Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Бошқаларга шахсий қизиқиш кўрсатиш абадий баракалар келтиради

Бошқаларга шахсий қизиқиш кўрсатиш абадий баракалар келтиради

Онам, Пэт синглим ва мен (1948)

АНГЛИКАН черковга қатнаган бувим: «Бу черков ҳақиқатни ўргатмайди. Уни излашда давом эт»,— деб айтганларидан кейин онам ҳақиқий динни излашга тушганлар. Лекин онам Яҳованинг Шоҳидлари билан гаплашишни хоҳламасдилар ва менга улар уйимизга (Торонто, Канада) келганида эшикни очмасликни айтгандилар. Аммо 1950 йили холам Шоҳидлар билан тадқиқ ўта бошлаганларида, онам ҳам уларга қўшилдилар. Улар холамнинг уйида тадқиқ ўтишарди ва кейинчалик сувга чўмишди.

Отам Канададаги Бирлашган черковда руҳоний бўлгани учун синглим иккаламиз ҳар ҳафта у ердаги мактабга борардик. Сўнг отам билан бирга эрталаб ўн бирдаги диний маросимга борардик. Кундузи эса онам билан Йиғилиш залига қатнардик. Иккита дин ўзаро фарқ қилишини яққол кўрардик.

«Худонинг иродаси» номли халқаро анжуманда Ҳатчесонлар оиласи билан бирга турибмиз (1958)

Онам билиб олганларини қадрдон дўстлари Боб ва Мареон Ҳатчесонлар билан ҳам бўлишдилар. Натижада улар ҳақиқатни қабул қилишди. 1958 йили Ҳатчесонлар жуфтлиги учта ўғли билан бирга мени Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган «Худонинг иродаси» номли саккиз кунлик халқаро анжуманга олиб боришди. Ортга назар ташлаб, бу улар учун осон бўлмаганини тушуняпман. Лекин ўша анжуман ҳаётимдаги энг эсда қоларли хотиралардан бири.

БОШҚАЛАРНИНГ ШАХСИЙ ҚИЗИҚИШИ КЕЛАЖАГИМГА ТАЪСИР ҚИЛДИ

Ўсмирлик давримда фермада яшардик ва у ердаги ҳайвонларни боқиш менга ёқарди. Мен ветеринар бўлиш ҳақида ўйлай бошлагандим. Ойим буни бир оқсоқолга айтгандилар. У меҳр ила менга ҳозир «охирзамонда» яшаётганимизни эслатди ва бир неча йил университетда ўқишим Яҳова билан бўлган муносабатларимга қандай таъсир қилиши ҳақида ўйлашга ундади. (2 Тим. 3:1) Натижада олий маълумотли бўлмасликка қарор қилдим.

Лекин шунда ҳам мактабни битиргач, қандай иш билан шуғулланаман деб ўйлардим. Гарчи ҳар дам олиш кунлари ваъзгўйлик хизматида қатнашган бўлсам ҳам буни унча ёқтирмасдим ва ўзимни кашшоф сифатида тасаввур қила олмасдим. Шунда имондошимиз бўлмаган отам ва амаким менга Торонтодаги катта суғурта компаниясида кун бўйи ишлашни таклиф қилишди. Амаким у ерда катта лавозимда ишлардилар. Шунга бу ишга рози бўлдим.

Торонтода ишимга ва Яҳованинг Шоҳиди бўлмаганлар билан мулоқот қилишга кўп вақт ажратганим учун маънавий ишларга мунтазам вақт ажрата олмасдим. Қолаверса, бошида имондошимиз бўлмаган бувам билан яшардим. Лекин улар вафот этганларидан кейин бошқа жойга кўчишимга тўғри келди.

1958 йили мени анжуманга олиб борган Ҳатчесонлар жуфтлиги мен учун худди ота-онамдай бўлиб қолганди. Улар мени ўзлари билан яшашга таклиф қилишди ва маънан ўсишимга ёрдам беришди. 1960 йили уларнинг ўғли Жон билан бирга сувга чўмдик. Жон кашшофликни бошлади ва бу мени ваъзгўйликда кўпроқ иштирок этишга ундади. Жамоатдаги биродарлар маънан ўсаётганимга эътибор беришганди ва натижада Воизлик мактаби хизматчиси a этиб тайинландим.

