19- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Янги дунёга бўлган ишончингизни қай йўсин мустаҳкамлай оласиз?
Наҳотки... [Яҳова] айтганини бажармай қўйса?! САҲ. 23:19
142- ҚЎШИҚ Умидни мустаҳкам ушлайлик
БУ МАҚОЛАДА a
1, 2. Янги дунёни кутар эканмиз, нима қилишимиз лозим?
ЯҲОВА бу ёвуз дунёнинг ўрнига адолат ҳукм сурадиган янги дунёни ўрнатишни ваъда қиляпти. Буни жуда қадрлаймиз. (2 Бутр. 3:13) Гарчи, бу қачон юз беришини билмасак-да, ҳозирги ҳодисалардан бу ниҳоятда яқин эканини кўряпмиз. (Мат. 24:32–34, 36; Ҳавор. 1:7)
2 Ҳақиқатда неча йилдан бери бўлишимиздан қатъи назар барчамиз ушбу ваъдага бўлган ишончимизни мустаҳкамлашимиз лозим. Нега? Сабаби, ҳатто кучли имон ҳам сусайиши мумкин. Ҳаворий Павлус заиф имонни «осонгина тузоққа илинтирмоқчи бўлган гуноҳ» деб атаган. (Иброн. 12:1) Имонимиз заифлашмаслиги учун янги дунё яқин эканини кўрсатувчи далиллар устида мунтазам равишда мулоҳаза юритишимиз даркор. (Иброн. 11:1)
3. Ушбу мақолада нималарни муҳокама қиламиз?
3 Ушбу мақолада Яҳованинг янги дунёга оид ваъдасига бўлган ишончимизни мустаҳкамлашнинг учта йўлини кўриб чиқамиз. Булар 1) тўлов ҳақида мулоҳаза юритиш, 2) Яҳованинг қудрати ҳақида фикр юритиш ва 3) маънавий ишлар билан банд бўлиш. Кейин Яҳованинг Хабаққуққа айтган хабари имонимизни қай йўсин мустаҳкамлаши мумкинлигини билиб оламиз. Келинг, аввалига янги дунёга бўлган ишончимизни синаши мумкин бўлган айрим вазиятларга диққат қаратайлик.
КУЧЛИ ИМОН КЕРАК БЎЛГАН ВАЗИЯТЛАР
4. Қайси қарорлар олдида турганимизда кучли имон талаб этилади?
4 Ҳар куни кучли имон намоён этиш керак бўлган қарорлар чиқарамиз. Масалан, кимлар билан мулоқот қилиш, ўйин-кулгилар, таълим олиш, никоҳ, фарзандлар ва иш масаласида қарорлар чиқаришимизга тўғри келади. Шунда ўзимизга қуйидаги саволларни бериш яхши бўларди: «Қарорим бу дунё вақтинча эканига ва яқинда янги дунё бўлишига ишонаётганимни кўрсатяптими? Ёки абадий ҳаётга ишонмайдиган инсонларнинг таъсири остида қарор чиқаряпманми?» (Мат. 6:19, 20; Луқо 12:16–21) Дарҳақиқат, янги дунё жуда яқин эканига ишонсак, тўғри қарорлар чиқара оламиз.
5, 6. Нега оғир дамларда кучли имонга эга бўлишимиз керак? Мисол келтиринг.
5 Баъзи қийинчиликлар кучли имон талаб этади. Масалан, таъқибга, жиддий касалликка ёки руҳимизни тушириши мумкин бўлган бошқа вазиятларга дуч келармиз. Бошида қийинчиликни енгишга қароримиз қатъий бўлар. Лекин у узоқ вақт давом этса, сабр-бардошли бўлишимиз ва Яҳовага қувонч ила хизмат қилишда давом этишимиз учун кучли имонга эга бўлишимиз керак бўлади. (Рим. 12:12; 1 Бутр. 1:6, 7)
6 Қийинчилик пайтида Яҳованинг янги дунё ҳақидаги ваъдаси ҳеч қачон амалга ошмайди, деб ўйлашимиз мумкин. Бу имонимиз суст эканини англатадими? Асло. Ушбу мисолга эътибор беринг. Қаҳратон қиш пайтида биз ёз ҳеч қачон келмайди, деб ўйлашимиз мумкин. Аммо ёз барибир келади. Худди шундай қаттиқ тушкунликка тушганимизда янги дунё келмайди, деб ўйлашимиз мумкин. Лекин имонимиз кучли бўлса, Худонинг барча ваъдалари амалга ошишига ишонамиз. (Заб. 94:3, 14, 15; Иброн. 6:17–19) Ушбу ишонч орқали Яҳовага топинишни ҳаётимизда биринчи ўринга қўйишда давом эта оламиз.
