳардан кўп одам чиқаётганди. Исо ҳаммасини тўхтатиб, қайғураётган она учун ўзгача бир нарса қилади — ўғлини тирилтиради. У Исо тирилтирган учта инсондан биринчиси эди ва бу вазият Инжилда алоҳида тилга олинган.

Исога тақлид қилинг ва қайғу чекаётганларга меҳр-шафқат кўрсатинг (14–16- хатбошиларига қаранг.)

14. Луқо 7- бобдаги баёнотда қайси муҳим тафсилотлар ёзилган? (Расмга ҳам қаранг.)

14 Луқо 7- бобдаги баёнотда келтирилган баъзи муҳим тафсилотларга назар солайлик. Исо қайғураётган онани кўрганидан кейин унга раҳми келганига эътибор бердингизми? (13- оят) Эҳтимол, Исо ўғлининг жасади ёнида онаси йиғлаб кетаётганини кўриб унга раҳми келгандир. Шуни айтиш жоизки, у шунчаки ачинмаган, балки унга меҳр-шафқат намоён этган. Шубҳасизки, Исо унга мулойим оҳангда: «Йиғламанг»,— деб айтган. Сўнг эса ёрдам берган, яъни болани тирилтирган ва унга топширган. (14-, 15- оятлар)

15. Исонинг мўъжизасидан нимани ўргансак бўлади?

15 Исонинг ушбу мўъжизасидан нимани ўрганишимиз мумкин? Бундан қайғу чекаётганларга меҳр-шафқат кўрсатиш борасида сабоқ олсак бўлади. Албатта, Исо каби ўлганларни тирилтира олмаймиз. Лекин қайғу чекаётганларга меҳр-шафқат намоён этишни ўрганишимиз мумкин. Сўзларимизу ишларимиз билан уларга ёрдам ва далда бериш учун ташаббус кўрсатсак бўлади d. (Ҳик. 17:17; 2 Кор. 1:3, 4; 1 Бутр. 3:8) Ҳатто оддий сўзларимиз ва ҳаракатларимиз улар учун катта аҳамият касб этиши мумкин.

16. Расмда кўрсатилганидай, яқинда қизини йўқотган опамизнинг вазиятидан нимани ўргандингиз?

16 Битта мисолга диққат қаратайлик. Бир неча йил олдин йиғилишда қўшиқ куйлаб турган опамиз ёнидаги бошқа опамиз йиғлаётганини кўриб қолган. Қўшиқ тирилиш бўлиши ҳақида эди ва яқинда ўша опамизнинг қизалоғи ҳаётдан кўз юмган эди. Буни билган ҳалиги опамиз унинг ёнига бориб, уни қучоқлаб қўйган ва бирга қўшиқ куйлаган. Қизидан айрилган опамиз шундай деди: «Ўшанда имондошларимга бўлган севгим жунбишга келди». Опамиз ўша куни йиғилишга борганидан жуда хурсанд эди. У: «Йиғилишда доим ёрдам оламиз»,— деди. Шубҳасизки, Яҳова «руҳан эзилганлар»га меҳр-шафқат кўрсатиш учун қилган ҳатто оддий ишимизни кўриб, буни жуда қадрлайди. (Заб. 34:18)

ИМОННИ МУСТАҲКАМЛАЙДИГАН ЛОЙИҲА

17. Ушбу мақоладан нимани билиб олдик?

17 Исонинг мўъжизаларини тадқиқ қилиш бизга кўп фойда келтиради. Улар ёрдамида Яҳова ҳамда Исо бизни жуда яхши кўришини, Исо барча муаммоларимизни ҳал қилишини ва тез орада Худо Шоҳлигининг бошқаруви остида баракаларга эга бўлишимизни билиб оляпмиз. Ушбу баёнотларни ўқир эканмиз, Исонинг фазилатларига қандай тақлид қилишимиз мумкинлиги борасида ўйлаб кўрсак бўлади. Балки шахсий тадқиқда ёки оилавий топинишда Исонинг мўъжизаларини кўриб чиқишни режалаштирарсиз. Улардан сабоқ олишга ҳаракат қилинг ва билиб олганларингизни бошқалар билан бўлишинг. Бундай суҳбатлар далда бахш этиши шубҳасиз! (Рим. 1:11, 12)

18. Навбатдаги мақолада нима ҳақида сўз юритамиз?

18 Исо хизматининг сўнгида яна бир кишини тирилтирган. У Исо томонидан тирилтирилган Муқаддас Китобда тилга олинган учинчи ва охирги киши эди. Бу тирилиш бошқаларидан фарқ қилган. Чунки ўшанда у ўлганига тўрт кун бўлган яқин дўстини тирилтирган. Бундан қандай сабоқ олишимиз мумкин? Тирилишга бўлган умидимиз ёрдамида имонимизни қандай мустаҳкамлай оламиз? Бу борада навбатдаги мақолада сўз юритамиз.

20- ҚЎШИҚ Азиз Ўғлинг бердинг

a Исо кучли бўронни тинчлантирган, касалларни соғайтирган ва ўлганларни тирилтирган. Ҳа, у яратган мўъжизалар ҳақида ўқиш инсонни қойил қолдиради. Лекин Муқаддас Китобдаги ушбу баёнотлар бизни шунчаки ҳайратда қолдириш мақсадида эмас, балки улардан сабоқ олишимиз учун ёзилган. Ушбу мақолада улардан айримларини кўриб чиқамиз ва Яҳова ҳамда Исо ҳақида кўпроқ билиб оламиз. Шунингдек, бу мақола ривожлантиришимиз керак бўлган фазилатларни очиб беради.

b Бир илоҳиётшунос шундай тушунтирди: «Шарқда меҳмондўстлик жуда муҳим ҳисобланарди ва мезбондан меҳмонлар учун керагидан кўпроқ нарсаларни тайёрлаб қўйиш кутиларди. Яхши мезбон, айниқса, тўйда меҳмонлари учун керагидан кўпроқ егулик ва ичимликни тайёрлаб қўярди».

c Инжилда Исонинг 30 дан ошиқ мўъжизаси ҳақида ёзилган. У бошқа кўп мўъжизаларни ҳам яратган, лекин Муқаддас Китоб баёнотларида уларнинг ҳар бири алоҳида тилга олинмаган. Масалан, бир сафар Исонинг олдига «бутун шаҳар аҳолиси» келган ва у «турли хасталикларга дучор бўлганларни» соғайтирган. (Марк 1:32–34)

d Қайғураётган инсонларга нима дейиш ёки қандай тасалли бериш масаласида «Қўриқчи минораси» журналининг 2010 йил 1 ноябрь (рус) сонидаги «Қайғураётганларга Исо каби тасалли беринг» номли мақолага қаранг.

e РАСМГА ШАРҲ. 4- саҳифа. Исо ўзига эътибор жалб қилмай турибди, келин-куёв ва меҳмонлар эса яхши шаробни маза қилиб ичишяпти.