АЖОЙИБ ҲАМКОР ВА КАШШОФЛИК ХИЗМАТИ

Тўй кунимиз (1966)

1966 йили Ренди Бёрг исмли синглимиз билан турмуш қурдик. Ренди ғайратли кашшоф бўлиб, эҳтиёж катта ҳудудда хизмат қилишни орзу қиларди. Туман нозири бизга шахсий қизиқиш кўрсатиб, Ориллиядаги (Онтарио) жамоатда ёрдам беришга ундади. Шунда дарров йўлга отландик.

Ориллияга келибоқ мен ҳам доимий кашшофликни бошладим. Рендининг жўшқинлиги менга ҳам юқди. Кашшофликка меҳр қўйганим учун Муқаддас Китобдан фойдаланиб таълим беришдан ва одамлар ҳақиқатни тушунаётганини кўришдан қувончни ҳис қилардим. Қолаверса, Ориллиядаги бир жуфтликка ҳаётида ўзгаришлар қилишга ва Яҳованинг хизматчиси бўлишга ёрдам беришдан роса мамнун бўлдим.

ТИЛНИНГ ВА НУҚТАИ НАЗАРИМИЗНИНГ ЎЗГАРИШИ

Торонтода бўлганимизда мен Байтилдаги масъулиятли биродарлардан бири бўлган Арнольд Макнамара билан танишдим. У махсус кашшоф бўлиш хоҳишимиз бор-йўқлигини сўради. Мен дарров: «Албатта, ҳамма жойга боришга тайёрмиз! Фақат Квебекка эмас»,— деб жавоб бердим. Канададаги инглиз забон одамларнинг француз забон одамлар яшаган Квебек провинциясига нисбатан салбий нуқтаи назари менга ҳам таъсир қилганди. Ўшанда одамлар ҳукуматга қарши чиқиб, Квебек мустақил бўлишини хоҳлаётганди.

Арнольд шундай жавоб берди: «Ҳозир филиал махсус кашшофларни фақат Квебекка тайинлаяпти». Буни эшитиб, у ерга боришга тайёр эканимизни айтдим. Ренди ҳам Квебекда хизмат қилишни хоҳлаганини билардим. Кейинчалик, бу ҳаётимиздаги энг тўғри қарорлардан бири бўлганини тушундим.

Француз тилини беш ҳафта ўрганганимиздан кейин Ренди иккимиз ва яна бир жуфтлик Монреальнинг шимоли-шарқидан тахминан 540 километр узоқликда бўлган Римускига кетдик. Биз ҳали кўп нарсани ўрганишимиз керак эди. Бу айниқса, жамоатда баъзи эълонларни ўқиётганимда яққол кўринди. Яқинда бўладиган анжуманга «Австриядан кўп меҳмонлар келади» дейишнинг ўрнига, «туяқуш кўп меҳмонлар келади» деб юборибман. Сабаби, бу иккита сўзнинг талаффузи бир-бирига ўхшаб кетарди.

Римускидаги оқ уйимиз

Римускида турмуш қурмаган тўртта ғайратли опамиз, Хубердолар жуфтлиги ва уларнинг иккита қизи тўртталамизга қўшилишди. Хубердолар оиласи катта бир уйни ижарага олганди ва у ерда яшаган ҳамма кашшофлар ижара ҳақини тўлашга ёрдам берарди. Биз бу уйни оқ уй деб атардик. Сабаби, уйнинг устунлари ва фасади оқ рангда эди. У ерда асосан 12–14 киши яшардик. Биз махсус кашшофлар сифатида Ренди билан эрталаб, кундузи ва кечки пайт хизматга чиқардик. Ҳатто қишда совуқ кечаларда биз билан хизмат қилишга тайёр бўлганлар борлигини жуда қадрлардик.

Ўша садоқатли кашшофлар билан худди оила аъзолардай бир-биримизга яқин бўлиб қолгандик. Гоҳида гулхан атрофида бирга ўтирардик ёки ҳаммамиз биргалашиб мазали таом тайёрлардик. Битта биродар мусиқачи эди. Шунга шанба кечки пайтлари қўшиқлар куйлардик ва рақс тушардик.

Римускида кўплар ҳақиқат билан қизиқарди. Беш йил ичида анчагина одам сувга чўмганини кўриб суюндик. Жамоатдагиларнинг сони тахминан 35 тага ошганди.