7. Қандай нуқтаи назарга қарши туришимиз керак?
7 Кучли имон талаб этиладиган яна бир соҳага назар солайлик. Бу ваъзгўйлик фаолияти. Кўп одамлар янги дунё ҳақидаги «хушхабар»ни шунчаки эртак, деб айтади. (Мат. 24:14; Ҳиз. 33:32) Уларнинг нотўғри нуқтаи назари бизни адаштиришига йўл қўймаслигимиз лозим. Бунинг олдини олиш учун имонимизни мустаҳкамлашимиз даркор. Келинг, буни қандай қилиш мумкинлигининг учта йўлини кўриб чиқайлик.
ТЎЛОВ УСТИДА МУЛОҲАЗА ЮРИТИНГ
8, 9. Тўлов ҳақида мулоҳаза юритиш имонимизга қандай таъсир қилади?
8 Имонимизни мустаҳкамлашнинг йўлларидан бири — тўлов устида мулоҳаза юритишдир. У Аллоҳнинг ваъдалари амалга ошишининг кафолатидир. Агар тўлов нега берилгани ва у нимани ўз ичига олиши ҳақида чуқур фикр юритсак, жаннатда абадий яшашимиз борасидаги ваъда амалга ошишига бўлган ишончимизни мустаҳкамлаймиз. Нега бундай дея оламиз?
9 Тўлов нимани ўз ичига олади? Яҳова тўнғич Ўғлини, яқин ҳамкорини мукаммал инсон сифатида туғилиши учун осмондан ер юзига юборган. Исо ер юзида бўлганида турли қийинчиликларга дуч келган. У азоб чекиб ўлган. Яҳова ниҳоятда қимматбаҳо тўлов берган. Меҳрибон Отажонимиз биз фақатгина қисқа муддат яшашимиз учун Ўғли азоб чекиб ўлишига ҳеч қачон йўл қўймаган бўларди. (Юҳан. 3:16; 1 Бутр. 1:18, 19) Яҳова шунчалик қимматбаҳо тўлов берган экан, янги дунёда абадий яшашимиз учун албатта ғамхўрлик қилади.
ЯҲОВАНИНГ КУЧ-ҚУДРАТИ ҲАҚИДА ФИКР ЮРИТИНГ
10. Эфесликларга 3:20 га биноан, Яҳова нима қила олади?
10 Имонимизни мустаҳкамлашнинг яна бир йўли — Яҳованинг куч-қудрати ҳақида мулоҳаза юритишдир. У барча ваъдаларини бажаришга қодир. Тўғри, янги дунёда тоабад яшаш ваъдаси одамларга имконсиздай туюлар. Бироқ ўйлаб қарайдиган бўлсак, Худо инсоннинг қўлидан келмайдиган нарсаларни тез-тез ваъда қилиб туради. У Қодир Аллоҳ бўлгани учун ваъдаларини бажара олади. (Аюб 42:2; Марк 10:27) Шу боис, Худо ажойиб нарсаларни ваъда қилганида, бундан ҳайрон қолмаймиз. (Эфесликларга 3:20 ни ўқинг.)
11. Худонинг амалга ошган ажойиб ваъдаларидан мисол келтиринг. (« Амалга ошган баъзи ажойиб ваъдалар» номли рамкага қаранг.)
