Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

29-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Буюк мусибатга тайёрмисиз?

Буюк мусибатга тайёрмисиз?

Тайёр туринглар. (МАТ. 24:44)

150-ҚЎШИҚ Рабни излаб, нажот топинг

БУ МАҚОЛАДА a

1. Нега табиий офатларга тайёргарлик кўриш оқилона?

 ТАЙЁРГАРЛИК — ҳаёт гарови. Масалан, табиий офат юз берганида унга тайёргарлик кўрган одамлар омон қолишининг ва бошқаларга ёрдам беришининг эҳтимоли кўпроқ бўлади. Европадаги гуманитар ташкилот бу ҳақда шундай деди: «Яхши тайёргарлик кўрган одамлар ҳаётини сақлаб қолиши мумкин».

2. Нега буюк мусибатга тайёрланишимиз керак? (Матто 24:44)

2 «Буюк мусибат» тўсатдан бошланади. (Мат. 24:21) Бироқ бошқа кўплаб табиий офатлардан фарқли ўлароқ буюк мусибат яқинлашаётганини биламиз. Тахминан 2 000 йил олдин Исо издошларини ўша кунга тайёр туришга ундаган. (Матто 24:44 ни ўқинг.) Агар тайёр бўлсак, ўша оғир вақтни бошдан кечириш ва бошқаларга ҳам шундай қилишга ёрдам бериш осонроқ бўлади. (Луқо 21:36)

3. Қай йўсин сабр-бардош, меҳр-шафқат ва севги буюк мусибатга тайёр бўлишимизга ёрдам беради?

3 Буюк мусибатга тайёр бўлишимизга ёрдам берадиган учта фазилатни кўриб чиқамиз. Даҳшатли ҳукм хабарини эълон қилишимиз кераклиги айтилганида ва имондошимиз бўлмаганлар бизга қарши чиққанида нима қиламиз? (Ваҳ. 16:21) Бундай пайтда Яҳова бизни ҳимоя қилишига ишониб, Унга итоат этиш учун сабр-бардошли бўлишимиз муҳим. Биродару опа-сингилларимиз баъзи ёки барча моддий нарсаларидан айрилса, нима қиламиз? (Хаб. 3:17, 18) Меҳр-шафқат бизни уларга ёрдам беришга ундайди. Халқлар иттифоқининг ҳужуми дастидан кўпгина биродару опа-сингилларимиз билан бирга яшашимизга тўғри келса, бунга қандай муносабат билдирамиз? (Ҳиз. 38:10–12) Имондошларимизга бўлган кучли севги бундай қийин пайтдан ўтиб олишимизга ёрдам беради.

4. Сабр-бардош, меҳр-шафқат ва севги фазилатларини ривожлантиришда давом этишимиз кераклиги Муқаддас Китобда қандай таъкидланган?

4 Худонинг Каломида айтилганидай, сабр-бардош, меҳр-шафқат ва севгини ривожлантиришда давом этишимиз муҳим. Луқо 21:19 да: «Сабр-бардош қилиб жонингизни қутқарасизлар»,— дейилган. Колосаликларга 3:12 да ёзилганидай, меҳр-шафқат фазилатига бурканиш лозим. 1 Салоникаликларга 4:9, 10 да эса шундай деб айтилган: «Бир-бирингизни севишни Худодан ўргангансизлар... Лекин биродарлар, буни янада кўпроқ қилишга сизларни рағбатлантиряпмиз». Бу барча сўзлар сабр-бардош, меҳр-шафқат ва севгини намоён этган шогирдларга йўлланган эди. Шундай бўлса-да, улар бу фазилатларни ривожлантиришда давом этиши керак эди. Биз ҳам шундай йўл тутишимиз муҳим. Ёрдам тариқасида илк масиҳийлар бу ҳар бир фазилатни қандай намоён этганини кўриб чиқамиз. Қолаверса, ўша шогирдларга қай йўсин тақлид қилишимиз мумкинлигини билиб оламиз ва натижада буюк мусибатга тайёр ёки тайёр эмаслигимизни аниқлаймиз.

САБР-БАРДОШ ФАЗИЛАТИНИ МУСТАҲКАМЛАНГ

5. Қай йўсин илк масиҳийлар қийинчиликлар пайтида сабр-бардошли бўлган?

