32-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Мулоҳазакор бўлишда Яҳовага тақлид қилинг
Мулоҳазакор эканингиз ҳамма одамларга маълум бўлсин. (ФИЛИП. 4:5)
89-ҚЎШИҚ Тингла, қулоқ сол ва ол барака
БУ МАҚОЛАДА a
1. Қайси жиҳатдан масиҳийлар дарахтга ўхшаши лозим? (Расмга ҳам қаранг.)
«ЭГИЛУВЧАН дарахтни шамол синдирмайди». Бу мақолга биноан, баъзи дарахтлар ўсиши учун эгилувчанлик каби муҳим хусусиятга эга бўлиши керак. Масиҳийлар ҳам маънан гуллаб-яшнашда давом этиши учун эгилувчан, яъни мослашувчан бўлиши лозим. Қанақасига? Ўзгарган вазиятларга мослашиш ҳамда бошқаларнинг нуқтаи назари ва қарорини ҳурмат қилиш орқали мулоҳазакорликни намоён этишимиз даркор.
2. Ўзгарган вазиятга мослашишга қайси фазилатлар ёрдам беради ва бу мақолада нималарни кўриб чиқамиз?
2 Яҳованинг хизматчилари эканмиз, мулоҳазакор бўлишни истаймиз. Қолаверса, камтарин ва раҳмдил бўлишни ҳам хоҳлаймиз. Ушбу мақолада қай йўсин бу фазилатлар айрим масиҳийларга ўзгарган вазиятларига мослашишга кўмаклашганини кўриб чиқамиз. Шунингдек, бу фазилатлар бизга ҳам қандай ёрдам бериши ҳақида сўз юритамиз. Келинг, аввал, мулоҳазакорликда аъло ўрнак бўлмиш Яҳова ҳамда Исодан нимани ўрганишимиз мумкинлигига диққат қаратайлик.
ЯҲОВА ВА ИСО МУЛОҲАЗАКОР
3. Яҳова мулоҳазакор эканини қаердан биламиз?
3 Яҳова «Қоя» деб аталган, сабаби У барқарор ва маҳкам бўлишда энг аъло намунадир. (Қонун. 32:4) Лекин шу билан бирга Яҳова мулоҳазакор. Дунёдаги вазиятлар ўзгараётганига қарамай У мослашиб, ваъдалари амалга ошишига ғамхўрлик қиляпти. Яҳова инсонларни Ўзига монанд қилиб яратган. Демак, биз ўзгараётган вазиятларга мослаша оламиз. У Муқаддас Китоб орқали тақдим этаётган принциплар қандай қийинчиликларга дуч келишимиздан қатъи назар доно қарор чиқаришимизга ёрдам беради. Яҳованинг ўрнаги ва принциплари У нафақат «Қоя», балки мулоҳазакор ҳам эканини яққол кўрсатяпти.
4. Яҳова мулоҳазакор эканини кўрсатувчи мисол келтиринг. (Левилар 5:7, 11)
4 Яҳованинг тутган йўли У мукаммал ва мулоҳазакор эканини кўрсатади. Одамлар билан муносабат қилганда, У ҳеч қачон қаттиққўллик қилмайди. Масалан, Худо Исроил халқига нисбатан қай йўсин мулоҳазакорликни намоён этганига эътибор қаратайлик. У одамлар бой бўладими ёки камбағалми, улардан ўша-ўша қурбонликни келтиришни талаб қилмаган. Баъзи ҳолларда Худо ҳар бир инсон ўз шароитига қараб қурбонлик келтиришига йўл қўйган. (Левилар 5:7, 11 ни ўқинг.)
5. Яҳова камтарин ва раҳмдил эканини кўрсатувчи мисол келтиринг.
