41-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Бутруснинг иккита мактубидан қандай сабоқ олишимиз мумкин?
Мен бу ҳақда доим сизларга эслатиб турмоқчиман. (2 БУТР. 1:12)
127-ҚЎШИҚ Қай инсон бўлай мен?
БУ МАҚОЛАДА a
1. Ҳаворий Бутрус ўлимидан сал олдин нима қилишга илҳомлантирилган?
ҲАВОРИЙ БУТРУС кўп йиллар мобайнида Яҳовага садоқат ила хизмат қилган. У Исо билан ваъзгўйликда иштирок этган, яҳудий бўлмаганларга хушхабарни етказишни бошлаган ҳамда кейинчалик етакчи кенгаш аъзоси бўлган. Ҳаёти охирлаб қолганини билганида Яҳова унга янада кўпроқ вазифа топширган. Тахминан мил. 62–64 йилларда у Муқаддас Китоб таркибига кирган иккита мактубни — Бутруснинг биринчи ва иккинчи мактубларини ёзишга илҳомлантирилган. Бутрус ўлимидан сўнг бу мактублар масиҳийларга ёрдам беришига умид қилган. (2 Бутр. 1:12–15)
2. Нега Бутрус ёзган мактублар айни муддао эди?
2 Бутрус имондошлари «турли синовлар дастидан» ғам чеккан пайтда бу мактубларни ёзишга илҳомлантирилган. (1 Бутр. 1:6) Ўшанда ёвуз кишилар масиҳийлар жамоатида сохта таълимотларни ва нопок хулқ-атворни олға суришган. (2 Бутр. 2:1, 2, 14) Қуддусдаги масиҳийлар яқинда «барча нарса ўз ниҳоясига» етиб қолган — Рим қўшини бу шаҳарни барбод қилиб, яҳудийлар даврига нуқта қўйиш пайтида яшаган. (1 Бутр. 4:7) Шубҳасизки, Бутруснинг мазкур мактублари масиҳийларга дуч келган қийинчиликларини қандай енгишга ва бўлажак синовларга тайёргарлик кўришга ёрдам берган b.
3. Нима учун Бутрус илоҳий илҳом остида ёзган мактубларини тадқиқ қилишимиз керак?
3 Гарчи Бутруснинг мактублари биринчи асрда яшаган масиҳийларга қарата ёзилган бўлса-да, Яҳова улар Каломига киритилишига ғамхўрлик қилган. Шундай экан, биз ҳам ҳозир мактублардан фойда олишимиз мумкин. (Рим. 15:4) Нопок хулқ-атворни тарғиб этаётган дунёда яшаётганимиз учун Яҳовага хизмат қилишимизга тўсқинлик қиладиган қийинчиликларга дуч келяпмиз. Бундан ташқари, яқинда яҳудийлар даврига нуқта қўйилганидан ҳам кучлироқ буюк мусибатни бошдан ўтказамиз. Бутруснинг мактубларидан баъзи муҳим эслатмаларни топамиз. Улар бизга Яҳованинг кунини кутишга, инсонлар олдидаги қўрқувни енгишга ҳамда бир-биримизни самимият ила севишни ўрганишга кўмаклашади. Шунингдек, бу каби эслатмалар оқсоқолларга жамоатдаги имондошларига ғамхўрлик қилишга кўмаклашади.
КУТИШДА ДАВОМ ЭТИНГ
4. Имонимиз нима туфайли заифлашиши мумкин? (2 Бутрус 3:3, 4)
4 Биз Муқаддас Китобдаги башоратларга ишонмайдиган одамлар орасида яшаяпмиз. Бизга қарши чиқаётган инсонлар бизни масхара қилаётгандир. Чунки биз анча йиллардан бери охират яқин деб айтяпмиз. Баъзилар эса у ҳеч қачон келмаслигини таъкидлаяпти. (2 Бутрус 3:3, 4 ни ўқинг.) Агар бу каби фикрларни ваъзгўйликда, ишхонада ёки уйимизда эшитсак, имонимиз заифлашиши ҳеч гап эмас. Бутрус бизга нима ёрдам бериши мумкинлигини тушунтирган.
