38-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Ёшлар, қандай ҳаёт кечирмоқчисиз?
Ақл-идрок сени ҳимоя қилади. (ҲИК. 2:11)
135-ҚЎШИҚ Яҳова меҳр ила чорлар: «Ўғлим, доно бўл»
БУ МАҚОЛАДА a
1. Йўш, Уззиё ва Йўшиё қандай қийин вазиятга дуч келишди?
ЎСМИРЛИГИНГИЗДА ёки болалигингизда сизни Худо халқининг шоҳи этиб тайинлашганини тасаввур қилинг. Бундай пайтда кучингиздан ва ҳокимиятингиздан қандай фойдаланган бўлардингиз? Муқаддас Китобда Яҳудонинг шоҳи этиб тайинланган бир нечта ёшлар ҳақида ёзилган. Мисол учун, Йўш 7 ёшда, Уззиё 16 ёшда ва Йўшиё 8 ёшда шоҳ бўлган. Уларга осон бўлмаганини бир тасаввур қилинг. Бу қанчалик қийин бўлмасин Яҳова ҳамда бошқалар уларга қийинчиликларни енгишга ва тўғри ишларни қилишга ёрдам беришган.
2. Нега Йўш, Уззиё ва Йўшиёнинг мисолларига диққат қаратишимиз керак?
2 Биз қирол ёки қироличалар бўлмасак-да, Муқаддас Китобда ёзилган ушбу учта кишининг мисолидан қимматли сабоқлар олишимиз мумкин. Улар ҳам яхши, ҳам ёмон қарорлар чиқаришган. Уларнинг мисоли ёрдамида яхши дўстларни танлаш, камтарин бўлиб қолиш ва Яҳовага яқинлашишда давом этиш нега муҳим эканини кўриб чиқамиз.
ЯХШИ ДЎСТЛАРНИ ТАНЛАНГ
3. Йўш олий руҳоний Ёҳайидонинг йўл-йўриғига қандай муносабат кўрсатган?
3 Йўш каби доно қарорлар чиқаринг. Ёшлигида шоҳ Йўш доно қарор чиқарган. Унинг отаси бўлмаган. Лекин у садоқатли олий руҳоний Ёҳайидонинг кўрсатмаларига амал қилган. Ёҳайидо уни ўз ўғлидай кўриб тўғри йўлга соларди. Йўш эса донолик ила йўл тутиб пок топинишни олға сурарди ва Яҳовага хизмат қиларди. У ҳатто Яҳованинг маъбадини таъмирлаш ишларини ташкиллаштирган. (2 Сол. 24:1, 2, 4, 13, 14)
4. Яҳованинг амрларини қадрласак қандай фойда оламиз? (Ҳикматлар 2:1, 10–12)
4 Агар сизни Яҳовани севишга ва Унинг меъёрлари бўйича яшашга ўргатаётган бўлишса, буни қимматбаҳо совғадек қабул қилинг. (Ҳикматлар 2:1, 10–12 ни ўқинг.) Ота-оналар фарзандларига турли йўллар билан тарбия беришади. Катя исмли опамизнинг отаси унга доно қарорлар чиқаришга қандай ёрдам берганига эътибор қаратайлик. Отаси уни ҳар куни мактабга олиб борганида у билан кунлик оятни муҳокама қилган. Катя қуйидагича деди: «Бу муҳокамалар кун давомида дуч келган қийинчиликлар пайтида тўғри қарорлар чиқаришимга ёрдам берган». Бироқ ота-онангизнинг Муқаддас Китобга асосланиб бераётган йўл-йўриқлари эркинлигингизни чеклаётгандай туюлса-чи? Бу йўл-йўриқларни қабул қилишга сизга нима ёрдам бериши мумкин? Анастасия исмли опамиз ота-онаси муайян қоидалар ўрнатишганининг сабабини тушунтириш учун вақт ажратишганини эслайди. У шундай деди: «Бу ота-онам ўрнатган қоидалар мени назорат қилиш учун эмас, балки севги ила ҳимоя қилиш учун эканини тушунишимга ёрдам берди».
