Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

40-ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Бутрус каби саботли бўла оласиз

Бутрус каби саботли бўла оласиз

Ҳазратим, мен ёнингизда бўлишга арзимайман. Чунки гуноҳкор одамман. (ЛУҚО 5:8)

38-ҚЎШИҚ У сизни мустаҳкамлайди

БУ МАҚОЛАДА a

1. Бутрус мўъжизавий тарзда кўп балиқ овлаганда, ўзини қандай ҳис қилган?

 БУТРУС кечаси билан тўр ташлаб балиқ овлай олмаган. Исо унга: «Чуқурроқ жойга сузиб бориб, тўрларингизни ташланглар»,— деган. (Луқо 5:4) Бутрус балиқ овлай олишидан шубҳаланган бўлса ҳам Исо айтганидай қилган. У ва бошқа кишилар жуда кўп балиқ овлаганидан тўрлари йиртила бошлаган. Улар Исо мўъжиза кўрсатганини англашган ва уларни ваҳима босган. Шунда Бутрус: «Ҳазратим, мен ёнингизда бўлишга арзимайман. Чунки гуноҳкор одамман»,— деган. (Луқо 5:6–9) Ҳойнаҳой, Бутрус Исонинг ёнида бўлишга ўзини нолойиқ ҳис қилган.

2. Нега Бутруснинг мисолини кўриб чиқиш фойдали?

2 Бутрус ўзини «гуноҳкор одамман» деб тўғри айтган. Муқаддас Ёзувларда у кўп маротаба кейинчалик афсусланишига сабаб бўлган гапларни айтгани ёки ишларни қилгани ҳақида ёзилган. Сиз ҳам баъзан ўзингизни Бутрусдай ҳис қиласизми? Қайсидир камчилик ёки гуноҳ қилиш мойиллиги билан курашиб келяпсизми? Агар шундай бўлса, Бутруснинг мисолини кўриб чиқиш сизга далда бериши мумкин. Қанақасига? Қуйидаги нарсани эътиборингиздан четда қолдирманг. Бутруснинг камчиликлари Муқаддас Китоб баёнотларидан тушириб қолдирилиши мумкин эди. Бироқ улар илоҳий илҳом остида биз сабоқ олишимиз учун ёзиб қолдирилган. (2 Тим. 3:16, 17) Биз каби мойилликларга ва туйғуларга эга бўлган инсоннинг мисолини кўриб чиқиш, Яҳова инсонлардан мукаммалликни кутмаётганини тушунишимизга кўмаклашади. У заифликларимиз билан курашаётганда саботли бўлишимизни, яъни таслим бўлмаслигимизни кутади.

3. Нима учун саботли бўлишимиз керак?

3 Нега саботли бўлишимиз муҳим? «Тажриба камолот яратар» деган мақол бор. Масалан, мусиқачи бирор асбобда чалишни ўрганиш учун кўплаб йиллар сарфлайди. Бу вақт давомида у ноталарни минглаб маротаба нотўғри олиши мумкин. Лекин ҳаракатдан тўхтамаса у яхшиланади. Моҳир мусиқачи бўлгандан кейин ҳам у вақти-вақти билан хато қилиб туриши мумкин. Шунда ҳам у бўшашмайди. Янада яхшиланиш учун машқ қилишда давом этади. Худди шунга ўхшаб қайсидир заифликни енгганимиздан кейин ҳам унга яна қўл уришимиз ҳеч гап эмас. Аммо бу борада яхшиланишдан тўхтамаймиз. Барчамиз кейин афсусланадиган бирор иш қиламиз ёки гап айтамиз. Нима бўлганда ҳам таслим бўлмасак, Яҳова яхшиланишимизга ёрдам беради. (1 Бутр. 5:10) Бутруснинг саботли бўлиш борасидаги мисолини кўриб чиқайлик. Исо унинг камчиликларига қарамай раҳм-шафқат кўрсатгани бизни Яҳовага хизмат қилишдан тўхтамасликка ундаши мумкин.