5 Илк масиҳийлар сабр-бардошли бўлиши керак эди. (Иброн. 10:36) Улар ҳамма одамлар дуч келган муаммолардан ташқари, қўшимча қийинчиликларга ҳам учраган. Уларнинг аксарияти нафақат яҳудий дин раҳбарлари ва Рим ҳукумати вакиллари, балки оила аъзолари томонидан ҳам таъқиб қилинган. (Мат. 10:21) Қолаверса, жамоатда улар баъзида муртадларнинг ва бўлинишларга сабаб бўладиган таълимотларининг таъсирига қарши туриш учун кураш олиб борган. (Ҳавор. 20:29, 30) Аммо ўша масиҳийлар сабр-бардошли бўлган. (Ваҳ. 2:3) Қанақасига? Улар сабр-бардош фазилатини намоён этган инсонлар, масалан, Аюбнинг мисоли устида чуқур мулоҳаза юритган. (Ёқб. 5:10, 11) Ўша масиҳийлар куч сўраб ибодат қилган. (Ҳавор. 4:29–31) Шунингдек, улар эътиборини сабр-бардошнинг яхши натижаларига қаратган. (Ҳавор. 5:41)

6. Мерита қаршиликлар пайтида сабр-бардош қилганидан нимани ўрганяпсиз?

6 Биз ҳам Муқаддас Китобни ва унга асосланган адабиётларни кунда ўқиб, устида мулоҳаза юритсак, сабр-бардошли бўла оламиз. Бундай йўл тутган Албаниядаги Мерита опамиз оила аъзоларининг кучли қаршиликларига дош бера олди. У шундай деди: «Муқаддас Китобдан Аюб ҳақида ўқиганимда, жуда таъсирландим. У азобларида ким сабабчи эканини билмай кўп азоб чеккан. Лекин шунга қарамай: “Токи ҳаёт эканман, бенуқсонлигимдан воз кечмайман!” — деган». (Аюб 27:5) Ўйлаб кўрсам, мен дуч келаётган қийинчиликлар Аюбнинг синови олдида ҳеч нарса эмас экан. Ундан фарқли равишда, мен бу қийинчиликлар ортида ким турганини билганман».

7. Ҳозир жиддий муаммоларга дуч келмаётган бўлсак-да, нима қилишга ўрганишимиз муҳим?

7 Шунингдек, хавотирларимиз ҳақида Яҳовага тез-тез ва сидқидилдан ибодат қилиш орқали ҳам сабр-бардошни ривожлантира оламиз. (Филип. 4:6; 1 Салон. 5:17) Эҳтимол, ҳозир жиддий муаммоларга дуч келмаётгандирсиз. Шундай бўлса-да, кайфиятингиз тушганида, нима қилишни билмай қолганингизда ёки бирон нарса ҳақида ҳаддан ташқари ташвишланганингизда Яҳовага ибодат қилиб, Ундан йўл-йўриқ сўраяпсизми? Агар Унга мунтазам ибодат қилиб, ҳозирги кичик муаммоларда сизга ёрдам беришини сўрасангиз, келажакда каттароқ қийинчиликларга дуч келганда бундай қилишга иккиланмайсиз. Шунда Яҳова сизга айнан қачон ва қандай ёрдам беришни билишига амин бўласиз. (Заб. 27:1, 3)

САБР-БАРДОШ

Ҳар бир қийинчиликни енгиб, кейингисига тайёрлана оламиз (8-хатбошига қаранг.)

8. Миранинг мисолидан ҳозир қийинчиликларни енгиш келажакдаги қийинчиликларда бардошли бўлиб қолишга ёрдам беришини қандай кўрсатяпти? (Ёқуб 1:2–4) (Расмга ҳам қаранг.)

8 Ҳозирги синовларда бардошли бўлсак, келажакда — буюк мусибатда ҳам сабр-бардошли бўла олишимизнинг эҳтимоли кўпроқ бўлади. (Рим. 5:3) Нега бундай деяпмиз? Кўп биродарлар имон билан боғлиқ ҳар бир синовни енгиш бошқа қийинчиликни бошдан кечиришга ёрдам беришини таъкидлади. Сабр-бардош уларни чархлаб, Яҳова уларга ёрдам беришни хоҳлашига ва бундай қилишга тайёр эканига бўлган ишончини мустаҳкамлади. Бу ўз навбатида уларга кейинги қийинчиликни енгишга кўмаклашди. (Ёқуб 1:2–4 ни ўқинг.) Албаниядаги Мира исмли кашшоф ўтмишда сабр-бардош қилгани ҳозир ҳам қийинчиликларга дош беришга ёрдам бераётганига амин бўлди. Мира фақат у кўп муаммоларга дуч келиши ҳақида ўйлашини айтди. Лекин кейинчалик Яҳова охирги 20 йил давомида уни қандай қўллаб-қувватлаганини эслаб, ўзига шундай деди: «Содиқ бўлиб қол! Бу йиллар ва Яҳованинг кўмаги билан ғалаба қозонган ҳамма курашлар беҳуда кетишига йўл қўйма». Ҳа, Яҳова сизга сабр-бардошли бўлиб қолишингизга қандай ёрдам бергани ҳақида фикр юритсангиз бўлади. Шунга амин бўлингки, ҳар бир қийинчиликни енгаётганингиз Унинг назаридан четда қолмаяпти ва У сизни мукофотлайди. (Мат. 5:10–12) Буюк мусибат бошланганида эса сабр-бардошни қай йўсин намоён этишни ўрганган бўласиз ва бундай йўл тутишда давом этиш қарорингиз қатъий бўлади.

