31-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
«Барқарор ва маҳкам туринглар»
Севимли биродарларим, барқарор ва маҳкам туринглар. (1 КОР. 15:58)
122-ҚЎШИҚ Мард ва маҳкам туринг!
БУ МАҚОЛАДА a
1, 2. Қайси маънода масиҳийни осмонўпар бинога ўхшатса бўлади? (1 Коринфликларга 15:58)
1970 ЙИЛЛАРНИНГ охирида Токиода (Япония) 60 қаватли осмонўпар бино қурилган. Одамлар бу шаҳарда тез-тез бўлиб турадиган зилзилаларга ушбу бино қандай дош беради, деб ҳайрон қолишган. Қизиқ, бунинг сири нимада бўлган? Инженерлар бу бино зилзилалар туфайли пайдо бўладиган тебранишларда бардошли бўлиши учун уни етарлича мустаҳкам ва эгилувчан қилиб лойиҳалаштиришган. Масиҳийлар ҳам ўша осмонўпар бинога ўхшайди. Қанақасига?
2 Масиҳий барқарор ва эгилувчан, яъни мослашувчан бўлиш борасида мувозанатни сақлаши керак. У Яҳованинг қонунлари ва меъёрларига келганда қатъий ва маҳкам бўлиши зарур. (1 Коринфликларга 15:58 ни ўқинг.) У «бўйсунувчан» бўлади ва ён бермайди. Ёки вазият йўл қўйганда ё ҳатто буни талаб қилганда, бундай масиҳий «мулоҳазали» ёки ён берадиган бўлади. (Ёқб. 3:17) Бу борада мувозанатни сақлашга ўрганган масиҳий ҳаддан ташқари қаттиққўл бўлмасликка ёки аксинча, ҳамма нарсага кўз юммасликка интилади. Ушбу мақолада қай йўсин маҳкам туришимиз мумкинлигини билиб оламиз. Қолаверса, Шайтон барқарор туриш қароримизни сусайтириш учун қўллаётган бешта усулни ва бунга қандай қилиб қарши тура олишимизни кўриб чиқамиз.
ҚАЙ ЙЎСИН БАРҚАРОР ТУРА ОЛАМИЗ?
3. Ҳаворийлар 15:28, 29 да Олий Қонун чиқарувчининг қайси қонунлари ёзилган?
3 Яҳова Олий Қонун чиқарувчи сифатида ўз хизматчиларига доим аниқ қонунлар беради. (Ишаё 33:22) Мисол учун, биринчи асрдаги етакчи кенгаш масиҳийлар қатъий бўлиши керак бўлган учта масалани аниқ айтиб ўтган: 1) бутпарастликни рад этиб, фақат Яҳовага топиниш, 2) қонни муқаддас деб ҳисоблаш ва 3) Каломдаги юқори ахлоқий меъёрларга амал қилиш. (Ҳаворийлар 15:28, 29 ни ўқинг.) Қай йўсин масиҳийлар ушбу учта масалада қатъий бўла олади?
4. Қай йўсин Яҳовага мутлақ садоқатни намоён эта оламиз? (Ваҳий 4:11)
4 Бутпарастликни рад этиб, фақат Яҳовага топинамиз. Яҳова исроилликларга Унга мутлақ садоқатни намоён этиш кераклигини амр этган. (Қонун. 5:6–10) Иблис томонидан васваса қилинганида Исо биз фақат Яҳовага топинишимиз кераклигини аниқ айтган. (Мат. 4:8–10) Шунинг учун ҳам биз бутларга сиғинмаймиз. Одамларни ҳам кўкка кўтармаймиз. Хоҳ улар дин раҳбарлари, хоҳ сиёсатчилар ёки спорт ва ўйин-кулги оламидаги юлдузлар бўлсин, уларга худодек қарамаймиз. Аксинча, Яҳованинг томонида туриб, фақатгина «бутун борлиқни ярат»ган Шахсга топинамиз. (Ваҳий 4:11 ни ўқинг.)
5. Нега ҳаёт ва қон муқаддас экани борасидаги Яҳованинг қонунига амал қиламиз?