БУТРУСНИНГ ҚИЙИНЧИЛИКЛАРИ ВА БАРАКАЛАРИ

Бутруснинг ўрнида бўлганингизда нима қилардингиз? (4-хатбошига қаранг.)

4. Луқо 5:5–10 га кўра, Бутрус ўзи ҳақида нима деган, лекин Исо уни нимада ишонтирган?

4 Муқаддас Ёзувларда Бутрус нега ўзини гуноҳкор одам деганининг сабаби ёки у қайси гуноҳларни назарда тутгани айтилмаган. (Луқо 5:5–10 ни ўқинг.) Бироқ у баъзи жиддий хатоларга қўл урган бўлиши мумкин. Исо Бутрус, балки ўзини етарлича яхши деб билмагани учун қўрққанини ва шу билан бирга у содиқ бўлиб қолиши мумкинлигини ҳам билган. Шу боис Исо унга: «Қўрқманг»,— деб меҳр ила айтган. Исо Бутрусга ишонган ва бу унга ҳаётини ўзгартиришга кўмаклашган. Бутрус ва укаси Идрис кейинчалик балиқчилик ишини қолдиришган ва Масиҳнинг тўла вақтли издошлари бўлишган. Бу ажойиб баракалар келтирган. (Марк 1:16–18)

5. Бутрус одамлар олдидаги қўрқувни енгиб, Исонинг таклифини қабул қилганида қандай баракаларга эга бўлган?

5 Масиҳнинг издоши сифатида Бутрус кўпгина ажойиб воқеаларнинг гувоҳи бўлган. У Исо касалларни соғайтирганини, жинларни қувиб чиқарганини ва ҳатто ўлганларни тирилтирганини кўрган. (Мат. 8:14–17; Марк 5:37, 41, 42) b Шунингдек, Бутрус ваҳийда Исонинг осмон Шоҳлигидаги бўлажак улуғворлигини кўрган ва бу унда кучли таассурот қолдирган. (Марк 9:1–8; 2 Бутр. 1:16–18) Дарҳақиқат, агар Бутрус Масиҳнинг издоши бўлмаганида буларни ҳеч қачон кўра олмасди. У ўзига бўлган салбий туйғулар уни бу баракалардан маҳрум қилишига йўл қўймаганидан ниҳоятда бахтиёр бўлгани шубҳасиз.

6. Бутрус заифликларини дарров енга олганми? Тушунтиринг.

6 Бутрус кўрган ва эшитган нарсаларига қарамасдан заифликлари билан курашишда давом этган. Бир нечта мисолни кўриб чиқайлик. Исо башоратда ёзилганидек, азоб чекиб ўлиши ҳақида тушунтирганида Бутрус унга таъна қилган. (Марк 8:31–33) Бутрус ва бошқа ҳаворийлар ораларида ким энг буюк экани борасида қайта-қайта баҳслашган. (Марк 9:33, 34) Исонинг ўлимидан олдинги кечада Бутрус туйғуларга берилиб, бир кишининг қулоғини кесиб ташлаган. (Юҳан. 18:10) Ўша кечада Бутрус қўрқувга берилиб, дўсти Исони танимайман деб ундан уч марта тонган. (Марк 14:66–72) Бундан сўнг Бутрус аччиқ-аччиқ йиғлаган. (Мат. 26:75)

7. Исонинг тирилганидан кейин Бутрус қандай имкониятга эга бўлган?

7 Исо руҳи тушган бу ҳаворийдан умидини узмаган. У тирилганидан кейин Бутрусга уни севишини яна бир бор намоён этишга имкон берган. Исо унга қўзичоқларини боқиб, камтарлик ила хизмат қилишни таклиф қилган. (Юҳан. 21:15–17) Бутрус буни бажонидил қабул қилган. У Қуддусда Ҳосил байрамида бўлган ва биринчилардан бўлиб муқаддас руҳ билан мойланган.

8. Бутрус Антиохияда қандай жиддий хатога йўл қўйган?