Квебекда ваъзгўйлар сифатида аъло таълим олдик. Яҳова бизни хизматда қандай қўллаб-қувватлаганини ва моддий эҳтиёжларимизга ғамхўрлик қилганини кўрдик. Бундан ташқари, француз тилида гапирадиган одамларни, тилини ва маданиятини ёқтириб қолдик. Бу эса бизни бошқа маданиятларга ҳам бағримизни кенг қилишга ундади. (2 Кор. 6:13)

Кутилмаганда, филиал биздан Нью-Бранскуикнинг шимолий соҳилидаги Тракади шаҳрига кўчишимизни сўради. Бу осон эмас эди. Чунки яқиндагина янги уйни ижарага олгандик ва ҳафтасига бир неча соат мактабда ўқитувчи бўлиб ишлашга келишиб қўйгандим. Бундан ташқари, биз Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказган бир нечта киши эндигина ваъзгўй бўлганди. Шунингдек, Йиғилиш залининг қурилиши ҳам ўз якунига етиб қолганди.

Тракади Римускидан анча фарқ қилса-да, у ерга кўчиш ҳақида дам олиш кунлари ибодат қилдик ва Яҳова у ерда бўлишимизни истаётган экан, боришимиз лозим деган қарорга келдик. Биз Яҳовани синадик ва У йўлимиздан ҳар бир тўсиқни олиб ташлаганини кўрдик. (Мал. 3:10) Қолаверса, доимгидай Рендининг маънан етуклиги, фидойилик руҳи ва ҳазилкашлиги кўчишимизни янада осонлаштирди.

Янги жамоатимизда Роберт Росс исмли биттагина оқсоқол бор эди. У хотини Линда билан бирга кашшофлик қиларди. Ўғли туғилгач, улар ўша ерда қолишга қарор қилишган. Улар ёш боласига ғамхўрлик қилишига қарамай, меҳмондўстлик кўрсатиш ва хизматда ғайрат ила қатнашиш орқали Ренди билан менга кўп далда беришарди.

ЭҲТИЁЖ БОР ЖОЙДА ХИЗМАТ ҚИЛИШНИНГ БАРАКАЛАРИ

Биринчи туманимиз, қиш

Тракадида икки йил кашшофлик қилгач, биз кутилмаган вазифа олдик. Бизни туман нозирлик хизматига таклиф қилишди. Етти йил инглиз тилидаги туманларда хизмат қилдик. Сўнг эса Квебекда француз тилидаги ҳудудга тайинландик. Квебекдаги вилоят нозири Леонс Крепо нутқларим учун мени мақтади. Кейин эса менга шундай савол берди: «Қандай қилиб нутқларингизни янада амалийроқ қила оласиз?» b Бундай шахсий эътибор таълим берганимда, фикларни янада аниқроқ ва тушунарлироқ етказишга кўмаклашди.

1978 йили Монреальда ўтган «Улуғвор имон» номли халқаро анжуманда бажарган вазифам энг эсда қоладиганларидан бири эди. Мен Озиқ-овқат бўлимида хизмат қилардим. Анжуманга 80 000 та одам келишини кутаётгандик ва уларни тўйдириш учун янги усулдан фойдаланмоқчи эдик. Барча нарса — ускуналар, меню ва овқат тайёрлаш услуби — янги эди. Тахминан 20 та катта холодильник бор эди, лекин улар доим ҳам ишламасди. Анжуманнинг биринчи кунидан олдин стадионда спорт мусобақаси бўлгани учун биз у ерга фақат ярим кечаси кириб, тайёргарлик ишларини бошладик. Қолаверса, нонушта тайёрлаш учун печларни қуёш чиқишидан олдин ишга туширишимиз лозим эди. Биз жуда чарчардик, лекин ихтиёрий хизматчиларнинг меҳнаткашлиги, гўзал фазилатлари ва ҳазилкашлигидан кўп нарсани ўргандим. Биз бир-биримизга боғланиб қолгандик ва ҳозиргача қалин дўстлармиз. Квебекда ўтган ўша тарихий анжумандан улкан қувонч олдим. Айнан у ерда 1940–1950 йиллар давомида кучли таъқиблар бўлди.

Ренди иккимиз 1985 йили Монреальда бўлиб ўтган анжуманга тайёргарлик кўришга ёрдам беряпмиз

Монреальдаги катта анжуманлар мобайнида нозирлардан кўп нарсани ўргандим. Ҳозирда Етакчи кенгашда хизмат қилаётган Дейвид Сплэйн бир йили анжуманда нозир бўлган. Кейинги анжуманда бу вазифа менга топширилганда, у жон деб мени қўллаб-қувватлаган.