11 Келинг, Яҳованинг амалга ошиши имконсиздай туюлган баъзи ваъдаларини кўриб чиқайлик. У Иброҳим билан Сорани кекса ёшида фарзанд кўришларига ишонтирган. (Ибт. 17:15–17) Қолаверса, У Иброҳимнинг авлодлари Канъон юртига эга бўлишини айтган. Кўп йиллар давомида унинг авлодлари, яъни исроилликлар Мисрда қулликда бўлганида бу ваъда ҳеч қачон рўёбга чиқмайдигандай туюлган бўлиши мумкин. Лекин биламизки, у амалга ошган. Кейинчалик, Худо Элисабет ҳам кекса ёшида фарзандли бўлишини аён қилган. Шунингдек, бокира Марям Унинг Ўғлини дунёга келтиришини айтган. Шу йўсин, Яҳованинг минглаб йиллар олдин Адан боғида айтган башорати амалга ошган. (Ибт. 3:15)
12. Қай йўсин ушбу оятлар Яҳова қудратли эканига бизни ишонтиряпти? (Ёшуа 23:14; Ишаё 55:10, 11)
12 Яҳованинг ваъдалари ва улар қандай амалга ошгани ҳақида фикр юритсак, У қанчалик қудратли эканини билиб оламиз. Бу эса янги дунё борасидаги ваъда амалга ошишига бўлган ишончимизни янада мустаҳкамлайди. (Ёшуа 23:14; Ишаё 55:10, 11 ни ўқинг.) Шунда бошқаларга бу ваъда шунчаки хомхаёл эмаслигини тушунишга кўмаклаша оламиз. Қолаверса, Яҳованинг Ўзи янги осмон ва янги ер борасидаги ваъдаси тўғрисида: «Бу сўзлар ишончли ва ҳаққонийдир»,— деб айтган. (Ваҳ. 21:1, 5)
МАЪНАВИЙ ИШЛАР БИЛАН БАНД БЎЛИНГ
13. Қандай қилиб йиғилишлар имонимизга имон қўшади? Тушунтиринг.
13 Имонимизни мустаҳкамлашнинг учинчи йўли — маънавий ишлар билан банд бўлишдир. Мисол учун, йиғилишлар бизга қандай фойда келтиради? Тўла вақтли хизматнинг ҳар хил турларида анча йиллар иштирок этган Анна шундай деди: «Йиғилишлар имоним кучли бўлишига ёрдам беради. Ҳатто маърузачининг таълим бериш қобилияти унча яхши бўлмаса ёки у янги фикрларни айтмаса ҳам, Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларни яхшироқ тушунишимга ва имонимни мустаҳкамлашга ҳисса қўшадиган бирорта фикрни эшитаман» b. Шубҳасизки, жамоатдагиларнинг шарҳларини тинглаш ҳам имонимизга имон қўшади. (Рим. 1:11, 12; 10:17)
14. Қай йўсин ваъзгўйлик хизмати имонимизни мустаҳкамлайди?
14 Ваъзгўйлик хизматида иштирок этиш ҳам имонимизни мустаҳкамлайди. (Иброн. 10:23) Яҳовага 70 йилдан кўпроқ вақт мобайнида хизмат қилаётган Барбара шундай бўлишди: «Ваъзгўйлик хизмати имонимни мустаҳкамлайди. Бошқаларга Яҳованинг ажойиб ваъдалари борасида қанча кўп айтсам, имоним шунча кўп кучли бўлади».
15. Қай йўсин шахсий тадқиқ имонимизни мустаҳкамлайди? (Расмларга ҳам қаранг.)
15 Имонимизни мустаҳкамлашга ёрдам берадиган яна бир нарса — шахсий тадқиқ. Тадқиқ қилиш жадвалини тузиш Сюзенга фойда келтиряпти. У шундай деди: «Якшанба куни кейинги ҳафта бўладиган «Қўриқчи минораси» тадқиқига тайёрланаман. Душанба ва сешанба ҳафта ўртасида бўлиб ўтадиган йиғилишга тайёргарлик кўраман. Бошқа кунлари эса шахсий тадқиқ ўтказаман». Сюзен тадқиқ қилиш жадвалига доим амал қилиш орқали имонини мустаҳкамлаяпти. Муқаддас Китобдаги башоратларни тадқиқ қилиш кўп йиллардан бери Халқаро бош идорада хизмат қилаётган Иренга фойда келтиряпти. У қуйидагича бўлишди: «Яҳованинг башоратлари майда тафсилотларигача амалга ошганини билиш мени ҳайратга солади» c.
«У АЛБАТТА АМАЛГА ОШАДИ»
16. Нега Яҳованинг Хабаққуққа айтган сўзлари бизга ҳам тегишли? (Ибронийларга 10:36, 37)
16 Яҳованинг баъзи хизматчилари янги дунёни анчадан бери кутяпти. Инсонларнинг нуқтаи назари билан қараганда Аллоҳнинг ваъдаси аллақачон бажарилиши керак эди. Унутмангки, Яҳова хизматчилари нималарни ҳис қилаётганини яхши билади. Ҳа, У Хабаққуқни шундай деб ишонтирган: «Ваҳий белгиланган вақтда амалга ошади. Ўша вақт ҳадемай келади, ёлғон бўлиб чиқмайди. Ҳатто кечиккандай туюлса ҳам, уни кут! Зеро у албатта амалга ошади. У кечикмайди!» (Хаб. 2:3) Хўш, Худо бу сўзлар билан фақат Хабаққуқни ишонтирганми ёки улар бизга ҳам тегишлими? Илоҳий илҳом остида ҳаворий Павлус бу сўзларни янги дунёни интиқиб кутаётган масиҳийлар учун ёзган. (Ибронийларга 10:36, 37 ни ўқинг.) Демак, халос бўлиш ваъдаси амалга ошмаётгандай туюлса ҳам: «У албатта амалга ошади. У кечикмайди!» — деган сўзларга ишонсак бўлади.