5 Яҳованинг камтаринлиги ва раҳмдиллиги Уни мулоҳазакор бўлишга ундайди. Мисол учун, У Садўмнинг ёвуз аҳолисини йўқ қилмоқчи бўлганида камтарликни намоён этган. Яҳова фаришталари орқали одил киши бўлган Лутга тоғли ҳудудга қочишни айтган. Лекин у ўша ерга боришдан қўрққан. Шунга Лут Яҳовадан оиласи билан вайрон қилиниши керак бўлган Зўвар номли кичик шаҳарчага қочишни илтимос қилиб сўраган. Яҳова Ўзиникида туриб олиб, Лут кўрсатмасига бўйсуниши кераклигини айтмаган. Аксинча, Лутнинг илтимосини қабул қилиб, унга Зўварга қочишига йўл қўйган ва ўша шаҳарчани вайрон қилмаган. (Ибт. 19:18–22) Асрлар ўтгач, Яҳова Ниневия аҳолисига раҳмдиллик кўрсатган. У Юнус пайғамбарни шаҳар ва унинг ёвуз аҳолиси тез орада йўқ бўлишини эълон қилишга юборган. Аммо ниневияликлар тавба қилганидан кейин Яҳова уларни кечирган ва шаҳарни вайрон қилмаган. (Юнус 3:1, 10; 4:10, 11)
6. Исо Яҳованинг мулоҳазакорлигига қандай тақлид қилгани борасида мисол келтиринг.
6 Исо Яҳованинг мулоҳазакорлигига тақлид қилган. У «адашган қўйларга ўхшаган Исроил халқига» ваъз қилиш учун ер юзига юборилган. Аммо бу вазифани бажаришда Исо мулоҳазакорликни намоён этган. Бир сафар исроиллик бўлмаган аёл ундан «жинга чалиниб, жуда қийнал»ган қизига шифо беришини ёлвориб сўраган. Исо раҳмдиллик кўрсатиб, аёл сўрагандек қизини даволаган. (Мат. 15:21–28) Мана бошқа мисол. Хизматининг бошида Исо шундай деган: «Кимки бошқалар олдида мени инкор этса, мен ҳам уни... инкор этаман». (Мат. 10:33) Хўш, Исо Бутрус ундан уч марта тонганидан кейин уни инкор этганми? Йўқ. Исо у тавба қилганини ва содиқ киши бўлганини инобатга олган. Тирилганидан кейин Исо Бутрусга кўринган ва, ҳойнаҳой, уни кечирганига ҳамда яхши кўришига ишонтирган. (Луқо 24:33, 34)
7. Филиппиликларга 4:5 га биноан, қандай обрў орттиришни истаймиз?
7 Кўриб чиққанимиздай, Тангри Яҳова ва Исо Масиҳ мулоҳазакор. Биз ҳақимизда нима деса бўлади? Яҳова биздан ҳам мулоҳазакор бўлишимизни кутяпти. (Филиппиликларга 4:5 ни ўқинг.) Бошқа бир таржимада бу оят шундай ўгирилган: «Мулоҳазакор инсон сифатида обрў орттиринг». Ўзимиздан шундай сўрасак бўлади: «Одамлар мени мулоҳазакор, ён берувчи ва сабрли деб биладими? Ёки менга қаттиққўл, қўпол ёки қайсар инсондай қарайдими? Бошқалар бирон ишни мен хоҳлагандай қилишини талаб қиламанми? Ёки уларни тинглаб, агар вазият йўл қўйса, ён бераманми?» Қанча кўп мулоҳазакор бўлишга ҳаракат қилсак, шунча кўп Яҳовага ва Исога тақлид қиламиз. Келинг, вазиятимиз ўзгарганида ҳамда бошқаларнинг нуқтаи назари ва қарори бизникидан фарқ қилганида қай йўсин мулоҳазакор бўлишимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик.
ВАЗИЯТ ЎЗГАРГАНИДА МУЛОҲАЗАКОР БЎЛИНГ
8. Вазиятимиз ўзгарганида мулоҳазакор бўлишимизга нима ёрдам бериши мумкин? (Изоҳга ҳам қаранг.)
8 Вазиятимиз ўзгарганида мулоҳазакор ва мослашувчан бўлиш муҳим. Бу каби ўзгаришлар биз учун кутилмаган қийинчиликлар туғдириши мумкин. Масалан, жиддий касалликка чалинармиз ёки биз яшаётган ҳудудда иқтисодий ё сиёсий ўзгаришлар юз бергани туфайли ҳаётимиз янада оғирлашар. (Воиз 9:11; 1 Кор. 7:31) Қолаверса, ташкилотдаги вазифамизнинг ўзгариши ҳам биз учун синовга айланиши мумкин. Қандай ўзгариш бўлмасин қуйидаги тўртта қадамга амал қилиб, янги вазиятга мослаша оламиз: 1) вазиятни борлигича қабул қилинг, 2) келажакка кўз тикинг, 3) ижобий нарсаларга диққат қаратинг ва 4) бошқаларга кўмаклашинг b. Келинг, бу қадамлар баъзи имондошларимизга қандай ёрдам берганига эътибор қаратайлик.
