Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

30-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Севгингиз ошиб бораверсин

Севгингиз ошиб бораверсин

Ҳамма нарсада севги орқали ўсиб борайлик. (ЭФЕС. 4:15)

2-ҚЎШИҚ Исмингдир Яҳова

БУ МАҚОЛАДА a

1. Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни бошлаганингизда қандай ҳақиқатларни билиб олгансиз?

 МУҚАДДАС КИТОБНИ тадқиқ қилишни бошлаган пайтларингиз эсингиздами? Эҳтимол, Худонинг исми борлигини билиб ҳайрон қолгандирсиз. Ёки Аллоҳ одамларни дўзахда қийнамаслигини билиш сизга таскин бергандир. Ё бўлмаса, ҳаётдан кўз юмган яқинларингизни яна кўриш ва улар билан бирга ер юзида жаннатда яшаш имкони борлигини билиб тўлқинлангандирсиз.

2. Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларни билиб олишдан ташқари маънан ўсиш учун яна нималар қилгансиз? (Эфесликларга 5:1, 2)

2 Худонинг Каломини тадқиқ қилганингиз сайин Яҳовага бўлган севгингиз ошган. Бу севги билиб олганларингизни амалда қўллашга ундаган. Сиз Муқаддас Китобдаги принциплар асосида яхшироқ қарорлар чиқаргансиз. Қолаверса, Аллоҳни мамнун қилиш учун фикрлаш тарзингизни ва хулқ-атворингизни яхшилагансиз. Кичкина болакай меҳрибон ота-онасига тақлид қилгани каби сиз ҳам самовий Отангизга тақлид қилгансиз. (Эфесликларга 5:1, 2 ни ўқинг.)

3. Ўзимизга қандай саволлар беришимиз керак?

3 Ўзимиздан қуйидагича сўрашимиз мумкин: «Энди масиҳий бўлган пайтимга қараганда ҳозир Яҳовани кўпроқ яхши кўраманми? Сувга чўмганимдан бери, айниқса, биродару опа-сингилларга севги намоён этиш орқали Яҳова каби фикрлаб, йўл тутаётганим кўриняптими?» Агар нимадир туфайли илк муҳаббатингиз совиган бўлса, тушкунликка тушманг. Биринчи асрдаги масиҳийлар билан ҳам бу нарса юз берган. Лекин Исо уларни рад этмаган. Шундай экан, у бизни ҳам рад этмайди. (Ваҳ. 2:4, 7) Сабаби, у ҳақиқатни билиб олганимизда ҳис қилган севгимизни яна алангалатишимиз мумкинлигини билади.

4. Бу мақоладан нималарни билиб оламиз?

4 Ушбу мақолада Яҳовага ҳамда бошқаларга бўлган севгимизни оширишда қандай давом этишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз. Шунингдек, севгимизни кучайтирганимизда биз ва бошқалар эга бўладиган баъзи баракалар ҳақида сўз юритамиз.

ЯҲОВАГА БЎЛГАН СЕВГИНГИЗНИ ОШИРИНГ

5, 6. Ҳаворий Павлус хизмати давомида қандай қийинчиликларга дуч келган, лекин таслим бўлмасликка унга нима кўмаклашган?

5 Ҳаворий Павлус Яҳовага хизмат қилишдан бахтиёр эди, аммо шу билан бирга у кўплаб қийинчиликларни бошдан кечирган. У тез-тез узоқ сафарларга чиққан. Ўша пайтларда бу осон бўлмаган. Павлус сафарларда баъзида дарёларда ва қароқчилар дастидан хавф остида қолган. Шунингдек, душманлари уни дўппослаган пайтлар ҳам бўлган. (2 Кор. 11:23–27) Павлус имондошларга ёрдам бериш учун чин дилдан қилган ҳаракатларини улар доим ҳам қадрлашмаган. (2 Кор. 10:10; Филип. 4:15)

6 Яҳовага хизмат қилишда давом этишга Павлусга нима ёрдам берган? У Муқаддас Ёзувлардан ва бошдан ўтказганларидан Яҳованинг шахсияти ҳақида кўп нарсаларни билиб олган. Бу эса унга Тангри Яҳова уни яхши кўришига аминлик берган. (Рим. 8:38, 39; Эфес. 2:4, 5) Натижада унинг Яҳовага бўлган севгиси ошган. Павлус севгисини «муқаддас кишиларга» хизмат қилишда давом этиш орқали намоён этган. (Иброн. 6:10)

7. Яҳовага бўлган севгимизни кучайтиришнинг йўлларидан бири қандай?

