Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

18- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Йиғилишларда бир-биримизга далда берайлик

Йиғилишларда бир-биримизга далда берайлик

Бир-биримиз ҳақимизда ўйлайлик... бир-биримизга янада кўпроқ далда берайлик. ИБРОН. 10:24, 25

88- ҚЎШИҚ Очиб бер менга йўлларингни

БУ МАҚОЛАДА a

1. Нега йиғилишларда шарҳ берамиз?

 НЕГА учрашувларда шарҳ берамиз? Энг аввало, бу билан Яҳовага шараф келтирамиз. (Заб. 26:12; 111:1) Шунингдек, шарҳларимиз орқали бу қийин дамларда бир-биримизга далда бера оламиз. (1 Салон. 5:11) Йиғилишларда шарҳ берганда бу иккала мақсадга эришган бўламиз.

2. Учрашувларда қачон шарҳ беришимиз мумкин?

2 Ҳар ҳафта йиғилишларда шарҳ бериш имкониятимиз бор. Масалан, дам олиш кунларида «Қўриқчи минораси» тадқиқида қатнаша оламиз. Ҳафта ўртасидаги учрашувларда эса маънавий марваридларда, жамоат билан Муқаддас Китоб тадқиқида ва бошқа қисмларда муҳокамада иштирок этишимиз мумкин.

3. Қандай қийинчиликка дуч келишимиз мумкин ва қай йўсин Ибронийларга 10:24, 25 бизга ёрдам бера олади?

3 Барчамиз Яҳовага шараф келтиришни ва имондошларга далда беришни хоҳлаймиз. Аммо шарҳ беришга келганда, бизни ҳаяжон босиши ҳеч гап эмас. Ёки кўпроқ шарҳ беришни хоҳлармиз, лекин қўл кўтарганда биздан сўрамасликлари мумкин. Бунда бизга нима ёрдам беради? Ҳаворий Павлуснинг Ибронийларга йўллаган мактубида бунга жавоб топамиз. У бирга йиғилиш муҳимлигини таъкидлаб, эътиборимизни бошқаларга далда беришга қаратишимиз кераклигини айтган. (Ибронийларга 10:24, 25 ни ўқинг.) Имонимизни ифода этувчи оддий шарҳимиз билан бошқаларга далда бера олишимизни ёдда сақласак, қўлимизни кўтаришдан камроқ ҳаяжонланамиз. Ёки агар бизни тез-тез сўрашмаса, бошқаларда шарҳ бериш имконияти борлигини билишдан хурсанд бўла оламиз. (1 Бутр. 3:8)

4. Бу мақолада қайси учта фикрни кўриб чиқамиз?

4 Бу мақолада аввалига шарҳ берувчилар сони кам бўлган кичик жамоатларда қай йўсин бир-биримизга далда беришимиз мумкинлигини билиб оламиз. Кейин шарҳ берувчилар сони кўп бўлган катта жамоатларда буни қандай қилишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз. Охирида эса қай йўсин бошқаларга далда бўла оладиган мазмунли шарҳлар бера олишимиз ҳақида сўз юритамиз.

КИЧИК ЖАМОАТДА БИР-БИРИНГИЗГА ДАЛДА БЕРИНГ

5. Кичик жамоатда қай йўсин бир-биримизга далда бера оламиз?

5 Кичик жамоатда ёки гуруҳда биродар ким шарҳ беришини танлаши учун одамларнинг сони кам бўлади. Гоҳида кимдир қўлини кўтаришини бироз кутишга тўғри келади. Бундай учрашувлар зерикарли ва далда бермайдигандай туюлиши мумкин. Хўш, бундай вазиятда нима қилсангиз бўлади? Тез-тез қўл кўтаришга тайёр бўлинг. Шундай йўл тутиб, бошқаларни ҳам кўпроқ иштирок этишга чорлай оласиз.

6, 7. Қай йўсин камроқ ҳаяжонлана оламиз?

6 Шарҳ беришга келганда ҳаяжонланасизми? Гап шундаки, кўпчилик ҳаяжонланади. Лекин имондошларга кўпроқ далда бериш учун камроқ ҳаяжонланишингизга ёрдам берадиган усулларни излаб кўрсангиз-чи? Хўш, қандай қилиб бунинг уддасидан чиқа оласиз?