8 Ҳатто мойланган масиҳий бўлганидан кейин ҳам Бутрус камчиликлари билан курашишда давом этган. Мил. 36 йили ўзга миллат вакили бўлмиш суннат қилинмаган Корнилий муқаддас руҳ билан мойланганида Бутрус бунинг гувоҳи бўлган. Бу «Худо юзхотирчилик» қилмаслигини ва эндиликда ўзга халқ вакиллари ҳам имонлилар жамоатига қўшилиши мумкинлигини яққол кўрсатган. (Ҳавор. 10:34, 44, 45) Бундан сўнг Бутрус бемалол улар билан бирга овқатлана бошлаган. У олдин бундай қилмаган. (Галат. 2:12) Бунга қарамай, баъзи яҳудий масиҳийлар яҳудийлар билан ўзга халқ вакиллари бирга овқатланмаслиги керак деб ҳисоблаган. Бундай нуқтаи назарга эга бўлган баъзилар Антиохияга келганида, ҳойнаҳой, яҳудий масиҳийларни хафа қилиб қўйишдан қўрқиб, Бутрус ўзга халқ вакили бўлган биродарлари билан овқатланмай қўйган. Бу иккиюзламачиликнинг гувоҳи бўлган Павлус ҳамманинг олдида Бутрусга танбеҳ берган. (Галат. 2:13, 14) Ушбу хатосига қарамай Бутрус саботли бўлган. Бунда унга нима ёрдам берган?

БУТРУСГА САБОТЛИ БЎЛИШГА НИМА ЁРДАМ БЕРГАН?

9. Юҳанно 6:68, 69 да Бутруснинг садоқати қандай акс этган?

9 Бутрус садоқатли бўлган. У Исонинг орқасидан эргашишига ҳеч нарса халақит беришига йўл қўймаган. Бир сафар шогирдлар Исонинг сўзларини тушунишмаганида Бутрус садоқатини намоён этган. (Юҳанно 6:68, 69 ни ўқинг.) У айтган сўзларнинг маъносини тушунишнинг ёки излашнинг ўрнига кўплар Исони ташлаб кетган. Бутрус эса бундай қилмаган ва фақатгина Исода «абадий ҳаётнинг сўзлари» борлигини тан олган.

Исо Бутрусга ишонганини билиш нега сизга далда беряпти? (10-хатбошига қаранг.)

10. Исо Бутрусга ишонганини қандай кўрсатган? (Расмга ҳам қаранг.)

10 Исо Бутрусдан воз кечмаган. У ер юзидаги ҳаётининг сўнгги кечасида Бутрус ва бошқа ҳаворийлар уни ташлаб кетишини билган. Шундай бўлса ҳам Бутрус қайтиб, садоқатли бўлиб қолишига у ишонч билдирган. (Луқо 22:31, 32) Исо «руҳ тетик, тана эса заиф» эканини тушунган. (Марк 14:38) Шу боис ҳатто Бутрус Исодан тонган бўлса ҳам Исо унга ишонишда давом этган. Исо тирилгач, ҳойнаҳой, Бутрус ёлғиз ўзи бўлганида унга кўринган. (Марк 16:7; Луқо 24:34; 1 Кор. 15:5) Бу ҳафсаласи пир бўлган ҳаворийга анчагина далда берган бўлса керак.

11. Қай йўсин Исо Бутрусни Яҳова уни қўллаб-қувватлашига ишонтирган?

11 Исо Бутрусни Яҳова унга ғамхўрлик қилишига ишонтирган. Тирилган Исо Бутрус ва бошқа ҳаворийларига балиқ овида бошқа мўъжизани кўрсатган. (Юҳан. 21:4–6) Бу мўъжиза Бутрусни Яҳова моддий эҳтиёжларига ғамхўрлик қила олишига ишонтирган. Ҳойнаҳой, бу ҳаворий Исонинг Шоҳлик «ҳаётингизда ҳамиша биринчи ўринда» бўлса, Яҳова сизга ғамхўрлик қилади деган сўзларини эслагандир. (Мат. 6:33) Бу сўзларга амал қилган ҳолда Бутрус балиқ овини эмас, ваъзгўйликни ҳаётда биринчи ўринга қўйган. Мил. 33 йили Ҳосил байрамида у жасорат ила шоҳидлик бериб, минглаб инсонларга хушхабарни қабул қилишга ёрдам берган. (Ҳавор. 2:14, 37–41) Шунингдек, у самарияликларга ва ўзга халқ вакилларига Масиҳ ҳақида билим олиб, унга эргашишларига кўмаклашган. (Ҳавор. 8:14–17; 10:44–48) Шубҳасизки, Яҳова Бутрусдан ўзгача тарзда фойдаланиб, турли хил инсонларни жамоатига жалб қилган.