Ренди иккимиз 36 йил мобайнида туман нозирлик хизматида иштирок этдик. 2011 йили мени Жамоат оқсоқоллари учун мактабда таълим беришга таклиф қилишди. Икки йил давомида биз ҳар хил жойларда 75 та турли каравотда ухладик. Бироқ бажарган вазифамиз ҳар қандай фидойиликка арзирди. Ҳар ҳафтанинг охирида оқсоқоллар миннатдорчилик билдиришарди, чунки улар Етакчи кенгаш оқсоқолларнинг маънавийлигига жуда ғамхўрлик қилишини кўришарди.

Кейинчалик Шоҳлик хабарчилари мактабида таълим берадиган бўлдим. Ўқувчилар тиғиз жадвал туфайли тез-тез чарчарди ва хавотирланарди. Улар кунига тахминан етти соат синфнинг ичида ўтирарди, ҳар кеча уч соат давомида уй вазифасини ва ҳафтасига тўртта ёки бешта топшириқни бажарарди. Мен ва бошқа ўқитувчи улар буни Яҳованинг ёрдамисиз қила олмасликларини айтгандик. Улар Яҳовага таянгани учун ўйлаганидан ҳам кўпроқ ишларни қила олганини кўриб, лол қоларди. Буни тез-тез эслаб тураман.

БОШҚАЛАРГА ШАХСИЙ ҚИЗИҚИШ КЎРСАТИШ АБАДИЙ БАРКАЛАР КЕЛТИРАДИ

Онамнинг бошқаларга кўрсатган шахсий қизиқиши улар Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказган инсонларга маънан ўсишга ва отамга ҳақиқатга бўлган муносабатини ўзгартиришга ёрдам берган. Онамнинг вафотидан уч кун ўтгач, отам оммавий нутқни эшитиш учун Йиғилиш залига келганларида ҳаммамиз ҳайрон қолдик. Кейинги 26 йил давомида улар мунтазам равишда йиғилишларга қатнадилар. Сувга чўммаган бўлсалар-да, оқсоқоллар отам ҳар ҳафта учрашувларга биринчилардан бўлиб келганларини айтишди.

Онам мен ва сингилларим учун ажойиб ўрнак эдилар. Учта синглим эрлари билан Яҳовага садоқат ила хизмат қилишяпти. Биттаси эри билан Португалиядаги, қолган иккитаси эса Гаитидаги филиалда хизмат қилишяпти.

Бугунги кунда Ренди билан Гамильтонда (Онтарио) махсус кашшофлар сифатида хизмат қиляпмиз. Туман нозирлик ишида қатнашганимизда, бошқаларга такрорий ташрифлар қилишга ва тадқиқлар ўтказишга ёрдам берганимиздан хурсанд эдик. Аммо ҳозир ўзимиз тадқиқ ўтказаётган инсонлар маънан ўсаётганини кўришдан роса суюняпмиз. Қолаверса, янги жамоатимиздаги биродару опа-сингиллар билан дўстлашяпмиз ва Яҳова уларни ҳам яхши, ҳам ёмон кунда қай йўсин қўллаб-қувватлаётганини кўришдан далда оляпмиз.

Хотираларни эслаб, бизга шахсий қизиқиш кўрсатган барчага катта раҳмат деймиз. Шу билан бирга ўзимиз ҳам бошқалар учун қайғуришга ҳаракат қилиб, уларни қўлидан келганча Яҳовага аъло тарзда хизмат қилишга ундаяпмиз. (2 Кор. 7:6, 7) Масалан, бир оилада она, ўғли ва қизи тўла вақтли хизматда иштирок этишарди. Мен опамизнинг эридан: «Кашшофлик хизмати борасида ўйлаб кўрганмисиз?» — деб сўрадим. У эса оиласидаги учта кашшофга ғамхўрлик қилиши кераклигини айтди. Кейин унга шундай савол бердим: «Уларга Яҳовадан кўра яхшироқ ғамхўрлик қила оласизми?» Ўша биродарни оила аъзолари каби кашшофлик хизматидан завқ олишга ундадим. Олти ой ўтгач у ҳам кашшоф бўлди.

Ренди иккаламиз «келгуси авлодга» Яҳованинг ғаройиб ишлари тўғрисида айтиб беришда давом этамиз. Умид қиламизки, улар биз каби Унга хизмат қилишдан завқ олишади. (Заб. 71:17, 18)

a Ҳозир бу «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз» учрашувининг нозири деб аталади.