5. Хатти-ҳаракатларингиз ота-онангизга ҳамда Яҳовага қандай таъсир қилади? (Ҳикматлар 22:6; 23:15, 24, 25)
5 Ота-онангизнинг Муқаддас Китобга асосланган маслаҳатларига амал қилиб уларни хурсанд қила оласиз. Бундан ҳам муҳимроғи, сиз Яҳовани хушнуд қилиб, У билан абадий дўстлик ришталарини мустаҳкамлайсиз. (Ҳикматлар 22:6; 23:15, 24, 25 ни ўқинг.) Бу Йўш ёшлигида кўрсатган ўрнагига тақлид қилишингиз учун арзигулик сабаб, шундай эмасми?!
6. Йўш кимнинг маслаҳатига қулоқ солишни бошлади ва натижада нима бўлди? (2 Солномалар 24:17, 18)
6 Йўшнинг ёмон қарорларидан сабоқ олинг. Ёҳайидонинг ўлимидан сўнг Йўш ёмон одамлар билан дўстлашишни танлади. (2 Солномалар 24:17, 18 ни ўқинг.) У Яҳовани яхши кўрмаган Яҳудо бекларига қулоқ солишга қарор қилди. Йўш уни тўғри йўлдан оздирган ўша кишилардан узоқроқ юриши керак эди, деган фикрга қўшиларсиз. (Ҳик. 1:10) Бунинг ўрнига у уларнинг ёмон маслаҳатига қулоқ солди. Ҳа, Йўшнинг қариндоши бўлган Закариё уни тузатишга ҳаракат қилганида Йўш уни ўлимга маҳкум этди. (2 Сол. 24:20, 21; Мат. 23:35) Буни даҳшатли ва аҳмоқона иш деса бўлади. Тўғри, Йўш ҳаётини яхши бошлади, лекин афсуски қотил ва муртадга айланди. Охири, хизматчилари уни ўлдирди. (2 Сол. 24:22–25) Йўш Яҳовага ҳамда уни яхши кўрган инсонларга қулоқ солишда давом этганида, ҳаёти умуман бошқача кечарди. Унинг вазиятидан қандай сабоқ олишингиз мумкин?
7. Қандай инсонлар билан дўстлашишингиз керак? (Расмга ҳам қаранг.)
7 Йўшнинг ёмон қароридан олишимиз мумкин бўлган сабоқлардан бири шуки, биз Яҳовани яхши кўрадиган ва Уни хурсанд қилишни истайдиган инсонлар билан дўстлашишимиз керак. Сабаби улар бизга ижобий таъсир қилади. Дўст танлаётганингизда унинг ёшига эътибор берманг. Ёдингизда бўлсин, Йўш Ёҳайидодан анча кичик бўлган. Танлаган дўстларингиз борасида ўзингиздан қуйидагича сўранг: «Улар Яҳовага бўлган имонимни мустаҳкамлашга ёрдам беряптими? Худонинг меъёрлари бўйича яшашга мени ундаяптими? Улар Яҳова ҳамда Унинг қимматбаҳо ҳақиқатлари тўғрисида гапиряптими? Худонинг меъёрларига ҳурмат намоён этяптими? Улар мен эшитишни хоҳлаган нарсани айтяптими ёки керак бўлганида менга маслаҳат беряптими?» (Ҳик. 27:5, 6, 17) Очиғини айтганда, агар дўстларингиз Яҳовани яхши кўрмаса, унда уларнинг сизга кераги йўқ. Аммо дўстларингиз Яҳовани яхши кўрса улардан айрилманг. Сабаби улар сизга доим ёрдам беради! (Ҳик. 13:20)
8. Агар ижтимоий тармоқлардан фойдаланаётган бўлсангиз, нимага эътибор беришингиз лозим?