7 Худога бўлган севгини Унинг Каломини пухта тадқиқ қилиш орқали кучайтира оламиз. Муқаддас Китобни ўқиганингизда ҳар бир оят Яҳова ҳақида нимани очиб бераётганини кўришга интилинг. Ўзингизга шундай саволлар беринг: «Қандай қилиб бу баёнотдан Яҳова мени севишини кўряпман? Бу оятларда Яҳовани яхши кўришим учун қандай сабаблар бор?»

8. Қандай қилиб ибодат Худога бўлган севгимизни оширишга ёрдам бериши мумкин?

8 Яҳовага бўлган севгимизни оширишнинг яна бир йўли — ибодатда Унга юрагимизни очишдир. (Заб. 25:4, 5) Яҳова ўз навбатида ибодатларимизга жавоб беради. (1 Юҳан. 3:21, 22) Осиёлик Ханна исмли опамиз шундай деди: «Бошида Яҳовага бўлган севгим билимга асосланган эди. Лекин У ибодатларимга қандай жавоб бераётганини кўрганим сайин бу севгим янада мустаҳкамланди. Бу мени Унга маъқул келадиган ишларни қилишга ундади» b.

БОШҚАЛАРГА БЎЛГАН СЕВГИНГИЗНИ ОШИРИНГ

9. Қай йўсин Тимўтий биродару опа-сингилларга бўлган севгисини кучайтирган?

9 Павлус масиҳий бўлганидан кўп вақт ўтмай, Тимўтий исмли ёш йигитни учратган. У Яҳовани ва бошқаларни яхши кўрган. Павлус Филиппида яшовчиларга: «[Тимўтий]... каби феъл-атворга эга бўлган, сизлар учун чин дилдан ғам чека оладиган бошқа ҳеч кимим йўқ»,— деб ёзган. (Филип. 2:20) Бу ерда у Тимўтийнинг ташкилотчи ёки маърузачи сифатидаги қобилиятлари ҳақида айтмаган. Унинг биродару опа-сингилларга бўлган севгиси Павлусда катта таассурот қолдиргани шубҳасиз. Ҳа, Тимўтий бирга хизмат қилган имондошлар унинг ташрифларини интиқиб кутишган. (1 Кор. 4:17)

10. Анна ва турмуш ўртоғи имондошларга бўлган севгини қандай намоён этишди?

10 Имондошларимизга ёрдам беришнинг йўлларини излашимиз лозим. (Иброн. 13:16) Ўтган мақолада тилга олинган Аннанинг мисолига эътибор берайлик. Кучли бўрондан кейин у ва турмуш ўртоғи имондошлариникига боришган ва уйининг томи вайрон бўлганини кўришган. Бунинг дастидан имондошларининг тоза кийими йўқ эди. Анна қуйидагича деди: «Биз уларнинг кийимларини олиб ювдик, дазмоллаб тахланган ҳолда қайтардик. Бу оддий иш эди. Лекин ҳаракатларимиз кучли дўстлик ришталари пайдо бўлишига сабаб бўлди». Анна ва турмуш ўртоғининг имондошларга бўлган севгиси уларни амалий ёрдам кўрсатишга ундади. (1 Юҳан. 3:17, 18)

11. а) Севгимизни акс эттирувчи ҳаракатлар бошқаларга қандай таъсир қилиши мумкин? б) Ҳикматлар 19:17 га биноан, севги намоён этганимизда Яҳова бунга қандай қарайди?