7 Эҳтимол, «Қўриқчи минораси»нинг баъзи мақолаларида келтирилган маслаҳатларни кўриб чиқишни фойдали деб топарсиз b. Мисол учун, яхшилаб тайёргарлик кўринг. (Ҳик. 21:5) Агар мақола билан яхши таниш бўлсангиз, шарҳ беришингиз осонроқ бўлади. Шунингдек, шарҳларингиз қисқа бўлсин. (Ҳик. 15:23; 17:27) Бу камроқ ҳаяжонланишингизга ёрдам беради. Эҳтимол, шарҳларингиз битта ёки иккита гапдан иборат бўлар. Бу узундан-узун шарҳлардан кўра тушунарлироқ бўлади. Ўз сўзларингиз билан қисқа шарҳ бериш орқали пухта тайёрланганингизни ва мавзуни яхши тушунаётганингизни кўрсатасиз.

8. Яҳова ҳаракатларимизга қандай нуқтаи назарда?

8 Айтайлик, бу тавсияларнинг баъзиларига амал қилдингиз. Лекин ҳали ҳам бир-иккитадан кўпроқ шарҳ бера олмаётган бўлсангиз-чи? Амин бўлингки, қўлингиздан келганини қилаётганингизни Яҳова жуда қадрлайди. (Луқо 21:1–4) Бизда бор энг яхшисини бериш қўлимиздан келмайдиган ишни қилиш кераклигини англатмайди. (Филип. 4:5) Шунинг учун қўлингиздан нима келишини аниқланг. Кейин буни амалга ошириш мақсадини қўйинг ва хотиржамликни сақлаш учун ибодат қилинг. Аввал бу мақсад қисқа шарҳ беришдан иборат бўлиши мумкин.

КАТТА ЖАМОАТДА БИР-БИРИНГИЗГА ДАЛДА БЕРИНГ

9. Катта жамоатларда қандай қийинчилик пайдо бўлиши мумкин?

9 Агар жамоатингизда ваъзгўйлар кўп бўлса, бошқа қийинчиликка дуч келишингиз мумкин. Эҳтимол, талайгина одам шарҳ бермоқчи бўлгани учун сизни тез-тез сўрашмас. Масалан, Даниэла исмли опамиз шарҳлар беришни жуда яхши кўради c. У бунга топинишнинг бир қисмидай қарайди. Қолаверса, буни бошқаларга далда бериш ва Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш усули деб билади. Лекин Даниэла каттароқ жамоатга ўтганда уни тез-тез сўрашмасди. Баъзида ҳатто бутун учрашув давомида у фақат бир марта шарҳ бера оларди. Даниэла қуйидагича бўлишди: «Бундан ранжирдим. Ўзимни гўё шарафли имкониятни қўлдан бой бераётгандай ҳис қилардим. Бу қайта-қайта юз берганида мендан атайин сўрашмаётганмикин, деб ўйлардим».

10. Кўпроқ шарҳ бериш учун нима қила оласиз?

10 Даниэланинг ҳис-туйғулари сизга ҳам танишми? Агар шундай бўлса, балки, таслим бўлиб дастурни шунчаки тинглаб ўтириш яхши, деб ўйларсиз. Лекин таслим бўлманг. Эҳтимол, ҳар бир учрашувга бир нечта шарҳ тайёрлаш сиз учун фойдали бўлар. Муҳокаманинг бошида шарҳ бера олмасангиз, ҳали учрашув тугагунча буни қилиш имконингиз бўлади. «Қўриқчи минораси» тадқиқига тайёргарлик кўраётиб, ҳар бир хатбоши мақола мавзуси билан қандай боғлиқлиги борасида фикр юритинг. Агар бундай қилсангиз, дастур мобайнида мазмунли шарҳлар бера оласиз. Бундан ташқари, чуқур ҳақиқатлар келтирилган хатбошиларига шарҳлар тайёрланг. (1 Кор. 2:10) Нега? Сабаби, бу хатбошиларига камчилик шарҳ бериши мумкин. Борди-ю, бир нечта учрашув мобайнида бу маслаҳатларга амал қилсангиз, аммо шарҳ бера олмасангиз-чи, нима қила оласиз? Эҳтимол, йиғилишдан олдин муҳокамани ўтказадиган биродарга қайси хатбошига шарҳ бермоқчи эканингизни айтарсиз.