8 Ижтимоий тармоқлар орқали дўстларимиз ва оила аъзоларимиз билан алоқада бўлиб туришимиз мумкин. Лекин кўпчилик бу тармоқлардан бошқаларда таассурот қолдириш учун нима қилгани ёки нима сотиб олгани борасидаги видео ва расмларни жойлаштиради. Агар сиз ижтимоий тармоқлардан фойдаланаётган бўлсангиз, ўзингиздан шундай сўранг: «Мақсадим бошқаларда таассурот қолдиришми? Ўзгаларни мустаҳкамламоқчиманми ёки ўзимни кўз-кўз қилмоқчиманми? Ижтимоий тармоқлардан фойдаланган одамлар фикрлаш тарзимга, нутқимга ва хатти-ҳаракатларимга салбий таъсир қилишига йўл қўйяпманми?» Етакчи кенгаш аъзоси сифатида хизмат қилган биродар Нейтан Норр шундай маслаҳат берганди: «Одамларнинг кўнглини олишга ҳаракат қилманг. Натижада ҳеч кимни мамнун қила олмайсиз. Яҳованинг кўнглини олинг, шунда Яҳовани яхши кўрадиган барчани мамнун қиласиз».
КАМТАРИН БЎЛИБ ҚОЛИШ КЕРАК
9. Яҳова Уззиёга нима қилишга ёрдам берган? (2 Солномалар 26:1–5)
9 Уззиё каби яхши қарорлар чиқаринг. Шоҳ Уззиё ёшлигида камтарин бўлган. У ҳақ Худодан қўрқишни ўрганган. Яҳова унинг 68 йиллик ҳаётининг аксарият қисмида барака берган. (2 Солномалар 26:1–5 ни ўқинг.) Уззиё кўп душман халқларни мағлуб этган ва Қуддуснинг мудофаасини мустаҳкамлаган. (2 Сол. 26:6–15) Албатта, Уззиё барча ишида Худо унга ёрдам бергани туфайли ўзини бахтиёр ҳис қилган. (Воиз 3:12, 13)
10. Уззиё билан нима юз берган?
10 Уззиёнинг ёмон қарорларидан сабоқ олинг. Шоҳ Уззиё ҳамма одамлар унинг буйруқларини бажаришига ўрганиб қолганди. Бу туфайли у хоҳлаганимни қила оламан деган фикрга борганми? Бир куни Уззиё Яҳованинг маъбадига кириб, такаббурлик ила тутатқи қурбонгоҳида тутатқи тутатган. Шоҳлар бундай қилиши мумкин эмас эди. (2 Сол. 26:16–18) Олий руҳоний Озариё уни тўхтатмоқчи бўлганида у жаҳл қилган. Афсуски, Уззиё садоқатли бўлиб қола олмаган ва Яҳова уни мохов касалига дучор қилган. (2 Сол. 26:19–21) Агар у камтарин бўлиб қолганида ҳаёти умуман бошқача бўларди.
11. Камтарин бўлиб қолишингизга нима ёрдам бериши мумкин? (Расмга ҳам қаранг.)
11 Уззиё кучайганидан кейин унга Яҳова куч берганини ва ишлари юришишига ёрдам берганини унутган. Бундан қандай сабоқ олишимиз мумкин? Биз ҳам баракаларимиз, вазифаларимиз Яҳовадан эканини ёдда тутсак яхши бўларди. Эришган ютуқларимиз билан мақтанишнинг ўрнига, қўлимиздан келган ишлар учун Яҳовадан миннатдор бўлишимиз лозим. (1 Кор. 4:7) b Биз камтарин бўлиб номукаммал ва тузатишга муҳтож эканимизни тан олишимиз муҳим. Ёши 60ларда бўлган биродар шундай ёзди: «Бошқалар менга хатоларимни кўрсатганида хафа бўлмасликни ёки тушкунликка тушмасликни ўргандим. Гоҳида нодонлик қилиб, хатоларга йўл қўйганимда мени тузатишади. Шунда яхшиланишда ва олға интилишда давом этаман». Дарҳақиқат, Яҳовадан қўрқиб, камтарин бўлиб қолсак бахтли бўламиз. (Ҳик. 22:4)
ЯҲОВАГА ЯҚИНЛАШИШДА ДАВОМ ЭТИНГ
12. Йўшиё ёшлигида қай йўсин Яҳовага яқинлашган? (2 Солномалар 34:1–3)
12 Йўшиё каби яхши қарорлар чиқаринг. Йўшиё Яҳовага яқинлашишни бошлаганида ўсмир бўлган. У Яҳова ҳамда Унинг иродаси тўғрисида ўрганишни хоҳлаган. Бироқ ёш шоҳ сифатида унинг ҳаёти осон бўлмаган. У сохта топиниш авжига чиққан пайтда пок топиниш томонида туриши керак эди. Ҳа, у жасорат ила буни қила олган! Йўшиё халқ орасида тарқалган сохта топинишни йўқ қилишни бошлаганида ҳали 20га ҳам тўлмаган эди. (2 Солномалар 34:1–3 ни ўқинг.)