9. Қай йўсин бир жуфтлик кутилмаган қийинчиликларни енга олди?
9 Вазиятни борлигича қабул қилинг. Эмануэл ва Франческа бошқа мамлакатга тўла вақтли махсус ваъзгўйлар сифатида тайинланишганди. Улар тилни ўрганиб, янги жамоатга энди кўникишганида COVID-19 пандемияси бошланди ва бу туфайли улар бошқалар билан юзма-юз кўриша олишмасди. Кейин кутилмаганда Франческанинг онаси вафот этди. У оила аъзолари билан бирга бўлишни жуда хоҳлаганди, аммо пандемия туфайли уларнинг ёнига бора олмаганди. Бундай қийин пайтда унга бардошли бўлишга нима ёрдам берди? Биринчидан, Эмануэл ва Франческа ҳар кунги қийинчиликларни енгиш ва ҳаддан ортиқ хавотирланмаслик учун донолик сўраб ибодат қилишди. Яҳова ташкилоти орқали уларнинг ибодатига ўз вақтида жавоб берди. Масалан, бир видеода биродаримиз айтган фикр уларга жуда далда берди. У шундай деганди: «Янги шароитларни қанчалик тез қабул қилсак, шунчалик тез қувончимиз қайтади. Ўшанда бу вазиятдан унумли фойдалана оламиз» c. Иккинчидан, улар телефон орқали ваъз қилиш маҳоратини оширишга қарор қилишди ва ҳатто Муқаддас Китоб тадқиқини бошлашди. Учинчидан, биродарлар меҳр ила тақдим этган далда ва кўмакни қабул қилишди. Меҳрибон бир опамиз йил давомида ҳар куни уларга ояти бор қисқагина хабар юборган. Биз ҳам янги шароитларни қабул қилсак, қўлимиздан келган ишни қилганимиздан мамнун бўламиз.
10. Қандай қилиб бир опамиз ҳаётидаги катта ўзгаришга мослашди?
10 Келажакка кўз тикинг ва ижобий нарсаларга диққат қаратинг. Руминиялик Кристина исмли опамиз Японияда яшайди. У қатнаган инглиз тилидаги йиғилиш бошқа ўтказилмаслигини эшитганида тушкунликка тушганди. Лекин у қўл қовуштириб ўтирмади. Кристина япон тилидаги жамоатда фаол хизмат қилиш учун қўлидан келганини қилишга қарор қилди. У олдинлари бирга ишлаган ҳамкасбидан япон тилини яхшироқ ўзлаштиришга ёрдам беришини сўради. Ҳамкасби япон тилидаги Муқаддас Китоб ва «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» рисоласидан фойдаланиб бу тилни ўргатишга рози бўлди. Бу нафақат Кристинага тилни яхшироқ ўрганишга, балки ўша ҳамкасби ҳақиқатга қизиқиш кўрсатишига олиб келди. Ҳа, олға интилиб, ижобий нарсаларга диққат қаратганимизда ногаҳон ўзгаришлар юз берганида кутилмаган баракаларга эга бўламиз.
11. Иқтисодий қийинчиликка дуч келган бир жуфтликка нима ёрдам берди?
11 Бошқалар учун нимадир қилинг. Бир жуфтлик мамлакатдаги инқироз туфайли доимий даромадидан айрилди. Бу ўзгаришга улар қандай мослаша олди? Бошида улар ҳаётини соддалаштиришга ҳаракат қилишди. Кейин эса улар эътиборини муаммоларга эмас, балки хизматда банд бўлиш орқали бошқаларга ёрдам беришга қаратишди. (Ҳавор. 20:35) Биродаримиз шундай деди: «Хизматда банд бўлиш салбий фикрлар ҳақида камроқ ўйлашга ва эътиборимизни кўпроқ Худонинг иродасига қаратишга ёрдам берди». Вазиятимиз ўзгарганида бошқаларга ёрдам беришда давом этиш муҳимлигини ёдда тутишимиз лозим. Буни, айниқса, хизмат орқали қила оламиз.
12. Қандай қилиб Павлуснинг ўрнаги хизматда мослашувчан бўлишимизга кўмаклашади?