5. Бу ёвуз дунёнинг охирига нисбатан тўғри нуқтаи назарда бўлишимизга нима ёрдам беради? (2 Бутрус 3:8, 9)
5 Баъзиларга Яҳова бу ёвуз дунёга чек қўйишга имиллаётгандай туюлиши мумкин. Бутруснинг сўзлари бунга тўғри нуқтаи назарда бўлишимизга ёрдам беради. Сабаби, улар Яҳованинг вақтга бўлган нуқтаи назари инсонларникидан анчагина фарқ қилишини эслатиб туради. (2 Бутрус 3:8, 9 ни ўқинг.) Яҳова учун минг йил бир кундай. У сабр-тоқатли ва ҳеч кимнинг ҳалок бўлишини истамайди. Яҳованинг куни келганида бу ёвуз дунёга чек қўйилади. Барча халқлардаги инсонларга ваъз қилиш имкониятидан фойдаланиш ниҳоятда шарафли.
6. Қандай қилиб Яҳованинг кунини эсимизда сақлай оламиз? (2 Бутрус 3:11, 12)
6 Бутрус Яҳованинг кунини эсимизда сақлашга ундаган. (2 Бутрус 3:11, 12 ни ўқинг.) Буни қандай қила оламиз? Имкон бўлса, ҳар куни — янги дунёда оладиган баракалар устида фикр юритсак яхши бўларди. Ўзингизни тоза ҳаводан нафас олаётганингизни, фойдали нарсаларни еяётганингизни, тирилганларни қарши олаётганингизни ва асрлар олдин яшаган одамларга башоратлар амалга ошгани ҳақида таълим бераётганингизни тасаввур қилинг. Бу кутишга ва биз яшаётган вақтга нисбатан бефарқ бўлиб қолишдан ўзимизни ҳимоялашга кўмаклашади. Келажагимиз ҳақида «олдиндан» билар эканмиз, сохта устозлар бизни тўғри йўлдан оғдирмайди. (2 Бутр. 3:17)
ИНСОНЛАР ОЛДИДАГИ ҚЎРҚУВНИ ЕНГИНГ
7. Одамлардан қўрқиш бизга қандай таъсир қилиши мумкин?
7 Яҳованинг куни келишини ёдда тутиш хушхабарни бошқалар билан бўлишишга ундайди. Бунга қарамай баъзи вазиятларда ваъз қилишга тортинармиз. Нега? Эҳтимол, инсонлар олдидаги қўрқувга берилиб қолармиз. Бу Бутрус билан ҳам юз берганди. Исонинг ўлимидан олдинги кечада Бутрус унинг шогирди эканини тан олмаган ва қайта-қайта ундан тонган. (Мат. 26:69–75) Вақт ўтгач, у ишонч билан қуйидагиларни айтган: «Одамлар қўрқадиган нарсалардан қўрқманглар ва ташвишланманглар». (1 Бутр. 3:14) Бутруснинг бу сўзлари инсонлар олдидаги қўрқувни енга олишимизга ишонтиряпти.
8. Инсонлар олдидаги қўрқувни енгишимизга нима ёрдам бера олади? (1 Бутрус 3:15)
8 Одамлардан қўрқмасликка бизга нима ёрдам бериши мумкин? Бутрус шундай деган: «Масиҳни Ҳазрат дея қалбларингизда муқаддас тутинглар». (1 Бутрус 3:15 ни ўқинг.) Бунга Ҳазратимиз ва Шоҳимиз Исо Масиҳнинг ўрни ҳамда қудрати тўғрисида фикр юритиш киради. Бошқалар билан хушхабарни бўлишиш имкони туғилганда ҳаяжонлансангиз ёки қўрқсангиз Шоҳимизни эсланг. У сон-саноқсиз фаришталарни бошқараётганини кўз олдингизга келтиринг. Исо «еру осмондаги бутун» ҳокимиятга эга эканини ва «замонанинг охиригача» доимо биз билан бўлишини унутманг. (Мат. 28:18–20) Бутрус имонимизни ҳимоя қилишга «доимо тайёр» туришга чорлаган. Хўш, ишхонада, мактабда ёки бошқа жойларда ваъз қилмоқчимисиз? Қачон бундай қила олишингиз борасида олдиндан ўйланг, кейин эса айтадиган сўзларингизни тайёрланг. Жасорат сўраб ибодат қилинг. Яҳова сизга одамлардан қўрқмасликка ёрдам беришига ишонинг. (Ҳавор. 4:29)
«САМИМИЯТ БИЛАН СЕВИНГЛАР»
9. Бир сафар Бутрус қандай қилиб севги намоён эта олмаган? (Расмга ҳам қаранг.)