13. Ҳаётингизни Яҳовага бағишлаш сиз учун нимани англатади?
13 Ҳатто жуда ёш бўлсангиз ҳам Йўшиё каби Яҳовага яқинлашишга ва Унинг фазилатларини қадрлашга ўрганишда давом этишга қарор қилишингиз мумкин. Бу ҳаётингизни Унга бағишлашга ундайди. Қизиқ, бундай қарор ҳаётингизга қандай таъсир қилади? 14 ёшида сувга чўмган Лука шундай деди: «Яҳовага хизмат қилишни ҳаётимда биринчи ўринга қўйиб, Уни қувонтиришни мақсад қилиб олдим». (Марк 12:30) Сизда ҳам худди шундай истак бўлса, бу сиз учун барака.
14. Шоҳ Йўшиёга тақлид қилган ёшларнинг мисолларини келтиринг.
14 Яҳованинг ёш хизматчиси сифатида қандай қийинчиликларга дуч келишингиз мумкин? 12 ёшида сувга чўмган Жоханга синфдошлари босим ўтказиб, электрон сигарет чекишни таклиф қилишган. Жасорат ила бу босимга қарши тура олиш учун Жохан бу ҳам соғлигига, ҳам Яҳова билан бўлган муносабатига қанчалик салбий таъсир қилиши мумкинлигини ўзига эслатган. 14 ёшида сувга чўмган Рейчел мактабда дуч келадиган қийинчиликларни енгишга унга нима ёрдам бериши ҳақида айтиб берди. У қуйидагича деди: «Ҳар бир нарсанинг маънавий фикрларни ёдимга соладиган томонини кўришга ҳаракат қиламан. Мисол учун, тарих дарсида Муқаддас Китобдаги қайсидир баёнот ёки башорат ёдимга тушади. Ё бўлмаса, ким биландир гаплашаётганимда унга қайси оятни келтиришим мумкинлиги ҳақида ўйлайман». Эҳтимол, сиз дуч келаётган қийинчиликлар шоҳ Йўшиёникидан фарқ қилар. Лекин сиз ҳам у каби доно ва садоқатли бўла оласиз. Ёшлигингизданоқ қийинчиликлар билан курашиш сизни келажакдаги бошқа қийинчиликларга тайёрлайди.
15. Йўшиё Яҳовага садоқат ила хизмат қилишига нима ёрдам берган? (2 Солномалар 34:14, 18–21)
15 Шоҳ Йўшиё 26 ёшда бўлганида маъбадни тиклаш ишларини бошлади. Ўша пайтда «Мусо орқали берилган Яҳованинг Қонун китоби» топилганди. Йўшиё у ердаги сўзларни эшитибоқ уларга дарров амал қилишга киришди. (2 Солномалар 34:14, 18–21 ни ўқинг.) Сиз ҳам Муқаддас Китобни мунтазам равишда ўқияпсизми? Агар ўқиётган бўлсангиз, бу сизга ёқяптими? Шахсан сизга ёрдам бериши мумкин бўлган оятларни белгилаб қўйяпсизми? Юқорида тилга олинган Лука қизиқарли деб топган фикрларни бир дафтарчага ёзиб қўяди. Сиз ҳам оятларни ёки ёқтирган фикрларни эслаб қолиш учун худди шундай йўл тутяпсизми? Муқаддас Китобни қанча кўп ўргансангиз ва яхши кўрсангиз, Яҳовага хизмат қилишни шунча кўп хоҳлайсиз. Қолаверса, шоҳ Йўшиё каби Худонинг Каломига мувофиқ йўл тутишга ҳаракат қиласиз.
16. Нега Йўшиё жиддий хато қилган ва бундан қандай сабоқ оляпмиз?