5 Ҳаёт ва қон муқаддас экани борасидаги Яҳованинг қонунига амал қиламиз. Нима учун? Сабаби, Яҳова қон ҳаётни билдиришини ва ҳаётимиз қимматбаҳо совғаси эканини айтяпти. (Лев. 17:14) У инсонларга илк бор ҳайвонларнинг гўштини ейишга рухсат берганда қонини истеъмол қилмасликни буюрган. (Ибт. 9:4) Яҳова Исроил халқига Мусонинг Қонунини берганда, бу амрни такрорлаган. (Лев. 17:10) Қолаверса, У биринчи асрда Етакчи кенгашни барча масиҳийларга ўзини «қондан» сақлаш борасида йўл-йўриқ беришга ундаган. (Ҳавор. 15:28, 29) Биз ҳам даволаниш турини танлаётганимизда, бу амрга қатъий амал қиламиз b.
6. Яҳованинг юқори ахлоқий меъёрлари бўйича яшаш учун биздан қандай ҳаракатлар кутилади?
6 Яҳованинг юқори ахлоқий меъёрларига қатъий амал қиламиз. (Иброн. 13:4) Ҳаворий Павлус бизни тана аъзоларимиздаги эҳтиросларни ўлдиришга чорлаяпти. Бу нотўғри истакларни ўзимиздан соқит қилиш учун қўлимиздан келганини қилишни англатади. Ҳа, жинсий ахлоқсизликка етаклаши мумкин бўлган ҳеч нарсага қарамасликка ёки ҳеч қандай ишни қилмасликка интиламиз. (Колос. 3:5; Аюб 31:1) Васвасага дуч келганимизда эса Худо билан муносабатларимизни барбод қилиши мумкин бўлган фикрни ёки хатти-ҳаракатни зудлик билан рад этамиз.
7. Нима қилиш қароримиз қатъий бўлиши лозим ва нега?
7 Яҳова биздан Унинг айтганларига сидқидилдан риоя қилишимизни кутади. (Рим. 6:17) Унинг йўл-йўриқлари бизга доим фойда келтиради. Шу сабабли қонунларини танламай барчасига амал қиламиз. (Ишаё 48:17, 18; 1 Кор. 6:9, 10) Биз Яҳовани мамнун қилишга ва сано бастакори каби қуйидаги нуқтаи назарни кўрсатишга жон куйдирамиз: «Мен доимо, ҳаётимнинг охиригача қоидаларингга итоат этишга қарор қилдим». (Заб. 119:112) Бироқ Шайтон бизни бу қароримиздан қайтаришга ҳаракат қилади. Хўш, у қандай усуллардан фойдаланади?
ҚАЙ ЙЎСИН ШАЙТОН ҚАТЪИЙЛИГИМИЗНИ СУСАЙТИРИШГА ИНТИЛЯПТИ?
8. Шайтон қатъийлигимизни сусайтириш учун таъқиблардан қандай фойдаланяпти?
8 Таъқиблар. Иблис қатъийлигимизни сусайтириш учун жисмоний ва ҳиссий ҳужумларни уюштиряпти. Унинг мақсади бизни «ютиб юбориш», яъни Яҳова билан муносабатларимизни барбод қилиш. (1 Бутр. 5:8) Биринчи асрдаги масиҳийларнинг садоқатли қолиш қарори қатъий бўлгани учун улар таҳдидларга учрашган, дўппосланишган ва ўлдирилишган. (Ҳавор. 5:27, 28, 40; 7:54–60) Шайтон ҳалигача таъқиблардан фойдаланишда давом этяпти. Буни Россиядаги ва бошқа мамлакатлардаги биродару опа-сингилларимизга кўрсатилаётган шафқатсиз муносабатдан ва душманларнинг қаршиликларидан кўрсак бўлади.
9. Яширин босимдан огоҳ бўлишимиз кераклигини кўрсатувчи мисол келтиринг.
9 Яширин босим. Шайтон бизга ҳужум қилиш учун «ҳийла-найранглар»дан фойдаланяпти. (Эфес. 6:11) Келинг, Роберт биродарнинг мисолини кўриб чиқайлик. Операция қилиниш учун у касалхонада ётганди. Роберт шифокорлар билан гаплашиб, қандай вазият бўлишидан қатъи назар унга қон қуйилишига қарши эканини айтган. Жарроҳ унинг қарорини ҳурмат қилган. Бироқ операциядан бир кеча олдин Робертнинг оила аъзолари касалхонадан кетганида анестезиолог унинг ёнига борган. У Робертга қон қуйилмаслигини, лекин ҳар эҳтимолга қарши у қўл остида бўлишини айтган. Ҳойнаҳой, у Робертнинг уйидагилари унинг ёнида бўлмагани учун у қароридан қайтади, деб ўйлаган. Лекин Роберт барқарор туриб, қандай вазият бўлишидан қатъи назар унга қон қуйилишига қарши эканини айтган.