НИМАНИ ЎРГАНЯПМИЗ?

12. Бирон заифлик билан узоқ вақт давомида курашаётган бўлсак, Бутруснинг ўрнаги бизга қандай ёрдам бера олади?

12 Яҳова саботли бўлишимизга ёрдам бера олади. Бирон заифлик билан, айниқса, узоқ вақт давомида курашаётган бўлсангиз, бу осон бўлмаётгандир. Баъзида заифликларимиз Бутрусникидан кучлироқ туюлиши мумкин. Бироқ таслим бўлмаслигимиз учун Яҳова бизга куч бера олади. (Заб. 94:17–19) Масалан, бир биродар ҳақиқатни билишдан олдин кўп йиллар давомида гомосексуал ҳаёт тарзини кечирган. У ҳаётини тубдан ўзгартириб, Муқаддас Китоб принциплари асосида яшай бошлаган. Лекин у ҳалигача нотўғри истаклар билан курашишига тўғри келяпти. Таслим бўлмаслигига нима ёрдам беряпти? У шундай деди: «Яҳова барчамизга куч беряпти. Худонинг руҳи ёрдамида. [...] Ҳақиқат йўлида юришда давом этишнинг имкони борлигини тушундим. [...] Яҳова мендан фойдаланяпти ва камчиликларимга қарамай менга доим куч беряпти».

Хорст Хеншель тўла вақтли хизматини 1950 йил 1 январда бошлаган. Сизнингча, у ҳаётини Яҳовага бағишлаганидан афсусланганми? (13-, 15-хатбошиларига қаранг.) d

13. Бутруснинг ўрнагига қандай тақлид қилишимиз мумкин? (Ҳаворийлар 4:13, 29, 31) (Расмга ҳам қаранг.)

13 Билиб олганимиздай, Бутрус одамлардан қўрққани учун баъзи хатоларга йўл қўйган. Аммо куч сўраб, ибодат қилиш орқали у жасорат ила ҳаракат қила олган. (Ҳаворийлар 4:13, 29, 31 ни ўқинг.) Биз ҳам қўрқувларимизни енгишимиз мумкин. Келинг, Хорст биродарнинг мисолига диққат қаратайлик. У ёшлигида Иккинчи жаҳон уруши пайтида Германияда яшаган. Мактабда унга бир неча марта босим ўтказиб, уни: «Хайль Гитлер!» — деб айтишга мажбурлашган. Ота-онаси уни койиб беришнинг ўрнига, у билан бирга ибодат қилишган ва Яҳова унга жасорат ато этишини сўрашган. Уларнинг кўмаги ҳамда Яҳовага таянгани туфайли Хорст биродар натижада қатъий бўлиб қолган. У ўша пайтларни эслаб: «Яҳова мени ҳеч қачон тарк этмаган»,— деб бўлишган c.

14. Қандай қилиб меҳрибон чўпонлар тушкунликка тушган имондошларга ёрдам бера олади?