9 Бутрус қай йўсин севги намоён этишни ўрганган. Исо қуйидаги сўзларни айтганида Бутрус ўша ерда бўлган. «Мен сизларга янги амр беряпман: бир-бирингизни севинглар. Мен сизларни севганимдек, сизлар ҳам бир-бирингизни севинглар». (Юҳан. 13:34) Кейинчалик Бутрус қўрқувга берилиб, ўзга халқлардан бўлган имондошлари билан овқатланишдан бош тортган. Ўшанда ҳаворий Павлус Бутрусга у «иккиюзламачилик» қилганини айтган. (Галат. 2:11–14) Бутрус унинг танбеҳини қабул қилиб, бу вазиятдан сабоқ олган. У иккала мактубида биз имондошларимизга севгини нафақат ҳис қилишимиз, балки амалда кўрсатишимиз кераклигини ҳам таъкидлаган.
10. «Самимий биродарлик севгиси» нима туфайли пайдо бўлади? Тушунтиринг. (1 Бутрус 1:22)
10 Бутрус имондошларимизга нисбатан «самимий биродарлик севгисига» эга бўлишимиз кераклигини айтган. (1 Бутрус 1:22 ни ўқинг.) Бундай севги «ҳақиқатга итоаткорлик» туфайли пайдо бўлади. Бу ҳақиқат ўз ичига «Худо юзхотирчилик қилмас»лиги тўғрисидаги таълимотни олади. (Ҳавор. 10:34, 35) Жамоатда баъзиларга севги кўрсатиб, бошқаларга эса кўрсатмасак Исонинг севги ҳақидаги амрига итоат қила олмаймиз. Албатта, Исога ўхшаб кимгадир яқинроқ бўлармиз, кимгадир эса унча эмас. (Юҳан. 13:23; 20:2) Лекин Бутрус бизни барча биродару опа-сингилларимизга нисбатан «биродарлик севгисига» эга бўлишимиз кераклигини эслатган. Чунки улар оиламизнинг бир қисми. (1 Бутр. 2:17)
11. «Чин юракдан, ихлос билан севиш» нимани ўз ичига олади?
11 Бутрус бир-биримизни «чин юракдан, ихлос билан» севишимиз муҳим эканини таъкидлаган. Бу ердаги «ихлос» сўзи ҳатто қийин бўлса ҳам севги намоён этишни англатади. Мисол учун, имондошимиз нимадир билан бизни хафа қилса ёки қалбимизни оғритса-чи? Бундай пайтда севги кўрсатишнинг ўрнига, у бизни хафа қилгани учун қасос олиш туғма мойиллигига берилишни истармиз. Бироқ Бутрус Исодан қасос олиш Худога маъқул келмаслигини билиб олган. (Юҳан. 18:10, 11) Бутрус қуйидагича ёзган: «Ёмонликка ёмонлик, ҳақоратга ҳақорат билан жавоб қайтармай, аксинча дуо қилинглар». (1 Бутр. 3:9) Ихлос билан севиш сизни ҳатто қалбингизни оғритган инсонга ҳам меҳрибон ва эътиборли бўлишга ундайди.
12. а) Самимият билан севиш бизни яна нима қилишга ундайди? б) «Бирлик ҳадясини қадрланг» номли видеода кўрсатилганидай, нима қилишни истайсиз?