МЕҲР-ШАФҚАТ НАМОЁН ЭТИНГ

9. Қай йўсин Суриядаги Антиохия жамоатидагилар меҳр-шафқат намоён этишган?

9 Яҳудиядаги масиҳийлар очарчиликни бошдан кечирганида нима юз берганига эътибор беринг. Суриядаги Антиохия жамоатидагилар бундан хабар топгач, Яҳудиядаги имондошларига нисбатан меҳр-шафқат туйғусини ҳис қилгани шубҳасиз. Лекин улар буни амалда кўрсатишган. Уларнинг «ҳар бири ўз имкониятига қараб, Яҳудияда яшовчиларга ёрдам жўнатишга» қарор қилган эди. (Ҳавор. 11:27–30) Очарчиликдан қийналган масиҳийлар узоқда яшашига қарамай Антиохиядагилар уларга ёрдам қўлини чўзишган. (1 Юҳан. 3:17, 18)

МЕҲР-ШАФҚАТ

Табиий офатлар меҳр-шафқат кўрсатиш имкониятини беради (10-хатбошига қаранг.)

10. Табиий офатдан зарар кўрган имондошларимизга қай йўсин меҳр-шафқат кўрсата оламиз? (Расмга ҳам қаранг.)

10 Бугун биз ҳам имондошларимиз табиий офатдан зарар кўрганини билсак, меҳр-шафқат кўрсатишимиз мумкин. Эҳтимол, оқсоқоллардан бирор лойиҳада ёрдам бера олиш-олмаслигимизни сўраш, умумжаҳон иш учун хайр-эҳсон қилиш ёки табиий офатларга дуч келганлар учун ибодат қилиш орқали ёрдам қўлини чўза оламиз b. (Ҳик. 17:17) Масалан, 2020 йили COVID-19 пандемияси пайтида ёрдамга муҳтож бўлганларга ғамхўрлик қилиш учун бутун дунё бўйлаб 950 дан ортиқ Табиий офатларда ёрдам бериш қўмиталари ташкил этилди. Бу қўмиталарда хизмат қилаётганлар мақтовларимизга лойиқдир. Улар биродару опа-сингилларга меҳр-шафқат кўрсатиб, керакли нарсаларни тарқатишди, маънавий ёрдам кўрсатишди ҳамда уларнинг уйлари ва топиниш жойларини таъмирлашди ёки қайта қуришди. (2 Коринфликларга 8:1–4 ни солиштиринг.)

11. Қай йўсин меҳр-шафқатга тўла ишларимиз самовий Отажонимизга шараф келтиради?

11 Табиий офат юз берганидан сўнг меҳр-шафқат кўрсатганимизда бошқалар фидойилик ила қилган ишларимизга эътибор беради. Мисол учун, 2019 йили Багама оролларида юз берган Дориан бўрони Йиғилиш залини вайрон қилган. Имондошларимиз зални қайта қуришаётганида баъзи ишларни қилиш учун Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган пудратчидан хизмат ҳақи қанча бўлишини сўрашган. У эса қуйидагича жавоб берган: «Ускуналарнинг ижара ҳақи керак эмас, меҳнатим ва керакли материаллар учун ҳам пул олмайман. [...] Буни шунчаки, ташкилотингиз учун қилишни истайман. Дўстларингизга кўрсатган муносабатингиз менга қаттиқ таъсир қилди». Кўп инсонлар Яҳовани билмайди, лекин Яҳованинг Шоҳидларини кузатади. Меҳр-шафқатга тўла ишларимиз бошқаларни «шафқатга бой бўлган» Худойимизга жалб қилиши нақадар шарафли! (Эфес. 2:4)

12. Ҳозир меҳр-шафқатни ривожлантириш бизни буюк мусибатга қандай тайёрлайди? (Ваҳий 13:16, 17)