17. Бир опамиз Яҳованинг Хабаққуққа берган маслаҳатига қандай амал қилиб келяпти?
17 Яҳованинг кўплаб хизматчилари Унинг: «Уни кут»,— деган маслаҳатига амал қиляпти. Баъзилар ҳатто анча йиллардан бери бундай қиляпти. Келинг, Луз исмли опамизнинг мисолини олайлик. У 1939 йили Яҳовага хизмат қилишни бошлаган. Луз шундай бўлишди: «Ўшанда Армагеддон мактабни тугатишимдан олдин келади, деб ўйлардим. Аммо бу содир бўлмади. Йиллар давомида Муқаддас Китобдан Яҳова ваъдаларини амалга оширишини кутган кўп инсонларнинг мисолини ўқиганман. Улар менга ҳам шундай йўл тутишга ёрдам берган. Мен Нуҳ, Иброҳим, Юсуф ва бошқалар ҳақида ўқирдим. Худонинг ваъдалари амалга ошишига бўлган аминлик мени ва бошқаларни янги дунё жуда яқин эканига ишонтиряпти». Ҳа, Худога кўп йиллардан бери хизмат қилаётган инсонлар бунга қўшилади.
18. Қай йўсин яратилган нарсаларга диққат қаратиш янги дунё келишига бўлган ишончимизни мустаҳкамлайди?
18 Тўғри, янги дунё ҳали келгани йўқ. Лекин атрофингиздаги нарсаларга — юлдузлар, дарахтлар, ҳайвонлар ва одамларга эътибор беринг. Улар олдин мавжуд бўлмаган бўлса-да, ҳозир улар бор эканидан ҳеч ким шубҳаланмайди. Яҳова уларни яратгани учун улар бор. (Ибт. 1:1, 26, 27) Худойимиз янги дунёни барпо қилишни ҳам ваъда беряпти. У бу ваъдасини амалга оширади. Янги дунёда инсонлар мукаммал соғликка эга бўлиб, абадий завқ олиб яшайди. Аллоҳ коинотни Ўзи белгилаган вақтда яратганидай, янги дунёни ҳам тайинланган вақтда барпо қилади. (Ишаё 65:17; Ваҳ. 21:3, 4)
19. Имонингизни қандай мустаҳкамлай оласиз?
19 Имонингизни мустаҳкамлаш учун ҳар бир имкониятдан фойдаланинг. Тўлов учун доим миннатдор бўлинг. Яҳованинг қудрати ҳақида фикр юритинг. Маънавий ишлар билан банд бўлинг. Шу йўсин, «имон ва сабр-тоқат билан Тангрининг ваъдаларига эришадиганлар» орасида бўла оласиз. (Иброн. 6:11, 12; Рим. 5:5)
139- ҚЎШИҚ Янги дунёга сайр этайлик
a Бугунги кунда кўплар Муқаддас Китобдаги янги дунё борасидаги ваъдага ишонмайди. Улар буни шунчаки хомхаёл ва эртак деб ҳисоблайди. Лекин биз Яҳованинг барча ваъдалари амалга ошишига аминмиз. Шунга қарамай, имонимизни мустаҳкам сақлаш учун ҳаракат қилишимиз керак. Қай йўсин? Буни ушбу мақолада кўриб чиқамиз.
b Баъзи исмлар ўзгартирилган.
c Муқаддас Китобдаги башоратлар тўғрисидаги мақолаларни «Яҳованинг Шоҳидлари изланиш олиб бориши учун қўлланма»даги «Башорат» сарлавҳаси остида топа оласиз. Масалан, «Қўриқчи минораси» журналининг 2008 йил 1 январь сонидаги «Аллоҳ Яҳованинг башоратлари амалга ошмоқда» номли мақолага қаранг.