11. Филиппиликларга 2:4 да қандай маслаҳат ёзилган?

11 Филиппиликларга 2:4 ни ўқинг. Ҳаворий Павлус илоҳий илҳом остида масиҳийларни бошқаларнинг манфаатини кўзлашга ундаган. Йиғилишларда бу маслаҳатга қандай амал қила оламиз? Бошқалар ҳам бизга ўхшаб муҳокамада иштирок этишни истаётганини ёдда тутишимиз лозим.

Дўстларимиз билан суҳбатлашганда улар ҳам гапиришини хоҳлаганимиз каби, йиғилишларда ҳам бошқалар шарҳ беришига имкон беришимиз лозим (12- хатбошига қаранг.)

12. Йиғилишда бошқаларга қандай қилиб далда бериш мумкин? (Расмга ҳам қаранг.)

12 Мана бу ҳақда бир ўйлаб кўринг: дўстларингиз билан суҳбатлашганда уларга имкон бермай фақат ўзингиз гапиришга интиласизми? Албатта, йўқ. Улар ҳам суҳбатда иштирок этишини хоҳлайсиз. Шунга ўхшаб, йиғилишларда имкон борича кўплар иштирок этишини хоҳлаймиз. Биродару опа-сингилларимизга далда беришнинг энг яхши йўлларидан бири уларга шарҳ беришга имкон бериш. (1 Кор. 10:24) Келинг, буни қандай қила олишимиз мумкинлигига эътибор берайлик.

13. Қандай қилиб муҳокамада кўпроқ инсон иштирок этишига ҳисса қўша оламиз?

13 Агар қисқа шарҳлар берсак, муҳокамада кўпроқ одам қатнаша олади. Бунда оқсоқоллар ва тажрибали ваъзгўйлар ўрнак бўлиши мумкин. Ҳатто қисқа шарҳ берсангиз ҳам хатбошидаги ҳамма фикрларни айтишдан қочинг. Агар ҳамма фикрни айтиб қўйсангиз, бошқалар шарҳ беришига имкон қолдирмайсиз. Мисол учун, бу хатбошида иккита асосий фикр келтирилган: қисқа шарҳ бериш ва барча асосий фикрларни айтишдан қочиш. Ушбу хатбошига биринчи шарҳни сиз берсангиз, эҳтимол, фақат улардан биттасини айтарсиз.

Учрашувларда қачон қўл кўтармасликка қарор қилишимиз мумкин? (14- хатбошига қаранг.) f

14. Қанча шарҳ бериш масаласида бизга нима ёрдам бериши мумкин? (Расмга ҳам қаранг.)

14 Қанчалик тез-тез шарҳ бериш борасида мулоҳазакор бўлинг. Айтайлик, қўлимизни тез-тез кўтарамиз, бошқалар эса ҳали шарҳ бера олмаган бўлади. Шунда муҳокамани ўтказаётган биродар ўзини яна биздан сўрашга мажбурдай ҳис қилиши мумкин. Бу туфайли бошқаларнинг руҳи тушиб, қўл кўтармаслиги ҳеч гап эмас. (Воиз 3:7)

15. а) Биздан сўрашмаса, бунга қандай муносабат билдиришимиз лозим? б) Қай йўсин муҳокамани ўтказаётган биродар барчага эътибор қарата олади? (« Муҳокамани ўтказаётган биродар учун тавсиялар» номли рамкага қаранг.)

15 Кўп ваъзгўйлар қўлини кўтарганда, биз хоҳлагандай кўп шарҳ бера олмаслигимиз мумкин. Муҳокамани ўтказаётган биродар баъзида биздан бирон марта ҳам сўрамас. Бу бизни тушкунликка тушириши мумкин. Лекин буни қалбимизга яқин олиб хафа бўлмаслигимиз лозим. (Воиз 7:9)

16. Қай йўсин шарҳ берганларга далда бера оламиз?