12 Нега буюк мусибатда меҳр-шафқат кўрсатишимиз керак бўлади? Муқаддас Китобга биноан, ҳукмрон ҳокимиятни қўллаб-қувватламайдиган одамлар ҳозир ва буюк мусибатда қийинчиликларга дуч келади. (Ваҳий 13:16, 17 ни ўқинг.) Биродару опа-сингилларимиз зарурий нарсага эга бўлиш учун ёрдамга муҳтож бўлиши мумкин. Шоҳимиз Исо Масиҳ одамларни ҳукм қилишга келганида, бизни меҳр-шафқатли инсонлар сифатида билишини ва Шоҳликка эга бўлишга таклиф қилишини истаймиз. (Мат. 25:34–40)

СЕВГИНГИЗНИ МУСТАҲКАМЛАНГ

13. Римликларга 15:7 га кўра, илк масиҳийлар орасидаги севгини қай йўсин мустаҳкамлаган?

13 Севги илк масиҳийларни ажратиб турган фазилат бўлган. Лекин уни намоён этиш осон бўлганми? Келинг, Рим жамоатидаги вазиятни кўриб чиқайлик. У ердаги биродару опа-сингиллар бир-биридан фарқ қилган. Масалан, Римдаги жамоатда нафақат Мусонинг Қонунига бўйсуниб катта бўлган яҳудийлар, балки келиб чиқиши умуман бошқача бўлган ўзга халқ вакиллари ҳам бўлган. Баъзи масиҳийлар, эҳтимол, қул, бошқалари эса хизматкорларга эга озод инсон бўлган. Ўша масиҳийлар фарқли томонларига қарамай қандай қилиб бир-бирига севги намоён эта олган? Ҳаворий Павлус уларни: «Бир-бирингизни қабул қилинглар»,— деб ундаган. (Римликларга 15:7 ни ўқинг.) У нима демоқчи бўлган? «Қабул қилиш» деган ибора кимнидир меҳрибонлик ва меҳмондўстлик билан кутиб олишни, масалан, уйга қабул қилишни ёки дўстлар даврасига қўшишни англатади. Павлус Филимўнга қочиб кетган қул Ўнисимни қай йўсин қабул қилиш борасида шундай деб айтган: «Уни... яхши кутиб олинг». (Филим. 17) Акила ва Прискилла ҳам масиҳийлик борасида унча кўп билмаган Аполлосни қабул қилиб, «уни ўзларига қўшиб» олишган». (Ҳавор. 18:26) Кўриняптики, ўша масиҳийлар орасидаги фарқли томонлар бўлинишларга сабаб бўлишига йўл қўйишмаган ва бир-бирини қабул қилишган.

СЕВГИ

Барчамиз имондошларимизнинг севгисига муҳтожмиз (15-хатбошига қаранг.)

14. Анна ва турмуш ўртоғи севгисини қай йўсин намоён этишди?

14 Биз ҳам биродару опа-сингилларимиз билан яқиндан танишиш орқали уларга севгимизни намоён эта оламиз. Ҳаракатларимиз одатда уларни ҳам бизга севги кўрсатишга ундайди. (2 Кор. 6:11–13) Анна ва турмуш ўртоғининг мисолига диққат қаратайлик. Улар Ғарбий Африкага тўла вақтли махсус ваъзгўй сифатида келганидан бироз вақт ўтгач, COVID-19 пандемияси бошланган. Бу туфайли улар жамоатдагилар билан юзма-юз кўриша олмаган. Хўш, улар севгисини қандай намоён этган? Бу жуфтлик видеоконференция орқали биродару опа-сингиллар билан гаплашиб, улар билан яқиндан танишмоқчи бўлган. Ушбу жуфтликнинг ҳаракатларидан миннатдор бўлган жамоатдагилар уларга тез-тез қўнғироқ қилиб, хабарлар жўнатишни бошлаган. Хўш, бу жуфтлик нега бундай йўл тутган? Анна қуйидагича деди: «Ҳам яхши, ҳам ёмон кунларда имондошларимизнинг менга ва оила аъзоларимга кўрсатган севгисини ҳеч қачон унутмайман. Уларнинг ўрнаги мени ҳам бошқаларга севги кўрсатишга ундайди».

15. Барча имондошларни яхши кўриш борасида Ванессанинг мисолидан қандай ўрнак оляпсиз? (Расмга ҳам қаранг.)