12 Хизматимизда мослашувчан бўлишимиз муҳим. Нега деганда, эътиқоди, нуқтаи назари ва келиб чиқиши турли бўлган инсонларни учратамиз. Ҳаворий Павлус мослашувчан бўлган, биз ҳам ундан ўрнак олишимиз мумкин. Исо уни «ўзга халқлар» учун ҳаворий этиб тайинлаган. (Рим. 11:13) Шу йўсин, Павлус яҳудийларга, юнонларга, ўқимишли ва оддий инсонларга, мансабдор ҳамда шоҳларга ваъз қилган. Бундай ҳар хил инсонларнинг қалбини забт этиш учун Павлус «ҳар турли инсонлар учун ҳамма нарса бўл»ган. (1 Кор. 9:19–23) У одамларнинг маданияти, келиб чиқиши ва эътиқодига аҳамият бериб мослашган ва шунга қараб уларга таълим берган. Биз ҳам мослашувчан бўлсак ва ҳар бир инсонга ёрдам бериш учун энг яхшисини қилишга интилсак, ваъзгўйликда маҳоратимизни ошира оламиз.
БОШҚАЛАРНИНГ НУҚТАИ НАЗАРИНИ ҲУРМАТ ҚИЛИНГ
13. Бошқаларнинг нуқтаи назарини ҳурмат қилсак, 1 Коринфликларга 8:9 да айтилган қайси хавфдан қочган бўламиз?
13 Мулоҳазакорлик бошқаларнинг нуқтаи назарини ҳурмат қилишимизга ҳам ёрдам беради. Мисол учун, баъзи опаларимиз пардоз-андоз қилишни хуш кўради, бошқалари эса йўқ. Айримлар спиртли ичимликларни меъёрида истеъмол қилишни ёқтиради, бошқалар эса умуман ичмасликка қарор қилади. Барча масиҳийлар соғлом бўлишни истайди, лекин турли даволаниш усулини танлайди. Нуқтаи назаримизни доим тўғри деб ҳисобласак ва буни жамоатдагиларга сингдиришга ҳаракат қилсак, бошқаларни қоқинтиришимиз ҳамда бўлинишларни юзага келтиришимиз мумкин. Албатта, бундай қилишни асло истамаймиз! (1 Коринфликларга 8:9 ни ўқинг; 10:23, 24) Ҳозир иккита мисолга эътибор берамиз. Улардан Муқаддас Китобдаги принципларни қўллаш қай йўсин мувозанатни ва тинчликни сақлашга ёрдам бериши мумкинлигини кўрамиз.
14. Кийиниш ва ташқи кўриниш борасида Муқаддас Китобдаги қайси принципларни ёдда тутишимиз лозим?
14 Кийиниш ва ташқи кўриниш. Яҳова кийиниш борасида қатъий қоидалар ўрнатишнинг ўрнига биз учун принципларни тақдим этган. Шундай экан, мулоҳазакорликни намоён этиб, ор-номус ва «фаҳм-фаросат» билан Худонинг хизматчиларига мувофиқ тарзда кийинамиз. (1 Тим. 2:9, 10; 1 Бутр. 3:3) Шунинг учун кийиниш тарзимиз билан бошқаларнинг эътиборини ўзимизга ҳаддан ташқари қаратмаймиз. Муқаддас Китобдаги принциплар оқсоқолларга ҳам кийиниш ва соч турмаги борасида шахсий қоидалар ўрнатмасликка кўмаклашади. Масалан, битта жамоатда айрим ёш биродарлар кенг тарқалган соч турмагини қилишган, яъни уларнинг сочи узун бўлмаса-да бетартиб аҳволда бўлган. Бу жамоатнинг оқсоқоллари уларга ёрдам бермоқчи эди. Хўш, оқсоқоллар қоида ўрнатмай, буни қандай қила олишди? Туман нозири ўша биродарларга шундай деб айтишни маслаҳат берди: «Агар саҳнага чиққанингизда, тингловчилар эътиборини кўпроқ нима деб айтаётганингизга эмас, кўринишингизга қаратса, демак, кийиниш тарзингиз ва ташқи кўринишингиз билан муаммо бор». Бу оддий сўзлар қоида ўрнатмай, масалани ҳал қилишга кўмаклашди d.