10. Нега инсонларнинг фикрлаш тарзи хавфли, деб айтсак бўлади? (1 Коринфликларга 3:19, 20)
10 Инсонларнинг фикрлаш тарзи. Агар масалага инсоний нуқтаи назардан қарасак, Яҳовадан узоқлашиб, Унинг меъёрларига кўз юма бошлашимиз мумкин. (1 Коринфликларга 3:19, 20 ни ўқинг.) Одатда «дунёнинг донолиги» одамларни тана истакларини қондиришга ундайди. Пергам ва Тиятирадаги жамоатларда бўлган баъзи масиҳийларга ҳам атрофидаги ахлоқсиз ва бутпараст одамлар таъсир қилган. Улар жинсий ахлоқсизликка кўз юмишгани учун Исо ушбу иккита жамоатдагиларга жиддий маслаҳат берган. (Ваҳ. 2:14, 20) Бугунги кунда бизга ҳам атрофимиздаги одамлар нотўғри нуқтаи назарни сингдиришга ҳаракат қилади. Оила аъзоларимиз ва танишларимиз ҳис-туйғуларимизга таъсир қилиб, Яҳованинг қонунини бузишга ундаши ҳеч гап эмас. Масалан, улар ахлоқан пок қолишимиз муҳим аҳамият касб этмаслигини ва Муқаддас Китобдаги меъёрлар замондан ортда қолганини таъкидлаши мумкин.
11. Нима қилмаслигимиз лозим?
11 Баъзан Яҳова бизга етарлича аниқ йўл-йўриқлар бермаяпти, деб ўйлашимиз ҳеч гап эмас. Бизда ҳатто «ёзилганлардан ташқарига» чиқиш васвасаси пайдо бўлиши мумкин. (1 Кор. 4:6) Исонинг давридаги дин раҳбарлари бундай йўл тутиб гуноҳга қўл уришган. Улар Мусонинг Қонунига ўз қоидаларини қўшиб, уни оддий инсонлар учун оғир юкка айлантиришган. (Мат. 23:4) Яҳова бизга Каломи ва ташкилоти орқали аниқ кўрсатмалар беряпти. У тақдим этаётган йўл-йўриқларга бирон нима қўшиш учун ҳеч қандай сабабимиз йўқ. (Ҳик. 3:5–7) Шу боис ёзилганлардан ташқарига чиқмаслигимиз ва шахсий масалаларда имондошларимиз учун қоидалар ўрнатмаслигимиз муҳим.
12. Қай йўсин Шайтон «қуруқ гаплар»дан фойдаланяпти?
12 Қуруқ гаплар. Шайтон одамларни йўлдан оздириш ва уларнинг орасида бўлинишлар юзага келиши учун «қуруқ гаплар»дан ва «дунёнинг қоидалари»дан фойдаланяпти. (Колос. 2:8) Биринчи асрда буларга инсоний ғояларга асосланган фалсафалар, Муқаддас Ёзувларга асосланмаган яҳудийларнинг таълимотлари ва масиҳийлар Мусонинг Қонунига бўйсуниши шарт деган таълимот кирган. Буларнинг бари қуруқ гап бўлган. Сабаби, улар одамларнинг эътиборини чинакам доноликнинг Манбаи бўлмиш Яҳовадан олиб қочган. Бугунги кунда ҳам Шайтон оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиб бўлар-бўлмас гапларни ва сиёсий раҳбарлар олға сураётган ёлғон хабарларни тарқатяпти. COVID-19 пандемиясида бунга кўп марта гувоҳ бўлдик c. Ташкилотимиз тақдим этган йўл-йўриққа қулоқ солган Яҳованинг Шоҳидлари нотўғри маълумотни тинглаганларга қараганда камроқ ташвишланишди. (Мат. 24:45)
13. Нега чалғитадиган нарсаларга қарши курашишимиз керак?