11 Бошқаларга севги ва меҳрибонлик ила муносабат кўрсатганимизда, улар кўпинча биз Яҳова каби фикр юритишимизга ва йўл тутишимизга эътибор беришади. Меҳрибонлик ила қилган ҳаракатларимиз учун улар жуда миннатдор бўлиши мумкин ва бу ҳақда биз ҳеч қачон билмасмиз. Юқорида тилга олинган Ханна унга ёрдам берган инсонларни илиқ хотиралар билан эслайди. У шундай деб бўлишди: «Мени хизматга таклиф қилган барча қадрдон опаларимиздан миннатдорман. Улар мени уйимдан олиб кетишарди, чой-пойга ёки тушликка таклиф қилишарди ва уйимгача кузатиб қўйишарди. Бу қанчалик кўп ҳаракатлар талаб қилганини тушуняпман. Опаларимиз буни севги ила қилишган». Албатта, ҳамма ҳам яхшиликларимиз учун миннатдорчилик билдирмас. Ханна унга ёрдам берганлар ҳақида шундай деди: «Имондошларимнинг барча яхшиликларини қайтаришни истардим. Аммо улар қаерда яшашини билмайман, бироқ Яҳова билади ва ўрнимга яхшиликларини қайтариши учун ибодат қиламан». Ханна тўғри фикрда. Яҳова меҳрибонлик ила қилган, ҳатто кичик ишимизни ҳам эътибордан четда қолдирмайди. У буни бебаҳо фидойилик ҳамда қарз, деб билади ва буни албатта қайтаради. (Ҳикматлар 19:17 ни ўқинг.)

Инсон маънан ўсганида бошқаларга ёрдам бериш йўлларини излайди (12-хатбошига қаранг.)

12. Биродарлар жамоатдагиларга севгисини қандай кўрсатишлари мумкин? (Расмга ҳам қаранг.)

12 Агар сиз биродар бўлсангиз, бошқаларга севгингизни қандай кўрсатишингиз ва уларга қай йўсин ёрдам беришингиз мумкин? Жордан исмли ёш биродар оқсоқолдан жамоатга қандай қилиб кўпроқ ёрдам бера олишини сўради. Оқсоқол уни эришган ютуқлари учун мақтаб, кейин қай йўсин кўпроқ қила олиши ҳақида маслаҳат берди. Мисол учун, у Жорданга Йиғилиш залига эртароқ келиб бошқалар билан саломлашишни, йиғилишларда қатнашишни ҳамда ваъзгўйлик гуруҳи билан мунтазам ваъз қилишни ва бошқаларга ёрдам беришнинг амалий йўлларини излашни таклиф қилди. Жордан бу маслаҳатни қўллаганида, у нафақат янги кўникмаларни ўрганди, балки биродару опа-сингилларга бўлган севгисини ҳам оширди. Жордан шуни тушундики, биродар жамоат хизматкори бўлса, бошқаларга ёрдам беришни бошламайди, аксинча, давом эттиради. (1 Тим. 3:8–10, 13)

13. Қай йўсин севги Кристианни яна оқсоқол бўлишга ундади?

13 Агар олдин жамоат хизматкори ёки оқсоқол сифатида хизмат қилган бўлсангиз-чи? Яҳова меҳнатингизни ва бунга туртки бўлган севгингизни ёдида сақлайди. (1 Кор. 15:58) У севги кўрсатишда давом этаётганингизни ҳам назаридан четда қолдирмаяпти. Кристиан исмли биродар бошқа оқсоқол эмаслиги ҳақида эшитганида тушкунликка тушган. У шундай деди: «Оқсоқолманми ёки йўқми, Яҳовага бўлган севгим туфайли хизматда қўлимдан келганини қилишга қарор қилдим». Вақт ўтиб, у яна оқсоқол этиб тайинланди. Кристиан қуйидагича бўлишди: «Бошида оз-моз хавотирлангандим. Лекин Яҳова менга раҳм-шафқат кўрсатиб, яна оқсоқол бўлиб хизмат қилишимга йўл қўйган экан, Уни ва имондошларимизни яхши кўрганим учун бу вазифани бажаришга қарор қилдим».

14. Грузиялик опамизнинг сўзларидан нимани ўрганишимиз мумкин?

14 Яҳованинг хизматчилари яқинларига ҳам севги намоён этади. (Мат. 22:37–39) Мисол учун, грузиялик Елена опамиз шундай деди: «Бошида мени хизмат қилишга фақатгина Яҳовага бўлган севги ундарди. Лекин самовий Отажонимга бўлган севгим ошгани сайин инсонларга бўлган севгим ҳам ортиб борарди. Улар қандай муаммоларга дуч келаётгани ва уларнинг қалбини қайси мавзулар забт этиши ҳақида ўйлашга ҳаракат қилардим. Бундай қилганим сайин уларга ёрдам бериш истагим кучаярди». (Рим. 10:13–15)

БОШҚАЛАРГА СЕВГИ КЎРСАТИШНИНГ БАРАКАЛАРИ

Севги ила қилинган биргина ҳаракат бошқа кўп инсонларга барака келтиради (15-, 16-хатбошиларига қаранг.)