12 Бутрус биринчи мактубда «самимият билан» севиш ҳақида ёзган. Бундай севги нафақат бир нечта, балки «кўпгина гуноҳларни қоплайди». (1 Бутр. 4:8) Ҳойнаҳой, у Исо бир неча йил олдин кечиримли бўлиш борасида кўрсатган ўрнагини эслаган. Ўшанда Бутрус биродарни «етти марта» кечириш кераклигини айтиб, ўзини сахий инсон деб ўйлагандир. Бироқ Исо уни ва бизни «77 марта», яъни чексиз кечиришга ўргатган. (Мат. 18:21, 22) Ушбу маслаҳатга амал қилишга қийналаётган бўлсангиз, тушкунликка тушманг. Яҳованинг барча номукаммал хизматчилари баъзан кечиришга қийналади. Ҳозир сиз учун энг муҳими, биродарингизни кечириш учун керакли қадамларни қўйиб, у билан тинчлик ўрнатишдир c.
ОҚСОҚОЛЛАР, СУРУВГА ҒАМХЎРЛИК ҚИЛИНГ
13. Оқсоқолларга биродару опа-сингилларига чўпонлик қилишга нима қийинчилик туғдириши мумкин?
13 Бутрус Исо тирилганидан кейин айтган қуйидаги сўзларни шубҳасизки ҳеч қачон унутмаган: «Қўзиларимга чўпонлик қилинг». (Юҳан. 21:16) Агар оқсоқол бўлсангиз, бу йўл-йўриқлар сизга ҳам тегишли эканини биласиз. Ушбу муҳим вазифани бажариш оқсоқоллар учун осон бўлмаслиги мумкин. Улар биринчи ўринда оила аъзоларининг жисмоний, ҳиссий ва маънавий эҳтиёжларига ғамхўрлик қилишлари лозим. Шунингдек, улар хизматда ғайрат ила қатнашиш, йиғилишларга ва анжуманларга тайёргарлик кўришда ҳамда қатнашишда ўрнак кўрсатишади. Баъзи оқсоқоллар Касалхоналар билан алоқа қилиш қўмиталари ҳамда Маҳаллий лойиҳалаштириш ва қурилиш бўлимида ҳам хизмат қилади. Чиндан ҳам оқсоқоллар кўп ишлар билан банд.
14. Оқсоқолларни сурувга чўпонлик қилишга нима ундаши мумкин? (1 Бутрус 5:1–4)
14 Бутрус оқсоқолларни: «Аллоҳнинг сурувига чўпонлик қилинглар»,— деб ундаган. (1 Бутрус 5:1–4 ни ўқинг.) Оқсоқол бўлиб хизмат қилаётган бўлсангиз, имондошларни севишингизни ва уларга чўпонлик қилишни хоҳлаётганингизни биламиз. Бироқ баъзида жуда банд бўлганингиз ёки чарчаганингиз учун бу вазифани бажаришга қийналаётгандирсиз. Хўш, сизга нима ёрдам беради? Туйғуларингизни Яҳовага тўкиб солинг. Бутрус шундай ёзган: «Кимки хизмат қилса, Худо берган кучга таяниб хизмат қилсин». (1 Бутр. 4:11) Биродару опа-сингиллар ҳозирги замонда ҳал қилиб бўлмайдиган муаммоларга дуч келиши мумкин. «Бош чўпон» Исо Масиҳ эса уларга сиздан кўра яхшироқ ёрдам бера олишини ёдда тутинг. У буни ҳам ҳозир, ҳам янги дунёда қила олади. Худо оқсоқоллардан имондошларини севишни, уларга чўпонлик қилишни ва «сурувга ўрнак» кўрсатишни сўраяпти, холос.
15. Битта оқсоқол сурувга қандай чўпонлик қиляпти? (Расмга ҳам қаранг.)