13 Чалғитадиган нарсалар. Биз «қайси нарсалар муҳимроқ эканини» доим ёдда тутишимиз лозим. (Филип. 1:9, 10) Чалғитадиган нарсалар кўпроқ фойда келтириши мумкин бўлган ишларга кетадиган вақтимизу кучимизни ўғирлаши ҳеч гап эмас. Оддий нарсалар, масалан, еб-ичиш, дам олиш ва иш ҳаётимизда энг муҳим нарсага айланишига йўл қўйсак, бизни чалғитиши мумкин. (Луқо 21:34, 35) Бундан ташқари, ҳар куни ижтимоий ва сиёсий масалалар бўйича бўлаётган баҳс-мунозаралар ҳақида эшитамиз ёки ўқиймиз. Улар бизни чалғитишига йўл қўймаслигимиз муҳим. Акс ҳолда, онгимизу қалбимизда тарафкашлик қила бошлашимиз мумкин. Шайтон бу барча усуллардан фойдаланиб, тўғри йўл тутиш қароримизни сусайтириш пайида. Шундай экан, келинг, қандай қилиб унинг ҳаракатларига қарши туришимиз ва қатъий бўлиб қолишимиз мумкинлигини билиб олайлик.
ҚАЙ ЙЎСИН ҚАТЪИЙ ТУРА ОЛАМИЗ?
14. Яҳованинг томонида туриш қарорингизни мустаҳкамлашга нима ёрдам бериши мумкин?
14 Бағишловингиз ва сувга чўмганингиз ҳақида фикр юритинг. Яҳованинг томонида туришни хоҳлаганингиз учун бу қадамларни қўйгансиз. Ҳақиқатни топганингизга ишонишга нима ёрдам берганини эсланг. Сиз Яҳова ҳақида аниқ билим олиб, Унга бўлган севгингизни ва ҳурматингизни оширгансиз ҳамда имонни ривожлантиргансиз. Бу эса сизни тавба қилишга ундаган. Қолаверса, нотўғри ишлар қилишни тўхтатиб, Яҳованинг иродасига мувофиқ ҳаёт кечиришни бошлагансиз. Худо сизни кечирганини билганингизда эса ўзингизни анча енгил ҳис қилгансиз. (Заб. 32:1, 2) Шунингдек, йиғилишларга боргансиз ва билиб олган ажойиб нарсаларни бошқалар билан бўлишишни бошлагансиз. Ҳозир бағишланган ва сувга чўмган масиҳий сифатида ҳаёт йўлидан кетяпсиз ҳамда унда қолиш учун қўлингиздан келганини қиляпсиз. (Мат. 7:13, 14)
15. Нега тадқиқ қилиш ва мулоҳаза юритиш фойдали?
15 Худонинг Каломини тадқиқ қилинг ва устида мулоҳаза юритинг. Илдизи чуқур отган дарахт мустаҳкам бўла олади. Шу каби имонимиз кучли бўлганда қатъий тура оламиз. Дарахт ўсгани сайин унинг илдизлари чуқурлашиб, кенг ёйила бошлайди. Биз ҳам тадқиқ қилиб, мулоҳаза юритганимизда имонимизни мустаҳкамлаймиз ва Худонинг йўллари энг аъло эканига бўлган ишончимизни оширамиз. (Колос. 2:6, 7) Яҳованинг йўл-йўриқлари, маслаҳатлари ва ҳимояси Унинг ўтмишдаги хизматчиларига қандай ёрдам бергани борасида фикр юритинг. Масалан, Ҳизқиё ваҳийда кўрган маъбадни фаришта яхшилаб ўлчаб чиққан эди. Бу ваҳий Ҳизқиёни мустаҳкамлаган ва биз ундан пок топинишда Яҳованинг меъёрларига қандай риоя қилишимиз борасида амалий сабоқлар оламиз d. (Ҳиз. 40:1–4; 43:10–12) Ҳа, Худонинг Каломидаги чуқур ҳақиқатлар борасида тадқиқ ўтказишга ва мулоҳаза юритишга вақт ажратганимизда фойда оламиз.
16. Содиқ бўлиб қолиш қарори Робертга қандай ёрдам берган? (Забур 112:7)
16 Содиқ бўлиб қолинг. Шоҳ Довуд Яҳовага бўлган севгиси мустаҳкам эканини айтиб, қуйидагича куйлаган: «Сенга содиқман, эй Худо». (Заб. 57:7) Биз ҳам Яҳовага тўлиқ ишониб, Унга садоқатли қола оламиз. (Забур 112:7 ни ўқинг.) Юқорида тилга олинган Робертга бу қандай ёрдам берганини кўриб чиқайлик. Шифокорлар ҳар эҳтимолга қарши қон қўл остида бўлишини айтганида, Роберт агар унга қон қуйиш эҳтимоли заррача бор бўлса, шифохонани зудлик билан тарк этишини айтган. Кейинчалик, у шундай деди: «Тўғри йўл тутганимдан ҳеч қачон афсусланмаганман ва кейин нима бўлишидан хавотирланмаганман».