16 Агар ўзингиз хоҳлагандай тез-тез шарҳ бера олмасангиз, бошқаларнинг жавобини диққат билан тинглаб, йиғилишдан кейин уларни мақташингиз мумкин. Мақтовингиз биродару опа-сингиллар учун бермоқчи бўлган шарҳингиз каби далда беради. (Ҳик. 10:21) Ҳа, мақтов бир-биримизга далда беришнинг яна бир усулидир.

БИР-БИРИМИЗГА ДАЛДА БЕРИШНИНГ ҚЎШИМЧА ЙЎЛЛАРИ

17. а) Қандай қилиб ота-она фарзандига ўринли шарҳ тайёрлашга ёрдам бера олади? б) Видеога биноан, шарҳ тайёрлашга қайси тўртта қадам қўл келади? (Изоҳга қаранг.)

17 Йиғилишда бошқаларга яна қандай қилиб далда бера оламиз? Агар ота-она бўлсангиз, фарзандингизнинг ёшига қараб шарҳ тайёрлашга ёрдам беринг. (Мат. 21:16) Гоҳида мақолада оила ёки ахлоқ каби жиддий масалалар муҳокама қилинади. Лекин у ерда болангиз шарҳ бера оладиган битта ёки иккита хатбоши бордир. Қолаверса, фарзандингизга у қўл кўтарганда нега уни доим сўрашмаслиги мумкинлигини ҳам тушунтиринг. Шунда бошқаларни сўрашганида у тушкунликка тушмайди. (1 Тим. 6:18) d

18. Қай йўсин ўзимизга диққат қаратишдан қоча оламиз? (Ҳикматлар 27:2)

18 Барчамиз Яҳовага шараф келтирадиган ва имондошларимизга далда берадиган шарҳларни тайёрлай оламиз. (Ҳик. 25:11) Баъзи ҳолларда шахсий тажрибамиз билан қисқача бўлишганда, ўзимиз ҳақда керагидан ортиқ гапирмаслигимиз лозим. (Ҳикматлар 27:2 ни ўқинг; 2 Кор. 10:18) Бунинг ўрнига бор эътиборни Яҳовага, Каломига ва халқига қаратишимиз даркор. (Ваҳ. 4:11) Албатта, хатбошига келтирилган саволда шахсий тажрибамиз билан бўлишиш айтилганда бундай қилишимиз оқилона. Кейинги хатбошида буни қандай қилишни билиб олиш мумкин.

19. а) Бошқаларнинг манфаатини кўзлаш қандай натижа келтиради? (Римликларга 1:11, 12) б) Йиғилишлардаги шарҳларда, айниқса, нимани қадрлайсиз?

19 Шарҳлар бериш борасида қатъий қоидалар бўлмаса-да, барчамиз иштирокимиз билан бошқаларга далда беришга ҳаракат қилишимиз мумкин. Бунинг учун йиғилишда одатдагидан кўпроқ қатнашамиз. Ёки шарҳ бериш имконимиз бўлганидан ва бошқалар биз каби бу шарафни қадрлаб, жавоб бера олганидан қувонамиз. Ҳа, йиғилишларда бошқаларнинг манфаатини кўзлаш орқали барчамиз ўзаро далда оламиз. (Римликларга 1:11, 12 ни ўқинг.)

93- ҚЎШИҚ Йиғилишларимизга файз бахш эт

a Йиғилишларда шарҳ бериб бир-биримизга далда берамиз. Аммо айримлар шарҳ беришдан тортинади. Бошқалар эса шарҳ беришни ёқтирса-да, буни янада кўпроқ қилишни хоҳлайди. Ушбу иккала вазиятда ҳамма далда олиши учун қай йўсин бошқаларга эътиборли бўлишимиз мумкин? Қандай қилиб имондошларимизни севишга ва эзгу ишлар қилишга ундайдиган шарҳлар бера оламиз? Ушбу мақолада бу саволларга жавоб берилади.

c Исм ўзгартирилган.

d jw.org сайтидаги «Тангри Яҳованинг дўсти бўлинг. Шарҳингизни тайёрланг» номли видеони томоша қилинг.

f РАСМГА ШАРҲ. Катта жамоатда биродар ўзи шарҳ берганидан кейин бошқаларга ҳам учрашувда иштирок этишга имкон беряпти.