15 Кўп йиллардан бери оқсоқол бўлиб хизмат қилаётган Вильям чўпонлик қилиш муҳим эканини тушунади. COVID-19 пандемияси бошланганида у ва бошқа оқсоқоллар уларга тайинланган гуруҳлардаги имондошларга ҳар ҳафта қўнғироқ қилишни биринчи ўринга қўйишганди. Бунинг сабабини тушунтириб у шундай деди: «Аксарият имондошларимиз уйда ёлғиз, ўз фикр-хаёлларига кўмилиб ўтирарди. Уларнинг фикр-хаёли осонгина салбий томонга ўзгариши мумкин эди». Муаммоси бор имондошлар билан суҳбатлашганда, Вильям уларни нима хавотирга солаётганини ҳамда нимага муҳтож эканини тушуниш учун уларни диққат ила тинглайди. Кейин бу имондошларига далда бера олиши мумкин бўлган адабиётларни ёки видеоларни веб-сайтимиздан топишга ҳаракат қилади. У қуйидагича деди: «Чўпонлик қилиш ҳозир ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Одамлар Яҳова ҳақида билиб олиши учун жон куйдиряпмиз. Яҳованинг қўзичоқларига ҳақиқатда қолишига кўмаклашиш учун ҳам худди шундай жон куйдиришимиз муҳим».
ЯҲОВА СИЗГА ТЎЛИҚ ТАЪЛИМ БЕРИШИГА ЙЎЛ ҚЎЙИНГ
16. Бутруснинг мактубларидан олган сабоқларга қай йўсин амал қила оламиз?
16 Бутрус илоҳий илҳом остида ёзган иккита мактубидан фақат бир нечта сабоқни кўриб чиқдик. Балки яхшилашни хоҳлаган соҳаларингизни пайқагандирсиз. Масалан, янги дунёдаги баракалар устида кўпроқ мулоҳаза юритмоқчимисиз? Ишхонада, мактабда ёки бошқа жойларда шоҳидлик беришни мақсад қиляпсизми? Имондошларни самимият билан севишингизни амалда кўпроқ намоён этишнинг йўлларини кўряпсизми? Қадрдон оқсоқоллар, Яҳованинг қўзичоқларига бажонидил ва иштиёқ билан чўпонлик қилишга қарорингиз қатъийми? Ростгўй бўлиб, ўзингизни текшириш муайян камчиликларни очиб беради, бироқ тушкунликка тушманг. «Ҳазратимизнинг меҳрини» ёдда тутинг ва У сизга яхшиланишга ёрдам беради. (1 Бутр. 2:3) Бутрус бизни қуйидагича ишонтирган: «Аллоҳ... сизларга тўлиқ таълим бериб, сизларни мустаҳкам ва кучли қилиб қўяди». (1 Бутр. 5:10)
17. Саботли бўлиб, Яҳова бизга таълим беришига йўл қўйсак, натижаси қандай бўлади?
17 Бир сафар Бутрус Худо Ўғлининг ёнида бўлишга ўзини нолойиқ деб билган. (Луқо 5:8) Бироқ Яҳова ҳамда Исо Бутрусни севги ила қўллаб-қувватлашган ва у Масиҳнинг издоши сифатида саботли бўлган. Шунингдек, у «Ҳазратимиз ва Нажоткоримиз Исо Масиҳнинг абадий Шоҳлигига» киришга маъқул деб топилган. (2 Бутр. 1:11) Бу нақадар ажойиб! Сиз ҳам Бутрус каби қатъиятли бўлиб, Яҳова сизни шакллантиришига йўл қўйсангиз, абадий ҳаёт мукофотига сазовор бўласиз. Шунда «имонингизнинг мақсадига — нажотга эришасизлар». (1 Бутр. 1:9)
109-ҚЎШИҚ Самимий севги
a Бу мақолада Бутруснинг мактубларидан олган сабоқлар қийинчиликларни енгишимизга қандай ёрдам беришини кўриб чиқамиз. Қолаверса, оқсоқоллар чўпонлар сифатидаги масъулиятли вазифасини бажаришга нима ёрдам беришини билиб олишади.
b Ҳойнаҳой, Фаластинда яшаган масиҳийлар мил. 66 йили римликлар биринчи сафар Қуддусга ҳужум қилишидан олдин Бутруснинг иккита мактубини олишган.
c jw.org сайтидаги «Бирлик ҳадясини қадрланг» номли видеони томоша қилинг.