15. Муқаддас Китобдаги қайси қонунлар ва принциплар соғлигимиз масаласида қарор чиқаришимизга ёрдам беради? (Римликларга 14:5)
15 Соғликка ғамхўрлик қилиш. Ҳар бир масиҳий ўз соғлигига қай йўсин ғамхўрлик қилиш борасида шахсан қарор чиқариши лозим. (Галат. 6:5) Қондан ва сеҳр-жодудан сақланиш каби Муқаддас Китобдаги фақат муайян қонунлар масиҳийларнинг даволаниш усулини танлашига таъсир қилади. (Ҳавор. 15:20; Галат. 5:19, 20) Бошқа ҳолларда эса улар шахсий қарор чиқаради. Баъзилар соғлигига ғамхўрлик қилиш учун шифокорларга мурожаат қилса, бошқалар эса бундан фарқ қиладиган даволаниш усулини танлаши мумкин. У ёки бу даволаниш усулига муносабатимиз қандай бўлишидан қатъи назар имондошларимизнинг бу борадаги қарорини ҳурмат қилишимиз керак. Қуйидаги фикрларни ёдда сақлашимиз даркор: 1) фақатгина Худо Шоҳлигининг бошқаруви остида касалликлардан барчамиз бутунлайин ва узил-кесил қутуламиз. (Ишаё 33:24) 2) Ҳар бир масиҳий соғлиги масаласида у учун нима энг яхши эканига амин бўлиши лозим. (Римликларга 14:5 ни ўқинг.) 3) Бошқаларни ҳукм қилмаймиз ва уларни қоқинтириши мумкин бўлган ҳеч қандай ишга қўл урмаймиз. (Рим. 14:13) 4) Масиҳийлар севги намоён этишади ва жамоатдаги бирлик шахсий фикрларидан муҳимроқ эканини тушунишади. (Рим. 14:15, 19, 20) Агар бу фикрларни ёдда сақласак, имондошларимиз билан якдил бўламиз ва жамоатнинг тинчлигига ҳисса қўшамиз.
16. Оқсоқол бошқа оқсоқоллар билан муносабат қилганида қай йўсин мулоҳазакор эканини намоён эта олади? (Расмга ҳам қаранг.)
16 Оқсоқоллар мулоҳазакор бўлишда яхши ўрнак кўрсатишлари лозим. (1 Тим. 3:2, 3) Масалан, оқсоқол ёши катта бўлгани учунгина бошқа оқсоқоллар унинг фикрларини доим қабул қилишини кутмаслиги керак. У Яҳованинг руҳи оқсоқоллар кенгашининг ҳар бир аъзосига таъсир қилишини ва доно қарор чиқарилишида ҳар бири ўз ҳиссасини қўша олишини тушунади. Қолаверса, Муқаддас Китобдаги принцип бузилмаётган бўлса, мулоҳазакор оқсоқоллар бошқача қарор тарафдори бўлишса-да, кенгашдаги аксарият оқсоқоллар чиқарган қарорни бажонидил қўллаб-қувватлашади.
МУЛОҲАЗАКОР БЎЛИШНИНГ ФОЙДАСИ
17. Мулоҳазакор бўлсак қандай баракаларга эга бўламиз?
17 Масиҳийлар мулоҳазакор бўлиб кўп баракаларга эга бўлади. Ҳа, биродару опа-сингилларимиз билан муносабатларимиз янада яқинлашади ва жамоатда тинчлик ҳукм суради. Қолаверса, Яҳованинг аҳил оиласидаги шахсияти ва маданияти турлича бўлган инсонлар билан бирга хизмат қилишдан мамнуният топамиз. Энг муҳими, мулоҳазакор Тангримиз Яҳовага тақлид қилаётганимизни билиш бизга улкан бахт келтиради.
90-ҚЎШИҚ Бир-биримизга далда берайлик
a Яҳова ҳамда Исо мулоҳазакор. Биз ҳам бу фазилатни ривожлантиришни истаймиз. Агар мулоҳазакор бўлсак, ўзгарган вазиятда, масалан, соғлигимиз ёки моддий аҳволимиз билан боғлиқ ўзгаришлар юз берганда мослашиш осонроқ бўлади. Шунингдек, бу фазилатни намоён этиб, жамоатдаги тинчлик ва бирликка ҳисса қўшамиз.
b «Уйғонинг!» № 4, 2016 йил (рус) сонидаги «Ҳаётдаги ўзгаришларга қандай нуқтаи назарда бўлиш керак?» номли мақолага қаранг.
c Ушбу видеони томоша қилиш учун jw.org сайтида «Излаш» сатрига «Дмитрий Михайлов билан интервью» деб ёзинг.
d «Ҳаётдан тоабад завқланинг!» номли китобнинг 52-дарсидан кийиниш ва ташқи кўриниш борасида кўпроқ билиб олинг.