15, 16. Расмларда кўрсатилганидай, бошқаларга севги намоён этиш қандай баракалар келтиради?

15 Имондошларимизга севги кўрсатганимизда бошқалар ҳам фойда олади. COVID-19 пандемияси бошлангач, Паоло ва унинг хотини кўпгина ёши катта опаларимизга электрон қурилмалар орқали ваъз қилишни ўрганишга кўмаклашишди. Бир опамиз аввалига қурилмасидан фойдаланишга қийналди. Лекин охири бунинг уддасидан чиқди. У Қутлуғ Кечлик маросимига қариндошларини таклиф қила олди. Уларнинг олтмиштаси видеоконференция орқали маросимга уланди. Ўша опамиз ва унинг қариндошлари бу жуфтликнинг ҳаракатларидан кўп фойда олишди. Кейинчалик, опамиз Паолога қуйидагича ёзди: «Биз ёши катталарга таълим берганингиз учун раҳмат. Яҳованинг бундай ғамхўрлигини ва тинимсиз меҳнатингизни ҳеч қачон унутмайман».

16 Паоло шу каби вазиятлардан муҳим сабоқ олди. Бу унга севги билим ёки табиий қобилиятдан муҳимроқ эканини эслатди. У шундай деб бўлишди: «Мен туман нозири бўлиб хизмат қилардим. Шуни тушундимки, биродару опа-сингилларим айтган нутқларимни унутган бўлиши мумкин, лекин берган ёрдамим ҳалиям уларнинг ёдида».

17. Бошқаларга севги кўрсатганимизда яна кимлар фойда олади?

17 Бошқаларга севги кўрсатиб, ўзимиз ҳам кутилмаган тарзда фойда оламиз. Янги Зеландияда яшайдиган Жонатан биродаримиз бунга амин бўлган. Бир сафар шанба куни тушликдан кейин у битта кашшоф биродаримиз жазирама иссиқда хизмат қилиб кетаётганини кўрган. Жонатан у билан ҳамкорлик қилишга қарор қилган. Ўшанда у меҳрибонлик ила қилган бу ҳаракати унга қанчалик фойда келтиришини ҳатто хаёлига ҳам келтирмаган. Жонатан шуни тан олди: «Ўша пайтлари ваъз қилишни ёқтирмасдим. Аммо биродаримизнинг таълим бериш усули ва самарали хизмати ваъзгўйликка бўлган севгимни уйғотди. Шунингдек, яқин дўстга эга бўлдим. У менга маънан ўсишга, хизматдан завқ олишга ва Яҳовага яқинлашишга ёрдам берди».

18. Яҳова нима қилишимизни истайди?

18 Яҳова Унга ва бошқаларга бўлган севгимизни оширишимизни истайди. Билиб олганимиздек, Каломни ўқиш, унинг устида мулоҳаза юритиш ва Яҳовага мунтазам ибодат қилиш орқали Унга бўлган севгимизни мустаҳкамлай оламиз. Шунингдек, биродару опа-сингилларимизга амалий йўллар орқали кўмаклашиб, уларга бўлган севгимизни оширамиз. Севгимиз ошгани сайин Яҳовага ҳамда маънавий оиламизга янада яқинлашамиз. Бу дўстликдан эса абадий баҳра оламиз!

109-ҚЎШИҚ Самимий севги

a Ҳақиқатга энди келганмизми ёки Яҳовага анчадан бери хизмат қиламизми, ҳар биримиз маънан ўсишда давом этишимиз мумкин. Ушбу мақолада бундай қилишимиз мумкинлигининг муҳим бир йўли, яъни Яҳовага ва имондошларимизга бўлган севгини ошириш ҳақида сўз юритамиз. Бу мақолани кўриб чиқар эканмиз, қанчалик маънан ўсганингизга ва бу борада яна нималар қила олишингизга диққат қаратинг.

b Баъзи исмлар ўзгартирилган.