16 Йўшиёнинг ёмон қароридан сабоқ олинг. Йўшиё тахминан 39 ёшда бўлганида ҳаётига зомин бўлган хатога йўл қўйган. У Яҳовадан йўл-йўриқ излашнинг ўрнига ўзига таянган. (2 Сол. 35:20–25) Бу ҳаммамиз учун сабоқ бўла олади. Ёшимиз нечада бўлишидан ёки ҳақиқатда қанча вақт бўлишимиздан қатъи назар Яҳовага яқинлашишда давом этишимиз муҳим. Бу доим Ундан йўл-йўриқ сўраб ибодат қилишни, Каломини тадқиқ қилишни ҳамда маънан етук масиҳийларнинг маслаҳатларини қабул қилишни ўз ичига олади. Бундай йўл тутсак камроқ жиддий хатога йўл қўйиб, кўпроқ қувонч ҳис қиламиз. (Ёқб. 1:25)
ЁШЛАР, БАХТЛИ БЎЛА ОЛАСИЗ
17. Яҳудонинг учта шоҳи тўғрисидаги баёнотлардан қандай хулосага келишимиз мумкин?
17 Ёшлик — ажойиб имкониятлар даври. Йўш, Уззиё ҳамда Йўшиёнинг мисолидан ёшлар ҳам доно қарор чиқариши ва Яҳовани мамнун қиладиган йўлдан юриши мумкинлигини билиб олдик. Дарҳақиқат, бу ёшлар хатолар қилишган ва бу ёмон оқибатлар келтирган. Бироқ сиз уларнинг яхши томонларига тақлид қилсангиз ва улар қилган хатолардан йироқлашсангиз, бахтиёр бўлиб яшай оласиз.
18. Муқаддас Китобдаги қайси мисоллар бахтли ҳаёт кечиришингиз мумкинлигини кўрсатяпти? (Расмга ҳам қаранг.)
18 Муқаддас Ёзувлардан Яҳовага яқинлашишга ҳаракат қилиб, Унинг назарида илтифот топган кўпгина ёшлар ва уларнинг мазмунли ҳаёти борасидаги баёнотларни ўқишингиз мумкин. Довуд улардан бири бўлган. У ёшлигиданоқ Худонинг томонини эгаллаган ва кейинчалик садоқат ила шоҳлик қилган. Албатта у баъзан хатоларга йўл қўйган. Лекин Яҳова уни барибир одил деб билган. (3 Шоҳ. 3:6; 9:4, 5; 14:8) Довуднинг ҳаёти ва садоқат ила хизмат қилгани борасида ўқиб анчагина далда оласиз. Ё бўлмаса, Марк ёки Тимўтийнинг мисолларини тадқиқ қиларсиз. Улар кичиклигиданоқ Яҳовага хизмат қилишни бошлаб, буни садоқат ила давом эттиришган. Уларнинг Яҳовага хизмат қилиш қарори Уни ҳам, ўзларини ҳам бахтиёр қилган.
19. Ҳаётингиз қандай бўлиши мумкин?
19 Ҳаётингиз келажакда қандай бўлиши айнан ҳозирги яшаш тарзингизга боғлиқ. Ўзингизга эмас, Яҳовага таянсангиз У қадамларингизни йўналтиради. (Ҳик. 20:24) Бахтиёр ҳамда баракаларга тўла ҳаёт кечиришингиз мумкин. Унутмангки, Яҳова сиз У учун қилаётган барча нарсани қадрлайди. Ҳаётингизни меҳрибон самовий Отамизга хизмат қилишга бағишлашдан кўра яхшироқ нарса борми?!
144-ҚЎШИҚ Совринга қараб чопинг!
a Ёшлар, Яҳова У билан бўлган дўстлигингиз баъзан синов остида қолишини билади. Қай йўсин самовий Отангизни мамнун қиладиган доно қарорлар чиқара оласиз? Ушбу мақолада Яҳудонинг шоҳи бўлган учта боланинг мисолини кўриб чиқамиз. Улар чиқарган қарорлардан нималарни ўрганишингиз мумкинлигига эътибор қаратинг.
b jw.org сайтидаги «Ижтимоий тармоқлардаги машҳурлик қанчалик муҳим?» номли мақоладаги «Сохта камтарлик кўрсатишдан эҳтиёт бўлинг» рамкасига қаранг.