15 Кўпчилигимиз келиб чиқиши ва шахсияти ҳар хил бўлган имондошлардан иборат жамоатларга борамиз. Уларга бўлган севгимизни яхши фазилатларига диққат қаратиш орқали кучайтира оламиз. Янги Зеландияда хизмат қилаётган Ванесса жамоатида баъзилар билан тил топиша олмаган. Лекин у ғашини келтирган инсонлардан ўзини олиб қочишнинг ўрнига улар билан кўпроқ вақт ўтказишга қарор қилган. Шу йўсин, Ванесса Яҳова уларнинг қайси жиҳатларини яхши кўришини англаб олган. У қуйидагича бўлишди: «Эрим туман нозири бўлганидан бери шахсияти турлича бўлган анчагина имондошларимиз билан вақт ўтказамиз ва улар билан тил топишиш мен учун осонроқ бўляпти. Имондошларимиз ҳар хил эканини жуда ёқтираман. Яҳова ҳам буни яхши кўриши яққол намоён бўляпти, чунки У ўзаро фарқ қилишимизга қарамай Унга топинишимизга йўл қўйяпти». Имондошларга Яҳова каби қарашни ўргансак, уларни яхши кўришимизни исботлаймиз. (2 Кор. 8:24)

Буюк мусибат пайтида имондошларимиз билан аҳил бўлишда давом этсак, Яҳова ваъда қилганидек бизни ҳимоя қилади (16-хатбошига қаранг.)

16. Нега буюк мусибат пайтида имондошларимизга севги намоён этишимиз керак бўлади? (Расмга ҳам қаранг.)

16 Буюк мусибат пайтида ҳам имондошларимизга севги намоён этишимиз керак бўлади. Буюк мусибат бошланганида қаерда ҳимоя топамиз? Қадимги бобилликлар Исроил халқига ҳужум қилганида Яҳова уларга шундай кўрсатма берган: «Эй халқим, бор, ичкари хоналарингга кириб, ортингдан эшикларингни ёп. Худонинг ғазаби босилмагунча, бир лаҳзага яширин». (Ишаё 26:20) Буюк мусибатда, эҳтимол, биз ҳам бу сўзларга амал қилишимизга тўғри келар. «Ичкари хоналар» жамоатларимизга ишора қилиши мумкин. Буюк мусибат давомида имондошларимиз билан аҳил бўлишда давом этсак, Яҳова ваъда берганидай бизни ҳимоя қилади. Шу боис уларга нафақат чидамли бўлиш, балки уларни қаттиқ яхши кўриш учун ҳозирдан жон куйдиришимиз лозим. Омон қолишимиз бунга боғлиқ бўлиши мумкин!

ҲОЗИРДАН ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИНГ

17. Агар ҳозирданоқ тайёргарлик кўрсак, буюк мусибатда нима қила оламиз?

17 «Яҳованинг улуғ куни» бутун инсоният учун оғир давр бўлади. (Заф. 1:14, 15) Яҳованинг халқи ҳам қийинчиликларга дуч келади. Лекин ҳозирданоқ тайёргарлик кўрсак, ўшанда хотиржам бўлиб, бошқаларга кўмаклаша оламиз. Қийинчиликларга дуч келганимизда сабр-бардошли бўламиз. Биродару опа-сингилларимиз қийинчиликларга дуч келганида меҳр-шафқат намоён этиб, уларга ёрдам бериш учун қўлимиздан келган энг яхшисини қиламиз ва улар муҳтож бўлган нарсаларни тақдим этамиз. Агар ҳозирданоқ имондошларимизга севги кўрсатишни ўргансак, келажакда ҳам буни қила оламиз. Шунда Яҳова бизни табиий офатлар ва азоб-уқубатлар унут бўлган дунёда абадий ҳаёт билан мукофотлайди. (Ишаё 65:17)

144-ҚЎШИҚ Совринга қараб чопинг!

a Буюк мусибат яқинда бошланади. Инсоният тарихидаги энг қийин пайт учун тайёр туришимизга сабр-бардош, меҳр-шафқат ва севги фазилатлари ёрдам беради. Илк масиҳийлар бу фазилатларни қай йўсин намоён этганига, биз ҳам буни қандай қила олишимизга ва улар ёрдамида буюк мусибатга қандай ҳозирлик кўришимизга эътибор қаратамиз.

b Табиий офатлардан жабр кўрганларга ёрдам беришни хоҳлаганлар аввал «Маҳаллий қурилиш лойиҳаларида ихтиёрий хизматчи бўлиш учун ариза»ни (DC-50) ёки «Ихтиёрий хизматчи бўлиш учун ариза»ни (A-19) тўлдириши, кейин эса бирорта лойиҳада ёрдам бериш таклифини кутиши керак.