17. Робертнинг мисолидан нимани ўрганишимиз мумкин? (Расмга ҳам қаранг.)
17 Роберт барқарор турган, чунки шифохонага ётишдан аввал у қатъий қолиш қарорини чиқарган. Биринчидан, у Яҳовани қувонтиришни истаган. Иккинчидан, ҳаёт ҳамда қон муқаддас экани борасида Худонинг Каломи ва адабиётларимизга асосланиб пухта тадқиқ ўтказган. Учинчидан, Яҳованинг кўрсатмасига амал қилиш абадий фойда келтиришига амин бўлган. Биз ҳам қандай қийинчиликка дуч келишимиздан қатъи назар содиқ бўлиб қола оламиз.
18. Қай йўсин Барақнинг мисоли бизни Яҳовага ишонишга ўргатяпти? (Муқовадаги расмга қаранг.)
18 Яҳовага ишонинг. Барақ Яҳованинг кўрсатмасига ишонгани учун муваффақият қозонган. Гарчи исроилликларнинг на қалқони, на найзаси бор бўлган бўлса-да, Яҳова Бараққа Сисаронинг бошчилиги остидаги яхши қуролланган канъонликларга қарши жанг қилишни буюрган. (Ҳак. 5:8) Пайғамбар аёл Добира Бараққа текисликка тушиб, Сисаро ва 900 та аравасига қарши жанг қилишни айтган. Бундай текисликда исроилликларга тезкор араваларга қарши жанг қилиш қийин бўлишини билса-да, Барақ Яҳованинг кўрсатмасига бўйсунган. У аскарлари билан Товур тоғидан тушиб келаётганида, Яҳова осмондан кучли ёмғирни ёғдирган. Сисаронинг жанг аравалари лойга ботиб қолган ва Яҳова Бараққа ғалаба берган. (Ҳак. 4:1–7, 10, 13–16) Шунга ўхшаб, Яҳовага ва Унинг вакиллари тақдим этаётган кўрсатмага ишонсак, У бизга ҳам ғалаба ато этади. (Қонун. 31:6)
БАРҚАРОР ТУРИШ ҚАРОРИНГИЗ ҚАТЪИЙ БЎЛСИН
19. Нима учун барқарор туришни истайсиз?
19 Бу дунёда яшар эканмиз барқарор туриш учун курашишда давом этамиз. (1 Тим. 6:11, 12; 2 Бутр. 3:17) Илойим, таъқиблар, яширин босимлар, инсонларнинг фикрлаш тарзи, қуруқ гаплар ва чалғитадиган нарсалар бизни тўғри йўлдан оғдирмасин. (Эфес. 4:14) Келинг, қатъий турайлик ва Яҳовани яхши кўриб, Унинг амрларига доим амал қилишда жон куйдирайлик. Шу билан бирга мулоҳазакор бўлишимиз ҳам керак. Кейинги мақолада Яҳова ҳамда Исо қандай қилиб мулоҳазакор бўлишда аъло ўрнак кўрсатишаётгани борасида сўз юритамиз.
129-ҚЎШИҚ Чидам билан чопайлик
a Шайтон Одамато ҳамда Момоҳавонинг давридан бери одамлар ўзлари учун нима тўғри ва нима нотўғри эканини ҳал қилиши лозим деган фикрни олға суряпти. У биз ҳам Яҳованинг қонунларига ва ташкилотимиз тақдим этаётган кўрсатмаларга нисбатан шундай нуқтаи назарда бўлишимизни истайди. Бу мақола Шайтон дунёсининг мустақиллик руҳига қарши туришга ва Яҳованинг томонида туриш қароримизни мустаҳкамлашга ёрдам беради.
b Масиҳийлар Худонинг қонга бўлган нуқтаи назарини қандай қўллаб-қувватлаши мумкинлиги ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» китобининг 39-дарсига қаранг.
c jw.org сайтида «Ўзингизни нотўғри маълумотдан ҳимоя қилинг» номли (рус) мақолага қаранг.
d «Ниҳоят пок топиниш тикланди!» китобининг 13- ва 14-бобларидан тафсилотларни билиб олинг.