14 Яҳова ҳамда Исо таслим бўлишимизга йўл қўйишмайди. Бутрус Масиҳдан тонганидан кейин ҳаётининг кескин бурилиш нуқтасида турган. У таслим бўладими ёки Масиҳнинг шогирди сифатида саботли бўладими? Исо Яҳовага ибодат қилиб, Бутруснинг имони сусаймаслигини сўраган. У Бутрусга бу ибодати ҳақида айтган. Қолаверса, Исо Бутрусни у кейинчалик биродарларини мустаҳкамлай олишига ишонтирган. (Луқо 22:31, 32) У Исонинг бу сўзларини эслаганида ишончга тўлган бўлса керак. Биз ҳам ҳаётимизнинг кескин бурилиш нуқтасида турганимизда, Яҳова бизни садоқатли қола олишимизга ишонтириш учун меҳрибон оқсоқоллардан фойдаланиши мумкин. (Эфес. 4:8, 11) Анча йиллардан бери оқсоқол бўлиб хизмат қилаётган Паул бошқаларга бундай тасалли беришга ҳаракат қиляпти. У таслим бўлмоқчи бўлган бундай инсонларга Яҳова уларни илк бор ҳақиқатга жалб қилганида ҳис қилган туйғуларни эслашга ундайди. Кейин Яҳованинг меҳр-садоқати бундай хизматчиларидан воз кечишига йўл қўймаслигига уларни ишонтиради. У шундай деди: «Тушкунликка тушган кўпгина имондошларимиз Яҳованинг ёрдами билан саботли бўла олганини кўрганман».

15. Қай йўсин Бутруснинг ва Хорстнинг мисоллари Матто 6:33 да ёзилганлар рост эканини кўрсатяпти?

15 Бутрус ва бошқа ҳаворийларни Яҳова моддий томонлама қўллаб-қувватлаганидек, Шоҳлик ишини биринчи ўринга қўйсак, У бизнинг ҳам моддий эҳтиёжларимизга ғамхўрлик қилади. (Мат. 6:33) Иккинчи жаҳон урушидан сўнг юқорида тилга олинган Хорст биродаримиз кашшоф бўлиб хизмат қиларди. Бироқ у камбағал бўлгани сабабли тўла вақтли хизматда ўзини таъминлай олишидан шубҳаланган. У нима қилган? У Яҳовани синашга ва туман нозирининг ташрифи пайтида бутун ҳафта давомида хизмат қилишга қарор қилган. Ҳафта охирида туман нозири унга исми ёзилмаган конвертни берганида у лол қолган. Чунки конвертда у бир неча ой кашшоф сифатида хизмат қилишига етадиган пул бор эди. Хорст биродар бу совғани Яҳова уни қўллаб-қувватлаётганининг тасдиғи деб қабул қилган. Бутун умри давомида у Шоҳлик манфаатларини биринчи ўринга қўйиб келган. (Мал. 3:10)

16. Нега Бутрус ва унинг мактублари ҳақида кўпроқ билиб олиш фойдали?

16 Бутрус «Ҳазратим, мен ёнингизда бўлишга арзимайман» деган сўзларига Исо қўшилмаганидан бахтиёр бўлган бўлса керак. Исо Масиҳ уни содиқ ҳаворий ва масиҳийлар учун арзигулик намуна бўлиши учун ўргатишда давом этган. Ушбу ўргатиш жараёнидан анчагина муҳим сабоқларни оляпмиз. Бутрус уларнинг айримларини биринчи асрдаги жамоатларга илоҳий илҳом остида ёзган иккита мактубида тилга олган. Навбатдаги мақолада ўша мактублардаги бир нечта эслатмани муҳокама қилиб, уларга қандай амал қилишимиз мумкинлигини билиб оламиз.

126-ҚЎШИҚ Мустаҳкам, ҳушёр ва мард бўлинг

a Ушбу мақола заифликлари билан курашаётганларни бу мойилликларини енга олишларига ва Яҳованинг садоқатли хизматчиси сифатида саботли бўла олишларига ишонтириш учун ёзилган.

b Бу мақоладаги аксарият оятлар Марк баён этган хушхабардан келтирилган. У бу вазиятларнинг шахсан гувоҳи бўлган Бутрусдан эшитганларини ёзганга ўхшайди.

c jw.org сайтида «Хорст Хеншель. Яҳова — мустаҳкам қоямдир» номли видеони томоша қилинг.

d РАСМГА ШАРҲ.. Саҳналаштирилган расмда кўрсатилганидай, Хорст Хеншелнинг ота-онаси у билан бирга ибодат қилиб, унинг қатъий туриш қарорини мустаҳкамлашган.